Бир бадиий фильмда қаҳрамон – Мўлладўст қозига қарата: “Сизлар нима десаларингиз ҳам, шариатга тўғри келаверади-я”, деган жумлани айтади. Жамиятга ҳамоҳанг равишда инсоният тараққий этар, ўзаро муносабатларда қарашлар ўзгариб, сайқалланиб борар экан, қонун-қоидалар ҳам ўз вақтида инсоннинг эзгу мақсадлари томон такомиллашиб бориши лозим.
Акс ҳолда, одамлар (аҳоли) орасида ана шу қонун-қоидалар ва шу асосида чиқариладиган қарор ва хулосаларга нисбатан эътирозлар, салбий фикрлар, ишончсизлик ортиб боради.
Нега? Чунки, бундай ҳолларда белгиланган, ўрнатилган қонун-қоида инсоннинг эзгу қарашлари маҳсули бўлган адолат ва жамиятда барчаси инсон, унинг манфаати, қадр-қиммати учун, деган тамойиллар талабларидан ортда қолади ҳамда олдимизга қўйган мақсад-муддаоларимиз йўлида “қизил” ёки ҳеч бўлмаганда “сариқ чироқ” каби ёниб қолаверади.
Иқтисодий судларда даъвогар ариза берганидан сўнг иш кўрилар экан, у ўз аризаси бўйича даъво талаби ва даъво баҳосини камайтирган тақдирда давлат божи харажати ўша камайтирилган қисм учун ҳам ундан ундирилади.
НЕГА?
Даъвогар даъво талабини камайтирса, унинг хоҳиши-ку! Биринчидан, бу – жавобгарга енгиллик, иккинчидан, низо бартараф бўлади, жамиятга шу фойдали эмасми?
Даъвони камайган қисми, агар даъвогар бу қисмдан воз кечса, камайган даъво жавобгар, яъни бир тадбиркор учун фойдага қолади, бу маблағ эса ишлаб чиқаришга, савдо-сотиққа ё бошқа тижорат айланмасига қўшилади, ундан солиқ тўланади, иш ўрни ҳосил бўлади, иқтисодиёт юксалишига ҳисса қўшилади.
“Ушбу маблағ давлат божига тортилгандан кўра фойдалироқ, жамиятга ҳам нафи каттароқ эмасми?” деган ҳақли эътирозлар, чуқур мушоҳада вамуҳокамага тортадиган фикрлардир…
Аммо, “Давлат божи тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонунининг 19-моддаси саккизинчи қисмида даъвогар томонидан даъво талаблари камайтирилган тақдирда, тўланган давлат божи қайта ҳисоблаб чиқилмайди. Тўққизинчи қисмида эса даъво суммаси кўпайтирилган тақдирда, давлат божининг етишмаётган суммаси даъвонинг кўпайтирилган суммасига мувофиқ тўланади, деб белгиланган.
Ўзбекистон Республикаси Олий суд Пленумининг 2020 йилдаги “Иқтисодий ишлар бўйича суд харажатларини ундириш амалиёти тўғрисида”ги 36-сон қарорида ҳам ушбу масалада тушунтириш берилмаган.
Демак, биз юқорида айтган айни қонун-қоида бўйича даъвогар томонидан даъво талаблари камайтирилган тақдирда тўланган давлат божи қайта ҳисоблаб чиқилмайди, яъни даъвонинг камайтирилган қисми бўйича давлат божи даъвогар зиммасида қолади. Энди тўлаб чиқилган давлат божи доирасида агар даъвонинг камайтирилган қисми бўйича давлат божи тўланмаган бўлса ҳам, даъвогардан ундирилади.
Нега, чунки, амалиёт шундай шаклланган. Бироқ қонунда фақат тўланган давлат божи қайта ҳисоблаб чиқилмади, деб белгиланган бўлса-да, нега бундай амалиёт шаклланган?
Эй, қуяверасиз, Ҳисоб палатаси текшириб, судьялар томонидан давлатга тушиши лозим бўлган шунча бож камайтирилган даъволлардан ундирилмай қолиб, давлат бюджетига зарар етказилган, дейишдан хавотирдамисиз?..
Лекин хулоса қилсак, қонуннинг ўзида адолат бузилган, яъни, даъво суммаси кўпайтирилган тақдирда, давлат божининг етишмаётган суммаси даъвонинг кўпайтирилган суммасига мувофиқ даъвогар томонидан тўланади, даъво талаби камайтирилса, тўланган давлат божи қайта ҳисоблаб чиқилмайди, яъни даъвонинг камайтирилган қисми бўйича давлат божи даъвогар зиммасида қолади…
Масалан, даъвогар жавобгардан 100 000 000 сўм ундирмоқчи бўлиб, даъво киритган эди, кейинчалик “Йўқ, мен 70 000 000 сўм ундирмоқчиман, суд мажлисида ўйлаб кўрсам, жавобгарнинг аҳволи оғир экан ёки унга жабр бўлмасин ё у олдинроқ қарзнинг маълум қисмини тўлаган экан, мен билмай қолибман, билишнинг имкони бўлмаган экан, бу орада суд ишни тайинлаб қўйибди, мен кеч билибман, шунга узр, мен 70 000 000 сўм даъво қиламан, 100 000 000 сўмга даъво қилмайман, қолган 30 000 000 сўмдан давлат божи тўламай, илтимос, бўлмаса, даъвони камайтирмайман, майли, ноинсофлик бўлса ҳам, жавобгардан божни ундираверинглар, деса”, нима деймиз.
“Энди қонун шундай, туғри тушунасиз, шу пайтгача, амалиёт шундай бўлиб келган, эски таҳрирдаги Олий суд Пленуми қарорида давлат божи даъвонинг камайтирилган қисмидан ундирилиши кўрсатилган эди. Ҳа энди, янги Пленум қарорида бу масалага тўхталинмаган, шундай бўлса ҳам, ундириб қўяверайлик, сиз ҳам тинч, биз ҳам тинч, Ҳисоб палата ҳам эътироз билдирмайди”, деб жавоб беришга тўғри келади.
Кейин даъвогар нима дейди, “Сизлар нима десаларингиз ҳам, шариатга тўғри келаверади-я”, дейдими?..
ШУ АСОСДА ТАКЛИФ
“Давлат божи тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонунининг 19-моддаси саккизинчи қисмидаги “чиқилмайди”, деган сўздан “м” ва “й” ҳарфларини олиб ташлаб, “чиқилади”, деган сўзга ўзгартиб қўйиш;
агар қонун ижодкорлиги юридик техника жиҳатдан тўғри бўлсин, десак, “Давлат божи тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонунининг 18-моддаси биринчи қисмини қўйидаги 16 – банд билан тўлдириш, 16 —даъво талаблари камайтирилган тақдирда;
“Давлат божи тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 19-моддаси саккизинчи қисми чиқариб ташлансин.
БУ НИМА БЕРАДИ, ДЕЙСИЗМИ?
Аввало, бу – ушбу нормани адолатли бўлишини таъминлайди. Негаки, ҳар бир ҳуқуқий ёки қонун нормаси қонун бўлиши билан бирга, унда албатта адолат тамойили бўлиши муҳимдир.
Шу асосда ушбу таклиф “давлат ғазнасига тушган пул қайтмайди”, деган нотўғри фикр, хулосани йўқотади, давлат ва тадбиркорлик субъектларининг тенглигини таъминлайди, даъво талабининг мазмунан кўрилмаган қисми бўйича, яъни даъвогар томонидан “йўқ, менга ортиқча даъво керакмас”, деган қисм бўйича ҳақсиз ва адолатсиз бож ундиришга чек қўяди.
Ваҳоланки, Ўзбекистон Республикасининг «Давлат божи тўғрисида»ги қонуни 3-моддасининг биринчи қисмига мувофиқ, давлат божи деганда, юридик аҳамиятга молик ҳаракатларни амалга оширганлик ва (ёки) бундай ҳаракатлар учун ваколатли муассасалар ва (ёки) мансабдор шахслар томонидан ҳужжатлар берганлик учун ундириладиган мажбурий тўлов тушунилади.
Демак, даъвонинг камайган қисми бўйича ҳаракатларни амалга оширганмиз ва шунинг доирасида қарор чиқарганмиз.
Нуриддин МУРОДОВ,
Тошкент туманлараро иқтисодий суди раиси