Қидирув:

УЙ ҲУЖЖАТЛАРИ ТЎЛИҚ БЎЛМАСА МЕРОСНИ ҚАНДАЙ РАСМИЙЛАШТИРИШ МУМКИН?

— Опам турмуш ўртоғи билан 15 йил шаръий никоҳ асосида яшади. Тақдир экан, иккиси ҳам вафот этишди. 6 йилдан бери мен опамнинг уйида яшаяпман. Барча тўловларни тўлаяпман. Уйни ўзимни номимга ўтказишим муаммо бўляпти. Сабаби, уй ҳужжатлари тўлиқ эмас, буни устига поччамнинг туғилганлик тўғрисидаги гувоҳномаси, ота-онасининг ўлим гувоҳномалари йўқ. Поччамнинг акаси бор, аммо у ҳам ҳеч нимани билмайди. Уйни ўз номимга ўтказишим учун нима қилишим мумкин?

Исми сир тутилди

Ҳилола ЭРГАШЕВА,

фуқаролик ишлари бўйича Учтепа туманлараро суди судьяси:

 

— Агар уй-жой марҳум опангизнинг номида бўлса ва сиздан бошқа қариндошлари (болалари, ота-онангиз, опа-сингиллар, ака-укалар) бўлмаса, унда сиз ягона меросхўр сифатида меросни расмийлаштиришингиз мумкин. Мерос нотариал тартибда, қариндошликни тасдиқловчи ҳужжатларни  тақдим қилган ҳолда расмийлаштирилади. Ушбу ҳужжатлар  мавжуд бўлмаса, аввал судга қариндошлик (опа-синггил) фактини   тасдиқлаш ҳақида ариза билан мурожаат қилиш лозим. Суд қариндошлик (опа-сингил) фактини таслиқлаб берса, кейин меросни  нотариал тартибда расмийштириб, меросхўр сифатида эгаликни белгилаш мумкин.

 

Агар низоли уй поччангизнинг номига расмийлаштирилган бўлса, мазкур уйда 18 йил давомида узлуксиз яшаб, уй-жойга ўзингизикидек каби виждонан муносабатда бўлиб, барча тўловларни шу муддат давомида амалга ошириб келсангиз, унда эгалик ҳуқуқини вужудга келтирувчи муддат – 18 йил асосида (15 йил + 3 йил даво муддати)  судга  ариза билан мурожаат қилишингиз мумкин.

АЛИМЕНТ УНДИРИШ ҲАҚИДАГИ ИЖРО ҲАРАКАТЛАРИ ҚАНДАЙ ҲОЛАТЛАРДА ТУГАТИЛИШИ МУМКИН?

— Собиқ эримнинг икки йиллик алимент қарздорлиги бор. Яқинда ижрочиларга ундирувни таъминлаб беришларини сўраб мурожаат қилганимда, қарз аллақачон ёпилганини айтишди. Лекин мен бир сўм ҳам олмаганман. «Нимага асосланиб ёпилди? Пули қани?» деган саволларим очиқ қолди. Бу вазиятда нима қилишим мумкин?

Исми сир тутилди

Беҳзод Сагатов, фуқаролик ишлари бўйича Миробод туманлараро суди раиси:

 

— Суд буйруғи ёки даъво ариза орқали вояга етмаган фарзандларнинг таъминоти учун қарздордан ундирилган алимент, ундирувчининг алимент ундиришдан воз кечиш ҳақидаги аризаси асосида ижро иш юритуви “Суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро этиш тўғрисида”ги Қонуннинг 37-моддаси 2-қисмини 1-бандига асосан тугатилади.

 

Алимент ундириш ҳақидаги ижро ҳаракатлари ундирувчи  ва  қарздор  ўртасида  суд томонидан тасдиқланган келишув битими тузилган ҳолатларда, ундирувчи ёки  қарздор вафот этганда, у вафот этган деб эълон қилинганда, бедарак йўқолган деб  топилганда, агар суд ҳужжати ёки бошқа органнинг ҳужжатида қўйилган талаблар ёки мажбуриятлар ҳуқуқий ворисга ёки бедарак йўқолганнинг мол-мулкини ишончли бошқариб турган шахсга ўтиши мумкин бўлмаган ҳолатларда тугатилиши мумкин.

 

Агарда вога етмаган фарзандларнинг таъминот ундириш ҳақидаги суд буйруғи қарздорнинг аризасига кўра, суд томонидан бекор қилинганда суд ижрочиси томонидан ижро иши юритишни тургатиши мумкин. Бундай ҳолатда алимент ундирувчи даъво ариза тариқасида судга мурожаат қилиш ҳуқуқи вужудга келади.

«БОЛЬНИЧНЫЙ»ДАН КЕЙИН «ДЕКРЕТ» ОЛСА БЎЛАДИМИ?

— Ҳозирда «больничный»даман, ўтган ой ўз ҳисобимдан таътил олганман. Икки ойдан кейин «декрет»га чиқишим керак. Менга қанча миқдорда «декрет» пули тайинланишини билмоқчи эдим.

Исми сир тутилди

Абдуқодир Ражабов, фуқаролик ишлари бўйича Шайхонтоҳур туманлараро суди судьяси:


— Меҳнат кодексига биноан ходимлар ҳомиладорлик ва туғиш таътиллари, болаларни парваришлаш таътиллари каби ижтимоий таътил олиш ҳуқуқига эгадирлар.


Ушбу кодекснинг 233-моддасига биноан аёлларга туққунга қадар етмиш календарь кун ва туққанидан кейин эллик олти календарь кун (туғиш қийин кечган ёки икки ва ундан ортиқ бола туғилган ҳолларда — етмиш календарь кун) муддати билан ҳомиладорлик ва туғиш таътиллари берилиб, давлат ижтимоий суғуртаси бўйича нафақа тўланади.


Ҳомиладорлик ва туғиш таътили жамланган ҳолда ҳисоблаб чиқилиб, туғишга қадар амалда бундай таътилнинг неча кунидан фойдаланилганидан қатъи назар аёлга тўлиқ берилади.
Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазирлигининг 2002 йил 1 апрелдаги 21-сон буйруғи билан тасдиқланган “Давлат ижтимоий суғуртаси бўйича нафақалар тайинлаш ва тўлаш тартиби тўғрисида”ги Низомда ҳомиладорлик ва туғиш бўйича нафақани тайинлаш ва тўлаш тартиби белгиланган бўлиб, унга кўра, ҳомиладорлик ва туғиш бўйича нафақани тайинлаш ва тўлаш учун белгиланган тартибда берилган меҳнатга лаёқатсизлик варақаси асос бўлади.


Ҳомиладорлик ва туғиш бўйича нафақа (шу жумладан, ҳомила тушган ҳолларда) вақтинча меҳнатга лаёқатсизлик варақасида кўрсатилган барча давр учун тўланади.


Ходим йиллик (асосий ва қўшимча) таътилда ва болани парваришлаш учун таътилда бўлган вақтда ҳомиладорлик ва туғиш бўйича таътил берилганда, нафақа ҳомиладорлик ва туғиш бўйича таътилнинг вақтинча меҳнатга лаёқатсизлик варақасида кўрсатилган барча кунлари учун берилади. Болани парваришлаш бўйича таътил даври учун нафақа тариф ставкасидан (лавозим маошидан) ва таътил бошланишидан олдинги 12 ой мобайнида олинган мукофотларнинг ўртача ойлик суммасидан ҳисоблаб чиқарилади. Бунда вақтинча меҳнатга лаёқатсизлик варақаси очилган кунига бўлган тариф ставкаси жойларда белгиланган туман коэффициенти ва устамаларни ҳисобга олган ҳолда олинади.
Ҳомиладорлик ва туғиш бўйича нафақа иш ҳақининг 100 фоизи миқдорида берилади.


Демак, меҳнат қонунчилиги, хусусан юқорида қайд этилган низом талабларидан келиб чиқиб, Сизга ташкилот томонидан тегишли миқдордаги “декрет пули” тўланиши лозим бўлади.

АЛИМЕНТ ПУЛИНИ ҚАЙТАРИБ ОЛИШ МУМКИНМИ?

— Турмуш ўртоғим биринчи турмушидан бир нафар фарзанди билан ажрашган. Фарзанди учун алимент тўлайди. Бола туғилган пайти эрим Россияда бўлган. Қизиғи, хўжайним ўша боланинг биологик отаси эмас экан. Буни ундан сир сақлашган. Орадан бир неча йил ўтиб, бу ҳақда эшитиб, ишонмай, ДНКдан ўтказган. Шунда боланинг отаси эмаслиги тасдиқланган. Энди эрим бола учун тўлаган алимент пулини қайтариб олмоқчи. Шундай қилиши мумкинми? Бунинг тартиби қандай?

Исми сир тутилди

Азиз РАХМОНОВ, фуқаролик ишлари бўйича Яккасарой туманлараро суди судьяси:

 

— Оила кодексининг 96-моддасига мувофиқ, ота-она вояга етмаган болаларига таъминот бериши шарт.

 

Ушбу Кодекснинг 63-моддасига биноан, туғилишни ёзиш дафтаридаги туғилишга оид ёзув боланинг унда кўрсатилган ота-онадан туғилганлигини тасдиқловчи далил ҳисобланади.

 

Боланинг отаси ёки онаси деб ёзилган шахс унга бундай ёзув маълум бўлган ёки маълум бўлиши лозим бўлган вақтдан эътиборан бир йил мобайнида ана шу ёзув тўғрисида суд тартибида эътироз билдиришга ҳақлидир.

 

Шунга кўра, вояга етмаган боланинг ота (она)си эканлигига шубҳаси бўлган шахс ота (она)ликка эътироз билдириш ҳақидаги талаб билан судга мурожаат қилиши мумкин. Суд томонидан кўриладиган ишнинг натижаси бўйича боланинг биологик ота (она)си эмаслиги аниқланган тақдирда, суднинг ҳал қилув қарорига асосан боланинг туғилишни ёзиш дафтаридаги туғилишга оид ёзувга ФҲДЁ органлари томонидан тегишли ўзгартириш киритилади.

 

Ушбу ҳолатда, боланинг таъминоти учун алимент тўлаб келаётган ота (она) алимент тўлашдан озод қилиш ҳақидаги талаб билан алимент олувчи шахс доимий яшаб турган ёки доимий машғул бўлган жойдаги фуқаролик ишлари бўйича тегишли судга мурожаат қилиши мумкин.

 

Ушбу мазмундаги талаб билан мурожаат қилинган ҳолда Олий суд Пленумининг 2009 йил 24 ноябрдаги “Фуқаролик ишлари бўйича суд харажатларини ундириш амалиёти тўғрисида”ги 14-сонли қарорининг 21-бандига асосан, бекор қилинган, лекин бир йилдан ортиқ бўлмаган давр учун белгиланган суммадан келиб чиққан ҳолда давлат божи миқдори белгиланади ва даъвогардан ундирилади.

 

Оила кодексининг 143-моддасига биноан, алиментни қайтариб олишга йўл қўйилмайди. Бироқ, қуйидаги ҳоллар бундан мустасно:

 

алимент олувчи томонидан ёлғон маълумотлар бериш ёки қалбаки ҳужжатлар тақдим этиш оқибатида алимент ундириш тўғрисида чиқарилган суднинг ҳал қилув қарори бекор қилинганда;

 

алимент олувчи томонидан алдаш, қўрқитиш ёки зўрлик таъсири остида тузилган алимент тўлаш тўғрисидаги келишув ҳақиқий эмас деб топилганда;

 

алимент тўланишига асос бўлган суднинг ҳал қилув қарори, алимент тўлаш тўғрисидаги келишув ёки ижро варақаси қалбакилиги факти суд ҳукми билан аниқланганда.

Агар ушбу модданинг иккинчи қисмида кўрсатилган ҳаракатлар вояга етмаган боланинг ёки вояга етган муомалага лаёқатсиз алимент олувчининг вакили томонидан содир этилган бўлса, алимент қайтариб олинмайди, тўланган алимент суммалари эса, алимент тўлаши шарт бўлган шахснинг даъвосига кўра айбдор вакилдан ундирилади.

 

Юқоридаги ҳолатлардан бири мавжуд бўлган ҳолларда алимент тўловчи шахс томонидан тўланган алимент тўловини ёки етказилган зарарни ундириш ҳақидаги талаб билан ушбу ҳолатни исботловчи ҳужжатларни ва далилларни аризага илова қилган ҳолда, алимент олувчи шахс ёки айбдор вакил доимий яшаб турган ёки доимий машғул бўлган жойдаги фуқаролик ишлари бўйича тегишли судга “Давлат божи тўғрисида”ги Қонунга асосан, талаб қилинаётган даъво баҳосининг 4 фоизи миқдорида давлат божи тўлаган ҳолда мурожаат қилиши мумкин.

 

Шунингдек, Фуқаролик процессуал кодексининг 458-459-моддаларига асосан, ижро этилган суд ҳужжати ўзгартирилган ёки бекор қилинган ва иш янгидан кўриб чиқилганидан кейин талабларни қаноатлантиришни тўлиқ ёки қисман рад этиш тўғрисида ҳал қилув қарори қабул қилинган ёки иш юритишни тугатиш тўғрисида ёхуд аризани кўрмасдан қолдириш тўғрисида ажрим чиқарилган тақдирда, ўзгартирилган ёки бекор қилинган суд ҳужжати бўйича жавобгардан даъвогарнинг фойдасига ундирилган нарсаларнинг барчаси жавобгарга қайтариб берилиши керак (ҳал қилув қарорининг қайтарма ижроси).

 

Иш янгидан кўриш учун ўзига топширилган суд ўз ташаббуси билан қайтарма ижро тўғрисидаги масалани кўриши ва уни янги суд ҳужжатида ёки ажримида ҳал қилиши шарт бўлиб, шу билан иш юритиш тамомланади.

 

Ишни янгидан кўраётган суд бекор қилинган суд ҳужжатининг қайтарма ижроси тўғрисидаги масалани ҳал қилмаган тақдирда, жавобгар бу судга қайтарма ижро тўғрисида ариза беришга ҳақли.

 

Суд ҳужжатининг қайтарма ижроси тўғрисидаги ариза давлат божи тўланмаган ҳолда умумий даъво муддати ичида берилиши мумкин.

 

Шу билан бирга, ФПКнинг 461-моддасига биноан, алиментлар ундириш тўғрисидаги ишлар бўйича суд ҳужжатлари бекор қилинган тақдирда, агар бекор қилинган суд ҳужжати даъвогар берган сохта маълумотларга ёхуд у тақдим этган қалбаки ҳужжатларга асосланган бўлса, суд ҳужжатининг қайтарма ижросига йўл қўйилиши мумкин.

 

Агар шахсга жавобгарнинг қонунга хилоф ҳаракати (ҳаракатсизлиги) оқибатида маънавий зарар етказилган ҳолларда ушбу талаб билан судга мурожаат қилишга ҳақли.

ҲУҚУҚБУЗАРЛИК ОҚИБАТЛАРИНИ БАРТАРАФ ҚИЛГАНЛАРГА ЖАРИМА ЖАЗОСИ БЕКОР ҚИЛИНДИ

Жиноят ишлари бўйича Сирғали туман суди томонидан “Ер участкаларини ажратиш ва улардан фойдаланиш, шунингдек ерларни ҳисобга олиш ва давлат кадастрини юритиш тизимини такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғриси”ги Қонуннинг мазмун-моҳияти ва аҳамиятини тушунтириш мақсадида тумандаги “Янги Сирғали” маҳалла фуқаролар йиғини биносида учрашув ташкил этилди.

Мазкур учрашувда Жиноят ишлари бўйича Сирғали туман суди судьяси Баҳодир Юсупов, туман прокурори катта ёрдамчиси Б. Акромов, Кадастр агентлигининг туман бош инспектори Н. Азимов, МФЙ раиси Т. Носиров ва маҳалла фаоллари, профилактика нозирлари иштирок этишди.

 

“Янги Сирғали” МФЙ раиси йиғилишни очиб, Жиноят ишлари бўйича Сирғали туман суди судьяси Баҳодир Юсупов томонидан “Ер участкаларини ажратиш ва улардан фойдаланиш, шунингдек ерларни ҳисобга олиш ва давлат кадастрини юритиш тизимини такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғриси”да маълумотлар ёритилишини билдириб, бу маълумотлар фуқароларнинг маънавий онгини янада ошириш, уларнинг ҳуқуқ ва манфаатлари доимо суд ҳимоясида эканлиги ҳақида тўхталиб ўтди.

 

Шундан сўнг сўз туман суди судьяси Баҳодир Юсуповга берилди. – Фуқаролар томонидан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 60-моддаси 2,3,4-қисмлари, 60-1, 68, 68-1, 69-моддалари, яъни ўзбошимчалик билан эгаллаб олинган ер майдонлари ва кадастр агентлиги билан боғлиқ ҳолатлар бўйича бугунги кунда кўплаб шикоятлар келиб тушяпти. Мазкур турдаги ишларни кўриб чиқиш давомида фуқаролар томонидан қонунни билмаган ҳолда йўл қўйилаяпти.

 

Бу эса ўз навбатида фуқароларимизга мазкур ўзгариш ва қўшимчаларининг моҳияти ва аҳамиятини тушунтириш ишларини олиб бориш заруратини вужудга келтиряпти. Қонунчиликка киритилган ўзгартиришларни фуқароларга амалий мисоллар ёрдамида тушунтириш учун ушбу йиғилиш туман суди, прокуратураси ва кадастр агентлиги вакиллари билан бирга ўтказилаяпти, – деди судья.

Ер бўйича қонун бузилиш ҳолатларини тушунтириш учун кадастр агентлиги вакили ҳам сўзга чиқди: “ҳозирги кунда, Давлат солиқ қўмитаси ҳузуридаги кадастр агентлигига МЖтКнинг 266-1-моддаси билан бир қатор ваколатлар берилган бўлиб, кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқларни ўз вақтида давлат рўйхатидан ўтказмаслик, ер участкаларини ўзбошимчалик билан эгаллаб олиш, шу жумладан ушбу ер участкаларига нисбатан қонуний ҳуқуқлари мавжуд бўлмаган ҳолда фойдаланиш ҳолатларига нисбатан агентлик томонидан бир қатор таъсир чоралари кўрилмоқда. Жисмоний ва юридик шахслар томонидан ер участкаларини ўзбошимчалик билан эгаллаб олиш ҳолатлари бўйича МЖтКнинг 60-моддаси билан базавий ҳисоблаш миқдорининг 25 баробарида, мансабдор шахсларга нисбатан 50 баробарида, агар ушбу ўзбошимчалик билан эгаллаб олинган ер майдонида ноқонуний қурилма барпо этган ҳолатларда ушбу модданинг 3 қисми билан яъни, базавий ҳисоблаш миқдорининг 150 баробарида, мансабдор шахсларга эса 300 баробарида жарима қўллашга сабаб бўлади. Мазкур жарималарни қўлланишига сабаб, фуқаролар томонидан ер майдонлари ноқонуний қурилиш ишлари олиб борилганлиги шаҳарсозлик нормаларига мос келмаслиги, умумий фойдаланишда бўлган ер майдонларини ўзининг шахсий эҳтиёжлари йўлида ноқонуний тартибда эгаллаб олиши ҳолатлари кўплаб учраяпти”.

– Бугунги кунга келиб, Республикамиз аҳоли сони ортиши натижасида турар жойга бўлган эҳтиёж кун сари ортиб бораяпти. Ўз навбатида мазкур турдаги қонунчиликларни бузилишига ёки қонун нормаларини бажармасликка олиб келган. Ер бўйича қонунчилик талабларини бажармаган шахсларга нисбатан МЖтКнинг 60-моддаси ва ЖКнинг 229-1-моддаси доирасида маъмурий ва жиноий жавобгарлик белгиланган бўлиб санкциясида базавий ҳисоблаш миқдорининг 300 бараваридан 400 бараваригача жарима ёки ахлоқ тузатиш ишлари, ёҳуд озодликдан чеклаш каби жазолар белгиланган, – деди қонун бузилиш ҳолатлари бўйича тушунтириш берган туман прокурори катта ёрдамчиси.

Учрашувда МЖтКнинг 60-моддаси 2-қисми билан ҳуқуқбузарлик содир қилган шахсларга нисбатан судга тақдим этилган ҳужжатлар асосида сайёр суд мажлиси бўлиб ўтди. Саёр судда ҳуқуқбузарликни содир қилган шахслар томонидан ўз ихтиёрлари ва маблағлари ҳисобидан ҳуқуқбузарлик оқибатларини ўттиз кунлик муддатда бартараф қилганлиги сабабли, шу модданинг 4-қисми ва 271-моддаси 1-қисми 10-банди асосида уларга нисбатан тайинланган жарима жазолари бекор қилиниб, маъмурий иш тугатилди ва шахсларга тушунтиришлар берилди.

 

Учрашув якунида, жиноят ишлари бўйича Сирғали тумани суди судьяси сўзга чиқиб, фуқароларга қонундаги ўзгаришлар, ер қонунчилиги бўйича содир бўлаётган ўзгаришлар бўйича тўлиқ тушунтиришлар бериб, фуқароларни қийнаб келаётган саволларга жавоб берди ва сайёр суд мажлисини ёпиқ деб эълон қилди.

ИНСОНПАРВАРЛИК НАМУНАСИ ҚОНУН ҲУЖЖАТЛАРИНИ ТАКОМИЛЛАШТИРИШДА ҲАМ НАМОЁН БЎЛМОҚДА

Мамлакатимизда суд-ҳуқуқ тизимини тубдан ислоҳ қилиш жараёнида қонун ҳужжатларини такомиллаштиришга ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда. Жумладан, 2022 йил 16 декабрда қабул қилинган «Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига қўшимча ва ўзгартишлар киритиш тўғрисида»ги қонун асосида Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекс «Муайян яшаш жойига эга бўлмаган шахсни реабилитация марказига жойлаштириш тўғрисида иш юритиш» деб номланган янги боб билан тўлдирилди.

 

Шуни алоҳида таъкидлаш лозимки, бугунги кунда ич­ки ишлар органларининг муайян яшаш жойига эга бўлмаган шахсларни реабилитация марказига жойлаштириш тўғ­рисидаги илтимосномалари туманлараро маъмурий судлар томонидан кўриб чиқилмоқда.

 

Туманлараро маъмурий судлар эса, фақат вилоят марказларида жойлашган.

 

Бошқача айтганда, туманлараро маъмурий судлар ҳу­дудлар географик жойлашуви бўйича бир-биридан узоқда жойлашгани ва ички ишлар органлари ходими мазкур иш билан шуғулланиши да­вомида ўз хизмат жойи­ни узоқ муддат бўш қолдираётгани туфайли муайян яшаш жойига эга бўлмаган шахсларни реабилитация марказига жойлаштириш тўғ­ри­сидаги илтимосномаларни кўриб чиқиш амалиётини фуқароларга қулайликлар яратиш нуқтаи назаридан қайта кўриб чиқиш зарурати юзага келганди.

 

Бинобарин, Маъмурий суд ишларини юритиш тўғрисидаги кодекснинг муайян яшаш жойига эга бўлмаган шахсларни реабилитация марказига жойлаштириш тўғ­рисидаги илтимосномаларни кўриб чиқишга доир нормалари Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга, тегишли ишларни кўриб чиқиш эса, маъмурий судлардан жиноят ишлари бўйича туман, шаҳар судларига ўтказилди.

 

Айтиш керакки, Маъмурий жавобгарлик тўғ­рисидаги кодекснинг ян­ги боби 313-6 – 313-9-моддаларни ўз ичига олади. Ушбу моддалар талабига кўра, муайян яшаш жойига эга бўлмаган шахснинг реабилитация марказига жойлаштирилишини талаб қи­лувчи асослар аниқланган тақдирда, ички ишлар органи бундай шахс ички ишлар органига келтирилган пайтдан эътиборан 48 соат ичида уни реабилитация марказига ўт­тиз суткадан кўп бўлмаган муддатга жойлаштириш тўғ­рисида судга илтимоснома юбориш учун материалларни тайёрлаши шарт.

 

Муайян яшаш жойига эга бўлмаган шахсни реабилитация марказига жойлаштириш тўғрисидаги илтимоснома ва уни реабилитация марказига жойлаштириш зарурлигини тасдиқловчи материаллар муайян яшаш жойига эга бўлмаган шахс аниқланган ердаги ёки реабилитация маркази жойлашган ердаги жиноят ишлари бўйича туман (шаҳар) судига ички ишлар органи томонидан тақдим этилади.

 

Муайян яшаш жойига эга бўлмаган шахсни реабилитация марказига жойлаштириш тўғрисидаги илтимоснома судга ёзма шаклда берилади ва ички ишлар органининг раҳбари ёки унинг ўринбосари томонидан имзоланади.

 

Илтимосномада суд ва ич­ки ишлар органининг номи, манзили, муайян яшаш жойи­га эга бўл­маган шахс ҳақидаги маълумотлар, илтимосномага асос бўлган ҳолатлар, илтимосноманинг асосларини тасдиқловчи далиллар ҳамда илова қилинаётган ҳужжатлар рўй­хати кўрсатилиши керак.

Илтимосномага:

 

– тегишли туман (шаҳар) ички ишлар органи бошлиғи томонидан тасдиқланган қа­рор;

 

– муайян яшаш жойига эга бўлмаган шахснинг мамлакатимиздаги охирги яшаш жо­йини текшириш натижалари;

 

– ўша шахснинг тушунтириши ёки тушунтириш бериш рад этилгани тўғрисида далолатнома;

 

– шахсни тиббий кўрикдан ўтказиш маълумотномаси;

 

– шахснинг ҳуқуқлари, шу жумладан, адвокатнинг юридик ёрдамидан фойдаланиш ҳуқуқи ва ўз яқинларига телефон орқали қўнғироқ қи­лиш ҳуқуқи тушунтирилганлиги ҳақидаги баённома;

 

– илтимосномани асословчи бошқа ҳужжатлар илова қилинади.

Муайян яшаш жойига эга бўлмаган шахсни реабилитация марказига жойлаштириш тўғрисидаги илтимоснома тақдим этилган пайтдан эътиборан 24 соат ичида судья томонидан ёпиқ суд мажлисида якка тартибда кўриб чиқилади.

 

Ўзига нисбатан реабилитация марказига жойлаштириш тўғрисидаги илтимоснома кўриб чиқилаётган шахс ва ички ишлар органининг вакили суд мажлисида иштирок этиши шарт. Шунингдек, суд мажлисида адвокат ҳам иштирок этиши мумкин.

 

Судда илтимосномани кў­риб чиқиш ички ишлар органи вакилининг муайян яшаш жойи­га эга бўлмаган шахсни реабилитация марказига жойлаштириш зарурлиги ва жойлаштириш муддати асослаб бериладиган маърузаси билан бошланади. Сўнгра ўзига нисбатан илтимоснома кўриб чиқилаётган шахс, агар суд мажлисида иштирок этаётган бўлса, адвокат, судга келган бошқа шахсларнинг фикри эшитилади, тақдим этилган материаллар текширилади.

 

Қарор судья томонидан алоҳида хонада чиқарилади. У ўқиб эшиттирилган пайтдан эътиборан кучга киради ва дарҳол ижро этилиши лозим.

 

Қарор ички ишлар органи вакили, адвокат ва ўзига нисбатан қарор чиқарилган шахс­га топширилади. Қарор устидан уч кун ичида ўша шахс, унинг қонуний вакили ва адвокат апелляция тартибида шикоят бериши, прокурор эса, апелляция протести келтириши мумкин.

 

Апелляция инстанцияси судининг судьяси қарор устидан берилган шикоят ё протестни у келиб тушган кундан эътиборан уч кун ичида якка тартибда кўриб чиқади.

 

Умуман олганда, қонунчиликка киритилган ушбу ўзгартириш ва қўшимчалар амалиётда қулайлик яратиб, инсонпарварликнинг амалдаги ёр­қин намунаси ҳисобланади.

 

Баҳромжон БЕРДИЕВ,

жиноят ишлари бўйича

Мирзо Улуғбек тумани

суди судьяси

АЛИМЕНТ МИҚДОРИНИ КАМАЙТИРИШ УЧУН ҚАЕРГА МУРОЖААТ ҚИЛИШ КЕРАК?

Алимент масаласи долзарб муаммо. Ундирувчи кўпроқ олсам деса, тўловчи томон камроқ тўлашни хоҳлайди. Ўзи алимент миқдорини камайтириш мумкинми? Бунинг учун қаерга мурожаат қилиш керак? Қандай ҳужжатлар талаб этилади? Давлат божи тўлайдими?

 

СУД ҲАЛ ЭТАДИ

  • Тўланаётган алимент миқдорини камайтириш тартиби амалга оширилиши мумкин. Ўзбекистон Республикаси Оила кодексининг 105-моддасига кўра, алимент тўлаётган ота-онанинг бошқа вояга етмаган болалари бўлиб, ундан қонунда белгиланган миқдорда алимент ундирилганда ўша болалар алимент олаётган болаларга нисбатан моддий жиҳатдан камроқ таъминланиб қоладиган бўлса, алимент миқдори суд томонидан камайтирилиши мумкин. Шунингдек, алимент тўлаётган ота (она) ногиронлиги бўлган шахс бўлиб, моддий жиҳатдан қийналиб қолса ёки алимент олаётган шахс мустақил даромадга эга бўлган тақдирда ҳам алимент миқдорини камайтириш мумкин.

 

АРИЗАНИ КИМ БЕРАДИ?

  • Алимент миқдорини камайтириш учун алимент тўлаётган ота ёки она даъво аризаси билан жавобгар (иккинчи тараф)нинг яшаш жойи ҳудудидаги фуқаролик ишлари бўйича судга мурожаат қилиш ҳуқуқига эга бўлади.

Даъво аризаси ёзма равишда Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик процессуал кодексининг 189-моддаси талаби доирасида тайёрланиши лозим.

 

Алимент миқдорини камайтириш ҳақидаги даъво ариза беришга фақат алимент тўлаётган ота ёки она ҳақли ҳисобланади. Шунингдек, уларни номидан қонунда белгиланган тартибда расмийлаштирилган ишончнома асосида уларнинг ишончли вакиллари даъво аризаси бериш ҳуқуқига эга.

 

Ишончномани расмийлаштириш Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексининг 10-бобида белгиланган тартибда амалга оширилади.

 

ҚАНДАЙ ҲУЖЖАТЛАР ТАЛАБ ЭТИЛАДИ?

 

Аризага қуйидаги ҳужжатлар илова қилинади:

 

шахсини тасдиқловчи ҳужжат нусхаси;

 

боланинг туғилганлик гувоҳномаси нусхаси;

 

алимент ундириш масаласидаги суд ҳужжати нусхаси;

 

тўланаётган алимент миқдорини камайтиришга асос қилиб кўрсатган ҳолатларни тасдиқловчи далиллар;

 

давлат божи тўланганлигини тасдиқловчи ҳужжат;

 

почта харажати тўланганлигини тасдиқловчи ҳужжат кабилар берилишини лозим бўлади. Шунингдек, даъвогар томонидан ўз талабини тасдиқловчи бошқа далиллар тақдим этилиши мумкин.

 

ДАВЛАТ БОЖИ ҚАНЧА?

 

Ўзбекистон Республикасининг 2020 йил 6 январдаги «Давлат божи тўғрисида»ги қонуни талабига мувофиқ, давлат божи ҳар бир даъво талаб бўйича алоҳида-алоҳида тўланиши назарда тутилган бўлиб, даъвогар мулкий тусдаги талаби учун даъво баҳосининг 4 фоизи, лекин Республикада белгиланган базавий ҳисоблаш миқдорининг 1 баравари кам бўлмаган миқдорида, номулкий тусдаги талаблар бўйича Республикада белгиланган базавий ҳисоблаш миқдорининг 2 баравари миқдорида давлат божи тўлаши лозим.

Тўланаётган алимент миқдорини камайтириш ҳақидаги даъво номулкий тусдаги талаблар сарасига киради.

 

Ўзбекистон Республикасининг 2018 йил 11 октябрдаги ЎРҚ-496-сонли Қонуни билан фуқаролик ишлари бўйича судларга мурожаат қилишда почта харажатлари тўлашга оид нормалар киритилган бўлиб, судга даъво ариза билан мурожаат қилишда базавий ҳисоблаш миқдорининг 7 фоизи миқдорида почта харажатлари ундириш белгиланган.

 

ОТА-ОНАСИ ҲАМ АЛИМЕНТ ТАЛАБ ҚИЛСА…

 

Ўзбекистон Республикаси Оила кодексининг 109-моддасига кўра, вояга етган, меҳнатга лаёқатли болалар меҳнатга лаёқатсиз, ёрдамга муҳтож ўз ота-онасига таъминот беришлари ва улар тўғрисида ғамхўрлик қилишлари шарт.

Вояга етган, меҳнатга лаёқатли болалар ўз ота-онасига ихтиёрий равишда моддий ёрдам беришдан бўйин товласалар, таъминот миқдори болаларнинг оилавий ва моддий аҳволини ҳисобга олган ҳолда суднинг ҳал қилув қарорига асосан белгиланади.

 

Ушбу ҳолат ота-онага алимент тўлаётган шахснинг вояга етмаган фарзандларининг моддий таъминоти учун тўлаётган алимент миқдорини камайтиришга асос бўлмайди.

 

Жасурбек Мамаюсупов,

фуқаролик ишлари бўйича

Мирзо Улуғбек туманлараро суди судьяси

ФАМИЛИЯМ ЎЗГАРГАЧ, ҲАММА ҲУЖЖАТИМНИ ЎЗГАРТИРИШИМ КЕРАКМИ?

— Эрим билан 4 йил олдин ажрашганимда фамилиям ўзгармаган. Энди қизлик фамилиямга қайтмоқчиман. Бунинг учун қаерга мурожаат қиламан? Фамилиям ўзгаргач, «права», уй ҳужжатлари, диплом, хуллас, ҳамма ҳужжатимни ўзгартиришим керакми?

Исми сир тутилди

Жамшид Шаропов, фуқаролик ишлари бўйича Мирзо Улуғбек туманлараро суди судьяси:


— Амалдаги қонунчилигимизга кўра, никоҳга кириш вақтида ўз фамилиясини ўзгартирган эр (хотин) никоҳдан ажратилгандан кейин ҳам шу фамилияда қолишга ҳақли ёхуд унинг хоҳишига биноан суд томонидан никоҳдан ажратиш тўғрисидаги қарор чиқарилаётганда унга никоҳгача бўлган фамилияси қайтарилиши мумкин. Эр-хотиндан бирининг никоҳгача бўлган фамилиясини қайтариш тўғрисидаги истаги никоҳдан ажралиш ҳақидаги аризада кўрсатилиши лозим.


Агар Эр-хотиндан бирининг никоҳгача бўлган фамилиясини қайтариш тўғрисидаги истаги никоҳдан ажралиш ҳақидаги аризада кўрсатилган бўлса, ёки суд мажлиси жараёнида улар томонидан мазкур масала қўйилган бўлса, суд ўзининг никоҳдан ажратиш ҳақидаги ҳал қилув қарорида эр-хотиннинг никоҳга қадар бўлган фамилиясига қайтариш масаласини ҳал қилади.


Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг “Судлар томонидан никоҳдан ажратишга оид ишлар бўйича қонунчиликни қўллаш амалиёти” тўғрисидаги Қарорининг 30 бандида, никоҳга кириш вақтида ўз фамилиясини ўзгартирган эр (хотин) никоҳдан ажратилгандан кейин ҳам шу фамилияда қолишга ҳақли. Бироқ, унинг хоҳишига биноан никоҳдан ажратиш тўғрисидаги қарор чиқарилаётганда суд томонидан унга никоҳгача бўлган фамилияси қайтарилиши мумкин. Агар мазкур масала суд томонидан қарор чиқариш пайтида ҳал қилинмаган бўлса, фамилияни ўзгартириш фуқаролик ҳолати далолатномаларини ёзиш органи томонидан никоҳдан ажралишни қайд этиш пайтида ҳал этилади деб кўрсатилган.


Мазкур ҳолатда, сиз томонингиздан никоҳдан ажратиш ҳақидаги даъво талабини кўриш вақтида мазкур масала муҳокама қилинмаган ва суднинг ҳал қилув қарорида никоҳга қадар бўлган фамилияга қайтарилишингиз кўрсатилмаган бўлса, сиз фамилияни ўзгартириш масаласида фуқаролик ҳолати далолатномаларини ёзиш органига мурожаат қилишингиз лозим бўлади.


Фамилиянгиз ўзгаргач, шахсингизни тасдиқловчи хужжат (паспорт), ҳайдовчилик гувоҳномангиз ва бошқа хуқуқ туғдирувчи хужжатларни ўзгартиришингиз мақсадга мувофиқ ҳисобланади.


Шунингдек, сизга фуқаролик ҳолати далолатномаларини ёзиш органи томонидан бериладиган никоҳдан ажрашганлик ҳақидаги гувоҳномада фамилиянгиз ўзгарганлиги тўғрисидаги маълумотлар кўрсатилиши маълум қилинади.

«ФАРЗАНДИМ 2 ЁШГА ТЎЛГАНДА ИШГА ҚАЙТСАМ, МУАММО БЎЛМАЙДИМИ?»

— Ҳозир бола парваришлаш таътилидаман. Яқинда ишхонага борсам «cизни лавозимингиз қисқартиришга тушди», дейишди. Лекин ҳеч ким менга хабар қилмаганди. Фарзандим 2 ёшга тўлганда ишга қайтсам, муаммо бўлмайдими?

Исми сир тутилди

Ғайрат Эргашев, фуқаролик ишлари бўйича Яккасарой туманлараро суди раиси:


— Меҳнат кодексининг 100-моддасига кўра, технологиядаги, ишлаб чиқариш ва меҳнатни ташкил этишдаги ўзгаришлар, ходимлар сони (штати) ёки иш хусусиятининг ўзгаришига олиб келган ишлар ҳажмининг қисқарганлиги ёхуд корхонанинг тугатилганлиги, номуайян муддатга тузилган меҳнат шартномасини ҳам, муддати тугагунга қадар муддатли меҳнат шартномасини ҳам иш берувчининг ташаббуси билан бекор қилиш асоси ҳисобланади.


Ходим вақтинча меҳнатга қобилиятсизлик даврида ва меҳнат тўғрисидаги қонун ҳужжатлари ва бошқа норматив ҳужжатларда назарда тутилган таътилларда бўлган даврида меҳнат шартномасини иш берувчининг ташаббуси билан бекор қилишга йўл қўйилмайди, корхона бутунлай тугатилган ҳоллар бундан мустасно.


Ушбу Кодекснинг 234-моддасига кўра, болани парваришлаш таътиллари даврида аёлнинг иш жойи (лавозими) сақланади.


Ушбу Кодекснинг 237-моддасига кўра, ҳомиладор аёллар ва уч ёшга тўлмаган боласи бор аёллар билан тузилган меҳнат шартномасини иш берувчининг ташаббуси билан бекор қилишга йўл қўйилмайди, корхонанинг бутунлай тугатилиш ҳоллари бундан мустасно, бундай ҳолларда меҳнат шартномаси уларни албатта ишга жойлаштириш шарти билан бекор қилинади. Мазкур аёлларни ишга жойлаштиришни маҳаллий меҳнат органи уларни ишга жойлаштириш даврида қонунчиликда белгиланган тегишли ижтимоий тўловлар билан таъминлаган ҳолда амалга оширади.


Муддати тугаганлиги сабабли меҳнат шартномаси бекор қилинган ҳолларда ҳам иш берувчи ушбу модданинг биринчи қисмида кўрсатиб ўтилган аёлларни ишга жойлаштириши шарт. Ишга жойлаштириш даврида бу аёлларнинг иш ҳақи сақланиб қолади, бироқ бу муҳлат муддатли меҳнат шартномаси тугаган кундан бошлаб уч ойдан ошмаслиги керак.


Юқорида қайд қилинган модда талабларига кўра, технологиядаги, ишлаб чиқариш ва меҳнатни ташкил этишдаги ўзгаришлар, ходимлар сони (штати) ёки иш хусусиятининг ўзгаришига олиб келган ишлар ҳажмининг қисқарганлиги юзасидан меҳнат шартномасини бекор қилиш иш берувчининг ташаббуси билан бекор қилиш асослари бўлиб, ҳомиладор аёллар ва уч ёшга тўлмаган боласи бор аёллар билан тузилган меҳнат шартномасини иш берувчининг ташаббуси билан бекор қилишга йўл қўйилмайди.


Шу сабабли сизда фарзандингиз 2 ёшга тўлгач, ишга чиқиш истагини билдирсангиз, иш берувчи сизни ўз вазифангизга ишга қайтишингизга қаршилик қилишга ҳақли эмас, яъни ҳеч қанақа муммо бўлмайди.

ЭР-ХОТИН АЖРАШАЁТГАНДА БОЛАЛАРНИНГ КИМ БИЛАН ҚОЛИШИ ҚАНДАЙ ҲАЛ ЭТИЛАДИ?

— Жияним хотини билан ажрашяпти. 2 ва 4 ёшли фарзандлари бор. Хотини «болаларни бермайман, кўрсатмайман», деяпти. Жияним қизларидан биттасини ўз тарбиясига олса бўладими?

Исми сир тутилди

Саволга Тошкент шаҳар судининг фуқаролик ишлари бўйича судьяси Дурдона Абдуқаҳҳарова жавоб берди:

 

— Оила кодексининг 71-моддасига биноан, ота-она ўз болаларига нисбатан тенг ҳуқуқ ва мажбуриятларга эгадирлар (ота-оналик ҳуқуқлари).

 

Мазкур кодекснинг 75-моддаси тўртинчи ва бешинчи қисмлари талабига кўра, болаларнинг таълим-тарбиясига тааллуқли барча масалалар болалар манфаатидан келиб чиққан ва уларнинг фикрини ҳисобга олган ҳолда ота-она томонидан ўзаро келишув асосида ҳал этилади. Агар ота-она ўртасида келишмовчиликлар мавжуд бўлса, улар (улардан бири) бу келишмовчиликларни ҳал қилиш учун васийлик ва ҳомийлик органига ёки судга мурожаат қилишга ҳақлидир.

 

Ота-она алоҳида яшаганда болаларнинг қаерда яшаши ота-онанинг келишувига биноан белгиланади. Ота-она ўртасида келишув бўлмаса, низо суд томонидан болалар манфаатларидан келиб чиқиб, уларнинг фикрини ҳисобга олган ҳолда ҳал этилади. Бунда суд, боланинг ота-онадан, ака-ука, опа-сингилларидан қайси бирига боғланиб қолганлигини, боланинг ёшини, ота-онасининг ахлоқий ва бошқа шахсий фазилатларини, ота-онанинг ҳар бири билан бола ўртасидаги муносабатларни, болани тарбиялаш ва унинг камолоти учун шарт-шароитлар (ота-онасининг машғулот тури, иш тартиби, моддий ҳамда оилавий аҳволи ва бошқалар) яратиш имкониятини ҳисобга олади.

 

Ушбу қоидаларга кўра, жиянингиз хотини билан болаларнинг қаерда яшаши тўғрисида ўзаро келишувга эриша олмаса, болаларини ўз тарбиясига олиш ҳақида, улар яшаш ҳудуди бўйича фуқаролик ишлари бўйича туманлараро судига даъво ариза билан мурожаат қилиш ҳуқуқига эга.

 

Агар суд томонидан жиянингизни даъвоси қаноатлантирилмаса, Ўзбекистон Республикаси Оила кодексининг 76-моддасига асосан, у болалар билан кўришиш ва уларнинг тарбиясида иштирок этиш, таълим олиши масаласини ҳал этишда қатнашиш ҳақидаги даъво ариза билан яна судга мурожаат қилиши мумкин.

Skip to content