Қидирув:

«УЙ ИККИТА ЎҒИЛГА ТЕНГ БЎЛИНМАЙДИМИ?»

– Қайнотам биз яшаб турган ҳовли кичик ўғлига қолишини, биз эса ҳовли этагидан иморат солишимиз кераклигини айтди. Менинг икки нафар фарзандим бор. Ёш бола билан қийналиб қоламиз, десам, «ўзларинг биласизлар», деяпти. Келин бўлиб тушган иккита хонада ҳақим йўқми? Ота ҳовли икки ўғил ўртасида тенг бўлинмайдими?

Исми сир тутилди

Анвар Ёриев, Тошкент шаҳар судининг фуқаролик ишлари бўйича судьяси:


— Уй-жой кодексининг 32-моддаси биринчи ва иккинчи қисмларига асосан уй, квартира мулкдорининг оила аъзолари, шунингдек у билан доимий яшаётган фуқаролар, агар уларни кўчириб келган пайтда ёзма равишда бошқа ҳол қайд этилган бўлмаса, уйдаги, квартирадаги хоналардан мулкдор билан тенг фойдаланишга ҳақлидирлар.


Улар мулкдор берган турар жойга ўзларининг вояга етмаган фарзандларини кўчириб киритишга ҳақлидирлар, оиланинг бошқа аъзоларини эса, уй, квартира мулкдорининг розилиги билангина кўчириб киритишлари мумкин. Бу шахслар уй, квартиранинг мулкдори билан оилавий муносабатларни тугатган тақдирда ҳам уларда турар жойдан фойдаланиш ҳуқуқи сақланиб қолади. Уй, квартиранинг мулкдори билан унинг собиқ оила аъзолари, шунингдек у билан доимий яшаётган фуқаролар ўртасида турар жойдан фойдаланиш тартиби тарафлар келишуви билан белгиланади.


Турар жой мулкдорининг оила аъзолари деб у билан доимий бирга яшаётган хотини (эри) ва уларнинг фарзандлари тан олинади. Эр-хотиннинг ота-онаси, шунингдек мулкдор билан доимий бирга яшаётган оилали фарзандлари ва уларнинг эр-хотини, агар улар илгари бу ҳуқуққа эга бўлмаган бўлса, фақат ўзаро келишувга биноан мулкдорнинг оила аъзолари деб тан олиниши мумкин.


Шунга кўра, сизда келин бўлиб киритилган уйдан фойдалиниш ҳуқуқи мавжуд.
Қонунчиликда белгиланганидек, мулк ҳуқуқи шахснинг ўзига қарашли мол-мулкка ўз хоҳиши билан ва ўз манфаатларини кўзлаб эгалик қилиш, ундан фойдаланиш ва уни тасарруф этиш, шунингдек ўзининг мулк ҳуқуқини, ким томонидан бўлмасин, ҳар қандай бузишни бартараф этишни талаб қилиш ҳуқуқидан иборатдир. Шунга кўра, қайнотангиз ўзига тегишли мулкка нисбатан юқоридаги ҳуқуқлардан фойдаланади.


Шунингдек, мерос фуқаронинг ўлими ёки унинг суд томонидан вафот этган деб эълон қилиниши оқибатида очилишини маълум қилган ҳолда мерос мулки меросхўрлар ўртасида тақсимланиши мулкдорнинг вафотидан сўнг амалга оширилиши мумкинлиги маълум қилинади.

«ХУСУСИЙ БОҒЧАДА ИШЛАЙДИГАНЛАРГА «БОЛЬНИЧНЫЙ» БЕРИЛМАЙДИМИ?»

– Хусусий боғчада тарбиячи бўлиб ишлайман. Сўнгги вақтларда соғлигимда муаммолар пайдо бўлгани учун ётиб даволанмоқчи эдим. Аммо боғчамиз хусусий бўлгани учун «болничний» берилмас эмиш. Шу тўғрими?

Исми сир тутилди

Абдуқодир Ражабов, фуқаролик ишлари бўйича Шайхонтоҳур туманлараро суди судьяси:

 

— Авваламбор амалдаги Меҳнат кодексининг 14-моддасига кўра, белгиланган ёшга етган ҳамда иш берувчи билан меҳнат шартномаси тузган Ўзбекистон Республикаси фуқаролари меҳнатга оид муносабатларнинг субъектлари бўлиши мумкин.

 

Мазкур кодекснинг 15-моддаси, мулкдорнинг ўзи айни бир вақтда раҳбар бўлган хусусий корхоналар ва Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланган тартибда ходимлар ёллайдиган якка тартибдаги тадбиркорлар ҳам иш берувчи бўлиши мумкин.
Мазкур кодекснинг 285-моддасида вақтинча меҳнатга қобилиятсизлик нафақаси касал бўлинганда, меҳнатда майиб бўлган ёки бошқача тарзда шикастланганда, шу жумладан турмушда жароҳатланганда, оиланинг бетоб аъзосини парвариш қилганда, карантин эълон қилинганда, санаторий-курортда даволанганда ва протез қилинганда тўланади.

 

Вақтинча меҳнатга қобилиятсизлик нафақаси меҳнатда майиб бўлган ва касб касаллигига чалинганда иш ҳақининг тўлиқ миқдорида, бошқа ҳолларда эса, ходимнинг давлат ижтимоий суғуртаси бадалларини тўлаган муддатига (умумий иш стажига), қарамоғидаги вояга етмаган болаларининг сони ва бошқа ҳолатларга қараб, иш ҳақининг олтмиш фоизидан юз фоизигача миқдорда тўланади.

 

Ўзбекистон Республикаси Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазирлигининг 2002 йил 1 апрелдаги 21-сон буйруғи билан тасдиқланган “Давлат ижтимоий суғуртаси бўйича нафақалар тайинлаш ва тўлаш тартиби тўғрисидаги Низом”нинг 1-бандида бюджетдан ташқари Пенсия жамғармаси маблағлари ҳисобидан ижтимоий суғурта бўйича 2007 йил 1 январдан бошлаб вақтинчалик меҳнатга лаёқатсизларга нафақалар берилади.

 

Иш берувчининг давлат ижтимоий суғуртаси бўйича бадал тўламаганлиги, суғурта қилинган ходимни давлат ижтимоий суғуртаси нафақалари билан таъминланиш ҳуқуқидан маҳрум қилмайди.

 

Мазкур Низомнинг 93-бандига кўра, юридик шахс бўлмасдан тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланувчи шахслар, деҳқон хўжалиги аъзоларига, шунингдек айрим фуқароларникида шартнома асосида ишлаётганларга нафақалар ижтимоий таъминот бўлимлари томонидан тайинланиб, бюджетдан ташқари Пенсия жамғармаси маблағлари ҳисобидан тўланади.

 

Юқоридагиларга кўра, сизга меҳнатга қобилиятсизлик нафақаси берилиши лозим бўлади ва агарда нафақани нотўғри ҳисоблаш ва белгилаш ҳамда тўлаш юзасидан низо юзага келадиган бўлса тегишли фуқаролик ишлари бўйича судга мурожаат қилиши ҳуқуқингиз мавжудлиги тушунтирилади.

«ЁШ БОЛАСИ БОРЛАР НАВБАТЧИЛИКДАН ОЗОД ҚИЛИНМАЙДИМИ?»

— Туман шифохонасида ҳамшира бўлиб ишлайман. 3 ёшга тўлмаган болам бор. Навбатчилик тақсимланганда мени кечки соат 15.00 дан 22.00 гача бўлган вақтга ёзишибди. Ёш болам билан ишлолмаслигиним айтсам, ҳамма учун мажбурий дейишди. Қонунчиликда бу хусусида нима дейилган?

Исми сир тутилди

Дурдона Абдуқахарова, Тошкент шаҳар судининг фуқаролик ишлари бўйича судьяси:

 

— Меҳнат қонунчилигига кўра, уч ёшга тўлмаган боласи бор аёлларни тунги ишларга жалб қилишга йўл қўйилмайди. Розилигингиз билан сиз ва боланинг соғлиғи учун хавф туғдирмаслигини тасдиқловчи тиббий хулоса бўлган тақдирдагина тунги ишларга жалб қилишга йўл қўйилади.

 

Меҳнат кодексининг 116-моддасида уч ёшга тўлмаган болалари бор, бюджет ҳисобидан молиявий жиҳатдан таъминланадиган муассасалар ва ташкилотларда ишлаётган аёллар учун меҳнат тўғрисидаги қонун ҳужжатлари ва бошқа норматив ҳужжатлар, шунингдек меҳнат шартномаси шартларига биноан меҳнатга тўланадиган ҳақни камайтирмасдан, иш вақтининг қисқартирилган муддати белгиланиши кўрсатилган.

 

Ушбу кодкекснинг 228-моддасига кўра, ҳомиладор аёлларни ва ўн тўрт ёшга тўлмаган боласи (ўн олти ёшга тўлмаган ногиронлиги бўлган боласи) бор аёлларни уларнинг розилигисиз тунги ишларга, иш вақтидан ташқари ишларга, дам олиш кунларидаги ишларга жалб қилишга ва хизмат сафарига юборишга йўл қўйилмайди.

 

Шу билан бирга ҳомиладор аёлларни ва уч ёшга тўлмаган боласи бор аёлларни тунги ишларга жалб қилишга бундай иш она ва боланинг соғлиғи учун хавф туғдирмаслигини тасдиқловчи тиббий хулоса бўлган тақдирдагина йўл қўйилади.

 

Хусусан, Меҳнат кодексининг 228-1-моддасига мувофиқ, уч ёшга тўлмаган болалари бор, бюджет ҳисобидан молиявий жиҳатдан таъминланадиган муассасалар ва ташкилотларда ишлаётган аёлларга иш вақтининг ҳафтасига ўттиз беш соатдан ошмайдиган қисқартирилган муддати белгиланади.

 

Иш вақтининг қисқартирилган муддати чоғида ушбу модданинг биринчи қисмида кўрсатилган аёллар меҳнатига ҳақ ҳар кунги тўлиқ иш муддати чоғида тегишли тоифадаги ходимлар учун белгиланган миқдорда тўланади.

«АЛИМЕНТ СУММАСИНИ ЎЗГАРТИРИШНИ ИМКОНИ БОРМИ?»

– Суд қарори билан уч нафар болага алимент оламан. Собиқ эрим университетда дарс беради. Суд ҳужжатида 1 ставка ишлайди, деб ёзилган. Лекин билишимча, ҳозирда 2 ставкада ишлаб, шунга мос ойлик оляпти. Ҳисобчиси «ҳужжатда 1 ставка», дейишдан нарига ўтмади. Ўзи ҳам тан олмайди. Аммо аниқ далилларим бор. Судга шуларни келтирсам, алимент суммаси ўзгарадими?

Исми сир тутилди

Амина Худайбергенова, фуқаролик ишлари бўйича Мирзо Улуғбек туманлараро суди судьяси:

 

— Боладан алоҳида яшаётган ота ёки она вояга етмаган фарзандининг моддий таъминотига қонунда белгиланган тартибда ва миқдорда алимент тўлашга мажбур. Ота-онадан фарзандига ундириладиган алимент миқдори унинг ойлик иш ҳақига ва (ёки) бошқа даромадига нисбатан улушлар ҳисобида ёки пул билан тўланадиган қатъий суммада белгиланиши мумкин.

 

Алимент тўлаши шарт бўлган ота-онанинг иш ҳақи ва (ёки) бошқа даромади доимо бир хилда бўлмай, ўзгариб турса ёхуд даромадининг бир қисмини натура тарзида оладиган бўлса, шунингдек даромаддан улуш тарзида алимент ундириш имконияти бўлмаса ёки ота-она расман белгиланган иш ҳақи ёки даромадга эга бўлмаса, вояга етмаган болаларнинг таъминоти учун тўланиши лозим бўлган алимент миқдори ҳар ойда пул билан тўланадиган қатъий суммада белгиланиши мумкин.

 

Алимент Ўзбекистон Республикаси ҳудудида ва унинг ташқарисида пул ёки натура тарзида олинган барча турдаги даромадлардан ушлаб қолинади. Чет эл валютасида олинадиган даромадлар алимент ундириладиган кунда амалда бўлган Ўзбекистон Республикаси Марказий банкининг расмий курси бўйича сўмларда ҳисобланади.

 

Шунингдек, алимент олувчининг аризасига асосан фарзандининг соғлиғини тиклаш учун ёки бошқа зарур харажатларига қўшимча равишда моддий таъминот ундириш ҳуқуқига эга. Суд қарорининг ижроси мажбурий ижро бюроси томонидан таъминланади, шу сабабдан ўзингизда мавжуд бўлган алимент тўловчининг барча ойлик иш ҳақлари ва қўшимча даромади тўғрисидаги маълумотларни шу ижро бўлимига тақдим этиб, ҳисобланган алимент суммасини қайта кўриб чиқишни талаб қилишингиз мумкин.

«АЖРАШМАЙ, АТАЙ УСТИМДАН КУЛЯПТИ…»

— Эрим билан 3 йилдан буён бирга яшамаймиз. У аллақачон уйланиб, болали бўлган. Шу кунгача уч маротаба судга ажрашиш учун ариза бердим. Ҳар сафар эрим «мени ажрашадиган хотиним йўқ, ўртада бола бор», деб судни чалғитади-да, ташқарига чиққач, «баттар бўл, яна пулга куйганинг қолди. Энди яна пул тўлаб ариза беришга мажбурсан», дейди. Судда уйлангани, боласи борлигини неча маротаба айтган бўлсам ҳам инобатга олинмади. Аслида уни бирга яшаш нияти йўқ, шунчаки устимдан куляпти. Бу вазиятда мен қандай йўл тутишим мумкин?

Исми сир тутилди

— Оила кодексининг 14-моддасига кўра, никоҳ тузиш ихтиёрийдир. Никоҳ тузиш учун бўлажак эр-хотин ўз розилигини эркин ифода этиш қобилиятига эга бўлиши керак. Никоҳ тузишга мажбур қилиш тақиқланади.


Никоҳ фуқаролик ҳолати далолатномаларини қайд этиш органларида рўйхатга олинган пайтдан бошлаб никоҳни тузганлар эр-хотин деб ҳисобланадилар ва шу пайтдан эътиборан улар ўртасида эр-хотинлик ҳуқуқ ва мажбуриятлари вужудга келади. Эр ва хотин оилада тенг ҳуқуқлардан фойдаланадилар ва улар тенг мажбуриятларга эгадирлар.


Никоҳланувчи шахсларнинг ёки эр ва хотиннинг никоҳда бўлган даврида ва (ёки) эр ва хотин никоҳдан ажратилган тақдирда уларнинг мулкий ҳуқуқ ҳамда мажбуриятларини белгиловчи келишуви никоҳ шартномаси деб ҳисобланади.Никоҳ шартномаси никоҳ давлат рўйхатига олингунига қадар ҳам, шунингдек никоҳ даврида ҳам тузилиши мумкин. Никоҳ давлат рўйхатига олингунга қадар тузилган никоҳ шартномаси никоҳ давлат рўйхатига олинган кундан бошлаб кучга киради. Никоҳ шартномаси ёзма шаклда тузилади ва нотариал тартибда тасдиқланиши лозим.


Оила кодексининг 38-моддасига кўра, никоҳдан ажратиш суд тартибида, Оила кодексининг 42 ва 43-моддаларида назарда тутилган ҳолларда эса, фуқаролик ҳолати далолатномаларини қайд этиш органларида амалга оширилади. Хотинининг ҳомиладорлик вақтида ва бола туғилганидан кейин бир йил мобайнида эр хотинининг розилигисиз никоҳдан ажратиш тўғрисида иш қўзғатишга ҳақли эмас.


Никоҳдан ажратиш тўғрисидаги ишлар суд томонидан Фуқаролик процессуал кодексида даъво ишларини ҳал қилиш учун белгиланган тартибда кўриб чиқилади. Суд ишнинг кўрилишини кейинга қолдириб, эр-хотинга ярашиш учун олти ойгача муҳлат тайинлашга ҳақли. Суд эр-хотинга ярашиш учун муҳлат тайинлаб, ишнинг кўрилишини кейинга қолдирган тақдирда, эр-хотиннинг бирга яшаш жойидаги фуқаролар йиғинининг яраштириш комиссиясини, агар улар бирга яшамаётган бўлса, ҳар бирининг яшаш жойидаги фуқаролар йиғинининг яраштириш комиссиясини эр-хотинни яраштириш бўйича тегишли чоралар кўриш учун уч кундан кечиктирмасдан ёзма равишда хабардор қилиши керак.


Агар суд эр ва хотиннинг бундан буён биргаликда яшашига ва оилани сақлаб қолишга имконият йўқ деб топса, уларни никоҳдан ажратади.


Вояга етмаган болалари бўлмаган эр-хотин никоҳдан ажратишга ўзаро рози бўлсалар, улар никоҳдан фуқаролик ҳолати далолатномаларини қайд этиш органларида ажратилади. Эр-хотин ўртасида меҳнатга лаёқатсиз муҳтож эр ёки хотинга моддий таъминот бериш тўғрисида ёки уларнинг биргаликдаги умумий мулки бўлган мол-мулкни бўлиш тўғрисида низо бўлган тақдирда эр-хотин ёки улардан бири никоҳдан ажратиш тўғрисидаги ариза билан судга мурожаат этишга ҳақли.


Никоҳга кириш вақтида ўз фамилиясини ўзгартирган эр (хотин) никоҳдан ажратилгандан кейин ҳам шу фамилияда қолишга ҳақли ёхуд унинг хоҳишига биноан суд томонидан никоҳдан ажратиш тўғрисидаги қарор чиқарилаётганда унга никоҳгача бўлган фамилияси қайтарилиши мумкин. Никоҳ фуқаролик ҳолати далолатномаларини қайд этиш органида никоҳдан ажратилганлик рўйхатга олинган кундан бошлаб тугатилади.
ФПКнинг 72-моддасига кўра, судда ҳар бир тараф ўзининг талаблари ва эътирозларига асос қилиб кўрсатган ҳолатларни исботлаши шарт.

 

Сиз турмуш ўртоғингиз билан оилани сақлаб қолиш ниятингиз бўлмаса, у ҳолда cиз турмуш ўртоғингиз билан ҳақиқатдан умумий рузғор юритмаётганлигингиз, бирга яшамаётганлигингиз, турмуш ўртоғингиз сиз ва фарзандлари хаёти ва таъминотида иштирок этмаётганлиги, унинг бошқа аёл билан яшаётганлиги ва уларнинг ўзаро турмушларидан фарзанди борлигини тасдиқловчи хужжатларни судга тақдим қилишингиз, бу масалалар сизнинг ёки сиз турмуш ўртоғингиз билан бирга яшаган маҳалла фуқаролар йиғинининг яраштириш комиссиясида куриб чиқилиб, бу ҳақда расмийлаштирилган баённомалар судга тақдим қилингандан сунг, агар суд эр ва хотиннинг бундан буён биргаликда яшашига ва оилани сақлаб қолишга имконият йўқ деб топса, сизларни никоҳдан ажратади.


Сиз биринчи инстанция суднинг қароридан норози бўлсангиз, у холда ҳал қилув қарори қабул қилинган кундан эътиборан бир ой ичида апелляция тартибида шикоят беришингиз мумкин.

Икромжон КУРБАНБАЕВ,
фуқаролик ишлари бўйича

Шайхонтоҳур туманлараро суди судьяси.

«БЮЛЛЕТЕНЬ НЕЧА ОЙГА БЕРИЛАДИ?»

– Сурункали касалим бор. Вақти-вақти билан даволаниб тураман. Иш жойимдан неча ойга бюллетень олсам бўлади?

Исми сир тутилди

Алимджан Кариев, фуқаролик ишлари бўйича Шайхонтоҳур туманлараро суди судьяси:

 

— Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан 2015 йилда тасдиқланган “Меҳнатга лаёқатсизлик варақаларини бериш тартиби тўғрисида”ги Йўриқномага кўра, меҳнатга лаёқатсизлик варақаси шахсни ишдан озод қилиш, вақтинча меҳнатга қобилиятсизлик нафақаси ёки ҳомиладорлик ва туғиш нафақаси тўлаш учун асос бўладиган ҳамда вақтинча меҳнатга лаёқатсизлик билан кечадиган касалланишнинг ҳисоби юритиладиган ҳужжат ҳисобланади.

 

Ходим соғлиғидаги муаммо юзасидан шифокорга мурожаат қилса ва шифокор беморни кўрикдан ўтказиб, маълум вақт ишга бормасликни тавсия этса, шу санадан бемор ходимга меҳнатга лаёқатсизлик варақаси очилади. Бунда, амбулатор шароитда даволанишда даволовчи шифокор якка ўзи 5 календарь кунигача вақтинча меҳнатга лаёқатсизлик “бюллетень” беришга ҳақли. Вақтинча меҳнатга лаёқатсизлик 5 календарь кунидан ошганда ҳужжатнинг муддати даволовчи шифокор ва бўлим мудири томонидан ҳар сафар ўн календарь кундан ортиқ бўлмаган муддатга узайтирилади.

 

Бироқ бу “бюллетенни” чексиз узайтириш мумкинлигини англатмайди. Агар айнан бир касаллик бўйича вақтинча меҳнатга лаёқатсизлик даври узликсиз 4 ойни ташқил қилса (сил касаллиги биринчи марта аниқланганида – 10 ой, у кучайганида – 6 ой), шунингдек, айнан бир касаллик бўйича вақтинча меҳнатга лаёқатсизлик даври танаффус билан бир йил мобайнида жами 6 ойни ташкил қилса, бемор тегишли тиббий-ижтимоий эксперт комиссиясига (ТИЭК) юборилади.

 

ТИЭК томонидан ногиронлик белгиланмаган бўлса, лекин у хануз меҳнатга лаёқатсиз бўлса, касаллик варақаси даволаш муассасаси томонидан унинг меҳнат қобилияти тиклангунига қадар, аммо 2 ойдан ортиқ бўлмаган муддатга узайтирилади.
Ишлайдиган ногиронларга меҳнатга лаёқатсизлик варақаси касаллик узлуксиз кечганида икки ойгача, танаффус билан кечганда ўн икки ой мобайнида жами уч ойгача бўлган муддатга берилади.

 

Ўзбекистон Республикаси Олий Кенгаши Раёсати ва Вазирлар Маҳкамасининг 1992 йил 6 апрелдаги 170-сон «Чернобиль ҳалокатидан зиён кўрган Ўзбекистон Республикасида истиқомат қилувчи фуқароларни ижтимоий ҳимоялаш ҳақида»ги қарорига асосан, ишловчи Чернобиль АЭСдаги ҳалокат оқибатини бартараф этиш билан боғлиқ ҳолда ногирон бўлганларга меҳнатга лаёқатсизлик варақаси ёки меҳнатга лаёқатсизлик маълумотномаси узлуксиз тўрт ойгача, танаффус билан ўн икки ой мобайнида жами беш ойгача берилиши белгиланган.

ОТАЛИКНИ ТАН ОЛМАГАНДА ҚАНДАЙ ЙЎЛ ТУТИШ КЕРАК?

— Турмуш ўртоғим биринчи оиласи билан ярашиб олгач, биздан хабар олмай қўйди. Моддий томондан қийналиб қолганим учун алиментга беришга мажбур бўлдим. Бироқ у алимент тўламаслик учун “Бола меники эмас”, деб ёзиб берди. Адвокати “Тўйингиз бўлмаган, “метрика”даги ёзув ҳеч нимани ҳал қилмайди”, деяпти. “Ота-онаси хоҳласа ДНК қилдирсин”, десам, эрим рози бўлмаяпти. Энди ўғлимни отаси эканини қандай исботлайман?

Исми сир тутилди

— Оила кодекси 61-моддасининг 1-қисмига кўра, боланинг онаси билан никоҳда бўлмаган шахснинг оталиги ўзини боланинг отаси деб тан олган шахс ва онанинг фуқаролик ҳолати далолатномаларини қайд қилиш органига биргаликда топширган аризасига биноан белгиланади.


Вазирлар Маҳкамасининг 2016 йил 14 ноябрдаги “Фуқаролик ҳолати далолатномаларини қайд этиш қоидаларини тасдиқлаш тўғрисида”ги 387-сон қарорига 1-илова “Фуқаролик ҳолати далолатномаларини қайд этиш Қоидалари”нинг 2-боб 13-бандига кўра, фуқаролик ҳолатини қайд этиш фуқароларнинг ҳуқуқ ва бурчлари пайдо бўлишига сабаб бўлиб хизмат қилувчи ҳужжат (гербли гувоҳнома) бериш учун асос бўлади. Фуқаролик ҳолати далолатномаларини қайд этишнинг аҳамияти шундаки, унга асосан ФҲДЁ органи томонидан берилган гувоҳнома ва унда кўрсатилган фактнинг тўғрилигини тасдиқловчи шаксиз далил ҳисобланади.


Туғилганлик ҳақидаги гувоҳнома боланинг туғилганлигини, унинг ота-онаси ким эканлигини тасдиқловчи ягона ҳужжатдир.
Ушбу қонун талабларига кўра, боланинг отадан туғилганлигини тасдиқловчи ҳуқуқий ҳужжат унинг туғилганлиги ҳақидаги далолатнома ёзуви бўлиб, агарда фарзандингизнинг туғилганлиги ҳақидаги далолатнома ёзувида отаси сифатида турмуш ўртоғингиз кўрсатилган бўлса, шу ҳолатнинг ўзи уларни ота-бола мақомида қабул қилиш учун етарли ҳисобланади.


Болани отадан туғилган деб ҳисоблаш учун “тўй бўлмаганлиги” ҳолатлари мутлақо ҳуқуқий аҳамиятга эга эмас. Қолаверса, боланинг туғилганлиги ҳақидаги далолатнома ёзувида отаси сифатида аниқ бир шахс кўрсатилган бўлса, ўртада қонуний никоҳнинг мавжуд эмаслиги боланинг ҳуқуқларига ҳеч қандай таъсир қилмайди.


Зеро, Оила кодексининг 64-моддасига кўра, ушбу Кодекснинг 61 ва 62-моддаларида назарда тутилган тартибда оталик белгиланганда болалар ота-онаси ва уларнинг қариндошларига нисбатан ўзаро никоҳда бўлган шахслардан туғилган болалар билан тенг ҳуқуқ ва мажбуриятларга эга бўладилар.


Агарда боланинг отаси фарзандини тан олмаётган бўлса, боланинг шу отадан туғилганлигини Сиз эмас, аксинча, ота бу ҳолатни суд тартибида низолашиш йўли билан амалга исботлаши лозим.


Оила кодексининг 63-моддасига кўра, туғилишни ёзиш дафтаридаги туғилишга оид ёзув боланинг унда кўрсатилган ота-онадан туғилганлигини тасдиқловчи далил ҳисобланади.

 

БИОЛОГИК ОТАСИ ЭКАНЛИГИГА ШУБҲАСИ БЎЛСА…

— Боланинг отаси ёки онаси деб ёзилган шахс унга бундай ёзув маълум бўлган ёки маълум бўлиши лозим бўлган вақтдан эътиборан бир йил мобайнида ана шу ёзув тўғрисида суд тартибида эътироз билдиришга ҳақлидир.
Мазкур қонун талабларига кўра, агарда болангизнинг отаси ўзининг боланинг биологик отаси эканлигига шубҳаси бўлса, фақат суд тартибида оталикка эътироз келтириш ҳақида даъво аризаси билан мурожаат қилиб, низолашишга ҳақли. Бошқа ҳар қандай важлар, хусусан, тўй бўлмаганлиги, болани тан олмаслиги каби важлар ҳуқуқий жиҳатдан аҳамиятсиз бўлиб, боланинг насл-насабига оид ҳолатларни белгилаш ва алимент ундириш масаласини ҳал қилишда инобатга олимайди.


Боланинг отаси агарда унинг таъминотида ихтиёрий равишда иштирок этмаётган, ўз оталик мажбуриятларини бажаришдан бош тортиб келаётган бўлса, судга вояга етмаган боланинг таъминоти учун алимент ундириш ҳақида ариза билан мурожаат қилишингиз лозим.
Оила кодексининг 96-моддасига кўра, ота-она вояга етмаган болаларига таъминот бериши шарт.


Вояга етмаган болаларига таъминот бериш мажбуриятини ихтиёрий равишда бажармаган ота (она)дан суднинг ҳал қилув қарорига ёки суд буйруғига асосан алимент ундирилади.

 

Вояга етмаган болаларга алимент тўлаш ҳақида ота-она ўртасида келишув бўлмаганда ёки алимент ихтиёрий равишда тўланмаганда ва ота-онадан бирортаси ҳам алимент ундириш тўғрисида судга даъво ёхуд ариза билан мурожаат қилмаган ҳолларда, васийлик ва ҳомийлик органлари, шунингдек ўн тўрт ёшга тўлган бола вояга етмаган боланинг таъминоти учун ота ёки онадан қонунда белгиланган миқдорда алимент ундириш тўғрисида даъво қўзғатишга ҳақлидир.


Қайд этиш лозимки, Оила кодекси 136-моддасининг 3-қисмига кўра, алимент судга мурожаат этилган пайтдан бошлаб ундирилади. Шунга кўра, алимент ундириш ҳақида судга бундай зарурат юзага келган вақтда мурожаат қилинмаслиги ўтган давр учун алимент тўловлари ундирилмасдан қолишига олиб келиши мумкинлиги тушунтирилади.

 

Баҳодир САИДМУРАТОВ,
Тошкент шаҳар судининг фуқаролик ишлари бўйича судьяси

«ОТАМНИ САНАТОРИЯГА ЮБОРГАНИМ УЧУН МОДДИЙ ЁРДАМ ОЛОЛМАЙМАНМИ?»

– Яқинда отамни касаба уюшмаси томонидан берилган йўлланма асосида санаторийга жўнатгандим. Бир ҳафтадан сўнг моддий ёрдам учун мурожаат қилганимда, йўлланма олганим учун моддий ёрдам кейинроқ берилишини айтишди. Шу тўғрими?

Исми сир тутилди

Ахрор Сулаймонов, Тошкент шаҳар судининг фуқаролик ишлари бўйича судьяси:

 

— Таътил тўлови олиш ёки санаторийга йўлланма олиш билан бирга ёки кейинроқ моддий ёрдам олиш масаласи ҳар бир корхона, ташкилот ва муассасанинг жамоа шартномасида белгиланади. Жамоа шартномасининг мазмуни ва тузилишини тарафлар, яъни иш берувчи ва ходимларнинг вакиллик органи белгилайди. Жамоа шартномасига иш берувчи ва ходимларнинг меҳнатга ҳақ тўлаш шакли, тизими ва миқдори, пул мукофотлари, нафақалар, компенсациялар, қўшимча тўловлар, ходимларни иш билан таъминлаш, қайта ўқитиш, ишдан бўшатиб олиш шартлари, иш вақти ва дам олиш вақти, меҳнат таътилларининг муддатлари, ишни таълим билан қўшиб олиб борувчи ходимлар учун имтиёзлар, ихтиёрий ва мажбурий тарздаги тиббий ҳамда ижтимоий суғурта ва бошқа масалалар бўйича ўзаро мажбуриятлар ва шартлар киритилиши мумкин.

 

Шундай экан, cиз ўзингиз ишлаётган ташкилотнинг жамоа шартномаси билан танишиб чиқишингиз лозим. Агар жамоа шартномасида касаба уюшмаси томонидан санаторийга йўлланма берилганидан сўнг, моддий ёрдам кейинроқ берилиши назарда тутилган бўлса, у ҳолда иш берувчининг хатти-ҳаракатлари асосли ҳисобланади.

ТАЪЛИМ ВА СУД, СТРАТЕГИК ВАЗИФАЛАР

Тошкент туманлараро иқтисодий суди ташаббуси билан ташкил этилган тадбирга Ўзбекистон Республикаси олий ва ўрта махсус таълим вазири Абдуқодир Тошқулов ташриф буюрди.

Судьялар олий мактаби, Тошкент шаҳар иқтисодий суди, Тошкент туманлараро иқтисодий суди, Тошкент шаҳар фуқаролик суди судья ва суд ходимлари иштирок этган тадбир маърифат ва маънавият соати сифатида кўтаринки руҳда ўтказилди.

 Тадбирда Олий ва ўрта махсус таълим вазири А. Тошқулов юртимиздаги кенг кўламли ўзгаришлар, хусусан олий таълим соҳасида олиб борилаётган ислоҳотларга тўхталиб ўтди. Таъкидландики, Янги Ўзбекистон деганда, ҳар бир фуқаро учун ғамхўрлик қиладиган, очиқ ва адолатли жамият ҳам тушунилади.Ушбу юксак марраларга эришиш учун 2026 йилгача Тараққиёт стратегияси доирасида 5 та асосий вазифалар белгилаб олинди. Шунинг биринчиси таълим соҳасида фарзандларимиз замонавий билим ва кўникмаларни пухта эгаллашлари учун энг қулай шароитлар яратиш бўйича изчил ишлар давом эттирилади. Иккинчидан, суд тизими мустақил бўлмас экан, ҳар қандай жамиятда ривожланиш бўлмайди. Янги Ўзбекистонда ҳар қандай баҳсли масалага адолатли ечим фақат одил суд томонидан топилиши керак. Давра суҳбатида суд тизимига бўлган ҳурматни фуқаролар ўртасида шакллантириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.

Ўз навбатида вазирга суд-ҳуқуқ тизимидаги ислоҳотлар Тошкент туманлараро иқтисодий суди мисолида сўзлаб берилди.

ТОШКЕНТДА СОАТ ТУНГИ 03:00 ДА ҚИЛИНГАН ЖИНОЯТ ФОШ БЎЛДИ

Ҳар бир кун янги имкониятлар эшигини очиб беради. Минг афсуски, бундан унумли фойдаланиш ўрнига бебаҳо вақтини беҳуда сарфлайдиганлар ҳам бор. Айни ўқиб, илм оладиган ёшда “муқаддам судланган” деган тамға билан яна такрор жиноятга қўл урадиганлар эса ўз оёғига ўзлари болта ураётганларини англашмайди, чоғи. Йўқса, 19 ёшли йигит талончилик, 18 ёшли йигит эса фирибгарлик жиноятини содир қилиб, тегишли жазо олган бўлишига қарамай, яна шу “йўл”дан юрмаган бўларди…

 

Гап шундаки, 19 ёшли судланувчи 2022 йилнинг январда соат 05:00 ларда ўзганинг мол-мулкини яширин равишда талон-торож қилиш мақсадида 18 ёшли таниши билан олдиндан тил бириктиради. Тошкент шаҳар Учтепа тумани, Чилонзор мавзеси, 12-даҳадаги уй олдида қаровсиз қолдирилган “Дамас” русумли автомашинанинг йўловчи томон орқа эшигини ойнасини ўзига хос усул билан очиб, автомашина “тарпетка”сидаги кичик “бардачоги”даги машинанинг эгасига тегишли 300 АҚШ долларини ўғрилаб, ҳодиса содир бўлган жойдан яширинишган.

 

“ЎҒИРЛАБ ОЛИНГАН ПУЛЛАР ҲАҚИДА ТАНИШИМГА АЙТМАДИМ”

Суд мажлисида 19 ёшли судланувчи айбига тўлиқ иқрорлик билдирди.

— Ҳақиқатан ҳам танишим билан Учтепа туманидаги тунги клубга бориб, бир оз ўйин кулги қилиб, дам олдик. Ушбу кафедан таҳминан 03:00ларда чиқдик. Сўнг кўп қаватли уйлар орасидан ўтиб кетаётганимизда “Дамас” русумли автомашина қаровсиз ҳолатда турганини кўрдик. Танишимга “Дамас” русумли автомашинани эшикларини қулфланган ҳолатда бўлса ҳам оча олишимни айтдим. Дастлаб иккаламиз автомашинани олдига яқинлашиб, салон қисмини кўздан кечирдик. Кейин автомашинани ичини очиб, титкилаш мақсадида йўловчи томондан бориб, орқа эшигини ойнасини очдим. Қўлимни тиқиб, олд эшиги қулфини очдим. Автомашинани олд ўриндиғига ўтириб олиб, автомашинани салон қисмини титкилаётган вақтимда, шеригим ён атрофга қараб турганди. Автомашинани бардачогини остидаги сурилиб очиладиган қисмини тортганимда, 200 АҚШ доллари ва 10 000 сўм борлигини кўриб, пулларни олдим. Кўп қаватли уйларга ўрнатилган камерани кўриб қолдим. Агарда ўғирлаб олинган пулларни бир қисмини танишим билан бўлишадиган бўлсам, кейинчалик пулларни сарфлаб қўйса, жабрланувчига қайтариш вақтида қайтара олмаслигимни ўйладим. Шу сабабли автомашинадан ўғирлаб олинган пуллар ҳақида танишимга айтмадим. Воқеа жойидан кетдик. Ҳозирда содир қилган ҳаракатларим оқибатларини тушуниб етдим, пушаймонман.

 

“ЧИҚИШИНИ КУТИБ ТУРДИМ”

Иккинчи судланувчи эса айбига қисман иқрорлик билдирди.

— Норасмий иш жойим – Чилонзор туманида жойлашган паркда ишлаётгандим. Танишим келиб қолди, у билан бир оз боғда сайр қилдик. Сўнг тунги клубга бордик, у ерда ҳам бир оз дам олдик. У ердан чиққач, пиёда бирга юриб кетиб, Чилонзор 12-даҳа ҳудудига бориб қолдик. Бир уйнинг ёнидан ўтиб кетаётганимизда “Дамас” русумли автомашина турганини кўрдик. Шеригим автомашинани йўловчи томондан бориб, орқа эшигининг ойнасини ўзига тортиб очди. Мен эса ушбу вақтда унинг ҳаракатларини кузатиб турдим. Шеригим автомашинанинг салони ичига кириб кетганида эса автомашинани орқа томонида таҳминан 10-15 қадам узоқликда туриб, унинг чиқишини кутиб турдим. Чиққач, қандай моддий қийматдаги буюм борлигини ва нима олганини сўрасам, “ҳеч нарса олмадим, ҳеч нима йўқ экан”, деди. Яна бирга кўп қаватли уйлар оралаб, катта автомашина қатнов йўлига чиқиб олиб, таксида уйга кетдик.

 

“300 АҚШ ДОЛЛАРИ ЙЎҚЛИГИНИ БИЛДИМ”

Суд мажлисида жабрланувчи эса қуйидагиларни баён қилди.

— Ўша куни таҳминан соат 18:00 ларда “Дамас” русумли автомашинасини ўзим истиқомат қилаётган уйнинг кириш қисмини ёнига қўйиб, уйга кириб кетдим. Эртаси куни соат 09:20 ларда ишларим билан уйдан ташқарига чиқиб, автомашинани ўт олдириш мақсадида ёнига бордим. Ҳайдовчи эшигини ўзимдаги калит билан очдим. Шунда салон қисми титкиланган ҳолатда эканини билиб, дастлаб автомашинани салон қисмидаги бардачогидаги ҳужжатларни текширдим. Тарпеткасини тагида кичик бардачогини очиб қараганимда, яшириб қўйган жами 300 АҚШ доллари йўқлигини билдим. Сўнг отамга қўнғироқ қилиб, автомашинани очган ёки очмаганини сўрасам, очмаганини айтди. Автомашинада ўғрилик жинояти содир бўлганини билиб, Учтепа туман ИИО ФМБ навбатчилик қисмига қўнғироқ қилиб, бўлган ҳолатни айтдим. Менга етказилган зарар тўлиқ қопланган. Судланувчиларга нисбатан ҳеч қандай даъвоим йўқ.

 

СУД ҲУКМ ҚИЛДИ

Судланувчилар Жиноят кодексининг 169-моддаси (ўғрилик) 2-қисми “в” бандида назарда тутилган жиноятни содир этганликда айбли деб топилди.

 

19 ёшли судланувчи ЖКнинг 60,61-моддалари тартибида, ҳукмлар мажмуи тариқасида, мазкур ҳукм билан тайинланган жазога аввалги, яъни жиноят ишлари бўйича Миробод туман судининг 2021 йилдаги ҳукмига асосан тайинланган жазонинг ўталмаган муддатини қисман қўшиш йўли билан узил-кесил ўташ учун 1 йил 7 ой озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди.

 

18 ёшли судланувчига эса ЖКнинг 59-моддаси 8-қисми ва 61-моддаси тартибида, ҳукмлар мажмуи тариқасида, мазкур ҳукм билан тайинланган жазога жиноят ишлари бўйича Юнусобод туман судининг 2022 йил февралдаги ҳукмига асосан тайинланган жазони қисман қўшиш йўли билан узил-кесил ўташ учун 1 йил 1 ой озодликни чеклаш жазоси тайинланди.

 

Судланувчига агар озодликни чеклашга ҳукм қилинган шахс жазони ўташ даврида ўзининг жиноий қилмишларини англаб етган, тузалиш йўлига қатъий ўтган, етказилган моддий зарарнинг ўрнини қоплаган бўлса, суд маҳкумга нисбатан илгари тайинланган тақиқларни (чеклашларни) тўлиқ ёки қисман бекор қилиши мумкинлиги, озодликни чеклаш тариқасидаги жазони ўташдан қасддан бўйин товлаган, шунингдек суд томонидан ўз зиммасига юкланган мажбуриятларни бажармаган тақдирда эса, суд озодликни чеклаш жазосининг ўталмай қолган муддатини бошқа турдаги жазо билан алмаштириши мумкинлиги, бунда жазони ўташдан бўйин товлаш вақти ўталган жазо муддатига қўшиб ҳисобланмаслиги тушунтирилди.

 

Дилшод КАМИЛОВ,

жиноят ишлари бўйича Учтепа туман суди раиси

Skip to content