Қидирув:

ЭР ЎЗ ХОТИНИНИ УНИНГ РОЗИЛИГИСИЗ ИШДАН БЎШАТИШИ МУМКИНМИ?

— Қизим археолог. Эри директор бўлган ташкилотга ишга кирганидан сўнг кўп ўтмай бўйида бўлиб, “декрет”га чиқди. Бу орада куёвимни бир аёлга илакишиб қолганини билдик. Эр-хотин шу масалада кўп тортишганлиги боисми ёки бошқа сабаби борми, хуллас, эри қизимни ишдан бўшатиб юборди. Ваҳоланки, “декрет”даги ходимни ишдан бўшатиб бўлмаслигини яхши билади. Бу вазиятда қизимни қандай ҳақ-ҳуқуқи бор? Қизимнинг айтишича, эри билан жанжаллашгани учун атай шундай қилганмиш. Эри бўлса ҳам, ходими бўлган аёлини ўзининг розилигисиз ишдан бўшатиши мумкинми?

Исми сир тутилди

Фахриддин Бахронов, фуқаролик ишлари бўйича Учтепа туманлараро суди судьяси:

 

— Аввало айтиш жоизки, Конституциянинг 37-моддасига кўра, ҳар бир шахс меҳнат қилиш, эркин касб танлаш, адолатли меҳнат шароитларида ишлаш ва қонунда кўрсатилган тартибда ишсизликдан ҳимояланиш ҳуқуқига эгадир.

 

Худди шу норма Меҳнат кодексида ҳам қайд этилган бўлиб, кодекснинг 6-моддасига биноан, барча фуқаролар меҳнат ҳуқуқларига эга бўлиш ва улардан фойдаланишда тенг имкониятларга эгадир. Жинси, ёши, ирқи, миллати, тили, ижтимоий келиб чиқиши, мулкий ҳолати ва мансаб мавқеи, динга бўлган муносабати, эътиқоди, жамоат бирлашмаларига мансублиги, шунингдек ходимларнинг ишчанлик қобилиятларига ва улар меҳнатининг натижаларига алоқадор бўлмаган бошқа жиҳатларига қараб меҳнатга оид муносабатлар соҳасида ҳар қандай чеклашларга ёки имтиёзлар белгилашга йўл қўйилмайди ва булар камситиш деб ҳисобланади.

 

Меҳнат соҳасида ўзини камситилган деб ҳисоблаган шахс камситишни бартараф этиш ҳамда ўзига етказилган моддий ва маънавий зарарни тўлаш тўғрисидаги ариза билан судга мурожаат қилиши мумкин.

 

Савол муаллифининг маълумотига кўра қизининг турмуш ўртоғи ташкилот раҳбари лавозимида ишлаб келиб, қизининг меҳнатга оид юқорида қайд қилинган ҳуқуқларини бузган, ўзининг турмуш ўртоғи ва ташкилот ходими билан меҳнат шартномасини иш берувчининг ташаббуси билан қасддан бекор қилиб, ходимнинг меҳнат қилиш ва ундан келиб чиқиувчи ҳуқуқларини ҳамда Ўзбекистон Республикасида амалда бўлган қонун талабларини бузган.

 

Ваҳоланки, Меҳнат кодексининг 100-моддасига мувофиқ, номуайян муддатга тузилган меҳнат шартномасини ҳам, муддати тугагунга қадар муддатли меҳнат шартномасини ҳам иш берувчининг ташаббуси билан бекор қилиш асосли бўлиши шарт.

 

Қайд қилиш керакки, Меҳнат кодексининг 100-моддаси иккинчи қисмида  меҳнат шартномасини бекор қилишнинг асосли эканлигини билдирувчи сабаблар кўрсатилган бўлиб, оилавий келишмовчиликлар, саволда қайд қилинган эр-хотин ўртасидаги муносабатлар бундай сабаблар қаторида қайд қилинмаган.

 

Бундай ҳолатда ўз ҳуқуқлари бузилган деб ҳисоблаган ходим нима қилиши керак, ўз ҳуқуқларини қандай тиклаши керак?

 

Конституциянинг 44-моддасига кўра, ҳар бир шахсга ўз ҳуқуқ ва эркинликларини суд орқали ҳимоя қилиш, давлат органлари, мансабдор шахслар, жамоат бирлашмаларининг ғайриқонуний хатти-ҳаракатлари устидан судга шикоят қилиш ҳуқуқи кафолатланади.

 

Худди шундай, Меҳнат кодексининг 8-моддасига кўра, ҳар бир шахснинг меҳнат ҳуқуқларини ҳимоя қилиш кафолатланади, бу ҳимоя меҳнат тўғрисидаги қонунчиликка риоя қилинишини текширувчи ва назорат қилувчи органлар, шунингдек меҳнат низоларини кўрувчи органлар томонидан амалга оширилади.

 

Меҳнат кодексининг 111-моддасига кўра, меҳнат шартномаси ғайриқонуний равишда бекор қилинган ёки ходим ғайриқонуний равишда бошқа ишга ўтказилган ҳолларда, у иш берувчининг ўзи, суд ёки бошқа ваколатли орган томонидан аввалги ишига тикланиши лозим.

 

Низони кўриш вақтида иш берувчига меҳнат шартномасини бекор қилиш ёки ходимни бошқа ишга ўтказишнинг асослилигини исботлаб бериш масъулияти юклатилади.

 

Бундай ҳолда савол муаллифига қизи буйруқ нусҳасини олган кундан бошлаб қонунда белгиланган бир ойлик муддатни ўтказиб юбормасдан ташкилот жойлашган жойдаги фуқаролик ишлари бўйича судга ишга тиклаш, мажбурий прогул учун ҳақ ундириш, маънавий зарар ундириш тўғрисида даъво аризаси киритишни тавсия қиламиз. Чунки, қонун талаби бўйича суд томонидан ҳуқуқ бузилганлиги аниқланган тақдирда ҳам, агар қонунда судга мурожаат қилишнинг белгиланган муддати узрсиз сабабларга кўра ўтказиб юборилса ва тараф муддатни қўллаб аризани рад этишни талаб қилса, суд ҳуқуқни тиклашни рад этиши мумкин.

 

Таъкидлаш жоизки бундай даъволар бўйича ходимлар суд харажатларидан тўла озод қилинган.

МУЛКДОРНИНГ КЕЛИНИ УЙ СОТИЛИШИГА ҚАРШИ БЎЛСА ҚАНДАЙ ЙЎЛ ТУТИШ КЕРАК?

—  «Дом»ни сотиб, кичкинагина ҳовли олиш учун “заклад” бериб қўйгандик. Кейин билсак, уй эгасининг ўғли хотини билан ажрашаётган экан. Келин «прописка»дан чиқаришга ҳаққингиз йўқ, уй олиб бермасангиз, чиқмайман», деб шарт қўйибди. Биз эрта-индин пулнинг қолганини ҳам бериб, уйни номимизга расмийлаштирмоқчи эдик. Агар уй эгасининг келини уй сотилишига қарши бўлса, биз нима қиламиз? Кейин ҳам “чиқмайман”, деб туриб олса-чи?

Исми сир тутилди.

 Зулфия НУРАЛИЕВА, фуқаролик ишлари бўйича Мирзо Улуғбек туманлараро суди судьяси:

 

— Конституцияга мувофиқ Ўзбекистон Республикасида барча фуқаролар бир хил ҳуқуқ ва эркинликларга эга бўлиб, жинси, ирқи, миллати, тили, дини, ижтимоий келиб чиқиши, эътиқоди, шахси ва ижтимоий мавқеидан қатъи назар, қонун олдида тенгдирлар.

 

Ҳар бир шахсга ўз ҳуқуқ ва эркинликларини суд орқали ҳимоя қилиш ҳуқуқи кафолатланади.

 

Фуқаролик кодексининг 164-моддасига асосан, мулк ҳуқуқи шахснинг ўзига қарашли мол-мулкка ўз хоҳиши билан ва ўз манфаатларини кўзлаб эгалик қилиш, ундан фойдаланиш ва уни тасарруф этиш, шунингдек ўзининг мулк ҳуқуқини, ким томонидан бўлмасин, ҳар қандай бузишни бартараф этишни талаб қилиш ҳуқуқидан иборатдир. Мулк ҳуқуқи муддатсиздир.

 

Фуқаролик кодексининг 5-моддасига асосан, қонун ҳужжатлари ёки тарафларнинг келишуви билан тўғридан-тўғри тартибга солинмаган ҳолларда фуқаролик қонун ҳужжатларининг ўхшаш муносабатларни тартибга солувчи нормаси қўлланилади (қонун ўхшашлиги).

 

Кўрсатиб ўтилган ҳолларда қонун ўхшашлигидан фойдаланиш мумкин бўлмаса, тарафларнинг ҳуқуқ ва бурчлари фуқаролик қонун ҳужжатларининг умумий негизлари ва мазмуни (ҳуқуқ ўхшашлиги)га ҳамда ҳалоллик, оқиллик ва адолат талабларига амал қилган ҳолда белгиланади.

 

Уй-жой кодексининг 52-моддасига кўра, муниципал, идоравий уй-жой фонди ва аниқ мақсадли коммунал уй-жой фондининг уйларидаги турар жойни ижарага олувчи, унинг оила аъзолари ёки ижарага олувчи билан доимий яшаётган фуқаролар вақтинча бўлмаганида турар жой олти ой муддат давомида уларнинг ҳисобида сақланиб туради.

 

Суд жавобгар (келин) низоли уйда олти ойдан ортиқ яшамаслик ҳолатини суд мажлисида сўралган гувоҳларнинг кўрсатмаларидан ташқари, ишга тақдим қилинган маҳалла фуқаролар йиғини томонидан тасдиқланган далолатнома билан ва ишда тўпланган бошқа ҳужжатлар билан ҳам танишиб, ва ушбу холат ўз тасдиғини тўлиқ топган бўлиши керак.

 

Қайд этилган ҳолатлардан келиб чиқиб, суд жавобгар яъни келин низоли хонадонда яшамаслигига, уйни коммунал ва бошқа тўловларини тўлашда иштирок этмаслигига, уйнинг мулкдори бошқа инсон эканлигига, низоли хонадон эр-хотиннинг турмуш даврида орттирилган умумий мулки эмаслигига ёки келин уй-жойнинг ҳусусийлаштирилишида иштирок этмаганлигига (кўп қаватли уйлардаги хонадонга тегишли) ҳуқуқий баҳо бериб, жавобгарни уй-жойдан фойдаланиш ҳуқуқини йўқотган деб топишни мақсадга мувофиқ деб хисоблаши мумкин.

 

Фуқаролик кодексининг 488-моддасига асосан, сотувчи сотиб олганидан кейин қонунга мувофиқ уй-жой биносидан фойдаланиш ҳуқуқини ўзида сақлаб қоладиган шахслар яшаб турган уй, квартира, уйнинг ёки квартиранинг бир қисмини сотиш шартномасининг муҳим шарти – бу шахсларнинг рўйхатини сотилаётган уй-жой биносидан фойдаланиш ҳуқуқлари кўрсатилган ҳолда тузишдан иборатдир. Уй, квартирани, уйнинг ёки квартиранинг бир қисмини сотиш шартномаси нотариал тартибда тасдиқланиши ва давлат рўйхатидан ўтказилиши лозим.

 

Олий суди Пленумининг 2001 йил 14-сентябрдаги “Уй-жой низолари бўйича суд амалиёти ҳақида”ги 22-сонли қарори 5-бандининг 6-қисмига кўра, нотариал тартибда тузилган уй-жой шартномасида сотувчи ва унинг оила-аъзоларининг турар-жой рўйхатидан чиқиб кетиш муддати кўрсатилган бўлса, шу муддат тугаган кундан, муддат кўрсатилмаган бўлса шартнома тузилган кундан эътиборан улар турар жойдан фойдаланиш ҳуқуқини йўқотган деб ҳисобланади.

 

ФПКнинг 54-моддасига кўра, фуқароларни белгиланган муддатдан ортиқ бўлмаганлари оқибатида муниципал, идоравий уй-жой фонди ва аниқ мақсадли коммунал уй-жой фондининг уйларидаги турар жойдан фойдаланиш ҳуқуқини йўқотган деб топиш ижарага берувчининг ёки ушбу турар жойда яшаб қолган бошқа доимий фойдаланувчиларнинг даъво аризасига биноан суд тартибида амалга оширилади.

ХУСУСИЙ БОҒЧАДА «ДЕКРЕТ ПУЛИ» БЕРИЛМАЙДИМИ?

— Келиним хусусий боғчада ишларди. Яқинда туғруқ таътилига чиқди. Айтишича, хусусий боғча бўлгани учун «декрет пули» берилмас эмиш. Шу тўғрими?

Исми сир тутилди

Икромжон Курбанбаев, фуқаролик ишлари бўйича Шайхонтоҳур туманлараро суди судьяси:


— Авваламбор амалдаги Меҳнат кодексининг 14-моддасига кўра, белгиланган ёшга етган ҳамда иш берувчи билан меҳнат шартномаси тузган Ўзбекистон Республикаси фуқаролари меҳнатга оид муносабатларнинг субъектлари бўлиши мумкин.


Мазкур кодекснинг 15-моддаси, мулкдорнинг ўзи айни бир вақтда раҳбар бўлган хусусий корхоналар ва Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланган тартибда ходимлар ёллайдиган якка тартибдаги тадбиркорлар ҳам иш берувчи бўлиши мумкин.


Мазкур кодекснинг 233-моддасига кўра, аёлларга туққунга қадар етмиш календарь кун ва туққанидан кейин эллик олти календарь кун (туғиш қийин кечган ёки икки ва ундан ортиқ бола туғилган ҳолларда — етмиш календарь кун) муддати билан ҳомиладорлик ва туғиш таътиллари берилиб, давлат ижтимоий суғуртаси бўйича нафақа тўланади.


Ҳомиладорлик ва туғиш таътили жамланган ҳолда ҳисоблаб чиқилиб, туғишга қадар амалда бундай таътилнинг неча кунидан фойдаланилганидан қатъи назар аёлга тўлиқ берилади.
Мазкур кодекснинг 286-моддасига кўра, ҳомиладорлик ва туғиш нафақаси ҳомиладорлик ва туғиш таътилининг бутун даврида тўлиқ иш ҳақи миқдорида тўланади.


Мазкур кодекснинг 287-моддасига кўра, бола туғилганда бир йўла бериладиган нафақа тўланади. Ҳар бир туғилган бола учун бериладиган нафақанинг миқдори ва уни тўлаш тартиби қонун ҳужжатлари билан белгилаб қўйилади.


Сўнгги йилларда аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш тизимини такомиллаштириш, ижтимоий ҳимоя соҳасига Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетидан ажратиладиган маблағлар миқдорини ошириш ва қўшимча ресурсларни жалб қилиш, ижтимоий ҳимоя дастурлари қамровини кенгайтириш ва оилаларни оғир ҳаётий ҳолатлардан олиб чиқишга қаратилган қўшимча механизмларни жорий этиш йўналишларида изчил ислоҳотлар амалга оширилмоқда.


Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 25 июлдаги ПФ-175-сон Фармонига асосан фаолият туридан қатъий назар юридик шахс ташкил қилиб, фаолият юритаётган хўжалик юритувчи субъектларда меҳнат шартномаси асосида ишлайдиган аёлларга “декрет” пулининг бир қисми давлат бюджети ҳисобидан тўлаб берилади.
Қолган қисми тадбиркор томонидан тўлаб берилади.


Юқоридагиларга кўра Сизнинг келинингизга “декрет пули” берилиши лозим бўлади ва агарда бу масалада низо юзага келадиган бўлса тегишли фуқаролик ишлари бўйича судга мурожаат қилиш ҳуқуқингиз мавжудлиги тушунтирилади.

ЎТГАН ДАВР УЧУН ҲАМ АЛИМЕНТ ТАЛАБ ҚИЛСА БЎЛАДИМИ?

— 2018 йил алиментга ариза бергандим. 4 ойдан кейин қайтариб олдим, боламни отаси 2 ой тўлади, холос. Ўтган йили собиқ эрим уйланди. Судга икки нафар болага алимент тайинлашни сўраб мурожаат қилдим. Ўтган йиллар учун ҳам алимент талаб қилсам бўладими?

Исми сир тутилди.

Баҳодир Саидмуратов, Тошкент шаҳар судининг фуқаролик ишлари бўйича судьяси:


— Оила кодексининг 96-моддасига кўра, ота-она вояга етмаган болаларига таъминот бериши шарт.


Саволга аниқ жавоб бериш учун сиз муқаддам алимент ундириш учун берган ариза асосида қабул қилинган суд ҳужжатини “қайтариб олганлигингиз” ҳолатига аниқлик киритиш лозим бўлади. Агарда “қайтариб олдим” деганда алимент ундириш ҳақидаги ижро варақасини мажбурий ижро бюросидан қайтариб олганлигингизни назарда тутган бўлсангиз, муайян муддат ўтганидан кейин такроран ушбу ижро варақасини мажбурий ижро бўлимига топширишда ҳеч қандай тўсқинлик мавжуд эмас.


Зеро, Ўзбекистон Республикаси “Суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро этиш тўғрисида”ги қонуни 27-моддасининг 5-қисмига кўра, Даврий тўловларни ундириш тўғрисидаги (алиментлар ундириш, соғлиққа шикаст етказилгани оқибатидаги зарарни қоплаш тўғрисидаги ва шу каби ишларга доир) суд ҳужжатлари бўйича ижро ҳужжатлари тўловларни ундиришнинг белгиланган бутун даврида ўз кучини сақлаб қолади.

 

Шунга кўра, сиз эндиликда алимент тўловларини давом эттиришни истасангиз, такроран судга бу ҳақида билан ариза билан мурожаат қилиш зарурати мавжуд эмас, мажбурий ижро бўлимидан қайтариб олинган ижро варақаси такроран топширилиши лозим.


Агарда, “қайтариб олдим” деганда алимент ундириш ҳақида чиқарилган суд буйруғини бекор қилиш ҳақида ариза билан мурожаат қилган бўлсангиз, бу ҳолатда судга янгидан алимент ундириш ҳақида ариза билан мурожаат қилишингиз лозим бўлади.


Оила кодексининг 136-моддасига кўра, алимент олиш ҳуқуқига эга бўлган шахс, алимент талаб қилиш ҳуқуқи вужудга келганидан сўнг қанча муддат ўтганидан қатъи назар, хоҳлаган вақтда алимент ундириш тўғрисидаги талаб билан судга мурожаат қилишга ҳақлидир.


Алимент судга мурожаат этилган пайтдан бошлаб ундирилади.


Шу билан бирга, мазкур модда 136-модда талабларига кўра, алимент ўтган давр учун уч йиллик муддат доирасида ундирилишига ҳар қандай ҳолатда ҳам эмас, фақат таъминот учун маблағ олиш чоралари судга мурожаат қилингунга қадар кўрилганлиги, аммо алимент тўлаши шарт бўлган шахснинг уни тўлашдан бош тортганлиги оқибатида алимент олинмаганлиги асос бўлади.

ЎРИНДОШЛАРГА МУКОФОТ ПУЛИ БЕРИЛМАЙДИМИ?

— Туман тиббиёт бирлашмасининг Тез тиббий ёрдам бўлимида навбатчи шифокор вазифасида ўриндош бўлиб ишлайман. Яқинда ҳаммага мукофот пули беришди, лекин бизга беришмади. Ўриндошларга мукофот пули берилмайдими?

Исми сир тутилди

Дилфуза Дададжанова, фуқаролик ишлари бўйича Мирзо Улуғбек туманлараро суди судьяси:


— Ходимларнинг ўриндошлик асосида лавозимда ишлашини тартибга солувчи қоидалар Меҳнат кодекси ва Вазирлар Махкамасининг 2012 йил 18 октябрдаги 297-сонли Қарори билан тасдиқланган “Ўриндошлик асосида ҳамда бир неча касбда ва лавозимда ишлаш тартиби тўғрисида”ги Низомда келтирилган.


Ушбу Низомга асосан ўриндошларга иш ҳақини тўлаш меҳнат шартномасида кўрсатилган бўлиб, меҳнатга ҳақ тўлашнинг ҳақиқатда бажарилган иш учун (ишбай шаклида) ва меҳнатга ҳақ тўлашнинг ишланган вақтига мутаносиб (вақтбай шаклида) амалга оширилади. Ўриндошлик асосидаги иш учун меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдори ишланган вақтга пропорционал равишда, Меҳнатга ҳақ тўлашнинг ягона тариф сеткаси бўйича биринчи разряд тариф коэффициенти асосида ҳисоблаб чиқилган миқдордан паст бўлиши мумкин эмас.


Агар жамоа шартномада ёхуд бошқа маҳаллий ҳужжатларда бошқача тартиб назарда тутилмаган бўлса, ўриндошлик асосида ишловчиларга меҳнат ҳақи, мукофот, қўшимча ҳақ, устама, рағбатлантириш тўловлари ташкилотнинг барча ходимлари учун белгиланган тартибда амалга оширилади. Ушбу қоидадан шундай ҳулоса килиш мумкин-ки, иш берувчи ўриндошлик асосида ишлаётган ходимга унинг ишлаган вақти ёки бажарган иш хажмига пропорционал равишда мукофот пули, рағбатлантириш тўловларини бериши лозим бўлади.

15 ЙИЛ БИРГА ЯШАМАГАН БЎЛСА ҲАМ УЙДАН УЛУШ ТАЛАБ ҚИЛИШГА ҲАҚЛИМИ?

— Турмуш ўртоғим биринчи оиласи билан расман ажрашмаганди. Яқинда вафот этди. 15 йилдан буён бирга яшамаган бўлишса-да, хотини уй талашяпти. Айтишича, ҳозир биз яшаб турган уйда унинг улуши бор эмиш. 15 йил олдин чиқиб кетган бўлса, қандай қилиб уй талишиши мумкин? Расман ажрашмагани учун бунга ҳақлими?

Исми сир тутилди.

Анвар ЁРИЕВ, Тошкент шаҳар судининг фуқаролик ишлари бўйича судьяси:


— Оила кодексига биноан никоҳ фуқаролик ҳолати далолатномаларини қайд этиш органларида тузилади. Диний расм-русумларга биноан тузилган никоҳ ҳуқуқий аҳамиятга эга эмас.


Эр ва хотиннинг никоҳ давомида орттирган мол-мулклари, шунингдек никоҳ қайд этилгунга қадар, бўлажак эр-хотиннинг умумий маблағлари ҳисобига олинган мол-мулклари, агар қонун ёки никоҳ шартномасида бошқача ҳол кўрсатилмаган бўлса, уларнинг биргаликдаги умумий мулки ҳисобланади.


Эр ва хотиннинг никоҳ давомида орттирган мол-мулклари жумласига (эр ва хотиннинг умумий мол-мулкига) эр ва хотин ҳар бирининг меҳнат фаолиятидан, тадбиркорлик фаолиятидан ва интеллектуал фаолият натижаларидан орттирган даромадлари, улар томонидан олинган пенсиялар, нафақалар, шунингдек махсус мақсадга мўлжалланмаган бошқа пул тўловлари (моддий ёрдам суммаси, майиб бўлиш ёки саломатлигига бошқача зарар етказиш оқибатида меҳнат қобилиятини йўқотганлик муносабати билан етказилган зарарни қоплаш тарзида тўланган суммалар ва бошқалар) киради.

 

Эр ва хотиннинг умумий даромадлари ҳисобига олинган кўчар ва кўчмас ашёлар, қимматли қоғозлари, пайлари, омонатлари, кредит муассасаларига ёки бошқа тижорат ташкилотларига киритилган капиталдаги улушлари ҳамда эр ва хотиннинг никоҳ давомида орттирган бошқа ҳар қандай мол-мулклари, улар эр ёки хотиндан бирининг номига расмийлаштирилган ёхуд пул маблағлари кимнинг номига ёки эр ва хотиннинг қайси бири томонидан киритилган бўлишидан қатъи назар, улар ҳам эр ва хотиннинг умумий мол-мулки ҳисобланади.


Эр ва хотиндан бири уй-рўзғор ишларини юритиш, болаларни парвариш қилиш билан банд бўлган ёки бошқа узрли сабабларга кўра мустақил иш ҳақи ва бошқа даромадга эга бўлмаган тақдирда ҳам эр ва хотин умумий мол-мулкка нисбатан тенг ҳуқуққа эга бўлади.


Эр ва хотин уларнинг биргаликдаги умумий мулки бўлган мол-мулкка эгалик қилиш, ундан фойдаланиш ва уни тасарруф этишда тенг ҳуқуқларга эгадир.


Эр-хотиндан бирининг умумий мол-мулкни тасарруф этиш юзасидан амалга оширган битими бошқасининг бунга розилиги бўлмаганлиги сабаблигина билдирган талабига биноан ва фақат битимни амалга оширган иккинчи томон амалга оширилган битим юзасидан эр (хотин) рози эмаслигини олдиндан билгани ёки билиши лозим бўлганлиги исботланган ҳолларда суд томонидан ҳақиқий эмас деб топилиши мумкин.


Эр (хотин) ўзининг номига расмийлаштирган умумий кўчмас мол-мулкни тасарруф этиш бўйича битим тузиши учун хотин (эр)нинг нотариал тартибда тасдиқланган розилигини олиши лозим. Кўрсатилган битимни тузишга нотариал тартибда тасдиқланган розилиги олинмаган эр ёки хотин мазкур битим амалга оширилганлигини билган ёки билиши лозим бўлган кундан бошлаб бир йил давомида бу битимни суд тартибида ҳақиқий эмас деб топишни талаб қилишга ҳақлидир.


Бундан ташқари, никоҳ фуқаролик ҳолати далолатномаларини қайд этиш органида никоҳдан ажратилганлик рўйхатга олинган кундан бошлаб тугатилади.


Кўрсатиб ўтиш лозимки, эр ва хотиннинг умумий мол-мулкини бўлиш эр ва хотиндан бирининг талабига кўра, улар никоҳда бўлган даврда ҳам, никоҳдан ажралишгандан кейин ҳам, шунингдек кредитор эр ва хотиндан бирининг умумий мол-мулкдаги улушига ундирувни қаратиш учун умумий мол-мулкни бўлиш талаби билан арз қилган ҳолларда амалга оширилиши мумкин.
Низо туғилган ҳолларда эр ва хотиннинг умумий мол-мулкини бўлиш, шунингдек эр ва хотиннинг бу мол-мулкдаги улушини аниқлаш суд тартибида амалга оширилади.


Умумий мол-мулкни бўлишда суд эр ва хотиннинг ҳар бирига мулкнинг қайси қисми берилиши лозимлигини аниқлайди. Эр (хотин)га унга қарашли улушдан ошиқ қийматга эга бўлган мол-мулк бериладиган ҳолларда, хотин (эр)га тегишли пул ёки ўзга компенсация белгиланиши мумкин.

 

Шу билан биргаликда, оилавий муносабатлар тугатилганда, суд эр ва хотин алоҳида яшаган даврда орттирган мол-мулкни улардан ҳар бирининг ўз мулки деб топиши мумкин.


Бундан ташқари, Фуқаролик кодексининг 1136-моддасига биноан мерос қолдирувчининг болалари (шу жумладан фарзандликка олинган болалари), эри (хотини) ва ота-онаси (фарзандликка олувчилар) тенг улушларда қонун бўйича биринчи навбатдаги ворислик ҳуқуқига эга бўладилар. Мерос қолдирувчининг вафотидан кейин туғилган болалари ҳам биринчи навбатдаги ворислар жумласига киришлари белгиланган.

ЙЎҚОЛГАН ҲУЖЖАТЛАРНИ ТИКЛАШ УЧУН ЎЗБЕКИСТОНГА ҚАЙТИБ КЕЛИШ КЕРАКМИ?

— Холам бундан 2 ой олдин Қозоғистонга келин бўлиб тушди. Кўчиб кетаётганида ҳамма ҳужжатлари, хусусан, паспорт, ҳайдовчилик гувоҳномаси, дипломлари йўқолган. У пойтахтда вақтинчалик «прописка»да эди. Энди ҳужжатларини тиклаши учун Ўзбекистонга қайтиб келиши керакми? «Прописка»си нима бўлади? Келин бўлиб тушган жойига «прописка»га олишмаяпти.

Исми сир тутилди.

Ахрор Сулаймонов, Тошкент шаҳар судининг фуқаролик ишлари бўйича судьяси:


— Йўқолган паспортни тиклаш тартиби Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2011 йил 5 январдаги ПФ-4262-сонли Фармонига 1-илова “Ўзбекистон Республикаси фуқаросининг биометрик паспорти тўғрисида”ги Низом билан тартибга солинади.

 

Хусусан, Низомнинг 11-бандига кўра, паспорт йўқотиб қўйилганида ID-картага алмаштирилади. Бунинг учун фуқаро ички ишлар органларининг миграция ва фуқароликни расмийлаштириш бўлинмасига шахсан мурожаат қилиши лозим.


Ҳайдовчилик гувоҳномасини тиклаш тартиби эса, Вазирлар Маҳкамасининг “Автомототранспорт воситалари ва шаҳар электр транспорт воситалари ҳайдовчиларини тайёрлаш ва қайта тайёрлаш ҳамда автомототранспорт воситаларини бошқариш ҳуқуқини берувчи ҳайдовчилик гувоҳномасини олиш учун назарий ва амалий имтиҳонларни ўтказиш бўйича нодавлат таълим хизматлари кўрсатиш фаолиятини лицензиялаш тартибини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Қарори билан тартибда солинади.

 

Хусусан, Қарорнинг 57-бандига кўра, миллий ҳайдовчилик гувоҳномаси эгасининг белгиланган тартибдаги аризаси, унинг олдинги ҳайдовчилик гувоҳномаси (эски намунадаги ҳайдовчилик гувоҳномалари учун — унинг талони ҳам) ҳамда эгасининг фуқаролик паспорти ёки унинг ўрнини босувчи бошқа ҳужжат тақдим этилганидан сўнг алмаштирилади. Бунинг учун ҳам фуқаро шахсан Давлат йўл ҳаракати хавфсизлиги хизматининг ҳудудий бўлинмасига мурожаат қилиши лозим.


Шу билан бирга қайд этиш жоизки, Қарорнинг 58-бандига кўра, автомототранспорт воситаларини охирги ўн икки ой давомида бошқарган шахсларнинг миллий ҳайдовчилик гувоҳномалари тегишли имтиҳонларсиз алмаштирилади.


Дипломни тиклаш учун эса, фуқаро қайси олий таълим муассасасини тамомлаган бўлса, ушбу муассасага мурожаат қилиши лозим.


Агар фуқаронинг яшаш жойи бўйича вақтинчалик рўйхатга қўйилган муддати тугаган бўлса, у қайтадан рўйхатга туриши учун ушбу уй эгаси (мулкдор)нинг розилиги талаб этилади.

УЗИЛГАН СИМЁҒОЧЛАРНИ КИМ ТАЪМИРЛАШИ КЕРАК?

— Ҳовлимизнинг ёнидаги симёғочлар анчадан бери яроқсиз кўринишга келган, узилиб ётибди. Шамол турганда туташувлар бўлиб туради. Маҳалла раиси ҳокимиятга чиқиш кераклигини айтди. Ҳокимиятдагилар электр таъминотига юборишди. У ерда эса «ариза ёзинг, тегишли тартибда кўриб чиқамиз», деган жавоб олдик. Бирор корхол юз берса, ким жавоб беради? Бу масалани суд орқали ҳал қилсак бўладими? Ўзи умуман бу вазиятда бизни қандай ҳақ-ҳуқуқимиз бор?

Исми сир тутилди

Жалолиддин Аббасов, фуқаролик ишлари бўйича Шайхонтоҳур туманлараро суди судьяси:


— Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “истеъмолчилар электр қурилмаларини техник эксплуатация қилиш қоидалари ва истеъмолчилар электр қурилмаларини эксплуатация қилишда хавфсизлик техникаси қоидаларини тасдиқлаш тўғрисида”ги 2020 йил 11 ноябрдаги 712-сонли қарори билан Истеъмолчилар электр қурилмаларини техник эксплуатация қилиш қоидалари тасдиқланган.

 

Мазкур қоидаларнинг мақсади истеъмолчилар электр қурилмалари ва электр тармоқларини ишончли, хавфсиз ва самарали эксплуатация қилишни таъминлаш ҳамда уларни ишга яроқли ҳолатда сақлаб туришдан иборат.


Ишлаб турган электр қурилмаларига хизмат кўрсатиш, уларда тезкор алмашлаб улашларни ўтказиш, таъмирлаш, монтаж ёки созлаш ишларини ва синашларни ташкил этиш ва бажариш махсус тайёрланган электротехник ходимлар томонидан амалга оширилиши ушбу қарор билан тартибга солинган.


Сиз мурожаатингизда кўрсатиб ўтган симёғочлар умумий истеъмолчилар электр қурилмалари бўлганлиги сабабли, мазкур масала юзасидан истиқомат қилаётган туман электр тармоқлари корхонасига мурожаат қилишингиз лозимлиги тушунтирилади.


Мурожаатингиз якуни бўйича ижобий натижа бўлмаган тақдирда, ёзма олинган рад жавоби билан мажбурият юклаш ҳақидаги талаб орқали судга мурожаат қилиш ҳуқуқингиз пайдо бўлишлиги тушунтирилади.

АЛИМЕНТ ҚАРЗДОРЛИГИНИ МАИШИЙ ТЕХНИКА БИЛАН УНДИРИШ ТЎҒРИМИ?

— Ўғлим алиментдан қарз бўлиб қолган экан. Яқинда МИБчилар уйимизга келиб, «қарзини тўламаса, ўрнига ўрин маиший техникани олиб чиқиб кетамиз», дейишди. Ахир улар ўғлимнинг пулига келмаган-ку, шунда ҳам олиб кетаверишадими? Ўғлимни номида умуман ҳеч нима йўқ. Бу вазиятда МИБчиларнинг талаби тўғрими?

Исми сир тутилди

Амина Худайбергенова, фуқаролик ишлари бўйича Мирзо Улуғбек туманлараро суди судьяси:


— Боланинг таъминотига алимент ундириш тўғрисидаги суднинг қарори қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда ижро этилиши кўрсатилган.
Алимент қарздорлиги бўйича ундириш ишларини амалга оширишда алимент тўловчининг дастлаб ойлик даромад манбаига қаратилади.

 

Агар алимент тўловчи қарздорликни тўлашдан бош тортган тақдирда, унга тегишли бўлган барча мол-мулклар хатланади ва мажбурий реализация қилинади.
Қонунда ундирув қаратилиши мумкин бўлмаган мол-мулк рўйхати келтирилган бўлиб, улар Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланадиган, қарздор ва унинг оила аъзолари нормал турмуш кечириши учун зарур бўлган уй анжомлари ва жиҳозлари, кийимлар ҳамда бошқа буюмлар ҳисобланади.

 

Қарздорнинг мол-мулкини хатлаш мол-мулкни рўйхатга олишдан, уни тасарруф қилиш ман этилганлигини эълон қилишдан, зарур ҳолларда эса, мол-мулкдан фойдаланиш ҳуқуқини чеклашдан, уни олиб қўйиш ёки сақлашга топширишдан иборатдир.


Сиз ўзингизга тегишли бўлган шахсий буюмларингизни қарздорлик учун хатланганидан норози бўлсангиз, Мажбурий ижро бюроси давлат ижрочисига нисбатан мулкни хатлов (арест)дан чиқариш тўғрисидаги даъво аризаси билан фуқаролик судига мурожаат қилиш ҳуқуқингиз бор.

ЖИНОЯТ ИШЛАРИ БЎЙИЧА СУДЛАР ФАОЛИЯТИ ЮЗАСИДАН 2022 ЙИЛДАГИ ФАОЛИЯТИ ҲАҚИДА АХБОРОТ

Жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар судлари томонидан 2022 йил давомида 12.141 (9.325) нафар шахсга нисбатан 9.807 (7.427) та жиноят ишлари кўриб тамомланган. Ўтган йилга нисбатан кўриб тамомланган ишлар сони 2.380 тага (32%), жавобгарликка тортилган шахслар сони эса 2.816 нафарга (30,2%) кўпайган.

 

Судлар томонидан 2022 йил давомида жами 161 (148) нафар шахсга нисбатан оқлов қарорлари чиқарилган, 2.321 (1.583) ҳолатда тергов органи томонидан асоссиз қўйилган моддалар айбловдан чиқарилган.

 

Жиноят оқибатида етказилган 293,4 млрд. сўмдан ортиқ моддий зарарнинг ўрнини қоплаган 1.109 нафар шахсга нисбатан озодликдан маҳрум қилиш билан боғлиқ бўлмаган жазолар тайинланган, 1.759 нафар шахс суд залида қамоқдан озод қилинган.

 

Одил судловни амалга оширишда жамоатчиликнинг кафиллиги асосида жами 114 нафар шахсларга нисбатан озодликдан маҳрум қилиш билан боғлиқ бўлмаган ёки қонунда назарда тутилганидан кўра енгилроқ жазолар тайинланган, 206 нафар шахсга тайинланган жазолар енгилроқ жазо билан алмаштирилган, 2.403 нафар шахс муддатидан илгари жазодан (қамоқдан) озод қилинган.

 

Жиноят ишларининг 4.851 таси ижтимоий хавфи катта бўлмаган, 2.405 таси унча оғир бўлмаган, 4.337 таси оғир ва 548 таси ўта оғир тоифадаги жиноятларни ташкил этган.

 

Соҳалар бўйича қарайдиган бўлсак, КОРРУПЦИЯга оид кўриб тамомланган ишлар бўйича шахслар тоифасида:

  • Соғлиқни сақлаш соҳасида 16 нафар шахс;
  • Таълим соҳасида 32 нафар шахс;
  • Банк йўналиши бўйича 7 нафар шахслар жиноий жавобгарликка тортилган.

Судланган шахсларнинг 1.063 (11,4%) нафарига жарима, 2.398 (25,7%) нафарига ахлоқ тузатиш ишлари, 1.713 (18,3%) нафарига озодликни чеклаш, 3.710 (39,7%) нафарига озодликдан маҳрум қилиш, 121 (1,3%) нафарига мажбурий жамоат ишлари жазоси тайинланган бўлса, 331 (3,5%) нафар шахс шартли ҳукм қилинган.

Судланганларнинг:

1016 нафарини (10,8%) аёллар,

246 нафарини (2,6%) вояга етмаганлар,

381 нафарини (46,9%) ёшлар,

238 нафарини (2,5%),

60 ёшдан ошган эркаклар,

106 нафарини (1,1%) чет эл фуқаролари,

8 нафарини (00,8%) тадбиркорлар ташкил этган.

 2.245 (2.185) нафар муқаддам судланган шахслар томонидан такроран жиноят содир этилган.

СУДЛАНГАНЛИК ҲОЛАТИ ТУМАНЛАР КЕСИМИДА

Судлар

Умумий
судланганлар* сони

  

Ўтган ҳисобот даври
билан фарқи

 

2021 йил 12 ойи

2022 йил 12 ойи

Сон
ҳисобида

Фоиз
ҳисобида

 

Чилонзор туман

765

1145

380

49,7

 

Шайхонтоҳур уман

630

900

270

42,9

 

Юнусобод туман

791

981

190

24,0

 

Миробод туман

635

892

257

40,5

 

Учтепа туман

698

868

170

24,4

 

М.Улуғбек туман

682

848

166

24,3

 

Яшнобод  туман

619

826

207

33,4

 

Сирғали туман

589

795

206

35,0

 

Олмазор туман

605

767

162

26,8

 

Бектемир туман

405

608

203

50,1

 

Яккасарой туман

624

567

– 57

– 9,1

 

Янгиҳаёт туман

325

480

155

47,7

 

ЖАМИ

7137

9338

2201

30,8

 

СОДИР ЭТИЛГАН ЖИНОЯТЛАР МОДДАЛАР КЕСИМИДА ТАҲЛИЛИ

ЖК моддаси

2021 й. 12 ой

2022 й. 12 ой

-/+

Фоизи

1.        

Ўғрилик (ЖК 169-модда)

1217

1529

+312

25,6%

2. 

Гиёвандлик воситалари билан жиноятлар (ЖК 270-276-модда)

933

1218

+285

30,5 %

3. 

Ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож  қилиш (ЖК 167-модда)

360

523

+163

45,2%

4. 

Безорилик (ЖК 277-модда)

474

506

+ 32

6,7 %

5.      

Талончилик (ЖК 166-модда)

387

451

+64

16,5%

6.

Ҳаракат хавфсизлиги қоидаларини бузиш (ЖК 266-модда)

300

357

+57

19 %

7. 

Қасддан баданга оғир ва ўртача оғирликда жароҳат атказиш (ЖК 104-105-моддалар)

291

293

+2

0,6 %

Пора олиш,бериш, воситачилик қилиш (ЖК 210-212-модда)

162

251

+89

55%

9

Босқинчилик (ЖК 164-модда)

145

125

-20

13,7 %

10

Транспорт воситаларини олиб қочиш
(ЖК 267-модда)

36

75

+39

108%

11   

Қасддан одам ўлдириш (ЖК 97-101-моддалар)

50

47

-3

6 %

12 

Пора олиш (ЖК 210-модда)

10

19

+9

90 %

13

Номусга тегиш (ЖК 118-модда)

10

10

0

0 %

Давлат раҳбари томонидан судлар олдига қўйилган вазифалардан келиб чиқиб, ўтган давр мобайнида 3.638 та (37,1%) жиноят ишлари сайёр суд мажлисларида кўриб чиқилган. Жиноятнинг сабаблари ва унинг содир этилишига имкон берган шарт-шароитларни бартараф қилиш тўғрисида 8.257 та (84,2 %) суднинг хусусий ажримлари чиқарилган, суд амалиёти юзасидан 45 та умумлаштириш қилиниб, натижаси юзасидан туман судларига тегишли кўрсатма ва тавсиялар берилган.

 

            Ўз навбатида соҳалар бўйича жиноятчилик содир қилинган аҳволи юзасидан:

 

Тошкент шаҳар Соғликни Сақлаш бош бошқармасига,

 

Тошкент шаҳар Халқ таълими бош бошқармасига,

 

Тошкент шаҳар ИИББга тақдимномалар чиқарилган.

“Менинг маҳаллам – менинг судьям” ғояси асосида судьялар ўзларига бириктирилган Тошкент шаҳридаги 579 та маҳалла фуқаролар йиғинларида ҳуқуқбузарликлар профилактикаси, жиноятчиликка қарши курашиш, аҳолининг ҳуқуқий саводхонлигини ошириш, мавжуд муаммоларни тизимли ҳал этиш юзасидан сайёр учрашувлар ўтказиб келмоқдалар.

 

Тошкент шаҳар судининг иш режасига киритилган “Аёллар дафтари” асосида Тошкент шаҳридаги барча маҳаллаларга судьялар бириктирилган ва доимий равишда ишлар олиб борилмоқда.

 

Хусусан, 5.080 та хуқуқий ёрдамга мухтож аёллар судьялар томонидан қабул қилиниб, уларнинг барчасига ҳуқуқий тушунтиришлар берилди.    

МАЪМУРИЙ ҲУҚУҚБУЗАРЛИККА ОИД ИШЛАР КЎРИЛИШИ ЮЗАСИДАН

 

Тошкент шаҳар ва жиноят ишлари бўйича туман судлари томонидан 2022 йил давомида 115.666 (89.526) нафар шахсга нисбатан 101.617 (78.324) та маъмурий ишлари кўриб тамомланган. Ўтган йилга нисбатан кўриб тамомланган ишлар сони 23.293 тага (29,7%), шахслар сони эса 26.140 нафарга (29,2%) КЎПАЙГАН.

 

Кўриб тамомланган 75.485 (60.674) та иш бўйича 86.218 (69.564) нафар шахсга нисбатан қарор чиқарилган, 29.448 (19.962) нафар шахсга нисбатан 26.132 (17.650) та ишлар тугатилган.

 

Маъмурий ҳуқуқбузарликка тортилган шахсларнинг 58.102 (67,4%) нафарига жарима, 339 (0,4%) нафарига махсус ҳуқуқдан маҳрум қилиш, 27.759 (32,2%) нафарига маъмурий қамоқ жазолари тайинланган.

 

Тугатилган ишлардан 3.802 (2.907) нафар шахсга нисбатан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 21-моддаси қўлланилиб огоҳлантирилган, 25.646 (16.468) нафар шахсга нисбатан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 271-моддасига кўра тугатилган.

 

Жами 7.708 (6.655) нафар шахсга нисбатан кўриб тамомланган материаллардан 5.311 (4.854) нафар шахсга нисбатан қаноатлантирилган, 2.397 (1.801) нафар шахсга нисбатан рад қилинган.

 

Ҳуқуқбузарлик содир қилганларнинг:

 

309 нафарини (49,1%) ёшлар,

 

20.826 нафарини (24,1%) аёллар,

 

749 нафарини (7,8%) тадбиркорлар,

 

806 нафарини (5,5%) 60 ёшдан ошганлар,

 

840 нафарини (0,9%) чет эл фуқаролари,

 

328 нафарини (0,3%) вояга етмаганлар ташкил этган.

МУРОЖААТЛАР

 

2022 йил давомида жиноят судлов ҳайъати бўйича шаҳар ва туман судларига жами 7.194 (19.984) та мурожаатлар келиб тушган. Шундан 13 (21) таси тегишлилиги бўйича юборилиб, 7.181 (19.855) тасига ўрганиб жавоб берилган, мурожаатларнинг 887 (14.917) таси қаноатлантирилган, 39 (60) таси рад этилган ва 6236 (4878) та мурожаатларга тегишли тушунтиришлар берилган, 19 (108) та мурожаат кейинги ҳисобот даврига қолдиқ бўлиб қолган.

Ўрганиб жавоб берилган 7181 (19.855) та мурожаатлар мазмунига кўра қуйидагича тақсимланади:

– 263 (35) таси суд ҳужжатидан норози бўлган (процессуал тартибда берилган шикоятлардан ташқари) мурожаатлар бўлиб, шундан 17 (1) таси қаноатлантирилган, 3 (2) таси рад этилган 243 (32) тасига тушунтириш берилган;

 

– 100 (30) та мурожаат суд ҳужжатининг ижроси юзасидан бўлиб, шундан 31 (14) таси қаноатлантирилган, 69 (16) тасига тушунтириш берилган;

 

– 5.678 (19.790) та мурожаат бошқа масалалар юзасидан бўлиб, шундан 963 (14.917) таси қаноатлантирилган, 27 (0) таси рад этилган, 4688 (4878) тасига тушунтириш берилган.

 

– 60 (57) та судья ва суд ходимларининг хатти-ҳаракатларидан юзасидан бўлиб, шундан 1 (1) таси қаноатлантирилган, 1 (6) таси рад этилган, 58 (50) тасига тушунтиришберилган.тушунтириш берилган.

 

– 40 та мурожаатлар фуқароларнинг ташаккурномаларини ташкил этган.

 

 2022 йил давомида жисмоний ва юридик шахслар (вакиллари)дан келиб тушган мурожаатлар барчаси қонунда белгиланган муддат ичида кўриб чиқилган.

 

Тошкент шаҳар суди

матбуот хизмати

Skip to content