Қидирув:

ҚИЛМИШИДАН ХУЛОСА ЧИҚАРМАГАН БЕЗОРИ

Оилада катталар албатта кичикларни тартибга чақиради, баъзан койийди. Уйга кеч келса сабабини сўрайди. Лекин ҳеч қачон жигарига ёмонликни раво кўрмайди. Айрим ҳолларда буни нотўғри тушунадиган укалар ҳам учрайди. Ахир опа ҳам она ўрнида кўрилади.

Ҳамид Долимов (исм-шарифлар ўзгартирилган) Тошкент шаҳрида туғилган. Бўйдоқ ва ишсиз. Муқаддам жиноят ишлари бўйича Миробод туман судининг ҳукми билан босқинчилик жинояти учун судланган бўлишига қарамай, ундан тегишли хулоса чиқариб олмади.

Гап шундаки, Ҳамид 2024-йил 22-октябрь кечки пайт соат тахминан 20:00ларда опасининг қизи, яни жияни билан сайр қилгани чиқишади. Шундан сўнг, кечки пайт 23:30да жиянини олиб уйига қайтганда, опаси Нозима ундан нима сабабдан ярим тунда уйга қайтаётганини, ишламай сандроқлаб юрганини айтганида, ўртада гап қочади. Опа ука ўртасида бақир-чақир, жанжал чиқади.  

Худди шу вақтда икки ўртоғи билан кўчадан  ўтиб кетаётган Жасур бу жанжалга гувоҳ бўлиб қолади. Йигитнинг аёл билан жанжаллашишига Жасур жим қараб тура олмас эди. Шериклари “қўй, аралашма” дейишига қарамасдан улар олдига бориб жанжални бартараф қилмоқчи, уларни яраштириб қўймоқчи бўлади. Аммо ўзини шер санаган  Ҳамид «сени нима ишинг бор, бизни оилавий ишимизга аралашма» деб уни бу ердан кетишини сўрайди. Аммо Жасур кетишни хаёлига ҳам келтирмайди. Шунда аламзада Ҳамид уйига кириб, қўлида пичоқ кўтариб чиқади. Жанжалга аралашган йигитга яхшиликча кетмадинг, энди ўзингдан кўр, дея кўкрак тарафига пичоқ уради. Жасур бундай бўлишини асло кутмаган эди. Ҳеч бир жиддий сабабсиз тан жароҳат олди. Уни  ўртоқлари шифохонага олиб боришди. Қилғиликни қилган  Ҳамид эса ёрдам бериш ўрнига воқеа жойидан қочиб кетади.

Мазкур иш жиноят ишлари бўйича Сирғали туман судида кўриб чиқилди. Судланувчи судда жабрланувчининг холидан хабар олганини, ҳозирда қилган ишидан пушаймонлигини, кечирим сўрашини айтиб, суддан енгилроқ жазо тайинлашни сўради.

Жасур аҳволи яхшилангани, ҳозирда судланувчига нисбатан даъвоси йўқлигини билдирди. Ҳамиднинг опаси ҳам укасини кечиришларини сўради. Аммо қонун кечирармиди?

Суд Ҳ.Долимовни Жиноят кодекси 277-моддаси 3-қисмининг «г» бандида назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбдор деб топиб, Жиноят кодексининг 60, 61-моддаларига асосан, ҳукмлар мажмуи бўйича мазкур ҳукм билан тайинланган жазога жиноят ишлар бўйича Миробод туман судининг 2022-йил 16-декабрдаги ҳукмига кўра тайинланган жазонинг ўталмаган қисмини қисман қўшиш йўли билан узил-кесил 3 йил 1 ой озодликдан маҳрум қилиш жазосига ҳукм этди.

Арзимаган сабаб билан опасини ранжитган, уларни тартибга чақирган йигитга пичоқ кўтариб чиққан Ҳамид бу қилмишидан хулоса чиқариши керак, албатта.

Фарҳод Ҳикматуллаев,

Жиноят ишлари бўйича Сирғали туман суди раиси

Дилфуза Қурбонбоева,

Ўзбекистон жаҳон тиллари университети талабаси

САЙЁР СУД ВА ЖИНОЯТ МУҲОКАМАЛАРИ

Олмазор тумани Ёшлар марказида Ёшлар ишлари агентлиги Олмазор тумани бўлими етакчилари ҳамда жиноят ишлари бўйича Олмазор тумани суди судьялари иштирокида «Сайёр суд ва жиноят муҳокамаси» мавзусида учрашув бўлиб ўтди.

Унда жиноят ишлари бўйича Олмазор тумани суди судьялари В.Караманов, А.Турғунов ҳамда С.Шодмоновлар иштирок этишди.

Дастлаб судьялар томонидан ёшларга суд-ҳуқуқ тизимидаги ислоҳотлар, судлардаги очиқлик ва шаффофлик, туманда ёшлар иштирокида содир этилаётган жиноятлар аҳволи юзасидан маълумот берилди.

Шундан сўнг судьялар томонидан сайёр суд мажлислари ўтказилди. Судья С.Шодмонов томонидан кўрилган сайёр суд мажлисида 1968 йилда туғилган С.Я. жамиятда юриш-туриш қоидаларини менсимай, 2001 йилда туғилган А.К.ни ҳеч бир сабабсиз ўткир тиғли жисм билан уриб енгил тан жароҳати етказган. Яъни, безорлик жиноятини содир этган. Унинг қилмиши Жиноят кодексининг 277-моддаси 2-қисми «в» банди билан малакаланган. Сайёр судда судланувчига қонунга биноан 1 йил озодликни чеклаш жазоси тайинланди.

Сайёр судда судья А.Турғунов томонидан сохта тадбиркорлик билан шуғулланиб, савдо қоидаларини бузган, солиқларни ўз вақтида тўламаган 1997 йилда туғилган МЧЖ раҳбарига нисбатан жиноят иши кўриб чиқилди. Дастлабки тергов идоралари томонидан унга жиноят кодексининг бир қатор моддалари билан айблов эълон қилинган.Сайёр судда судланувчига Жиноят кодексининг 59-моддаси тартибида тайинланган жазоларни қисман қўшиш йўли билан узил кесил ўташ учун иш ҳақининг 15 фоизи миқдорини давлат даромади ҳисобига ушлаб қолган ҳолда 2 йил муддатга ахлоқ тузатиш ишлари жазоси тайинланди.

Сайёр судда тергов судьяси В.Караманов томонидан  йўл транспорт ҳодисаси билан боғлиқ маъмурий иш ҳам кўриб чиқилди.

Тадбирда ёшлар еткачилари ушбу ўтказилган сайёр суддан ўзларига тегишли хулоса қилишлари, маҳаллаларда жиноятчиликни олдини олиш ишларига ҳисса қўшишлари алоҳида таъкидланди.

КОРРУПЦИЯГА БИРГАЛИКДА КУРАШАМИЗ

Тошкент шаҳар иқтисодий судида  коррупцияга қарши курашиш масалаларига бағишланган тадбир бўлиб ўтди.

Унда Тошкент шаҳар суди раиси Э. Ходжакулов, Тошкент шаҳар суди раиси ўринбосари — иқтисодий ишлар бўйича судлов ҳайъати раиси И.Алимов, Тошкент туманлараро иқтисодий суди раиси З.Худойқулов, пойтахт иқтисодий судларининг судьялари иштирок этди.

Йиғилишда суд-ҳуқуқ тизимида коррупциянинг олдини олиш, одил судлов жараёнларининг шаффофлигини таъминлаш ва тизимда ички назорат ҳамда масъулиятни кучайтириш масалалари муҳокама қилинди.

Тошкент шаҳар суди раиси Э.Ходжакулов суд-ҳуқуқ тизимида коррупцияга қарши курашнинг бугунги аҳволи  ҳақида тўхталиб ўтди.

Судьяларнинг ҳалоллиги, холислиги ва фаолиятида шаффофликни таъминлаш — коррупциянинг олдини олишда ҳал қилувчи омиллардан биридир. Судьянинг касбий ва ахлоқий онгини кучайтириш муҳимдир.

Шу билан бирга, Э.Ходжакулов 2025 йил 11 март куни Олий суд раиси томонидан судьялар ва суд органлари ходимларига йўлланган мурожаатга ҳам алоҳида эътибор қаратди.

Мазкур мурожаатда судьяларнинг ўз фаолиятига танқидий ёндашиши, шахсий масъулиятни ҳис этиши, фуқаролар билан очиқ ва холис мулоқотда бўлиши, ҳар бир қарор қонуний, адолатли ва асосли бўлиши зарурлиги, шундагина фуқаролар суддан рози бўлиб кетиши таъкидланди.

СУДЬЯЛАР ФАОЛИЯТИДА ШАФФОФЛИКНИ ТАЪМИНЛАШ КОРРУПЦИЯНИНГ ОЛДИНИ ОЛАДИ

Президентимиз Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида ўтказилган Коррупцияга қарши курашиш миллий кенгаши йиғилишида қўйилган вазифалардан келиб чиқилса, судьялардан шахсий масъулиятни ошириш, одил судловни таъминлаш ва жамият ишончини мустаҳкамлаш талаб этилади.

Судьяларнинг ҳалоллиги, холислиги ва фаолиятида шаффофликни таъминлаши – коррупциянинг олдини олишда ҳал қилувчи омиллардан.

Тошкент шаҳар судида коррупцияга қарши курашиш масалаларига бағишланган йиғилишда шу ҳақда сўз юритилди.

Тошкент шаҳар суди раиси Э.Хўжақулов суд-ҳуқуқ тизимида коррупциянинг олдини олиш, одил судлов жараёнларининг шаффофлигини таъминлаш ва тизимда ички назорат ҳамда масъулиятни кучайтириш зарурлигини қайд этди. Коррупцияга қарши курашишнинг долзарб йўналишлари, 2025 йил 11 март куни Олий суд раиси томонидан судьялар ва суд органлари ходимларига йўлланган мурожаатга алоҳида эътибор қаратди.

Мурожаатда судьяларнинг ўз фаолиятига танқидий ёндашиши, шахсий масъулиятни ҳис этиши, фуқаролар билан очиқ ва холис мулоқотда бўлиши, ҳар бир қарор қонуний, адолатли ва асосли бўлиши зарурлиги таъкидланган.

Тошкент шаҳар суди фуқаролик ишлари бўйича судлов ҳайъати раиси Б.Исломов фуқаролик суд ишларида учраши мумкин бўлган коррупциявий хавфлар ва уларнинг олдини олиш масалаларига тўхталди.

Суд жараёнларини рақамлаштириш, очиқликни таъминлаш ва малакали кадрлар тайёрлаш – коррупцияга қарши самарали курашнинг муҳим шартларидан бири экани таъкидланди.

Судьялар томонидан коррупцияга нисбатан муросасиз муносабатда бўлиш, ички назоратни кучайтириш, судьяларнинг касбий ва ахлоқий савиясини ошириш ҳамда жамоатчилик ишончини мустаҳкамлаш бўйича аниқ вазифалар белгилаб олинди.

ЎРГАНИШ НАТИЖАЛАРИ МУҲОКАМА ҚИЛИНДИ

Тошкент шаҳар судида Олий суд Раёсатининг 2024 йил 27 августдаги “Судларда одил судловни самарадорлигини ошириш, ишларни ташкил этиш фаолиятига амалий ёрдам кўрсатиш ҳамда мониторинг олиб бориш бўйича кураторлик (минтақавий масъуллик)ни амалга ошириш тартибини тасдиқлаш тўғрисида”ги қарорининг ижросини таъминлаш юзасидан Тошкент шаҳар судининг фуқаролик ишлари бўйича судлари фаолиятини жорий йилнинг апрель ойида ўтказилган кенг қамровли ўрганиш натижаларини муҳокама қилишга бағишланган кенгайтирилган йиғилиши бўлиб ўтди.

Унда Олий суди раисининг ўринбосари О. Исмоилов, Олий суд судьяси Д. Исроилова, Тошкент шаҳар суди раиси Э. Ходжакулов, Тошкент шаҳар суди раиси ўринбосари – фуқаролик ишлари бўйича судлов ҳайъати раиси Б. Исломов, судлов ҳайъати судьялари, туманлараро судлар судьялари иштирок этдилар.

Олий суд раисининг ўринбосари О.Исмоилов бошқарган йиғилишда сўнгги йилларда Ўзбекистон Республикаси Президенти раҳбарлигида суд-ҳуқуқ тизимини мақсадли ислоҳ қилиш амалга оширилаётгани, бунда суд ҳокимиятининг ҳақиқий мустақиллигини таъминлаш, судьяларнинг ижтимоий ҳимоясини мустаҳкамлашга алоҳида эътибор қаратилаётгани, ҳар бир судья қонун ва жамият олдидаги юксак масъулиятини англаши, ҳалоллик, ростгўйлик ва касбий виждонлилик намунаси бўлиши лозимлиги, коррупцияга қарши кураш ҳар бир судьянинг ўз-ўзини англашидан бошланиши кераклиги, бунинг учун доимий равишда билимларни ошириб бориш, ҳуқуқий тафаккурни чуқурлаштириш ва амалий кўникмаларни мустаҳкамлаш ғоят муҳимлиги таъкидланди.

 

Бугун билимли ва юқори малакали кадрларсиз одил судлов самарадорлигини таъминлаб бўлмайди. Шу муносабат билан судлар мустақиллигини таъминлаш нафақат ҳуқуқ нормаларини тўғри қўллай оладиган, балки фуқаролар ва давлат манфаатлари йўлида адолатли, қонуний қарорлар қабул қила оладиган кучли профессионал жамоани шакллантиришни тақозо этиши қайд этилди.

Олий суд судьяси Д. Исроилова ўз маърузасида Тошкент шаҳар судининг фуқаролик ишлари бўйича судлари фаолиятини жорий йилнинг апрель ойида ўтказилган кенг қамровли текшириш натижалари, унда аниқланган камчиликларга эътибор қаратди. Туманлараро судлар фаолиятида йўл қўйилган бир қатор процессуал хатоликлар, моддий ҳуқуқ нормаларини талқин қилишдаги янглишишларга тўхталиб, камчиликларни ўз вақтида бартараф этиш ва қонунчиликни қўллашда ягона ёндашувни ишлаб чиқиш зарурлиги таъкидланди.

Тадбир иштирокчилари одил судлов сифатини ошириш, судьялар жамоасининг интизоми ва масъулиятини мустаҳкамлаш, фуқаролик ишларини юритиш амалиётини такомиллаштириш масалалари юзасидан фикр алмашдилар.

Йиғилишда судлар фаолияти самарадорлигини ошириш, суд амалиётининг бир хиллигини таъминлаш, очиқлик ва шаффофликни кучайтириш бўйича тизимли чора-тадбирларни изчил амалга ошириш, бу эса жамиятнинг судга бўлган ишончини мустаҳкамлашнинг муҳим шарти эканлиги қайд этилди.

ПОЙТАХТИМИЗДА ЖОРИЙ ЙИЛ БИРИНЧИ ЧОРАГИДА 40 НАФАР ШАХС ОҚЛАНДИ

Тошкент шаҳар судлари томонидан жорий йил биринчи чорагида  жами 40 нафар шахсга нисбатан оқловга оид қарорлар чиқарилди. 834 ҳолатда тергов органи томонидан асоссиз қўйилган моддалар айбловдан чиқарилди.

Тошкент шаҳар судининг ахборот хизмати маълум қилишича, жиноят ишлари бўйича судлар томонидан биринчи чоракда 3 минг 347 нафар шахсга нисбатан 2 минг 780 жиноят иши кўриб тамомланган.

Жиноят оқибатида етказилган 170 миллиард  сўмдан ортиқ моддий зарарнинг ўрнини қоплаган 165 нафар шахсга нисбатан озодликдан маҳрум қилиш билан боғлиқ бўлмаган жазо тайинланган. 482 нафар шахс суд залида қамоқдан озод қилинган.

Одил судловни амалга оширишда жамоатчиликнинг кафиллиги асосида беш нафар шахсга нисбатан озодликдан маҳрум қилиш билан боғлиқ бўлмаган ёки қонунда назарда тутилганидан кўра енгилроқ жазо тайинланган. 67 нафар шахсга тайинланган жазолар енгилроқ жазо билан алмаштирилган. 675 нафар шахс муддатидан илгари жазо (қамоқ)дан озод қилинган.

Жиноят ишларининг 1 минг 379 таси ижтимоий хавфи катта бўлмаган, 776 таси унча оғир бўлмаган, 969 таси оғир ва 225 таси ўта оғир тоифадаги жиноятларни ташкил этган.

Судланган шахсларнинг 383 нафарига жарима, 518 нафарига ахлоқ тузатиш ишлари, 572 нафарига озодликни чеклаш, минг нафардан зиёдроғига озодликдан маҳрум қилиш, 13 нафарига мажбурий жамоат ишлари, 1 нафарига муайян ҳуқуқдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган бўлса, 83 нафар шахс шартли ҳукм қилинган.

Судланганларнинг 218 нафарини аёллар, 91 нафарини вояга етмаганлар, 1 минг 289 нафарини ёшлар, 71 нафарини 60 ёшдан ошган эркаклар, 53 нафарини чет эл фуқаролари ва 10 нафарини тадбиркорлар ташкил этган. 779 нафар муқаддам судланган шахслар такроран жиноят содир этган.

591 жиноят иши сайёр суд мажлисларида кўриб чиқилган. Жиноятнинг сабаблари ва унинг содир этилишига имкон берган шарт-шароитларни бартараф қилиш тўғрисида 2 минг 369 хусусий ажрим чиқарилган.

“Менинг маҳаллам – менинг судьям” ғояси асосида судьялар Тошкент шаҳридаги 579 маҳаллада ҳуқуқбузарликлар профилактикаси, жиноятчиликка қарши курашиш, аҳолининг ҳуқуқий саводхонлигини ошириш, мавжуд муаммоларни тизимли ҳал этиш юзасидан сайёр учрашувлар ўтказиб келмоқда.

Тошкент шаҳар жиноят ишлари бўйича туман судлари тергов судьялари томонидан 26 минг нафарга яқин шахсга нисбатан 22 минг 135  маъмурий иш кўриб чиқилган ва тамомланган.

Маъмурий ҳуқуқбузарликка тортилган шахсларнинг 13 мингга яқинига жарима, 47 нафарига махсус ҳуқуқдан маҳрум қилиш, 7 минг нафарга яқинига маъмурий қамоқ жазоси тайинланган.

Тошкент шаҳар, туман ва туманлараро судларига жами 7 минг 261 мурожаат келиб тушган. Уларнинг 2 минг 852 таси жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати, 4 минг 47  таси фуқаролик ишлари бўйича судлов ҳайъати ва 362 таси иқтисодий ишлар бўйича судлов ҳайъатлари томонидан ўрганилган ва барчаси қонун доирасида кўриб чиқилган.

ВЕЛОСИПЕД ЎҒРИСИ

Нормўмин Бахриев  (исм-шарифлар ўзгартирилган) 37 ёшда. Оиласидан ажрашган, вақтинча ишсиз. Бу маълумот тасаввур қилиш учун кўп нарсани беради. Оиланг йўқ, ишсизсан. Бекорчидан ҳамма безор, дейишади. Кўп қинғирликлар бекорчиликдан келиб чиқади. Нормўмин бекор юриб ичкиликка берилди. Бунинг устига пулсиз ўғирлик йўлини танлади. Муқаддам жиноят ишлари бўйича Шайхонтоҳур тумани суди ҳукми билан ўғирлиги учун судланган бўлишига қарамай бундан ўзига тегишли хулоса чиқармади.

 2024 йил 22 сентябрь куни спиртли ичимлик ичимлик истеъмол қилиб, маст холатда пойтахтдаги меҳмонхоналардан бири ёнида турган “KOMA” русумли велосипедини яширин равишда ўғирлаб, ҳодиса жойидан яширинади.    

Бундан ташқари, у жиноий ҳаракатларини давом эттириб, орадан бир ой ўтар-ўтмас пойтахт мактабларининг биридаги футбол майдонида М.Х.га тегишли бўлган “Iphone Х” русумли телефон аппаратини яширин равишда ўғирлаб, ҳодиса жойидан яширинди.

Ушбу иш жиноят ишлари бўйича Яккасарой тумани судида кўриб чиқилди.

Судланувчи судда айбига тўлиқ иқрор бўлиб, дастлабки тергов даврида берган кўрсатувларини тасдиқлади. “KOMA” русумли велосипедини қаровсиз қолганини кўриб, уни ўғирлаб кетганлигини, бундан ташқари, футбол майдонида М.Х.га тегишли жемперни исиниб олиш учун кийганлигини ва чўнтагида “Iphone Х” русумли телефон аппаратини олганини, ўғирлаган велосипедни нотаниш шахсга сотиб пулларини ўз эҳтиёжлари учун ишлатиб юборганлигини, телефонни эса эгасига қайтарганлигини, ҳозирда қилмишидан пушаймонлигини, жабрланувчилардан кечирим сўрашини билдириб, суддан енгиллик сўради.

Жабрланувчилар етказилган зарар қопланганлигини, судланувчига даъвоси йўқлигини билдириб, жазо тайинлаш масаласини судга ҳавола қилди.

Судланувчи ўғирлаган велосипедни 2024 йил 5 октябрь куни талаба йигитга 500.000 сўмга сотиб юборган. Олиб борилган суриштирув ишларидан кейин ИИБ ходимлари велосипедни ҳам, ўғрини ҳам топишади.

Суд, ушбу жиноят иши юзасидан тўпланган иш ҳужжатларини текшириб чиқиб, судланувчи ва жабрланувчининг кўрсатувларига Ўзбекистон Республикаси ЖПКнинг 95 ва 112-моддалари талаблари бўйича баҳо бериб, суд мажлисида аниқланган ҳолатларни ҳамда тергов материалларини ЖПКнинг 22-моддаси талаблари асосида ҳар томонлама текшириб чиқиб, судланувчининг айби жабрланувчиларнинг қонуний чора кўриш ҳақидаги аризалари, тушунтириш хатлари, нарсани олиш ва кўздан кечириш баённомаси, таниб олиш учун кўрсатиш баённомалари, фото жадваллар, шунингдек, иш материалларида мавжуд бўлган бошқа объектив далиллар билан ўз тасдиғини тўлиқ топганлигига ишонч ҳосил қилди.

Суд Н.Бахриевни Жиноят кодекси 169-моддаси 3-қисмининг “а” бандида назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбдор деб топиб, Жиноят кодексининг 57-моддасини қўллаб,59-моддасининг 8-қисми тартибида, жиноят ишлари бўйича Шайхонтоҳур туман судининг 2025 йил 7 январдаги ҳукмига кўра тайинланган жазоларни қисман қўшиш йўли билан Жиноят кодексининг 62-моддасини қўллаб узил кесил 3 йил 29 кун муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазосига ҳукм этди.

Азимжон Ҳакимов,
Жиноят ишлари бўйича Яккасарой тумани суди судьяси

ДАЪВО АРИЗА КИРИТИШДАГИ КАМЧИЛИКЛАР       

Тошкент туманлараро иқтисодий суди ташаббуси билан  Давлат мулки объектларидан самарали фойдаланиш марказининг Тошкент шаҳар ҳудудий бошқармасида судга даъво аризаси билан мурожаат қилишдаги камчиликлар ва уларни бартараф этишга бағишланган йиғилиш бўлиб ўтди.

Йиғилишда Тошкент туманлараро иқтисодий суди судьялари Й.Норбеков, У.Алиев, С.Тўлқинов, Ш.Якубов, Тошкент шаҳар прокуратураси бўлим бошлиғи А.Мухаммадбоқиев, Давлат мулки объектларидан самарали фойдаланиш марказининг Тошкент шаҳар ҳудудий бошқармаси бошлиғи И.Кадиров ва ташкилот вакиллари иштирок этди.

 Танқидий тусда ўтган йиғилишда Давлат мулки объектларидан самарали фойдаланиш марказининг Тошкент шаҳар ҳудудий бошқармаси томонидан Тошкент туманлараро иқтисодий судига киритилаётган даъво аризалари сифатсиз, асослантирилмасдан, жавобгарнинг почта манзиллари тўлиқ кўрсатилмасдан юзаки тақдим қилиниб келинаётганлиги танқид қилинди.

Мисол учун даъвогар тарафлар ўртасида тузилган ижара шартномаси бўйича шартномани бекор қилиш талаби қўйилган бўлса-да, иш ҳужжатларига қонунда белгиланган тартибда шартномани бекор қилиш бўйича жавобгарга таклиф берилмагани оқибатида, даъво аризанинг ушбу қисмини кўрмасдан қолдирилишига сабаб бўлмоқда.

Даъво аризада ундириш сўралган ижара тўлови ва уни кечиктирилгани учун ҳисобланган пеня суммаларининг ҳисоб китоби аниқлаштирилмаяпти, айрим даъво аризаларда эса жавобгар судгача ижара тўловларини тўлаб берган бўлса-да, судга даъво аризалар киритиш ҳолатлари учрамоқда.

Йиғилишда шунингдек, даъвогарнинг масъулиятсизлиги оқибатида давлат мулкидан фойдаланганлик учун давлат бюджетига тўланиши лозим бўлган миллионлаб суммаларни ўз вақтида тўланмаслигига олиб келинаётганлиги холатлари  муҳокама қилинди ва Давлат мулки объектларидан самарали фойдаланиш марказининг Тошкент шаҳар ҳудудий бошқармаси бошлиғига нисбатан мансаб ваколатига совуққонлик билар қарагани учун белгиланган тартибда жавобгарлик масаласини ҳал қилиш учун Тошкент шаҳар прокурорига хабарнома юбориш мақсадга мувофиқлиги таъкидланди.

Йиғилишда, тугатилаётган корхоналарнинг тугатиш жараёнлари  бўйича мавжуд муаммоларга қонунчилик доирасида ечим ва маслаҳатлар берилди.

УЧИГА ЧИҚҚАН ФИРИБГАР

Халқимизда ҳаммани алдаб, ухлатиб кетадиган кишиларга нисбатан “учига чиққан фирибгар” дея таъриф беришади. Бунақа устаси фаранглар илгари эркаклар ичида учраса, ҳозирда аёллар орасида ҳам учрашини эшитиб ёқангизни ушлайсиз.

Васила Набижонова (исм-шарифлар ўзгартирилган) муқаддам 29 маротаба жиноят содир қилган. Биз ҳикоя қилмоқчи бўлганимиз унинг 30-жинояти. Ҳаммасида кимнидир чув туширган, ниманидир ўғирлаган. Қонун тили билан айтганда бу аёл “хавфли рецедивист” деб топилган.

Васила 1986 йилда Наманган вилоятида туғилган, маълумоти ўрта махсус, 5 фарзанднинг онаси, ажрашган.

Жиноят ишлари бўйича Пасдарғом туман судининг 2024 йил 8 октябрдаги ҳукмига кўра судланган.

Охирги иккита эпизод билан боғлиқ жинояти пойтахт савдо мажмуларида содир этилган.

В. Набижонова хавфли рецидивист бўлгани ҳолда, 2023 йил 13 август куни тахминан соат 17.40 да алдаш ёки ишончни суиистеъмол қилиш йўли билан ўзганинг мулкини талон-торож қилиш мақсадида пойтахтдаги савдо мажмуасига бориб, телефон аппаратлари сотиш билан шуғулланувчи дўконга киради. Васила телефонларни бироз томоша қилиб туради. У сотувчидан “Samsung S22” телефон аппаратини кўрсатишни сўрайди. Сотувчи ёрдамчисига сўраётган телефон аппаратини мижозга кўрсатишни айтади. Васила телефонни у ёқ бу ёғини айлантириб кўргандай бўлади. Шундан сўнг телефонни қувватловчи USB симини кўрсатишни сўради. Уни ҳам ушлаб кўради. Вақт пойлаб телефонни қўлига оладию пулини тўламай жуфтакни ростлайди…

Сотувчилар ҳозиргина чиқиб кетган кишининг пулини тўламай телефон аппаратини олиб чиқиб кетишганини пайқаб, дўконга ўрнатилган видеокамерани орқага қайтариб кўришадики, аёл киши телефон аппаратини улар чалғиганидан фойдаланиб олиб кетганлиги маълум бўлди ва дарҳол 102 га хабар беришди. Судда маълум бўлишича,  Васила олиб кетган телефон аппаратини “Малика” бозорига олиб бориб, нотаниш бўлган эркак кишига 250 АҚШ долларига сотиб юборади.

Васила орадан уч ой ўтиб 2023 йил 20 ноябрь куни пойтахтда иккинчи жиноятини амалга оширади. Тилла тақинчоқлар билан савдо қилувчи дўкон. Соат 15лар атрофи. Васила ўғли билан тилла растасига яқинлашди ва ўзида бўлган 30 грамлик тилласини сотмоқчилигини билдиради. Сотувчи тиллани ўлчаб кўриб бир грамини 410.000 сўмдан сотиб олишлигини айтади.Ва ўзи билан савдо қилувчи жиянига телефон қилиб тилла сотиш учун бир аёл ташриф буюрганини, 12 миллион 300 минг сўм пул олиб келишини айтади. Орадан бир оз вақт ўтиб жиян айтилган пулни олиб келади. Василани хийласини  қарангки, пулларни санаб олиб, ташқарига чиқиб кетади, телефонда аллакимлар билан гаплашиб, бир фурсат ўтиб яна ўша дўкон сотувчиси олдида пайдо бўлади.  Сотувчига юзланиб укаси пул топганини тилласини қайтариб беришини сўрайди. Наилож сотувчи тилла занжирни қайтариб беради. Шу пайт Васила яна ким биландир телефонда гаплашади, унга пул керак бўлиши мумкинлигини айтиб, сотувчига занжирни кўрсатиб пулни бера қолинг, тиллани сотаман, дея боя саналган 12 миллион 300 минг сўмни олиб, тезда чиқиб кетади.  

Бу орада сотувчининг жияни холасидан мижоз нимага дўконга қайтиб кирганини сўрайди. Холаси бўлган воқеани айтиб беради. Жиян холасидан тиллани кўрсатишини сўрайди. Кўришдики, мижоз сотувчига тилла деб бошқа сохта занжирни бериб кетган экан. Уни грамини ўлчаб кўришганида 30 эмас, 25 грамм чиқади. Сотувчи 12 миллион сўм пулидан ва ҳақиқий тилла занжирдан айрилган эди. Шу воқеадан сўнг улар ҳам ички ишларга мурожаат қилишдан бошқа иложлари қолмади.

Судланувчи В.Набижонованинг айби қисман иқрорлик билдириб берган кўрсатувларидан ташқари жабрланувчилар кўрсатувлари, юзлаштириш баённомалари, нарсани қабул қилиб олиш ва кўздан кечириш баённомаси, экспертиза хулосаси, ашёвий далил деб эътироф этиш қарори ҳамда бошқа объектив далиллар йиғиндиси билан ўз тасдиғини тўлиқ топади.

Суд судланувчини Жиноят кодекси 168-моддаси 3-қисмининг “б” бандида назарда тутилган жиноятни содир этганликда айбли деб топиб, унга шу модда билан Жиноят кодекси 57, 59, 61-моддаларига асосан жиноятлар мажмуи бўйича мазкур ҳукм билан тайинланган жазога жиноят ишлари бўйича Пастдарғом туман судининг 2024 йил 8 октябрдаги ҳукми билан тайинланган жазоларни қўшиш йўли билан базавий ҳисоблаш миқдорининг 200 баравари миқдорида, яъни 68.000.000 сўм жарима ва 5 йил 11 ой озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинлади.

Фарҳод Ҳикматуллаев,
Жиноят ишлари бўйича Сирғали тумани суди раиси

ФУҚАРОЛИК ВА ОИЛА ҲУҚУҚИ МАВЗУСИДА МАСТЕР КЛАСС

Фуқаролик ишлари бўйича Миробод туманлараро суди судьяси А.Ҳайитова Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги академиясида фуқаролик ва оила ҳуқуқи ҳамда ушбу соҳаларда қонунчиликка киритилган сўнгги ўзгартиришлар юзасидан мастер класс ўтиб берди.

Академиянинг “Фуқаролик ва оила ҳуқуқий фанлар” кафедраси ташаббуси билан ташкил қилинган ушбу жараёнда амалиётчи мутахассис сифатида жалб қилинган судья томонидан академиянинг 124-125-гуруҳ курсантларига фуқаролик ва оилавий муносабатлар, уларнинг вужудга келиши ва бекор бўлиши асослари, субъектларининг ҳуқуқ ва мажбуриятлари ҳамда уларнинг фаолиятида муносабатларнинг намоён бўлиши билан боғлиқ ҳолатларни амалий мисоллар билан тушунтириб берди.

Шунингдек, маърузачи оилавий (маиший) зўравонлик, унинг асосида никоҳдан ажратиш ишларида қонунчиликдаги сўнгги ўзгаришлар ва уларни амалиётда қўллаш билан боғлиқ масалалар юзасидан атрофлича тушунтириш бериб ўтди.

Қизғин баҳс-мунозара ва тортишувлар билан ўтган мастер классда курсантлар мавзу юзасидан ўзларини қизиқтирган турли саволларга тўлиқ жавоб олишди.

Skip to content