Қидирув:

АМАЛИЙ ҚЎЛЛАНМА ЛОЙИҲАСИ МУҲОКАМА ЭТИЛДИ

БМТнинг Жиноятчилик ва наркотиклар бўйича ҳудудий бошқармаси ташаббуси билан одам савдосига қарши курашиш бўйича амалий қўлланма ишлаб чиқиш мақсадида ташкил қилинган ишчи гуруҳнинг навбатдаги сайёр йиғилиши бўлиб ўтди. Унда Олий суд судья ва ходимлари, Судьялар олий кенгаши аъзолари, Судьялар олий мактаби ходимлари, халқаро ва миллий экспертлар иштирок этмоқда.

 

Тадбирнинг бош мақсади одам савдосига қарши курашиш учун масъул бўлган ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ходимлари ва судьялар томонидан амалиётда қўллаш учун қўлланма ишлаб чиқишдан иборат.

 

Қўлланмада одам савдоси билан боғлиқ ҳолатлар юзасидан терговга қадар текширув ўтказиш, молиявий тергов, халқаро ҳамкорлик, прокурор назорати, давлат айбловини қувватлаш ва суд муҳокамасининг ўзига хос хусусиятларини ҳалқаро ҳужжатлар ва миллий қонунчилик асосида ёритиш кўзда тутилган.

 

Тадбир якунига кўра, қўлланманинг якуний лойиҳаси тайёрланиб, халқаро экспертларга тақдим этиш режалаштирилган.

“МАЪМУРИЙ-ПРОЦЕССУАЛ  ҚОНУНЧИЛИГИНИНГ АҲАМИЯТИ ВА СУД-ҲУҚУҚ ИСЛОҲОТЛАРДАГИ ЎРНИ” МАВЗУСИДА МУЛОҚОТ

Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университети қошидаги Юридик клиниканинг суд мажлислари аудиториясида “Маъмурий-процессуал қонунчилигининг аҳамияти ва суд-ҳуқуқ ислоҳотлардаги ўрни” мавзусида мулоқот бўлиб ўтди.

Тадбирда Тошкент шаҳар маъмурий суди судьяси А. Хожиев, Тошкент туманлараро маъмурий суди судьяси Ш. Ниязов ҳамда талабаларга маъмурий судлов процесси тўғрисидаги миллий қонунчиликнинг мазмун-моҳияти, маъмурий судлов ва фуқаролик процессларининг қиёсий омилларига оид маҳорат дарсини ўтишди.

«Инсон ҳуқуқлари ҳафталиги» доирасида ЖИДУ проректори О. Юсуфжонов, профессор ўқитувчилар И. Хамедов, З. Убайдуллаев ва талабалар иштирокида ўтказилган мулоқот қизғин муҳокама, баҳс ва таҳлилларга бой бўлди.

“ИНСОН ҲУҚУҚЛАРИ ҲАФТАЛИГИ”ДА СУДЬЯЛАР ТАЛАБА ЁШЛАР БИЛАН МУЛОҚОТДА БЎЛДИ

Жиноят ишлари бўйича Олмазор туман суди томонидан Ислом Каримов номидаги Тошкент давлат техника университетида “Инсон ҳуқуқлари” ва “Кибержиноятчиликка қарши кураш” мавзуларида давра суҳбати ўтказилди. Бу ҳақда Тошкент шаҳар суди матбуот хизмати хабар қилди.

 

Унда университетдаги Ёшлар масалалари ва маънавий-маърифий ишлар бўйича биринчи проректор М. Атамуратов, ИИБ киберхавфсизлик маркази масъул ходимлари, университет профилактика инспекторлари, декан муовинлари, тюторлар ҳамда 120 нафар талаба ёшлар иштирок этишди.

 

Учрашувда сўзга чиқққан проректор “Халқимизда тақиллатилган эшик очилмай қолмас”, деган нақл бор. Ниманидир талаб қилсангиз, у етиб боради. Биз инсон ҳуқуқлари соҳасидаги таълим масаласини жуда кўп марта гапирдик, “нега Ўзбекистонда инсон ҳуқуқлари университетлари йўқ, ҳатто ривожланган мамлакатларда ўрта мактаб дарсликларида ҳам бор, бизда нега бундай?”, деган катта чиқишлар қилдик. Ниҳоят 7 февралда Президентнинг инсон ҳуқуқлари соҳасида фундаментал таълимни ташкил қилиш бўйича қарори чиқди, – дея қарор бўйича мутасадди ташкилотлар йўналиш олиб бориб, бу нарса Ўзбекистонда жорий этилиши ва бу жудаям муҳимлиги ҳақида гапириб ўтди.

— Биз инсон ҳуқуқлари билан шуғулланар эканмиз, биринчи навбатда тадқиқотларимиз бўлиши керак. Айтайлик, Омбудсман, Миллий марказ – уларнинг йиллик ҳисоботлари бўлиши ва уларда реал вазият акс этиши керак. Баландпарвоз гапларни айтиб юриш мумкин, лекин асл ҳақиқатни ҳаётнинг ўзи кўрсатиб қўяди. Диний эркинлик, сўз эркинлиги билан боғлиқ масалалар бор. Буларнинг ҳаммаси ўша ҳисоботларда акс этиши лозим, — деди жиноят ишлари бўйича Олмазор туман судининг судьяси Хуршид Содиқов.

ИИБ киберхавфсизлик маркази масъул ходими ҳам йиғилганларга асримизнинг глобал муаммолари қаторига янгидан-янги кибержиноятчилик кириб келганига ҳам анча бўлганлиги, унинг бизга маълум бўлган вирусли дастурларни тарқатиш, паролларни бузиб кириш, кредит карта ва бошқа банк реквизитларидаги маблағларни ўзлаштириш талон-торож қилиш, шунингдек, интернет орқали қонунга зид ахборотлар, хусусан, бўхтон, маънавий бузуқ маълумотларни тарқатиш билан башарият ҳаётига катта хавф солаётганилиги ҳақида огоҳлантирди.

 

Тадбир сўнгида талабалар ўзларини қизиқтирган саволларига соҳа мутахасисларидан атрофлича жавоблар олишди.

“ИНСОН ҲУҚУҚЛАРИ ҲАФТАЛИГИ”ДА СУДЬЯ ВА ТАЛАБА ЁШЛАР УЧРАШДИ

Жиноят ишлари бўйича М. Улуғбек туман суди судьялари Санжар Абдуганиев ва Музаффар Кукиев ҳафталик доирасида ўтган тадбирда инсоннинг асосий ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш ислоҳотларнинг ўзаги ҳисобланиши хусусида тўхталди…

Жиноят ишлари бўйича М. Улуғбек туман суди судьялари Санжар Абдуганиев ва Музаффар Кукиев “Инсон ҳуқуқлари ҳафталиги” доирасида Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия универститетининг ўқитувчилари ва 75 нафар талаба билан учрашди. 

Давра суҳбатини Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университетининг Ёшлар масалалари ва маънавий-маърифий ишлар бўйича биринчи проректори О. Юсуфжонов очиб берди. Кун тартибидан эса “Инсон ҳуқуқлари – олий қадрият” ҳамда “Судья ва ёшлар” мавзулари ўрин олди.

 

Судья Санжар Абдуганиев ўз сўзида Ўзбекистон Республикасида барча тенг ҳуқуқ ва мажбуриятга эгалиги, инсоннинг асосий ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш Ўзбекистондаги ислоҳотларнинг ўзаги ҳисобланиши хусусида тўхталди.

 

— Айниқса, инсон ҳуқуқларини таъминлаш борасидаги ислоҳотлар бевосита 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича “Ҳаракатлар стратегияси” билан чамбарчас боғлиқ. Мазкур тарихий ҳужжат доирасида қонун устуворлигига эришиш, суд-ҳуқуқ тизимини такомиллаштириш, жазо турларини либераллаштириш, қийноқларнинг олдини олиш, гендер тенглигини, шунингдек, очиқлик ва шаффофликни таъминлаш, сўз эркинлигини мустаҳкамлаш, қолаверса, инсонпарварлик тамойили асосида йўлдан адашганларга яна бир имкон бериш ҳамда уларни жамиятга мослаштириш борасида салмоқли ишлар амалга оширилди.

 

2020 йилда Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикасининг Миллий стратегияси қабул қилингани ҳам инсон ҳуқуқларини таъминлаш борасида қўйилган муҳим қадамлардан бири бўлди, – дейди судья Санжар Абдуганиев.

Жиноят ишлари бўйича М. Улуғбек туман суди судьяси Музаффар Кукиев эса Миллий стратегиянинг 58-бандида қийноқларнинг олдини олиш бўйича институционал механизмларни такомиллаштириш масаласи белгилангани ҳақида сўз юритди.

— Ушбу банд ижросига тўхталадиган бўлсам, давлат раҳбарининг 2021 йил 26 июндаги “Қийноққа солиш ҳолатларини аниқлаш ва уларнинг олдини олиш тизимини такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори билан қийноққа солиш ҳолатларини аниқлаш ва уларнинг олдини олиш тизимини халқаро ҳуқуқнинг инсон ҳуқуқлари соҳасидаги умумэътироф этилган принциплари ва нормаларига мувофиқлаштириш, қийноққа солиш ҳолатлари тўғрисидаги мурожаатларнинг тезкор ва холисона кўриб чиқилиши ҳамда айбдор шахсларнинг муқаррар жавобгарликка тортилиши механизмини такомиллаштириш, қийноққа солишдан жабрланганларга ижтимоий, ҳуқуқий, психологик ва тиббий ёрдам кўрсатилишини ҳамда уларга етказилган зарарнинг компенсация қилинишини таъминлаш, қийноққа солиш ҳолатларини аниқлаш ва уларнинг олдини олиш фаолиятига фуқаролик жамияти институтларини кенг жалб этиш каби масалалар устувор йўналишлар сифатида белгиланди ва Омбудсман ҳузуридаги миллий превентив механизм (МПМ) фаолияти янада такомиллаштирилди.

 

Жумладан, Омбудсман ҳузуридаги эксперт гуруҳи негизида Омбудсман ҳузуридаги Қийноқ ҳолатларини аниқлаш ва уларнинг олдини олиш бўйича жамоатчилик гуруҳлари ташкил қилинди.

 

Улар зиммасига қийноққа солиш ҳолатларини аниқлаш ҳамда уларни тезкор бартараф этиш бўйича талабномаларни тегишли давлат органига тақдим қилиш, қийноққа солиш ҳолатлари тўғрисидаги мурожаатларни кўриб чиқишда иштирок этиш каби вазифалар юклатилди, – дейди 2021 йил давомида Омбудсман ва унинг ҳузуридаги жамоатчилик гуруҳлари томонидан ҳаракатланиш эркинлиги чекланган шахслар сақланадиган жойларга 177 маротаба, 2022 йилнинг биринчи ярим йиллигида эса 156 маротаба мониторинг ташрифлари амалга оширилганини қайд этган судья.

Учрашув якунида талабаларнинг соҳага оид саволларига мутахассислар томонидан жавоблар берилиб, бундай учрашувларни мунтазам олиб боришга келишиб олинди.

 

Тадбирда университет ўқитувчилари ва талабалар ҳам ўз фикр-мулоҳазаларини билдирдилар. Шунингдек, университетининг алоҳида ташкил этилган суд залида талаблар учун сайёр суд мажлислари ўтказилди.

АЛИМЕНТ ТЎЛАМАСЛИК УЧУН ҚИЛИНАЁТГАН ҲАРАКАТНИ ҚАНДАЙ ИСБОТЛАШ МУМКИН?

— Эрим билан ажрашяпмиз. У икки болага алимент тўламаслик учун судга болалардан бирини унинг тарбиясига олиб беришларини сўраб ариза берибди. Алимент тўламаслик учун шундай қилаётганини қандай исботлашим мумкин?

Исми сир тутилди

Шаҳноза Ибрагимова, фуқаролик ишлари бўйича Яккасарой туманлараро суди судьяси:


— Конституциянинг 44 -моддасига асосан, ҳар бир шахсга ўз ҳуқуқ ва эркинликларини суд орқали ҳимоя қилиш, давлат органлари, мансабдор шахслар, жамоат бирлашмаларининг ғайриқонуний хатти-ҳаракатлари устидан судга шикоят қилиш ҳуқуқи кафолатланади.


Оила кодексининг 75-моддасига асосан ота-оналик ҳуқуқи болалар манфаатларига зид тарзда амалга оширилиши мумкин эмас. Болалар манфаатларини таъминлаш ота-она ғамхўрлигининг асосини ташкил қилиши лозим.


Ота-оналик ҳуқуқини амалга оширишда ота-она болаларининг жисмоний ва руҳий соғлиғига, ахлоқий камолотига зарар етказишга ҳақли эмас. Болаларни тарбиялаш усуллари менсимаслик, шафқатсизлик, қўполликдан, инсоний қадр-қимматни камситувчи муомаладан, болаларни ҳақоратлаш ёки эксплуатация қилишдан холи бўлиши керак.


Ўз ота-оналик ҳуқуқини болаларининг ҳуқуқ ва манфаатларига зид тарзда амалга ошираётган ота-она қонунда белгиланган тартибда жавобгар бўлади.
Болаларнинг таълим-тарбиясига тааллуқли барча масалалар болалар манфаатидан келиб чиққан ва уларнинг фикрини ҳисобга олган ҳолда ота-она томонидан ўзаро келишув асосида ҳал этилади. Агар ота-она ўртасида келишмовчиликлар мавжуд бўлса, улар (улардан бири) бу келишмовчиликларни ҳал қилиш учун васийлик ва ҳомийлик органига ёки судга мурожаат қилишга ҳақлидир.


Ота-она алоҳида яшаганда болаларнинг қаерда яшаши ота-онанинг келишувига биноан белгиланади. Ота-она ўртасида келишув бўлмаса, низо суд томонидан болалар манфаатларидан келиб чиқиб, уларнинг фикрини ҳисобга олган ҳолда ҳал этилади. Бунда суд, боланинг ота-онадан, ака-ука, опа-сингилларидан қайси бирига боғланиб қолганлигини, боланинг ёшини, ота-онасининг ахлоқий ва бошқа шахсий фазилатларини, ота-онанинг ҳар бири билан бола ўртасидаги муносабатларни, болани тарбиялаш ва унинг камолоти учун шарт-шароитлар (ота-онасининг машғулот тури, иш тартиби, моддий ҳамда оилавий аҳволи ва бошқалар) яратиш имкониятини ҳисобга олади.


Мазкур кодекснинг 76-моддасида боладан алоҳида яшаётган ота (она)нинг ота-оналик ҳуқуқини амалга ошириши белгиланган бўлиб, унга кўра, боладан алоҳида яшаётган ота (она) бола билан кўришиш, унинг тарбиясида иштирок этиш ва таълим олиши масаласини ҳал этишда қатнашиш ҳуқуқига эга.


Бола билан бирга яшаётган ота (она) боланинг она (ота)си билан кўришишига, агар бундай кўришиш боланинг жисмоний ва руҳий соғлиғига, ахлоқий камолотига зарар келтирмаса, қаршилик қилмаслиги керак.
Ота-она боладан алоҳида яшайдиган ота (она)нинг ота-оналик ҳуқуқларини амалга ошириш тартиби тўғрисида ёзма равишда келишув тузишга ҳақлидир.

 

Агар ота-она келиша олмасалар, низо ота-она (ёки улардан бири)нинг талабига биноан суд томонидан васийлик ва ҳомийлик органи иштирокида ҳал қилинади. Суднинг ҳал қилув қарори бажарилмаганда айбдор ота-онага нисбатан қонунчиликда назарда тутилган чоралар қўлланилади. Суднинг ҳал қилув қарори қасддан бажарилмаган тақдирда суд боладан алоҳида яшаётган ота (она)нинг талабига биноан бола манфаатларини ва унинг фикрини ҳисобга олган ҳолда болани унга бериш тўғрисида ҳал қилув қарори чиқариши мумкин.

 

Боладан алоҳида яшаётган ота (она) тарбия, даволаш, аҳолини ижтимоий ҳимоялаш муассасалари ва бошқа шунга ўхшаш муассасалардан ўз боласи тўғрисида ахборот олиш ҳуқуқига эга. Ота (она) томонидан боланинг ҳаёти ва соғлиғи учун хавф-хатар бўлгандагина, уларга ахборот бериш рад этилиши мумкин. Ахборот беришнинг рад этилиши устидан суд тартибида шикоят:

 

• Олий суди Пленумининг “Судлар томонидан вояга етмаган ва вояга етган меҳнатга лаёқатсиз болалар таъминота учун алимент ундиришга оид ишлар бўйича қонунчиликни қўллаш амалиёти тўғрисида”ги Қарориинг 17-бандига кўра агар суднинг бола таъминоти учун алимент ундириш ҳақидаги ҳал қилув қарори ёки буйруғи ижро этилиши вақтида бола алимент тўлаётган ота(она)нинг тарбияси ва қармоғига ўтган бўлса, ундирувчи эса, алимент олишдан воз кечмаган бўлса, кейинги тўланадиган алиментдан озод қилиш масаласи ота(она) томонидан тегишли тартибида қўзғатилган даъво асосида суд томонидан ҳал этилишига;

 

• агар ундирувчи юқорида қайд этилган ҳолатларда алиментдан воз кечса, ижро иш юритуви “Суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро этиш тўғрисида”ги Қонуннинг 37-моддаси 2-қисмини 1-бандига асосан тугатилиши лозимлигига судларнинг эътибори қаратилиши белгиланган.

Турмуш ўртоғингизни фарзандлардан бирини ўзининг тарбиясига олиб бериш ҳақидаги даъво аризаси билан судга мурожаат этиши болалардан бирини унинг тарбиясига олиб берилиши дегани эмас.

 

Суд фарзандларнинг ёшини инобатга олган ҳолда унинг фикрини, тарафларнинг яшаш шароити, моддий ахволини, шахсий фазилатларини, фарзандларни опа сингил, ака ука эканлигини, уларни бир-биридан ажратиб бўлмаслик ҳолатларини эътиборга олган ҳолдагина фарзандларни ота онадан бирининг тарбиясига олиб бериши мумкин.


Бундан ташқари, Фуқаролик процесуал кодексининг 72-моддасига аосан суд қандай ҳолатлар иш учун аҳамиятга эга эканлигини, уларни тарафлардан қайси бири исботлаши кераклигини аниқлайди, ҳатто тарафлар бу ҳолатларни далил қилиб келтирмаган бўлса ҳам уларни муҳокамага қўяди.


Далиллар тарафлар ва ишда иштирок этувчи бошқа шахслар томонидан тақдим этилади. Суд уларга қўшимча далиллар тақдим қилишни таклиф этиши мумкин. Агар қўшимча далиллар тақдим этиш тарафлар ва ишда иштирок этувчи бошқа шахслар учун қийинчилик туғдирса, уларга суд далиллар тўплашда уларнинг илтимосномасига кўра кўмаклашади.


Юқоридаги қонун талабларини инобатга олиб, сизнинг вазиятингизда агарда суд турмуш ўртоғинигизнинг даъво талабларини қаноатлантиришни лозим деб топса, у алимент ундиришдан озод қилиш тўғрисидаги даъво талаби билан судга мурожаат этиш ҳуқуқига эга.

ЧЕТ ЭЛ ФУҚАРОСИ БИЛАН НИКОҲДАН АЖРАТИШ ТАРТИБИ ҚАНДАЙ?

— Жиянимнинг эри Туркманистон фуқароси. Бир нафар фарзанди бор. Эри Россияга ишлагани кетганича йўқ, на қўнғироқ қилади ва на хабар олади. Ота-онаси ҳам ўғлининг қаерда эканини билишмас эмиш. Жияним ажрашмоқчи, лекин “Туркманистонда никоҳдан ўтган бўлсангиз, ўша ерга бориб ажрашинг”, деган жавобни олди. Ёш боласи билан қандай боради?

Исми сир тутилди

Фарҳод Шарипов, фуқаролик ишлари бўйича Яккасарой туманлараро суди судьяси:


— Ўзбекистон Республикаси оила тўғрисидаги қонунчилик Оила кодексдан ҳамда унга мувофиқ қабул қилинадиган бошқа қонунчилик ҳужжатларидан иборат.


Никоҳнинг тугатилиш асослари Оила кодексининг 37-моддасида белгиланган бўлиб, унга асосан эр-хотиндан бирининг вафоти ёки суд улардан бирини вафот этган деб эълон қилиши оқибатида никоҳ тугайди. Шунингдек, никоҳ эр-хотиндан бири ёки ҳар иккаласининг аризасига мувофиқ никоҳдан ажратиш йўли билан, шунингдек суд томонидан муомалага лаёқатсиз деб топилган эр ёки хотиннинг васийси берган аризага мувофиқ тугатилиши мумкин.


Ушбу кодекснинг 38-моддасига мувофиқ никоҳдан ажратиш суд тартибида, ушбу Кодекснинг 42 ва 43-моддаларида назарда тутилган ҳолларда эса фуқаролик ҳолати далолатномаларини қайд этиш органларида амалга оширилади.


Кодекснинг 42-моддага мувофиқ вояга етмаган болалари бўлмаган эр-хотин никоҳдан ажратишга ўзаро рози бўлсалар, улар никоҳдан фуқаролик ҳолати далолатномаларини қайд этиш органларида ажратилади.


Эр-хотин ўртасида меҳнатга лаёқатсиз муҳтож эр ёки хотинга моддий таъминот бериш тўғрисида ёки уларнинг биргаликдаги умумий мулки бўлган мол-мулкни бўлиш тўғрисида низо бўлган тақдирда эр-хотин ёки улардан бири никоҳдан ажратиш тўғрисидаги ариза билан судга мурожаат этишга ҳақли.

 

Кодекснинг 43-моддасига кўра, агар эр-хотиндан бири:


• суд томонидан бедарак йўқолган деб топилган бўлса;


• суд томонидан руҳияти бузилиши (руҳий касаллиги ёки ақли заифлиги) сабабли муомалага лаёқатсиз деб топилган бўлса;


• содир қилган жинояти учун уч йилдан кам бўлмаган муддатга озодликдан маҳрум қилинган бўлса, ўртада вояга етмаган болалари борлигидан қатъи назар, эр-хотиндан бирининг аризасига кўра улар фуқаролик ҳолати далолатномаларини қайд этиш органларида никоҳдан ажратилади.

Агар болалар ҳақида эр-хотиннинг биргаликдаги умумий мол-мулкини бўлиш ҳақида ёки ёрдамга муҳтож, меҳнатга лаёқатсиз эр (хотин)га таъминот бериш учун маблағ тўлаш ҳақида низо мавжуд бўлса, улар никоҳдан суд тартибида ажратилади.


Чет эл фуқаролари ҳамда фуқаролиги бўлмаган шахсларнинг оилавий муносабатлардаги ҳуқуқ ва мажбуриятлари Ўзбекистон Республикаси Оила кодекси 234-моддасида белгиланган. Унга асосан Ўзбекистон Республикасида доимий яшаб турган чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахслар унинг ҳудудида оилавий муносабатларда Ўзбекистон Республикаси фуқаролари билан тенг ҳуқуқлардан фойдаланадилар ва тенг мажбуриятларга эга бўладилар.


Ушбу Кодекснинг 235-моддасига асосан Ўзбекистон Республикаси ҳудудидан ташқарида, бошқа давлат ҳудудида ўша давлатнинг қонунчилигига риоя қилинган ҳолда Ўзбекистон Республикаси фуқаролари ўртасида тузилган ҳамда Ўзбекистон Республикаси фуқаролари билан чет эл фуқаролари ёки фуқаролиги бўлмаган шахслар ўртасида тузилган никоҳлар, агар ушбу Кодекснинг 16-моддасида назарда тутилган никоҳ тузишга монелик қиладиган ҳолатлар бўлмаса, Ўзбекистон Республикасида ҳақиқий деб эътироф этилади.


Ўзбекистон Республикасидан ташқарида чет эл фуқаролари ўртасида бошқа давлат ҳудудида ўша давлатнинг қонунчилигига риоя қилинган ҳолда тузилган никоҳлар Ўзбекистон Республикасида ҳақиқий деб эътироф этилади.


Мазкур Кодекснинг 236-моддасига мувофиқ Ўзбекистон Республикаси ҳудудида Ўзбекистон Республикаси фуқаролари билан чет эл фуқаролари ёки фуқаролиги бўлмаган шахслар ўртасидаги, шунингдек чет эл фуқаролари ўртасидаги никоҳдан ажратиш Ўзбекистон Республикаси қонунчилигига мувофиқ амалга оширилади.

 

Ўзбекистон Республикаси ҳудудидан ташқарида яшаб турган Ўзбекистон Республикасининг фуқароси Ўзбекистон Республикаси ҳудудидан ташқарида яшаб турган эри (хотини) билан тузилган никоҳдан, мазкур шахс қайси давлат фуқароси эканлигидан қатъи назар, Ўзбекистон Республикаси судида ажралишга ҳақлидир.


Ўзбекистон Республикаси қонунчилигига биноан фуқаролик ҳолати далолатномаларини ёзиш органларида никоҳдан ажралиш мумкин бўлган ҳолларда бундай никоҳдан ажралиш Ўзбекистон Республикасининг дипломатик ваколатхоналарида ёки консуллик муассасаларида амалга оширилиши мумкин.
Ўзбекистон Республикаси фуқаролари билан чет эл фуқаролари ёки фуқаролиги бўлмаган шахслар ўртасидаги никоҳдан ажратиш Ўзбекистон Республикаси ҳудудидан ташқарида тегишли чет эл давлатининг қонунчилигига риоя этилган ҳолда амалга оширилган бўлса, Ўзбекистон Республикасида ҳақиқий деб эътироф этилади.


Ўзбекистон Республикаси ҳудудидан ташқарида чет эл фуқаролари ўртасидаги никоҳдан ажратиш тегишли чет эл давлатининг қонунчилигига риоя этилган ҳолда амалга оширилган бўлса, Ўзбекистон Республикасида ҳақиқий деб эътироф этилади.
Ўзбекистон Республикаси Оила кодекснинг 40-моддасига асосан никоҳдан ажратиш тўғрисидаги ишлар суд томонидан Фуқаролик процессуал кодексида даъво ишларини ҳал қилиш учун белгиланган тартибда кўриб чиқилади.


Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик процессуал кодексининг 33-моддасига асосан “Судловга тегишлиликнинг умумий қоидалари” аризалар жавобгар доимий яшаб турган ёки доимий машғул бўлган жойдаги судга берилади. Ташкилотларга нисбатан аризалар улар давлат рўйхатидан ўтган жойдаги судга берилади.


Даъвогарнинг танлови бўйича судловга тегишлилик ушбу кодекснинг 34-моддасида бергиланган бўлиб, унга кўра, яшаш жойи номаълум бўлган жавобгарга нисбатан даъволар унинг мол-мулки турган жойдаги ёки унинг маълум бўлган сўнгги яшаган жойидаги судга тақдим этилиши мумкин.
Ўзбекистон Республикасида яшаш жойига эга бўлмаган жавобгарга нисбатан даъволар Ўзбекистон Республикасида унинг мол-мулки турган жойдаги ёки маълум бўлган сўнгги яшаш жойидаги судга тақдим этилиши мумкин.
Алимент ундириш тўғрисидаги, оталикни белгилаш ҳақидаги ва майиб бўлганлик ёки соғлиққа бошқача тарзда шикаст етганлик ёхуд боқувчисининг ўлими натижасида кўрилган зарар ўрнини қоплаш тўғрисидаги даъволар даъвогар томонидан ўзи яшаб турган жойдаги судга ҳам тақдим этилиши мумкин.


Агар даъвогарнинг вояга етмаган болалари борлиги, шунингдек ногиронлиги ёки оғир касаллиги туфайли у жавобгар яшаб турган жойидаги фуқаролик ишлари бўйича туманлараро, туман (шаҳар) судига боришга қийналса, никоҳни бекор қилиш тўғрисидаги даъволар даъвогарнинг яшайдиган жойидаги судга тақдим этилиши мумкин. Бедарак йўқолган деб ёхуд руҳий ҳолати бузилганлиги сабабли муомалага лаёқатсиз деб топилган шахслар, шунингдек уч йилдан кам бўлмаган муддатга озодликдан маҳрум этишга ҳукм қилинган шахслар билан никоҳни бекор қилиш тўғрисидаги даъволар даъвогарнинг хоҳишига кўра ўз яшаш жойидаги судда кўрилиши мумкин.

«ЭРИМ ЎЛДИ, УНДАН УЙ ҚОЛГАН»: ТОШКЕНТДА АЁЛ 10 ДАН ОРТИҚ ОДАМНИ ЧУВ ТУШИРДИ

Хотин-қизлар бугунги кунда халқ хўжалигининг барча соҳаларида меҳнат қилиб, олқиш олишяпти. Бири ўқитувчи, ошпаз, олима, бошқаси эса тикувчи, шифокор, депутат. Уларни биз уй бекаси, фариштаси, дея эъзозлаймиз. Аммо баъзида аёллик шаънига доғ тушираётганлар ҳам учраб турибди.

 

Пойтахтимизда яшовчи Соҳиба Салимова (исм-фамилиялар ўзгартирилган) қирқ ёшда. Муқаддам фирибгарлик ва бошқа жиноятларни содир этганлиги учун хавфли рецидивист, деб топилган.

 

У “эски ҳунар”ини давом эттириб, қариндошини ҳам чув туширади. Яъни, ўзганинг мулкини қўлга киритиш мақсадида ишни ёлғон тўқишдан бошлайди. 

 

– Эрим вафот этди. Турмуш ўртоғимнинг номидаги барча мол-мулкни ўзимнинг номимга ўтказиб олмоқчиман, – дейди у таниш аёлга. – Эримнинг номида Сергелида 140 000 АҚШ долларига тенг банк уйи бор. Биласиз, ушбу уй бўйича судга даъво ариза киритиш учун давлат божи тўлаш керак. Адвокат ёллаш, коммунал тўловлар бор. Ҳаммасига харажат кетади. Агар сиз пул бериб турсангиз банк уйини бир ойда сотиб, икки хонали уй олиб бераман.

 

Қариндош аёл Соҳиба Салимованинг гапига ишонади ва ўзининг ҳамда ўғлининг номига кредит ташкилотидан ҳар хил турдаги телевизор ва уяли телефонларни олади. Уйни тезроқ номига ўтказиб олсин, дея телевизорлар ва уяли телефонларни, яна 320 АҚШ долларни иккиланмасдан Соҳибанинг қўлига тутқазади. Орадан вақт ўтади. Бироқ Соҳиба ваъдасида турмайди. Қисқаси, у қариндошига 88 миллон сўм зарар етказади.

 

Алдашга уста бўлиб кетган Соҳиба Салимова шундай ёлғон гап­лари билан яна 11 нафар фуқарони чув туширади. Уларнинг биридан 213 850 577 сўм, иккинчисидан 10 миллион сўмликдан зиёд телевизорлар ҳамда уяли телефонларни алдаб олган… Рўйхатни яна давом эттириш мумкин.

 

Суд давлат айбланувчисининг хулосасини, ҳимоячининг фик­рини, судланувчи, жабрланувчи ва гувоҳларнинг кўрсатувларини тинглаб, жиноят иши ҳужжатларини ўрганиб чиқди. Судда Соҳиба Салимова 6 йил 3 ойга озодликдан маҳрум этилди.

 

Агар у тўғри юриб, ҳалол ишлаганида қўлига кишан эмас, гул тутиларди.

 

Ҳусанбой ПАРПИЕВ,

жиноят ишлари бўйича

 Яккасарой туман судининг судьяси

«ЭРИМ БОШҚАСИГА УЙЛАНИБ ОЛГАН, КАМИГА МЕНИ АЛИМЕНТГА ҲАМ БЕРИБДИ…»

— Эр-хотин Россияда ишлардик. Ўтган йили эрим Тошкентга қайтиб кетди, мен шартномам тугамагани учун қолдим. Яқинда қайтиб келсам, эрим бошқасига уйланиб олган, камига мени алиментга ҳам берибди. Ҳеч нимадан хабарим бўлмагани учун алиментдан қарз бўлганман. Ахир «ЗАГС»имиз бўлса, буни устига алиментга берганини билмаганман, энди нима қилай?

Исми сир тутилди.

Эльвира Хамраева, фуқаролик ишлари бўйича Яккасарой туманлараро судининг раис ўринбосари:

 

— Оила кодексининг 97-моддаси биноан, вояга етмаган болаларига алимент тўлаш ва уларга таъминот беришда ота-онанинг мажбуриятлари тенгдир.
136-моддага биноан, алимент олиш ҳуқуқига эга бўлган шахс, алимент талаб қилиш ҳуқуқи вужудга келганидан сўнг қанча муддат ўтганидан қатъи назар, хоҳлаган вақтда алимент ундириш тўғрисидаги талаб билан судга мурожаат қилишга ҳақлидир.


Алимент судга мурожаат этилган пайтдан бошлаб ундирилади.
Вояга етмаган болаларига таъминот бериш мажбуриятини ихтиёрий равишда бажармаган ота (она)дан суднинг ҳал қилув қарорига ёки суд буйруғига асосан алимент ундирилади.


Агар вояга етмаган болаларига таъминот бериш ҳақида ота-она ўртасида келишув бўлмаса, уларнинг таъминоти учун алимент суд томонидан ота-онанинг ҳар ойдаги иш ҳақи ва (ёки) бошқа даромадининг:


• бир бола учун – тўртдан бир қисми;


• икки бола учун – учдан бир қисми;


• уч ва ундан ортиқ бола учун – ярмиси миқдорида ундирилади.

Шу сабабли, вояга етмаган фарзандлар учун ота-она тенг эканлигини, алимент ундириш бўйича ота-она қонуний никоҳда бўлишининг аҳамияти йўқлигини инобатга олиб, ота болаларининг таъминоти учун онадан алимент ундиришни талаб қилиш ҳуқуқи мавжуд. Агарда сиз алимент тўлаш бўйича низоингиз бўлса, алимент ундириш ҳақидаги суд буйруғи чиқарилган бўлса, мазкур суд буйруғини бекор қилиш ҳақида ҳал қилув қарори чиқарган бўлса, ҳал қилув қарори устидан юқори турувчи судга апелляция шикояти бериш, ёки судга алимент тўлашдан озод қилиш ҳақидаги даъво ариза билан мурожаат этиш ҳуқуқингиз мавжуд.

СУДГА БЕРИШ УЧУН КРЕДИТ ҚАРЗИ ЁПИЛИШИНИ КУТИШ КЕРАКМИ?

— Бир қариндошимнинг кредитига кафил бўлгандим. Уч ойдан бери МИБ кредит қарзини маошимдан ушлаб қоляпти. Қариндошимни тополмаяпман, хорижга чиқиб кетганмиш. Судга бериш учун кредит қарзи ёпилишини кутишим керакми ёки ҳозир берсам ҳам бўладими?

Исми сир тутилди

Абдуқодир Ражабов, фуқаролик ишлари бўйича Шайхонтоҳур туманлараро суди судьяси:


— Авваламбор, амалдаги Фуқаролик кодексининг 292-моддасига кўра, кафиллик шартномаси бўйича кафил бошқа шахс ўз мажбуриятини тўла ёки қисман бажариши учун унинг кредитори олдида жавоб беришни ўз зиммасига олиши белгиланган.


Шунингдек, мазкур Кодекснинг 293-моддасида қарздор кафиллик билан таъминланган мажбуриятни бажармаган ёки лозим даражада бажармаган тақдирда кафил ва қарздор кредитор олдида солидар жавоб берадилар, башарти қонунда ёки кафиллик шартномасида кафилнинг субсидиар жавобгар бўлиши назарда тутилган бўлмаса.

 

Башарти, кафиллик шартномасида бошқача тартиб назарда тутилган бўлмаса, кафил кредитор олдида қарздор билан баравар ҳажмда жавоб беради, шу жумладан фоизлар тўлайди, қарзни ундириб олиш бўйича суд чиқимларини ва қарздор мажбуриятини бажармаганлиги ёки лозим даражада бажармаганлиги туфайли кредитор кўpган бошқа зарарларни тўлайди. Агар кафиллик шартномасида бошқача тартиб назарда тутилган бўлмаса, биргалашиб кафил бўлган шахслар кредитор олдида солидар жавоб берадилар.


Юқоридаги қонун талабларига кўра, тегишли МИБ бўлими томонидан қариндошингиз томонидан тўланмаган кредит қарздорлиги сиздан (кафил тариқасида) ундирилиш мумкин ва бу ундирув сизнинг ойлик иш ҳақингиздан сақлаб қолиш орқали тўланиши мумкин.
Шунингдек, кафиллик шартномасини тузганлигингиз (яъни имзолаб тасдиқлаганлигингиз) қариндошингиз (қарздор) билан кредитор (қарз берувчи) олдида бир хил мажбуриятни бажаришингизни билдиради.


Бундан ташқари, келгусида кредиторга тўлаган қарздорликни қариндошингиздан исталган вақтда судга даъво ариза бериш орқали суднинг қарорига асосан ундиришингиз мумкин. Бироқ мазкур ҳолатда сизнинг пул маблағини ундириш ҳақидаги талабингизни асосли эканлигини судда исботлашингиз лозим бўлади.

ҲАЙДОВЧИНИНГ БАДАНИГА ШИКАСТ ЕТКАЗГАН ИККИ ПИЁДАГА ҲУКМ ЎҚИЛДИ

Йўлларда пиёда ва машина бошқарувидаги ҳайдовчиларнинг ўзаро “илиқ” муносабатларига тез-тез гувоҳ бўламиз. Гоҳида йўловчи “яшил чироқ пиёданинг ҳаракатланиши учун ёнди” дея ҳотиржам йўлдан ўтишни бошласа, ҳайдовчи тоқатсизлик қилади ва аксинча. Ўзи ва атрофдагиларни ҳурмат қилмайдиган бу каби баъзи пиёда ҳамда ҳайдовчилар орасида тортишув келишиб чиқиши эса уларни суд курсисигача етаклайди. Ана шундай галдаги бетоқатлик ҳар икки тарафга ҳам фойда олиб келмади…

               

Мактаб пайтидан таниш бўлган, шар сотиб тирикчилик қиладиган 2002 йилда туғилган тенгдошлар бир гуруҳ бўлиб, Яккасарой туманида жойлашган бозорнинг автомашиналар қатнайдиган жойида олдиндан таниш бўлмаган фуқаро билан ҳеч бир сабабсиз ўзаро жанжаллашишади.

 

— Ўша куни Муқимий кўчасида жойлашган овқатланиш шаҳобчаси олдида кўришдик, тушлик қилдик. Сўнг шар сотиш мақсадида биргаликда пиёда Яккасарой туманида жойлашган бозорга бордик. Йўлдан ўтиб кетаётган вақтимизда жабрланувчи ўз бошқарувидаги “Нексия-2” русумли автомашинада бизга сигнал чалиб, йўлдан тезроқ ўтишимизни айтди.

 

Шеригим автомашина қатнайдиган йўл юзидан тез ўтиб олди, мен эса секин ўтаётганимда жабрланувчи автомашинани устимга қараб ҳайдамоқчи бўлди. Унинг ҳаракатларидан норози бўлиб, йўлдан ўтиб олганимдан сўнг автомашинанинг орқа томонидан тақиллатиб, “ока, қараворинг”, дедим. Автомашинада яна икки нафар йўловчи ҳам бор эди. Жабрланувчининг ўзи автомашинадан тушиб, “нима гапинг бор?” деганида, чеккага ўтиб, ўзаро гаплашиб олишни билдирдим. У эса гапимга қулоқ солмай, йўлда тураверди. Унинг қўлидан ушлаб, чеккага тортдим. Нима сабабдан устимга автомашинасини ҳайдаб қўрқитмоқчи бўлганини сўраганимда ўртамизда тортишув чиқди. Қўлим билан жабрланувчининг юз қисмига бир маротаба уриб тан жароҳати етказдим.

 

Шеригим бу ҳолатни кўриб турганди. Жабрланувчи олган тан жароҳатидан ерга ётиб қолди ва ўрнидан туриб менга нисбатан ҳақоратомуз сўзларни айтди. Жаҳлим чиқиб, яна қўлим билан урдим. Бу гал ариққа ётиб қолди. Қилмишимдан пушаймонман, жабрланувчидан кечирим сўрайман, унга етказилган моддий зарарни қисман қопладим. Қолган моддий зарарни ишлаб қоплаб бераман, – деди айбига тўлиқ иқрор бўлган судланувчи. Иккинчи судланувчи эса айбига иқрор бўлмади.

Ваҳоларки, у ҳам жабрланувчининг юз қисмига урган.

 

— Судланувчи чеккага тортганида “шу ерда гаплашиб оламиз”, дедим. У бўлса тўсатдан юз қисмимга қўли билан уриб қолди, юзимни қўлларим билан тўсиб олганимда баданимга бир нечта зарба келиб тушди. Шериги ҳам қўли билан бош қисмига уриб, оёқ қисмимга тепди. Шу пайт ҳушимни бироз йўқотиб, ерга ётиб қолдим. Калтак еяётганимни кўриб, автомашинамда ўтирган икки дўстим тушиб, судланувчиларни узоқлаштиришга ҳаракат қилишди.

 

Шунда судланувчилардан бири югуриб келиб, ётган жойимда юз қисмимга оёғи билан тепди. Соғлигим ёмонлашиб, ерда ётавердим.

 

Дўстларим ўрнимдан турғазиб, етказилган тан жароҳатлари юзасидан шошилинч тез тиббий ёрдамга олиб боришди. 3 кун даволандим, воқеа куни ҳеч кимни ҳақоратламаганман. Олган муолажаларим натижасида моддий зарар ва маънавий зиён кўрдим.

 

Даволаниш учун жами 9 059 000 сўм сарф-харажат қилдим. Ҳали яна жарроҳлик амалиётини ўтказишим керак. Бунинг учун қўшимча 3 500 000 сўм сарф-харажат қилишим лозим.

 

Судланувчилар томонидан менга етказилган моддий зарардан суд жараёнида 3 800 000 сўми қопланди.

 

Ҳозирда қопланмай қолган моддий зарар 8 759 000 сўмни ташкил этади, -дейди моддий зарарни ундириб беришни сўраган жабрланувчи.

Жабрланувчига турли даражадаги, яъни бош мия ёпиқ жароҳати ва чайқалиши, бурун суяклари ёпиқ синиши, юмшоқ тўқималари лат ейиши, кўз олди юмшоқ тўқималари қонталаши каби ҳаёт учун хавфли бўлмаган оғирлик даражаси бўйича ўртача оғир тан жароҳатлари етказишган.

 

Суднинг ҳукми билан судланувчилар Жиноят кодексининг 105-моддаси (қасддан баданга ўртача оғир шикаст етказиш) 2-қисми “и” бандида назарда тутилган жиноятни содир этганликда айбли деб топилди. Уларга иш ҳақининг 10 фоизини давлат даромади ҳисобига ушлаб қолган ҳолда 3 йил ахлоқ тузатиш ишлари жазоси тайинланди.

 

Судланувчилардан жабрланувчи фойдасига солидар тартибда 5 259 000 сўм ҳукм қонуний кучга киргач ундирилиши белгиланди. Жабрланувчига қолган етказилган моддий ва маънавий зарарлар юзасидан судланувчиларнинг яшаш манзилидаги туманлараро фуқаролик судига даъво аризаси билан мурожаат қилиш ҳуқуқи борлиги тушунтирилди.

 

Алишер Жалилов,

жиноят ишлари бўйича

Яккасарой туман суди раиси

Skip to content