Қидирув:

Конституцияда шундай дейилган: қонунчиликдаги барча зиддиятлар ва ноаниқликлар инсон фойдасига талқин қилинади

“Конституцияда шундай дейилган” рукни доирасида бу сафар фуқаро билан давлат органларининг ўзаро муносабатларида юзага келадиган қонунчиликдаги барча зиддиятлар ва ноаниқликлар инсон фойдасига талқин қилинади деган норма ҳақида батафсил маълумот беради.

Ҳуқуқий давлатда барча муносабатлар қонун-қоидалар билан тартибга солиниши лозим. Ҳеч бир муносабат ҳуқуқий ечимсиз қолмаслиги шарт. Аммо, ижтимоий муносабатларнинг доираси жуда кенг бўлиб, давлат ва инсон ўртасидаги айрим муносабатларни тартибга солувчи қонунчилик ҳужжатларида ноаниқликлар бўлиши мумкин. Шундай ҳолатларда қонунчиликдаги ноаниқликлар кимнинг фойдасига, қандай тартибда ҳал этилиши ва талқин этилиши муҳим ҳаётий аҳамият касб этади.

Янги Конституциямизнинг 20-моддасида “Инсон билан давлат органларининг ўзаро муносабатларида юзага келадиган қонунчиликдаги барча зиддиятлар ва ноаниқликлар инсон фойдасига талқин қилинади”, деган инсонпарвар қоида мустаҳкамланди.

Мазкур қоидага ўхшаш нормалар Жиноят-процессуал, Божхона, Солиқ кодекслари, шунингдек “Хусусий мулкни ҳимоя қилиш ва мулкдорлар ҳуқуқларининг кафолатлари тўғрисида”ги, “Тадбиркорлик фаолияти эркинлигининг кафолатлари тўғрисида”ги, “Маъмурий тартиб-таомиллар тўғрисида”ги қонунларда ҳам ўз аксини топган бўлиб, амалиётда қонунчиликдаги номувофиқликлар истеъмолчилар, солиқ тўловчилар, тадбиркорлик субъектлари, жиноят процесси иштирокчилари фойдасига талқин этилмоқда.

Эндиликда ушбу қоиданинг Конституцияда мустаҳкамланиши унинг қўлланиш доирасини янада кенгайтиради. Яъни, нафақат жиноят процесси, солиқ ёки тадбиркорлик соҳасида, балки инсон иштирок этиши мумкин бўлган ҳар қандай ижтимоий-ҳуқуқий муносабатларга татбиқ этиш имконини беради.

Давлат ва инсон ўртасида муносабатларни тартибга солувчи қонунчиликдаги ноаниқликлар турли тушунмовчиликларга, инсон ва фуқароларнинг ортиқча оворагарчилигига олиб келади. Масалан, Солиқ кодексининг ўзида муайян бир масала юзасидан турлича норма белгиланган бўлиши ёки тадбиркорликка оид битта қонунда бошқа норма, иккинчи қонунда бошқача норма белгиланган бўлиши мумкин. Бундай номувофиқликни, табиийки, солиқ органи давлат фойдасига, фуқаро эса ўз фойдасига талқин қилинишини хоҳлайди.

Конституцияга киритилган норма эса шундай номувофиқликлар давлат эмас, инсон фойдасига ҳал этилади, деган қатъий нормани аниқ-равшан мустаҳкамлади.

Шунингдек, ҳеч бир давлат органи ёки мансабдор шахс, Конституциядаги мазкур нормани амалга ошириш механизми йўқ ёки бошқа қонунчилик ҳужжатларига ҳали бу принцип киритилмади, деган важ билан ушбу нормани қўллашни инкор этиши мумкин эмас.

Боиси, Конституция олий юридик кучга эга ва тўғридан тўғри амал қилади. Шунингдек, Президентнинг 2023 йил 8 майдаги ПФ–67-сон Фармонида янги таҳрирдаги Конституция нормаларини уларни амалга ошириш учун бошқа қонунчилик ҳужжатларининг мавжуд эмаслиги ёки қонунчиликка Конституцияга мувофиқ ўзгартириш ва қўшимчалар киритилмаганлиги важи билан қўллашни рад этиш қатъиян тақиқланиши белгиланган.

Ушбу принципнинг Конституция даражасида мустаҳкамланиши инсон манфаатлари устунлиги асосида “инсон – жамият – давлат” тамойилини амалга оширишга хизмат қилади.

Жасур Сирожев,

Тошкент шаҳар судининг фуқаролик ишлари бўйича судьяси.

СУДЬЯ ВА ЁШЛАР УЧРАШУВИ

Жиноят ишлари бўйича Юнусобод тумани суди ташаббуси билан Муҳаммад ал-Хоразмий номидаги Тошкент Ахборот технологиялари университети залида жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликларни олдини олиш юзасидан очиқ мулоқот бўлиб ўтди.

Тадбирга Юнусобод туман ИИО ФМБ Пробация ҳисобида турувчи муқаддам судланган шахслар, жазо ўтаётган шахслар, тарбияси оғир деб эътироф этилган ёшлар таклиф этилди. Шунингдек, туман прокуратураси, ИИО ФМБ ҲПБ ходимлари ҳозир бўлишди.

Тадбирда сўз олганлар ёшлар ўртасида, айниқса вояга етмаганлар томонидан содир этилаётган жиноятларнинг оқибатлари, зўравонлик, безорилик, шилқимлик, номусга тегиш билан боғлиқ жиноятларга жазонинг муқаррарлиги ва бу турдаги жиноятларга жазонинг ошганлиги алоҳида таъкидланди.

Учрашувда “Ўзбекистон – 2030” стратегияси устувор мақсадларидан келиб чиқиб, Жиноят, Жиноят процессуал кодексга киритилган ўзгартиришлар ҳақида сўз борди. Гендер тенглик, аёллар ва хотин-қизларга тегажоқлик билан боғлиқ жиноятларга бериладиган жазо турлари мисоллар билан асослантирилди. 

Шундан сўнг, талабаларга  сабоқ бўлиши учун судьялар сайёр суд мажлисларини ўтказишди. Унда Жиноят кодексининг 104 -моддаси 2-қисми билан боғлиқ жиноят иши кўриб чиқилди. 2007 йилда туғилган вояга етмаган М.Б. тенгдоши А.Қ.ни совуқ қурол – пичоқ билан уриб оғир тан жароҳати етказган. Оқибатда жабрланувчи соғлигига катта миқдорда зиён етган. Судья томонидан талабалар кўз ўнгида ҳукм ўқилди.

 Бундан ташқари тадбирда жазодан муддатидан илгари шартли озод қилиш, жазони ўтамаган шахсларни жазосини оғирроқ жазога алмаштириш ҳамда маъмурий хуқуқбузарлик тўғрисидаги иш кўриб чиқилди.

Тадбир сўнгида талабалар ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олдилар.

“Суд қарорларининг қонунийлиги, асослилиги ва адолатлилигини текшириш институти такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг Жиноят-процессуал кодексига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун мазмун-моҳиятига бағишланган семинар бўлиб ўтди.

Семинарда жиноят ишлари бўйича Олмазор туман суди раиси ва судьялари, Олмазор туман прокуратураси ва Олмазор тумани ИИО ФМБ ходимлари, адвокатлар иштирок этишди. Тадбирда 2023 йил 27 сентябрь куни имзоланган қонун билан фуқароларга қатор имконият ва енгилликлар яратилаётгани ҳақида сўз юритилди. 

Мазкур қонунга кўра:

– Миллий қонунчилигимизга киритилган ўзгартиш ва қўшимчаларга кўра, эндиликда судлар томонидан биринчи инстанцияда кўрилган ишларни вилоят ва унга тенглаштирилган судларда апелляция ёки кассация тартибида қайта кўриб чиқиш ваколати берилмоқда.

 

– Тарафларнинг хоҳишига кўра, суд қарори устидан ўн кунлик муддатда апелляция тартибида шикоят (протест) берилиши, ушбу муддат ўтгандан сўнг кассация тартибида шикоят келтирилиши мумкин. Бу тартиб тарафларнинг суд қарорлари устидан шикоят келтириш ҳуқуқи орқали одил судловга эришиш имкониятини кенгайтиришга хизмат қилади.

 

– Апелляция ёки кассация инстанциясининг қарори устидан шикоят бериш масаласида янги институт – суд ишларини тафтиш тартибида кўриб чиқиш амалиёти жорий этилаётгани ҳам аҳамиятлидир.

 

– Яна бир жиҳати, жиноят ишини кассация ва тафтиш тартибида кўриш натижалари юзасидан янги оқлов ёки айблов ҳукми чиқариш ваколатлари берилмоқда.

Бу эса, ўз навбатида, суд қарорларининг юқори инстанция томонидан бекор қилиниб, янгидан кўриш учун қуйи инстанция судларига қайтариш амалиётига чек қўяди ва фуқаролар ортиқча сарсонгарчилигининг олди олинади.

Қонунчилигимиздаги бу ўзгаришлар 2024 йил 1 январдан кучга киради.

 

Семинар давомида қонун мазмун-моҳияти эски ва янги жорий этилаётган амалиётлар аниқ мисоллар билан тушунтириб ўтилди.

 

Шунингдек, тадбирда иштирок этаётган ҳуқуқ-тартибот органлари ҳамда жамоатчилик вакилларининг фикрлари эшитилиб, иштирокчиларни қизиқтирган саволларга атрофлича жавоб берилди.

ТОШКЕНТ ХАЛҚАРО АЭРОПОРТИДА САЙЁР СУД

Жиноят ишлари бўйича Сирғали тумани суди ташаббуси билан Божхона қўмитасининг Суриштирув ва маъмурий амалиёт бошқармаси томонидан Божхона институти ҳамда “Тошкент-АЭРО” ИБК билан ҳамкорликда Тошкент халқаро аэропортида сайёр суд ташкил этилди.

Жиноят ишлари бўйича Сирғали туман суди раиси З.Бобонов ҳамда судьялар А.Шамахмудов ва Ш.Юлдашевлар томонидан ўндан ортиқ божхона қоидаларини бузилиши билан боғлиқ маъмурий ҳуқуқбузарликка оид ишлар сайёр судда мазмунан кўриб чиқилди.

Сайёр судга Божхона институтининг юриспруденция таълим йўналиши бўйича таҳсил олаётган юқори босқич курсантлари ҳам таклиф этилди. Бу эса ёш божхоначиларни олий таълимда олган  назарий билимларини амалиётда мустаҳкамлаш имконини беради.

ПОРА ТАКЛИФ ҚИЛДИ…

Бугунги кунда хотин-қизларимиз жамият ҳаётининг турли жабҳаларида фаолият олиб бормоқда. Улар ўқитувчи, шифокор, олима, ошпаз, қўйингки, барча соҳада меҳнат қилиб, қадр топмоқда, ҳурмат-эътиборга сазовор бўлмоқда. Аммо орамизда онда-сонда бўлса-да, аёллик шаънига доғ тушираётганлар ҳам учраб туриши ачинарли ҳолатдир. 

Яқинда судда Яшнобод туманида яшовчи И.К исмли аёлнинг иши кўриб чиқилди. Гап шундаки, шу йилнинг 7 мартидан 8 мартига ўтар кечаси Мир­обод туманида ўтказилган тадбирда салонларнинг бирида ишловчи И.К.нинг ҳуқуқбузарлик содир этганлиги аниқланади. Туман ИИО ФМБ ходимлари Ж.Эгамбердиев ва Ш.Лаханов унга нисбатан маъмурий баённома расмийлаштиради. Ушбу ҳужжатга асосан И.К.нинг иши судда кўрилиб, қонуний чора кўрилиши керак эди. Бироқ аёл баённомани йўқотиб, ишни судга ўтказмаслик учун ички ишлар ходимларига бир неча марта пора таклиф қилади. Профилактика инспектори Ж.Эгамбердиев билан лейтенант Ш.Лаханов аёлнинг бу ҳаракати жиноят эканлиги ҳақида огоҳлантиради. Аёл эса огоҳлантириш­ларга эъти­бор бермай пора таклиф қилишни давом эттиради. Шундан сўнг профилактика инспекторлари Тошкент шаҳар ИИББ ўз хавфсизлик хизматига билдирги билан мурожаат қилиб, аёл пора таклиф қилаётганини баён қилишади. Уларнинг билдиргиси бўйича 17 мартда ўтказилган тезкор тадбирда аёл Миробод тумани ИИО ФМБнинг 406-сонли хизмат хонасида профлактика инспекторига 300 АҚШ доллари берган вақтида ушланган.

– 7 март куни раҳбарият буйруғи билан тунги тадбирга жалб қилиндик, – деб судда кўрсатма берди гувоҳ, профлактика инспектори Ж.Эгамбердиев. – Ҳуқуқбузарлик содир этган И.К.дан тушунтириш олиб, баённома расмийлаштирдик. Аёл эса тўпланган материални судга ўтказмаслик, йўқотиб юбориш эвазига пул таклиф қилди. Аёлни пора бериш жиноят эканлиги ҳақида огоҳлантирдик. Унга бу гаплар таъсир қилмади. Унинг ноқонуний иши юзасидан раҳбариятга билдирги билан мурожаат қилдик ва чора кўришни сўрадик. Шундан сўнг тезкор тадбир режаси ишлаб чиқилди. И.К. менга 300 АҚШ доллари берган вақтида ушланди. 

Суд судланувчи аёл ҳаракатларига ҳуқуқий баҳо бериб, ҳукм чиқарди. Қонунга хилоф эканлигини била туриб профлактика инспекторига пора берган аёлга 2 йил муддатга озодликдан чеклаш жазоси тайинланди.

Сардорбек СОДИҚОВ,

Жиноят ишлари бўйича Миробод туман судининг раиси.

ТОШКЕНТ ШАҲАР СУДИ РАИСИ ИШТИРОКИДАГИ САЙЁР ҚАБУЛЛАР

Аввал хабар берилганидек, бугун Тошкент шаҳар суди раиси ва судьялар иштирокидаги сайёр қабуллар Яшнобод тумани суди биносида давом этди.

Пойтахтнинг Яшнобод, Мирзо Улуғбек, Юнусобод ва Миробод туманлари аҳолиси учун ўтказилган сайёр қабулда жами 45 нафар фуқаро қабул қилинди.

Жами мурожаатларнинг 23 таси бўйича ҳуқуқий тушунтириш берилди, 22 та мурожаат жойида ижобий ҳал этилди. Сайёр қабуллар доирасида жиноят ва иқтисодий судлар томонидан сайёр судлар ҳам ўтказилди.

Бунинг натижасида жиноят ишлари бўйича судлар томонидан Пробация хизмати  киритган тақдимномалар асосида ахлоқ тузатиш ишлари жазосини ўтаётган 34 нафар маҳкум жазони ўташдан муддатидан илгари шартли равишда озод қилинди.

ТОШКЕНТ ШАҲАР СУДИ РАИСИ ИШТИРОКИДА САЙЁР ҚАБУЛЛАР

Ўзбекистон Республикаси Президенти Халқ қабулхонаси ташаббуси билан ташкил этилган суд-ҳуқуқ  масалалари бўйича оммавий сайёр қабуллар доирасида Тошкент шаҳар суди раиси Э. Ходжақулов ва Тошкент шаҳар маъмурий суди раиси У.Алмамедов, фуқаролик, иқтисод , жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъатлари раислари ва судьялар иштирокида пойтахтимизнинг Сергели ва Чилонзор тумани судлари биноларида сайёр қабуллар ташкил этилди.

Сайёр қабулларда жами 211 нафар фуқаронинг жиноят, фуқаролик, иқтисодий ва маъмурий ишлар бўйича судларга оид мурожаатлари кўриб чиқилди. Уларнинг 104 тасига ҳуқуқий тушунтириш берилган бўлса, 117 та мурожаат жойида қонуний ечимини топди. 

Шунингдек, сайёр қабул доирасида бўлиб ўтган сайёр судларда жиноят ишлари бўйича судларининг ахлоқ тузатиш, муайян ҳуқуқдан маҳрум қилиш ҳамда озодликни чеклаш жазосини ўтаётган шахслар иши Пробация хизмати тақдимномасига асосан кўриб чиқилди.

Сайёр қабуллар давом этмоқда.

ПОРА ТАКЛИФ ҚИЛДИ…

Бугунги кунда хотин-қизларимиз жамият ҳаётининг турли жабҳаларида фаолият олиб бормоқда. Улар ўқитувчи, шифокор, олима, ошпаз, қўйингки, барча соҳада меҳнат қилиб, қадр топмоқда, ҳурмат-эътиборга сазовор бўлмоқда. Аммо орамизда онда-сонда бўлса-да, аёллик шаънига доғ тушираётганлар ҳам учраб туриши ачинарли ҳолатдир. 

Яқинда судда Яшнобод туманида яшовчи И. К. исмли аёлнинг иши кўриб чиқилди. Гап шундаки, шу йилнинг 7 мартидан 8 мартига ўтар кечаси Мир­обод туманида ўтказилган тадбирда салонларнинг бирида ишловчи И. К.нинг ҳуқуқбузарлик содир этганлиги аниқланади. Туман ИИО ФМБ ходимлари Ж. Эгамбердиев ва Ш. Лаханов унга нисбатан маъмурий баённома расмийлаштиради. Ушбу ҳужжатга асосан И. К.нинг иши судда кўрилиб, қонуний чора кўрилиши керак эди. Бироқ аёл баённомани йўқотиб, ишни судга ўтказмаслик учун ички ишлар ходимларига бир неча марта пора таклиф қилади. Профилактика инспектори Ж. Эгамбердиев билан лейтенант Ш. Лаханов аёлнинг бу ҳаракати жиноят эканлиги ҳақида огоҳлантиради. Аёл эса огоҳлантириш­ларга эъти­бор бермай пора таклиф қилишни давом эттиради. Шундан сўнг профилактика инспекторлари Тошкент шаҳар ИИББ ўз хавфсизлик хизматига билдирги билан мурожаат қилиб, аёл пора таклиф қилаётганини баён қилишади.

Уларнинг билдиргиси бўйича 17 мартда ўтказилган тезкор тадбирда аёл Миробод тумани ИИО ФМБнинг 406-сонли хизмат хонасида профлактика инспекторига 300 АҚШ доллари берган вақтида ушланган.

– 7 март куни раҳбарият буйруғи билан тунги тадбирга жалб қилиндик, – деб судда кўрсатма берди гувоҳ, профлактика инспектори Ж. Эгамбердиев. – Ҳуқуқбузарлик содир этган И. К.дан тушунтириш олиб, баённома расмийлаштирдик. Аёл эса тўпланган материални судга ўтказмаслик, йўқотиб юбориш эвазига пул таклиф қилди. Аёлни пора бериш жиноят эканлиги ҳақида огоҳлантирдик. Унга бу гаплар таъсир қилмади. Унинг ноқонуний иши юзасидан раҳбариятга билдирги билан мурожаат қилдик ва чора кўришни сўрадик. Шундан сўнг тезкор тадбир режаси ишлаб чиқилди. И. К. менга 300 АҚШ доллари берган вақтида ушланди. 

Суд судланувчи аёл ҳаракатларига ҳуқуқий баҳо бериб, ҳукм чиқарди.

Қонунга хилоф эканлигини била туриб профилактика инспекторига пора берган аёлга 2 йил муддатга озодликдан чеклаш жазоси тайинланди.

Сардорбек СОДИҚОВ,

жиноят ишлари бўйича

Миробод туман судининг раиси

Судья нафақат адолатни таъминловчи, балки унинг тимсоли бўлиши керак

“Ўзбекистон Республикаси номидан…”. Бу залворли сўзларни кўпроқ судьялар айтади. Шунинг ўзиёқ уларнинг зиммасидаги юксак масъулиятни кўрсатиб турибди. Зеро, Ватан номидан ёлғон гапириш, ноҳақ сўз айтиш мумкин эмас. Демак, судья нафақат адолатни таъминловчи, балки унинг тимсоли бўлиши керак.

Маҳалла аҳолисини жиноятчилик ҳақида хабардор қилиш ҳамда ҳуқуқий тарбияни йўлга қўйишнинг самарали механизмларини яратиш бўйича ишчи гуруҳ аъзоларининг Тошкент шаҳар Яшнобод туманидаги ташрифи

2023 йил 18 октябрь куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Админстрацияси Раҳбари томонидан тасдиқланган маҳалла аҳолисини жиноятлар ҳақида хабардор қилиш, маҳаллаларда сайёр суд мажлисларини ўтказиш ҳамда маъмурий ва жиноий қонунчилик бўйича ҳуқуқий тарбияни йўлга қўйишга қаратилган самарали механизмларни
яратиш бўйича ишчи гуруҳи аъзоси Ўзбекистон Республикаси Олий судининг судьяси Э.Турғунбоев ҳамда Тошкент шаҳар Яшнобод туманидаги қизил маҳалла фуқаролар йиғинига киритилган “Катта Қўйлиқ” маҳалла фуқаролар йиғини биносида маҳалла раиси, ҳоким ёрдамчиси, ёшлар етакчиси, хотин-қизлар фаоли, профилактика инспектори, маҳалла фаоллари ва жиноят ишлари бўйича Яшнобод туман судининг судьялари иштирокида сайёр учрашув ўтказилди.
Ўтказилган тадбирда ишчи гуруҳи аъзоси Олий суди судьяси Э.Турғунбоев ва Тошкент шаҳар суди раиси Э.Ходжакуловлар маҳалла аҳолисини жиноятлар ҳақида хабардор қилиш, маҳаллаларда сайёр суд мажлисларини ўтказиш ҳамда маъмурий ва жиноий қонунчилик бўйича ҳуқуқий тарбияни йўлга қўйиш юзасидан тушунтириш берилди.
Шунингдек, учрашувда ҳуқуқбузарликлар профилактикаси, жиноятчиликка қарши курашиш, содир этилган жиноятлар таҳлили, жиноятларнинг келиб чиқиш сабаби ва уларни олдини олиш, аҳолини қонунга ҳурмат руҳида тарбиялаш бўйича фикр-мулоҳазалар билдирилди.
Бундан ташқари, маҳалла фуқаролар йиғини биносида, жиноят ишлари бўйича Яшнобод туман суди судьялари томонидан ҳуқуқбузарлик содир этган шахсларга оид ишлар сайёр суд мажлисида кўриб чиқилди.

Skip to content