«МАКЛЕР»ГА ЧУВ ТУШДИК”

— “Маклер”лик билан шуғулланадиган бир танишим «Сотиладиган уй бор», деб уч хонали квартирани кўрсатди. Уй маъқул бўлиб, нархини келишдик. У «Пулини менга берасизлар, эгаси хорижда», деганига, қолаверса, таниш бўлганига ишониб, пулнинг ярмини бердик. Кейинроқ бизни алдагани маълум бўлди. Ички ишларга ариза ёзганимиздан кейин уни ушлашди. Ҳозир тергов кетяпти. Сўрамоқчи бўлганим, «маклер»га берган пулимизни қайтариб ололамизми?

Исми сир тутилди

Ғайрат ЭРГАШЕВ, фуқаролик ишлари бўйича Яккасарой туманлараро суди раиси:


— Мурожаатингиздан аниқланишича, сизни танишингиз алдаган ҳолда пулларингизни олиб қайтариб бермаган ва мазкур ҳолат бўйича тергов ҳаракатлари кетмоқда. Бундай ҳолатда тергов ҳаракатлари тугалланиб, сиздан пул олган инсон ҳаракатларида жиноят аломатлари аниқланса унга нисбатан жиноят иши судда кўриб чиқилади ва жиноят оқибатида етказилган зарар ундирилади.


Фуқаролик кодексининг 985-моддасига асосан ғайриқонуний ҳаракат (ҳаракатсизлик) туфайли фуқаронинг шахсига ёки мол-мулкига етказилган зарар, шунингдек юридик шахсга етказилган зарар, шу жумладан бой берилган фойда зарарни етказган шахс томонидан тўлиқ ҳажмда қопланиши лозим. Қонунда зарарни тўлаш мажбурияти зарар етказувчи бўлмаган шахсга юклатилиши мумкин.


Қонунчиликда ёки шартномада жабрланувчиларга зарарни тўлашдан ташқари товон тўлаш мажбурияти белгилаб қўйилиши мумкин.
Зарар етказган шахс, агар зарар ўз айби билан етказилмаганини исботласа, зарарни тўлашдан озод қилинади. Қонунда зарар етказган шахснинг айби бўлмаган тақдирда ҳам зарарни тўлаш назарда тутилиши мумкин.
Қонуний ҳаракатлар туфайли етказилган зарар қонунда назарда тутилган ҳолларда тўланиши лозим.


Агар зарар жабрланувчининг илтимоси ёки розилиги билан етказилган бўлса, зарар етказган шахснинг ҳаракатлари эса жамиятнинг ахлоқий тамойилларини бузмаса, зарарни тўлаш рад этилиши мумкин.


Агар суднинг ҳукми билан етказилган зарар ундирилмасдан, даъво ариза билан фуқаролик ишлари бўйича судига мурожаат қилиш тушунтирилса, сиз юқорида қайд этилган қонун талабига кўра, тегишли фуқаролик ишлари бўйича туманлараро судига ушбу зарарни ундиришни сўраб мурожаат қилишингиз мумкин.