“КРЕДИТ ҚАРЗИНИ МЕН ТЎЛАЙ-У, УЙДА БОШҚАЛАР ЯШАСИНМИ?”
— Турмуш ўртоғимнинг номига олинган уйнинг кредит қарзини мен тўлайман. Эрим хорижга ишлагани кетган. Бундан икки ой олдин қайнонам сўраган пулини бермаганим учун ўз уйимдан ҳайдаб чиқарди. Ҳозир уйда қайнопам яшаяпти. Алам қилаётгани, уйнинг кредит қарзи-ю тўловларини тўлаяпман, аммо иккита болам билан ота-онамкида ўтирибман. Бу вазиятда мени қандай ҳақ-ҳуқуқларим бор?
Исми сир тутилди
Дилшод ХАСАНОВ, фуқаролик ишлари бўйича Учтепа туманлараро суди судьяси:
— Уй-жой кодексининг 32-моддаси талабларига кўра, уй, квартира мулкдорининг оила аъзолари, шунингдек у билан доимий яшаётган фуқаролар, агар уларни кўчириб келган пайтда ёзма равишда бошқа ҳол қайд этилган бўлмаса, уйдаги, квартирадаги хоналардан мулкдор билан тенг фойдаланишга ҳақлидирлар.
Улар мулкдор берган турар жойга ўзларининг вояга етмаган фарзандларини кўчириб киритишга ҳақлидирлар, оиланинг бошқа аъзоларини эса, уй, квартира мулкдорининг розилиги билангина кўчириб киритишлари мумкин.
Бу шахслар уй, квартиранинг мулкдори билан оилавий муносабатларни тугатган тақдирда ҳам уларда турар жойдан фойдаланиш ҳуқуқи сақланиб қолади. Уй, квартиранинг мулкдори билан унинг собиқ оила аъзолари, шунингдек у билан доимий яшаётган фуқаролар ўртасида турар жойдан фойдаланиш тартиби тарафлар келишуви билан белгиланади.
Турар жой мулкдорининг оила аъзолари деб, у билан доимий бирга яшаётган хотини (эри) ва уларнинг фарзандлари тан олинади. Эр-хотиннинг ота-онаси, шунингдек мулкдор билан доимий бирга яшаётган оилали фарзандлари ва уларнинг эр-хотини, агар улар илгари бу ҳуқуққа эга бўлмаган бўлса, фақат ўзаро келишувга биноан мулкдорнинг оила аъзолари деб тан олиниши мумкин.
Уй-жой кодексининг 52-моддаси 1-қисмига кўра, муниципал, идоравий уй-жой фонди ва аниқ мақсадли коммунал уй-жой фондининг уйларидаги турар жойни ижарага олувчи, унинг оила аъзолари ёки ижарага олувчи билан доимий яшаётган фуқаролар вақтинча бўлмаганида турар жой олти ой муддат давомида уларнинг ҳисобида сақланиб туради.
Мазкур қонун нормалари асосида турмуш ўртоғингизга тегишли бўлган уй-жойдан унинг оила аъзоси сифатида фойдаланиш ҳуқуқига эгасиз.
Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик процессуал кодексининг 3-моддасига асосан, Ўзбекистон Республикасининг Конституциясига мувофиқ ҳар бир шахсга ўз ҳуқуқларини, эркинликларини ва қонуний манфаатларини суд орқали ҳимоя қилиш кафолатланади.
Ҳар қандай манфаатдор шахс бузилган ёки низолашилаётган ҳуқуқи ёхуд қонун билан қўриқланадиган манфаатини ҳимоя қилиш учун фуқаролик суд ишларини юритиш тўғрисидаги қонунчиликда белгиланган тартибда фуқаролик ишлари бўйича судга (судга) мурожаат қилишга ҳақли.
Уй-жойдан фойдаланиш ҳуқуқингиз бузилган тақдирда, уни тиклаш ёки ҳимоя қилиш мақсадида судга мурожаат қилиш ҳуқуқингиз мавжуд.