КОММУНАЛ ХИЗМАТЛАР ТЎЛОВИНИ ҚАЙТАРИБ ОЛСА БЎЛАДИМИ?
— Коммунал хизматлар учун йил охиригача тўлов қилганман. Яқинда уйимни сотмоқчиман, харидор ҳам аниқ. Коммунал хизматлар учун тўлаган пулларимни қайтариб олсам бўладими ёки янги уй эгасининг номига ўтказиб, ундан ундиришим мумкинми?
Исми сир тутилди
Гули Шукурлаева, фуқаролик ишлари бўйича М. Улуғбек туманлараро суди раис ўринбосари:
— Уй-жой кодексининг 133-моддасига асосан коммунал хизматлар учун мажбурий тўловлар совуқ ва иссиқ сув таъминоти, сувни чиқариб юбориш (канализация), электр таъминоти, газ таъминоти, иситиш (иссиқлик таъминоти), қаттиқ ва суюқ маиший чиқиндиларни олиб чиқиш учун тўланадиган тўловлардан иборатдир.
Мазкур кодекснинг 134-моддасида кўп квартирали уйдаги мол-мулкни сақлаш харажатларини ва коммунал хизматлар учун мажбурий тўловларни тўлаш муддатлари белгиланган.
Унда кўп квартирали уйдаги турар жойлар мулкдорлари умумий мол-мулкни сақлаш харажатларини ўтган ойдан кейинги ойнинг ўнинчи кунидан кечиктирмай тўланиши ва ўз вақтида тўланмаган ҳолатларда пеня ундириш тартиби ва миқдори белгиланган.
Сиз коммунал хизматлари учун тўловларни олдиндан амалга оширган бўлсангиз, уни қайтариш имкони мавжуд эмас. Тегишли идоралар олдиндан тўланган пул маблағларини кейинги давр учун ҳисобга олади.
Амалда тарафлар ўртасида тузиладиган олди-сотди шартномасида сотувчининг коммунал хизматлари бўйича қарздорлиги йўқлиги текширилади ва кейинчалик сотиб олувчи қарзи борлигини била туриб сотиб олишга розилик бериб, олди-сотди шартномасини имзолаб, тегишли руйхатдан мулк ҳуқуқини ўтказиб олса, барча мажбуриятлар унга ўтиши назарда тутилган.
Ортиқча амалга оширилган тўловлар ёки мулк билан боғлиқ бошқа харажатлар олди-сотди шартномасини расмийлаштиришдан аввал тарафлар ўртасида ўзаро келишган ҳолда ҳал қилиниши мумкин.
Агар сиз ва харидор ўртасида тузилган шартномада ортиқча тўланган тўлов сотиб олувчи томонидан сотувчига қайтарилиши назарда тутилса, сиз ушбу пул маблағларини иҳтиёрий равишда қайтарилмаган ҳолатда суд орқали ундириш ҳуқуқига эга бўласиз.