КЕЛАЖАК ОЛДИДАГИ МАСЪУЛИЯТ

Бугунги “ахборот асри”да интернет ҳаётнинг ажралмас қисмига айлангани мутлақо табиий. Бу катта имкониятлар ҳавола этиши билан бирга оғриқли муаммоларни ҳам юзага келтираётгани рост. Ахборот технологияларининг мислсиз ривожи жиноят қонунчилигига “рақамли жиноятлар” тушунчасини олиб кирди.
Рақамли (кибер) жиноятлар — ахборот технологиялари воситасида содир этиладиган ғайриқонуний ҳаракатлар бўлиб, асосан, компьютер тизимларига ноқонуний кириш, фирибгарлик, маълумотларни ўғирлаш ва кибертаҳдидларни ўз ичига олади. Улар ахборот хавфсизлигига, шахсий маълумотларга ва молиявий тизимларга зарар етказади.
Ўзбекистон Республикаси қонунчилигида, хусусан, Жиноят кодексида бундай жиноятлар учун жавобгарлик белгиланган ва уларни тергов қилишда рақамли далиллардан фойдаланиш тартиблари мустаҳкамланган.
Масаланинг оғриқли жойи шундаки, ёшлар томонидан содир этилаётган рақамли жиноятлар сонини оз деб бўлмайди. Телекоммуникация тармоқларидан, шунингдек Интернет бутунжаҳон ахборот тармоғидан фойдаланиб, шахсни қўрқитиш (103-модда), туҳмат (139-модда), ҳақорат қилиш (140-модда), фирибгарлик (168-модда), ўғрилик (169-модда), рақобатчини обрўсизлантириш (192-модда), жамоат хавфсизлиги ва жамоат тартибига таҳдид соладиган материалларни тайёрлаш, сақлаш, тарқатиш (2441-модда), гиёҳвандли (273-модда), қимор ва таваккалчиликка асосланган бошқа ўйинларни ташкил этиш (278-модда) билан боғлиқ жиноятлар айнан ёшлар томонидан содир этилаётгани амалиётда кўплаб учрамоқда.
Вояга етмаганлар томонидан содир этиладиган рақамли жиноятлар, асосан, киберфирибгарлик, ижтимоий тармоқлардаги таъқиб (кибербуллинг), шахсий маълумотларни ўғирлаш ва тақиқланган контентни тарқатиш билан боғлиқ. Статистик маълумотларга кўра, Ўзбекистонда 2025 йилда юзлаб жиноятлар ахборот технологиялари ёрдамида содир этилган. Бу турдаги ҳуқуқбузарликлар кўпинча ўсмирларнинг интернет хавфсизлиги қоидаларини билмаслиги ёки енгил даромад орттириш иштиёқидан келиб чиқади.
Маълум бўлишича, ўтган йилда республикада вояга етмаганлар 3 266 та жиноятга қўл урган. Бу жами жиноятларнинг 2,1 фоизини ташкил этган. Шундан 2 554 таси олдини олиш мумкин бўлган, 321 таси аниқланган, 391 таси ахборот технологиялари ёрдамида содир этилган жиноятлардир.
Вояга етмаганлар томонидан амалга ошириладиган асосий рақамли жиноятлар:
киберфирибгарлик: Онлайн савдо платформаларида (Telegram, OLX) қалбаки эълонлар бериш, олдиндан тўлов олиб, товарни жўнатмасли;
ўғирлик: ижтимоий муҳандислик усуллари билан фойдаланувчиларнинг пластик карта маълумотларини (SMS кодлар, CVV код) алдов йўли билан қўлга киритиш;
кибербуллинг ва шантаж: ижтимоий тармоқларда тенгдошларини ҳақорат қилиш, таҳдид қилиш ёки шахсий расм/видеоларини тарқатиш билан қўрқитиш;
шахсий аккаунтларни бузиш: дўстлари ёки танишларининг ижтимоий тармоқ (Instagram, Telegram) аккаунтларини паролларни териш ёки фишинг ҳаволалар орқали бузиб кириш;
тақиқланган контент тарқатиш: зўравонлик, порнография ёки экстремистик мазмундаги материалларни тарқатиш.
Ушбу жиноятларнинг кўпайишига профилактика чораларининг етишмаслиги ва рақамли саводхонликнинг пастлиги сабаб бўлади, бироқ сўнгги пайтларда давлат дастурлари орқали бу борада чоралар кўрилмоқда.
Шу ўринда хорижий давлатларда вояга етмаганлар томонидан содир этиладиган рақамли жиноятларни таҳлил қиладиган бўладиган бўлсак, булар – кибербуллинг ва таъқиб (тенгдошларини ижтимоий тармоқлар орқали ҳақорат қилиш, таҳдид солиш ёки шармандали маълумотларни тарқатиш), фишинг ва аккаунтларни ўғирлаш (фирибгарлик йўли билан ўйин аккаунтлари, ижтимоий тармоқ профиллари ёки банк маълумотларини қўлга киритиш), ҳакерлик ва киберҳужумлар, сохта товарлар сотиш ёки қалбаки совринлар ваъда қилиш орқали пул ишлаш каби қилмишлар ҳисобланади.
Бу турдаги ҳуқуқбузарликлар кўпинча ўсмирларнинг техникага қизиқиши, жавобгарликни ҳис қилмаслиги ёки анонимлик ортида қолиш истаги билан боғлиқ. Бу жиноятларга қарши курашишда хориж тажрибасида ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ва таълим муассасалари ҳамкорлигида рақамли саводхонликни оширишга урғу берилади.
Хулоса ўрнида айтадиган бўлсак, вояга етмаганлар жиноятчилиги муаммоси нафақат ҳуқуқий,балки ижтимоий, педагогик, психологик ва виктимологик жиҳатлар билан ҳам узвийбоғлиқ бўлиб, унинг олдини олиш самарадорлиги давлат, жамоатчилик ва таълим муассасалари ўртасидаги ҳамкорлик даражасига бевосита боғлиқдир.
Дилбар Чориева,
жиноят ишлари бўйича






