КАДРЛАР САЛОҲИЯТИНИ ОШИРИШ ЙЎЛИДАГИ ЯНГИ ҚАДАМЛАР

Сўнгги йилларда Ўзбекистон суд-ҳуқуқ тизимини янада мустаҳкамлаш ва адолатли судловни таъминлашга қаратилган ислоҳотлар жадаллашмоқда. “Ўзбекистон – 2030” стратегиясида белгиланган вазифаларга мувофиқ мамлакатимизнинг ривожланишига хизмат қилувчи тадбирлар доирасида, республикамизда кейинги йилларда суд-ҳуқуқ тизимини ислоҳ қилиш устувор вазифа қилиб белгиланиб, суд мустақиллигини таъминлаш, суд ишларини очиқлаштириш ва судлар фаолиятида жамоатчилик назоратини кучайтириш борасида бир қатор норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилинди.

 Шу жараённи давом эттирувчи муҳим қадам сифатида, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025 йил 24 ноябрдаги “Судьялар ҳамжамияти органлари фаолиятининг самарадорлиги ва очиқлигини ошириш ҳамда суд мустақиллиги кафолатларини янада кучайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонини айтиб ўтиш жоиз. Ушбу фармон судлар ҳамжамияти органлари фаолиятини янада самарали ва шаффоф қилиш, суд мустақиллиги кафолатларини мустаҳкамлашга қаратилган янги чора-тадбирларни ўз ичига олади.

Фармонда суд ҳокимиятининг ҳақиқий мустақиллигини таъминлаш ҳамда судьялар ҳамжамияти органлари фаолиятининг замонавий талабларга мос равишда ташкил этишга қаратилган бир қатор устувор йўналишлар белгилаб берилган. Биринчи навбатда, судьялар ҳамжамияти органларида судьяларнинг ўзини-ўзи бошқариш тамойилини мустаҳкамлаш ва суд мустақиллигига оид илғор халқаро стандартларни жорий этиш вазифаси қўйилган. Бу, аввало, суд органларининг ички бошқарувида жамоатчилик ишончи ва очиқликни кучайтириб, қарорлар қабул қилиш жараёни холис бўлишини таъминлайди.

Иккинчидан, судьялар корпусини шакллантириш тизимини такомиллаштиришга алоҳида эътибор қаратилган. Яъни, судьялик лавозимларига танлов асосида, белгиланган малака ва касбий тажриба талабларига мувофиқ равишда тайинлаш амалиётини кенгайтириш кўзда тутилган. Бу эса судьялар жамиятининг ролини ошириб, масъулиятни янада аниқ белгилашга хизмат қилади.

Учинчи йўналиш судьялар ҳамжамияти органлари фаолиятида шаффофлик ва очиқликни таъминлаш. Фармонга кўра, судьяликка номзодларни саралаш ва тайинлаш жараёнларига оид барча муҳим маълумотлар очиқ эълон қилиб борилиши, рақамли технологиялар орқали назорат механизмларини кучайтириш белгиланмоқда. Бу жамоатчилик ишончини ошириш билан бирга, коррупция хавфини камайтиришда ҳам муҳим аҳамиятга эга. Яна бир муҳим устуворлик суд тизимида гендер тенгликни таъминлаш ҳисобланади. Аёл судьялар улушини камида 30 фоизга етказиш, уларнинг ҳуқуқий ва касбий салоҳиятини қўллаб-қувватлаш, рағбатлантирувчи механизмларни жорий этиш назарда тутилган. Бу нафақат ҳуқуқий адолатни таъминлаш, балки суд тизимида барқарор ва инклюзив кадр сиёсати юритишга хизмат қилади.

Ушбу йўналишлар шуни кўрсатиб турибдики, фармонда суд мустақиллиги масаласи кенг қамровда кўриб чиқилган ҳамда жамоатчилик, очиқлик ва инновациялар орқали суд тизимини такомиллаштиришга катта эътибор қаратилади.

Юқоридагиларга қўшимча равишда, Фармонда судьялар мустақиллигини кучайтириш учун қатор ҳуқуқий тадбирлар белгиланган. Судьяларга манфаатлар тўқнашуви ва ўз истагига кўра қайта тайинланмаслик кафолатини кучайтириш мақсадида, уларни навбатдаги 10 йиллик муддатга тайинлаш тартиби бекор қилинади. Энди номзодлар биринчи маротаба 5 йилга, кейинчалик муддатсиз (умрбод) лавозимга тайинланади. Бу судьяларнинг мустақиллигига тўсқинлик қилувчи ижро ваколатларини камайтиришга хизмат қилади.

Судьялик лавозимларга номзодлар танлашда очиқ танлов жорий этилади. Масалан, туманлараро, туман ва шаҳар судлари раиси ва ўринбосарлари лавозимларига номзодлар аниқ танланган мезонларга кўра очиқ танлов орқали танланади. Бу адолатли рақобатни ва шаффофликни таъминлайди.

Судьяларнинг касбий фаолиятини баҳолашда ҳудди халқаро стандартларда белгиланган ҳалоллик, касбий лаёқат ва судялик одобига риоя қилиш каби йўналишларни аниқ мезонлар билан ҳуқуқий жиҳатдан тартибга солиш назарда тутилган. Бунда баҳолашни адолатли ва ошкора қилиш учун аниқ ҳуқуқий асослар яратилади.

Ушбу чора-тадбирлар судьяларнинг фаолиятини мустақил ва шаффоф ташкил этишга, суд органларининг ичкарисидан ҳокимиятлар аралашувини чеклашга қаратилган.

Бугун суд тизими олдидаги асосий вазифа – одиллик ва ишончни таъминлайдиган, жамоатчиликка очиқ ҳамда замонавий технологиялар билан қуролланган бошқарув тизимини яратишдир. Ана шу мақсад йўлида қабул қилинган фармон суд органлари фаолиятини рақамлаштириш, очиқликни кучайтириш ва адолат мезонларини янада мустаҳкамлашга қаратилган муҳим қадам бўлди. Давлат раҳбарининг бу ташаббуси, аслида, адолат қўрғонини замон талаблари билан уйғун ҳолга келтириш, суд тизимини инсон манфаатларига хизмат қиладиган механизм сифатида янада пишитишдир. Шунга асосан, суд тизимидаги бўш лавозимлар, номзодларни саралаш тартиби ва тайинлаш босқичлари бўйича барча маълумотларнинг жамоатчиликка очиқ эълон қилиниши белгиланди. Бу шаффофликни оширади ва танлов жараёнларининг ҳаққоний бўлишини таъминлайди.

Шу билан бирга, Кенгаш ахборот тизими “Рақамли ҳукумат” платформасига уланиб, номзодлар ҳақидаги маълумотларни электрон равишда йиғиш ва текшириш жараёнлари соддалаштирилади. Судьялар фаолиятини баҳолашда сунъий интеллект технологияларини жорий этиш эса қарорлар сифати, иш юритиш тезлиги ва фуқароларнинг қониқиш даражасини объектив таҳлил қилиш имконини яратади.

Номзодлар ва амалдаги судьяларнинг касбий-психологик мослигини баҳоловчи электрон тестлаш тизимлари ҳам модернизация қилинади. Шунингдек, Кенгаш мажлисларида рақамли ёпиқ овоз бериш тизими жорий қилиниб, қарорларнинг адолатли ва аниқ қабул қилинишига замин яратилади. Амалга оширилаётган ислоҳотларни самарали ижро этиш мақсадида қўшимча штатлар ажратилиб, Кенгашнинг бошқарув салоҳияти мустаҳкамланди.

Ушбу фармоннинг энг муҳим жиҳатларидан бири суд тизимида гендер тенглиги ва илмий салоҳиятни ривожлантириш замонавий суд ҳокимиятининг устувор вазифаларидан ҳисобланади. Бу масала фуқароларнинг судларга бўлган ишончини ошириш ва суд қарорларининг сифатини таъминлашда муҳим аҳамиятга эга. Суд тизимида гендер тенглиги ва илмий салоҳиятни мустаҳкамлаш мақсадида хотин-қизлар учун касбий қайта тайёрлаш курсларига квоталар ажратиш, Ўзбекистон аёл судьялар ассоциациясини ташкил этиш ва илмий фаолият билан шуғулланган судьяларни Одил судлов академиясида профессор-ўқитувчи лавозимига тайинлаш механизмлари жорий этилмоқда, бу эса камида 30 фоиз аёл судьяларни таъминлаш ва судьялар малакасини ошириш учун мустаҳкам илмий асос яратишга қаратилган.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг мазкур фармони Ўзбекистонда суд тизими мустақиллигини мустаҳкамлаш ва адолатни таъминлаш борасида амалга оширилаётган кенг қамровли ислоҳотлар жамиятдаги ишончни ошириш ва ҳуқуқий барқарорликни таъминлашга хизмат қилади. Судьялар ҳамжамияти органларининг фаолиятини шаффоф ва рақамлаштирилган тизим орқали такомиллаштириш, гендер тенглигини таъминлаш ҳамда илмий салоҳиятга эга кадрларни жалб қилиш суд қарорларининг сифати ва суд тизимининг профессионал даражасини оширади. Шунингдек, илмий салоҳиятга эга кадрларга эътибор қаратиш, аёл судьялар салмоғини ошириш ва рақамли технологиялар орқали шаффофликни таъминлашнинг аҳамиятини очиб беради.

Шу тариқа, амалга оширилаётган чора-тадбирлар Ўзбекистон суд тизимини замон талабларига мослаштириш, адолатни таъминлаш ва фуқароларнинг қонуний ҳақ-ҳуқуқларини самарали ҳимоя қилиш йўлида муҳим дастуриламал бўлади.

Шаҳноза Зайниева,

фуқаролик ишлари бўйича

Учтепа туманлараро судининг судьяси