ИҚТИСОДИЙ СУД МУҲОКАМАСИДА ЯРАШТИРИШ ТАРТИБИ БОРМИ?
— Ҳозирги кунда иқтисодий ишлар бўйича суднинг иш юритувида даъвогар – МЧЖнинг жавобгар – МЧЖга нисбатан хизмат кўрсатиш шартномаси юзасидан қарздорликни ундириш бўйича иқтисодий иш кўрилмоқда. Мен жавобгар МЧЖ раҳбари бўлиб, даъвогар билан ўзаро келишиб низони ҳал қилмоқчиман. Иқтисодий суд муҳокамасида қандай яраштириш тартиблари мавжуд? Уларнинг фарқи нима?
Саволга Тошкент шаҳар судининг иқтисодий ишлар бўйича судьяси Ли Виталий жавоб берди:
— Иқтисодий процессуал кодекснинг 131-моддасига кўра яраштириш тартиб-таомиллари келишув битими ёки медиатив келишувдан иборат.
Уларнинг фарқи:
1. Келишув битими суднинг ҳар қандай босқичида ва суд ҳужжатини ижро этиш жараёнида тузиш мумкин. Медиатив келишув эса биринчи инстанция судида суд алоҳида хонага киришдан олдин тузилиши мумкин.
2. Келишув битими суд ҳужжатига тенглаштирилади. Агар бир тараф ўз зиммасига олган мажбуриятни бажармаса, суд ижро варақа беради. Медиатив келишув тузилгандан кейин бир тараф ўз мажбуриятини бажармаса, иккинчи тараф умумий тартибда яна судга даъво билан чиқади.
3. Келишув битими тузилганда тарафлар (асосан жавобгар) суд харажатини ўз зиммасига олади. Медиатив келишув бўйича эса суд даъвогар томонидан тўланган давлат божини қайтаради.