ИНТЕЛЛЕКТУАЛ МУЛК – ҚОНУН ҲИМОЯСИДА

Сўнги йилларда  мамлакатимизда интеллектуал мулкка бўлган ҳуқуқ, жумладан ихтиро, саноат намуналари, фойдали моделлар, товар белгилари ва тижорат сирларининг аҳамияти ортиб бормоқда. Интеллектуал мулк барча жабҳаларда учрайди. Интеллектуал мулксиз ҳаётимизни тасаввур қилиш қийин.

Инновация ва технологияларни яратишни рағбатлантиришнинг ўзи уларни иқтисодиётнинг асосий ҳаракатлантирувчи омилга айланишига имкон бермайди. Чунончи, бугунги кунга келиб уларнинг ҳуқуқий ҳимоясини таъминлаш заруратини ҳам юзага келтиради. Ҳозирда айниқса, рақамли технологияларнинг кенг ривожланиши натижасида интеллектуал мулк объектларининг ҳуқуқий ҳимоясини таъминлаш масаласи муҳим ўрин эгалламоқда.

Ўзбекистон Республикасида ҳам инновациялар ва интеллектуал мулкни яратишни қўллаб-қувватлаш билан бирга уларнинг ҳуқуқий ҳимоясини таъминлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Хусусан Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 8 февралдаги “Интеллектуал мулк соҳасида давлат бошқарувини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги, 2021 йил 28 январдаги “Интеллектуал мулк объектларини муҳофаза қилиш тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги, 2022 йил 26 апрелдаги “Интеллектуал мулк соҳасини янада ривожлантиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги  қарорларида айнан интеллектуал мулкни ҳуқуқий ҳимоя қилиш билан боғлиқ жиҳатларга алоҳида эътибор қаратилган.

Ушбу қарорларни амалда ишлаши доирасида товар белгилари тушунчаси, Муаллифлик ва турдош ҳуқуқлар, Иқтисодий судлар томонидан интеллектуал мулкка оид низоларни кўриб чиқишнинг ўзига хос хусусиятлари юзасидан Тошкент шаҳар суди иқтисодий ишлар бўйича судлов ҳайъати ва Тошкент туманлараро иқтисодий судининг судьялари, Адлия вазирлиги интеллектуал мулк департаменти, Марказ ходимлари, патент вакиллари ҳамда тадбиркорлар иштирокида амалий мулоқот ташкил этилди.

Мазкур йиғилишни ўтказишдан мақсад товар белгилари, Муаллифлик ва турдош ҳуқуқлар бўйича билим ва тушунчаларни бойитиш, Иқтисодий судлар томонидан интеллектуал мулкка оид низоларни кўрилиши, мавжуд муаммоларни муҳокама қилиш ва тегишли чора-тадбирлар белгилаб  олишдан иборат эди.

Йиғилишда иштирок этган мутасадди ташкилотлар вакиллари ҳамда судьялар ўртасида мавзу юзасидан қизғин ва мунозарали савол-жавоблар бўлиб ўтди. 

Зеро, Янги Ўзбекистонни ривожлантириш,  инновацион ва иқтисодий жиҳатдан тараққий этишида биринчи навбатда интеллектуал мулк объектларининг қай даражада ҳуқуқий жиҳатдан ҳимояланганлиги муҳим ўрин тутади.

 

                   А. Мамирова,

        Тошкент туманлараро иқтисодий суди судьяси.