ЖАВОБГАРЛИК КАФИЛГА ЮКЛАНМАСЛИГИ УЧУН ҚАНДАЙ ЙЎЛ ТУТИШ МУМКИН?
— Кутилмаганда онам юрак ҳуружидан вафот этди. Банкдан кредит олганди. Яна олти ойлик кредит қарзи қолган. Кредит олишда онамга кафил бўлган таниши «Қарзини тўламайман. Ўзинг ҳал қил!» деб ҳоли-жонимга қўймаяпти. Энди онамнинг кредит қарзи нима бўлади? Жавобгарлик кафилга юкланмаслиги учун нима қилишим мумкин?
Исми сир тутилди
Жалолиддин АББАСОВ, фуқаролик ишлари бўйича Шайхонтоҳур туманлараро суди судьяси:
— Фуқаролик кодексининг 292-моддасида кафиллик шартномаси бўйича кафил бошқа шахс ўз мажбуриятини тўла ёки қисман бажариши учун унинг кредитори олдида жавоб беришни ўз зиммасига олишлиги акс эттирилган.
Мазкур кодекснинг 293-моддаси 2 ва 3-қисмига кўра, башарти кафиллик шартномасида бошқача тартиб назарда тутилган бўлмаса, кафил кредитор олдида қарздор билан баравар ҳажмда жавоб беради, шу жумладан фоизлар тўлайди, қарзни ундириб олиш бўйича суд чиқимларини ва қарздор мажбуриятини бажармаганлиги ёки лозим даражада бажармаганлиги туфайли кредитор кўрган бошқа зарарларни тўлайди ва агар кафиллик шартномасида бошқача тартиб назарда тутилган бўлмаса, биргалашиб кафил бўлган шахслар кредитор олдида солидар жавоб берадилар.
Ушбу қонун нормаларидан келиб чиқиб сизга кафиллик шартномаси бугунги кунда ўз кучини йўқотмаганлиги боис, кафил томонидан ўз мажбуриятларини бажарилмаслигидан озод этилмаслиги тушунтирилади.