“ДЕКРЕТ”ДАГИ ХОДИМНИ АТТЕСТАЦИЯДАН ЎТИШГА МАЖБУРЛАБ, КАМИГА ИШДАН БЎШАТИШ ТЎҒРИМИ?
— Банкда ишлайман. Айни дам бола парваришлаш таътилидаман. Фарзандим ҳали 2 ёшга тўлмаган. “Декрет”га чиқаётганимда ўрнимга бир йигитни ишга олишганди. Яқиндан қўнғироқ қилиб, аттестациядан ўтишим кераклигини айтишди. 3 ёшга тўлмаган боласи бор аёллар аттестацияга жалб қилинмаслигини айтганимда “Иш керак бўлса, келинг”, дейишди. Бироқ ўтган-ўтмаганимни билмасдим. Кейин билсам, аттестациядан ўтолмаганим учун огоҳлантирмасдан ишдан бўшатишибди. Компенсация пули тўланганда ҳаммасидан хабар топдим. Ҳозир ўрнимга ишга олинган йигит асосий штатда ишлаяпти. “Декрет”даги ходимни аттестациядан ўтишга мажбурлаб, камига ишдан бўшатиш тўғрими?
Исми сир тутилди
— Кўрсатиб ўтиш лозимки, ҳар бир шахснинг меҳнат ҳуқуқларини ҳимоя қилиш кафолатланади. Бу ҳимоя меҳнат тўғрисидаги қонунчиликка риоя қилинишини текширувчи ва назорат қилувчи органлар, шунингдек меҳнат низоларини кўрувчи органлар томонидан амалга оширилади.
Барча фуқаролар меҳнат ҳуқуқларига эга бўлиш ва улардан фойдаланишда тенг имкониятларга эгадир. Жинси, ёши, ирқи, миллати, тили, ижтимоий келиб чиқиши, мулкий ҳолати ва мансаб мавқеи, динга бўлган муносабати, эътиқоди, жамоат бирлашмаларига мансублиги, шунингдек ходимларнинг ишчанлик қобилиятларига ва улар меҳнатининг натижаларига алоқадор бўлмаган бошқа жиҳатларига қараб меҳнатга оид муносабатлар соҳасида ҳар қандай чеклашларга ёки имтиёзлар белгилашга йўл қўйилмайди ва булар камситиш деб ҳисобланади.
Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодексининг XIV бобида аёлларга ва оилавий вазифаларни бажариш билан машғул шахсларга бериладиган қўшимча кафолатлар белгиланган.
Хусусан, ушбу Кодекснинг 237-моддасига асосан ҳомиладор аёллар ва уч ёшга тўлмаган боласи бор аёллар билан тузилган меҳнат шартномасини иш берувчининг ташаббуси билан бекор қилишга йўл қўйилмайди, корхонанинг бутунлай тугатилиш ҳоллари бундан мустасно, бундай ҳолларда меҳнат шартномаси уларни албатта ишга жойлаштириш шарти билан бекор қилинади. Мазкур аёлларни ишга жойлаштиришни маҳаллий меҳнат органи уларни ишга жойлаштириш даврида қонунчиликда белгиланган тегишли ижтимоий тўловлар билан таъминлаган ҳолда амалга оширади.
Муддати тугаганлиги сабабли меҳнат шартномаси бекор қилинган ҳолларда ҳам иш берувчи ушбу модданинг биринчи қисмида кўрсатиб ўтилган аёлларни ишга жойлаштириши шарт. Ишга жойлаштириш даврида бу аёлларнинг иш ҳақи сақланиб қолади, бироқ бу муҳлат муддатли меҳнат шартномаси тугаган кундан бошлаб уч ойдан ошмаслиги керак.
Меҳнат соҳасида ўзини камситилган деб ҳисоблаган шахс камситишни бартараф этиш ҳамда ўзига етказилган моддий ва маънавий зарарни тўлаш тўғрисидаги ариза билан судга мурожаат қилиши мумкин.
Меҳнат шартномаси ғайриқонуний равишда бекор қилинган ёки ходим ғайриқонуний равишда бошқа ишга ўтказилган ҳолларда, у иш берувчининг ўзи, суд ёки бошқа ваколатли орган томонидан аввалги ишига тикланиши лозим.
Низони кўриш вақтида иш берувчига меҳнат шартномасини бекор қилиш ёки ходимни бошқа ишга ўтказишнинг асослилигини исботлаб бериш масъулияти юклатилади.
Бунда, ходимлар меҳнатга доир ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиқадиган талаблар бўйича судга мурожаат қилганларида суд харажатларини тўлашдан озод этиладилар.
Суднинг ҳал қилув қарори билан ходим ишга тикланганда иш берувчига етказилган зарарни қоплаш мажбурияти юклатилади.
Зарарни қоплаш мажбурий прогул вақти учун ҳақ тўлаш шартлигидан, меҳнат шартномаси бекор қилинганлиги ёки ходим бошқа ишга ўтказилганлиги устидан шикоят қилиш билан боғлиқ қўшимча харажатлар (мутахассислардан маслаҳат олиш, иш юритиш учун кетган харажатлар ва бошқалар) учун компенсация тўлашдан, маънавий зарар учун компенсация тўлашдан иборатдир.
Маънавий зарар учун тўланадиган компенсациянинг миқдори иш берувчининг хатти-ҳаракатига берилган баҳони ҳисобга олиб, суд томонидан белгиланади, лекин бу миқдор ходимнинг ойлик иш ҳақидан кам бўлиши мумкин эмас.
Анвар ЁРИЕВ,
Тошкент шаҳар судининг
фуқаролик ишлари бўйича судьяси