ГЛОБАЛ ЧАҚИРУВГА КОМПЛЕКС ЖАВОБ

Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Ўзбекистон Республикасида гиёҳвандлик воситалари ва психотроп моддаларнинг ноқонуний айланмасига чек қўйиш орқали уларнинг аҳоли саломатлиги ва мамлактимиз генофондига салбий таъсирини бартараф этиш бўйича стратегик чора-тадбирлар тўғрисида»ги фармони – XXI асрнинг энг ўткир глобал таҳдидларидан бирига қарши курашда давлат сиёсий иродасини ифодаловчи комплекс режадир.
Мазкур ҳужжатга мувофиқ 2024–2028 йилларга мўлжалланган гиёҳвандлик ва нарко жиноятларга қарши курашиш бўйича миллий стратегияси қабул қилинди. Унда профилактика, жазо, реабилитация ва халқаро ҳамкорлик ягона кураш архитектурасига бирлаштирилган ҳолда тизимли ва кўп ўлчовли ёндашув намоён этилган.
Ҳужжат ички наркотик вазиятнинг ҳар томонлама таҳлилига асосланган бўлиб, Ўзбекистоннинг БМТ ва бошқа глобал тузилмалар доирасидаги халқаро мажбуриятларини ҳам ҳисобга олади. Бундай ёндашув стратегиянинг ҳам мамлакат ичида, ҳам халқаро майдондаги легитимлигини мустаҳкамлайди.
Антинаркотик стратегия чора-тадбирларнинг бутун спектрини – ёшлар ўртасидаги профилактикадан тортиб, чегара ва божхона органларини техник қайта жиҳозлашгача – қамраб олади. Шу тариқа стратегия фақат жазоловчи усулларга таянишдан воз кечиб, профилактика, мослашув ва реинтеграцияни ўз ичига олган тизимли ёндашувга ўтишни намоён этади.
Стратегияда ёшлар билан ишлашга алоҳида ўрин берилган бўлиб – улар энг заиф гуруҳ бўлиши билан бирга, ўзгаришларнинг ҳаракатлантирувчи кучи ҳамдир. Мактаб ва олий таълим муассасаларидаги дастурлар, спорт ва ижодий ташаббуслар, шунингдек, ёшлар ҳаракатларини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш нарко боғлиқликка қарши барқарор иммунитетни шакллантиришга қаратилган.
2024–2028 йилларга мўлжалланган гиёҳвандлик ва нарко жиноятларга қарши курашиш бўйича миллий стратегия Ўзбекистоннинг наркотиклардан холи жамиятни барпо этиш йўлидаги саъйи-ҳаракатларида муҳим бурилиш нуқтаси ҳисобланади. Уқонун кучи, технологиялар мослашувчанлиги ва ижтимоий сиёсат гуманизмини ўзида уйғунлаштиради.
Сурайёхон Хожамкулова,
жиноят ишлари бўйича Мирзо Улуғбек туман судининг тергов судьяси






