БУХОРОЛИК ЙИГИТ МЎМАЙ ДАРОМАД ИЛИНЖИДА ТУРКИЯЛИК ТАДБИРКОРНИ ЧУВ ТУШИРИШГА УРИНДИ
Бухоролик йигит ўрта мактабни тамомлаб, тенгдошлари қатори пойтахтга йўл олганда олийгоҳда ўқишни, шу орқали ҳаётда ўз ўрнини топишни дилига тукканди. Албатта, ниятига яраша ўқиди, олий маълумотли бўлди. Оила қуриб, 3 нафар фарзанд кўрди. Аммо…
Аммо у танлаган касби, эгаллаган мутахассислиги бўйича бирор жойда ёлчитиб ишламади. Энг ачинарлиси, сўнгги 12 йил мобайнида фирибгарликни ўзига касб қилиб олди. Аксинча, ўтган йиллар мобайнида 3 маротаба фирибгарлиги учун судланишга улгурмас эди. Бу гал эса Тоштемир (исм-фамилиялар ўзгартирилган) ҳам фирибгар, ҳам товламачи сифатида темир панжаралар ортига равона бўлди.
Гап шундаки, Тоштемир фуқаро Равшанбек Ғуломов орқали масъулияти чекланган жамияти раҳбари Рашид Юлдашевни алдайди. Яъни, аввалига ваъдани қуюқ қилиб, аукцион савдосига чиқарилган, Юнусобод туманининг “Осиё” кўчасида жойлашган, Тошкент шаҳар ҳокимлиги балансидаги 7,2 гектар бўш ер майдони олиб беришини айтади. Кейин ўзининг хизмат ҳақи сифатида аукцион нархи – 5 миллион АҚШ долларининг 5 фоизини талаб қилади. Шунинг ҳисобига Рашиддан Равшанбек орқали 250 минг АҚШ доллари (2 миллиард 67 миллион 809 минг сўм) ни дастлабки тўлов сифатида олади. Лекин берган ваъдасини бажармай, харидорни чув туширади.
Шу тариқа орадан 6 ой ўтади. Гарчи алданган бўлса-да, Рашид ака ўтган вақт мобайнида бирор кимга арзу дод қилмайди. Фирибгар “қаҳрамон”имиз эса андишанинг отини қўрқоқ қўйиб, бошқа бир жиноятга қўл уради. Аниқроғи, товламачиликка. Аён бўлишича, Тоштемир масъулияти чекланган жамият шаклидаги қўшма корхонаси таъсисчиси – Туркия Республикаси фуқароси Довут Азми Эрбаш ва яна бир туркиялик тадбиркор Мустафо Юзбаш ўртасида пойтахтимиздаги “WYNDHAM” меҳмонхонасининг акцияларига эгалик қилиш борасида тортишув ҳамда келишмовчилик келиб чиққанлиги, қолаверса айни масала фуқаролик ва иқтисодий судларда кўрилганидан хабар топади.
Бинобарин, у Мустафо Юзбашнинг вакили сифатида ҳаракат қилиб, Довут Азми Эрбашнинг олдига боради. Суҳбат асносида Тоштемир меҳмонхонанинг 39 фоиз акцияларига республикамизнинг нуфузли мансабдорларидан бири қизиқаётганлиги, Мустафо Юзбаш Довут Азми Эрбашга нисбатан прокуратура органларига мурожаат қилганлиги хабарини беради. Сўнгра қўшма корхонанинг сир сақланиши лозим бўлган банк маълумотларини ошкор қилиш, мазкур маълумотлар бўйича прокуратура унинг корхонаси ва ишчиларига жиноят иши қўзғатиб, жиноий жавобгарликка тортишини айтиб, қўрқитади. Энг муҳими, қўлидаги маълумотларни ошкор қилмаслик ва тўпланган унга тааллуқли барча ҳужжатларни Мустафо Юзбаш билан гаплашиб, йўқотиб юбориши эвазига 4 миллион АҚШ долларини талаб қилади. Шунда Тоштемир айтган гапларини ва пул талаб қилганлигини қўшма корхона вакили Шаҳноза Исроилова (Орзу хоним) аудиоёзув тарзида ёзиб олганлигини сезиб қолади. Бинобарин, ниманидир баҳона қилиб, воқеа жойидан жуфтакни ростлайди.
Бироқ вақт ўтгани сари “элчи” айтган гаплар ҳақиқатга айлана бошлайди. Яъни Яшонобод туман прокуратураси томонидан қўшма корхона таъсисчисига нисбатан жиноят иши қўзғатилади. Судларда ҳам Мустафо Юзбашнинг қўли баланд келади. Шу боис Довут Азми Эрбаш қўрққанидан Тоштемирга нисбатан ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идораларга ариза беради.
Пировардида Тоштемирнинг кирдикорлари фош этилиб, юқоридаги ҳолатлар бўйича жиноят ишлари қўзғатилади. Шундан кейин айни иш жиноят ишлари бўйича Мирзо Улуғбек туман судида кўриб чиқилди. Оқибатда судланувчи Жиноят кодексининг 168-моддаси 4-қисми “а” банди ва 165-моддаси 3-қисми “а” банди билан айбдор деб топиб, озодликдан маҳрум қилиш жазосига маҳкум этилди. Шунингдек, суд ҳукмида Тоштемир Рауповдан Рашид Юлдашев фойдасига 250 минг АҚШ долларининг миллий валютамиздаги қиймати – 2 миллиард 709 миллион 975 минг сўм миқдоридаги зарарни ундириш ҳам белгиланди.
Қинғир ишнинг қийиғи қирқ йилдан сўнг ҳам чиқади, дейди доно халқимиз. Афсуски, Т.Раупов буни ҳис қилмади.
Баҳромжон БЕРДИЕВ,
жиноят ишлари бўйича Мирзо Улуғбек туман судининг судьяси