«БОШҚА ИШДА ИШЛАБ ТУРСАМ БЎЛАДИМИ?»
— Ҳозирда бола парваришлаш таътилидаман. Айтингчи, таътил муддати тугагунча бошқа ишда ишлаб турсам бўладими? Масалан, ўриндошлик асосида.
Исми сир тутилди
Алимджан КАРИЕВ, фуқаролик ишлари бўйича Мирзо Улуғбек туманлараро суди судьяси:
— Меҳнат кодексининг 58-асосан давлат иш билан таъминлаш турини, шу жумладан турли меҳнат режимидаги ишни танлаш эркинлигини кафолатлайди.
Ушбу кодекснинг 234-моддаси талабларидан келиб чиқиб, аёл ўз хоҳишига кўра, болани парваришлаш таътили даврида тўлиқ бўлмаган иш вақти режимида ёки иш берувчи билан келишиб, уйда ишлаши мумкин. Бунда унинг нафақа олиш ҳуқуқлари сақланиб қолади.
Демак, аёллар болани парваришлаш таътили даврида иш берувчини огоҳлантириб, исталган вақтда ишга чиқса бўлади.
Иш берувчи ходимага болани парваришлаш таътилини бўлиб ишга чиқишини тақиқлашга ҳақли бўлмайди, чунки бундай таътилдан фойдаланиш ходиманинг мажбурияти эмас, балки ҳуқуқи ҳисобланади.
Болани парваришлаш таътили даврида тўлиқ бўлмаган иш вақти шароитида ишлаш меҳнат шартномасига қўшимча битим билан расмийлаштирилади. Унга иш вақти ва меҳнат ҳақига тааллуқли бўлган ўзгартиришлар киритилади. Қўшимча битим имзоланганидан кейин тегишли буйруқ чиқарилади.
Қонунчиликда ўриндошлик асосида ишлаш бу ходимнинг ўзининг асосий ишини бажаришидан ташқари асосий ишидан бўш вақтида меҳнат шартномаси асосида бошқа ҳақ тўланадиган ишни бажариши тушунилади.
Ўриндошлик асосида ишлашга, асосий иш жойида (ички ўриндошлик) ёхуд бошқа ташкилотда (ташқи ўриндошлик) ишлашга йўл қўйилади.
Ходимнинг асосий иш жойи ҳисобланган ташкилотда ўриндошлик асосида ишлашга вақтинча бўлмаган ходимнинг ишини бажаришда ёки бўш лавозимдаги ишни бажаришда йўл қўйилади.
Қуйидагиларнинг ўриндошлик асосида ишлаши тақиқланади:
• ўн саккиз ёшга тўлмаган шахслар;
• агар ўриндошлик асосида ишловчининг асосий иши меҳнатнинг ноқулай шарт-шароитлари билан боғлиқ бўлса, шундай шарт-шароитдаги ишларда ишлаш (соғлиқни сақлаш тизими ташкилотлари ходимлари бундан мустасно);
• автомобиль ташувлари хавфсизлигини таъминлаш хизматининг ишчиси (мутахассиси) сифатида;
• Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ва Вазирлар Маҳкамаси аппарати ходимлари (техник ва хизмат кўрсатувчи ходимлардан ташқари), давлат бошқаруви органлари раҳбарлари, уларнинг ўринбосарлари ва таркибий бўлинмалар бошлиқлари, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раиси ва аъзолари, Ўзбекистон Республикаси Президенти ва Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарорларида назарда тутилган ҳоллар бундан мустасно;
• вилоятлар, туманлар ва шаҳарлар ҳокимлари ва уларнинг ўринбосарлари;
• бир-бирига бўйсунувчи ёки бир-бирининг назоратидаги ташкилотларда давлат бошқаруви органлари мутахассислари – соғлиқни сақлашни бошқариш органларида банд бўлган врачлар ва таълимни бошқариш органларида банд бўлган ўқитувчилар бундан мустасно;
• қонунчиликка мувофиқ ўриндошлик асосида ишлаши тақиқланган бошқа шахслар (ходимлар).
Бундан кўринадики амалдаги қонунчиликда болани парваришлаш таътилидаги аёлларнинг ўриндошлик асосида ишлаш ҳуқуқи чекланмаган.