БОСҚИНЧИЛИК ҲАР ДАВРДА ЖИНОЯТДИР

Бизга маълумки, жамиятнинг иқтисодий асосларини ишлаб чиқариш қуроллари, воситалари ҳамда истеъмол молларидан иборат бўлган мулк ташкил қилади. Давлат эса ўз ҳудудида мулк, хусусан хусусий мулкни муҳофаза қилинишига масъул бўлиб келган.

 Амир Темур ҳазратлари ҳам жиноячиликка қарши курашиш ва жамоат хавфсизлигини таъминлаш мақсадида турли қонунларни жорий этганларки, шулардан бири – карвон йулларида кимгадир ҳужум қилиниб, унинг моли тортиб олинса, ўша ернинг ҳокими мол эгасига йуқотилган молнинг икки баробари миқдорида товон тўлашга мажбур қилинган.

Ҳар доим жиноятчиликка қарши самарали курашиш ташкил этилган мамлакат ёки жамиятлар яхши олқишланиб келинган. Замонавий иборалар  билан айтганда, бундай жамиятлар тинч ва осойишта, эркин ижод ва фаолият юритиш шароилари бор, инвестиция жозибардорлигига эга, кўпчилик инсонлар талпинадиган минтақалар ҳисобланади.

Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 65-моддасида “Ўзбекистон Республикасида барча мулк шаклларининг тенг ҳуқуқлилиги ва ҳуқуқий жиҳатдан ҳимоя қилиниши таъминланади”, деб белгилаб қўйилиши ҳам бежизга эмас. Бу билан давлат мулклар дахлсизлиги ва мулкий ҳуқуқларнинг кафили сифатида жамиятда ўз мавқеини эътироф этмоқда.

Қолаверса, кимга тегишли бўлишидан қатъи назар ҳар қандай мулкнинг ҳимоя  қилиниши, хусусан ҳуқуқий жиҳатдан ҳимоя қилиниши бирламчи аҳамият касб этиши  баробарида инсон ҳуқуқ ва эркинликларининг бир шакли сифатида намоён бўлмоқда.

Шунинг учун ҳар қандай шаклдаги мулкий ҳуқуқнинг бузилиши, хусусан, турли усулда амалга оширилган босқинчиликларнинг содир этилишида намоён бўлади, бу эса жамият хавфсизлигига сезиларли даражада хавф туғдирадиган кўрсатгич ҳисобланди. Бу эса ўз навбатида, тегишли ҳуқуқий таъсир чораларини кўриш, хусусуан, мулкка нисбатан содир бўладиган кўплаб жиноятлар қатори босқинчилик жиноятига нисбатан  самарали профилактик чора-тадбирлар, бундай жиноятга қарши курашишнинг янги усул ва шаклларини ишлаб чиқиш ҳамда амалиётга жорий этилишини тақозо этади.

Савол туғилиши табиий, мулкнинг муҳофазаси ҳақида сўз юритилиб, мавзу нега айнан босқинчилик жинояти томон бурилди?

Босқинчилик жинояти ўзининг содир этилиш усули, келиб чиқиши мумкин бўлган оқибатига кўра, мулкка қарши жиноятлар сирасида – энг хафвлисидир.
Чунки, у мулкка тажавуз қилиш билан бирга, инсон саломатлиги ва ҳаётига ҳам раҳна соладиган жиноят ҳисобланади. Умумий жиноятчиликнинг статистикасига эътибор қаратадиган бўлсак, Статистика агентлигининг маълумотларига кўра, босқинчилик ва талончилик жиноятлари фирибгарлик ёки ўғрилик жиноятларининг олдида кичик кўрсатгични ташкил қилади. Бироқ, ҳар бир рақамларда жабрланувчи ваҳима солувчи, унинг соғлигига зарар етказилишига олиб келадиган ёинки, соғлиғини хавфга қўядиган нохуш ҳолатлар юз берган.

Дарҳақиқат, босқинчилик яъни ўзганинг мол-мулкини талон-торож қилиш мақсадида ҳужум қилиб, ҳаёт ёки соғлиқ учун хавфли бўлган зўрлик ишлатиб ёхуд шундай зўрлик ишлатиш билан қўрқитиб содир этиладиган жиноятдир.

Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 164-моддасида мазкур жиноят учун жавобгарлик назарда тутилган. Босқинчилик жиноятининг объекти ўзганинг мол-мулкини муҳофаза қилишни таъминловчи, фуқароларнинг ҳаёти ёки соғлиғи хавфсизлигини таъминлашга қаратилган ижтимоий муносабатлардир. Ушбу жиноят объектив томондан ўзганинг мол-мулкини талон-торож қилиш мақсадида шу мулкнинг эгалланишига қаршилик кўрсатган шахснинг ҳаёти ёки соғлиғи учун хавфли бўлган зўрлик ишлатиш ёхуд шундай зўрлик ишлатиш билан қўрқитиб ҳужум қилишда ифодаланади.
Босқинчилик жинояти ҳар қандай ҳолатда қасддан ва ғаразли мақсадларда содир қилинади. Айбдор жиноят содир этишда у томонидан содир этилаётган зўрликнинг жабрланувчи ҳаёти ёки соғлиғи учун хавфлилигини, ушбу зўрлик ўзганинг мулкини ўзи ва ўзга шахслар фойдасига эгаллаш воситаси сифатида ишлатилаётганлигини тушунади ва шуни хоҳлайди. Мазкур жиноятнинг субъекти 14 ёшга тўлган, ҳар қандай ақли расо жисмоний шахс бўлиши мумкин.

Босқинчилик содир этишдаги ҳужум қонунга хилоф равишда очиқдан-очиқ ёки яширин равишда тўсатдан жабрланувчига, яъни мулкдорга, мол-мулкка қонуний равишда эгалик қилувчи мулк эгасига, шунингдек, талон-торож қилишга қаршилик кўрсатаётган бошқа учинчи шахсларга зўрлик ишлатиб ғайриқонуний таъсир кўрсатишда ифодаланади.

Аксарият ҳолларда, босқинчилик вақтида шахсга очиқдан-очиқ ҳужум қилинади, баъзан эса, жабрланувчига сездирмасдан яширинча (масалан, орқадан ўқ узиб, панадан пичоқ уриб) содир этилиши ҳам мумкин. Ҳужум жабрланувчига нисбатан заҳарловчи ёки фалаж қилишга қаратилган воситалар ва моддалар орқали очиқдан-очиқ ёки яширин равишда содир этилиши ҳам мумкин.

Босқинчиликда ишлатиладиган зўрлик жисмоний ёки руҳий бўлиши мумкин. Одатда, босқинчиликда зўрлик ишлатиш ҳужум билан айни бир вақтда содир бўлади, аммо бевосита ҳужумдан кейин куч ишлатилиши ҳоллари ҳам учрайди. Ҳужум бошқа бир шахсга қаратилиб, мол-мулкни эгаллашга тўсқинлик қилмоқчи бўлган бошқа шахсга нисбатан зўрлик ишлатилган ҳоллар ҳам учрайди.

Босқинчиликда ишлатиладиган зўрлик жабрланувчидан тортиб олинган мол-мулкни эгаллаш ёки ўзида сақлаб қолиш усули ҳисобланади. Босқинчиликни квалификация қилиш учун айбдор томонидан зўрликнинг мол-мулк эгаси ёки уни қўриқлаётган шахс ёхуд мулк тасарруфида бўлган шахс ёхуд ўзганинг мулкини эгаллашга тўсқинлик қилган шахсларга нисбатан ишлатилганлигининг аҳамияти йўқ. Ўзганинг мол-мулкини эгаллаш ёки сақлаб қолиш мақсадида зўрлик ишлатилиши жиноятнинг зарурий белгиси ҳисобланади.

Айбдор қачонки шахснинг ҳаёти ёки соғлиғига зўрлик ишлатиш билан таҳдид қилган тақдирдагина, ҳужумни босқинчилик деб малакалаш мумкин.

Бундай зўрлик ишлатиш таҳдиди жабрланувчига руҳий зўрлик орқали ҳам амалга оширилиши мумкин.

Зўрликнинг хусусиятини оғзаки, қуролни кўрсатиш, имо-ишора (масалан, “ўлдираман”, “майиб қиламан”, “кўзингни ўйиб оламан” дейиш) қилиш, жабрланувчининг ҳаётига ёки соғлиғига оғир тан жароҳати етказиши мумкин бўлган қурол, тўппончани, пичоқни ёхуд шу мақсадларда фойдаланиш мумкин бўлган бошқа предметларни жабрланувчига кўрсатиш, шунингдек, ҳужум ҳаракатларини амалга ошириш (оғир предмет билан бошига уришга ҳаракат қилиш, ўқотар қурол ёки пичоқни ўқталиш ва ҳ.к.) орқали ҳам ифодалаш мумкин.
Зўрлик ишлатиш билан таҳдид қилишни амалга ошириш усули: оғзаки, қўл ҳаракатлари ва бошқалар Жиноят кодексининг 164-моддаси билан малакаланишига таъсир қилмайди.

Алишер Турғунов,

Жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар

Олмазор туман суди судьяси