БОЛАЛАРНИ ЗЎРАВОНЛИКЛАРДАН АСРАЙЛИК

Ўзбекистонда болаларни зўравонликнинг барча шаклларидан ҳимоя қилиш давлат сиёсатининг энг устувор йўналишларидан бирига айланди. Охирги йилларда бу борада ҳам қонунчилик, ҳам институционал тизим тубдан ислоҳ қилинди.

​​Қонунчилик ислоҳотлари борасида жумладан болалар ҳуқуқларини ҳимоя қилишнинг ҳуқуқий асослари кучайтирилди, хусусан,

​-«Болаларни зўравонликнинг барча шаклларидан ҳимоя қилиш тўғрисида»ги Қонун: 2024 йилда қабул қилинган ушбу тарихий ҳужжат илк бор «зўравонлик» тушунчасини (жисмоний, жинсий, руҳий, ғамхўрлик кўрсатмаслик, эксплуатация) аниқ белгилаб берди.

​-Жазонинг муқаррарлиги Жиноят кодексига киритилган ўзгаришларга кўра, вояга етмаганларга нисбатан жинсий зўравонлик содир этган шахсларга нисбатан муддатидан олдин шартли озод қилиш ёки жазони енгилроғи билан алмаштириш тақиқланди.

​Шунингдек, ҳимоя (тақиқлаш) ордери жорий қилиниб эндиликда зўравонликдан жабрланган болаларга ҳам ички ишлар органлари томонидан ҳимоя ордери берилиши йўлга қўйилди.

​ Институционал ислоҳотлар

​Болалар билан ишлайдиган тузилмалар фаолияти қайта кўриб чиқилди, жумладан,

​-Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги: Президент ҳузурида ташкил этилган ушбу агентлик «Инсон» ижтимоий хизматлар марказлари орқали оғир аҳволга тушиб қолган болалар ва оилалар билан индивидуал ишлаш тизимини йўлга қўйди.

​-Болалар омбудсмани: Бола ҳуқуқлари бўйича вакил институтининг ваколатлари кенгайтирилди. У болаларга нисбатан зўравонлик ҳолатларида мустақил кузатувчи ва ҳимоячи сифатида иштирок этмоқда.

​-«Етим болаларсиз жамият»

Меҳрибонлик уйлари босқичма-босқич деинституционализация қилинмоқда (ёпилмоқда) ва болалар оилавий муҳитга (тинчликпарвар оилалар, васийлик) йўналтирилмоқда.

Болаларни зўравонликдан ҳимоя қилиш — бу нафақат давлатнинг, балки ҳар бир ота-она ва жамият аъзосининг бурчидир. Бу жараён бир нечта муҳим асосларга таянади.

​​Ҳар бир бола қонун ҳимоясида бўлиши шарт. Ўзбекистонда бу борада бир қанча муҳим ҳужжатлар мавжуд мисол тариқасида оладиган бўлсак;

– Конституциявий кафолат: Бола ҳуқуқлари давлат томонидан ҳимоя қилинади.

​-«Бола ҳуқуқларининг кафолатлари тўғрисида»ги қонун: Боланинг ҳаёти, соғлиғи ва қадр-қимматини ҳимоя қилишни белгилайди.

​​Оиладаги соғлом муҳит яратиш шунингдек, бола учун энг хавфсиз жой — унинг уйи бўлиши керак. Бунинг учун:

​Биринчидан, ишончли мулоқот зарур, хусусан, бола қўрқмасдан ўз муаммоларини айта олиши учун ота-она билан ўртада кучли ишонч бўлиши лозим.

​Иккинчидан, жисмоний жазодан воз кечиш керак, хусусан, «Тарбия воситаси» сифатида уриш ёки ҳақорат қилиш боланинг руҳиятини синдиради ва уни зўравонликка кўниктириб қўяди.

​Учинчидан, диққат ва эътибор боланинг хулқ-атворидаги кичик ўзгаришларни (камгаплик, уйқусизлик, қўрқув) вақтида сезиш муҳим.

Муҳим эслатма: Зўравонликка гувоҳ бўлганда сукут сақлаш — жиноятга шерик бўлиш билан баробардир.

Машҳура Байбекова,

Тошкент туманлараро

иқтисодий судининг судьяси