БОЛАЛАРГА НИСБАТАН ЗЎРАВОНЛИКНИ ЯШИРИШ – ЖИНОЯТНИ ҚЎЛЛАБ-ҚУВВАТЛАШ БИЛАН БАРОБАР
Болалар хавфсизлиги — замонавий жамият учун энг муҳим масалалардан бири. Айниқса таълим, соғлиқни сақлаш ва ижтимоий ҳимоя муассасаларида болаларнинг ҳуқуқлари таъминланиши, улар ҳар қандай зўравонликдан ҳимоя қилиниши лозим. Аммо амалиёт шуни кўрсатмоқдаки, баъзан айнан шу тизимларда болаларга нисбатан зўравонлик ҳолатлари юз берар экан, улар ҳақида ўз вақтида маълум қилинмаслиги жиддий муаммолар келтириб чиқармоқда. Айрим ҳолларда “обрў кетади”, “ишни ички ҳал қилайлик” деган нотўғри ёндашувлар туфайли далил яширилиши, сукут сақланиши кузатилади. Бу эса нафaқат боланинг ҳуқуқларини бузиш, балки такрорий зўравонликка йўл очиш дегани.
ЮНИСЕФнинг 2023 йилги ҳисоботларида таъкидланишича, дунё бўйлаб миллионлаб болалар турли шаклдаги зўравонликдан жабр кўради, у ҳолатларнинг сезиларли қисми таълим ва тиббиёт муассасаларида қайд этилган. АҚШда 2022 йил натижаларга кўра болаларга нисбатан зўравонлик ҳолатларининг 32 фоизи ўқитувчи ёки тиббиёт ходимлари томонидан илк бор аниқлангани қайд этилган, аммо шуларнинг муайян қисми ҳақида расмий органларга ўз вақтида хабар берилмагани ҳам эътироф этилган. Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти ва БМТнинг Болалар ҳуқуқлари бўйича қўмитаси ҳисоботлари ҳам ушбу хавфнинг жиддий эканини кўрсатади. Демак, муаммо нафақат жиноятнинг содир этилишида, балки уни яшириш амалиётида ҳам намоён бўлмоқда.
Халқаро амалиёт шуни кўрсатмоқдаки, кўпгина ривожланган давлатларда болаларга нисбатан зўравонлик ҳақида маълум қилмаслик алоҳида ҳуқуқбузарлик сифатида баҳоланади. АҚШнинг қатор штатларида амал қилаётган “mandatory reporting law” қоидасига биноан, болалар билан ишловчи ўқитувчи, шифокор, психолог ва ижтимоий ходимлар зўравонликка шубҳа бўлган тақдирда ҳам бу ҳақда тегишли органларга хабар бериши мажбурий ҳисобланади, акс ҳолда улар маъмурий ёки ҳатто жиноий жавобгарликка тортилиши мумкин. Европа мамлакатларида, хусусан Германия, Франция, Скандинавия давлатларида ҳам шу каби тизим амалда бўлиб, болани ҳимоя қилишга доир давлат сиёсати қатъий тарзда йўлга қўйилган. БМТнинг Болалар ҳуқуқлари тўғрисидаги Конвенцияси эса давлатларни болаларни зўравонликдан ҳимоя қилиш бўйича самарали ҳуқуқий механизм яратишга мажбур этади.
Ўзбекистон шароитида ҳам ушбу масала ниҳоятда долзарб. Агар таълим, тиббиёт ва ижтимоий ҳимоя тизими ходимлари болага нисбатан зўравонликни билиб туриб сукут сақласа, бу ҳолат нафақат ахлоқ жиҳатдан, балки ҳуқуқий нуқтаи назардан ҳам қаттиқ баҳоланиши керак. Шу боис мутахассислар, жамоатчилик ва ҳуқуқшунослар томонидан мулкчилик шаклидан қатъий назар барча тегишли муассасалар раҳбарлари ва ходимлари болаларга нисбатан зўравонлик ёки ҳуқуқбузарлик ҳақида хабар бермаган тақдирда маъмурий жавобгарликка тортилишини назарда тутувчи нормани қонунчиликка киритиш таклиф этилмоқда. Бу орқали жавобгарлик ҳисси ошади, сукут сақлаш амалиёти қисқаради, энг муҳими — болалар хавфсизлиги кучаяди.
Албатта, фақат жазо чорасини белгилашнинг ўзи етмайди. Масалага тизимли ёндашув зарур. Ҳар бир муассасада зўравонлик ҳолати аниқланганда ким ва қандай тартибда хабар бериши кераклиги бўйича аниқ регламент ишлаб чиқилиши лозим. Ходимларни болалар ҳуқуқлари, зўравонлик белгиларини аниқлаш, психологик ёндашув ва ҳуқуқий мажбуриятлар бўйича доимий тайёргарликдан ўтказиш муҳим. Шу билан бирга болаларни ҳам ўз ҳуқуқлари ҳақида хабардор қилиш, зарур пайтда қаерга мурожаат қилишини ўргатиш керак. Энг муҳим масалалардан бири — зўравонлик ҳақида хабар берган ходимнинг хавфсизлигини таъминлаш, унга нисбатан босим ёки таъқиб бўлишига йўл қўймасликдир.
Бола – оиланинг, миллатнинг ва давлатнинг келажаги. Болаларга нисбатан зўравонликни яшириш – жиноятни қўллаб-қувватлаш билан баробар. Шу боис бундай ҳолатларга сукут сақлашни камситилмайдиган ҳуқуқбузарлик сифатида баҳолаш ва жавобгарликни қонун билан белгилаш давр талаби. Бу чоралар орқали биз болаларимизнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилибгина қолмай, инсонпарвар ва масъулиятли жамият сари қадам ташлаймиз.
Санжар Нишонов,
жиноят ишлари бўйича Шайхонтоҳур туман
суди тергов судьяси






