БИР ИНСОННИНГ ДАҲШАТЛИ КАСАЛЛИККА ЧАЛИНИШИГА САБАБЧИ БЎЛГАН ЭРКАККА ҲУКМ ЎҚИЛДИ
Бугунги кунда миллионлаб инсонларнинг умрига зомин бўлаётган, тинч оилаларни пароканда қилаётган ОИВ инфекцияси ўзининг аянчли оқибатлари билан инсониятнинг энг долзарб муаммоси бўлиб қолмоқда. Бу касалликни юқтирган инсон Жиноят кодексининг тегишли моддалари талаблари билан таниширилиб, огоҳлантирилади. Қуйида сизга таништирмоқчи бўлган қаҳрамонимизга мазкур модда талаблари яхши таниш бўлса-да, унга риоя қилмади, балки бошқа бир инсоннинг даҳшатли касалликка чалинишига сабабчи бўлди…
Огоҳлантирилганига қарамай…
Ихтиёр (исм ўзгартирилган) Тошкент шаҳар ҳокимияти Соғлиқни сақлаш Бош бошқармаси, Тошкент шаҳар ОИТСга қарши курашиш марказида, ОИВ инфекцияси билан касалланганлиги учун назоратга олинади. У Ўзбекистон Республикасининг 1999 йил 19 августдаги 816-1-сонли “Одамнинг иммунитет танқислиги вируси билан касалланишининг (ОИВ касаллигининг) олдини олиш тўғрисида”ги Қонуни ва ЖКнинг 113-моддаси талаблари билан таништирилиб, огоҳлантирилади. Аммо Ихтиёр ўзининг ОИВ касаллиги билан оғриганини била туриб, буни яширган ҳолда фуқаро Дилнозага шаръий никоҳ асосида уйланади. У билан ҳимояланмаган ҳолда бирга бўлиб, ОИВ/ОИТС касаллигини юқтиради. ОИВ инфекцияси аниқланган Дилноза Тошкент шаҳар ОИТСга қарши курашиш марказининг тиббий маълумотномасига асосан диспансер назоратига олинади.
“Касал эмасман, деб ўйладим…”
Суд мажлисида судланувчи Ихтиёр ўз айбига тўлиқ иқрор бўлиб, қуйидагича кўргазма берди:
– Ҳақиқатан ҳам Тошкент шаҳар ОИТСга қарши курашиш марказида, ОИВ инфекцияси билан касалланганлигим учун назоратга олинганман. Ўзбекистон Республикасининг 1999 йил 19 августдаги 816-1-сонли “Одамнинг иммунитет танқислиги вируси билан касалланишининг (ОИВ касаллигининг) олдини олиш тўғрисида”ги Қонуни ҳамда ЖКнинг 113-моддаси талаблари билан таништирилиб, огоҳлантирилдим. Ўша пайтда соғлиғимда ўзгариш бўлмаганлиги, ўзимни яхши ҳис қилганим сабабли, касал эмасман, шифокорлар адашган бўлиши мумкин, деб ўйладим. Даволанишга ҳам бормадим. Кейин Дилноза билан танишиб қолдим. Унга касаллигим ҳақида айтмадим, яширдим. Шаръий никоҳ асосида турмуш қурдик. Аслида унга қасддан касаллик юқтириш ниятим йўқ эди. Биринчи турмуш ўртоғимга касаллик юқмаганига Дилонозага ҳам юқмайди, деб ўйлаб, хато қилибман. Ҳозирда содир қилган хатти-ҳаракатларим оқибатини тушуниб етдим. Қилган ишимдан пушаймонман. Оилавий шароитимни, моддий аҳволимни, қарамоғимда онам, ногирон укам ва синглим борлигини инобатга олиб, енгиллик беришингизни сўрайман.
“Эримга нисбатан даъвом йўқ…”
Суд мажлисида жабрланувчи Дилноза қуйидагиларни маълум қилди:
– Мен у киши билан шаръий никоҳ асосида турмуш қурганман. У ҳеч қачон менга ОИВга чалинганини айтмаган. Бу ҳақда гап ҳам бўлмаган. Эрим мен билан ҳимояланмаган ҳолда бирга бўлгани учун ОИВ/ОИТС касаллигини юқтирди. Ҳозирда турмуш ўртоғимга нисбатан ҳеч қандай даъвом йўқ. Унга енгиллик беришингизни ва қамоқ билан боғлиқ бўлмаган жазо тайинлашингизни сўрайман.
Озодликдан чеклаш жазоси тайинланди
Ихтиёр Жиноят кодексининг 113-моддаси 4-қисмида назарда тутилган жиноятни содир этганликда айбли, деб топилди. Унга нисбатан Жиноят кодексининг 113-моддаси 4-қисми билан, ЖКнинг 57-моддасини қўллаб, 5 йил муддатга озодликни чеклаш жазоси тайинланди.
Зохиддин НУРИДДИНОВ,
жиноят ишлари бўйича Олмазор туман суди судьяси,
Лола Шоимова, журналист