БЕШ МАРТА СУДЛАНГАН ШАХС ЯНА ЖИНОИЙ ИШ УСТИДА ҚЎЛГА ОЛИНДИ
Искандар Тўраев (исм-шарифлар ўзгартирилган) гиёҳвандлик балосига йўлиққанлардан. У муқаддам бир неча маротаба судланган бўлишига қарамай, яна жиноят йўлига кирди.
И. Тўраев дастлаб судланганида унга нисбатан 3 йил озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган, жазони тўлиқ ўтаган. Иккинчи маротаба эса, унга 5 йилу 6 ой озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган. Жиноят ишлари бўйича Косон туман судининг ажрими билан ЖКнинг 74-моддасига асосан иш ҳақининг 20 фоизини давлат даромади ҳисобига ушлаб қолган ҳолда 1 йил 7 ой ахлоқ тузатиш ишлари жазоси тайинланган. Учинчи маротаба эса, Жиноят ишлари бўйича Яккасарой туман судининг
ҳукмига кўра, унга 3 йил озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган, Жиноят кодексининг 72-моддасини қўллаб, 1 йил синов муддати белгиланган. Тўртинчи маротаба судланганида эса, унга Олмазор туман судининг ҳукмига кўра, иш ҳақининг 20 фоизини давлат даромади ҳисобига ушлаб қолган ҳолда 2 йил 6 ой ахлоқ тузатиш ишлари жазоси тайинланган. Бешинчи маротаба судланганида Жиноят ишлари бўйича Шайхонтоҳур туман судининг ҳукмига кўра, 3 йил 3 ой озодликдан маҳрум қилиш жазосини олган. Жиноят ишлари бўйича Бўка туман судининг ажрими билан Жиноят кодексининг 74-моддасига асосан ўталмай қолган 2 йил 2 ой 19 кун жазоси шу муддатга иш ҳақининг 20 фоизини давлат даромади ҳисобига ушлаб қолган ҳолда ахлоқ тузатиш ишлари жазосига алмаштирилган. Жиноят ишлари бўйича Сирғали туман судининг ажрими билан мазкур кодекснинг 73-моддасига асосан ўталмай қолган 10 ой 19 кун ахлоқ тузатиш ишлари жазосидан муддатидан илгари шартли озод қилинган, судланганлик ҳолати тугалланган.
Бу сафар ҳам И. Тўраев яна жиноий иш устида қўлга олинганига нима дейсиз. Ўрганган кўнгил ўртанса қўймас экан. У ҳаётида шунча маротаба судланган, жазони ўтаб чиққан бўлишига қарамай, бундан хулоса чиқармади. Шунча жазолар, бошига тушган кўргуликлар ҳам унга камлик қилди.
И. Тўраевнинг эгнидаги нимчаси чўнтагидан 1,01 грамм “марихуана” гиёҳвандлик воситаси топилди. Олмазор тумани ИИО ФМБ биносида милиция ходимлари томонидан текширув ўтказилганида унинг ёнидан “марихуана” гиёҳвандлик воситаси ва бир дона “REGAPEN” дори капсуласи топилди.
Суд-кимёвий эскпертизасининг хулосасига кўра, олинган модда таркибида фаол гиёҳванд модда тетрагидроканнабинол мавжуд бўлиб, бу модда “марихуана” деб аталиши, унинг оғирлиги 1,01 граммга тенглиги, дори воситаси эса, “REGAPEN” капсуласи бўлиб, таркибидаги Прегабалин моддаси қонунан тақиқланганлиги маълум бўлди.
Судланувчи суд мажлисида айбига тўлиқ иқрор бўлиб, ўша куни у Зангиота тумани Хонобод маҳалласидан ўтиб кетаётган вақтида ариқ бўйида ўсиб ётган наша ўсимлигини кўриб қолганлигини, қизиқиб, чекиб кўриш мақсадида уни юлиб олганлигини тан олди.
У ёнидан чиққан буюмларни сотишни ёки бошқа бировга беришни ўйламаганлиги, ёввойи наша билан Регапен капсуласини ўзининг истеъмоли учун ёнида олиб юрганлигини айтди. Судланувчи гиёҳвандлик воситасини бировга сотиш ёки ўтказиш мақсади бўлмаганлигини айтиб, қилмишидан чин кўнгилдан пушаймонлигини билдириб, суддан енгиллик беришни сўради.
Суд мажлисида гувоҳларнинг кўрсатмалари ҳам тингланди. Судланувчининг айби, унинг ўз айбига тўлиқ иқрорлик билдириб берган кўрсатувидан ташқари, нарсани олиш, сўроқ қилиш, юзлаштириш баённомалари, суд-кимёвий экспертизасининг хулосаси ҳамда ишда тўпланган бошқа далиллар йиғиндиси билан тўлиқ ўз исботини топди.
Суд судланувчига нисбатан жазо тайинлашда Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг 2006 йил 3 февралдаги “Судлар томонидан жиноят учун жазо тайинлаш амалиёти тўғрисида”ги 1-сонли қароридаги тушунтиришларига амал қилган ҳолда унинг айбига тўлиқ иқрорлигини, қилмишидан чин кўнгилдан пушаймонлигини ҳисобга олиб унга ахлоқ тузатиш ишлари жазоси тайинлашни лозим деб топди. Судланувчига Жиноят кодекси 276-моддасининг биринчи қисми билан иш ҳақининг 20 фоизини давлат даромади ҳисобига ушлаб қолган ҳолда 2 йил ахлоқ тузатиш ишлари жазоси тайинланди.
Суд суд-наркология экспертизасининг хулосасига кўра, И. Тўраев гиёҳвандлик (наша, героин) ва захарвандлик (прегабалин) касалликларидан мажбурий даволанишга муҳтожлиги сабабли, унга нисбатан Жиноят кодексининг 96-моддасини қўллаб, мажбурий даволаниш чораси тайинланди.
Хулоса ўрнида айтадиган бўлсак, юқоридаги жиноят иши мисолида гиёҳвандликнинг тузалмас дард, инсонни соғлом ҳаётидан чалғитиб, абгор этувчи иллат эканлиги яна бир бор ўз исботини топди. Бу иллат домига тушганларни соғлом турмушга қайтариш эса, барчамизнинг инсоний бурчимиздир. Гиёҳвандликка ва уни тарғиб қилишнинг олдини олишга қарши профилактик тадбирларда кенг жамоатчиликнинг фаол иштироки зарур. Сабаби, гиёҳвандлик йўлига кирган кимсалар уни фақат ўзлари истеъмол қилиб қолмасдан, ўзгаларни, айниқса, ёшларни бу йўлга тортишга, улар орқали гиёҳванд воситалар бозорини ривожлантиришга ҳаракат қиладилар.
Мирзиёд АБИДОВ,
Жиноят ишлари бўйича Олмазор туман суди судьяси