“БЕЛАРИҚ”ДА ИККИ БЎЙДОҚНИНГ “ИШИ” КЎРИБ ЧИҚИЛДИ

1

Жиноят кодексининг 276-моддаси 1-қисмидагиёҳвандлик воситаларини (жумладан, уларнинг аналоглари ёки психотроп моддаларни) ўтказиш мақсадини кўзламай, қонунга хилоф равишда тайёрлаш, сақлаш, эгаллаш, ташиш ёки жўнатишга доир қилмиш назарда тутилган. Жазо ҳам шунга яраша, яъниким, судья иш ҳолатларидан келиб чиқиб: “базавий ҳисоблаш миқдорининг эллик бараваригача миқдорда жарима ёки уч юз олтмиш соатгача мажбурий жамоат ишлари ёки уч йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёхуд бир йилдан уч йилгача озодликни чеклаш ёки уч йилгача озодликдан маҳрум қилишдан бирини танлайди.

Пойтахтнинг Якксарой тумани “Белариқ” маҳалла фуқаролари йиғинида ўтган сайёр судда жиноят ишлари бўйича Яккасарой тумани суди судьяси Азимжон Ҳакимов худди шундай қилмиш содир этган этган А.С.нинг “иши”ни кўриб чиқиб, унга базавий ҳисоблаш миқдорининг 20 баравари миқдорида, яъни 8.240.000 сўм жарима жазоси тайинлади.

2

Шу судья раислигида шу маҳаллада ўтган сайёр судда муҳокама қилинган яна бир иш Ф. Р.га нисбатан юритилган фирибгарликка (Жиноят кодекси, 168-модда, 3-қисми “б” банди) оид жиноят иши эди. Бунинг учун базавий ҳисоблаш миқдорининг уч юз бараваридан тўрт юз бараваригача миқдорда жарима ёки икки йилдан уч йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёхуд муайян ҳуқуқдан маҳрум этилган ҳолда беш йилдан саккиз йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазоларидан бири нақд.

Судланувчига 20 фоизи миқдорини давлат даромади ҳисобига ушлаб қолган ҳолда 2 йил муддатга ахлоқ тузатиш ишлари жазоси тайинланди.

3

Сайёр суд муҳокамасида кўрилган ишлар қандай жиноятлар экани маълум, шу боис тафсилотига ҳожат йўқ. Фақат тайинланган жазога мухтасар изоҳ керакки, икки судланувчи ҳам ёш, ҳали оила қурмаган, қилмишига тавба қилиб турибди… Бировнинг “молини туя қилгани” эса етказилган зарарларни қоплаб улгурган. Шу ва шу каби омиллардан келиб чиқиб, суд уларни панжара ортига юбормади, шунингдек, ортиқча мурувват ҳам кўрсатилгани йўқ. Жазодан норози бўлса, бемалол шикоят қилиши мумкин.

Гап бунда эмас ҳозир.

Жиноятнинг ҳуқуқий оқибати – масаланинг бир томони, холос. Жазонинг маънавий-ахлоқий ва тарбиявий жиҳатлари ҳам бор ва бунда жамоатчиликнинг иштироки ва ўрни алоҳида. Шу боис айрим турдаги, хусусан, юқоридаги ишлар жамоатчилик иштирокида кўриб чиқилмоқда. Шундай экан, сайёр суд муҳокамаларини қилмиш содир этган шахсни  “сазойи” қилиш эмас, бошқалар учун сабоқ, шунингдек жиноят профилактикасининг ажралмас қисми, деб тушуниш (ва тўғри тушунтириш ҳам) керак. Зотан, тарбияга жамоатчиликнинг таъсири қонун қамчисига қараганда бироз енгил, аммо самаралироқ эканини тажрибалар кўрсатиб турибди…