АЛИФБО ЎЗГАРИШИ ДАСТХАТГА ҚАНДАЙ ТАЪСИР ҚИЛАДИ?

Судьянинг мустақил илмий-тадқиқот билан шуғулланиши алоҳида эътирофга муносиб. Чунки,  касбий ва илмий салоҳият уйғунлиги одил судлов учун беқиёс аҳамиятга эга.

Одатда судьялар экспертиза хулосаларини фақат ҳуқуқий нуқтаи назардан баҳолайди, ушбу соҳага илмий жиҳатдан ёндошиш эса суд амалиётида мутлақо янги сифат босқичини яратади.

Тошкент туманлараро иқтисодий судининг судьяси Машҳура Байбекова мустақил илмий изланувчи сифатида суд процессида тез-тез учрайдиган, лекин экспертлик методикаларида ҳали тўлиқ ҳал қилинмаган муаммоларни   илмий муаммо сифатида ўрганиб бормоқда. Куни кеча ҳамкасбимиз ташаббуси билан давлат суд экспертлари иштирокида ташкил этилган давра суҳбати ҳам илмий изланишлари билан боғлиқ. Тадбирда имзо ва ёзувлар бўйича суд-хатшунослик экспертизасида алифболар интерференцияси, биомеханик ўзгаришлар ва уларни баҳолашнинг ўзига хослиги юзасидан фикр алмашилди.

 Мутахассиссларни қайд этишича, инсон ўзининг ёзма ҳаракат кўникмаси кирилл алифбосида шаклланган, бироқ у лотин графикасига асосланган ўзбек алифбосида ёзганда мия моторикаси ва қўл ҳаракатлари ўртасидаги рефлекс бузилади ва аксарият ҳолатларда қуйидаги ноодатий белгилар учраййди. Масалан, алифболар интерференцияси, ёзувнинг табиий тезлиги пасайиши, ҳаракатлар координациясининг бузилиши, ёзув анжомини сабабсиз тўхтаб қолиши каби белгиларни кузатиш мумкин.

Судлар томонидан иш ҳужжатларида шубҳали белгилар аниқланса, суд-хатшунослик экспертизасига тақдим этиш учун ёзув намуналарини ҳар икки (кирилл ва лотин) алифбода етарли ҳажмда олиши ҳамда  экспертизага ёзувларни бажаришда ноодатий омиллар таъсири мавжудлиги, ёзувларда биомеханик тавофутлар бор-йўқлиги ҳақидаги қўшимча саволларни қўйиш мақсадга мувофиқ.

Таъкидлаш керакки, иқтисодий ишлар бўйича экспертиза тайинлаётганда судлар алифбо хилма-хиллигини далилларнинг мақбул ва ишончлилигига таъсир қилувчи жиддий омил сифатида баҳолашларимақсадга мувофиқдир. Тўғри шакллантирилган саволлар ва тўлиқ таққослаш материалларигина экспертнинг холисона  ва илмий асосланган хулоса беришини таъминлайди.

Умуман олганда, судьяларнинг амалиёт билан боғлиқ ҳолда илмий изланиш олиб боришлари алоҳида рағбатга лойиқ, чунки, бу – одил судлов сифатини бевосита ва кескин оширувчи стратегик қадамдир.

Муҳиддин Султонов,

Тошкент туманлараро иқтисодий

суди раисининг ўринбосари