АЛИМЕНТ УНДИРИБ БЕРИЛМАСА, НИМА ҚИЛИШ КЕРАК?

— Суд алимент ундируви учун қарор чиқарган. Аммо 1 йилдан бери алимент ололмаяпман. Ижрочи ундириб бермаяпти. Нима қилишим мумкин?

Исми сир тутилди

Бекзод Гадоев, фуқаролик ишлари бўйича Учтепа туманлараро суди судьяси:


— “Суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро этиш тўғрисида”ги Қонунга асосан суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини мажбурий ижро этиш Бош прокуратура ҳузуридаги Мажбурий ижро бюроси органларининг давлат ижрочилари зиммасига юклатилган.


Судлар томонидан юборилган ижро ҳужжатлари бўйича давлат ижрочиси ижро иши юритишни қўзғатиш тўғрисидаги қарор чиқариб, ижро ҳужжатидаги талабларни ихтиёрий равишда бажариш учун кўпи билан ўн беш кун муддат белгилайди ва қарздорни бу тўғрисида хабардор қилади. Агар белгиланган муддатда қарздор ихтиёрий равишда пул суммасини тўламаса давлат ижрочиси мажбурий ижро ҳаракатларини амалга оширади.


Давлат ижрочиси суд ҳужжатини ижро этиш учун ундирувни қарздорнинг пул маблағларига ва бошқа мол-мулкига қаратиш, ундирувни қарздорнинг бошқа шахсларда турган пул маблағларига ва бошқа мол-мулкига қаратиш, ундирувни қарздорнинг дебиторлик қарзига, шу жумладан қарздор ундирувчи сифатида иштирок этаётган ижро ҳужжати бўйича унга тегишли бўлган маблағларга қаратиш, ундирувни қарздорга тегишли бўлган алоҳида мулкий ҳуқуқларга қаратиш, ундирувни қарздорнинг иш ҳақи, стипендияси, пенсияси ва бошқа турдаги даромадларига қаратиш, ижро ҳужжатида кўрсатилган муайян ашёларни қарздордан олиб қўйиш ва ундирувчига топшириш ва бошқа мажбурий ижро этиш чораларини кўради.


Амалдаги қонун ҳужжатига кўра алимент ундириш ҳақидаги ижро ҳужжатлари дарҳол ижро этилади.
Қарздор ихтиёрий равишда алиментни тўламаса давлат ижрочиси юқорида қайд этилган мажбурий ижро этиш чоралари қуллаган ҳолда ўз вақтида сизга алимент пулларини ундириб бериши керак.


Ҳар бир ота-она ўз фарзандларига нисбатан ғамғурлик қилиши, уларни тарбиясида иштирок этиши, уларни моддий ва маънавий жиҳатдан таъминлаши лозим.
Шундан келиб чиққан ҳолда алимент тўламаган ота (она)га нисбатан қонунда жавобгарлик чоралари белгиланган.


Бинобарин, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекнинг 47-4-моддасига кўра моддий ёрдамга муҳтож бўлган вояга етмаган ёки меҳнатга лаёқатсиз шахсни моддий таъминлашдан бўйин товлаш, яъни уларни моддий жиҳатдан таъминлаш учун суднинг ҳал қилув қарорига ёки суд буйруғига биноан ундирилиши лозим бўлган маблағни жами бўлиб икки ойдан ортиқ муддат мобайнида тўламаслик, ўн беш сутка муддатга маъмурий қамоққа олишга ёки ушбу Кодексга мувофиқ маъмурий қамоқ қўлланилиши мумкин бўлмаган шахсларга базавий ҳисоблаш миқдорининг йигирма баравари миқдорида жарима солишга сабаб бўлади.


Жиноят кодексининг 122-моддасига кўра моддий ёрдамга муҳтож бўлган вояга етмаган ёки меҳнатга лаёқатсиз шахсни моддий таъминлашдан бўйин товлаш, яъни уларни моддий жиҳатдан таъминлаш учун суднинг ҳал қилув қарорига ёки суд буйруғига биноан ундирилиши лозим бўлган маблағни жами бўлиб икки ойдан ортиқ муддат мобайнида тўламаслик, шундай қилмиш учун маъмурий жазо қўлланилганидан кейин содир этилган бўлса, икки йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёки бир йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.
Агар шахс алимент мажбуриятлари бўйича қарздорликни тўлиқ тўлаган бўлса, у жавобгарликдан озод қилинади.


Ушбу қонун талабига кўра қарздор алимент тўлашдан бўйин товлаганлиги учун жавобгарликка тортилиши лозим.


Сиз дастлаб алиментни ундириш юзасидан давлат ижрочисига мурожаат қилишингиз, агар давлат ижрочиси томонидан алимент ундириш чоралари қурилмаган ҳолатда МИБнинг юқори турувчи органига мурожаат қилиш ҳуқуқингиз мавжудлиги тушунтирилади.