АЛИМЕНТ ПУЛИНИ ҚАЙТАРИБ ОЛИШ МУМКИНМИ?

— Турмуш ўртоғим биринчи турмушидан бир нафар фарзанди билан ажрашган. Фарзанди учун алимент тўлайди. Бола туғилган пайти эрим Россияда бўлган. Қизиғи, хўжайним ўша боланинг биологик отаси эмас экан. Буни ундан сир сақлашган. Орадан бир неча йил ўтиб, бу ҳақда эшитиб, ишонмай, ДНКдан ўтказган. Шунда боланинг отаси эмаслиги тасдиқланган. Энди эрим бола учун тўлаган алимент пулини қайтариб олмоқчи. Шундай қилиши мумкинми? Бунинг тартиби қандай?

Исми сир тутилди

Азиз РАХМОНОВ, фуқаролик ишлари бўйича Яккасарой туманлараро суди судьяси:

 

— Оила кодексининг 96-моддасига мувофиқ, ота-она вояга етмаган болаларига таъминот бериши шарт.

 

Ушбу Кодекснинг 63-моддасига биноан, туғилишни ёзиш дафтаридаги туғилишга оид ёзув боланинг унда кўрсатилган ота-онадан туғилганлигини тасдиқловчи далил ҳисобланади.

 

Боланинг отаси ёки онаси деб ёзилган шахс унга бундай ёзув маълум бўлган ёки маълум бўлиши лозим бўлган вақтдан эътиборан бир йил мобайнида ана шу ёзув тўғрисида суд тартибида эътироз билдиришга ҳақлидир.

 

Шунга кўра, вояга етмаган боланинг ота (она)си эканлигига шубҳаси бўлган шахс ота (она)ликка эътироз билдириш ҳақидаги талаб билан судга мурожаат қилиши мумкин. Суд томонидан кўриладиган ишнинг натижаси бўйича боланинг биологик ота (она)си эмаслиги аниқланган тақдирда, суднинг ҳал қилув қарорига асосан боланинг туғилишни ёзиш дафтаридаги туғилишга оид ёзувга ФҲДЁ органлари томонидан тегишли ўзгартириш киритилади.

 

Ушбу ҳолатда, боланинг таъминоти учун алимент тўлаб келаётган ота (она) алимент тўлашдан озод қилиш ҳақидаги талаб билан алимент олувчи шахс доимий яшаб турган ёки доимий машғул бўлган жойдаги фуқаролик ишлари бўйича тегишли судга мурожаат қилиши мумкин.

 

Ушбу мазмундаги талаб билан мурожаат қилинган ҳолда Олий суд Пленумининг 2009 йил 24 ноябрдаги “Фуқаролик ишлари бўйича суд харажатларини ундириш амалиёти тўғрисида”ги 14-сонли қарорининг 21-бандига асосан, бекор қилинган, лекин бир йилдан ортиқ бўлмаган давр учун белгиланган суммадан келиб чиққан ҳолда давлат божи миқдори белгиланади ва даъвогардан ундирилади.

 

Оила кодексининг 143-моддасига биноан, алиментни қайтариб олишга йўл қўйилмайди. Бироқ, қуйидаги ҳоллар бундан мустасно:

 

алимент олувчи томонидан ёлғон маълумотлар бериш ёки қалбаки ҳужжатлар тақдим этиш оқибатида алимент ундириш тўғрисида чиқарилган суднинг ҳал қилув қарори бекор қилинганда;

 

алимент олувчи томонидан алдаш, қўрқитиш ёки зўрлик таъсири остида тузилган алимент тўлаш тўғрисидаги келишув ҳақиқий эмас деб топилганда;

 

алимент тўланишига асос бўлган суднинг ҳал қилув қарори, алимент тўлаш тўғрисидаги келишув ёки ижро варақаси қалбакилиги факти суд ҳукми билан аниқланганда.

Агар ушбу модданинг иккинчи қисмида кўрсатилган ҳаракатлар вояга етмаган боланинг ёки вояга етган муомалага лаёқатсиз алимент олувчининг вакили томонидан содир этилган бўлса, алимент қайтариб олинмайди, тўланган алимент суммалари эса, алимент тўлаши шарт бўлган шахснинг даъвосига кўра айбдор вакилдан ундирилади.

 

Юқоридаги ҳолатлардан бири мавжуд бўлган ҳолларда алимент тўловчи шахс томонидан тўланган алимент тўловини ёки етказилган зарарни ундириш ҳақидаги талаб билан ушбу ҳолатни исботловчи ҳужжатларни ва далилларни аризага илова қилган ҳолда, алимент олувчи шахс ёки айбдор вакил доимий яшаб турган ёки доимий машғул бўлган жойдаги фуқаролик ишлари бўйича тегишли судга “Давлат божи тўғрисида”ги Қонунга асосан, талаб қилинаётган даъво баҳосининг 4 фоизи миқдорида давлат божи тўлаган ҳолда мурожаат қилиши мумкин.

 

Шунингдек, Фуқаролик процессуал кодексининг 458-459-моддаларига асосан, ижро этилган суд ҳужжати ўзгартирилган ёки бекор қилинган ва иш янгидан кўриб чиқилганидан кейин талабларни қаноатлантиришни тўлиқ ёки қисман рад этиш тўғрисида ҳал қилув қарори қабул қилинган ёки иш юритишни тугатиш тўғрисида ёхуд аризани кўрмасдан қолдириш тўғрисида ажрим чиқарилган тақдирда, ўзгартирилган ёки бекор қилинган суд ҳужжати бўйича жавобгардан даъвогарнинг фойдасига ундирилган нарсаларнинг барчаси жавобгарга қайтариб берилиши керак (ҳал қилув қарорининг қайтарма ижроси).

 

Иш янгидан кўриш учун ўзига топширилган суд ўз ташаббуси билан қайтарма ижро тўғрисидаги масалани кўриши ва уни янги суд ҳужжатида ёки ажримида ҳал қилиши шарт бўлиб, шу билан иш юритиш тамомланади.

 

Ишни янгидан кўраётган суд бекор қилинган суд ҳужжатининг қайтарма ижроси тўғрисидаги масалани ҳал қилмаган тақдирда, жавобгар бу судга қайтарма ижро тўғрисида ариза беришга ҳақли.

 

Суд ҳужжатининг қайтарма ижроси тўғрисидаги ариза давлат божи тўланмаган ҳолда умумий даъво муддати ичида берилиши мумкин.

 

Шу билан бирга, ФПКнинг 461-моддасига биноан, алиментлар ундириш тўғрисидаги ишлар бўйича суд ҳужжатлари бекор қилинган тақдирда, агар бекор қилинган суд ҳужжати даъвогар берган сохта маълумотларга ёхуд у тақдим этган қалбаки ҳужжатларга асосланган бўлса, суд ҳужжатининг қайтарма ижросига йўл қўйилиши мумкин.

 

Агар шахсга жавобгарнинг қонунга хилоф ҳаракати (ҳаракатсизлиги) оқибатида маънавий зарар етказилган ҳолларда ушбу талаб билан судга мурожаат қилишга ҳақли.