АВТОМАШИНАНИ ИШОНЧНОМА ОРҚАЛИ СОТГАНДИМ, ЭНДИ ЭСА ЖАРИМАСИНИ ТЎЛАБ ЮРИБМАН

– Бундан бир йил олдин машинамни бош ишончнома билан бир одамга сотгандим. Кейинроқ билсам, у олиб сотар экан. Автомобилни кимга сотган, ҳозир қаерда билмайман. Сотиб олган одамни ҳам тополмаяпман. Тўрт ойдан бери тинмай жарима хабари келади. Бундай вазиятда қандай йўл тутишим мумкин?

Исми сир тутилди.

Аббос САЙДАХМЕДОВ, Тошкент шаҳар судининг фуқаролик ишлари бўйича судьяси:

 

– Аввало автомашина олди-сотди шартномасига тўхталсак, бундай шартномага мувофиқ сотувчи, сотиб олувчига ўзига тегишли автотранспорт воситасини мулк қилиб бериш мажбуриятини ўз зиммасига олади.

 

Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 31 августдаги “Автомототранспорт воситаларини давлат рўйхатидан ўтказиш ва уларга рўйхатдан ўтказиш давлат рақами белгиларини бериш тартибини такомиллаштириш тўғрисида”ги қарорига мувофиқ, автотранспорт воситалари олди-сотди шартномаси нотариал тасдиқланган бўлиши шарт.

 

Фуқаролар орасида бош ишончнома (“Генеральная доверенность”) деб номланган (фуқаролар ўртасида тузиладиган олди-сотди келишуви тасдиғи сифатида) хужжат расмийлаштириш кенг оммалашган. Бундай шартнома транспорт воситасини олди-сотди шартномаси кучга эга бўлмайди. У бир томонлама битим бўлиб, ишонч билдирувчига транспорт воситасини бошқариш, фойдаланиш ва тасарруф қилиш ҳуқуқини беради, холос.

 

Ушбу ишончномаларда ваколатни бошқа шахсга ўтказиш ҳуқуқи кўрсатилганлиги боис, оғзаки келишувга асосан бир транспорт воситаси бир неча фуқаро орқали учинчи, тўртинчи ва ҳоказо шахсларга ўтиб кетади.

 

Бироқ, транспорт воситасига нисбатан мулк ҳуқуқи ЙХХБ органларидан давлат рўйхатидан ўтказилгандан сўнг вужудга келади ва ишончнома расмийлаштирилганлиги мулк ҳуқуқини бошқа шахсга ўтганини англатмайди. Шу сабабли мулкни нотариал бегоналаштириш шартномаси тузилмагунга қадар, ошиқча хавф манбаи эгасида жавобгарлик сақланиб қолади.

 

Фуқаролик кодексининг 999-моддасига мувофиқ, фаолияти теварак-атрофдагиларга ошиқча хавф туғдирадиган юридик шахслар ва фуқаролар (транспорт ташкилотлари, саноат корхоналари, қурилишлар, транспорт воситаларининг эгалари ва бошқалар) ошиқча хавф манбаи етказган зарарни, агар зарар бартараф қилиб бўлмайдиган куч ёки жабрланувчининг қасддан қилган ҳаракати оқибатида юзага келганини исботлай олмасалар, тўлашлари шарт.

 

Зарарни тўлаш мажбурияти ошиқча хавф манбаига мулк ҳуқуқи, хўжалик юритиш ҳуқуқи ёки оператив бошқарув ҳуқуқи ёхуд бошқа ҳар қандай қонуний асосда (мулкий ижара шартномаси, транспорт воситасини бошқариш ҳуқуқини берадиган ишончнома, тегишли органнинг унга ортиқча хавф манбаини топшириш тўғрисидаги фармойишига кўра ва ҳоказо) эгалик қилувчи юридик шахс ёки фуқарога юкланади.

 

Транспорт воситаси томонидан йўл ҳаракати қоидаларини бузганлиги учун тайинланган жарималар, мазкур қонун талабига кўра, транспорт воситаси эгаси томонидан қопланиши лозим.

 

Ушбу ҳолатда жарималар келишига барҳам беришнинг ягона йўли, транспорт воситасини амалда бошқараётган шахс номига ўтказиш (бегоналаштириш) ҳисобланади.

Автомашинани қаерда эканлигини аниқлаш учун худудий ЙХХБ органларига мурожаат қилишингиз лозим.

 

Транспорт воситасини бундай оғзаки келишувга кўра, Бош ишончнома асосида сотилган тақдирда, қўлланилган жарима ихтиёрий тўланмаса, транспорт воситаси эгаси маъмурий жавобгарликка тортилиши мумкин.

 

Сиз жаримани тўлаш оқибатида кўрган зарарни, жавобгар шахсдан умумий асосларга кўра ундириб бериш ҳақидаги даъво билан судга мурожаат қилиш ҳуқуқига эгасиз.