



ЙЎЛ ҲАРАКАТИ ХАВФСИЗЛИГИНИ ТАЪМИНЛАШДА МУҲИМ ҚАДАМ СИФАТИДА ЖАРИМА БАЛЛАРИНИНГ БЕЛГИЛАНИШИ
Маълумки, йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш бугунги кунда энг муҳим масалалардан бири ҳисобланади. Ҳар йили дунё бўйлаб минглаб йўл-транспорт ҳодисалари содир бўлиб, инсон ҳаётига жиддий хавф солади. Ушбу ҳодисалар нафақат инсонларнинг саломатлиги ва ҳаётига салбий таъсир этади, балки мамлакат иқтисодиётига ҳам катта зарар етказади. Шу боисдан йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш, у билан боғлиқ муаммоларни ҳал этиш ва ҳар бир фуқаронинг йўл ҳаракати қоидаларига риоя қилишини назоратга олиш долзарб масалага айланган.
Статистик маълумотларга кўра, биргина 2024 йилда мамлакатимиз ҳудудида 9364 та йўл-транспорт ҳодисалари расмий қайд этилган бўлиб, бунинг натижасида 2203 киши ҳалок бўлган, 8901 киши эса турли даражада жароҳат олган. Мазкур кўрсаткич 2023 йилга (9839 та авария) нисбатан 475 кишига ёки 4,8 фоизга камдир. Шунингдек, 2022 йилда бахтсиз ҳодисалар сони 9902 тани, 2021 йилда эса 10001 тани ташкил этган.
Таъкидлаш жоизки, сўнгги йилларда мамлакатимизда йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш ва унинг ташкилий-ҳуқуқий асосларини тубдан такомиллаштириш, хусусан, йўл-транспорт ҳодисаларининг олдини олиш, ҳамда бу борадаги ваколатли давлат органлари масъулиятини янада ошириш, мавжуд йўл ҳаракати қоидаларини янада такомиллаштирган ҳолда ҳаракат хавфсизлиги назоратини кучайтириш борасида кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Жумладан, ушбу йўналишдаги қонун ҳужжатларини такомиллаштириш, ҳайдовчилар ва пиёдаларнинг масъулиятини, жавобгарлигини янада ошириш мақсадида жорий йилнинг 20 февраль куни Ўзбекистон Республикасининг қонуни қабул қилинди. Мазкур қонун билан Ўзбекистон Республикасининг Жиноят, Жиноят-процессуал кодексларига ҳамда Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига бир қатор қўшимча ва ўзгартиришлар киритилди.
Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига киритилган қўшимчалар, айниқса, йўл ҳаракати қоидабузарликлари бўйича жарима баллари тизимини такомиллаштириш билан боғлиқ бўлиб, унга асосан транспорт воситаларини бошқариш ҳуқуқи билан боғлиқ жазо тадбирлари мустаҳкамланди. Юқоридаги қонун билан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексида “йўл ҳаракати қоидабузарликлари бўйича ҳисобланадиган жарима баллари белгиланган миқдордан ошганлиги учун”маъмурий жавобгарлик белгиланди. Яъни, мазкур кодексга янги киритилган 341-модданинг биринчи қисмига кўра, ушбу Кодекснинг 125-моддаси учинчи ва бешинчи қисмларида, 126-моддасида, 127-моддаси биринчи қисмида, 1283-моддасида, 1284-моддаси иккинчи қисмида, 1285, 1286, 1288, 1289, 129, 130-моддаларида, 137-моддаси биринчи қисмида назарда тутилган ҳуқуқбузарликлар содир этилганлиги учун транспорт воситасининг ҳайдовчисига нисбатан мазкур моддаларда назарда тутилган “асосий жазо билан бирга жарима баллари” ҳисобланади. Бунда содир этилган ҳар бир ҳуқуқбузарлик учун ҳисобланадиган жарима балининг энг юқори миқдори икки баллдан ошмаслиги керак.
Жарима баллари юқорида белгиланган ҳуқуқбузарликлардан бири биринчи марта содир этилган кундан эътиборан бир йил давомида ҳисоблаб борилади ва бир йил ўтгач транспорт воситасининг ҳайдовчисидан автоматлаштирилган тарзда олиб ташланади.
Энг муҳим ва эътиборли жиҳати шундаки, ҳисобланган жарима баллари бир йил давомида 12 баллдан ошган ҳолларда, охирги содир этилган ҳуқуқбузарлик учун белгиланган тартибда қўшимча жазо тариқасида ҳайдовчитранспорт воситаларини бошқариш ҳуқуқиданмаҳрум қилинади. Шунингдек, бундай ҳуқуқдан маҳрум қилиш муддати 6 ойдан кам бўлмаслиги белгиланган бўлиб, маъмурий жазо жиноят ишлари бўйича туман (шаҳар) суди томонидан қўлланилади.
Мисол учун, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 1286-моддасида транспорт воситалари ҳайдовчилари томонидан тўхташ ёки тўхтаб туриш қоидалари бузилганлиги учун базавий ҳисоблаш миқдорининг икки баравари миқдорида жарима солишга сабаб бўлиши назарда тутилган. Янги киритилган тартибга кўра, агар ҳайдовчи ушбу ҳуқуқбузарликни содир этса, у нафақат белгиланган жаримани (БҲМ 2 баробари) тўлайди, шу билан бирга унга нисбатан қўшимча жарима балларини ҳам ҳисоблаш бошланади. Бунда агар йиғилган жарима баллари ҳуқуқбузарлик содир этилган кундан бошлаб бир йил давомида 12 баллдан ошмаса, тўпланган баллар (4, 5, ёки 8 ва ҳоказо) автоматлаштирилган тарзда ўчирилади ва юқоридаги ҳуқуқбузарликлардан бири янгидан содир этилган кундан жарима балларини қайта ҳисоблаш бошланади. Лекин, аксинча бир йил ичида қонун билан белгиланган 12 баллдан ошадиган бўлса, ҳайдовчи қўшимча жазо сифатида транспорт воситасини бошқариш ҳуқуқидан маҳрум қилиниши мумкин. Бироқ, эътибор қаратиш лозимки, жарима баллари ҳар бир ҳуқуқбузарлик учун 2 баллдан ошмаслиги талаб қилинади ва балларини ҳисоблаш тартиби Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланади.
Жарима баллари тизими маъмурий жавобгарликни амалга оширишда янги ва муҳим механизмлардан бири ҳисобланиб, тизимнинг асосий мақсади йўл ҳаракати қоидабузарликларининг олдини олиш, ҳайдовчиларни интизомга чақириш ва жавобгарликни оширишдир. Шунингдек, мазкур тизим қуйидаги жиҳатлари билан ҳам аҳамиятлидир:
биринчидан, ҳуқуқбузарликларни аниқлаш ва мониторинг қилиш; Жарима баллари тизими ҳуқуқбузарликларни аниқлаш ва тизимли тарзда ҳисобга олишга хизмат қилади. Ҳар бир йўл ҳаракати қоидабузарлиги учун белгиланган жарима баллари тизими, қоидаларни бузган ҳайдовчиларнинг фаолиятини автоматик равишда мониторинг қилиш имконини беради ва жарима балларини ҳисоблаш орқали, ҳайдовчиларнинг ўтмишдаги ҳуқуқбузарликларини кузатиш ва уларнинг жавобгарлигини оширишга хизмат қилади;
иккинчидан, ҳайдовчиларнинг интизомини ошириш; Жарима баллари тизими ҳайдовчиларнинг қоидаларга риоя қилишга бўлган интизомини оширишга қаратилган. Ҳар бир ҳуқуқбузарлик учун балл йиғилиши ҳайдовчиларга уларнинг иқтисодий ва ҳуқуқий оқибатлари ҳақида эслатиб туради. Жарима балларини йиғиш, ҳайдовчиларни қоидаларга қатъий риоя қилган ҳолда ҳаракатланишга ундайди, чунки баллар кўпая борган сари, уларнинг транспорт воситасини бошқариш ҳуқуқи йўқолиш хавфи ортиб боради;
учинчидан, мазкур тизими ҳайдовчининг йўл ҳаракати қоидаларини бузишини мониторинг қилишга қаратилгани боис, ҳайдовчилик гувоҳномаларини ноқонуний олишга ҳам жиддий таъсир кўрсатиши мумкин. Ҳайдовчининг жавобгарлигини ошириш ва қоидаларга риоя қилишга ундаш орқали, тизим ҳар қандай ҳуқуқбузарликка, шу жумладан, ҳайдовчини ноқонуний йўл билан ҳайдовчилик гувоҳномасини олишга қарши курашишга қаратилган профилактик таъсирни тақдим этади.
Юқоридагилардан хулоса қилиб айтганда, жарима баллари тизими маъмурий жавобгарликнинг самарадорлигини ошириш, қоидабузарликларни камайтириш ва жамиятда йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлашга қаратилган муҳим механизмдир.
Қаҳрамон МИРСАФАЕВ
Тошкент шаҳар суди жиноят
ишлари бўйича судлов ҳайъати судьяси

ОДАМ САВДОСИГА АРАЛАШИБ ҚОЛДИ
Одам савдоси шундай жиноятки бир-бирини ишончига кириб, бировга сотиб, бойлик орттириш пайида бўлади. Бу жиноят ёш қизларни, болаларни манфаат учун қулликка маҳкум этади.
Кейинги пайтда айрим ривожланган Туркия, Ҳиндистон каби давлатлар одам савдоси жиноятлари урчийдиган марказлардан бирига айланди.
Гоҳида ота-онасини алдаб, қайсидир давлатда ишлаб пул топиб келаман деган кўплаб ўзбек аёллари одам савдоси қурбонига айланиб, ёш қизларни умрига зомин бўлмоқда. Уларни гоҳ рост, гоҳ алдов йўли билан олиб кетиб бегоналар қўйнига тиқмоқда. Жирканч жиноятлар содир этилмоқда. Фоҳишалик оқибатида мудҳиш касалликларга йўл очилмоқда.
Муҳайё (исм-шарифлар ўзгарган) ҳиндистонда аввал фоҳишалик билан шуғулланди. Кейинчалик ўзи қизларни топиб, фоҳишаликка чорлайдиган бўлди.
Аслида бу аёл разил жиноятлари учун қидирувда юрипти. У бу жирканч ишларидан бирига Дилдорани ҳам жалб этди. Бир неча қизлар билан ҳиндистон кўчаларида фоҳишабозликни кўпайтирди.
4 фарзанднинг онаси бўлмиш Дилдора Жовлиева Тошкентга қайтганида ҳам Муҳайё у билан алоқани узмади. Дилдора фарзандларини мактабга жойлагач, яна ҳинд диёрига қайтиб кетмоқчи эди. Аммо иложини қилолмади. Бу орада Муҳайё унга бир неча бор қўнғироқ қилиб, ижтимоий тармоқларда ёзиб, танишлари орқали топган ўзбекистонлик қизларни Тошкент аэропорти орқали ҳиндистонга юборишни тайинлади. Дилдора Муҳайё топган қизлар билан тунги клубларда учрашди, овқатланди, ижара уйига олиб келди. Билетларни чел элда туриб “опахони” ҳал қилганидан кейин қизларни аэропортгача кузатиб қўйди. Бу ҳол бир неча бор такрорланди.
2023 йил охиридан 2024 йил февраль ойигача бир неча қизларни Тошкент халқаро аэропортидан ҳинд сори юборди. Бузоқнинг югургани сомонхонагача деганларидек, навбатдаги “ўлжа”ни Тошкент аэропортига олиб келиб, уни хорижга қулликка юбораётган маҳал ушланди.
Судда судланувчи қилган айбига қисман иқрор бўлиб, турмуш ўртоғидан ажрашганидан сўнг фоҳишалик билан шуғулланишга мажбур бўлгани, икки йил фоҳишалик қилгани, бу учун бир неча бор маъмурий жавобгарликка тортилган бўлишига қарамасдан, 2023 йил ёзларида Насиба исмли таниши телефон қилиб, ҳиндистонга келишга кўндиргани, у орқали Муҳайё исмли аёл билан танишгани, Деҳлида Муҳайёнинг қўлида уч ой фоҳишалик билан шуғуллангани, 2023 йил октябрь ойларида фарзандларини мактаби сабаб Ўзбекистонга қайтиб келгани, бу орада Муҳайёнинг айтганларини қилиб, айрим қизларни Тошкент аэропорти орқали хорижга юборганини тан олди.
Суд Д. Жовлиевани Жиноят кодексининг тегишли модддалари билан айбдор деб топиб, қонунда белгиланган жазо тайинланди.
Фарҳод Ҳикматуллаев,
Жиноят ишлари бўйича Сирғали тумани суди раиси

Аҳолига суд муҳокамаларида масофадан иштирок этиш учун янада қулай шароитлар яратилди
Кейинги йилларда мамлакатимизда судлов фаолиятини рақамлаштириш бўйича амалга оширилган ислоҳотлар фуқароларнинг ўз ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш юзасидан судларга мурожаат қилишини либераллаштириш, умуман одил судловга эришиш даражасини ошириш, шунингдек судлар фаолиятининг очиқлиги ва шаффофлигини таъминлаш имконини бермоқда.
Натижада ариза бериш, ишда масофадан иштирок этиш, суд ҳужжатларини олиш ва ишларнинг кўрилиши ҳақида маълумот олиш каби хизматлар Ўзбекистон Республикаси Олий судининг интерактив хизматлар портали орқали электрон шаклда амалга оширилмоқда.
Шу билан бирга бугунги кунда видеоконференцалоқа режимида ўтказиладиган суд мажлисларида мобиль видеоконференцалоқа тизимидан фойдаланишнинг ҳуқуқий асосларини яратиш орқали процессуал қонунчиликни такомиллаштириш зарурияти мавжуд эди. Бунга жавобан Ўзбекистон Республикасининг 2025 йил 11 мартдаги “Аҳолига суд муҳокамаларида масофадан иштирок этиш учун янада қулай шароитлар яратилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги ЎРҚ-1047-сонли Қонуни қабул қилинди. Шу туфайли Ўзбекистон Республикасининг Фуқаролик процессуал кодексида видеоконференцалоқа режимидаги суд мажлисида иштирок этиш деб номланган 209-моддасига ўзгартириш ва қўшимча киритилди.
Ўзбекистон Республикасининг Фуқаролик процессуал кодексининг
209- моддасида судларда видеоконференцалоқани амалга оширишнинг техник имконияти бўлган тақдирда, ишда иштирок этувчи шахслар ва одил судловни амалга оширишга кўмаклашувчи шахслар суднинг видеоконференц алоқа режимидаги мажлисида бу ҳақда ўзлари илтимоснома берганда ёки суднинг ташаббусига кўра иштирок этиши мумкинлиги ҳамда кўрсатилган шахсларнинг видеоконференцалоқа режимидаги суд мажлисида иштирок этиши тўғрисида суд ажрим чиқариши, ажримнинг кўчирма нусхаси ишда иштирок этувчи шахсларга, одил судловни амалга оширишга кўмаклашаётган шахсларга ва ўз кўмагида ушбу шахслар бундай мажлисда иштирок этиши мумкин бўлган тегишли судга юборилиши ҳақида нормалар белгиланган эди.
Юқоридаги қонун билан Фуқаролик процессуал кодекси 209-моддасининг 2 ва 3 қисмларига қуйидагиўзгартириш ва қўшимча киритилди:
Ишда иштирок этувчи шахсларнинг видеоконференцалоқа режимидаги суд мажлисида иштирок этишини таъминлаш учун кўрсатилган шахсларнинг яшаш жойи, жойлашган ери ёки турган жойи бўйича тегишли судларнинг видеоконференцалоқа тизимларидан ёхуд ишни кўраётган суднингмобиль видеоконференцалоқа тизимидан фойдаланилади.
Ишда иштирок этувчи шахсларнинг видеоконференцалоқа режимидаги суд мажлисида иштирок этишини таъминлаётган суд ушбу шахсларнинг келган-келмаганлигини текширади ва келган шахсларнинг шахсини аниқлайди. Видеоконференцалоқа режимидаги суд мажлисида мобиль видеоконференцалоқа тизимидан фойдаланган ҳолда иштирок этаётган шахсларнинг шахси ишни кўраётган суд томонидан ахборот технологияларидан фойдаланган ҳолда аниқланади.
Ушбу нормалар орқали агар бирор шахс суд мажлисида шахсан иштирок этиш имкониятига эга бўлмаса (масалан, бошқа шаҳарда ёки қишлоқда бўлса) у видеоконференция орқали судда қатнашиши мумкин. Бу орқали шахснинг яшаш жойи ёки турган жойи бўйича энг яқин суднинг видеоконференция тизимидан ёки суднингўзининг мобиль видеоконференция тизимидан фойдаланиш имкониятининг ҳуқуқий асоси яратилди.
Бундан ташқари, суд видеоконференция орқали иштирок этаётган шахсларнинг мажлисга келган-келмаганлигини текширади ва иштирокчиларнинг шахсини аниқлайди. Агар шахс мобиль видеоконференция тизими орқали қатнашаётган бўлса, унинг шахси суд томонидан ахборот технологиялари ёрдамида аниқланади. Бошқача қилиб айтганда, суд бу иштирокчисининг кимлигини тасдиқлаш учун замонавий технологиялар (масалан, юзни таниб олиш ёки бошқа электрон усуллар)дан фойдаланади.
Юқорилардан ташқари, ФПКнинг 209-моддаси қуйидаги мазмундаги тўртинчи қисм билан тўлдирилди: “Видеоконференцалоқа режимидаги суд мажлисида видеоконференцалоқа тизимидан фойдаланган ҳолда иштирок этаётган гувоҳларга, экспертларга, мутахассисларга, таржимонларга ўз ҳуқуқлари, мажбуриятлари ва жавобгарлиги тушунтирилганлиги, шунингдек гувоҳнинг қасамёди аудио- ва видеоёзув орқали қайд этилади ва бу ҳақда суд мажлиси баённомасида кўрсатилади.”
Бу қўшимча, видеоконференцалоқа орқали иштирок этаётган гувоҳлар, экспертлар, мутахассислар ва таржимонларнинг шахсий ҳуқуқлари, мажбуриятлари ва жавобгарлиги ҳақида тушунтириш берилиши зарурлигини таъкидлайди. Шунингдек, гувоҳнинг қасамёди ва унинг суддаги сўзлари аудио ва видеоёзувда сақланади, бу эса жараённинг аниқ ва шаффоф бўлишини таъминлайди.
Худди шунга ўхшаш ўзгаришлар Ўзбекистон Республикасининг Иқтисодий процессуал кодекси 166-моддаси ҳамда Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий суд ишларини юритиш тўғрисидаги кодекси 144-моддаларида ҳам ўз аксини топди.
Юқоридаги фикрларимизни асослаш учун амалиётдан мисоллар келтириб ўтмоқчиман. Фуқаролик ишлари бўйича Учтепа туманлараро судига даъвогар А .Ю. (аёл) жавобгар А.Ж.(эркак) га нисбатан турар-жойдан фойдаланиш ҳуқуқини йўқотган деб топиш ҳақидаги даъво аризаси билан мурожаат қилиб, унда жавобгар унинг фарзанди ҳисобланишини, Чилонзор тумани, 30-уй 2018 йил 22 июндаги ҳадя шартномасига асосан ўзига тегишли эканлигини, жавобгар 2017 йилда АҚШ давлатига ўқиш учун кетганлигини, шундан сўнг қайтиб келмаганлигини, жавобгар учун низодаги уйнинг коммунал тўловларини ўзи тўлаб келаётганлигини, ушбу тўловлар унга оғирлик қилаётганлигини, шу сабабли судга даъво ариза билан мурожаат қилишга мажбур бўлганлигини баён қилиб, суддан жавобгарни Чилонзор тумани 30-уйга нисбатан фойдаланиш ҳуқуқини йўқотган деб топишни сўраган.
Суд жараёнида мобиль видеоконференцалоқа тизимидан фойдаланиб, жавобгар бугунги кунда яшаб турган АҚШ давлатидан даъво аризани тан олишини, ҳақиқатдан ҳам 2017 йилнинг декабрь ойида АҚШга ўқишга кетганлигини, ҳозирги кунга қадар чет элда яшаб келишини, 30-уйдан фойдаланиш ҳуқуқини йўқотган деб топилишга розилигини баён қилиб, суддан даъвогарнинг даъво талабини қаноатлантиришни сўраган.
Суд тарафларнинг берган кўрсатмаларини ва иш ҳужжатлари билан тўлиқ танишиб чиқиб, тарафлар ўртасида низо мавжуд эмаслигини ҳамда жавобгар даъвогарнинг даъво аризасини қаноатлантиришга эътирози йўқлиги инобатга олиб, даъво аризани қаноатлантириш ҳақидаги хулосага келган.
Яна шунга ўхшаш бир мисол, судга даъвогар Ш.Э.(аёл) жавобгар Г.А.(аёл) ва Ш.К. (аёл)га турар-жойдан фойдаланиш ҳуқуқини йўқотган деб топиш ҳақидаги даъво аризаси билан мурожаат қилиб, унда жавобгарлар қизи ва онаси бўлишини, улар бугунги кунда Россия Федерациясида узоқ йиллардан буён яшаб келишини, қолаверса жавобгарлар ушбу давлатнинг фуқаролигини олиб бўлганликларини, у ҳам ўзига тегишли бўлган уй-жойни сотиб жавобгарларнинг олдига кўчиб кетмоқчилигини, аммо уй-жойни сотиш учун жавобгарларнинг розилиги кераклигини, улар Россия Федерациясидан кела олмасликларини, шу сабабли уй-жойнинг доимий руйхатидан чиқиб, фойдаланиш ҳуқуқини йўқотган деб топилишларига эътирозлари йўқлигини баён қилиб, суддан даъво аризани қаноатлантиришни сўраганлар.
Суд мажлиси жараёнида мобиль видеоконференцалоқа тизимидан фойдаланган ҳолда, жавобгарлар билан телеграмм ижтимоий алоқа тармоғи орқали боғланиб, уларнинг даъво аризани қаноатлантиришга этирозлари йўқлиги ҳақида фикрлари олинган.
Ушбу фуқаролик иши бўйича ҳам суд тарафларнинг берган кўрсатмаларини ва иш ҳужжатлари билан тўлиқ танишиб чиқиб, тарафлар ўртасида низо мавжуд эмаслигини ҳамда жавобгарларнинг даъвогарни даъво аризасини қаноатлантирилишига эътирозлари йўқлиги инобатга олиб, даъво аризани қаноатлантириш ҳақидаги хулосага келган.
Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик процессуал Кодексининг
33-моддасининг 1-қисмига асосан, аризалар жавобгар доимий яшаб турган ёки доимий машғул бўлган жойдаги судга берилади, дейилган.Шунга кўра, фуқаролик ишлари бўйича Учтепа туманлараро судига даъвогар С.В(аёл) жавобгар С.М. (аёл)га нисбатан қарз ундириш ҳақидаги даъво ариза билан мурожаат қилиб, даъво аризасида жавобгар тилхат асосида ундан 50.000.000 сўм қарз олганлигини, қарзини 2024 йилнинг сентябрь ойига қадар қайтариши лозим бўлганлигини, аммо бугунги кунга қадар жавобгар қарзини қайтармаганлиги боис, суддан жавобгардан ўзининг фойдасига 50.000.000 сўм ва суд харажатларини ундириб беришни ҳамда у ўзи Самарқанд вилоятида яшашини, қарамоғида 2 ойлик чақалоғи борлигини, суд идорасига боришга имкони йўқлигини билдириб, суд мажлисида мобиль видеоконференцалоқа орқали қатнашиши ҳақида илтимоснома киритган.
Суд даъвогарнинг суд мажлисида мобиль видеоконференцалоқа орқали қатнашиши ҳақида илтимосномасини қаноатлантирган ҳамда иш ҳужжатларини тегишли тартибда ўрганиб чиқиб қонуний қарор қабул қилган.
Хулоса ўрнида шуни айтиш жоизки, қонунчиликдаги бу ўзгартиришлар суд жараёнларини янада осонлаштириш ва фуқароларнинг суд мажлисларига масофадан, яъни видеоконференция орқали иштирок этиш имкониятини кенгайтириш учун киритилган. Бу, айниқса, узоқ ҳудудларда яшовчи ёки бошқа сабабларга кўра судга келолмайдиган одамларга жуда ҳам қулай.
Шаҳноза Зайниева,
Фуқаролик ишлари бўйича
Учтепа туманлараро
судининг судьяси

КОММУНАЛ СОҲАДА ЮЗАГА КЕЛАЁТГАН НИЗОЛАРНИНГ ҲУҚУҚИЙ ЕЧИМЛАРИ КЎРИБ ЧИҚИЛДИ
Пойтахтимизда Тошкент шаҳар суди фуқаролик ишлари бўйича судлов ҳайъати ташаббуси билан коммунал хизматлар бўйича қарздорликларни ундириш, низоларни кўришда юзага келаётган муаммолар ва уларни ҳал этиш бўйича кўрилиши лозим бўлган чора-тадбирларга бағишланган амалий мулоқот бўлиб ўтди.
Унда фуқаролик ишлари бўйича туманлараро судлари раислари, Тошкент шаҳар прокуратураси, Мажбурий ижро бюроси Тошкент шаҳар бошқармаси ҳамда коммунал ташкилотлар вакиллари иштирок этишди.
Мулоқотда судлов ҳайъати ҳамда коммунал ташкилотлар томонидан фуқаролик ишлари бўйича судларга коммунал тўловларни ундириш юзасидан аризалар киритилишида, судлар томонидан суд буйруқларини чиқариш ва ижрога юборишда ҳамда ижро жараёнида кузатилаётган ҳар бир камчилик, муаммо ва тўсиқлар юзасидан ўзаро фикр алмашиб, ҳар бир муаммони ечими бўйича зарур тавсиялар ўртага ташланди.
Мажбурий ижро бюроси билан суд ҳужжатларини ўз вақтида ижро этилиши ва асоссиз ижро ҳужжатларини қонуннинг 8 -ва 24 – моддаларига асосан қайтаришларнинг олдини олиш борасида сўз борди.
Йиғилиш якунида судларга киритилаётган аризаларни Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик процессуал кодекси талабларидан келиб чиқиб судларга тақдим этиш, судлар томонидан қонунда белгиланган муддатларда ва қонуний кўриб чиқилиши ҳамда ўз вақтида ижрога қаратилиши, Мажбурий ижро бюроси томонидан ижрога қаратилган суд ҳужжатларини ўз вақтида ижро этиш ва қарздорликларни қисқа муддатларда ундириш, асоссиз равишда ижро ҳужжатларини қайтармаслик, бажарилган ишлар юзасидан кундалик маълумотларни таҳлилини юритиш борасида келишиб олинди.


НАВРЎЗ-ЯНГИЛАНИШ ФАСЛИ
Бундан минг йиллар олдин ота-боболаримиз Наврўз айёмни қандай пок ният ва ёруғ умидлар билан кутиб олган бўлсалар, бугун ҳам халқимиз мана шундай юқори кайфият билан унга пешвоз чиқмоқда.
Чунки шарқона янги йил ҳисобланадиган Наврўз ўлмас қадриятларни тараннум этадиган, янгиланиш ва фаровонлик рамзидир.
Наврўз айёми келиши билан барча шаҳарлар ва қишлоқларда, маскану майдонларда, табиат қўйнида баҳор сайиллари, томошалар, миллий кўргазмалар ва байрам дастурлари намойиш этилади.
Халқимизга хос бўлган ўз она диёрига, юртига муҳаббат, меҳр-оқибат, кўмакка муҳтожларга ёрдам кўрсатиш каби олийжаноб фазилатлар янада ёрқин намоён бўлади. Йилнинг ушбу сеҳрли даврида бўладиган табиатнинг янгиланиши ва уйғониши билан бизнинг ҳаётимиз, бутун жамиятимиз ҳаёти ўзгаради. Энг аввало, барпо этилаётган янги уй-жойлар, тиббиёт ва таълим муассасалари, замонавий корхоналар, шинам қишлоқ ва шаҳарлар юртимиз қиёфасига чирой қўшади.
Наврўз фалсафаси инсонпарварлик, мурувват, адолат, бағрикенглик, халқ фаровонлиги учун чинакам ғамхўрлик кўрсатиш каби юксак қадриятлар орқали ўз ифодасини топган. Оиламиз ва яқинларимиз, бутун халқимиз ҳамиша тинч ва осойишта яшашларини юракдан истаймиз. Бу борада буюк шоир ва мутафаккир Алишер Навоий “Ҳар кунимиз Наврўздек бўлсин” деб таъкидлаган эдилар.
Маълумки, дунёда турли байрамлар, муҳим саналар кўп бўлса-да, Наврўз инсон шаъни ва қадр-қимматини юксалтиришда алоҳида ўрин тутади.
Ушбу баҳор айёмида юртимиздаги барча фуқароларнинг миллатлараро дўстлиги, ўзаро ҳурмати, маънавий саховати ва меҳр-оқибати айниқса яққол намоён бўлади. Инсон ҳурмати ва эҳтиромини улуғлаш йўлидаги хайрли ишларнинг амалий тимсоли сифатида барчамиз Наврўз байрамида қариндош-уруғ ва дўстларимиз, беморлар, кекса-қариялар ва имконияти чекланган инсонлар, кўмак ва эътиборга муҳтож оилалар ҳолидан хабар олиб, уларга ёрдам кўрсатамиз, илиқ қалбимиз билан меҳр улашамиз. Биз доимо кўп асрлик анъаналаримиздан фахрланамиз, фарзандларимизни ана шу инсонпарварлик қадриятлар асосида тарбиялаймиз.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг «2025 йилги наврўз умумхалқ байрамига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш тўғрисида» даги қарорида кейинги йилларда Ватанимизда амалга оширилаётган “Инсон қадри учун, инсон бахти учун”, деган олийжаноб ғояга ҳамоҳанг бўлиб, том маънода умумхалқ байрамига айланаётганлиги таъкидланиб, бундай эзгу қадриятлар туфайли юртимизда аҳоли манфаатлари ва ижтимоий ҳимоясини таъминлаш, эҳтиёжманд қатламларни қўллаб-қувватлаш, жамиятнинг ҳеч бир аъзосини меҳр ва эътибордан четда қолдирмаслик, шаҳар ва қишлоқларимизни обод қилиш, ер ва сув ресурсларидан, барча табиат неъматларидан оқилона фойдаланиш устувор вазифамизга айланиб бораётганлиги ифода этилган.
Қарорда “Атроф-муҳитни асраш ва “яшил иқтисодиёт” йили”да ва муборак Рамазон ойида нишонланадиган бу йилги Наврўз шодиёналари шу боис янгича руҳ ва мазмун касб этиши белгиланди.
Бир сўз билан айтганда бугун давлатимиз раҳбари бошчилигида олиб борилаётган инсон қадрини улуғлаш ва эркин фуқаролик жамиятини янада ривожлантириш орқали халқпарвар давлат барпо этиш, мамлакатимизда адолат ва қонун устуворлигини таъминлаш каби эзгу ислоҳотлар Наврўз қадриятлари билан ҳамоҳангдир.
Шоира Эрметова,
Тошкент туманлараро
иқтисодий суди судьяси


ҚИММАТГА ТУШГАН ШАПАЛОҚ
Мактаб ва таълим…
Ўқитувчи ўқувчини уриши мумкинми?
Унда қандай тарбия бўлади? Таълим бериб турган муаллим ўқувчиларга шундай намуна кўрсатадими?
Пойтахт мактабларининг бирида математика ўқитувчиси бўлиб ишлаб келаётган М.В. 9 синф ўқувчиси Б.А.ни дарсга кеч қолганлиги учун уриб, енгил тан жароҳати етказган. Ўқувчи кеч қолиш сабабини қорни оғриб қолганлиги билан боғлаган.
Ўқувчининг енгил тан жароҳати олганлиги бўйича суд-тиббий экспертизасининг хулосаси олинган.
Суд мажлисида математика ўқитувчиси айбига қисман иқрор бўлиб ўзини оқлашга ҳаракат қилди. Аммо далиллар унинг қилмишини оқламас эди.
Ҳар қандай шароитда муаллимнинг ўқувчига қўл кўтариши оқланадиган холат эмас. Экспертиза хулосасига кўра, ўқитувчининг бир шапалоғи ўқувчининг қулоқ пардаси йиртилиб кетишига сабаб бўлган. Эртаси куни ўқувчи дарсга келмаган, сабаби қулоқ оғриқ бериб шифохонага тушган.
Ўқитувчи ўз қилмишидан пушаймон бўлиб, ота-онасидан кечирим сўраб, дори-дармонга пул беришини айтган аммо ота-она буни рад қилган.
Суд ўқитувчининг жиноий ҳаракатларини муҳокама қилиб, унинг ўз айбига қисман иқрорлик билдириб, қилмишидан пушаймонлигини, оилавий ва моддий шароитини, қарамоғида бир нафар вояга етмаган фарзанди борлигини, муқаддам судланмаганлигини ва бошқа жиҳатларни инобатга олган ҳолда, унга Жиноят кодексининг 109-моддаси (қасддан баданга енгил шикаст етказиш) 2-қисмида назарда тутилган жиноятни содир этганликда айбли деб топди ва базавий ҳисоблаш миқдорининг 30 баравари, яъни 9.900.000 сўм жарима жазоси тайинлади.
Ҳамид Шамшиев,
Тошкент шаҳар суди судьяси