Судьялар ишда бошқа, кўчада умуман бошқа одамга айланади, деган гап тўғри. Шундай бўлишиям керак, аслида. Чунки, суд жараёнининг ўзига яраша процессуал тартиблари мавжуд. Айни тартиблар боис судья (ва бошқа процесс иштирокчилари) белгиланган ҳуқуқий чегарадан чиқмаслиги шарт.
Хизматдан бошқа пайтда ҳам ўзини “қўйиб юбориш”дан тийилиши лозим (Судьялар одоби кодексида хизматдан ташқари пайтда ҳам риоя этиши лозим бўлган қоидалар бор-да). Бироқ процессуал тартиб ёки одоб қоидалари аҳоли билан очиқ мулоқотни чекламайди.
Очиқ мулоқотларда, дарҳақиқат, судья ҳам “ҳамма қатори” инсонлиги, жиноятчини қамашдан кўра, жиноятнинг олдини олиш муҳимлиги ҳақида ўйлаши, бунга барча қатори ўзини бурчдор деб билиши ойдинлашади.
Пойтахтнинг қоқ марказидаги “Чорсу” маҳалласида бўлиб ўтган тадбирда фаоллар жиноят ишлари бўйича Шайхонтаҳур туман суди судьяси Сирожиддин Ҳасанов тимсолида тизим вакилларини қайта кашф этишган бўлса, ажабмас.
Негаки, судья ва маҳалли аҳли мулоқоти суд залидаги каби қатъий тартибда ўтгани йўқ. Мулоқот очиқ, бироз аччиқ, аммо самимий бўлди.
Очиқлигики, яширишнинг ҳожати йўқ: гиёҳвандлик билан боғлиқ қилмишлар кўпаймоқда. Айбдорни ушлаб, жазо бериш – масаланинг бир томони, холос. Ботқоқни қуритмай чивинга қирон келтириб бўлмайди, ахир?! Демак, бунинг учун барча бирдек масъул.
Аччиқлигики, ушбу жиноят кўпайиб, гиёҳвандлик домига илинаётганлар сони ошаётган экан, бунда барчанинг “ҳиссаси” бор. Бир болага етти маҳалла ота-она, деб бежиз айтилмаган. Фаол жамоатчилик назоратисиз хавфсиз маҳалла муҳитини шакллантириш қийин.
Очиқ мулоқот жараёнида биров бошқага иддао қилгани йўқ. Самимият шу-да. Масъулиятдан қочиш эмас, уни янада теран ҳис этиш лозимлиги айтилиб, норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар мазмуни тушунтирилди. Қонунда кўрсатилган мажбуриятлар бажарилмаслигининг ҳуқуқий оқибатларига қатор мисоллар келтирилди.
Тадбирда судьяга саволлар оз бўлмади. Ва ҳаммасига батафсил жавоблар берилди.
Қабулда хотин-қизлар кўпроқ бўлиши кутилганди ва шундай бўлиб чиқди ҳам. Чунки, қабул фуқаролик ишлари бўйича Яккасарой туманлараро суди судьяси Зиёда Солиева томонидан ўтказилиши маълум эдики, Янгиҳаёт тумани “Гулшанобод” маҳалла фуқаролар йиғинида кечган жараёнда аёллар кўпроқ бўлгани ҳеч кимни ажаблантирмади.
Тадбир расман “ фуқаролар учун қабул” дейилгани билан очиқ мулоқотга айланиб кетди. Бу ҳам қабул аёл судья томонидан ўтказилганига боғлиқ. Чунки, аёл судья масалага аёл нигоҳи билан қарайди, ҳамсуҳбатини она сифатида тушунади, бека сифатида ҳис этади. Шу боис қабул жараёни бироз чўзилишиши мумкин, бироқ кўпчиликнинг кўнгли кўтарилиб чиқиши рост. (Ҳуқуқ устуворлигини таъминлаш, айниқса, одам савдоси, хотин-қизларга нисбатан зўравонликка қарши курашиш, бу борадаги қонунийликни таъминлашда аёл судьяларнинг ўрни ва иштироки қанчалар муҳимлиги шундай тадбирларда янада намоён бўлади.)
Тадбирда кўпроқ оилавий муаммолар, уларнинг ечимлари хусусида сўз кетди. Тушунтирилдики, ҳар қандай муаммонинг ҳуқуқий ечими мавжуд. Бироқ оилага келганда масалага нафақат ҳуқуқий, шу билан бирга унинг маънавий-ахлоқий жиҳатларидан ҳам келиб чиқиб ечим топиш маъқул экани такрор-такрор қайд этилди.
Шунингдек, маҳаллада тадбиркорликни ривожлантириш бўйича яратилаётган шароит ва имтиёзлар, фуқароларнинг ўзини ўзи банд қилишнинг ҳуқуқий тартиблари юзасидан маълумотлар берилди. Коррупцияга қарши курашиш соҳасида ҳуқуқий маданиятни юксалтириш, унинг олдини олишга доир чора-тадбирлар, бу борада ҳар бир фуқаронинг бурчи ва мажбуриятлари эслатилди.
Бундан ташқари фуқаролик ишлари бўйича судлар ваколатига доир низолар, судга мурожаатнинг ҳуқуқий тартиблари, давлат божи ва бошқа масалалар бўйича ҳам лозим тушунтириш ва тавсиялар берилди.
Сардорбек Яхшибоев – янги судьялардан. Фуқаролик ишлари бўйича Миробод туманлараро суди судьяси этиб тайинланганига ой тўлгани йўқ. Тайинловдан икки ҳафта ўтиб, Яшнобод туманидаги “Тузел” “Моҳинур” ва “Гўзал” маҳаллаларида бўлди, фаоллар билан учрашди, очиқ ва самимий гаплашди. Суҳбатлар миллий қадриятларнинг қонунчиликдаги ифодаси ҳақида кечди.
Айни мавзу бежиз танланмаган. Қонунлар аҳолининг миллий қадриятларидан келиб чиқиб қабул қилинади. Бу, айниқса, оила қонунчилигида яққол ифодасини топган. Таассуфки, оила даврасида, нари борса, маҳалла аҳли доирасида ечим топиши мумкин бўлган муаммолар судга етиб бораётган ҳолатлар оз эмас. Айниқса, никоҳ, фарзанд ва ота-она олдидаги мажбурият, моддий таъминот, мерос каби масалаларга (агар жиддий сабаб бўлмаса) остона хатламай ечим топиш мумкин.
Ота-онанинг фарзандига муносиб тарбия бериши ёки фарзанднинг кекса ота-онасига ғамхўрлик қилиши миллий қадриятга кўра – бурч, қонунга кўра – мажбурият. Никоҳ масаласини олинг: дейлик, қиз болани мажбуран турмушга бериш на миллий, на диний қадрият сирасига киради. Шу сабаб ҳам бунинг учун қонунда жиноий жавобгарликкача бўлган чоралар белгиланган. Мерос талашиб судлашаётган ака-ука ёки опа-сингиллар ҳақида-ку, оғриқ билан гапириш мумкин. Масаланинг ҳуқуқий томони – алоҳида мавзу, бироқ маънавий-ахлоқий томондан қаралса, меросга оид низоларда ғолиб бўлмайди. Тўғри, ҳар қандай ҳуқуқ қонун билан кафолатланган, аммо қонун фуқарога муайян мажбуриятлар ҳам юклайдики, буни эътибордан соқит қилиш керак эмас.
Суҳбат жараёнида бундай мулоқотлар “Менинг маҳаллам – менинг судьям” лойиҳаси доирасида амалга оширилаётгани эслатиб ўтилди, албатта. Яна тушунтирилдики, бундан мақсад судларни халққа янада яқинлаштириш бўлиб, илло, маҳаллага келган судьянинг шу ҳудудда истиқомат қилувчиларга нисбатан суд процессида хайрихоҳ бўлишини англатмайди. Қонун олдида барча тенг. Судья масала жойида, ўзаро тушуниш ва келишув асосида ечим топишига хайрихоҳ, шу боис маҳаллаларда бўлиб, аҳоли билан жонли мулоқотлар ўтказмоқда…
Ўзбекистон Республикаси Одил судлов академияси фуқаролик ҳуқуқи йўналиши тингловчиларининг навбатдаги амалий машғулоти фуқаролик ишлари бўйича пойтахт судларида фаолият кўрсатаётган судьялар иштирокида ўтди.
Мавзу меҳнат ҳуқуқига доир низолар ва уларни судда кўриб чиқиш амалиёти хусусида бўлиб, машғулот анча қизиқарли кечиши маълум эди. Чунки, меҳнат ҳуқуқининг кўлами кенг, шунга монанд ушбу тоифадаги низоларнинг қирралари кўп. Фуқаролик-ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиқадиган низолар орасида меҳнат ҳуқуқига оид ишлар хос хусусиятига эга эканининг сабаби ҳам шунда.
Амалий машғулотда судьялар томонидан (фуқаролик ишлари бўйича Яккасарой туманлараро суди раиси Баҳодир Саидмуродов, Тошкент шаҳар судининг фуқаролик ишлари бўйича судьялари Дилфуза Дадажонова ҳамда Жасур Сирожев) ушбу тоифа низоларининг хос жиҳатлари, қонун ҳужжатларини қўллаш, амалиётда учраётган муаммо ва уларнинг ҳуқуқий ечимлари ҳақида аниқ мисоллар билан тушунтиришлар берилди.
Амалий машғулотда амалга оширилаётган суд-ҳуқуқ ислоҳотларининг муҳим йўналишларидан бири бўлган “Рақамли суд” мавзуси ҳам эътибордан четда қолмади.
Суд тизими учун юқори малакали кадрлар тайёрлашда таълим ва амалиёт уйғунлигининг аҳамияти катта. Шу боис ҳам Одил академиясида таълим жараёни устоз-шогирд анъанаси асосида «бўлажак судьяни судья ўқитади» тамойилига мувофиқ ташкил этилган. Таълимнинг ушбу шакли назария ва амалиёт уйғунлигини таъминлашда муҳим аҳамият касб этаётгани шубҳадан холи.
Эртага яна бир тарихий сана: шоҳ ва шоир, моҳир саркарда Заҳириддин Муҳаммад Бобур таваллуди куни. Шу боис Тошкент шаҳар судлари судьялари ва суд ходимларининг бугунги анъанавий “Маърифат соати”да буюк аждодимиз шахсидаги юксак самимият, салоҳият ва ирода кучи ҳақида суҳбатлашилди.
Бобур мирзо шахсидаги самимият шеъриятида яққол намоён экани таъкид этилди. Айтилдики, унинг ғазал ва рубоийларида ҳукмдорнинг хоҳиш-истаклари эмас, балки оддий инсоннинг пардоканда кўнгили изтироблари акс этгани кўринади. “Толеъ йўқи жонимға балолиғ бўлди, Ҳар ишники, айладим – хатолиғ бўлди” мисраларда алам-у изтиробдан ташқари ҳоли мардона тан олиш ҳам бор, бу эса шоҳ ва шоирнинг аввало ўзига нисбатан адолатли бўлгани далолатидир. Ўзига нисбатан адолатли бўлган шахс эса ўзгага нисбатан адолатсизлик қилмайди. “Шафқатсиз киши азобга лойиқдир”, дея қайд этгани бежиз эмас. Буни Бобур ҳазратлари ўзи забт этган ўлкаларни ижтимоий адолатни таъминлаш орқали обод қилгани, ўзи асос солган сулола уч асрдан кўпроқ ҳукм сургани ҳам тасдиқлайди.
Яна бир тасдиқки, ўғли Хумоюн Мирзога қолдирган васиятномасида эл ва раъиятга адолатли бўлмоқ лозимлигини қайта-қайта таъкид этади: “Эй фарзандим, Ҳиндистон мамлакати турли мазҳаблардан маъмур бўлган. Аллоҳ таоло Сизга буни каромат этди. Сиз мазҳабларни ёмон кўришдан дилингизни пок тутинг… Адолат ўрнатишда инсонларнинг эътиқодига чуқур ҳурматда бўлинг”.
1526 йилнинг апрелида Панипатда Ҳиндистон султони Иброҳим Лўдининг 100 минг қўшинлик армиясини 12 минг аскари билан мағлуб этгани ортидан моҳир саркарда сифатида ҳам тарихдан муносиб ўрин олган.
Бобур Мирзо 1494 йили (отаси вафотидан сўнг) 12 ёшида Фарғона ҳокими этиб тайинлангани тарихда маълум. У бор-йўғи 47 йил умр кўрди. Ҳаёти жанг-у жадаллар билан ўтгани сабаб унга икки рамазонни бир жойда ўтказиш насиб қилмаганини бобуршунослар алоҳида қайд этади.
Шунга қармай ўзидан ўлмас шеърият, “Бобурнома”дек қомусий асар қолдирганидан ташқари янги давлатчиликка асос солгани Заҳириддин Муҳаммад Бобур салоҳиятининг инкор этиб бўлмас ифодасидир.
Яккасарой тумани Оилавий қадриятларни мустаҳкамлаш комиссиясида етти оила масаласи муҳокама қилинди. Туман ҳокими ўринбосари – Оила ва хотин-қизлар бўлим бошлиғи Д. Расулмухамедова раислигида бўлиб ўтган муҳокамада бошқа мутасаддилар қатори фуқаролик ишлари бўйича Яккасарой туманлараро судининг икки нафар судьяси (Шерзод Жамолов, Тоҳир Исмоилов) ҳам иштирок этди.
Бу бежиз эмас.
Чунки, комиссия йиғилиши кун тартибига ажрим ёқасидаги оилалар масаласи киритилган бўлиб, масала судгача борган, низо суд процессидан аввал маҳаллада муҳокама этилгани маъқулки, муаммога икки томон учун ҳам хайрли бўлган ечим топишдан бошқа мақсад йўқ. Шу боис ҳам йиғилишга “Оқила аёллар ҳаракати” раҳбари, имом-хатибдан ташқари психолог-медиаторлар ҳам таклиф этилди.
Муҳокамада келишмовчилик сабаблари ўрганилди, тарафлар билан алоҳида-алоҳида суҳбатлар ўтказилди, низонинг ҳуқуқий оқибатларидан ташқари маънавий-ахлоқий томонлари ҳам тушунтирилди. Ярашиш имконияти мавжуд деб топилган оилаларга медиатор-психологлар бириктирилди.
Якунда 4 та оилага муҳлат, 3 тасига тегишли тавсия ва маслаҳатлар берилди.
Эслатиб ўтамиз, давлат раҳбарининг маҳаллаларда хавфсиз муҳитни яратиш йўналишида яхлит манзилли ишлаш тизимини жорий этишга доир қарори (07.01. 2026 йил, ПҚ-1-сон) ижроси юзасидан Яккасарой тумани бўйича йўл харитаси тасдиқланган бўлиб, унда оилаларни мустаҳкамлаш, оилавий ажримларнинг олдини олиш масалалари алоҳида ўрин олган.
Шундан келиб чиқиб, Оилавий қадриятларни мустаҳкамлаш комиссияси муҳокамаларида пойтахт суди судьялари фаол иштирок этиб келмоқда.
Саноқли кунлардан кейин (9 февраль) Низомиддин Мир Алишер Навоий таваллуди куни. Ҳамма нарса нуқта-вергулигача жой-жойида бўлишига одатланган судьялар, хусусан, пойтахт судлари (дарвоқе, Тошкент шаҳар судининг бош биноси Навоий кўчасида жойлашган) судьялари айни сана киришини кутгани йўқ. Судьялар ва суд ходимларининг бугунга белгиланган анъанавий “Маърифат соати” буюк мутафаккирнинг туғилган кунига бағишланди.
Тадбир меҳмони, филология фанлари доктори, профессор Сувон Мелиев тўғри таъкид этганидек, Навоий даҳоси ҳақида ихчам тадбирда атрофлича сўз юритишнинг мутлақо иложи йўқ. (Домла ҳазратнинг тўрт мисрадан иборат битта рубоийиси ҳақида ўн беш саҳифа шарҳ ёзганини эслатиб ўтди) Шу боис тадбирда Навоий асарларидаги адолат ғоялари ҳақида гапирилди.
Айтилдки, Навоий ҳазратларининг деярли барча асарларида адолат тараннум этилгани, инсонлардаги инсоф ва диёнат сифатларига алоҳида эътибор қаратилганини кўриш мумкин. “Адл айлаки, ул халқ ҳаёти бўлмиш…” мисрасининг ўзида халқ ҳаётининг бош мезони адолат (адл) экани таъкидланади. Чунки, эл осойишталиги, юрт ободлиги шу мезонга боғлиқ.
Шунингдек, нотиқ “Ҳақ йўлида ким сенга бир ҳарф ўқутмиш ранж ила, Айламак бўлмас адо онинг ҳақин юз ганж ила” мисраларини ҳам тилга олиб ўтди. Шу асно мисрадаги “ҳақ йўли”ни – ҳақиқат, ижтимоий адолатни таъминлаш маъноларига эга экани, шундай масъулиятли ва шарафли вазифа судьяларнинг чекига тушганига эътибор қаратиб, шу йўлда “бир ҳарф ўқитган”лар олдидаги маънавий бурчлар хусусида ҳам тўхталиб ўтилди.
Суд тизими вакиллари даврасида Ҳазрат Навоий ҳақида гап кетганда ул зотнинг “Маҳбуб-ул қулуб” (“Қалбларга севимли бўлган китоб”) асарини эсламасликнинг иложи йўқ. Ушбу асар мутафаккирнинг ўзи ҳаёти сабоқлари маҳсули бўлгани учун ҳам ижодида алоҳида ўрин эгаллайди. Асарда қози ҳақида ҳам кўп ва хўб ибратли панд-насиҳатлар битилган. Хусусан: ”Чолғу асбобининг тори созланмаган бўлса, овози бузилади. Модомики, ҳукми элнинг моли ва жонига тааллуқли экан, қозининг шиори тўғрилик ва адолат бўлмоғи лозим” дейилади.
Шунингдек, “ У (қози) ҳукм вақтида ошнога ҳам, бегонага ҳам бир савияда қарамоғи лозим”лиги ҳам таъкид этилади.
Якунда Алишер Навоийнинг кўп асарлари қатори “Маҳбуб-ул қулуб” ҳам ҳозирги ўзбек тилига тадбил қилингани айтилиб, унинг мутолааси фойдадан холи бўлмаслиги тавсия этилди.
Жиноят кодексининг 276-моддаси 1-қисмидагиёҳвандлик воситаларини (жумладан, уларнинг аналоглари ёки психотроп моддаларни) ўтказиш мақсадини кўзламай, қонунга хилоф равишда тайёрлаш, сақлаш, эгаллаш, ташиш ёки жўнатишгадоир қилмиш назарда тутилган. Жазо ҳам шунга яраша, яъниким, судья иш ҳолатларидан келиб чиқиб: “базавий ҳисоблаш миқдорининг эллик бараваригача миқдорда жарима ёки уч юз олтмиш соатгача мажбурий жамоат ишлари ёки уч йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёхуд бир йилдан уч йилгача озодликни чеклаш ёки уч йилгача озодликдан маҳрум қилиш”дан бирини танлайди.
Пойтахтнинг Якксарой тумани “Белариқ” маҳалла фуқаролари йиғинида ўтган сайёр судда жиноят ишлари бўйича Яккасарой тумани суди судьяси Азимжон Ҳакимов худди шундай қилмиш содир этган этган А.С.нинг “иши”ни кўриб чиқиб, унга базавий ҳисоблаш миқдорининг 20 баравари миқдорида, яъни 8.240.000 сўм жарима жазоси тайинлади.
2
Шу судья раислигида шу маҳаллада ўтган сайёр судда муҳокама қилинган яна бир иш Ф. Р.га нисбатан юритилган фирибгарликка (Жиноят кодекси, 168-модда, 3-қисми “б” банди) оид жиноят иши эди. Бунинг учун базавий ҳисоблаш миқдорининг уч юз бараваридан тўрт юз бараваригача миқдорда жарима ёки икки йилдан уч йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёхуд муайян ҳуқуқдан маҳрум этилган ҳолда беш йилдан саккиз йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазоларидан бири нақд.
Судланувчига 20 фоизи миқдорини давлат даромади ҳисобига ушлаб қолган ҳолда 2 йил муддатга ахлоқ тузатиш ишлари жазоси тайинланди.
3
Сайёр суд муҳокамасида кўрилган ишлар қандай жиноятлар экани маълум, шу боис тафсилотига ҳожат йўқ. Фақат тайинланган жазога мухтасар изоҳ керакки, икки судланувчи ҳам ёш, ҳали оила қурмаган, қилмишига тавба қилиб турибди… Бировнинг “молини туя қилгани” эса етказилган зарарларни қоплаб улгурган. Шу ва шу каби омиллардан келиб чиқиб, суд уларни панжара ортига юбормади, шунингдек, ортиқча мурувват ҳам кўрсатилгани йўқ. Жазодан норози бўлса, бемалол шикоят қилиши мумкин.
Гап бунда эмас ҳозир.
Жиноятнинг ҳуқуқий оқибати – масаланинг бир томони, холос. Жазонинг маънавий-ахлоқий ва тарбиявий жиҳатлари ҳам бор ва бунда жамоатчиликнинг иштироки ва ўрни алоҳида. Шу боис айрим турдаги, хусусан, юқоридаги ишлар жамоатчилик иштирокида кўриб чиқилмоқда. Шундай экан, сайёр суд муҳокамаларини қилмиш содир этган шахсни “сазойи” қилиш эмас, бошқалар учун сабоқ, шунингдек жиноят профилактикасининг ажралмас қисми, деб тушуниш (ва тўғри тушунтириш ҳам) керак. Зотан, тарбияга жамоатчиликнинг таъсири қонун қамчисига қараганда бироз енгил, аммо самаралироқ эканини тажрибалар кўрсатиб турибди…
Мирзо Улуғбек номидаги Миллий университети ва Тошкент давлат транспорт университети билан ҳамкорлик йўлга қўйилди. Бугун мазкур олий таълим даргоҳлари ва Тошкент шаҳар суди ўртасида меморандумлар имзоланди.
Хусусан, Мирзо Улуғбек номидаги Миллий Университети билан имзоланган ҳужжатда юридик психология устувор аҳамият касб этади. Яъниким, оилалардаги психологик муҳит, ёшлар психологиясига доир асосланган хулоса ва тавсиялар ишлаб чиқиш, айни жараёнда норматив-ҳуқуқий, методик ва таҳлилий хусусиятга эга маълумотларни алмашиш, суд процессларида психологик муҳит муаммолари, уларнинг илмий ечимлари ва бошқа қатор масалаларида фаол ҳамкорлик қилинади. Шунингдек, ҳамкорлик доирасида патентшунослик, бизнес ҳуқуқи, психология фанлари бўйича норматив-ҳуқуқий ҳужжатлардаги эҳтимолий номувофиқликлар ва ҳуқуқий бўшлиқларни аниқлаш ҳамда таклифлар ишлаб чиқиш учун конференция, семинар ва бошқа тадбирларни ташкил этиш ҳам кўзда тутилган.
Тошкент давлат транспорт университети билан имзоланган меморандумда ушбу олий ўқув даргоҳининг Халқаро оммавий ҳуқуқ кафедраси билан ҳамкорлик назарда тутилган. Бунда юқори малакали кадрлар тайёрлашда назария ва амалиётни уйғунлигига алоҳида эътибор қаратилади. Шу мақсадда пойтахтнинг туман ва туманлараро судларида талабалар амалиёти, уларнинг очиқ суд мажлисларидаги иштироки, қонунчилик техникаси, суд ишларида даллилларга ҳуқуқий баҳо беришнинг хос жиҳатлари ва бошқа қатор мавзуларда судьялар билан очиқ мулоқотлар ташкил этилади.
Шунингдек, ҳужжатда Тошкент шаҳар судларида қайд этилган кафедра профессор-ўқитувчиларининг амалий стажировкасини йўлга қўйиш, таълим ва тадқиқот учун зарур ўқув-методик адабиётларни тайёрлаш ҳамда биргаликда нашр этиш каби масалалар ҳам эътибордан соқит қилинмаган.
суд қарорлари ижроси ва тадбиркор ҳуқуқларининг тезкор таъминланишидир
Президент Шавкат Мирзиёев 2025 йил 26 декабрь куни Олий Мажлис ва Ўзбекистон халқига йўллаган Мурожаатномада суд-ҳуқуқ тизимини ислоҳ қилиш бўйича бир қатор муҳим ва стратегик йўналишлар белгилаб берилди.
Жумладан, 2026 йил барча соҳаларда, жумладан, суд тизимида ҳам туб бурилиш йили бўлади. Бунинг учун Электрон ҳукумат платформаси тубдан янгиланади: барча давлат идораларининг 1 мингдан зиёд давлат хизматлари, 5 мингдан ортиқ функция ва вазифалари, 200 та маълумот базаси ва ахборот тизими, 100 мингдан зиёд давлат хизматчисининг маҳалла, туман, вилоят, республика даражасидаги ваколатлари Ягона рақамли платформага интеграция қилинади. Платформага келиб тушган мурожаатлар, уларни ижрочиларга тақсимлаш ва кўриб чиқиш муддатини назорат қилиш сунъий интеллект орқали амалга оширилади. Содда қилиб айтганда, маҳалладан тортиб республика даражасида ҳал бўладиган ҳар бир масаланинг ижрочиси, муддати, ресурси бир жойда кўриниб туради. Давлатимиз раҳбари эътироф этганидек: “Энг муҳими, давлат хизматларини кўрсатишда инсон омилисиз, коррупция ва ортиқча бюрократиядан холи экотизим яратамиз. Давлат хизматларини проактив ва жамланма шаклда кўрсатиш тизимини ривожлантирамиз”.
Шунингдек, ҳужжатда суд-ҳуқуқ тизимини халққа яқинлаштиришга қаратилган ишларни изчил давом эттириш, бунда ортиқча бюрократияга чек қўйиш мақсадида “Рақамли суд” концепцияси доирасида фуқаролар ва тадбиркорлар учун судга мурожаат қилиш имкониятлари кенгайтирилиши ҳам айтилди. Бу янгиликнинг тадбиркорлар манфаати ва ҳуқуқларини таъминлашда муҳим бўлган – иқтисодий суд қарорлари ижросида аҳамияти ниҳоятда катта. Сир эмас, суд қарорлари қанчалик адолатли бўлмасин, унинг ижроси ўз вақтида таъминланмаса, мамлакат тараққиётининг етакчи қатлами бўлган ишбилармонларнинг фаолиятига салбий таъсир кўрсатади. Уларнинг иши ортга кетишига сабаб бўлади. Иқтисодий пасайишга олиб боради.
“Рақамли суд” концепцияси орқали эса аввало қоғозбозлик ва инсон омилига чек қўйилади ва шу орқали ижро самадорлиги оширилади. Бу шунчаки техник жараён эмас, балки тадбиркорнинг ҳуқуқини амалда тиклаш механизмидир.
Илгари суд қарори чиққандан кейин ижро варақасини олиш ва уни Мажбурий ижро бюросига (МИБ) олиб бориш учун маълум вақт кетарди. Энди суд қарори қонуний кучга кирган заҳоти тизим орқали автоматик равишда МИБнинг электрон базасига тушади. Бу вақт ва ҳужжат йўқолишининг олдини олади.
Банк ҳисоб рақамларига автоматик тақиқ қўйиш ва ечиш
Ҳозирда ижрочи томонидан банкка сўров юбориш ва жавоб олиш жараёнида қарздор маблағларини бошқа ҳисобга ўтказишга улгуриши мумкин. Рақамли тизим эса қарздорнинг барча банк ҳисобларини сониялар ичида аниқлайди ва даъво суммаси миқдоридаги маблағни инсон аралашувисиз музлатиб қўяди. Қарз тўлангач, тақиқ автоматик ечилади.
Мулкларни электрон инвентаризация қилиш
Рақамлаштириш орқали МИБ тизими Кадастр, Давлат йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати ва бошқа органларнинг базалари билан интеграция қилинади. Қарздорга тегишли бўлган кўчмас мулк, автомобиль ва бошқа активлар тизимда дарров кўринади.
Коррупция ва суиистеъмолчиликни камайтириш
Ижро жараёнининг ҳар бир босқичи электрон тизимларда қайд этилади. Қайси ижрочи ишни қачон бошлади, қандай ҳаракат қилди ёки нега тўхтатиб қўйди – ҳаммаси мониторинг қилинади. Бу ижрочи ва қарздор ўртасидаги “келишувлар” имкониятини кескин чеклайди.
Тадбиркор учун “Шаффоф кабинет”
Даъвогар (тадбиркор) ижро жараёнини онлайн кузатиб бориш имкониятига эга бўлади.Тадбиркор тегишли идора эшигида навбат кутиб ўтирмайди, балки ўз шахсий кабинети орқали мулк хатлангани, кимошди савдосига чиқарилгани ёки маблағ ундирилгани ҳақида реал вақтда маълумот олиб туради.
Хулоса қилиб айтганда, рақамлаштиришдан асосий мақсад – иқтисодий суд қарори кечиктирилмайдиган ва ижроси муқаррар ҳужжатга айланишидир. Бу эса тадбиркорнинг айланма маблағлари тўхтаб қолмаслигини таъминлайди.
Шоира ЭРМЕТОВА,
Тошкент туманлараро иқтисодий суди судьяси
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган 2026 | Тошкент шаҳар суди