Қидирув:

 “БЕЛАРИҚ”ДА ИККИ БЎЙДОҚНИНГ “ИШИ” КЎРИБ ЧИҚИЛДИ

1

Жиноят кодексининг 276-моддаси 1-қисмидагиёҳвандлик воситаларини (жумладан, уларнинг аналоглари ёки психотроп моддаларни) ўтказиш мақсадини кўзламай, қонунга хилоф равишда тайёрлаш, сақлаш, эгаллаш, ташиш ёки жўнатишга доир қилмиш назарда тутилган. Жазо ҳам шунга яраша, яъниким, судья иш ҳолатларидан келиб чиқиб: “базавий ҳисоблаш миқдорининг эллик бараваригача миқдорда жарима ёки уч юз олтмиш соатгача мажбурий жамоат ишлари ёки уч йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёхуд бир йилдан уч йилгача озодликни чеклаш ёки уч йилгача озодликдан маҳрум қилишдан бирини танлайди.

Пойтахтнинг Якксарой тумани “Белариқ” маҳалла фуқаролари йиғинида ўтган сайёр судда жиноят ишлари бўйича Яккасарой тумани суди судьяси Азимжон Ҳакимов худди шундай қилмиш содир этган этган А.С.нинг “иши”ни кўриб чиқиб, унга базавий ҳисоблаш миқдорининг 20 баравари миқдорида, яъни 8.240.000 сўм жарима жазоси тайинлади.

2

Шу судья раислигида шу маҳаллада ўтган сайёр судда муҳокама қилинган яна бир иш Ф. Р.га нисбатан юритилган фирибгарликка (Жиноят кодекси, 168-модда, 3-қисми “б” банди) оид жиноят иши эди. Бунинг учун базавий ҳисоблаш миқдорининг уч юз бараваридан тўрт юз бараваригача миқдорда жарима ёки икки йилдан уч йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёхуд муайян ҳуқуқдан маҳрум этилган ҳолда беш йилдан саккиз йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазоларидан бири нақд.

Судланувчига 20 фоизи миқдорини давлат даромади ҳисобига ушлаб қолган ҳолда 2 йил муддатга ахлоқ тузатиш ишлари жазоси тайинланди.

3

Сайёр суд муҳокамасида кўрилган ишлар қандай жиноятлар экани маълум, шу боис тафсилотига ҳожат йўқ. Фақат тайинланган жазога мухтасар изоҳ керакки, икки судланувчи ҳам ёш, ҳали оила қурмаган, қилмишига тавба қилиб турибди… Бировнинг “молини туя қилгани” эса етказилган зарарларни қоплаб улгурган. Шу ва шу каби омиллардан келиб чиқиб, суд уларни панжара ортига юбормади, шунингдек, ортиқча мурувват ҳам кўрсатилгани йўқ. Жазодан норози бўлса, бемалол шикоят қилиши мумкин.

Гап бунда эмас ҳозир.

Жиноятнинг ҳуқуқий оқибати – масаланинг бир томони, холос. Жазонинг маънавий-ахлоқий ва тарбиявий жиҳатлари ҳам бор ва бунда жамоатчиликнинг иштироки ва ўрни алоҳида. Шу боис айрим турдаги, хусусан, юқоридаги ишлар жамоатчилик иштирокида кўриб чиқилмоқда. Шундай экан, сайёр суд муҳокамаларини қилмиш содир этган шахсни  “сазойи” қилиш эмас, бошқалар учун сабоқ, шунингдек жиноят профилактикасининг ажралмас қисми, деб тушуниш (ва тўғри тушунтириш ҳам) керак. Зотан, тарбияга жамоатчиликнинг таъсири қонун қамчисига қараганда бироз енгил, аммо самаралироқ эканини тажрибалар кўрсатиб турибди…

ИККИТА ОЛИЙ ЎҚУВ ЮРТИ БИЛАН ҲАМКОРЛИК МЕМОРАНДУМИ ИМЗОЛАНДИ

Мирзо Улуғбек номидаги Миллий университети ва Тошкент давлат транспорт университети билан ҳамкорлик йўлга қўйилди. Бугун мазкур олий таълим даргоҳлари ва Тошкент шаҳар суди ўртасида меморандумлар имзоланди.

Хусусан, Мирзо Улуғбек номидаги Миллий Университети билан имзоланган ҳужжатда юридик психология устувор аҳамият касб этади. Яъниким, оилалардаги психологик муҳит, ёшлар психологиясига доир асосланган хулоса ва тавсиялар ишлаб чиқиш, айни жараёнда норматив-ҳуқуқий, методик ва таҳлилий хусусиятга эга маълумотларни алмашиш, суд процессларида психологик муҳит муаммолари, уларнинг илмий ечимлари  ва бошқа қатор масалаларида фаол ҳамкорлик қилинади. Шунингдек, ҳамкорлик доирасида патентшунослик, бизнес ҳуқуқи, психология фанлари бўйича норматив-ҳуқуқий ҳужжатлардаги эҳтимолий номувофиқликлар ва ҳуқуқий бўшлиқларни аниқлаш ҳамда таклифлар ишлаб чиқиш учун конференция, семинар ва бошқа тадбирларни ташкил этиш  ҳам кўзда тутилган.

  Тошкент давлат транспорт университети билан имзоланган меморандумда ушбу олий ўқув даргоҳининг Халқаро оммавий ҳуқуқ кафедраси билан ҳамкорлик назарда тутилган. Бунда юқори малакали кадрлар тайёрлашда назария ва амалиётни уйғунлигига алоҳида эътибор қаратилади. Шу мақсадда пойтахтнинг туман ва туманлараро судларида талабалар амалиёти, уларнинг очиқ суд мажлисларидаги иштироки, қонунчилик техникаси, суд ишларида даллилларга ҳуқуқий баҳо беришнинг хос жиҳатлари ва бошқа қатор мавзуларда судьялар билан очиқ мулоқотлар ташкил этилади.

 Шунингдек, ҳужжатда Тошкент шаҳар судларида  қайд этилган кафедра профессор-ўқитувчиларининг амалий стажировкасини йўлга қўйиш, таълим ва тадқиқот учун зарур ўқув-методик адабиётларни тайёрлаш ҳамда биргаликда нашр этиш  каби масалалар ҳам эътибордан соқит қилинмаган.

РАҚАМЛИ СУД 

суд қарорлари ижроси ва тадбиркор ҳуқуқларининг тезкор таъминланишидир

Президент Шавкат Мирзиёев 2025 йил 26 декабрь куни Олий Мажлис ва Ўзбекистон халқига йўллаган Мурожаатномада суд-ҳуқуқ тизимини ислоҳ қилиш бўйича бир қатор муҳим ва стратегик йўналишлар белгилаб берилди.

Жумладан, 2026 йил барча соҳаларда, жумладан, суд тизимида ҳам туб бурилиш йили бўлади. Бунинг учун Электрон ҳукумат платформаси тубдан янгиланади: барча давлат идораларининг 1 мингдан зиёд давлат хизматлари, 5 мингдан ортиқ функция ва вазифалари, 200 та маълумот базаси ва ахборот тизими,  100 мингдан зиёд давлат хизматчисининг маҳалла, туман, вилоят, республика даражасидаги ваколатлари Ягона рақамли платформага интеграция қилинади. Платформага келиб тушган мурожаатлар, уларни ижрочиларга тақсимлаш ва кўриб чиқиш муддатини назорат қилиш сунъий интеллект орқали амалга оширилади. Содда қилиб айтганда, маҳалладан тортиб республика даражасида ҳал бўладиган ҳар бир масаланинг ижрочиси, муддати, ресурси бир жойда кўриниб туради. Давлатимиз раҳбари эътироф этганидек: “Энг муҳими, давлат хизматларини кўрсатишда инсон омилисиз, коррупция ва ортиқча бюрократиядан холи экотизим яратамиз. Давлат хизматларини проактив ва жамланма шаклда кўрсатиш тизимини ривожлантирамиз”.

Шунингдек, ҳужжатда суд-ҳуқуқ тизимини халққа яқинлаштиришга қаратилган ишларни изчил давом эттириш,  бунда ортиқча бюрократияга чек қўйиш мақсадида “Рақамли суд” концепцияси доирасида фуқаролар ва тадбиркорлар учун судга мурожаат қилиш имкониятлари кенгайтирилиши ҳам айтилди. Бу янгиликнинг  тадбиркорлар манфаати ва ҳуқуқларини таъминлашда муҳим бўлган – иқтисодий суд қарорлари ижросида аҳамияти ниҳоятда катта. Сир эмас, суд қарорлари қанчалик адолатли бўлмасин, унинг ижроси ўз вақтида таъминланмаса, мамлакат тараққиётининг етакчи қатлами бўлган ишбилармонларнинг фаолиятига салбий таъсир кўрсатади. Уларнинг иши ортга кетишига сабаб бўлади. Иқтисодий пасайишга олиб боради. 

“Рақамли суд”  концепцияси орқали эса аввало  қоғозбозлик ва инсон омилига чек қўйилади ва шу орқали ижро самадорлиги оширилади. Бу шунчаки техник жараён эмас, балки тадбиркорнинг ҳуқуқини амалда тиклаш механизмидир.

Умуман, сўнгги йиллардаги ислоҳотлар ва белгиланган вазифаларга кўра, суд-ҳуқуқ тизимида рақамлаштиришдан кутилаётган натижалар қуйидагилардан иборат:

Ижро ҳужжатларининг электрон айланиши

Илгари суд қарори чиққандан кейин ижро варақасини олиш ва уни Мажбурий ижро бюросига (МИБ) олиб бориш учун маълум вақт кетарди. Энди суд қарори қонуний кучга кирган заҳоти тизим орқали автоматик равишда МИБнинг электрон базасига тушади. Бу вақт ва ҳужжат йўқолишининг олдини олади.

Банк ҳисоб рақамларига автоматик тақиқ қўйиш ва ечиш

 Ҳозирда ижрочи томонидан банкка сўров юбориш ва жавоб олиш жараёнида қарздор маблағларини бошқа ҳисобга ўтказишга улгуриши мумкин. Рақамли тизим эса қарздорнинг барча банк ҳисобларини сониялар ичида аниқлайди ва даъво суммаси миқдоридаги маблағни инсон аралашувисиз музлатиб қўяди. Қарз тўлангач, тақиқ автоматик ечилади.

Мулкларни электрон инвентаризация қилиш

 Рақамлаштириш орқали МИБ тизими Кадастр, Давлат йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати ва бошқа органларнинг базалари билан интеграция қилинади. Қарздорга тегишли бўлган кўчмас мулк, автомобиль ва бошқа активлар тизимда дарров кўринади.

Коррупция ва суиистеъмолчиликни камайтириш

 Ижро жараёнининг ҳар бир босқичи электрон тизимларда қайд этилади. Қайси ижрочи ишни қачон бошлади, қандай ҳаракат қилди ёки нега тўхтатиб қўйди – ҳаммаси мониторинг қилинади. Бу ижрочи ва қарздор ўртасидаги “келишувлар” имкониятини кескин чеклайди.

Тадбиркор учун “Шаффоф кабинет”

Даъвогар (тадбиркор) ижро жараёнини онлайн кузатиб бориш имкониятига эга бўлади.Тадбиркор тегишли идора эшигида навбат кутиб ўтирмайди, балки ўз шахсий кабинети орқали мулк хатлангани, кимошди савдосига чиқарилгани ёки маблағ ундирилгани ҳақида реал вақтда маълумот олиб туради.

Хулоса қилиб айтганда, рақамлаштиришдан асосий мақсад – иқтисодий суд қарори кечиктирилмайдиган ва ижроси муқаррар ҳужжатга айланишидир. Бу эса тадбиркорнинг айланма маблағлари тўхтаб қолмаслигини таъминлайди.

Шоира ЭРМЕТОВА,

Тошкент туманлараро иқтисодий суди судьяси

ГЛОБАЛ ЧАҚИРУВГА КОМПЛЕКС ЖАВОБ

Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Ўзбекистон Республикасида гиёҳвандлик воситалари ва психотроп моддаларнинг ноқонуний айланмасига чек қўйиш орқали  уларнинг аҳоли саломатлиги ва мамлактимиз генофондига салбий таъсирини бартараф этиш бўйича стратегик чора-тадбирлар тўғрисида»ги фармони – XXI асрнинг энг ўткир глобал таҳдидларидан бирига қарши курашда давлат сиёсий иродасини ифодаловчи комплекс режадир.

Мазкур ҳужжатга мувофиқ 2024–2028 йилларга мўлжалланган гиёҳвандлик ва нарко жиноятларга қарши курашиш бўйича миллий стратегияси қабул қилинди. Унда профилактика, жазо, реабилитация ва халқаро ҳамкорлик ягона кураш архитектурасига бирлаштирилган ҳолда тизимли ва кўп ўлчовли ёндашув намоён этилган.

Ҳужжат ички наркотик вазиятнинг ҳар томонлама таҳлилига асосланган бўлиб, Ўзбекистоннинг БМТ ва бошқа глобал тузилмалар доирасидаги халқаро мажбуриятларини ҳам ҳисобга олади. Бундай ёндашув стратегиянинг ҳам мамлакат ичида, ҳам халқаро майдондаги легитимлигини мустаҳкамлайди.

Антинаркотик стратегия чора-тадбирларнинг бутун спектрини – ёшлар ўртасидаги профилактикадан тортиб, чегара ва божхона органларини техник қайта жиҳозлашгача – қамраб олади. Шу тариқа стратегия фақат жазоловчи усулларга таянишдан воз кечиб, профилактика, мослашув ва реинтеграцияни ўз ичига олган тизимли ёндашувга ўтишни намоён этади.

Стратегияда ёшлар билан ишлашга алоҳида ўрин берилган бўлиб – улар энг заиф гуруҳ бўлиши билан бирга, ўзгаришларнинг ҳаракатлантирувчи кучи ҳамдир. Мактаб ва олий таълим муассасаларидаги дастурлар, спорт ва ижодий ташаббуслар, шунингдек, ёшлар ҳаракатларини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш нарко боғлиқликка қарши барқарор иммунитетни шакллантиришга қаратилган.

2024–2028 йилларга мўлжалланган гиёҳвандлик ва нарко жиноятларга қарши курашиш бўйича миллий стратегия Ўзбекистоннинг наркотиклардан холи жамиятни барпо этиш йўлидаги саъйи-ҳаракатларида муҳим бурилиш нуқтаси ҳисобланади. Уқонун кучи, технологиялар мослашувчанлиги ва ижтимоий сиёсат гуманизмини ўзида уйғунлаштиради.

Сурайёхон Хожамкулова,

  жиноят ишлари бўйича Мирзо Улуғбек туман судининг тергов судьяси

САЙЁР ҚАБУЛ: РАИСЛАРДАН ИШ ОРТМАДИ

Муайян масала юзасидан катта-ю кичик идора эшигини чертганларнинг аксариятида биринчи раҳбар қабулига кириш истаги бўлиши табиий.

 Биринчи раҳбарнинг ўзи аҳоли ҳузурига келса-чи?!

Шунинг ўзи наинки раҳбарлар, балки ўша орган ёки ташкилот фаолияти бўйича шаклланган тасаввурларни ўзгартиради. Муроди ҳосил бўлиб кетганларнинг мамнунлигини тасаввур қилиш қийин эмас. Бунинг акси бўлган тақдирда (ҳамма мурожаатчи ҳақ бўлиб чиқавермайди) ҳам мурожаатчининг кўнгли бир қадар кўтарилиб қайтишининг эҳтимоли катта. Чунки, “ўз оёғи билан” келган мутасадди билан кечган самимий мулоқот, шахсан ундан эшитган аниқ тушунтириш ва тавсияларнинг таъсири бўлакча бўлади барибир.

Сайёр қабулларнинг энг муҳим жиҳати шунда.

Бугун Яшнобод тумани «Машинасозлар» маҳалла фуқаролар йиғини биносида бўлиб ўтган сайёр қабулда Тошкент шаҳар суди раиси Олимжон Исмоилов ва пойтахт маъмурий суди раиси Улуғбек Алмамедов бошқаларга иш қолдирмади ҳисоб.

Негаки, мурожаатчиларнинг аксарияти биринчи раҳбарлар қабулига кириш истагини билдирди-да.

 Бош устига. Марҳамат.

Сайёр қабул узлуксиз салкам тўрт соат давом этди. Бу вақт мобайнида 25 нафар мурожаатчи сабр ва тушуниш билан тингланди. Мурожаатларнинг мазмун-тоифасидан келиб чиқиб, айримлари юзасидан тегишли ҳуқуқий тушунтиришлар берилди, шунингдек, бир қанчаси ўрганиш учун қабул қилинди.

Бир нафар мурожаатчи йўл босиб, миннатдорлик билдиргани келган экан, ташаккурномаси мамнуният билан қабул  қилинди.

Шу ўринда яна бир гап: сайёр қабул Яшнобод туманида ўтказилган бўлса-да, пойтахтнинг бошқа ҳудудидан келганларнинг йўли тўсилгани йўқ.

Сайёр қабул доирасида сайёр суд мажлислари ҳам ўтказилиб,  24 та маъмурий ва жиноят ишлари кўриб чиқилди. Якунда 3 нафар маҳкум жазодан муддатидан илгари шартли озод қилинди, 4 нафарининг жазоси енгилроғига алмаштирилди. Бундан ташқари 17 нафар шахсга нисбатан юритилган маъмурий ҳуқуқбузарликка доир ишларнинг барчаси тарафлар ярашганлиги муносабати билан тугатилди.

“МУҲАНДИСЛИК”ДА: АВВАЛ ОЧИҚ МУЛОҚОТ, СЎНГ САЙЁР СУД…

Кеча Яккасарой туманидаги «Муҳандислик» маҳалла фуқаролар йиғинида доимгидан кўпроқ гавжумлик кузатилди. Маҳалланинг сарбони-ю посбони, фаоллар, катта-ю кичик шу ерда эдики, жиноят ишлари бўйича Яккасарой тумани судининг икки нафар тергов судьяси (З. Нуриддинов, Ж. Ҳожимуродов) ташрифи ҳам кутилмаган ҳол бўлгани йўқ. Чунки, ушбу масканда нафақат судьялар ва аҳоли учрашуви, балки  сайёр суд муҳокамалари  ҳам белгиланган эди.

Сайёр суд дарҳол бошлангани йўқ. Тергов судьялари аввал маҳалла аҳлига юзланди. Айтилдики, жиноятчиликни жиловлаш, турли ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш, ижтимоий бирдамлик ва  қадриятларни асрашда маҳалланинг ўрни беқиёс. Шу боис ҳам  ўтказилаётган ислоҳотларда маҳалла институтига алоҳида эътибор қаратилмоқда. 2026 йил йил “Маҳаллани ривожлантириш ва жамиятни юксалтириш” йили деб эълон қилинганини бежиз эмас. Шундан келиб чиқиб, айрим фуқаролар ўртасида содир этилаётган ҳуқуқбузарлик ва жиноятлар хусусида ҳам сўз юритилиб, маҳалла аҳлининг қатор қизиқтирган саволларга жавоблар берилди.

Шундан сўнг бир неча маъмурий ҳуқуқбузарлик билан боғлиқ ишлар юзасидан сайёр суд мажлислари бошланди. Унда майда безорилик, жамоат жойида тартибсизлик, алимент тўлашдан бўйин товлаш, ички ишлар органлари қонуний талабига бўйсунмаслик, маст ҳолда содир этилган ҳуқуқбузарлик ифодаланган ишлар кўриб чиқилди.

Қабул қилинган суд қарорларининг мазмуни ҳам атрофлича тушунтирилди. Тушунтириш жараёнида ҳар қандай ножўя ҳарақатлар учун жазо муқаррарлиги такрор таъкид этилгани йўқ. Негаки, бўлиб ўтган жараённинг ўзи бунга яққол ва жонли мисол эмасми?!

“БИРНИ КЎРИБ ФИКР ҚИЛ, БИРНИ КЎРИБ…”

Жиноят ёки маъмурий ҳуқуқбузарликнинг хос тоифалари бор. Аммо, кенгроқ олиб қаралса, қилмишнинг катта-кичиги бўлмайди. Жазо – оқибат, холос. Жазодан мақсад эса тарбия. Бунинг учун панд-насиҳат, қуруқ маърузанинг ўзи камлик қилади. “Бирни кўриб, фикр қил, бирни кўриб – шукр”, деб бежиз айтилмаган. Шу ҳикматдан келиб чиқилса, жойларда ўтказилаётган сайёр суд мажлисларининг аҳамияти янада кенгроқ намоён бўлади.

 Бу ўринда суд муҳокамаларининг ушбу шакли тизим фаолиятида очиқ ва шаффофлик ифодаси эканигина назарда тутилаётгани йўқ. Сайёр суд мажлислари бир вақтнинг ўзида халқ билан мулоқот воситаси, турли қилмишларнинг олдини олишда муҳим омил ҳамда ҳуқуқий тарғибот ҳисобланади. Қолаверса, қонунга ҳурмат ва итоат ҳисси шаклланиши учун ҳам қонунсизлик оқибатини кўрсатиб туриш керак.

Жиноят ишлари бўйича Мирзо Улуғбек туман судининг уч нафар тергов судьяси (С.Хожамкулова, Ж.Саидов ва Б.Омонов) шу мақсадда туманнинг “Шаҳрисабз” маҳалла фуқаро йиғини биносида сайёр суд мажлислари ўтказди.

Унда бир нечта маъмурий ҳуқуқбузарликлар оид ишлар кўриб чиқилди.

Жамоатчилик вакиллари иштирокида ўтган жараёнда  диний мазмундаги материалларни қонунга хилоф равишда тарқатиш, мулкка қасддан зарар етказиш, ички ишлар органлари ходимининг қонуний талабларини бажармаслик, совуқ қурол сифатида фойдаланилиши мумкин бўлган ашёларни олиб юриш, жамоат жойларида умумэътироф этилган ахлоқ меъёрларини бузиш ифодаланган ҳуқуқбузарликларни содир этган бир неча нафар шахсларнинг хатти-ҳаракатлари муҳокама қилинди.

 Суд муҳокамалари якунида ҳуқуқбузарлик хусусияти, ҳуқуқбузарнинг шахси, айбдорлик даражаси, мулкий аҳволи ва бошқа ҳолатлар эътибордан соқит қилингани йўқ.

 Қабул қилинган суд қарорларининг мазмун-моҳияти тергов судьялари томонидан атрофлича, содда тил ва оҳангда тушунтирилди.

ПОЙТАХТ СУДЛАРИГА ЯНГИ СУДЬЯЛАР КЕЛДИ

   Бугун бўлиб ўтган Олий суд Пленумининг навбатдан ташқари мажлисида  судьялик лавозимида бўлишнинг биринчи беш йиллик муддатига тайинланган 24 нафар судья қасамёд қабул қилди.

      Уларнинг етти нафари Тошкент шаҳрининг айрим туман ва туманлараро судлари судьялигига муносиб кўрилган.

        Хусусан, Судьялар олий кенгаши қарорига мувофиқ:

         Джураев Муродали Шамуратович –  судьялик лавозимида бўлишнинг биринчи беш йиллик муддатига жиноят ишлари бўйича Юнусобод туман судининг судьяси лавозимига;

         Хасанов Сирожиддин Хусниддин ўғли – судьялик лавозимида бўлишнинг биринчи беш йиллик муддатига жиноят ишлари бўйича Шайхонтоҳур туман судининг судьяси лавозимига;

         Жабборов Марат Узоқович – судьялик лавозимида бўлишнинг биринчи беш йиллик муддатига жиноят ишлари бўйича Учтепа туман судининг судьяси лавозимига;

         Эгамбердиев Элдор Элмуротович – судьялик лавозимида бўлишнинг биринчи беш йиллик муддатига жиноят ишлари бўйича Чилонзор туман судининг судьяси лавозимга;

         Умарова Фариза Носировна – судьялик лавозимида бўлишнинг биринчи беш йиллик муддатига жиноят ишлари бўйича Янгиҳаёт туман судининг тергов судьяси лавозимига;

         Мейлиев Баҳодир Иводуллаевич – судьялик лавозимида бўлишнинг биринчи беш йиллик муддатига жиноят ишлари бўйича Миробод туман судининг судьяси лавозимига;

         Яхшибоев Сардорбек Панжиевич – судьялик лавозимида бўлишнинг биринчи беш йиллик муддатига фуқаролик ишлари бўйича Миробод туманлараро судининг судьяси лавозимга тайинланди.

СУДЬЯЛАР БЎЛАЖАК ҲАМКАСБЛАРИ БИЛАН ДАВРА СУҲБАТИ ЎТКАЗДИ

Тошкент туманлараро иқтисодий судининг олти нафар судьяси ва  Ўзбекистон Республикаси Одил судлов академияси иқтисодий ҳуқуқ кафедраси тингловчилари иштирокида ўтган давра суҳбати режадаги тадбирнинг ижросидай кўриниши мумкин.

Аслида ҳам шундай, бироқ бундай тадбирлар ҳисоботга безак бўлиши учунгина ташкил этилмайди. Ҳаммаси ҳисоб-китоблики, буни давра суҳбати учун танланган контентдан илғаш ҳам қийин эмас. Бир тарафда нисбатан ёш судьялар, иккинчи томонда шундай рутбага тобора яқин келаётган тингловчилар. Яъниким, дунёқараш яқин, ният-у истаклар муштарак, демакки,  тадбир расмиятчиликдан йироқ, қизғин, шу билан бирга самимий кечиши  аниқ.

Натижа ҳам шунга монанд бўлади, насиб

Давра суҳбатида  асосий эътибор  давлатимиз раҳбарининг Олий Мажлис ва Ўзбекистон халқига Мурожаатномаси мазмун-моҳиятига, хусусан,  комплаенс ва коррупцияга қарши муросасизлик, ички назорат масалаларига қаратилди.

Айтилдики, суд тизими бундай иллатлардан холи бўлиши керак. Чунки, жамоатчиликнинг судга бўлган ишончи замирида давлатга нисбатан ҳам ишончи ётади. Судьяларнинг мамлакат номидан қарор чиқаришининг ўзи ушбу лавозим масъулиятини англаш учун етарли, аслида. Бунинг учун тизимнинг ҳар бир вакили, аввало, ўзига нисбатан адолатли бўлиши лозим. Одамнинг ўзига нисбатан адолатли бўлиши, биринчи навбатда, ўз камчиликларини билиши ва тан олишида кўринади, уларни бартараф этишни малол олмайди. Ўзига нисбатан адолатли бўлганлар эса ўзгаларга нисбатан адолатсизлик қилмайди. Ҳар бир судьянинг коррупцияга қарши  муросасизлиги, аввало, ўзини ислоҳ қилишидан бошланади.

Давра суҳбатида, таклиф ва истаклардан келиб чиқиб, Олий суд Пленумининг “Судлар томонидан шахсий номулкий ҳуқуқлар ва  бошқа номоддий неъматларни ҳимоя қилиш тўғрисидаги қонунчиликни қўллаш амалиёти ҳақида”ги қарори, унинг қабул қилинишига сабаб бўлган эҳтиёжлар, шу турдаги ҳуқуқий ҳужжатларнинг амаётга татбиқ этиш тартиби ва механизмлари юзасидан тушунтириш ва тавсиялар берилди.

 Якунда назария ва амалиёт ўртасидаги уйғунлик аҳамиятидан келиб чиқиб, тингловчиларга очиқ суд процессларида яна-да фаол иштирок этиш орқали   касбий кўникмаларни шакллантириш муҳимлиги айтилиб,  судьялар бу борада лозим кўмакка тайёр экани алоҳида қайд этилди.

Жамоавий муваффақият масъулияти ва устоз насиҳатлари

Тошкент шаҳар судлари судьялари ва суд ходимлари учун анъанавий “Маърифат                                                            соати” бўлиб ўтди

 Жамоа муваффақиятида фаол ходимларнинг улуши алоҳида бўлиши табиий, бироқ унда барчанинг хос ҳиссаси мавжуд. Ҳар қандай жамоавий муваффақият, аввало, муҳитга боғлиқ экани аён. Шундан келиб чиқиб,  Тошкент шаҳар судлари судьялари ва суд ходимлари иштирокида ўтган бу галги “Маърифат соати”да жамоа жипслиги, ишчанлик муҳити барқарорлиги ва ўзаро ҳурмат масалалари ҳақида сўз юритилди.

Тадбир, анъанага мувофиқ, ихчам, қисқа, бироқ таъсирли ўтди.

Айтилдики, судьянинг мустақиллиги, муайян ишлар бўйича ҳисобдор эмаслиги, одил судловни амалга ошириш билан боғлиқ фаолиятига аралашувларга йўл қўйилмаслиги қонун билан кафолатланган. Шу билан бирга суд ҳокимияти нуфузи ва обрўйи тизим вакиллари ўртасидаги  ўзаро ишонч ва ҳамжиҳатликка боғлиқ экани ҳам исбот талаб қилмайдиган ҳақиқат. Ўзаро ҳурмат ва ҳамжиҳатлик эса кабий мустақилликка ҳурматдан бошланади. Бу борада суд раислари (ўринбосарлари) ўзининг холислиги, фидойилиги ва касбига садоқати бўйича бошқаларга ўрнак бўлиши лозим экани соҳага оид меъёрий ҳужжатларда мажбурият сифатида бежиз қайд этилмаган. Чунки, суднинг самарали фаолияти судья ва суд ходимларининг касбий салоҳиятига боғлиқ, демак,  раҳбар судьялар бу борада лозим чоралар кўриб бориши кераклиги ўз-ўзидан. Зотан, жамоадаги самимий муҳитнинг иш самарадорлигига таъсири алоҳида, бунда салоҳиятли кадрларнинг ўрни ва ҳиссаси беқиёсдир.

Тадбирда Ўзбекистон Судьялари Ассоциацияси раиси, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган юрист ва ёшлар мурабиий, устоз Убайдулла Мингбоевнинг судья ва суд ходимларига насиҳатлари ўқиб эшиттирилди.

Skip to content