Қидирув:

БУГУН ОЛИЙ СУДДА ЁЗУВЧИЛАР ВА ЖУРНАЛИСТЛАР УЮШМАЛАРИ АЪЗОСИ, ДОЦЕНТ ТЎЛҚИН ЭШБЕК ИШТИРОКИДА МАЪРИФАТ ТАДБИРИ ЎТКАЗИЛДИ

Тадбир аввалида Олий суд Аппарати раҳбари А. Холмахматов бугун 18 ноябрь — Ўзбекистон Республикаси давлат байроғи қабул қилинган кун муносабати билан йиғилиш иштирокчиларини қутларкан, Ватанимиз тараққиёти, халқимиз жипслиги, миллий ғурурни юксалтиришда байроғимиз беқиёс ўрин тутишини таъкидлади.

Т. Эшбек тадбирни байроқ ҳақидаги шеъри билан давом эттириб, ўз сўзида муқаддас байроғимизни асраб-авайлашимиз, янада кўкларга кўтариш ҳар биримизнинг муқаддас бурчимиз эканини қайд этди.

Мамлакатимизда давлат рамзлари қонун билан муҳофаза қилинади. Давлат байроғини ҳурмат қилишда фуқароларнинг зиммасига муайян мажбуриятлар юклатилган. Ўзбекистон Республикасининг Давлат байроғи – ана шундай юксак эъзоз ва эътирофга муносиб давлат рамзи эканлиги таъкидланди.

Шунингдек, тадбирда Президентимизнинг “Янги Ўзбекистон” газетасида чоп этилган “Марказий Осиё янги давр остонасида” сарлавҳали мақоласи мазмун-моҳияти ҳақида ҳам атрофлича фикр юритилди.

СУД ВА ЁШЛАР ҲАМКОРЛИГИ

Тошкент давлат юридик университетининг Юридик клиникаси  волонтёр талабалари ҳамда Халқаро ҳуқуқ ва инсон ҳуқуқлари кафедраси профессори Д. Абдуллаева ташаббуси билан фуқаролик ишлари бўйича Мирзо Улуғбек туманлараро судида амалий тажриба ўташди.

Суд процесси давомида талабалар никоҳдан ажратиш, синов муддатлари, ҳужжатлар билан ишлаш бўйича амалий тажрибага эга бўлдилар.

Бундан ташқари талабалар суд жараёнида тарафларнинг даъволарини эшитиш, уларнинг вакиллари ҳамда тарафларнинг илтимосига кўра суд жараёнини кейинга қолдириш масалаларини ўргандилар.

ЯККАСАРОЙДАГИ ЁШЛАР БИЛАН УЧРАШУВ ВА САЙЁР СУД МУҲОКАМАЛАРИ

Яккасарой туманидаги «Муҳандислик» маҳалла фуқаролар йиғини биносида жиноят ишлари бўйича Яккасарой тумани суди судьялари ва ёшлар иштирокида учрашув ва сайёр суд муҳокамлари бўлиб ўтди.

Унда жиноят ишлари бўйича Яккасарой тумани суди судьялари Б.Қаюмов, З.Нуриддинов ва Ж.Ҳожимуродовлар иштирок этишди. Дастлаб учрашувда туманда ёшлар ўртасида содир этилаётган ҳуқуқбузарлик ва жиноятлар ҳақида маълумот берилиб, ёшларни қизиқтирган саволларга жавоблар берилди.

Шундан сўнг бир неча маъмурий ҳуқуқбузарлик билан боғлиқ ишлар юзасидан сайёр суд мажлислари бўлиб ўтди. Унда майда безорилик, жамоат жойида тартибсизлик, маст ҳолда содир этилган ҳуқуқбузарлик, алимент тўлашдан бўйин товлаш, солиқлардан қочиш, ички ишлар органлари қонуний талабига бўйсунмаслик ва бошқа ҳуқуқбузарлик ишлари кўриб чиқилди.

Ёшларга ҳар қандай ҳуқуқбузарликнинг оқибати ва жиноятга жазонинг муқаррарлиги тушунтириб ўтилди.

ОЛИЙ СУД РАИСИНИНГ БИРИНЧИ ЎРИНБОСАРИ А. УСМАНОВ БОШЧИЛИГИДА ТОШКЕНТ ШАҲАР СУДИДА ЎТКАЗИЛГАН ЙИҒИЛИШДА ЖИНОЯТ ИШЛАРИ БЎЙИЧА СУДЛАРНИНГ ЖОРИЙ ЙИЛНИНГ 9 ОЙИ МОБАЙНИДА ОДИЛ СУДЛОВНИ АМАЛГА ОШИРИШ БОРАСИДАГИ ФАОЛИЯТИ ТАҲЛИЛЛАР АСОСИДА МУҲОКАМА ҚИЛИНДИ

Маълум қилинишича, ҳисобот даврида биринчи инстанцияда 9 463 нафар шахсга нисбатан 7 659 та жиноят иши, 80 965 нафар шахсга нисбатан маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги 67 948 та иш, 12 663 та санкция ва материаллар кўриб тамомланган.

Юқори инстанцияларда 1 800 нафар шахсга нисбатан 1 490 та жиноят иши кўрилиб, шундан 136 нафар шахсга нисбатан чиқарилган суд қарорлари бекор қилинган.

Танқидий руҳда бўлиб ўтган йиғилишда суд қарорларининг сифати ва ижроси, суд амалиёти ва жазо тайинлашда йўл қўйилган камчиликларга тўхталиб ўтилди.

Кун тартибидан жорий йилнинг бошидан фаолиятини бошлаган тергов судьяларининг фаолияти ҳам ўрин олди.

Шунингдек, судьяларнинг эътибори ишларни кўришда белгиланган муддатларга қатъий риоя қилишга қаратилди.

ЁПИҚ СУД МАЖЛИСИ ТАФСИЛОТЛАРИНИ ОШКОР ЭТГАНЛИК УЧУН – ЖИНОИЙ ЖАВОБГАРЛИК БЕЛГИЛАНМОҚДА

Мамлакатимизда олиб борилаётган ислоҳотлар натижасида инсон ҳуқуқ ва эркинликлари, унинг шахсий ҳаёти дахлсизлиги, шахсий ҳамда оилавий сири, шаъни ва қадр-қиммати ишончли ҳимоя қилинишини таъминлашга қаратилган бир қатор қонун ҳужжатлари қабул қилинди.

Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 137-моддасига кўра, ҳамма судларда ишлар очиқ кўрилади. Ишларни ёпиқ суд мажлисида кўриб чиқишга фақат қонунда белгиланган ҳолларда йўл қўйилиши белгиланган.

Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик процессуал кодексининг
12-моддасига мувофиқ, давлат сирига, фарзандликка олиш сирига тааллуқли маълумотлар мавжуд бўлган ишлар бўйича ва қонунда назарда тутилган бошқа ҳолларда ишнинг муҳокамаси ёпиқ суд мажлисида ўтказилади.

Ишда иштирок этувчи шахсларнинг шахсий ҳаёти тўғрисидаги маълумотлар ошкор бўлишининг олдини олиш, ёзишмалар сирини ва қонун билан қўриқланадиган бошқа сирни сақлаш мақсадида ёпиқ суд муҳокамаси ўтказилишига йўл қўйилади.

Иш суднинг ёпиқ мажлисида кўрилаётганида ишда иштирок этувчи шахслар, зарур ҳолларда эса гувоҳлар, экспертлар, мутахассислар ва таржимонлар ҳам ҳозир бўлади.

Ишни суднинг ёпиқ мажлисида эшитиш фуқаролик суд ишлари юритишнинг барча қоидаларига риоя қилинган ҳолда олиб борилади. Суднинг ёпиқ мажлисида видеоконференцалоқа тизимидан фойдаланишга йўл қўйилмайди.

Суднинг ҳал қилув қарори барча ҳолларда ошкора ўқиб эшиттирилади.

Қонуний кучга кирган суд ҳужжатлари тарафларнинг розилиги билан ёки шахсини кўрсатмаган тарзда суднинг расмий веб-сайтида эълон қилиниши мумкин, бундан суднинг ёпиқ мажлисида қабул қилинган суд ҳужжатлари мустаснодир.

Фуқаролик ишлари судида ёпиқ суд мажлислари қонунда назарда тутилган ҳолларда ишда иштирок этувчи шахсларнинг талабига ёки суднинг ташаббусига кўра ўтказилади.

Яъни, ёпиқ суд мажлисида иштирок этган судья, суд мажлиси котиби, прокурор, даъвогар, жавобгар, учинчи шахслар, умуман олганда барча суд мажлиси иштирокчилари ёпиқ суд мажлисида ўзларига маълум бўлган иш тафсилотлари ва бошқа маълумотларни бошқа шахсларга ошкор қилиши мумкин эмас.

Ҳозирги вақтда процессуал кодексларда ёпиқ суд мажлисларида иштирок этган шахслар маълумотларни ошкор қилганлик учун жавобгарлик ҳақида огоҳлантирилиши кўрсатилган. Бироқ, қонунчиликда бундай маълумотларни ошкор қилганлик учун жавобгарлик чоралари назарда тутилмаган. Шу муносабат билан ёпиқ суд мажлиси муҳокамаси маълумотларини ҳамда тафсилотларини ошкор қилганлик учун жиноий жавобгарликни жорий этиш зарурияти юзага келмоқда.

Шу муносабат билан Ўзбекистон Республикаси ЎРҚ-1084-сонли қонуни қабул қилиниб, Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодекси, Жиноят-процессуал кодекси, Фуқаролик-процессуал кодекси ва Маъмурий суд ишларини юритиш тўғрисидаги кодексига ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди.

 Мазкур қонун билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ёпиқ суд мажлиси муҳокамаси маълумотларини ҳамда тафсилотларини ошкор қилишга йўл қўйилмаслиги ҳақидаги огоҳлантирилган ёпиқ суд мажлисида иштирок этаётган шахслар томонидан уларни суднинг рухсатисиз ошкор қилганлик учун жиноий жавобгарлик белгиланишини назарда тутувчи ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди. 

Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик процессуал кодексининг 60, 62, 64, 98, 208-моддаларига ўзгартириш киритилиб, унга кўра, эксперт, мутахассис ва таржимон ёпиқ суд мажлиси муҳокамаси маълумотларини ҳамда тафсилотларини суднинг рухсатисиз ошкор қилганлик учун жиноий жавобгарлик белгиланди.

Киритилган қўшимчаларга кўра, ишни ёпиқ суд мажлисида кўриш учун асослар мавжуд бўлганда суд ишни ёпиқ суд мажлисида кўриш тўғрисида ажрим чиқаради.

Ажрим чиқарилганда ёпиқ суд мажлисида иштирок этаётган шахслар суд муҳокамаси маълумотларини суднинг рухсатисиз ошкор қилмаслик тўғрисида огоҳлантирилиб, улардан тилхат олинади.

Тилхатда мазкур мажбуриятни бузганлик учун Жиноят кодексининг 239-моддасига мувофиқ жавобгарлик ҳақидаги огоҳлантириш ҳам акс эттирилади.

Хулоса ўрнида, мазкур киритилган ўзгартириш ва қўшимчалар ёпиқ суд мажлисида кўрилган ишларни маълумотларини анонимлигини таъминлаш ва ушбу тафсилотларни ошкор этганлик учун жавобгарлик белгиланганлигини ҳамда фуқароларни ҳуқуқ ва манфаатларини қонун билан ҳимояланганлиги суднинг нуфузини оширишга хизмат қилади.

Дилноза Абдуқодирова,

Фуқаролик ишлари бўйича Учтепа туманлараро суди судьяси

СУД ВА ЁШЛАР УЧРАШУВИ

Пойтахтимиздаги Алфраганус университетида суд ва ёшлар учрашуви бўлиб ўтди. Унда жиноят ишлари бўйича Шайхонтоҳур тумани суди раиси в.в.б А. Мирзахонов, жиноят ишлари бўйича Олмазор тумани суди тергов судьяси А. Нормуҳамедов,  жиноят ишлари бўйича Учтепа тумани суди тергов судьяси Х. Содиқовлар иштирок этиб, жиноятлар профилактикаси, қонунчиликдаги янгиликлар, ёшлар ўртасида содир этилаётган жиноятлар хусусида маълумот бердилар.

Кейинги пайтда пойтахтимизда ёшлар ўртасида жиноят содир этиш холатлари кўпайган. Айниқса, фирибгарлик, кибержиноят билан боғлиқ жиноятлар сезиларли ошган. Бу эса барчани огоҳ бўлишга чақиради. Тадбирда бу каби жиноятлар амалиётдаги мисоллар орқали тушунтириб берилди. Ёшларга уяли телефон орқали содир этилаётган жиноятлардан эҳтиёт бўлиш лозимлиги уқтирилди. Талабалар судьялардан ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олдилар.

Жиноят ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олишда бу каби учрашувларнинг аҳамияти катта эканлиги эътироф этилди.

УЧТЕПАДАГИ САЙЁР ҚАБУЛЛАР

Тошкент шаҳар суди, Тошкент шаҳар маъмурий суди раҳбарияти ҳамда Тошкент шаҳар Халқ қабулхонаси билан ҳамкорликда ҳуқуқий жиҳатдан кўмакка муҳтож бўлган аҳоли учун туманнинг “Хуросон” МФЙ биносида сайёр қабул бўлиб ўтди. Унда жами 42 нафар фуқаролар қабул қилинди.

Қабул қилинган фуқароларнинг 20 таси жиноят ишлари бўйича, 10 таси фуқаролик ишлар бўйича, 9 таси маъмурий ишлар бўйича, 3 таси иқтисодий ишлар бўйича судларга оид мурожаатларни ташкил қилди.

Сайёр қабулда 41 та фуқаронинг оғзаки мурожаати эшитилди, 1 та мурожаат ёзма равишда  қабул қилинди. Шундан 26 та мурожаат бўйича ҳуқуқий тушунтириш берилган бўлса, 16 та мурожаат жойида ижобий ҳал этилди.

Жиноят ишлари бўйича Учтепа туман суди томонидан жазодан озод қилиш бўйича киритилган тақдимномалар асосида ахлоқ тузатиш ишлари жазосини ўтаётган 5 нафар шахслар жазони ўташдан муддатидан илгари шартли равишда озод қилинди.

4 нафар мурожаатчи маъмурий ҳуқуқбузарлик ҳолатларини бир ой муддатда ихтиёрий равишда бартараф этганлиги боис МЖтКнинг 271-моддаси 11 бандига асосан, 1 нафар шахсга нисбатан МЖтКнинг 21-моддасига асосан ишлар тугатилди.

 Шунингдек, 4 нафар фуқарога МЖтКнинг 33-моддаси қўлланилиб, жазолар енгиллаштириб берилди.

ФУҚАРОЛАРНИНГ ҲУҚУҚЛАРИ ВА ҚОНУНИЙ МАНФААТЛАРИНИ САМАРАЛИ ҲИМОЯ ҚИЛИШНИ ТАЪМИНЛАШДА СУД ВА НОТАРИАТНИНГ ҲАМКОРЛИГИ

Тошкент шаҳар суди фуқаролик судлов ҳайъати томонидан тадбирлар залида Олий суд ва Ўзбекистон нотариал палатаси ўртасида 2025 йил 4 сентябрда имзоланган ўзаро ҳамкорлик тўғрисидаги келишувда белгиланган вазифалар ижроси юзасидан Тошкент шаҳар судининг фуқаролик ишлари бўйича судьялари ҳамда Нотариал палата Тошкент шаҳар ҳудудий бошқармаси ва хусусий амалиёт билан шуғулланувчи нотариуслар ўртасида давра суҳбати ўтказилди.

Тадбирда асосий эътибор фуқароларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатлари ҳимоясини таъминлашга, судлар ва нотариат ўзаро ҳамкорлик жараёнида интеграциялашув учун қулай шарт-шароит яратишга, соҳани рақамлаштиришга қаратилган қўшимча чора-тадбирларни амалга оширишга, суд амалиётидан келиб чиқиб нотариал ҳаракатларни амалга оширишда  мавжуд муаммоларни таҳлил қилиш ва зарурий тавсиялар беришга қаратилди.

 

Суд амалиётидан келиб чиққан ҳолда нотариал битимларни амалга оширишда йўл қўйилаётган камчиликлар, уларни бартараф этиш чоралари, бу борада қонунчиликни такомиллаштириш юзасидан фикр-мулоҳазалар билдирилди, иштирокчиларни қизиқтирган саволларга жавоб берилди.

Очиқ ва жонли руҳда ўтган давра суҳбатида биргаликдаги умумий мулкни, хусусан, хусусийлаштирилган уй-жойлар ва эр-хотиннинг биргаликдаги турмуши даврида олинган мулкларни тасарруф этиш, бундай мулклар юзасидан ворисликка оид қонунчиликни қўллаш, чет давлатлардан келаётган ишончномалар ва бошқа ҳуқуқий ҳужжатларнинг ҳақиқийлигини таъминлаш, меросни эгаллаш жараёнида ворислар томонидан йўл қўйилган қонунбузилиши ҳолатлари учун жавобгарлик механизмини такомиллаштириш юзасидан асослантирилган фикрлар билдирилди.

Учрашув якунига кўра қонунийликни таъминлаш мақсадига йўналтирилган ўзаро ҳамкорлик алоқаларини мустаҳкамлашга қаратилган вазифалар белгиланиб, ушбу мақсадга йўналтирилган суҳбатларни доимий ўтказиш юзасидан келишиб олинди.

НУРАФШОН МАҲАЛЛАСИДА ЎТКАЗИЛГАН САЙЁР СУД

Жиноят ишлари бўйича Бектемир тумани суди тергов судьяси  Фахриёр Пўлатов тумандаги маҳаллаларга чиқиб, тарғибот ва сайёр суд мажлисларини ўтказиб туради.

Яқинда Нурафшон МФЙда аҳоли иштирокида профилактик учрашув ва сайёр суд ташкил этди.

 Учрашувда, дастлаб суд-ҳуқуқ тизимидаги ислоҳотлар ҳақида маълумотлар берилди. Сўнгра ўндан ортиқ ҳуқуқбузарликлар юзасидан сайёр суд муҳокамалари ўтказилди. Сайёр судда оилавий зўравонлик, гиёҳвандлик, майда безорилик, диний мазмундаги материалларни қонунга хилоф равишда сақлаш ёки тарқатишга оид маъмурий ҳуқуқбузарлик ишлари кўриб чиқилиб, уларга қонуний баҳо берилди.

САЙЁР СУД

Тезлик 137. Автоавария. Бир инсоннинг ҳаётдан кўз юмиши…

Жиноят ишлари бўйича Чилонзор тумани суди раиси И. Собировни кейинги пайтда 2008 йили туғилган  вояга етмаган бола томонидан содир этилган жиноят ташвишга соларди. Воқеа қуйидагича бўлган. Судланувчи 2025 йил 23 март куни соат 06.30.ларда “Трекер” русумли автомашинани бошқариб, «Бунёдкор» кўчасида жойлашган 7 автосарой кесишмасида йўл ҳаракати қоидаларини бузиб,  “Дамас” русумли автомашина билан тўқнашув содир этган. Оқибатда «Трекер» автомашинаси йўловчилари (2 киши) ва Дамас автомашинаси йўловчилари (6 киши) тан жароҳати олишиб, шифохонага мурожаат қилишган. «Трекер» ичида бўлган судланувчининг дўсти Ш.Х. шифохонада вафот этган.

Судланувчи вояга етмаган  С.С. муқаддам босқинчилик жиноятини ҳам содир этганлиги ачинарли.

Ҳа, муҳокамага арзийдиган мавзу.

Шу боис суд раиси ўша бола ўқийдиган мактабга бориб, жиноятни муҳокама қилиш ва ҳукмни сайёр судда ўқишни режалаштирди.

Тадбирга туман ҳокими, ички ишлар, прокурата, тумандаги бошқа мактаб директорлари ҳам таклиф этилди. Сўзга чиққанлар вояга етмаганлар орасида содир этилаётган жиноятлар, фарзанд тарбияси учун ота-она масъуллиги, жиноятлар оқибатлари ҳақида гапирдилар.

Суд раиси, ҳоким, ички ишлар вакили, директорлар сўзга чиқди. Судланувчининг ота-онасига сўз берилди.

Кейин сайёр суд бўлиб ўтди. Суд ҳукми ўқилди. 

Вояга етмаган судланувчига узил-кесил 4 йил муддатига озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди. Унга Жиноят кодекси 72-моддаси қўлланилиб, тайинланган жазо шартли ҳиобланиб, 3 йил синов муддати белгиланди.  Судланувчига вақти-вақти билан жазони ижро этиш органида рўйхатдан ўтиб туриш, автомашина бошқармаслик, жазони ижро этиш органи рухсатисиз ўқиш, иш ва яшаш жойини ўзгартирмаслик мажбуриятлари юклатилди.

Skip to content