Қидирув:

ВОЯГА ЕТМАГАНЛАРГА НИСБАТАН ЖИНОИЙ ЖАВОБГАРЛИК ЯНАДА ЛИБЕРАЛЛАШТИРИЛМОҚДА

Вояга етмаганлар билан ишлаш, уларни тўғри йўлга солиш ҳар доим барчани ўйлантириб келган масала ҳисобланади. Қаердаки тарбия тўғри ташкил этилса, ўша ерда тартиб интизом, фаровонлик бўлади. Минг афсуски айрим ҳолларда вояга етмаганлар томонидан жиноят содир этилиши ташвишли ҳолдир.

Биргина жиноят ишлари бўйича Янгиҳаёт тумани суди томонидан жорий йилнинг бугунги холатига кўра 19 нафар шахсга нисбатан 17 та жиноят иши кўриб чиқилган. Шундан 12 та иш бўйича ҳукм чиқарилган, 5 нафар болага озодликдан маҳрум қилиш, 7 нафарига озодликдан маҳрум қилиш билан боғлиқ бўлмаган жазо тайинланган.

Вояга етмаганлар орасида асосан ўғирлик, тан жароҳати етказиш, безорлик каби жиноятлар содир этилган.

Келинг шу ўринда вояга етмаган шахс томонидан содир этилган бир жиноят ишини таҳлил қилайлик. 2010 йилда Қашқадарё вилоятида туғилган мактаб ўқувчиси Авазжон (исм-шариф ўзгартирилган) Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 169-моддаси 2-қисмининг “в” банди билан айбланган.

Яъни , у 2024 йил 10 октябрь куни соат тахминан 12 ларда ўзининг таниши вояга етмаган Иззатилла билан олдиндан тил бириктириб, бир гуруҳга бирлашиб, ўзганинг мол-мулкини яширин равишда талон-торож қилиш мақсадида, Янгиҳаёт тумани, қурилиш ҳудуди, яшаш уйининг орқа томонида шу ерда бўлган очиқ ҳолда қаровсиз қолдириб кетилган, Ж.А. га тегишли “Ласетти” русумли автомашинасининг эшиклари очиқ ҳолда қолдирилганидан фойдаланиб, автомашинанинг ичидаги баҳоси, 350 АҚШ доллар бўлган “Самсунг А-80” русумли телефон аппаратини ҳамда автомашина салонининг бардачок қисмида турган 450.000 сўм пулни яширин равишда ўғирлаб олиб, ҳодиса содир бўлган жойдан яширинган.

Суд мажлисида қонуний вакил иштирокида сўроқ қилинган вояга етмаган Авазжон эълон қилинган айбловга тўлиқ иқрорлик билдирди.

У нима учун ўғирликка қўл урди. Маълум бўлдики, оилада тарбия яхши эмас, бола мактабга ҳар доим бормайди. Кўчада пул топишни ўйлайди. Аслида унинг асосий вазифаси мактабда ўқиш, таълим ва билим олиб бирор касб ўрганиш эди. Онаси суд залида боласининг қилмиши учун мулзам бўлиб қолди. Агар Авазнинг ота-онаси фаарзанди тарбиясига бефарқ бўлмай назоратни тўғри олиб борганида эди бундай кўнгилсизлик бўлмаган бўларди. Суд томонидан вояга етмаган Авазжоннинг пушаймонлигини инобатга олиниб, енгилроқ жазо қўлланилди.

Давлатимиз раҳбари томонидан вояга етмаганлар таълим-тарбияси учун катта ишлар  амалга оширмоқда. Буни ота-оналар тўғри тушунишлари керак. Жорий йил 23 октябрда қабул қилинган “Вояга етмаганларга нисбатан жиноий жавобгарлик янада либераллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг Жиноят кодексига қўшимча ва ўзгартиришлар киритиш тўғрисида”ги ЎРҚ-1092 сонли Қонун ҳам аслида вояга етмаганлар жиноятини янада енгиллаштириш мақсадини кўзлайди. Ушбу қонун билан 77, 84-1 ҳамда 85 – моддаларга ўзгартиришлар киритилмоқда. Бу билан мақсад жазолаш эмас, жиноятни олдини олиш, вояга етмаганларни тўғри йўлга солиш, тўғри тарбиялаш асосий вазифа сифатида белгиланмоқда.

Мақсад жазолаш эмас, жазони олдини олишдир.


Шерзод Амиров,

Жиноят ишлари бўйича Янгиҳаёт тумани суди судьяси

ОЧИҚ ВА МУСТАҚИЛ СУД ТИЗИМИ САРИ: СУДЬЯЛАР ҲАМЖАМИЯТИ ОРГАНЛАРИДА ЯНГИ ИСЛОҲОТЛАР

Сўнгги йилларда давлат бошқаруви тизимида суд ҳокимиятининг нуфузини ошириш, унинг мустақиллигини таъминлаш ҳамда фуқароларнинг одил судловга бўлган ишончини кучайтириш долзарб вазифалардан бирига айланди. Судьялар ҳамжамияти органларининг институционал салоҳиятини мустаҳкамлаш ушбу жараённинг муҳим таркибий қисми бўлиб, Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан 2025 йил 24 ноябрда имзоланган “Судьялар ҳамжамияти органлари фаолиятининг самарадорлиги ва очиқлигини ошириш ҳамда суд мустақиллиги кафолатларини янада кучайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони айнан суд ҳокимияти тизимида туб ўзгаришларни амалга ошириш, судьялар ҳамжамияти органларининг институционал салоҳиятини мустаҳкамлаш, судлар фаолиятининг очиқлиги ва шаффофлигини ошириш, энг муҳими эса суд мустақиллигининг чинакам кафолатларини яратишга қаратилган муҳим босқични ифодалайди.

Мазкур фармон “Ўзбекистон – 2030” стратегиясида белгиланган суд-ҳуқуқ ислоҳотлари устувор йўналишлари билан уйғун ҳолда ишлаб чиқилган бўлиб, судьялар ҳамжамияти органлари фаолиятида судьяларнинг ўзини-ўзи бошқариш тамойилини ва суд мустақиллигига оид илғор халқаро стандартлар кенг жорий этилишини таъминлаш, судьялар корпусини шакллантириш тартибини такомиллаштириш, ушбу жараёнда судьялар ҳамжамияти органлари ролини ошириш ва уларнинг масъулият доирасини аниқ белгилаш, судьялар ҳамжамияти органлари фаолиятида очиқликни таъминлаш, судьяликка номзодларни танлашнинг шаффоф тартибини жорий этиш ҳамда суд тизимида гендер тенгликни таъминлаш имкониятларини кенгайтириш каби аниқ мақсадларга асосланган. Қуйида фармонда акс этган асосий ғоялар, ёндашувлар ва истиқболли натижаларга тўхталиб ўтамиз.

Аввало, фармонда белгиланган асосий мақсадлар суд ҳокимиятининг тўлақонли мустақиллигини таъминлаш, судьялар ҳамжамияти органларининг ролини кучайтириш ва суд тизимининг ташкилий-ҳуқуқий асосларини замонавий талабларга мослаштиришга қаратилган. Шундан келиб чиқиб, судьялар ҳамжамияти органлари фаолиятида судьяларнинг ўзини ўзи бошқариш тамойили устувор ўрин эгаллаши, судьяликка номзодларни танлаш ва тайинлашда очиқликнинг кучайтирилиши, судьялар корпусида сифат ўсишини таъминловчи механизмларнинг жорий қилиниши устувор вазифалар сифатида белгиланади. Хусусан, суд тизимида гендер тенглик тамойилларини мустаҳкамлаш орқали аёл судялар улушини камида 30 фоизга етказиш бўйича аниқ мақсаднинг қўйилгани ҳам суд ҳокимиятининг замонавий демократик талаблар асосида ривожланаётганидан далолат беради.

Шунингдек, фармонда суд мустақиллигига оид илғор халқаро стандартларни жорий этиш борасида бир қатор муҳим янгиликлар белгиланган. Жумладан, судьяларни навбатдаги ўн йиллик муддатга қайта тайинлаш амалиётидан воз кечилиб, дастлабки тайинлашни беш йил муддатга, кейинги фаолиятни эса муддатсиз давом эттириш тартибини жорий этиш судя мустақиллиги тамойилининг асосий элементларидан биридир. Бу ёндашув судьяларни ҳар бир муддатда қайта баҳолаш босимидан холи қилади, улар фаолиятини сиёсий ёки бошқа ташқи омиллар таъсиридан ҳимоялашга хизмат қилади. Шунингдек, судья сифатида камида етти йил ишлаган мутахассисларнинг кенгаш судьялигига номзод сифатида тавсия қилиниши тизимга профессионал кадрлар кириб келишига замин яратади.

Бундан ташқари, Президент фармони билан Судьялар олий кенгаши таркибини шакллантириш тартибининг янгиланиши ҳам алоҳида аҳамиятга эга. Унга кўра, Олий суд, вилоят судлари ва туманлараро, туман, шаҳар судлари вакиллари аниқ квоталар асосида доимий фаолият юритувчи судьялар сифатида кенгашга киритилиши белгиланган. Бу эса судлар иерархиясининг барча бўғинларидан вакиллик бўлишини таъминлайди ва кенгашнинг қарорларида адолатли, мувозанатли, тажрибага таянган ёндашувни кучайтиради. Кенгашнинг жамоатчилик асосида фаолият юритувчи аъзоларини фуқаролик жамияти институтлари ва академик доиралар томонидан тавсия қилиниши эса давлат ва жамият ҳамкорлигини мустаҳкамлашга хизмат қилади.

Қолаверса, мазкур фармон билан судьялик лавозимига номзодлар бўйича хулоса бериш тизими ҳам қайта кўриб чиқилди. Эндиликда хулосалар судьялар малака ҳайъатлари томонидан уларнинг ваколатига мос равишда тақдим этилади. Бу ёндашув суд тизимининг ўзида “ички профессионал аудит” механизмини яратади ҳамда баҳолаш жараёнида объективликни оширади. Шунингдек, кенгаш ва судьялар олий малака ҳайъатининг қўшма йиғилишини бекор қилиш – судьялар ҳамжамияти органларининг институционал мустақиллигини кучайтиришга қаратилган муҳим қадамдир.

Шу билан бирга, фармон суд бошқарувида очиқликни оширишни замонавий технологиялар асосида амалга оширишни белгилайди. Хусусан, 2025 йил 15 декабрдан бошлаб кенгашнинг расмий веб-сайтида суд тизимида мавжуд бўш раҳбарлик ва юқори турувчи судьялик лавозимларига оид маълумотлар ҳамда уларни эгаллаш учун танловда иштирок этиш тартиби, суд тизимида судьялик лавозимлари, шу жумладан, раҳбарлик ва юқори турувчи судьялик лавозимларига номзодларни танлаш ҳамда тайинлаш бўйича барча босқичларга оид маълумотларнинг эълон қилиниши – суд тизимида “очиқ маълумотлар” тамойилини жорий этишга хизмат қилади. Бу нафақат жамоатчилик назоратини кучайтиради, балки номзодлар учун тенг шароит яратади. Шунингдек, кенгаш ахборот тизимини “рақамли ҳукумат” тизими билан тўлиқ интеграция қилиш, номзодларни ортиқча ҳужжатлар билан чарчатмаслик, сунъий интеллект асосида судьялар фаолияти самарадорлигини баҳолаш каби механизмларнинг жорий қилиниши суд бошқарувини тизимли трансформация қилишни англатади.

Фармоннинг яна бир муҳим жиҳати – суд мустақиллигини кафолатлаш билан боғлиқ. Хусусан, адолатсиз ҳукм, ҳал қилув қарори, ажрим ёки қарор чиқарганлик учун жавобгарликни белгиловчи қонунчилик нормаларини суд мустақиллигига оид халқаро стандартлар асосида қайта кўриб чиқиш, Кенгаш аъзоларининг суд ҳокимияти мустақиллигини таъминлаш борасидаги фаолиятига аралашганлик учун жиноий жавобгарлик чораларини белгилаш юзасидан таҳлилий ишлар олиб борилиши суд ҳокимиятининг дахлсизлигини мустаҳкамлашга қаратилгандир. Шунингдек, судья интизомий жавобгарлигини белгиловчи мезонларнинг аниқ белгиланиши, интизомий ишда ҳимоя ҳуқуқининг таъминланиши, интизомий жазо амал қилаётган даврда юқори лавозимга тавсия қилинмаслик каби ўзгаришлар суд тизимида ҳалоллик ва касбий этикани мустаҳкамлашга хизмат қилади.

Гендер тенгликка оид қоидаларнинг мустаҳкамланиши ҳам фармоннинг долзарб жиҳатларидан биридир. Хотин-қизлар учун Одил судлов академияси қабулида махсус квоталар белгиланиши аёлларни суд тизимига кенг жалб қилишга ёрдам беради. Аёл судялар ассоциацияси ташкил этилиши эса гендер масалаларида институционал платформанинг шаклланишига хизмат қилади. Бундан ташқари, илмий салоҳиятга эга судьяларнинг профессор-ўқитувчилик фаолиятидан сўнг аввалги лавозимига қайтиш имконияти уларнинг академик фаолиятга жалб этилишини рағбатлантиради.

Умуман олганда, мазкур фармон судьялар ҳамжамияти органлари фаолиятини ривожлантиришга қаратилган тизимли, комплекс ва изчил ислоҳотларни ўз ичига олади. Ушбу ислоҳотлар суд ҳокимиятининг мустақиллигини кучайтириш билан бирга, бутун суд тизимининг самарадорлиги ва очиқлигини, судьяларнинг касбий маҳоратини ошириш, замонавий рақамли бошқарув тизимини жорий этиш каби кўплаб устувор йўналишларни қамраб олади. Ушбу ҳужжат суд ислоҳотларининг янги босқичини белгилаб, жамиятда адолат тамойилларининг мустаҳкам ўрнатилишига, суд тизимига бўлган ишончнинг янада ортишига ва демократик ҳуқуқий давлат барпо этиш жараёнининг тезлашишига хизмат қилиши шубҳасиздир. Фармоннинг концептуал моҳияти – суд тизимини нафақат ташкилий-институционал жиҳатдан такомиллаштириш, балки уни жамиятга очиқ, профессионал, мустақил ва адолатли институт сифатида мустаҳкамлашдир.

Қаҳрамон Мирсафаев,

Тошкент шаҳар суди судьяси

БИР БОЛАГА ЕТТИ МАҲАЛЛА ОТА-ОНА

Халқимизда “бир болага етти маҳалла ота-она”, деган гап бор. Бу бежизга эмас. Негаки фарзанд тарбиясида бефарқ бўлиш бизнинг табиатимизга зид. Ҳукуматимиз боланинг таълим олиши ва тарбиясига давлат сиёсати даражасида ёндошмоқда. Бу жуда ҳам тўғри йўл.

Жорий йилнинг 23 октябрь куни қабул қилинган “Вояга етмаганларга нисбатан жиноий жавобгарлик янада либераллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг Жиноят кодексига қўшимча ва ўзгартиришлар киритиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикасининг Қонуни яна бир бор вояга етмаганлар масаласида инсонпарварлик тамоийлларига ассосланиб, жазоларни енгиллаштиришни назарда тутади.

Сўнгги йиллардаги ислоҳотлар шуни кўрсатадики, вояга етмаганларнинг манфаатларини ҳимоя қилишга, уларнинг ҳуқуқларини, эркинликларини ва қонуний манфаатларини давлат томонидан кафолатлашга қаратилган кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда.

Бугунги кунда вояга етмаганларга нисбатан жиноий жавобгарликни янада либераллаштириш, ўн саккиз ёшга тўлгунига қадар содир этган жинояти учун жазони ўтаб бўлган шахсни судланмаган деб ҳисоблашнинг алоҳида тартибини белгилаш зарурияти юзага келди.

Мазкур Қонун билан Ўзбекистон Республикасининг Жиноят кодексига ўн саккиз ёшга тўлгунига қадар содир этган ўта оғир бўлмаган жинояти учун жазони ўтаб бўлган шахс судланмаган деб ҳисобланишини, вояга етмаганларга нисбатан озодликни чеклашнинг ҳамда озодликдан маҳрум қилишнинг энг кам муддати олти ойдан бир ойгача қисқартирилишини назарда тутувчи қўшимча ва ўзгартиришлар киритилмоқда.

Ушбу Қонун вояга етмаганларнинг жиноий жавобгарлигини янада либераллаштиришга хизмат қилади ва ўн саккиз ёшга тўлгунига қадар содир этган жинояти учун жазони ўтаб бўлган шахсга ҳаётини судланганлик тамғасидан ҳоли тарзда давом эттириши учун шароит яратади.

Қонун билан 77-модда ўн саккиз ёшга тўлгунига қадар содир этган жинояти учун тайинланган жазони ўтаб бўлган шахс судланмаган ҳисобланади, деган мазмун билан тўлдирилмоқда. Бундан ўта оғир жиноятлар ёки содир этган жинояти учун тайинланган жазони ўтаб бўлганидан кейин ўн саккиз ёшга тўлгунига қадар қасддан янги жиноят содир этиш ҳоллари мустасно.

 84-1-модда ҳамда 85-модданинг биринчи қисмидаги матнидаги “олти ойдан” деган сўзлар “бир ойдан” деган сўзлар билан алмаштирилмоқда.

Хулоса қилиб айтганда, юқорида айтганимдек, фарзандларимиз бизнинг келажагимиз, уларнинг номига доғ туширмаслик, юрт учун ватанпарвар қилиб тарбиялаш биз катталарнинг муқаддас бурчимиздир.

Фарҳод Ҳикматуллаев,
жиноят ишлари бўйича Сирғали тумани суди раиси

СУДЛАР ФАОЛИЯТИДА ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ КОНСТИТУЦИЯСИ НОРМАЛАРИНИ ҚЎЛЛАШ: НАЗАРИЯ ВА АМАЛИЁТ

Конституция нормаларини суд амалиётида тўғридан-тўғри қўллаш институти демократик давлатлар ҳуқуқий тизимининг марказий тамойилларидан бири ҳисобланади.

Мазкур институт қонун устуворлигини таъминлаш, инсон ҳуқуқлари ва эркинликларини самарали ҳимоя қилиш, давлат ҳокимиятининг барча бўғинлари, жумладан, суд ҳокимиятининг ҳам Конституцияга мос фаолият юритишини кафолатлайди.

Ўзбекистонда ҳам судлар томонидан Конституция нормаларини бевосита қўллаш масаласи сўнгги йилларда долзарб бўлиб, қонунчилик ва амалиётда изчил ривожланиб бормоқда.

Конституция нормаларини тўғридан-тўғри қўллаш институти судларга Конституциянинг нормаларини суд жараёнида бевосита қўллаш имконини беради. Бу институтнинг мазмуни конституцион нормаларнинг супрематияси (устунлиги) тамойилида ифодаланади.

Бу институт икки асосий вазифани, яъни Конституциянинг олий юридик кучини таъминлайди ҳамда фуқароларнинг конституциявий ҳуқуқларини самарали ҳимоя қилади.

Шу боис мазкур институт “конституциявий адолат” тизимини таъминлашнинг асосий элементи сифатида қаралади.

Ушбу институтнинг мазмун ва моҳиятига тўхталадиган бўлсак, у қуйидаги асосий элементлардан иборат эканлигини кўришимиз мумкин:

Конституциянинг олий юридик кучини таъминлайди ва судлар томонидан Конституция ҳуқуқ тизимининг энг юқори даражасида турган нормалар тўплами сифатида қабул қилинади;

Мазкур институт Конституцияни фақат декларатив ёки сиёсий ҳужжат эмас, балки бевосита ҳуқуқий нормаларни ўз ичига олган амалий норма сифатида кўради;

тўғридан-тўғри қўллаш институти фуқароларнинг конституциявий ҳуқуқларини реал ҳимоя қилишга хизмат қилади;

мазкур институт судни Конституциянинг муҳофазачиси – “қонунийликни таъминлашда конституциявий назоратни амалга оширувчи субъект”га айлантиради;

қонунчиликни талқин қилиш, Конституция билан солиштириш ҳамда зиддият мавжуд бўлса, Конституцияни устувор норма сифатида қўллаш жараёни судни давлат ҳокимияти тармоқларининг алоҳида, мустақил ва стратегик аҳамиятга эга субъектга айлантиради.

Бир сўз билан айтганда, мазкур институт  Конституциянинг олий юридик кучини реал амалга оширувчи, суд ҳокимиятига конституциявий назорат элементларини берувчи, фуқароларнинг конституциявий ҳуқуқ
ва эркинликларини кафолатлайдиган ҳамда сиёсий-ҳуқуқий жиҳатдан муҳим институтдир.

Ушбу институтнинг тарихи АҚШ Конституциясининг 3-моддасига асосланган ҳолда суд ҳокимиятининг конституциявий назорат ваколатини ўрнатган 1803 йилдаги Marbury v. Madison иши билан боғлиқ.

1801 йилда АҚШ президенти Жон Адамс ваколати тугаётганда бир қатор судьяларни тайинлаган. Ушбу тайинловлар тўғрисидаги мандатларнинг айримлари, янги давлат котиби Жеймс Мэдисон уларни топширишдан бош тортганлиги сабабли, етказилмаган.

Вильям Марбери эса мандатни олиш учун судга мурожаат қилган.

Олий суд раиси Жон Маршалл Конгресс томонидан қабул қилинган Қонун (Judiciary Act of 1789) Конституцияга зидлиги, Конституция – олий ҳуқуқий кучга эга асосий ҳужжат эканлиги ва судлар Конституцияга зид қонунни қўлламасликка ва бевосита Конституция нормасига таянишга мажбурлиги тўғрисида хулоса қилган.

Шундан бошлаб, Жон Маршаллнинг машҳур ибораси – “It is emphatically the province and duty of the judicial department to say what the law is” (қонун нима эканини айтиш суд ҳокимиятининг ваколати ва бурчидир) тарихга кирган.

Бу қарор билан биринчи марта федерал қонун конституцияга зид деб топилиб, бекор қилинди. Иш сиёсий инқирознинг олдини олиш учун моҳирона ҳал қилинган: суд ўзининг ваколатини кенгайтирмаган, лекин конституциявий назоратни ўрнатган.

Ушбу иш натижасида “суд назорати” институти пайдо бўлиб, Конституциянинг тўғридан-тўғри амал қилиши ҳуқуқ назариясига кирди ҳамда дунё бўйлаб конституциявий юрисдикция тизимининг ривожланишига асос бўлди.

Хорижий давлатлар тажрибасига назар солсак, мазкур институтнинг қонуний мустаҳкамланиши турлича.

Масалан, АҚШ Конституциясининг VI моддаси (“Supremacy Clause”) судлар Конституцияга зид қонунни қўллай олмаслигини белгилайди.

Германия Асосий Қонуни (Grundgesetz), 1, 20, 93-моддалари Олий Конституциявий суд Конституцияни тўғридан-тўғри қўллашнинг асосий органи эканлиги эътироф этилади ва ҳар бир судья Конституцияга зид қонунчилик нормасини қўлламаслиги шартлигини мустаҳкамлайди.

Франциянинг 1958 йил Конституциясининг 61-1 моддаси (Question Prioritaire de Constitutionnalité) қонун ҳужжатларининг конституцияга мувофиқлигини суд тартибида текшириш механизмларини назарда тутади.

Италия Конституциясининг 134-моддаси судлар Конституция ва бошқа қонун ҳужжатлари ўртасида зиддиятни аниқласа, Конституциявий судга “инцидент назорат” тартибида мурожаат қилиши лозимлиги кўрсатилган.

Испания қироллиги Конституцияси 53-моддасида судлар фундаментал ҳуқуқлар бўйича тўғридан-тўғри Конституцияга таяниши кўрсатилган.

Туркия Конституцияси 11 ва 148-моддаларига асосан судлар Конституцияни бевосита қўллашга мажбурдирлар.

Корея Республикаси Конституциясининг 107, 111-моддаларига кўра Судлар Конституцияни тўғридан-тўғри қўллайди, ҳуқуқ нормалари ўзаро зид бўлса масала Конституциявий судга чиқарилади.

Ўзбекистонда ушбу институтнинг илк ҳуқуқий асослари 1992 йилдаги Конституциясида ўз аксини топиб, мазкур Конституциянинг 16-моддасида бирорта ҳам қонун ёки бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжат Конституция нормалари ва қоидаларига зид келиши мумкин эмаслиги белгиланган.

2023 йилги янги таҳрирдаги Конституцияда эса конституциявий нормаларининг тўғридан-тўғри қўлланиши борасидаги ҳуқуқий асослар мустаҳкамланди.

Хусусан, Конституциянинг 15-моддасида Ўзбекистон Республикаси Конституцияси мамлакатнинг бутун ҳудудида олий юридик кучга эга, тўғридан-тўғри амал қилиши ва ягона ҳуқуқий маконнинг асосини ташкил этиши белгиланди.

Шу билан бирга, суд жараёнларида Конституция нормаларини тўғри қўллаш бўйича ягона ёндашувни таъминлаш мақсадида 2023 йил 23 июнда Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумнинг “Одил судловни амалга оширишда Ўзбекистон Республикаси Конституцияси нормаларини тўғридан тўғри қўллашнинг айрим масалалари тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.

Мазкур Пленум қарорида зарур ҳолларда Конституция нормаларини тўғридан тўғри амал қилувчи олий юридик кучга эга норматив-ҳуқуқий асос сифатида қўллаши лозимлиги юзасидан муҳим тушунтиришлар берилди.

2024 йилдаги суд амалиёти таҳлили Конституция ва унинг моддаларига жиноят ишлари бўйича судларнинг 73 242 (2023 йилга нисбатан 4,8 баравар кўп), фуқаролик ишлари бўйича судларнинг 25 083 (2023 йилга нисбатан
5,6 баравар кўп), иқтисодий ишлар бўйича судларнинг 30 301 (2023 йилга нисбатан 13,6 баравар кўп) ҳамда маъмурий ишлар бўйича судларнинг 8 837 (2023 йилга нисбатан 13 баравар кўп) ҳужжатларида тўғридан-тўғри ҳавола қилганликларини кўрсатмоқда.

Судлар томонидан кўпроқ Конституциянинг 26, 27, 28, 29, 31 (жиноят ишлари бўйича судлар), 15, 20, 26, 29, 31, 33, 41, 42, 46, 47, 55, 60, 62 – 68, 76 – 78, 80 (фуқаролик ишлари судлар), 15, 16, 55, 65 – 68, 99, 134, 138 (иқтисодий ишлар бўйича судлар) ҳамда 15, 20, 21, 29, 30, 40, 41, 46, 54, 55, 65 – 67, 138-моддаларига (маъмурий ишлар бўйича судлар) мурожаат этилган.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2023 йил 8 майдаги “Янги таҳрирдаги Ўзбекистон Республикаси Конституциясини амалга ошириш бўйича биринчи навбатдаги чора-тадбирлар тўғрисида” ПФ–67-сон Фармонига мувофиқ Қонунчилик ва ҳуқуқий сиёсат институти янги таҳрирдаги Конституцияни амалга ошириш жараёнини ахборот-таҳлилий, илмий ва экспертлик жиҳатдан таъминлаш учун масъул этиб белгиланди ва унинг зиммасига давлат органлари, айниқса, суд ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар фаолиятида янги таҳрирдаги Конституция нормаларининг тўғридан-тўғри қўлланиши ҳолатини мониторинг қилиб бориш вазифаси юклатилди.

Мазкур мониторинг натижалари очиқ манбаларда эълон қилиниши судьялар бу борадаги билимлари ва малакасини оширишга катта хизмат қилган бўлар эди.

Мамлакатимизда амалга оширилаётган суд-ҳуқуқ соҳасидаги ислоҳотларнинг изчиллигини давом эттириш ҳамда илғор хорижий тажрибани ҳисобга олган ҳолда, қуйидаги таклифлар илгари сурилади:

“Судлар тўғрисида”ги қонунга судлар томонидан Конституция нормаларини тўғридан-тўғри қўллаш ҳуқуқини мустаҳкамлашга қаратилган ўзгартиришлар киритиш;

Одил судлов академиясида хорижий прецедентлар (Marbury v. Madison, Lüth) ва конституциявий талқин усулларини ўргатишга қаратилган судьяликка номзодлар ва  судьялар учун махсус модуллар (масалан, “Constitutional reasoning” фани) жорий этиш ва бу жараёнга хорижий экспертларни кенг жалб қилиш;

судлар фаолиятига сунъий интеллект технологияларини жорий этиш орқали Конституция нормаларига зид бўлган қонунчилик ҳужжатларини аниқлаш амалиётини йўлга қўйиш;

судьяларнинг мустақиллик кафолатларини кучайтиришга
оид ислоҳотларни давом эттириш, шу жумладан, судьяларни тайинлаш
ва лавозимидан озод этишда Судьялар кенгашининг ролини ошириш (Венеция комиссияси тавсияларига мувофиқ);

Халқаро ҳамкорликни кенгайтириш ва ривожланган давлатлар судьялари ҳамжамиятлари билан алоқаларни мустаҳкамлаш, тажриба алмашишга қаратилган стажировкаларни ташкил этиш.

ҳар йили суд амалиётида Конституция қўлланиши бўйича миллий ҳисобот тақдим этиш.

Хулоса ўрнида таъкидлаш лозимки, Конституция нормаларини судлар фаолиятида тўғридан-тўғри қўллаш ҳуқуқий давлатнинг фундаментал мезонидир.

Дунё амалиёти, айниқса “Marbury v. Madison” ишидан бошланган суд назорати анъанаси, бу институтнинг ҳуқуқий тизим барқарорлигини таъминлашдаги ўрни беқиёс эканини кўрсатади.

Ўзбекистонда ҳам мазкур механизмни институционал ва қонуний жиҳатдан мустаҳкамлаш, уни амалий ҳаётга тўла сингдириш суд-ҳуқуқ ислоҳотларининг муҳим йўналиши сифатида долзарб бўлиб қолмоқда.

Василахон АБДУСАТТАРОВА,

Одил судлов академияси тингловчиси

МИРЗО УЛУҒБЕК ВА ЮНУСОБОД ТУМАНИ КОММУНАЛ ХИЗМАТЛАР ВАКИЛЛАРИ БИЛАН УЧРАШУВ

Тошкент шаҳар суди ташаббуси билан М. Улуғбек тумани ҳокимиятида коммунал хизматлар ва кўп квартирали уйлар бошқарув сервис ташкилотлари учун коммунал хизматлар учун қарздорликларни ҳамда кўп квартирали уй-жойлар мулкдорларидан мажбурий бадалларни ундириш ҳақидаги аризалар билан судга  мурожаат  қилишда юзага келадиган айрим масалалар юзасидан семинар бўлиб ўтди.

Мазкур семинарда фуқаролик ишлари  бўйича М. Улуғбек туманлараро судининг раиси Д.Хасанов, девонхона мудири Б.Адамхонов, М. Улуғбек тумани ҳокими ўринбосари Н.Пўлатов, уй-жой ва коммунал хўжалиги соҳасида назорат қилиш инспекцияси вакиллари, М. Улуғбек ва Юнусобод туманларидаги бошқарув сервис ташкилотлари ва коммунал хизматлар вакиллари иштирок этдилар.

Семинарда судьялар томонидан мажбурий бадаллар учун тўловлардан қарздорликни ундириш юзасидан судга аризаларни тақдим этиш тартиби, қонунчилик талаблари, бу тоифадаги аризаларни кўриб чиқишда юзага келаётган муаммоли ҳолатлар юзасидан тушунтириш берилиб, иштирокчилар томонидан берилган саволларга жавоблар берилди.

СУДЬЯЛАРНИНГ КОММУНАЛ СОҲА ВАКИЛЛАРИ БИЛАН УЧРАШУВИ

Шайхонтоҳур туман ҳокимлиги биносида фуқаролик ишлари бўйича Шайхонтоҳур туманлараро суди томонидан прокуратура, ҳокимлик, қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлиги, мажбурий ижро бюроси ҳамда БСК компаниялари вакиллари иштирокида очиқ мулоқот бўлиб ўтди.

Маълумки, Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Кўп квартирали уй-жойларни бошқариш тизимини янада такомиллаштириш тўғрисида»ги қарори ижросини таъминлаш мақсадида Ўзбекистон Республикасининг  “Кўп квартирали уйларни бошқариш тўғрисида”ги Қонуни ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг қарори билан кўп квартирали уйларни бошқариш фаолиятини амалга ошириш қоидалари тасдиқланган.

Мазкур ҳужжатларда мақсад аҳоли турмуш-тарзини яхшилаш, уларни замонавий ва қулай шарт-шароитларда яшаши, аҳолига хизмат кўрсатаётган коммунал хизмат кўрсатиш ташкилотлари ва бошқарув сервис компаниялари хизматини аҳоли олдида ҳисобдорлигини мустаҳкамлаш каби бир қанча чора-тадбирларни ўз ичига олади.

Мазкур вазифаларни амалга оширилишининг муайян қисми моддий жиҳатдан кўп квартирали уйлардаги хонадонлар мулкдорлари томонидан амалга оширилиши лозим бўлган мажбурий тўловлар билан боғлиқ жараён ҳисобланади.

Баъзида, коммунал ташкилотлар истеъмолчи томонидан сарфланган ресурслар учун тўловларни давлат фойдасига ундириш, шунингдек, бошқарув сервис компаниялари томонидан мажбурий тўловларни ундириш билан боғлиқ масалада судларга киритаётган аризаларни расмийлаштиришда, қарздорнинг шахсига оид маълумотларни тақдим қилишида асл ҳолатга мос келмаган маълумотларни судга тақдим қилиниши масалага алоқадар бўлмаган бошқа шахсларнинг ҳуқуқларини бузилишига олиб келмоқда.

Очиқ мулоқотда бошқарув сервис компаниялари ва коммунал ташкилотлар томонидан  судга киритилаётган ариза ва даъво аризаларни қабул қилиш, кўриб чиқиш ва ижрога қаратишда ушбу ташкилотлар вакиллари томонидан йўл қўйилаётган хато ва камчиликлар, муаммоли ҳолатлар муҳокама қилиниб, уларни ечими масаласида қатор таклифлар берилиб, бу масалада ягона суд амалиётини яратиш, ушбу ташкилотлар фаолият самарадорлигини ривожлантириш, аҳоли ҳуқуқий онгини ошириш каби масалаларга бирма-бир тўхталиб ўтилди.

Учрашувда иштирокчилар томонидан берилган саволларга жавоблар қайтарилди.

МИРОБОД ТУМАНИДА «ЗЎРАВОНЛИККА ҚАРШИ 16 КУН» ТАДБИРЛАРИ ДОИРАСИДА ОИЛАВИЙ АЖРИМЛАРНИНГ ОЛДИНИ ОЛИШ БЎЙИЧА НАВБАТДАГИ КОМИССИЯ ЙИҒИЛИШИ БЎЛИБ ЎТДИ.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025 йил 3 январдаги ПҚ-1-сонли қарори ижросини таъминлаш ва «Хавфсиз оила» умумхалқ тарғибот-ташвиқот тадбирлари доирасида фуқаролик ишлари бўйича Миробод туманлараро судида ташкил этилган  медиация хонасида туман оилавий қадриятларни мустаҳкамлаш комиссияси томонидан ажрим хавфи остида бўлган 7 та оиланинг тақдири муҳокама қилинди.

 Муҳокамалар натижаси бўйича 3 та оила яраштирилди, 4 тасига муҳлат берилди.

ЭКОЛОГИЯ МАСАЛАЛАРИ БЎЙИЧА ЙИҒИЛИШ

Тошкент туманлараро иқтисодий суди  биноси мажлислар залида Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Тошкент шаҳрида экологик вазиятни яхшилаш бўйича кечиктириб бўлмайдиган чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармони юзасидан йиғилиш бўлиб ўтди.

Йиғилишда Тошкент шаҳар иқтисодий суди ва Тошкент туманлараро суди судьялари иштирок этди.

Тадбирда  Тошкент туманлараро иқтисодий судининг  раис ўринбосари Муҳиддин Султонов сўзга чиқиб, фармонга мувофиқ Тошкент шаҳрида экологик вазиятни яхшилаш юзасидан кечиктириб бўлмайдиган чора-тадбирларни амалга ошириш бўйича махсус комиссия тузилганлиги, экологик назоратни кучайтириш, ифлослантирувчи объектлар фаолиятини чеклаш, қурилиш жараёнларига қўйиладиган талабларни қатъийлаштириш, шаҳарни кенг кўламда кўкаламзорлаштириш ҳамда ҳаво сифатини назорат қилишнинг замонавий тизимини яратиш бўйича вазифалар белгиланиб, Тошкент шаҳрида атмосфера ҳавосини ифлосланишини олдини олиш мақсадида назоратни кучайтириш ва иқлим ўзгариши оқибатларини юмшатиш мақсадида экология ва иқлим ўзгариши миллий қўмитаси яъни Экология қўмитасига 2026 йил 1 мартга қадар Тошкент шаҳрида экологик вазиятни яхшилаш бўйича кечиктириб бўлмайдиган тадбирларни амалга ошириш, Тошкент шаҳридаги экологик вазиятни доимий таҳлил ва мониторинг қилиш, экологик вазиятнинг ёмонлашиши тенденцияларини прогноз қилиш, экологик вазиятни барқарорлаштириш бўйича давлат органлари, шу жумладан, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ва назорат органларининг ҳаракатларини мувофиқлаштириш ҳамда улар ўртасида зарур ҳамкорликни ва маълумот алмашишни ташкил этиш белгиланганлигини баён этиб, Экология қўмитаси томонидан киритилаётган ишларни ўз вақтида ва самарали кўриб чиқиш,  улар билан ҳужжатлар алмашинувини тизимли йўлга қўйиш, қонунбузилишларга йўл қўймаслик ҳамда Фармонда белгиланган масалалар юзасидан  унинг ижросини таъминлаш мақсадида оқилона иш юритиши шартлиги таъкидланди.  

 Йиғилишда иштирок этган судьялар томонидан “Тошкент шаҳрида экологик вазиятни яхшилаш бўйича кечиктириб бўлмайдиган чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармоннинг мазмун-моҳиятини бўйича ўзаро савол-жавоблар ўтказилиб, ушбу Фармонни кенг жамоатчиликка тарғиб қилиш борасида келишиб олинди.

Тошкент шаҳар суди матбуот хизмати

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ КОНСТИТУЦИЯСИНИНГ      

ТЎҒРИДАН-ТЎҒРИ АМАЛ ҚИЛИШИ.

АЙБСИЗЛИК ПРЕЗУМПЦИЯСИ КАФОЛАТЛАРИ

Конституция ҳар бир давлат тараққиётининг пойдевори бўлган ҳуқуқий, сиёсий ва мафкуравий ҳужжат – мамлакатнинг Асосий қонуни ҳисобланади.

Конституцияда ҳуқуқий давлат принципини рўёбга чиқаришга қаратилган механизмлар ва кафолатлар мустаҳкамланди. Хусусан, давлат фаолияти қонун устуворлиги, қонунийлик принципи асосида амалга оширилишини таъминлаш бўйича Конституциянинг олий юридик кучга эгалиги ҳамда унинг тўғридан-тўғри амал қилиши белгиланди. Натижада давлат органлари, шу жумладан, судлар ўз фаолиятида Конституцияга тўғридан-тўғри мурожаат қилган ҳолда қарорлар қабул қилади.

Конституциянинг тўғридан-тўғри амал қилиши – давлат органлари, уларнинг мансабдор шахслари, шу жумладан, судлар томонидан Конституция нормаларини ҳуқуқни қўллаш амалиётида бевосита қўллаган ҳолда қарорлар қабул қилиш, фуқароларнинг  Конституция нормаларидан тўғридан-тўғри фойдаланиши ва риоя этишини кўзда тутади.

Янги таҳрирдаги Конституциямизга тўғридан-тўғри амал қилувчи қоидалар киритилган бўлиб, улар тергов ва суд жараёнида фақат ишончли ва қонуний далиллардан фойдаланишни таъминлайди ҳамда натижада фуқароларимизни асоссиз ва қонунга хилоф жиноий таъқибдан ҳимоя қилади, тергов органлари томонидан жиноятда айбланаётган шахсларнинг ҳуқуқлари бузилишининг олдини олади.

Гумон қилинувчи, айбланувчи, судланувчи ва маҳкумнинг ҳуқуқий ҳимояси

Гумон қилинувчи, айбланувчи, судланувчи ва маҳкумнинг ҳуқуқий ҳимоясини таъминлашда айбсизлик презумпцияси муҳим аҳамиятга эга. Шу боис янги таҳрирдаги Конституциямизнинг 28-моддасида гумон қилинувчи, айбланувчи, судланувчи ва маҳкумнинг ҳуқуқий ҳимоясини кучайтиришга қаратилган қуйидаги кафолат белгиланди: “айбдорликка оид барча шубҳалар, агар уларни бартараф этиш имкониятлари тугаган бўлса, гумон қилинувчининг, айбланувчининг, судланувчининг ёки маҳкумнинг фойдасига ҳал қилиниши керак”.

Янги таҳрирдаги Конституцияга киритилган ушбу инсонпарвар янги норма бундай вазиятда айбдорликка оид барча шубҳалар гумон қилинувчи, айбланувчи, судланувчи ва маҳкумнинг фойдасига ҳал қилинишини қатъий мустаҳкамлади.

Шахсни айбли эканлигига оид ҳар қандай шубҳалар, шунингдек айблаш учун етарли бўлмаган маълумотлар асосида шахсни жавобгарликка тортиш мумкин эмас.

Терговда шубҳа остидаги далиллар асосида айб эълон қилинган бўлса ҳам, бундай вазиятда шахсни айбини тасдиқловчи далилларнинг етарли эмаслиги туфайли судда унга нисбатан оқлов ҳукми чиқарилади. Яъни “исботланмаган айб – исботланган айбсизликка тенг”, деган қоида амал қилади.

Жиноят процессида шахснинг “сукут сақлаш ҳуқуқи”

Янги таҳрирдаги Конституциямизда айбсизлик презумпциясидан келиб чиқадиган яна бир муҳим кафолат, яъни “гумон қилинувчи,  айбланувчи ёки судланувчи ўзининг айбсизлигини  исботлаши шарт эмас ва исталган вақтда сукут сақлаш ҳуқуқидан фойдаланиши мумкин”, деган қоида мустаҳкамланди.

Гумон қилинувчи, айбланувчи, судланувчи ўзининг жиноятда айблилиги ёки айбсизлигини исботлаш жараёнида иштирок этишга мажбур эмас. Агар истаса, шахс ушланган вақтидан то ҳукм чиқарилгунга қадар умуман сукут сақлаши мумкин – бу унинг ҳуқуқи.

Одатда, шахсга нисбатан жиноят иши очилганда у оғир руҳий ҳолатга тушади, ўзини йўқотиб қўяди ва шундай вазиятда айби бор ёки йўқлигини исботлаш ўзининг эмас, аслида тергов органларининг вазифаси эканлигини англамай ўзига қарши кўрсатмалар бериши амалиётда учраб туради.

Шунингдек, сукут сақлаш ҳуқуқига бўлган эҳтиёж жиноят процессининг энг бошланғич нуқтасида – шахс жиноят содир  этишда  гумонланиб  ушланган заҳотиёқ юзага келади. Яъни шахснинг эркинлиги чекланиши билан дарҳол унга сукут сақлаш ҳуқуқи тушунтирилиши шарт.

Мазкур ҳуқуқ шахсга ўз адвокати билан кўришмай туриб, иш юзасидан ҳеч бир маълумотни ошкор қилмаслиги орқали айбловдан самарали ҳимояланиш позициясини шакллантириши учун муҳимдир.

Шахс ўзига ва яқин қариндошларига қарши гувоҳлик беришга мажбур эмас

Шахс ўзига ва яқин қариндошларига қарши гувоҳлик бермаслик ҳуқуқининг кафолатланиши суриштирув, тергов ва суд жараёнларининг холислик ва адолат тамойилларига таяниб амалга оширилишини таъминлайди.

Шу боис янги таҳрирдаги Конституциямизнинг 28-моддасида “Ҳеч ким ўзига ва яқин қариндошларига қарши гувоҳлик беришга мажбур эмас”, деган мазмундаги инсонпарвар ва қадриятларимизга мос норма мустаҳкамланди.

Табиий савол туғилади, нима учун жиноят иши бўйича шахс ўзига ёки яқин қариндошларига қарши гувоҳлик беришга мажбур эмас?

Биринчидан, ушбу қоида шахсга нисбатан ҳар қандай айблов кўриб чиқилаётганда тезкор-қидирув ходими, суриштирувчи, терговчи ёки суд томонидан унга нисбатан босим ўтказишдан ҳимоялайди, иккинчидан, ўз айбига мажбуран иқрор бўлишининг олдини олади, учинчидан, жиноят процесси иштирокчисидан мажбурий равишда унинг қариндошларига қарши кўрсатув олишни тақиқлайди.

Шахснинг ўз айбини тан олиши уни айбдор деб топишга асос бўлмайди

Ҳуқуқий давлатда қонун устуворлиги амалда таъминланиши ҳамда инсон ҳуқуқ ва эркинликлари, унинг қонуний манфаатларини ҳимоя қилувчи одил судлов тизими амал қилиши шарт.

Энг муҳими, шахслар ноқонуний, асоссиз ёки ҳақиқатга тўғри келмайдиган маълумотлардан иборат далиллар асосида айбдор деб топилиши ва жавобгарликка тортилиши мумкин эмас. Жиноий таъқибга олинган шахснинг иқрорлик кўрсатувларигагина асосланиб, уни айбдор деб хулоса чиқариш одил судлов тамойилларига зиддир.

Шу боис янги таҳрирдаги Конституциямизнинг 28-моддасида “Агар шахснинг ўз айбини тан олганлиги унга қарши ягона далил бўлса, у айбдор деб топилиши ёки жазога тортилиши мумкин эмас”, деб белгиловчи норма ўз ифодасини топди.

Суриштирувчи, терговчи, прокурор ва суд жиноят юз берганлигини, унинг содир этилишида ким айбдорлигини, шунингдек у билан боғлиқ барча ҳолатларни аниқлаши шарт. Фақатгина шахснинг ўз айбини бўйнига олиш ҳақидаги кўрсатуви уни жиноий жавобгарликка тортиш учун асос бўлмаслиги лозим. Бунда шахсни айбдор деб топиш ва уни жазога тортиш учун етарли далиллар тўпланган бўлиши керак. Бу каби қоида Япония ва бошқа давлатларнинг конституцияларида мустаҳкамланган.

Жумладан, Жиноят-процессуал кодексининг 112-моддасига кўра, гумон қилинувчининг у содир этган жиноят ҳақидаги кўрсатувлари ва айбланувчининг ўз айбига иқрор бўлиши, бу иқрорлик бошқа ишончли далиллар мажмуи билан тасдиқланган тақдирдагина, уни айблаш учун асос қилиб олиниши мумкин.

Мазкур қоида Фуқаровий ва сиёсий ҳуқуқлар тўғрисидаги халқаро пактнинг 14-моддасидаги “ўзига ўзи қарши кўрсатув беришга ёки ўзини айбдор деб тан олишга мажбур қилинмаслик” кафолатидан ҳам келиб чиқади.

Ушбу қоида содир этилган жиноят бўйича ҳақиқатни аниқлаш, шунингдек, айбсиз инсонлар жавобгарликка тортилишининг олдини олишга, айни пайтда жиноят содир этган ҳақиқий айбдор шахс ёки шахсларни аниқлашга хизмат қилади.

Конституциянинг тўғридан-тўғри амал қилиши ва мамлакатнинг бутун ҳудудида қўлланилиши ҳуқуқий давлатнинг муҳим ва асосий шартларидан биридир.

Шу боис янги таҳрирдаги Конституциянинг 15-моддасида “Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси мамлакатнинг бутун ҳудудида олий юридик кучга эга, тўғридан-тўғри амал қилади ва ягона ҳуқуқий маконнинг асосини ташкил этади”, деган норма белгиланди.

Умуман олганда янги таҳрирдаги Конституциямизга киритилган мазкур нормалар тўғридан-тўғри амал қилувчи қоидалар бўлиб, тергов ва суд жараёнида фақат ишончли ва қонуний далиллардан фойдаланишни таъминлайди ҳамда натижада фуқароларимизни асоссиз ва қонунга хилоф жиноий таъқибдан ҳимоя қилади, тергов органлари томонидан жиноятда айбланаётган шахсларнинг ҳуқуқлари бузилишининг олдини олади.

Машҳура Байбекова,

Тошкент туманлараро иқтисодий судининг судьяси

ЗЎРАВОНЛИККА ҚАРШИ 16 КУН

Пойтахтимизнинг Миробод туманида жойлашган 154 – умумтаълим мактабида фуқаролик ишлари бўйича Миробод туманлараро суди ташаббуси ва ҳамкор ташкилотлар иштирокида «Биз зўравонликка қаршимиз» шиори остида маърифий учрашув ўтказилди.

Учрашувда судьялар, ҳокимлик, депутатлар, туман ИИО ФМБ масъуллари, маҳалла фаоллари ва жамоатчилик вакиллари иштирок этиб, ўқувчиларга хотин-қизларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш давлат сиёсатига кўтарилгани, уларни ҳар томонлама қўллаб-қуватлаш ва жамиятда зўравонликка мутлақо йўл қўймаслик борасида муҳим фикрларни ўртага ташладилар.Судьялар томонидан амалиётдан мисоллар келтирилди, ички ишлар ходимлари аёлларга ҳимоя ордери жорий этилгани, бу борада тизимда амалга оширилаётган ишларга тўхталдилар.

Тадбир давомида хотин-қизларга ёрдам кўрсатишнинг амалий механизмлари, зўравонликка мойиллиги бўлган шахсларни аниқлаш усуллари ҳақида маълумот берилиб, иштирокчиларни  қизиқтирган саволларга жавоб қайтарилди.

Skip to content