КАЙФИЯТ ДОИМГИДАН ҲАМ КЎТАРИНКИ…

Ҳамманинг кайфияти доимгидан ҳам кўтаринки эканига сабаблар битта эмас, бир нечта. Бу ёғи қўшалоқ байрам: Халқаро хотин-қизлар куни муносабати билан тантаналар бошланиб кетди, икки кундан сўнг яна бир сана келади: 10 март – Халқаро аёл судьялар куни!
Айни саналар арафасида суд тизимида яна бир янги саҳифа очилди: Ўзбекистон Аёл судьялари ассосциацияси ташкил этилди. Шунингдек, давлатимиз раҳбари фармони билан ўн нафар аёл судьялар юксак мукофотлар билан тақдирланди.
Байрам байрамларга уланаётган шукуҳли кунларда Тошкент шаҳар судида мўъжазгина, бироқ файзли тантанали тадбир ташкил этилди.
Бундай тадбирда айтиладиган самимий тилаклар ўзгача бўлади. Яъниким, ким сўзга чиқмасин, табрикка икки мисра шеър илова қилгиси келади. Ва бунинг ажабланадиган жиҳати йўқ: хотин-қизлар шаънига муносиб сўз топиш осон эмас, кўнгилдаги гаплар эса ўзгача ифода талаб этадики, уларга жарангдор оҳанг ахтарилиши мутлақо табиий.
Тадбирда суд тизимида гендер тенгликни таъминлаш, бу борадаги амалий ишларнинг ижобий натижалари ҳақли равишда эътироф этилди. Хусусан, бугун пойтахт судларида фаолият кўрсатаётган аёл судьялар улуши 30 фоиздан ортгани мамнуният билан қайд этилди. Айтилдики, судьялар орасида хотин-қизлар улушининг ортиши ижтимоий муносабатларга аёллар нуқтаи назари билан қараш ва баҳо беришга янада кенгроқ имконият яратади. Зеро, аёл судья ўзи кўриб чиқаётган низоли ишдаги ижтимоий ҳолатларга она ёки опа-сингил сифатида ҳам муносабат билдиради. Бу эса ижтимоий адолатни янада сифатли таъминлашга хизмат қилиши шубҳасиздир. Шунинг ўзи одил судловни таъминлашда аёл судьяларнинг ўрни қанчалар муҳим эканини англатади.
Маълумки, барча судья бир хил мақом ва мажбуриятга эга. Яъниким, аёл судьяларга иш жараёнида қандайдир енгиллик ёки имтиёз назарда тутилмаган. Шундан келиб чиқилса, жамиятда қонунийлик ва ижтимоий адолатни таъминлашда аёл судьялар эркак ҳамкасблари билан баробар меҳнат қилиб келаётгани ойдинлашади. Ваҳоланки, уларнинг зиммасида касбий фаолиятидан ташқари вафодор ёр, саранжом уй бекаси ва меҳрибон она сифатида қатор масъулиятлар ҳам бор. Демак, лавозим мажбуриятлари ва аёллик бурчларини шараф билан адо этлаётган тизимдаги вакилалари ҳар қандай эътибор ва эътирофга муносибдир.
Байрам тадбирида ҳеч ким эътибордан четда қолгани йўқ: аёл судьялардан тортиб суд ходималари, шунингдек, суд бинолари саришталигига масъул камтар опа-сингилларимизгача Тошкент шаҳар судининг совғалари топширилди. Ва қувончли лаҳзалар эсдалик учун суратларга муҳрланди.


















