ЙЎЛ ҲАРАКАТИ ХАВФСИЗЛИГИНИ ТАЪМИНЛАШДА МУҲИМ ҚАДАМ СИФАТИДА ЖАРИМА БАЛЛАРИНИНГ БЕЛГИЛАНИШИ
Маълумки, йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш бугунги кунда энг муҳим масалалардан бири ҳисобланади. Ҳар йили дунё бўйлаб минглаб йўл-транспорт ҳодисалари содир бўлиб, инсон ҳаётига жиддий хавф солади. Ушбу ҳодисалар нафақат инсонларнинг саломатлиги ва ҳаётига салбий таъсир этади, балки мамлакат иқтисодиётига ҳам катта зарар етказади. Шу боисдан йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш, у билан боғлиқ муаммоларни ҳал этиш ва ҳар бир фуқаронинг йўл ҳаракати қоидаларига риоя қилишини назоратга олиш долзарб масалага айланган.
Статистик маълумотларга кўра, биргина 2024 йилда мамлакатимиз ҳудудида 9364 та йўл-транспорт ҳодисалари расмий қайд этилган бўлиб, бунинг натижасида 2203 киши ҳалок бўлган, 8901 киши эса турли даражада жароҳат олган. Мазкур кўрсаткич 2023 йилга (9839 та авария) нисбатан 475 кишига ёки 4,8 фоизга камдир. Шунингдек, 2022 йилда бахтсиз ҳодисалар сони 9902 тани, 2021 йилда эса 10001 тани ташкил этган.
Таъкидлаш жоизки, сўнгги йилларда мамлакатимизда йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш ва унинг ташкилий-ҳуқуқий асосларини тубдан такомиллаштириш, хусусан, йўл-транспорт ҳодисаларининг олдини олиш, ҳамда бу борадаги ваколатли давлат органлари масъулиятини янада ошириш, мавжуд йўл ҳаракати қоидаларини янада такомиллаштирган ҳолда ҳаракат хавфсизлиги назоратини кучайтириш борасида кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Жумладан, ушбу йўналишдаги қонун ҳужжатларини такомиллаштириш, ҳайдовчилар ва пиёдаларнинг масъулиятини, жавобгарлигини янада ошириш мақсадида жорий йилнинг 20 февраль куни Ўзбекистон Республикасининг қонуни қабул қилинди. Мазкур қонун билан Ўзбекистон Республикасининг Жиноят, Жиноят-процессуал кодексларига ҳамда Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига бир қатор қўшимча ва ўзгартиришлар киритилди.
Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига киритилган қўшимчалар, айниқса, йўл ҳаракати қоидабузарликлари бўйича жарима баллари тизимини такомиллаштириш билан боғлиқ бўлиб, унга асосан транспорт воситаларини бошқариш ҳуқуқи билан боғлиқ жазо тадбирлари мустаҳкамланди. Юқоридаги қонун билан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексида “йўл ҳаракати қоидабузарликлари бўйича ҳисобланадиган жарима баллари белгиланган миқдордан ошганлиги учун”маъмурий жавобгарлик белгиланди. Яъни, мазкур кодексга янги киритилган 341-модданинг биринчи қисмига кўра, ушбу Кодекснинг 125-моддаси учинчи ва бешинчи қисмларида, 126-моддасида, 127-моддаси биринчи қисмида, 1283-моддасида, 1284-моддаси иккинчи қисмида, 1285, 1286, 1288, 1289, 129, 130-моддаларида, 137-моддаси биринчи қисмида назарда тутилган ҳуқуқбузарликлар содир этилганлиги учун транспорт воситасининг ҳайдовчисига нисбатан мазкур моддаларда назарда тутилган “асосий жазо билан бирга жарима баллари” ҳисобланади. Бунда содир этилган ҳар бир ҳуқуқбузарлик учун ҳисобланадиган жарима балининг энг юқори миқдори икки баллдан ошмаслиги керак.
Жарима баллари юқорида белгиланган ҳуқуқбузарликлардан бири биринчи марта содир этилган кундан эътиборан бир йил давомида ҳисоблаб борилади ва бир йил ўтгач транспорт воситасининг ҳайдовчисидан автоматлаштирилган тарзда олиб ташланади.
Энг муҳим ва эътиборли жиҳати шундаки, ҳисобланган жарима баллари бир йил давомида 12 баллдан ошган ҳолларда, охирги содир этилган ҳуқуқбузарлик учун белгиланган тартибда қўшимча жазо тариқасида ҳайдовчитранспорт воситаларини бошқариш ҳуқуқиданмаҳрум қилинади. Шунингдек, бундай ҳуқуқдан маҳрум қилиш муддати 6 ойдан кам бўлмаслиги белгиланган бўлиб, маъмурий жазо жиноят ишлари бўйича туман (шаҳар) суди томонидан қўлланилади.
Мисол учун, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 1286-моддасида транспорт воситалари ҳайдовчилари томонидан тўхташ ёки тўхтаб туриш қоидалари бузилганлиги учун базавий ҳисоблаш миқдорининг икки баравари миқдорида жарима солишга сабаб бўлиши назарда тутилган. Янги киритилган тартибга кўра, агар ҳайдовчи ушбу ҳуқуқбузарликни содир этса, у нафақат белгиланган жаримани (БҲМ 2 баробари) тўлайди, шу билан бирга унга нисбатан қўшимча жарима балларини ҳам ҳисоблаш бошланади. Бунда агар йиғилган жарима баллари ҳуқуқбузарлик содир этилган кундан бошлаб бир йил давомида 12 баллдан ошмаса, тўпланган баллар (4, 5, ёки 8 ва ҳоказо) автоматлаштирилган тарзда ўчирилади ва юқоридаги ҳуқуқбузарликлардан бири янгидан содир этилган кундан жарима балларини қайта ҳисоблаш бошланади. Лекин, аксинча бир йил ичида қонун билан белгиланган 12 баллдан ошадиган бўлса, ҳайдовчи қўшимча жазо сифатида транспорт воситасини бошқариш ҳуқуқидан маҳрум қилиниши мумкин. Бироқ, эътибор қаратиш лозимки, жарима баллари ҳар бир ҳуқуқбузарлик учун 2 баллдан ошмаслиги талаб қилинади ва балларини ҳисоблаш тартиби Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланади.
Жарима баллари тизими маъмурий жавобгарликни амалга оширишда янги ва муҳим механизмлардан бири ҳисобланиб, тизимнинг асосий мақсади йўл ҳаракати қоидабузарликларининг олдини олиш, ҳайдовчиларни интизомга чақириш ва жавобгарликни оширишдир. Шунингдек, мазкур тизим қуйидаги жиҳатлари билан ҳам аҳамиятлидир:
биринчидан, ҳуқуқбузарликларни аниқлаш ва мониторинг қилиш; Жарима баллари тизими ҳуқуқбузарликларни аниқлаш ва тизимли тарзда ҳисобга олишга хизмат қилади. Ҳар бир йўл ҳаракати қоидабузарлиги учун белгиланган жарима баллари тизими, қоидаларни бузган ҳайдовчиларнинг фаолиятини автоматик равишда мониторинг қилиш имконини беради ва жарима балларини ҳисоблаш орқали, ҳайдовчиларнинг ўтмишдаги ҳуқуқбузарликларини кузатиш ва уларнинг жавобгарлигини оширишга хизмат қилади;
иккинчидан, ҳайдовчиларнинг интизомини ошириш; Жарима баллари тизими ҳайдовчиларнинг қоидаларга риоя қилишга бўлган интизомини оширишга қаратилган. Ҳар бир ҳуқуқбузарлик учун балл йиғилиши ҳайдовчиларга уларнинг иқтисодий ва ҳуқуқий оқибатлари ҳақида эслатиб туради. Жарима балларини йиғиш, ҳайдовчиларни қоидаларга қатъий риоя қилган ҳолда ҳаракатланишга ундайди, чунки баллар кўпая борган сари, уларнинг транспорт воситасини бошқариш ҳуқуқи йўқолиш хавфи ортиб боради;
учинчидан, мазкур тизими ҳайдовчининг йўл ҳаракати қоидаларини бузишини мониторинг қилишга қаратилгани боис, ҳайдовчилик гувоҳномаларини ноқонуний олишга ҳам жиддий таъсир кўрсатиши мумкин. Ҳайдовчининг жавобгарлигини ошириш ва қоидаларга риоя қилишга ундаш орқали, тизим ҳар қандай ҳуқуқбузарликка, шу жумладан, ҳайдовчини ноқонуний йўл билан ҳайдовчилик гувоҳномасини олишга қарши курашишга қаратилган профилактик таъсирни тақдим этади.
Юқоридагилардан хулоса қилиб айтганда, жарима баллари тизими маъмурий жавобгарликнинг самарадорлигини ошириш, қоидабузарликларни камайтириш ва жамиятда йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлашга қаратилган муҳим механизмдир.
Қаҳрамон МИРСАФАЕВ
Тошкент шаҳар суди жиноят
ишлари бўйича судлов ҳайъати судьяси