Қидирув:

ЎЗБЕКИСТОНДА СУД -ҲУҚУҚ ТИЗИМИНИНГ ЯНГИ ИСЛОҲОТЛАРИ

2025 йил Ўзбекистонда суд-ҳуқуқ тизими учун рақамлаштириш, очиқлик ва судьялар мустақиллигини мустаҳкамлаш борасида туб бурилиш йили бўлди. Хусусан муҳтарам Президентимизнинг бир қатор фармон ва қарорлари (хусусан, ПФ-140-сон ва ПҚ-33-сон) асосида суд тизимда инқилобий ўзгаришлар амалга оширилди.

​ 2025 йилдаги энг муҳим ислоҳотларнинг асосий йўналишларини келтирадиган бўлсак буларга:

Биринчидан. «Рақамли суд» ва Сунъий интеллект  жорий этилиши

​2025 йилнинг август ойида қабул қилинган фармон билан суд тизимига сунъий интеллект технологияларини киритиш босқичи бошланди:

​Суд ишларини автоматлаштириш: Сунъий интеллект ёрдамида суд ҳужжатлари лойиҳаларини автоматик шакллантириш ва суд мажлиси баённомаларини реал вақт режимида (нутқни матнга айлантириш орқали) ёзиб бориш тизими йўлга қўйилди.

​Хусусан қоғозсиз иш юритиш: Судларга ариза беришдан тортиб, ижро варақаларини чиқаришгача бўлган барча жараёнлар тўлиқ электрон шаклга ўтказилди.

​Тахминий натижага кўра тарафлар судга ариза беришдан олдин сунъий интеллект технологиялари ёрдамида суд муҳокамасининг тахминий натижаси ва харажатларини ҳисоблаб берувчи хизматлар синовдан ўтказилди.

Иккинчидан. Судьялар мустақиллиги ва кадрлар сиёсати

​Судьяларнинг чинакам мустақиллигини таъминлаш мақсадида тизимли ўзгаришлар қилинди:

​-Умрбод судьялик лавозими: судьяларни дастлабки 5 йиллик муддатдан сўнг лавозимида умрбод қолдириш тартиби кенгайтирилди.

​-Гендер тенглиги: суд тизимида хотин-қизлар улушини камида 30 фоизга етказиш мақсади белгиланди ва «Аёл судьялар ассоциацияси» ташкил этилди.

​-Очиқ танлов: туман ва шаҳар судлари раисларини сайлашда очиқ танлов тизими жорий этилиб, унда номзодларнинг ахлоқий ва касбий мезонлари қатъий белгилаб қўйилди.

Учинчидан. Судлар тузилмасини мақбуллаштириш

​Иқтисодий ва маъмурий судлар тизимида самарадорликни ошириш учун ташкилий ўзгаришлар амалга оширилди:

​-Иқтисодий судлар ислоҳоти: 2025 йил давомида бир қатор самарасиз туманлараро иқтисодий судлар тугатилиб, уларнинг ўрнига йириклаштирилган, замонавий рақамли инфратузилмага эга судлар ташкил этилди.

​-Инвестициявий низолар: хорижий инвесторлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш учун махсус судлов ҳайъатларининг ваколатлари кенгайтирилди.

Тўртинчидан. Очиқлик ва жамоатчилик назорати

​-Онлайн трансляциялар: Суд мажлисларини реал вақт режимида интернет орқали трансляция қилиш амалиёти кенгайтирилди (ёпиқ суд мажлислари бундан мустасно).

​-Очиқ маълумотлар: судларнинг бўш иш ўринлари, судьяликка номзодлар ва интизомий жазолар ҳақидаги маълумотлар Судьялар олий кенгаши сайтида очиқ эълон қилина бошлади.

Бешинчидан. Юридик таълим ва илм-фан интеграцияси

​-2025 йил ноябрь ойидаги фармон билан юридик таълим суд амалиёти билан чамбарчас боғланди. Тошкент давлат юридик университети ва бошқа юридик олийгоҳларда талабаларнинг судларда бевосита амалиёт ўташи (юридик клиникалар орқали) мажбурий этиб белгиланди.

​Хулоса қилиб айтганда, 2025 йилдаги ислоҳотлар суд тизиминини фақат жазоловчи органдан «инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилувчи ва адолатни таъминловчи юқори технологик тизим»га айлантиришга қаратилди, десак муболаға бўлмайди.

Машҳура Байбекова,

Тошкент туманлараро иқтисодий суди судьяси

ЯККАСАРОЙДАГИ САЙЁР ҚАБУЛЛАР

Тошкент шаҳар суди ва Тошкент шаҳар маъмурий суди раҳбарияти билан ҳамкорликда Яккасарой туманининг “Дилбулоқ” МФЙ биносида сайёр қабул ташкил этилди. Унда жами 15 нафар фуқаролар қабул қилинди.

Қабул қилинган фуқароларнинг 5 таси жиноят ишлари бўйича, 7 таси фуқаролик ишлар бўйича, 1 таси иқтисодий ишлар бўйича, 2 таси маъмурий судларга оид мурожаатларни ташкил қилди.

Сайёр қабулда 15 та мурожаатдан 11 таси бўйича ҳуқуқий тушунтириш берилди, 4 та мурожаат жойида ижобий ҳал этилди.

Жиноят ишлари бўйича Яккасарой туман суди томонидан жазодан озод қилиш бўйича киритилган тақдимномалар асосида ахлоқ тузатиш ишлари ҳамда озодликни чеклаш жазосини ўтаётган 4 нафар шахслар жазони ўташдан муддатидан илгари шартли равишда озод қилинди.

ФУҚАРОЛИК СУД ИШЛАРИНИ ЮРИТИШДА ДАВЛАТ БОЖИ: ТЎЛОВ ТАРТИБИ ВА ИМТИЁЗЛАР ТАТБИҚ ҚИЛИНИШ ҲОЛАТЛАРИ

Фуқаролик суд ишларини юритишда даъвогар судга мурожаат қилиши билан боғлиқ харажатларнинг муҳим қисми давлат божи ҳисобланади. Давлат божи – бу ваколатли давлат органлари томонидан фуқаролик ишларини кўриш ёки юридик аҳамиятга молик бошқа ҳаракатларни амалга ошириш учун ундириладиган мажбурий тўловдир.

Суд харажатларининг ушбу тури фуқаролик ишларини юритиш жараёнида давлат бюджети даромади сифатида шаклланади ва шу боис давлат божи тўғрисидаги қонун талабларига судлар томонидан қатъий риоя қилиниши зарур деб белгиланган. Давлат божи жисмоний ва юридик шахсларнинг судга мурожаат қилиш ҳуқуқини амалга оширишда муҳим омил бўлиб, унинг миқдори ва ундириш тартиби фуқароларнинг судга эркин мурожаат қилиш имкониятларига бевосита таъсир кўрсатади. Шу сабабли, давлат божи институтини тўғри тартибга солиш ҳамда амалиётда уни бир хилда қўллаш масаласи долзарбдир.

Фуқаролик суд ишларини юритишда “давлат божи” тушунчаси қонунчиликда аниқ таърифланган. Ўзбекистон Республикасининг “Давлат божи тўғрисида”ги Қонунининг 3-моддасида давлат божи юридик аҳамиятга молик ҳаракатларни амалга оширганлик ва (ёки) бундай ҳаракатлар учун ваколатли муассасалар ёки мансабдор шахслар томонидан ҳужжатлар берганлик учун олинадиган мажбурий тўлов экани белгиланган. Ушбу таърифга мувофиқ, давлат божи суд, нотариат, ФҲДЁ ва бошқа органлар томонидан кўрсатиладиган юридик аҳамиятга эга хизматлар учун ундириладиган йиғим сифатида намоён бўлади. Давлат божи ўз иқтисодий-маънавий моҳиятига кўра солиқ ёки божхона тўловларидан фарқ қилади, чунки у умумдавлат даромади сифатида бюджетга йўналтирилса-да, тўғридан-тўғри муайян ҳуқуқий хизмат кўрсатиш (масалан, судга даъво аризасини кўриб чиқиш) эвазига ундирилади.

Ўзбекистонда давлат божи институтининг ҳуқуқий асослари Конституциянинг судга мурожаат қилиш ҳуқуқини кафолатловчи нормалари билан ҳам узвий боғлиқ. Фуқароларнинг суд орқали ўз ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш ҳуқуқини амалга оширишда давлат божи маълум маънода “филтр” вазифасини бажаради – бир томондан, у суд тизими харажатларини қоплаш ва давлат бюджетини тўлдиришга хизмат қилса, бошқа томондан, асоссиз даъволарни камайтириш ва судларга тушадиган ортиқча юкламани олдини олишга қаратилган. Шу боис, давлат божи ставкалари ва ундириш тартиби қонунчиликда муайян меъёрлар билан тартибга солинади ва бу меъёрлар фуқаролик суд ишларини юритиш тартибининг ажралмас қисмидир.

Фуқаролик судларида давлат божига оид нормалар бир нечта норматив-ҳуқуқий ҳужжатларда мустаҳкамланган. Биринчи навбатда, Ўзбекистон Республикаси “Давлат божи тўғрисида”ги Қонуни (2020-йил 6-январдаги ЎРҚ-600-сон) ушбу соҳадаги асосий қонундир. Мазкур Қонун давлат божини белгилаш, унинг ставкалари, тўлаш тартиби, қайтариш асослари ва тўловдан озод қилиш ҳолатларини батафсил тартибга солади. Иккинчидан, Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик процессуал кодексининг суд харажатларига оид нормалари (13-боб) давлат божини ундиришнинг процессуал жиҳатларини белгилайди. ФПКнинг 131-моддаси ва навбатдаги моддаларида даъво аризасини қабул қилиш учун давлат божи тўланганлигини тасдиқловчи ҳужжат илова қилиниши лозимлиги, акс ҳолда ариза қайтарилиши мумкинлиги кўрсатилган. Хусусан, ФПК 195-моддаси 1-қисми 7-бандига биноан, агар даъвогар қонун бўйича давлат божини тўлашдан озод қилинмаган бўлса ва ариза билан бирга давлат божи тўланганлиги ҳақидаги ҳужжат тақдим этилмаган бўлса (ҳамда даъвогар божини тўлашни кечиктириш ёки бўлиб-бўлиб тўлаш ҳақида илтимоснома бермаган, шунингдек почта харажатларини ҳам тўламаган бўлса), судья даъво аризасини қайтариш ҳақида ажрим чиқаради. Демак, судга мурожаат қилиш босқичида давлат божи тўланиши мажбурий процессуал талаб ҳисобланади. Суд харажатлари таркибига давлат божидан ташқари ишни кўриш билан боғлиқ бошқа чиқимлар (эксперт, гувоҳ харажатлари ва б.) ҳам киради, аммо давлат божи суд харажатларининг асосий турини ташкил этади.

Фуқаролик процессида давлат божининг ўрни ва аҳамиятини белгиловчи ҳуқуқий асослардан яна бири – Олий суд Пленуми қароридир. Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг 2024-йил 16-декабрдаги “Фуқаролик ишлари бўйича суд харажатларини ундириш амалиёти тўғрисида”ги 37-сонли Қарори бу борада судларга муҳим тушунтиришлар беради. Пленум қарорида давлат божини ундиришда қонун нормаларини бир хилда ва тўғри қўллаш, мавжуд камчиликларни бартараф этиш мақсад қилинган бўлиб, унда давлат божининг тушунчасидан тортиб, бож олинадиган ҳолатлар рўйхатигача, шунингдек имтиёзлар ва тўлов тартибигача батафсил изоҳ берилган. Жумладан, Пленум қарорида судларга “Давлат божи тўғрисида”ги Қонуннинг 4-моддасига мувофиқ фуқаролик ишлари бўйича давлат божи ундириладиган ҳолатларни эслатиб ўтади: фуқаролик судларига бериладиган барча даъво аризалари, алоҳида тартибда юритиладиган ишлар бўйича аризалар, суд буйруғини бериш ҳақидаги аризалар, ҳакамлик судлари қарорларидан норози бўлиб бериладиган аризалар, ҳакамлик қарорини мажбурий ижрога қаратиш тўғрисидаги аризалар ва бошқалар шулар жумласидандир. Бундан кўринадики, фуқаролик судида иш қўзғатиш учун деярли барча турдаги мурожаатларда давлат божи талаб этилади.

Давлат божини тўлаш тартиби фуқаролик процессининг бошидан то иш якунигача бўлган босқичларни қамраб олади. Одатда даъвогар (ёки судга мурожаат қилаётган шахс) даъво аризаси ёки ариза топширилаётган пайтда белгиланган миқдордаги давлат божини олдиндан тўлайди. Тўлов тижорат банклари, давлат хизматлари марказлари ёки мобил иловалар орқали махсус бюджет ҳисобварақларига амалга оширилади. ФПКга мувофиқ, давлат божи тўланганлигини тасдиқловчи ҳужжат даъво аризасига илова қилиниши лозим (ФПК 132-моддаси). Агар бож тўланмаса ва ҳеч қандай имтиёз ёки кечиктиришга оид илтимоснома йўқ бўлса, суд аризани қабул қилмайди ва тегишли тартибда қайтаради. Шу тариқа, фуқаролик ишлари бўйича даъво қўзғатиш учун давлат божини дастлабки босқичда тўлаш процессуал мажбуриятдир.

Давлат божини ҳисоблаш механизмлари эса даъво талабининг хусусиятига (мулкий ёки номулкий тусда эканлигига), даъво баҳосига ва субъектнинг ҳуқуқий мақомига қараб фарқланади. Ўзбекистоннинг амалдаги қонунчилигига кўра, мулкий тусдаги (баҳоли) даъволар бўйича давлат божи даъво баҳосига нисбатан фоиз сифатида ҳисобланади, номулкий (баҳосиз) даъволар бўйича эса базавий ҳисоблаш миқдорининг (БҲМ) маълум баравари миқдорида қатъий ставка белгиланади.

2020-йилда қабул қилинган “Давлат божи тўғрисида”ги Қонун иловасида давлат божи ставкаларининг батафсил жадвали келтирилган бўлиб, унда ҳар бир турдаги ҳуқуқий ҳаракат учун тўланадиган бож миқдори аниқ белгиланган.

Мулкий тусдаги даъволар – бу даъвогар томонидан маълум миқдордаги мол-мулк ёки пул маблағини ундириш, мулк ҳуқуқини эътироф этиш, ёки мол-мулкка эгаликни тиклашга қаратилган талаблар бўлиб, улар бўйича давлат божи даъво баҳосининг 4 фоизи миқдорида, бироқ базавий ҳисоблаш миқдорининг (БҲМ) 1 бараваридан кам бўлмаган миқдорда тўланади.

Мазкур формула ҳуқуқий жиҳатдан адолатли нисбатни таъминлайди: бир томондан, даъво суммаси қанча катта бўлса, тўланадиган бож шунча кўп бўлади (пропорционал принцип), иккинчи томондан эса, кам миқдордаги даъволарда ҳам минимал тўлов кафолатланади. Бу ёндашув давлат бюджетининг суд харажатларини қоплашдаги барқарорлигини таъминлашга қаратилган.

Мисол учун, фуқаролик судига 12.000.000 сўм миқдоридаги талаб билан мурожаат қилган фуқаро 4% ставка асосида 480 минг сўм миқдорида давлат божи тўлайди. Аммо, агар ҳисобланган 4% миқдор БҲМдан кам чиқса (масалан, даъво суммаси кичик бўлса), барибир камида 1 БҲМ тўланади.

Номулкий тусдаги талаблар учун БҲМнинг 2-баравари миқдорида давлат божи тўланиши лозим.

Фуқаролик ишларида чиқарилган қарор ёки ажримдан норози бўлган шахс юқори инстанция судига апелляция, кассация ёки тафтиш тартибида шикоят беришда ҳам давлат божини тўлайди. Бу ҳолда тўлов миқдори биринчи инстанцияда тўланган бож миқдорининг 50 фоизи миқдорида белгиланади. Масалан, даъвогар биринчи инстанцияда 2 БҲМ миқдорида бож тўлаган бўлса, апеллятция шикояти учун 1 БҲМ миқдорида тўлов амалга оширади. Мулкий даъволар бўйича эса ушбу 50% ҳисоб “а” кичик банддаги ставка (4%) асосида аниқланади.

Фуқаролик ишлари юзасидан даъво аризаси бераётган шахс “my.sud.uz” wеб сайти орқали “Давлат божи калкулятори” каби электрон хизматлардан фойдаланиб ҳам бож суммасини ҳисоблаб олиши мумкин. Бунда фойдаланувчи даъво тури ва суммасини киритган ҳолда, тизим тегишли ставкани қўллаб чиқиб беради.

Фуқаролик суд ишларини юритишда давлат божи тўловини амалга оширишда рақамли технологиялар ва онлайн тўлов тизимларининг жорий этилиши Ўзбекистон суд-ҳуқуқ тизимининг замонавий босқичдаги муҳим ютуғларидан биридир. Сўнгги йилларда суд тизимида “рақамлаштириш” жараёнлари доирасида фуқароларнинг қулайлиги учун ягона электрон тўлов платформаси – https://billing.sud.uz портали ишга туширилган. Мазкур портал Ўзбекистон Республикаси Олий судининг расмий биллинг тизими бўлиб, у орқали фуқаролар ва ташкилотлар давлат божи, почта харажатлари ҳамда судга мурожаат қилиш билан боғлиқ бошқа тўловларни онлайн тарзда, тўлиқ шаффоф ва хавфсиз усулда амалга оширишлари мумкин.

 “Давлат божи тўғрисида”ги Қонуннинг 8-моддасида фуқаролик судларида давлат божини тўлашдан озод қилинадиган жисмоний ва юридик шахслар ҳамда даъво турлари рўйхати батафсил келтирилган. Ушбу рўйхат ижтимоий аҳамиятга эга манфаатларни кўзлаб судга мурожаат қилувчи шахслар ёки жамиятнинг заиф қатламларига тегишли даъво талабларини қамраб олади. Давлат божи бўйича иккинчи тур имтиёз – тўловни кейинга қолдириш ёки камайтириш – судьяларга қонун билан берилган танлов ҳуқуқдир. Бундай имтиёзлар, албатта, суд орқали ўз ҳуқуқини ҳимоя қилишда иқтисодий қийналадиган шахсларга ёрдам бериш, уларнинг давлат органлари хизматларидан фойдаланиш имкониятини кенгайтириш мақсадини кўзлайди. Бу борада Шарқ мутафаккирларининг ғоялари ҳамоҳангдир – хусусан, Ибн Сино давлатнинг вазифаси жамиятда ижтимоий адолатни қарор топтириш, аҳолини зарур эҳтиёжлар (меҳнат, ижтимоий таъминот) билан таъминлашдир деб ҳисоблаган. Президент Ш.Мирзиёев ҳам суд-ҳуқуқ соҳасидаги ислоҳотларда “инсон қадри учун” тамойилини илгари суриб, ҳар бир фуқаро ўз ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиши учун тўсиқларни камайтиришга интилмоқда. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2023-йил 16-январдаги ПФ-11-сонли “Одил судловга эришиш имкониятларини янада кенгайтириш ва судлар фаолияти самарадорлигини оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Фармонида “фуқаролар ҳамда тадбиркорларга ўз ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини судларда ҳимоя қила олиши учун барча имкониятларни яратиш, суд ишларини юритишда тортишув ва тарафларнинг тенглиги тамойилларини тўлақонли рўёбга чиқариш” вазифаси қўйилган. Давлат божи бўйича имтиёзлар айнан ана шу тарафлар тенглиги ва ижтимоий адолатни таъминлашга қаратилган дейиш мумкин. Шулардан келиб чиқиб, Ўзбекистон ФПК 133-моддаси 2-қисми ва 193-моддасига асосан, судья аризани иш юритишга қабул қилиш босқичида аризачининг моддий аҳволидан келиб чиқиб давлат божини тўлашни кечиктиришга, бўлиб-бўлиб тўлашга ёки уни камайтиришга ҳақли. Бундай қарор аризачининг ёзма илтимосномаси ва асословчи ҳужжатлар мавжуд бўлганда қабул қилинади. Судья бу ҳақда яъни бож тўлаш муддатини узайтириш ёки бошқа енгиллик бериш ҳақида алоҳида ажрим чиқариши лозим. Амалиётда қайси ҳолларда бундай имтиёзлар берилиши мумкин? Одатда, ариза берувчи божни тўлашга қодир эмаслигини кўрсатадиган далилларни тақдим этса, масалан: кам даромад олиши, ишсизлиги, кўп фарзандли оиладорлиги, банк ҳисобида маблағи йўқлиги тўғрисида маълумотнома ва бошқалар. Пленум қарорида айтилишича, суд давлат божи тўловини кечиктириш ёки камайтириш масаласини ҳал этишда фуқароларнинг даромади, банкдаги маблағлари йўқлиги ҳақидаги далилларни диққат билан ўрганиши лозим. Мисол учун, даъвогар жисмоний шахс банкдаги ҳисобида маблағ йўқлигини тасдиқловчи маълумотномани илова қилса, суд буни инобатга олиб, бож тўлашни маълум муддатга кечиктириши мумкин. Пленум қарорида бундай банк маълумотномаси судга мурожаат қилинган кундан энг кўпи билан уч кун олдин олинган бўлиши кераклиги қайд этилган – яъни янгилиги талаб қилинади.

Давлат божини тўлашни кечиктириш – деганда божни ҳозир эмас, балки кейинроқ, одатда иш кўриб чиқилиб бўлгач ёки маълум муддат ўтиб тўлашга рухсат бериш тушунилади. Бўлиб-бўлиб тўлаш – бож суммасини бир йўла эмас, қисмларга бўлиб тўлаш жадвалини белгилаш (масалан, ҳар ой маълум қисмини тўлаш). Миқдорини камайтириш – божнинг умумий суммасини камайтириб бериш, яъни белгиланган ставкадан камроқ тўлашга рухсат. Бу имтиёзларнинг барчаси судьянинг ваколатига киради ва одатда фақат аризачининг оғир моддий аҳволи асосли далиллар билан тасдиқлангандагина татбиқ этилади. Судья бундай имтиёзни расмийлаштиришда, қоида тариқасида, иш юритишни қўзғатиш ҳақидаги ажримда ёки алоҳида ажримда буни кўрсатади. Бу амалиёт адолат ва тенглик тамойилларига мос бўлиб, суд тизимига ишончни оширади.

Хулоса қилиб айтганда, давлат божи – одил судлов сари йўлда икки томонлама воситадир: у бир томондан суд харажатларини қоплайди ва тартибни сақлайди, бироқ иккинчи томондан, адолат мезонларига мувофиқ ҳолда қўлланилмаса, одамларга ғов ҳам бўлиши мумкин. Шу сабаб, давлат божини ундириш тартиби ва имтиёзларини мунтазам равишда қайта кўриб бориш, замон талаби ва жамият эҳтиёжларига мос равишда ислоҳ қилиш зарур. Адолат тамойили устувор бўлган жамиятдагина фуқароларнинг суд тизимига ишончи ошади ва давлатнинг мажбурий йиғимлари ҳам ўзини оқлайди. Ал-Фаробийнинг сўзлари билан айтганда: “Жамият муҳаббатда бирлашади, адолат билан яшайди, ҳалол меҳнат билан юксалади”, демак, адолат бўлмаган жойда инсон қадри топталади, адолат қарор топган жойда эса – халқнинг давлатга ишончи мустаҳкамланади. Президентимиз таъкидлаганидек, суд қарорлари орқали ҳар бир фуқаро “пировардида давлатдан рози бўлиб чиқиши” зарур – давлат божига оид сиёсат ва амалиёт айнан шу олий мақсадга хизмат қилиши лозим.

Шаҳноза Зайниева,
фуқаролик ишлари бўйича Учтепа туманлараро суди судьяси

ШАЙХОНТОҲУР ТУМАНИДА ПРОБАЦИЯ НАЗОРАТИДАГИ ШАХСЛАР БИЛАН УЧРАШУВ БЎЛИБ ЎТДИ.

Ботир Зокиров номидаги миллий эстрада  санъати институти мажлислар залида пробация назоратидаги шахслар билан учрашув ўтказилди.

Тадбирда туман ИИО ФМБ бошлиғи ўринбосари, подполковник Ш. Матанов ва жиноят ишлари бўйича Шайхонтоҳур тумани суди судьяси А. Мирзаханов иштирок этди.

Учрашувда ёшларни салбий иллатлардан асраш, ҳуқуқий онг ва маданиятини ошириш, гиёҳвандлик, экстремизм ҳамда кибержиноятлардан ҳимояланиш масалалари ҳақида сўз борди.  Қонунчиликдаги янгиликлар ва жазони ўташ тартиблари тушунтирилди.

Тадбир якунида сайёр суд мажлиси ўтказилиб, ахлоқан тузалиш йўлига ўтган 5 нафар шахс Жиноят кодексининг 73-моддаси асосида жазони ўташ муддатидан илгари шартли озод этилди.

МАЪМУРИЙ ҲУҚУҚБУЗАРЛИК ИШИ ҲАРАКАТДАН ТУГАТИЛДИ

Тошкент шаҳар ички ишлар бош бошқармас йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси инспекторининг 2025 йил 22 октябрдаги қарорига кўра, 1987 йилда туғилган ҳайдовчи  А.Ж. га қуйи суднинг 31 октябрдаги қарори билан МЖтК 128-4-моддаси 2-қисмига асосан базавий ҳисоблаш миқдорининг 3 баравари, яъни 1.236.000 сўм жарима жазоси тайинланган.

Қарорга кўра, А.Ж. 8 октябрь куни соат 19:32 да бошқарувидаги “Киа спортаж” русумли транспорт воситасини пойтахтнинг Зиё саид – Дилкаш кўчалари чорраҳасида светофорнинг тақиқловчи ишорасига бўйсунмаганлиги ифодаланган.

А.Ж. апелляция инстанциясига ёзган шикоятида светофорнинг яшил чироғида ҳаракатлангани, қарши томондан ҳаракатланаётган транспорт воситалари оқими сабабли манёврни дарҳол тугатиш имкони бўлмаганлигини маълум қилиб, биринчи инстанция суди қарорини бекор қилишни, унга нисбатан юритилган маъмурий ҳуқуқбузарликка оид ишни ҳаракатдан тугатишни сўраган.

Апелляция инстанцияси суди шикоятда келтирилган важларни иш ҳужжатлари асосида ўрганиб, шикоятни қаноатлантиришни лозим топди.

Зеро, Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 12 апрелдаги 172-сон қарори билан тасдиқланган “Йўл ҳаракати қоидалари”нинг 102-бандида “Светофорнинг рухсат этувчи ишорасида чорраҳага кирган ҳайдовчи ундан чиқишда светофор ишораларидан қатъий назар, мўлжалланган йўналишда ҳаракатланишни давом эттириши кераклиги белгиланган.

Апелляция инстанцияси суриштирув органининг қарорида баён этилган хулосалар ҳақиқий иш ҳолатига мувофиқ эмас, деб ҳисоблади.

Апелляция инстанцияси суд мажлисида билдирилган важлар муҳокамасида ҳодиса видеолавҳаси кўздан кечирилганда, ҳайдовчи светофорнинг яшил чироғида ҳаракатлангани, бироқ қарши томондан ҳаракатланаётган транспорт воситалари оқими сабабли манёврни дарҳол тугатиш имкони бўлмаганлигини, шу сабабли қизил чироқ ёниб қолганлигини ва бу вақтда автотранспорт чорраҳага кириб бўлганлиги сабабли ҳаракатни давом эттирганлигини кўриш мумкин.

Бундай ҳолатда, ҳуқуқбузарнинг ҳаракатларида автомашинани светофорнинг тақиқловчи ишорасига бўйсунмасдан ҳаракатлантириш деб топишга асос аниқланмади.

Бироқ, суриштирув органи ва биринчи инстанция суди эса ушбу ҳолатни эътиборсиз қолдириб, қарор чиқарган.

МЖтК 271-моддаси 1-бандида “Маъмурий ҳуқуқбузарлик ҳодисаси ёки аломати йўқ бўлса, маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги ишларни юритишни бошлаш мумкин эмас, бошланган иш эса тугатилиши лозим” деб белгиланган.

Апелляция инстанцияси суди ишдаги жавобгарликни енгиллаштирувчи ва оғирлаштирувчи ҳолатларни инобатга олиб, Ўзбекистон Республикаси Олий суди қарори талабларига риоя қилган ҳолда, А.Ж.нинг ҳаракатларида маъмурий ҳуқуқбузарлик аломати мавжуд эмас, деган хулосага келиб, унга нисбатан юритилган маъмурий ҳуқуқбузарликка оид ишни МЖтК 271-моддаси 1-бандига асосан тугатишни лозим топди.

Отабек Муҳаммадиев,

Тошкент шаҳар суди судьяси 

ОЧИҚ ЭШИКЛАР КУНИ

Фуқаролик ишлари бўйича Миробод туманлараро судида Тошкент давлат юридик университети талабалари иштирокида очиқ эшиклар куни доирасида тадбир ташкил этилди.

Талабалар дастлаб фуқаролик судида ташкил этилган рақамлаштириш жараёнлари билан танишди. Шундан сўнг суд залида бўлиб ўтаётган суд процесслари гувоҳи бўлишди. Талабалар медиация хонаси билан танишдилар.Фуқаролик ишлари бўйича Миробод туманлараро суди раиси Б.Сагатов талабаларга жорий йилда туманлараро судида амалга оширилган ишлар, рақамлаштириш жараёнлари, медиация хонасида ажрим ёқасига келиб қолган оилалар билан ишлаш, унинг натижалари бўйича маълумот бериб ўтди.

Суд, хотин-қизлар ва ҳамкор ташкилотлар билан олиб борилган ишлар натижасида кўплаб оилаларнинг ярашуви таъминланишига эришилмоқда. Фуқаролар мурожаатлари учун ҳам туманлараро судида қулай шароитлар яратилган. Очиқ эшиклар кунида талабалар суд-ҳуқуқ тизимида амалга оширилаётган ислоҳотлар натижалари билан танишиш имконига эга бўлдилар.

ФАРМОН АҲАМИЯТИГА БАҒИШЛАНГАН ТАДБИР

Бугун Тошкент давлат юридик университетида Тошкент шаҳар суди фуқаролик ишлари бўйича судлов ҳайъати ва Тошкент давлат юридик университети юридик клиникаси билан ҳамкорликда Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025 йил 26 ноябрдаги «Ўзбекистон Республикасида юридик таълим ва илм-фанни янада ислоҳ қилиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги  Фармонининг амалий муҳокамасига бағишланган судьялар ва талабалар учрашуви бўлиб ўтди.

Тадбирда юридик кадрлар тайёрлаш сифатини ошириш, таълим, илмий тадқиқотлар ва суд амалиёти интеграциясини кенгайтириш, юридик таълимнинг янги стандарти сифатида клиник ва дуал таълимни ривожлантиришга қаратилган ислоҳотларнинг асосий йўналишлари муҳокама марказида бўлди.

Учрашувда Тошкент шаҳар суди фуқаролик ишлари бўйича судлов ҳайъати судьяси С.Сафоева сўзга чиқиб, талабаларга Президент фармонининг мазмун-моҳияти, амалий аҳамиятини тушунтириб, бундай учрашувлар юридик таълимни модернизация қилишнинг муҳим қисми эканлигини, назария ва ҳуқуқни қўллаш амалиёти ўртасида боғлиқликни шакллантириш имконини беришини таъкидлади.

Мулоқотда Тошкент шаҳар суди фуқаролик ишлари бўйича судлов ҳайъати судьялари Р. Норхўжаев, Ж. Сирожев, Ж. Шаропов, А. Султанова, А. Сайдахмедовлар томонидан фармонни стратегик мақсади мутахассисларни тайёрлашнинг амалиётга йўналтирилган моделини жорий этиш орқали Ўзбекистоннинг юридик таълимини халқаро стандартлар даражасига олиб чиқишни белгилаб бериши билан аҳамиятли экани таъкидланди.

Фармонда назарда тутилган юридик таълимга сунъий интеллектни жорий этиш мавзуси талабаларда алоҳида қизиқиш уйғотди. Талабаларга билимларни баҳолашда сунъий интеллект технологияларини қўллаш, назорат ишларини автоматлаштирилган таҳлил қилиш, сунъий интеллект тюторларини жорий этиш ва хорижий ўқитувчиларни жалб қилган ҳолда халқаро миқёсда амалга ошириладиган Digital Law йўналишини кенгайтириш истиқболлари ҳақида сўзлаб берилди.

Учрашув якунида томонлар келгусида ҳамкорликда услубий материалларни тайёрлаш, амалиёт жадвалларини келишиш ва талабаларни амалий кўникмаларини шакллантириш мақсадида реал суд жараёнларида иштирок этиш, суд ишлари билан танишиш имкониятларини келишиб олдилар.

ЎЗБЕКИСТОНДА КОРРУПЦИЯГА ҚАРШИ КУРАШ: ТИЗИМЛИ ИСЛОҲОТЛАР ВА ЗАМОНАВИЙ ЁНДАШУВЛАР

Таъкидлаш лозимки, коррупция замонавий жамиятлар учун энг долзарб ижтимоий-сиёсий муаммолардан биридир. Коррупция давлат бошқаруви самарадорлигини издан чиқаради, иқтисодий тараққиётга тўсиқ бўлади, энг муҳими, жамиятнинг давлатга бўлган ишончини пасайтиради.

Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясининг 2003 йил 21 ноябрдаги резолюциясига мувофиқ, 2004 йилдан бошлаб “9 декабрь Халқаро коррупцияга қарши курашиш куни” сифатида нишонлаб келинмоқда. Ўзбекистон ҳам ушбу глобал жараённинг фаол иштирокчиси бўлиб, мустақилликнинг сўнгги йилларидан бошлаб коррупцияга қарши сиёсатни давлат бошқарувининг устувор йўналишига айлантирди. Мамлакатимизда ушбу иллатни бартараф этиш, унинг илдизини чуқурдан кесиш ва профилактика механизмларини кучайтириш борасида амалга оширилаётган тизимли ислоҳотлар долзарб мавзу ҳисобланади.

Сўнгги йилларда мамлакатда коррупцияга қарши кураш алоҳида сиёсий йўналиш сифатида шакллантирилиб, комплекс ёндашув асосида кенг кўламли чора-тадбирлар жорий этилди. Аввало, коррупцияга қарши курашнинг институционал асослари мустаҳкамланди. Мамлакатда махсус ваколатли тузилма (Ўзбекистон Республикаси Коррупцияга қарши курашиш агентлиги) ташкил этилиб, улар коррупцион хавф-хатарларни аниқлаш, баҳолаш, уларни бартараф этиш бўйича давлат идораларига методик ва ташкилий кўмак бериш, шунингдек, мониторинг ва таҳлил олиб бориш билан шуғулланмоқда. Бундай институтлар мавжудлиги коррупцияга қарши сиёсатни бир марталик акциялар эмас, балки давлат бошқарувининг узвий қисмига айлантиришга имкон берди.

Шу билан бирга, ҳуқуқий база модернизация қилинди. Давлат хизматини ташкил этиш, манфаатлар тўқнашуви, давлат харидлари, давлат мулкидан фойдаланиш, қурилиш ва ер ажратиш каби коррупция хавфи юқори бўлган йўналишлар бўйича янги тартиблар жорий этилди. Энг муҳими, бу тартибларнинг асосий мақсади – жазолаш эмас, балки олдини олиш, яъни коррупцион ҳолатга олиб келувчи омилларни бошидан бартараф этишдир.

Коррупциянинг асосий илдизи – ёпиқ бошқарувдир. Шу сабабли Ўзбекистонда кенг миқёсда рақамли бошқарув тизимлари жорий этилмоқда. Давлат хизматларининг электронлаштирилиши, онлайн лицензиялаш, масофадан туриб мурожаат қилиш имкониятлари, электрон давлат харидлари тизимининг кенгайиши – буларнинг барчаси инсон омилини камайтириш орқали коррупциявий хавфни сезиларли равишда пасайтиради. Рақамли тизимлар очиқлик, изчиллик ва ҳисоботлиликни таъминлаб, ҳар бир ҳаракатнинг изини қолдиради, бу эса нафақат назоратни осонлаштиради, балки фуқаролар учун ҳам қулайлик яратади.

Яна бир муҳим йўналиш – давлат органларида ҳалоллик маданиятини шакллантириш. Бугунги кунда кўплаб идораларда ҳалоллик, ички касбий этика, манфаатлар тўқнашувининг олдини олиш бўйича амалий чоралар ишлаб чиқилмоқда. Ходимлар учун мунтазам тренинглар, ўқув дастурлари, тадбиркорлар ва жамоатчилик билан очиқ мулоқотлар ўтказилмоқда. Бу жараёнларнинг барчаси коррупцияни фақат ташқи назорат орқали эмас, балки ички маданият орқали ҳам камайтириш мумкинлигини англатади.

Жамоатчилик назорати ҳам коррупцияга қарши сиёсатнинг ажралмас қисмига айланди. Оммавий ахборот воситаларининг фаолияти, фуқаролик жамияти ташкилотлари иштироки, очиқ маълумотлар порталлари, мурожаатларни кўриб чиқиш тизимларининг яхшиланиши – булар давлат бошқарувида ошкораликни ошириб, жамиятдаги норозилик ёки муаммоларни тезда аниқлашига имкон бермоқда. Давлат сиёсати энди “ёпиқ эшиклар ортида” эмас, балки жамоатчилик билан ҳамкорликда шаклланмоқда.

Бундан ташқари, шуни ҳам алоҳида қайд этишимиз лозимки, сўнгги йилларда коррупцияга қарши курашда жазога муқобил механизмлар – профилактика, таҳлил ва таълим устуворлик касб этди. Коррупциянинг илдиз сабабларини аниқлаш, коррупцион ҳолатларга йўл очувчи жараёнларни қайта кўриб чиқиш, ходимларга ўқув дастурларини йўлга қўйиш, шунингдек, болалар ва ёшлар ўртасида ҳалоллик тамойилларини тарғиб қилиш – бу узоқ муддатли, лекин барқарор натижа берувчи стратегик ёндашувдир.

Хулоса қилиб айтганда, Ўзбекистонда коррупцияга қарши кураш бир неча йўналишда – институционал ислоҳотлар, ҳуқуқий механизмларни янгилаш, рақамлаштириш, давлат хизматларининг шаффофлигини ошириш ва ҳалоллик маданиятини ривожлантириш орқали изчил амалга оширилмоқда. Бу йўналишларнинг уйғунлиги коррупция билан курашни фақат жазолаш тизими эмас, балки кенг қамровли ижтимоий давлат стратегиясига айлантирмоқда.

9-декабрь – Халқаро коррупцияга қарши кураш куни муносабати билан айтиш мумкинки, Ўзбекистонда коррупция энди “ёпиқ мавзу” эмас, балки давлат, жамият ва фуқароларнинг ҳамкорлиги орқали унга қарши кураш барқарор ва тизимли жараёнга айланган.

Қаҳрамон Мирсафаев,

Тошкент шаҳар суди судьяси

СУДЛАР ТОМОНИДАН ОИЛАВИЙ АЖРИМЛАРНИ КЎРИШДА ГЕНДЕР ТЕНГЛИКНИ ТАЪМИНЛАШ

Мамлакатимизда хотин-қизларнинг жамиятдаги ролини ошириш, хотин-қизлар ва эркаклар ўртасида гендер тенгликка эришиш, оилани мустаҳкамлаш, оналик, оталик ва болаликни муҳофаза қилишга қаратилган ислоҳотлар амалга оширилмоқда.

Бугунги кунда гендер тенгликни, хотин-қизларни ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини таъминлаш борасидаги ишларнинг амалдаги ҳолатини ўрганиш, мавжуд муаммоларни танқидий таҳлил қилиш ва уларни бартараф этиш бўйича чоралар кўришни даврнинг ўзи тақозо қилмоқда.

Хусусан, фуқаролик ишлари бўйича судлар судьяларининг зиммасида оилавий ажримлар ҳолатини таҳлил қилиш ва уларнинг олдини олиш ишларида иштирок этиш, бу борада тегишли таклиф ва тавсиялар ишлаб чиқиш туради. Демак, никоҳдан ажратиш тўғрисидаги ишларни кўришда судьялар томонидан гендер тенглик тамойилига амал қилиш муҳим аҳамиятга эга.

Судлар оилавий ажримларни кўриб чиқиш жараёнида маиший зўравонлик фактларини чуқур ўрганиши талаб қилинади. Бундай ҳолатлар аниқланган бўлса, ижтимоий хизматлар ходимлари билан ҳамкорликда хотин-қизлар учун ҳимоя ордерлари олишни, уларга вақтинчалик бошпана, психологик ёрдам хизматларини олиш учун тезкор чораларини кўриши ва уларга кўмаклашиши зарур.

Оилавий ажрим мураккаб ижтимоий-ҳуқуқий жараён бўлиб, унда нафақат эр-хотиннинг ўзаро муносабатлари, балки болаларнинг манфаатлари, оиланинг иқтисодий барқарорлиги ва оилада шахсларнинг репродуктив ҳуқуқларига дахлдор омиллар мавжуд.

Оилавий ажрим ишларида гендер тенглигини таъминлаш нафақат суд органларининг, балки давлат ва жамиятнинг умумий манфаатларини ҳимоя қилишга қаратилган муҳим вазифадир.

Суд эр ва хотиннинг ёки улардан бирининг аризасига кўра, ярашиш учун берилган муҳлатни жиддий асослар мавжуд бўлган ҳолларда, берилган муҳлат давомида агар аризада шахснинг оилавий (маиший) зўравонликдан жабрланганлиги асос сифатида кўрсатилиб, бу ҳақда суд ҳужжати тақдим этилса, суд ярашиш учун берилган муҳлатни қисқартиради ва ишни кўришга тайинлайди.

Ўзбекистон Республикаси Оила кодекси 40-моддасининг тўртинчи қисмига кўра, суд оилавий (маиший) зўравонликдан жабрланган шахснинг талабига кўра ярашиш учун муҳлат тайинламайди. Бунда судлар, оилавий (маиший) зўравонлик ҳолати фақатгина эр ёки хотин томонидан содир этилган бўлиши лозимлигини инобатга олади.

Ярашиш учун муҳлат тайинламасдан никоҳдан ажратиш ҳақидаги талаб оилавий (маиший) зўравонликдан жабрланган шахснинг даъво аризасида, шунингдек, суд муҳокамаси давомида тақдим этилган ёзма аризасида кўрсатилиши мумкин.

Оилавий (маиший) зўравонлик деб — Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 59-2-моддаси ва Жиноят кодексининг 126-1-моддасида назарда тутилган қилмишлар тушунилади.

Шахснинг оилавий (маиший) зўравонликдан жабрланганлиги маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги ёки жиноят иши бўйича чиқарилган суд ҳужжати билан тасдиқланиши боис, суд бундай ҳолатни текширишда маъмурий ҳуқуқбузарлик ёки жиноий қилмиш юзасидан қонуний кучга кирган суд ҳужжати мавжуд ёки мавжуд эмаслигини аниқлаши ҳамда уни талаб қилиб олиши лозим.

Муқаддам Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 592-моддаси ва Жиноят кодексининг 126-1-моддасида назарда тутилган қилмиш содир этилгандан сўнг тарафлар оилавий муносабатларни давом эттириб, кейинчалик улардан бири судга никоҳдан ажратиш ҳақидаги даъво ариза билан мурожаат қилган ва оилавий (маиший) зўравонликдан жабрланган тараф муддат тайинламасдан никоҳдан ажратиш талабини илгари сурган бўлса, суд эр-хотин бирга яшаган даврида зўравонлик ҳолати қайта содир бўлган ёки бўлмаганлигини текшириши ва бу ҳолатга бошқа далиллар мажмуи билан баҳо бериши лозим.

Бу эса ўз навбатида судьялар томонидан қабул қилинадиган қарорларнинг холислиги, стереотиплардан холи бўлиши ва эр-хотиннинг ҳуқуқларига тенг муносабатда бўлиниши оила институтларининг барқарорлигини ва фуқароларнинг судга бўлган ишончини мустаҳкамлайди.

Зиёдахон Солиева,

фуқаролик ишлари бўйича

Яккасарой туманлараро судининг судьяси, юридик фанлари номзоди

КОНСТИТУЦИЯГА САДОҚАТ ҲАР БИР ФУҚАРОНИНГ БУРЧИ

Ҳар бир демократик давлатнинг барқарор ривожи, жамиятда адолат ва тартибнинг қарор топиши, аввало, унинг Конституциясига ҳурмат ва садоқати билан боғлиқ. Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси эса нафақат давлат тузилишининг ҳуқуқий асосини, балки жамиятнинг маънавий-ахлоқий йўналишини белгилаб берган асосий қадриятлардан биридир. Унда инсон ҳуқуқ ва эркинликларининг олий қадрият сифатида эътироф этилиши, давлат органларининг масъулияти ва фуқароларнинг бурчлари аниқ белгилаб қўйилган.

Фуқароларнинг Конституцияга садоқати – бу фақат қонуний мажбурият эмас, балки маънавий бурчдир. Қонун устуворлиги демократик давлат қуришнинг асоси эканлиги барчага аён. Шу нуқтаи назардан Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019-йил 9-январидаги “Жамиятда ҳуқуқий онг ва ҳуқуқий маданиятни юксалтириш тизимини тубдан такомиллаштириш тўғрисида”ги Фармонида “Жамиятда қонунларга ҳурмат руҳини қарор топтириш – демократик ҳуқуқий давлат қуришнинг гаровидир” деган тамойил муҳим ғоя сифатида илгари сурилди. Яъни, ҳар бир фуқаро Конституция тамойилларини ўзининг ҳаётий ғояси, ахлоқий қоидаси сифатида қабул қилса, мамлакатимизнинг ижтимоий-сиёсий тараққиёти янада мустаҳкамланади.

Сўнгги йилларда Ўзбекистонда Конституцияни доимий янгилаб бориш жараёнлари ҳам жадаллашди. 2023-йил 30-апрелда янгиланган Конституцияда биринчи моддадан бошлаб ўзгартиришлар жорий этилди. Масалан, аввалги таҳрирдаги “Ўзбекистон – суверен демократик республика” жумласи ўрнига “Ўзбекистон – бошқарувнинг республика шаклига эга бўлган суверен, демократик, ҳуқуқий, ижтимоий ва дунёвий давлат” ибораси мустаҳкамланди. Бу эса ҳуқуқий давлат ва ижтимоий муҳит устуворлигини расмий тан олишни ифодалайди. Хусусан, янги Конституция билан ҳуқуқий давлат тамойили қатъий белгиланди – эндиликда барча давлат ва жамиятнинг ҳуқуқий муносабатлари қонун устуворлиги тамойилига ёпишган ҳолда ривожланади. Фуқароларнинг қонунлар олдида тенглиги, давлат ҳокимияти органлари ҳам Конституцияга ва қонунларга бўйсуниши мажбурияти янгиланган Конституцияда ўз аксини топди.

Шунингдек, Конституцияга “ижтимоий давлат” принципи киритилди. Давлат ўзини ижтимоий давлат деб эълон қилиб, энг заиф қатламлар учун сифатли таълим ва тиббиёт имкониятларини таъминлаш, адолатли пенсия тизими, камбағалликка қарши кураш каби масалаларга масъулият олади. “Дунёвий давлат” тамойили ҳам мустаҳкамланиб, давлат барча диний конфессиялар олдида тенг муносабатда бўлиши ва уларнинг сиёсатга аралашишини таъқиқлаши белгиланди.

Янгиланган Конституцияда бошқа муҳим ўзгаришлар ҳам амалга оширилди. Энди Конституция бутун мамлакат бўйлаб олий юридик кучга эга бўлиб, унинг нормалари тўғридан-тўғри қўлланади. Яъни, фуқаролар исталган вақтда бевосита Конституция нормаларига таянган ҳолда суд ва бошқа идораларга мурожаат қилиши мумкин. Барча қонунчиликдаги ноаниқликлар юзага келганда эса уларни инсоннинг манфаатига қараб ҳал қилиш қоидаси жорий этилди. Бу ўзгаришлар Конституцияни долзарб ислоҳотлардан ўзида акс эттирган энг кенг қамровли ҳужжатга айлантирди. Устувор тамойиллар – инсон ҳуқуқлари, қонун устуворлиги ва эркин жамият барпо этиш ғоялари ҳар бир бўлим ва моддада янгича баркамол шаклга келтирилди.

Бугунги кунда Конституцияга садоқатни шакллантириш мақсадида ҳуқуқий маданиятни юксалтириш бўйича кенг кўламли чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Конституция ҳам давлатни ёшларни қўллаб-қувватлашга чақиради: унда давлат ёшларнинг шахсий, сиёсий, иқтисодий, маданий ва экологик ҳуқуқлари ҳимоясини таъминлайди ва уларнинг жамиятда фаол иштирок этишини рағбатлантириши белгиланган. Бунинг учун мактабларда Конституция дарслари, ҳуқуқшунослар маърузаларидан бошланиши, ҳуқуқий клуб ва мусобақалар ташкил этилиши таъминланмоқда.

Конституцияга садоқат ва қонун устуворлиги юртимиз тараққиётининг муҳим омилидир. Ҳозирги бошқарув консерватив ҳамда демократик тамойилларни уйғунлаштиришга уринмоқда: бу йўлда Конституция йўриқчи бўлмоқда. Президент Шавкат Мирзиёев ўз нутқларида “фуқароларнинг эркинлик ва фаровонлиги Конституциямиз ҳаётий куч-қудратига боғлиқ” эканини эслатади. Ўтган йилларда “Халқ давлат идораларига эмас, давлат идоралари халққа хизмат қилиши керак” деган бош тамойил Конституцияда қонуний асос топди. Булар барчаси Конституция ғояларига содиқ қолган ҳолда амалга оширилаётган демократик ислоҳотлардир.

Ўзбекистон Республикаси Конституциясига садоқат, қонун устуворлиги ва инсон ҳуқуқларига риоя қилиш – давлат ва жамият тараққиёти учун муҳим пойдеворлардир. Конституциямизнинг “инсонлар тақдири – энг олий қадрият” каби тамойиллари ҳар биримизни бирлашишни, қонунбузарликдан йироқ туришни ва Ватан олдидаги бурчларни унутмасликни таъминлайди.

Келажак авлодларга бўлган масъулият нуқтаи назаридан, ҳуқуқий саводхон ва ватанпарварлик руҳида ўстирилган ёшлар юртимизни янада фаровон қилишга хизмат қилади. Шунинг учун Конституция нормалари нафақат ҳужжат матнида, балки оддий одамларнинг кундалик ҳаётида ҳам амал қилиши лозим. Қонунларга бўлган ҳурмат ва юксак маънавиятга асосланган тартиб-интизом ҳар бир фуқаронинг ахлоқий юзини белгилаб, Ўзбекистонимизни обрў-эътиборига янада муносиб олиб чиқади.

Сўнгги йилларда амалга оширилган конституциявий ислоҳотлар инсон ҳуқуқларини янада мустаҳкамлаб, суд-ҳуқуқ тизимини очиқ ва масъулиятли бўлишга ҳам ундади. Бу ислоҳотлар Конституциянинг ҳаётийлигини, унинг жамият билан ҳамнафас ҳолда ривожланаётганини намоён этди. Фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини амалда таъминлашга қаратилган механизмларнинг такомиллашуви Конституциянинг “энг олий кафолат” мақомини реал ҳаётда ҳам мустаҳкамламоқда.

Шу маънода, Конституциянинг 33 йиллиги – нафақат ўтган йўлнинг сарҳисоби, балки янги босқич, янги ислоҳотлар ва янги мақсадларга интилиш рамзидир. Асоси бўлган инсон қадри, адолат, тенглик, эркинлик ва қонун устуворлиги ғоялари юртимизнинг эртанги кунини барқарор ва равшан этишга хизмат қилади. Конституциямизнинг ҳаётийлиги ва барқарорлиги, айнан уни амалда қўллаш маданияти билан белгиланади. Шу боис бугунги кунда ҳар бир фуқаро ўз ҳуқуқларини билиши, ҳимоя қилиши ва давлат билан жамият ўртасида масъулиятли ҳамкорликни шакллантириши алоҳида аҳамият касб этади.

Конституциянинг 33 йиллиги – давлатимизнинг ҳуқуқий пойдевори мустаҳкам, мақсади аниқ ва келажаги порлоқ эканининг рамзий нишонидир. Мазкур ҳужжатнинг кучи – ундаги нормаларнинг жамият ҳаётида тўлиқ татбиқ этилишида. Шу йўлда давом этар эканмиз, Конституция бизни адолат, барқарорлик ва тараққиёт сари етакловчи энг ишончли мезон бўлиб қолаверади.

Дарвоқе, Конституция қабул қилинган дастлабки кундан бошлаб халқимизда қонун устуворлигини ҳамдардлик билан қўллаб-қувватлаш анъаналари вужудга келди. Бугун эса Конституцияга садоқат ҳар бир фуқаронинг юксак фуқаролик бурчига айланган. Шу туфайли, келажакда ҳам жамиятимиз тинч ва фаровон, тараққиёт йўлида собит бўлиб бораверишига Конституцияга содиқлик асос бўлаверади.

   Шаҳноза Зайниева,

фуқаролик ишлари бўйича

Учтепа туманлараро судининг судьяси

Skip to content