ЭКОЛОГИЯ МАСАЛАЛАРИ БЎЙИЧА ЙИҒИЛИШ
Тошкент туманлараро иқтисодий суди биноси мажлислар залида Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Тошкент шаҳрида экологик вазиятни яхшилаш бўйича кечиктириб бўлмайдиган чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармони юзасидан йиғилиш бўлиб ўтди.
Йиғилишда Тошкент шаҳар иқтисодий суди ва Тошкент туманлараро суди судьялари иштирок этди.
Тадбирда Тошкент туманлараро иқтисодий судининг раис ўринбосари Муҳиддин Султонов сўзга чиқиб, фармонга мувофиқ Тошкент шаҳрида экологик вазиятни яхшилаш юзасидан кечиктириб бўлмайдиган чора-тадбирларни амалга ошириш бўйича махсус комиссия тузилганлиги, экологик назоратни кучайтириш, ифлослантирувчи объектлар фаолиятини чеклаш, қурилиш жараёнларига қўйиладиган талабларни қатъийлаштириш, шаҳарни кенг кўламда кўкаламзорлаштириш ҳамда ҳаво сифатини назорат қилишнинг замонавий тизимини яратиш бўйича вазифалар белгиланиб, Тошкент шаҳрида атмосфера ҳавосини ифлосланишини олдини олиш мақсадида назоратни кучайтириш ва иқлим ўзгариши оқибатларини юмшатиш мақсадида экология ва иқлим ўзгариши миллий қўмитаси яъни Экология қўмитасига 2026 йил 1 мартга қадар Тошкент шаҳрида экологик вазиятни яхшилаш бўйича кечиктириб бўлмайдиган тадбирларни амалга ошириш, Тошкент шаҳридаги экологик вазиятни доимий таҳлил ва мониторинг қилиш, экологик вазиятнинг ёмонлашиши тенденцияларини прогноз қилиш, экологик вазиятни барқарорлаштириш бўйича давлат органлари, шу жумладан, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ва назорат органларининг ҳаракатларини мувофиқлаштириш ҳамда улар ўртасида зарур ҳамкорликни ва маълумот алмашишни ташкил этиш белгиланганлигини баён этиб, Экология қўмитаси томонидан киритилаётган ишларни ўз вақтида ва самарали кўриб чиқиш, улар билан ҳужжатлар алмашинувини тизимли йўлга қўйиш, қонунбузилишларга йўл қўймаслик ҳамда Фармонда белгиланган масалалар юзасидан унинг ижросини таъминлаш мақсадида оқилона иш юритиши шартлиги таъкидланди.
Йиғилишда иштирок этган судьялар томонидан “Тошкент шаҳрида экологик вазиятни яхшилаш бўйича кечиктириб бўлмайдиган чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармоннинг мазмун-моҳиятини бўйича ўзаро савол-жавоблар ўтказилиб, ушбу Фармонни кенг жамоатчиликка тарғиб қилиш борасида келишиб олинди.
Тошкент шаҳар суди матбуот хизмати
ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ КОНСТИТУЦИЯСИНИНГ
ТЎҒРИДАН-ТЎҒРИ АМАЛ ҚИЛИШИ.
АЙБСИЗЛИК ПРЕЗУМПЦИЯСИ КАФОЛАТЛАРИ
Конституция ҳар бир давлат тараққиётининг пойдевори бўлган ҳуқуқий, сиёсий ва мафкуравий ҳужжат – мамлакатнинг Асосий қонуни ҳисобланади.
Конституцияда ҳуқуқий давлат принципини рўёбга чиқаришга қаратилган механизмлар ва кафолатлар мустаҳкамланди. Хусусан, давлат фаолияти қонун устуворлиги, қонунийлик принципи асосида амалга оширилишини таъминлаш бўйича Конституциянинг олий юридик кучга эгалиги ҳамда унинг тўғридан-тўғри амал қилиши белгиланди. Натижада давлат органлари, шу жумладан, судлар ўз фаолиятида Конституцияга тўғридан-тўғри мурожаат қилган ҳолда қарорлар қабул қилади.
Конституциянинг тўғридан-тўғри амал қилиши – давлат органлари, уларнинг мансабдор шахслари, шу жумладан, судлар томонидан Конституция нормаларини ҳуқуқни қўллаш амалиётида бевосита қўллаган ҳолда қарорлар қабул қилиш, фуқароларнинг Конституция нормаларидан тўғридан-тўғри фойдаланиши ва риоя этишини кўзда тутади.
Янги таҳрирдаги Конституциямизга тўғридан-тўғри амал қилувчи қоидалар киритилган бўлиб, улар тергов ва суд жараёнида фақат ишончли ва қонуний далиллардан фойдаланишни таъминлайди ҳамда натижада фуқароларимизни асоссиз ва қонунга хилоф жиноий таъқибдан ҳимоя қилади, тергов органлари томонидан жиноятда айбланаётган шахсларнинг ҳуқуқлари бузилишининг олдини олади.
Гумон қилинувчи, айбланувчи, судланувчи ва маҳкумнинг ҳуқуқий ҳимояси
Гумон қилинувчи, айбланувчи, судланувчи ва маҳкумнинг ҳуқуқий ҳимоясини таъминлашда айбсизлик презумпцияси муҳим аҳамиятга эга. Шу боис янги таҳрирдаги Конституциямизнинг 28-моддасида гумон қилинувчи, айбланувчи, судланувчи ва маҳкумнинг ҳуқуқий ҳимоясини кучайтиришга қаратилган қуйидаги кафолат белгиланди: “айбдорликка оид барча шубҳалар, агар уларни бартараф этиш имкониятлари тугаган бўлса, гумон қилинувчининг, айбланувчининг, судланувчининг ёки маҳкумнинг фойдасига ҳал қилиниши керак”.
Янги таҳрирдаги Конституцияга киритилган ушбу инсонпарвар янги норма бундай вазиятда айбдорликка оид барча шубҳалар гумон қилинувчи, айбланувчи, судланувчи ва маҳкумнинг фойдасига ҳал қилинишини қатъий мустаҳкамлади.
Шахсни айбли эканлигига оид ҳар қандай шубҳалар, шунингдек айблаш учун етарли бўлмаган маълумотлар асосида шахсни жавобгарликка тортиш мумкин эмас.
Терговда шубҳа остидаги далиллар асосида айб эълон қилинган бўлса ҳам, бундай вазиятда шахсни айбини тасдиқловчи далилларнинг етарли эмаслиги туфайли судда унга нисбатан оқлов ҳукми чиқарилади. Яъни “исботланмаган айб – исботланган айбсизликка тенг”, деган қоида амал қилади.
Жиноят процессида шахснинг “сукут сақлаш ҳуқуқи”
Янги таҳрирдаги Конституциямизда айбсизлик презумпциясидан келиб чиқадиган яна бир муҳим кафолат, яъни “гумон қилинувчи, айбланувчи ёки судланувчи ўзининг айбсизлигини исботлаши шарт эмас ва исталган вақтда сукут сақлаш ҳуқуқидан фойдаланиши мумкин”, деган қоида мустаҳкамланди.
Гумон қилинувчи, айбланувчи, судланувчи ўзининг жиноятда айблилиги ёки айбсизлигини исботлаш жараёнида иштирок этишга мажбур эмас. Агар истаса, шахс ушланган вақтидан то ҳукм чиқарилгунга қадар умуман сукут сақлаши мумкин – бу унинг ҳуқуқи.
Одатда, шахсга нисбатан жиноят иши очилганда у оғир руҳий ҳолатга тушади, ўзини йўқотиб қўяди ва шундай вазиятда айби бор ёки йўқлигини исботлаш ўзининг эмас, аслида тергов органларининг вазифаси эканлигини англамай ўзига қарши кўрсатмалар бериши амалиётда учраб туради.
Шунингдек, сукут сақлаш ҳуқуқига бўлган эҳтиёж жиноят процессининг энг бошланғич нуқтасида – шахс жиноят содир этишда гумонланиб ушланган заҳотиёқ юзага келади. Яъни шахснинг эркинлиги чекланиши билан дарҳол унга сукут сақлаш ҳуқуқи тушунтирилиши шарт.
Мазкур ҳуқуқ шахсга ўз адвокати билан кўришмай туриб, иш юзасидан ҳеч бир маълумотни ошкор қилмаслиги орқали айбловдан самарали ҳимояланиш позициясини шакллантириши учун муҳимдир.
Шахс ўзига ва яқин қариндошларига қарши гувоҳлик беришга мажбур эмас
Шахс ўзига ва яқин қариндошларига қарши гувоҳлик бермаслик ҳуқуқининг кафолатланиши суриштирув, тергов ва суд жараёнларининг холислик ва адолат тамойилларига таяниб амалга оширилишини таъминлайди.
Шу боис янги таҳрирдаги Конституциямизнинг 28-моддасида “Ҳеч ким ўзига ва яқин қариндошларига қарши гувоҳлик беришга мажбур эмас”, деган мазмундаги инсонпарвар ва қадриятларимизга мос норма мустаҳкамланди.
Табиий савол туғилади, нима учун жиноят иши бўйича шахс ўзига ёки яқин қариндошларига қарши гувоҳлик беришга мажбур эмас?
Биринчидан, ушбу қоида шахсга нисбатан ҳар қандай айблов кўриб чиқилаётганда тезкор-қидирув ходими, суриштирувчи, терговчи ёки суд томонидан унга нисбатан босим ўтказишдан ҳимоялайди, иккинчидан, ўз айбига мажбуран иқрор бўлишининг олдини олади, учинчидан, жиноят процесси иштирокчисидан мажбурий равишда унинг қариндошларига қарши кўрсатув олишни тақиқлайди.
Шахснинг ўз айбини тан олиши уни айбдор деб топишга асос бўлмайди
Ҳуқуқий давлатда қонун устуворлиги амалда таъминланиши ҳамда инсон ҳуқуқ ва эркинликлари, унинг қонуний манфаатларини ҳимоя қилувчи одил судлов тизими амал қилиши шарт.
Энг муҳими, шахслар ноқонуний, асоссиз ёки ҳақиқатга тўғри келмайдиган маълумотлардан иборат далиллар асосида айбдор деб топилиши ва жавобгарликка тортилиши мумкин эмас. Жиноий таъқибга олинган шахснинг иқрорлик кўрсатувларигагина асосланиб, уни айбдор деб хулоса чиқариш одил судлов тамойилларига зиддир.
Шу боис янги таҳрирдаги Конституциямизнинг 28-моддасида “Агар шахснинг ўз айбини тан олганлиги унга қарши ягона далил бўлса, у айбдор деб топилиши ёки жазога тортилиши мумкин эмас”, деб белгиловчи норма ўз ифодасини топди.
Суриштирувчи, терговчи, прокурор ва суд жиноят юз берганлигини, унинг содир этилишида ким айбдорлигини, шунингдек у билан боғлиқ барча ҳолатларни аниқлаши шарт. Фақатгина шахснинг ўз айбини бўйнига олиш ҳақидаги кўрсатуви уни жиноий жавобгарликка тортиш учун асос бўлмаслиги лозим. Бунда шахсни айбдор деб топиш ва уни жазога тортиш учун етарли далиллар тўпланган бўлиши керак. Бу каби қоида Япония ва бошқа давлатларнинг конституцияларида мустаҳкамланган.
Жумладан, Жиноят-процессуал кодексининг 112-моддасига кўра, гумон қилинувчининг у содир этган жиноят ҳақидаги кўрсатувлари ва айбланувчининг ўз айбига иқрор бўлиши, бу иқрорлик бошқа ишончли далиллар мажмуи билан тасдиқланган тақдирдагина, уни айблаш учун асос қилиб олиниши мумкин.
Мазкур қоида Фуқаровий ва сиёсий ҳуқуқлар тўғрисидаги халқаро пактнинг 14-моддасидаги “ўзига ўзи қарши кўрсатув беришга ёки ўзини айбдор деб тан олишга мажбур қилинмаслик” кафолатидан ҳам келиб чиқади.
Ушбу қоида содир этилган жиноят бўйича ҳақиқатни аниқлаш, шунингдек, айбсиз инсонлар жавобгарликка тортилишининг олдини олишга, айни пайтда жиноят содир этган ҳақиқий айбдор шахс ёки шахсларни аниқлашга хизмат қилади.
Конституциянинг тўғридан-тўғри амал қилиши ва мамлакатнинг бутун ҳудудида қўлланилиши ҳуқуқий давлатнинг муҳим ва асосий шартларидан биридир.
Шу боис янги таҳрирдаги Конституциянинг 15-моддасида “Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси мамлакатнинг бутун ҳудудида олий юридик кучга эга, тўғридан-тўғри амал қилади ва ягона ҳуқуқий маконнинг асосини ташкил этади”, деган норма белгиланди.
Умуман олганда янги таҳрирдаги Конституциямизга киритилган мазкур нормалар тўғридан-тўғри амал қилувчи қоидалар бўлиб, тергов ва суд жараёнида фақат ишончли ва қонуний далиллардан фойдаланишни таъминлайди ҳамда натижада фуқароларимизни асоссиз ва қонунга хилоф жиноий таъқибдан ҳимоя қилади, тергов органлари томонидан жиноятда айбланаётган шахсларнинг ҳуқуқлари бузилишининг олдини олади.
Машҳура Байбекова,
Тошкент туманлараро иқтисодий судининг судьяси
КАДРЛАР САЛОҲИЯТИНИ ОШИРИШ ЙЎЛИДАГИ ЯНГИ ҚАДАМЛАР
Шу жараённи давом эттирувчи муҳим қадам сифатида, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025 йил 24 ноябрдаги “Судьялар ҳамжамияти органлари фаолиятининг самарадорлиги ва очиқлигини ошириш ҳамда суд мустақиллиги кафолатларини янада кучайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонини айтиб ўтиш жоиз. Ушбу фармон судлар ҳамжамияти органлари фаолиятини янада самарали ва шаффоф қилиш, суд мустақиллиги кафолатларини мустаҳкамлашга қаратилган янги чора-тадбирларни ўз ичига олади.
Фармонда суд ҳокимиятининг ҳақиқий мустақиллигини таъминлаш ҳамда судьялар ҳамжамияти органлари фаолиятининг замонавий талабларга мос равишда ташкил этишга қаратилган бир қатор устувор йўналишлар белгилаб берилган. Биринчи навбатда, судьялар ҳамжамияти органларида судьяларнинг ўзини-ўзи бошқариш тамойилини мустаҳкамлаш ва суд мустақиллигига оид илғор халқаро стандартларни жорий этиш вазифаси қўйилган. Бу, аввало, суд органларининг ички бошқарувида жамоатчилик ишончи ва очиқликни кучайтириб, қарорлар қабул қилиш жараёни холис бўлишини таъминлайди.
Иккинчидан, судьялар корпусини шакллантириш тизимини такомиллаштиришга алоҳида эътибор қаратилган. Яъни, судьялик лавозимларига танлов асосида, белгиланган малака ва касбий тажриба талабларига мувофиқ равишда тайинлаш амалиётини кенгайтириш кўзда тутилган. Бу эса судьялар жамиятининг ролини ошириб, масъулиятни янада аниқ белгилашга хизмат қилади.
Учинчи йўналиш судьялар ҳамжамияти органлари фаолиятида шаффофлик ва очиқликни таъминлаш. Фармонга кўра, судьяликка номзодларни саралаш ва тайинлаш жараёнларига оид барча муҳим маълумотлар очиқ эълон қилиб борилиши, рақамли технологиялар орқали назорат механизмларини кучайтириш белгиланмоқда. Бу жамоатчилик ишончини ошириш билан бирга, коррупция хавфини камайтиришда ҳам муҳим аҳамиятга эга. Яна бир муҳим устуворлик суд тизимида гендер тенгликни таъминлаш ҳисобланади. Аёл судьялар улушини камида 30 фоизга етказиш, уларнинг ҳуқуқий ва касбий салоҳиятини қўллаб-қувватлаш, рағбатлантирувчи механизмларни жорий этиш назарда тутилган. Бу нафақат ҳуқуқий адолатни таъминлаш, балки суд тизимида барқарор ва инклюзив кадр сиёсати юритишга хизмат қилади.
Ушбу йўналишлар шуни кўрсатиб турибдики, фармонда суд мустақиллиги масаласи кенг қамровда кўриб чиқилган ҳамда жамоатчилик, очиқлик ва инновациялар орқали суд тизимини такомиллаштиришга катта эътибор қаратилади.
Судьялик лавозимларга номзодлар танлашда очиқ танлов жорий этилади. Масалан, туманлараро, туман ва шаҳар судлари раиси ва ўринбосарлари лавозимларига номзодлар аниқ танланган мезонларга кўра очиқ танлов орқали танланади. Бу адолатли рақобатни ва шаффофликни таъминлайди.
Судьяларнинг касбий фаолиятини баҳолашда ҳудди халқаро стандартларда белгиланган ҳалоллик, касбий лаёқат ва судялик одобига риоя қилиш каби йўналишларни аниқ мезонлар билан ҳуқуқий жиҳатдан тартибга солиш назарда тутилган. Бунда баҳолашни адолатли ва ошкора қилиш учун аниқ ҳуқуқий асослар яратилади.
Ушбу чора-тадбирлар судьяларнинг фаолиятини мустақил ва шаффоф ташкил этишга, суд органларининг ичкарисидан ҳокимиятлар аралашувини чеклашга қаратилган.
Шу билан бирга, Кенгаш ахборот тизими “Рақамли ҳукумат” платформасига уланиб, номзодлар ҳақидаги маълумотларни электрон равишда йиғиш ва текшириш жараёнлари соддалаштирилади. Судьялар фаолиятини баҳолашда сунъий интеллект технологияларини жорий этиш эса қарорлар сифати, иш юритиш тезлиги ва фуқароларнинг қониқиш даражасини объектив таҳлил қилиш имконини яратади.
Номзодлар ва амалдаги судьяларнинг касбий-психологик мослигини баҳоловчи электрон тестлаш тизимлари ҳам модернизация қилинади. Шунингдек, Кенгаш мажлисларида рақамли ёпиқ овоз бериш тизими жорий қилиниб, қарорларнинг адолатли ва аниқ қабул қилинишига замин яратилади. Амалга оширилаётган ислоҳотларни самарали ижро этиш мақсадида қўшимча штатлар ажратилиб, Кенгашнинг бошқарув салоҳияти мустаҳкамланди.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг мазкур фармони Ўзбекистонда суд тизими мустақиллигини мустаҳкамлаш ва адолатни таъминлаш борасида амалга оширилаётган кенг қамровли ислоҳотлар жамиятдаги ишончни ошириш ва ҳуқуқий барқарорликни таъминлашга хизмат қилади. Судьялар ҳамжамияти органларининг фаолиятини шаффоф ва рақамлаштирилган тизим орқали такомиллаштириш, гендер тенглигини таъминлаш ҳамда илмий салоҳиятга эга кадрларни жалб қилиш суд қарорларининг сифати ва суд тизимининг профессионал даражасини оширади. Шунингдек, илмий салоҳиятга эга кадрларга эътибор қаратиш, аёл судьялар салмоғини ошириш ва рақамли технологиялар орқали шаффофликни таъминлашнинг аҳамиятини очиб беради.
Шу тариқа, амалга оширилаётган чора-тадбирлар Ўзбекистон суд тизимини замон талабларига мослаштириш, адолатни таъминлаш ва фуқароларнинг қонуний ҳақ-ҳуқуқларини самарали ҳимоя қилиш йўлида муҳим дастуриламал бўлади.
Шаҳноза Зайниева,
фуқаролик ишлари бўйича
Учтепа туманлараро судининг судьяси






