Қидирув:

ФУҚАРОЛИК СУДЛАРИГА МУРОЖААТ ҚИЛИШ ТАРТИБЛАРИ

Фуқароларнинг ўз ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилишда судга мурожаат қилиш муҳим конституциявий кафолат ҳисобланади.

Фуқаролик судларига мурожаат қилиш тартиби қонунчилик билан белгилаб қўйилган бўлиб, ҳар бир шахс ушбу тартибни билиши ўз ҳуқуқларини самарали ҳимоя қилиш имконини беради.

  Судга мурожаат қилиш ҳуқуқи

Ҳар бир фуқаро, шунингдек юридик шахслар ҳам бузилган ёки баҳсли ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини тиклаш мақсадида судга мурожаат қилиш ҳуқуқига эга.

Судга мурожаат қилиш — бу ихтиёрий ҳуқуқ бўлиб, ҳеч ким шахсни мажбурлаб судга олиб бора олмайди. Бироқ ҳуқуқ бузилган ҳолларда суд орқали ҳимоя энг таъсирчан восита ҳисобланади.

Қайси ҳолларда фуқаролик судига мурожаат қилинади?

Фуқаролик судлари одатда қуйидаги тоифадаги ишлар бўйича низоларни кўриб чиқади:

мулкий низолар (қарз ундириш, мулкни бўлиш ва ҳ.к.);

оилавий муносабатлар (никоҳдан ажратиш, алимент ундириш, бола тарбияси);

меҳнат низолари;

мерос масалалари;

турар жой билан боғлиқ масалалар;

шаън, қадр-қиммат ва ишчанлик обрўсини ҳимоя қилиш билан боғлиқ ишлар ва хаказо.

Ариза бериш тартиби

Судга мурожаат қилиш асосан даъво аризаси шаклида, буйруқ тартибида иш юритиш бўйича, шунингдек, алоҳида тартибда юритиладиган ишлар бўйича эса ариза шаклида амалга оширилади.

Мурожаат ва унга илова қилинадиган ҳужжатлар судга электрон ҳужжат тарзида юборилиши мумкин.

Аризада қуйидагилар кўрсатилиши керак:

–  ариза берилаётган суднинг номи;

–  даъвогар ва жавобгар ҳақида маълумотлар (Ф.И.Ш., манзил)

–  даъвогарнинг талаблари

– даъвогар ўз талабига асос қилиб кўрсатаётган ҳолатлар ва даъвогар томонидан баён қилинган ҳолатларни тасдиқловчи далиллар;

– жавобгар билан низони судгача ҳал қилиш тартибига риоя этилганлиги тўғрисидаги маълумотлар, башарти бу қонунда ёки шартномада назарда тутилган бўлса;

– аризага илова қилинаётган ҳужжатларнинг рўйхати

– имзо ва сана

Аризага далиллар, шартномалар, квитанциялар, гувоҳнома нусхалари каби ҳужжатлар илова қилинади.

Кўп ҳолларда судга мурожаат қилишда давлат божи тўланади. Унинг миқдори иш турига ва даъво суммасига боғлиқ бўлади.

Айрим тоифадаги шахслар ёки ишлар давлат божидан озод қилиниши мумкин.

Муддат масаласи

Қонунчиликда даъво муддати тушунчаси мавжуд. Бу — ҳуқуқ бузилган пайтдан бошлаб судга мурожаат қилиш мумкин бўлган белгиланган вақт оралиғи ҳисобланади.

Умумий даъво муддати уч йилни ташкил қилади, аммо айрим турдаги талаблар учун қонунчиликда умумий даъво муддатига қараганда қисқартирилган ёки узайтирилган махсус даъво муддатлари белгиланиши мумкин.

Суд жараёни

Ариза қабул қилингач, суд ишни кўриб чиқиш учун тайинлайди.

Жараёнда томонлар ўз далилларини келтиради, гувоҳлар сўралади, ҳужжатлар ўрганилади. Суд барча ҳолатларни холисона баҳолаб қарор қабул қилади.

Тарафлар ва ишда иштирок этишга жалб қилинган бошқа шахслар, шунингдек ишда иштирок этишга жалб қилинмаган, аммо ҳуқуқ ва мажбуриятлари ҳақидаги масала суд томонидан ҳал этилган шахслар суднинг ҳал қилув қарори, ажрими, қарори устидан апелляция ёки кассация тартибида шикоят қилиши мумкин.

Хулоса

Фуқаролик судларига мурожаат қилиш — ҳуқуқий давлатнинг муҳим белгиларидан бири бўлиб, шахснинг ўз ҳуқуқларини қонуний йўл билан ҳимоя қилиш имкониятини таъминлайди.

Тўғри тайёрланган даъво аризаси, далиллар базаси ва белгиланган муддатларга риоя қилиш суд орқали адолатга эришишда ҳал қилувчи аҳамиятга эга.

Судга мурожаат қилишдан олдин ҳуқуқий маслаҳат олиш эса ишнинг самарадорлигини янада оширади.

Мақсуд Хажиев,

фуқаролик ишлари бўйича Миробод туманлараро

суди раисининг ўринбосари                       

 КЕЛАЖАК ОЛДИДАГИ МАСЪУЛИЯТ

Бугунги “ахборот асри”да интернет ҳаётнинг ажралмас қисмига айлангани мутлақо табиий. Бу катта имкониятлар ҳавола этиши билан бирга оғриқли муаммоларни ҳам юзага келтираётгани рост. Ахборот технологияларининг мислсиз ривожи жиноят қонунчилигига “рақамли жиноятлар” тушунчасини олиб кирди.

Рақамли (кибер) жиноятлар — ахборот технологиялари воситасида содир этиладиган ғайриқонуний ҳаракатлар бўлиб, асосан, компьютер тизимларига ноқонуний кириш, фирибгарлик, маълумотларни ўғирлаш ва кибертаҳдидларни ўз ичига олади. Улар ахборот хавфсизлигига, шахсий маълумотларга ва молиявий тизимларга зарар етказади.

Ўзбекистон Республикаси қонунчилигида, хусусан, Жиноят кодексида бундай жиноятлар учун жавобгарлик белгиланган ва уларни тергов қилишда рақамли далиллардан фойдаланиш тартиблари мустаҳкамланган.

Масаланинг оғриқли жойи шундаки, ёшлар томонидан содир этилаётган рақамли жиноятлар сонини оз деб бўлмайди. Телекоммуникация тармоқларидан, шунингдек Интернет бутунжаҳон ахборот тармоғидан фойдаланиб, шахсни қўрқитиш (103-модда), туҳмат (139-модда), ҳақорат қилиш (140-модда), фирибгарлик (168-модда), ўғрилик (169-модда), рақобатчини обрўсизлантириш (192-модда),  жамоат хавфсизлиги ва жамоат тартибига таҳдид соладиган материалларни тайёрлаш, сақлаш, тарқатиш (2441-модда), гиёҳвандли (273-модда), қимор ва таваккалчиликка асосланган бошқа ўйинларни ташкил этиш (278-модда) билан боғлиқ жиноятлар айнан ёшлар томонидан содир этилаётгани амалиётда кўплаб учрамоқда.

Вояга етмаганлар томонидан содир этиладиган рақамли жиноятлар, асосан, киберфирибгарлик, ижтимоий тармоқлардаги таъқиб (кибербуллинг), шахсий маълумотларни ўғирлаш ва тақиқланган контентни тарқатиш билан боғлиқ. Статистик маълумотларга кўра, Ўзбекистонда 2025 йилда юзлаб жиноятлар ахборот технологиялари ёрдамида содир этилган. Бу турдаги ҳуқуқбузарликлар кўпинча ўсмирларнинг интернет хавфсизлиги қоидаларини билмаслиги ёки енгил даромад орттириш иштиёқидан келиб чиқади.

Маълум бўлишича, ўтган йилда республикада вояга етмаганлар 3 266 та жиноятга қўл урган. Бу жами жиноятларнинг 2,1 фоизини ташкил этган. Шундан 2 554 таси олдини олиш мумкин бўлган, 321 таси аниқланган, 391 таси ахборот технологиялари ёрдамида содир этилган жиноятлардир.

Вояга етмаганлар томонидан амалга ошириладиган асосий рақамли жиноятлар:

киберфирибгарлик: Онлайн савдо платформаларида (Telegram, OLX) қалбаки эълонлар бериш, олдиндан тўлов олиб, товарни жўнатмасли;

ўғирлик: ижтимоий муҳандислик усуллари билан фойдаланувчиларнинг пластик карта маълумотларини (SMS кодлар, CVV код) алдов йўли билан қўлга киритиш;

кибербуллинг ва шантаж: ижтимоий тармоқларда тенгдошларини ҳақорат қилиш, таҳдид қилиш ёки шахсий расм/видеоларини тарқатиш билан қўрқитиш;

шахсий аккаунтларни бузиш: дўстлари ёки танишларининг ижтимоий тармоқ (Instagram, Telegram) аккаунтларини паролларни териш ёки фишинг ҳаволалар орқали бузиб кириш;

тақиқланган контент тарқатиш: зўравонлик, порнография ёки экстремистик мазмундаги материалларни тарқатиш.

Ушбу жиноятларнинг кўпайишига профилактика чораларининг етишмаслиги ва рақамли саводхонликнинг пастлиги сабаб бўлади, бироқ сўнгги пайтларда давлат дастурлари орқали бу борада чоралар кўрилмоқда.

Шу ўринда хорижий давлатларда вояга етмаганлар томонидан содир этиладиган рақамли жиноятларни таҳлил қиладиган бўладиган бўлсак, булар – кибербуллинг ва таъқиб (тенгдошларини ижтимоий тармоқлар орқали ҳақорат қилиш, таҳдид солиш ёки шармандали маълумотларни тарқатиш), фишинг ва аккаунтларни ўғирлаш (фирибгарлик йўли билан ўйин аккаунтлари, ижтимоий тармоқ профиллари ёки банк маълумотларини қўлга киритиш), ҳакерлик ва киберҳужумлар, сохта товарлар сотиш ёки қалбаки совринлар ваъда қилиш орқали пул ишлаш каби қилмишлар ҳисобланади.

Бу турдаги ҳуқуқбузарликлар кўпинча ўсмирларнинг техникага қизиқиши, жавобгарликни ҳис қилмаслиги ёки анонимлик ортида қолиш истаги билан боғлиқ. Бу жиноятларга қарши курашишда хориж тажрибасида ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ва таълим муассасалари ҳамкорлигида рақамли саводхонликни оширишга урғу берилади.

Хулоса ўрнида айтадиган бўлсак, вояга етмаганлар жиноятчилиги муаммоси нафақат ҳуқуқий,балки ижтимоий, педагогик, психологик ва виктимологик жиҳатлар билан ҳам узвийбоғлиқ бўлиб, унинг олдини олиш самарадорлиги давлат, жамоатчилик ва таълим муассасалари ўртасидаги ҳамкорлик даражасига бевосита боғлиқдир.

Дилбар Чориева,

жиноят ишлари бўйича

Сирғали тумани суди судьяси

ПОЙТАХТ СУДИДА “ОЧИҚ ЭШИКЛАР КУНИ” 

Тошкент шаҳар судида Мирзо Улуғбек номидаги Миллий университет ва Тошкент давлат транспорт университети билан ҳамкорлик йўлга  қўйилиб, ҳар икки олий ўқув юрти билан меморандум имзолангани хабари берилганди.

Бугун ҳамкорликнинг илк нишонаси сифатида мазкур олий ўқув юртларнинг  психология ва халқаро оммавий ҳуқуқ йўналишлари бўйича таҳсил олаётган талабалари учун “Очиқ эшиклар куни” ташкил этилди.

Пойтахт судининг фуқаролик ишлари бўйича судлов ҳайъатида бўлиб ўтган  тадбир давра суҳбати билан бошланди. Унда оммавий-ҳуқуқий низо турлари, судамалиёти  ҳақида атрофлича маълумот берилди. Суд процессида психолог талаб этиладиган ишлар тоифаси, бундай ишларнинг судда кўриб чиқилишининг хос хусусиятларига  алоҳида эътибор қаратилди.

Жонли мулоқотда кейинги йилларда фуқаролик ҳуқуқига доир қонун ҳужжатларига киритилган ўзгартириш ва қўшимчалар, жорий этилаётган янги тартиблар ва уларнинг ҳуқуқий асослари, суд процессида масофадан иштирок этиш имкониятлари ҳақида ҳам сўз юритилди. Яратилган имкониятлар билан жойида таништирилди.

Якунда бундай амалий учрашувлар талабаларнинг назарий билимларини мустаҳкамлаш ва касбий йўналишни аниқ белгилашда муҳим аҳамият касб этиши алоҳида қайд этиб ўтилди.

ТАДБИР ЁДГА ТУШИРГАН НАҚЛ: БОШИДАН ЎТКАЗГАН ТАБИБ

Бугунги анъанавий “Маърифат соати” мавзусидан келиб чиқилса, соҳанинг яхши мутахассиси таклиф этилиши мумкин эди. Чунки, “Стресс ва стрессни келтириб чиқарувчи ҳолатларни бошқариш” ҳақида  тиббиёт заҳматкашлари гапиргани маъқулдай кўринади. Бироқ  ўзгача йўл тутилди. Ташаббусни Тошкент шаҳар судининг жиноят ишлари бўйича судьяси Ориф Қиличев (ҳужжатда “Қличев”) қўлга олди.

Ажабланарлими? Йўқ!

 Негаки, судьялик секин айтиладиган лавозим эмас. Ушбу лавозим эгаси фаолияти давомида озмунча зўриқишларни бошдан ўтказмайди (инсон тақдири билан боғлиқ  фаолият осон эканми?!). Ҳали қирққа кирмаган аксарият судьяларнинг сочига қиров қўниши бежиз эмас.

Иккинчидан, маълум тоифадаги жиноятлар кучли стресс оқибати экани маълум. Бундай ишларни кўриб чиқишда судья нафақат судланувчи хатти-ҳаракатларига ҳуқуқий баҳо беради, балки жиноят содир этган пайтдаги руҳий ҳолати, бунинг сабабларини ҳам ўрганади: мана, амалий психология.

Кўряпсизки, судьянинг  жисмоний ва руҳий зўриқиш мавзусида ҳамкасблари ҳузурида чиқиш қилишининг ажабланадиган жойи йўқ. Бошидан ўтказган табиб, деган гап шунчаки ўйлаб топилмаган. Шу боис нотиқ шахсий тажрибалари мисолида тавсиялар берди, дардга малҳамни фақат укол-у таблеткадан эмас, жисмоний ҳаракатлардан қидириш самаралироқ эканини таъкидлади.

Шунингдек, бадиий китоб мутолааси аҳамияти ҳам эслатиб ўтилди. Негаки, бадииятда инсоннинг ички кечинмаларига эътибор қаратилади. Шу учун ҳам адиблар “инсон руҳияти муҳандиси” дея таърифланади. Яхши асар мутолаасидан руҳий хотиржамлик топиш мумкинлигини биласиз-ку, китоб ўқиб, ҳис этгансиз-ку?!

СОЛИҚ НИЗОЛАРИНИ КЎРИБ ЧИҚИШ: ЯПОНИЯ АМАЛИЁТИ

«Кунчиқар юрт» – бу одатда  Япония мамлакатига нисбатан ишлатиладиган ибора. Ушбу ном Япониянинг географик жиҳатдан энг шарқда, яъни қуёш биринчи бўлиб чиқадиган ҳудудда жойлашгани билан боғлиқ. Япония технологик ривожланган, бой маданият ва ўзига хос урф-одатларга эга давлат ҳисобланади.

Шунингдек, ўзига хос суд тизимига эга.

2025 йил якунида ушбу юрт сафарида бўлиш, Токио шаҳар суди тажрибаси, тўғрироғи, судда маъмурий шикоятларни кўриб чиқиш амалиёти билан танишиш насиб этди.

Японияда суд тизими ягона бўлиб, йўналишлар ҳайъатлар асосида ажратилган. Яъниким, фуқаролик ишларини кўриб чиқувчи ҳайъат, маъмурий ишларни кўриб чиқувчи ҳайъат ва ҳоказо…

Мансабдор шахсларининг қарорлари ёки ҳаракатидан (ёки ҳаракатсизлигидан) норози бўлган шахслар маъмурий шикоят билан судга  мурожаат қилиши мумкин. Агар  қонунчиликда маъмурий шикоят судга қадар мажбурий тарзда маъмурий органда кўриб чиқилиши белгиланган бўлса, у ҳолда судга тўғридан-тўғри мурожаат қилишга рухсат этилмайди.

 Маъмурий шикоятлар судья томонидан якка тартибда, аппеляция ва кассация шикоятлари эса коллегиал тартибда кўриб чиқилади. Тартиб шундай: иш, дастлаб, суд девонхонаси орқали кирим қилинади. Ҳужжатларда камчилик ва муаммолар бўлса, девонхона ходими кўмагида ҳал этилади. Сўнг судьялар ўртасида электрон тарзда тақсимланади.

Япония қонунчилигида судда маъмурий ишларни кўриб чиқишнинг максимал муддатлари белгиланмаган. Шу боис ишлар бир йилга қадар кўриб чиқилиши мумкин. Шунингдек, қонунда судларга даъво киритиш муддати белгиланган бўлиб, бундай шикоятлар маъмурий акт кучга киргандан сўнг бир йил ичида берилиши мумкин. Агар  муддат узрли сабабларга кўра ўтказиб юборилган бўлса, муддат тикланиши ҳам қонунчиликда тартибга солинган.

Маъмурий шикоятларни кўриб чиқиш жараёнида тарафларни эшитиш, дастлабки ҳимоя чораларини қўллаши, эксперт, гувоҳ ва бошқа шахсларни жалб қилишнинг процессуал тартиблари ҳам қонунда белгилаб қўйилган. Масалан, Японияда жавобгар шахс сифатида маъмурий актни қабул қилган маъмурий орган билан биргаликда давлат номидан прокурор жалб этилади. Яъни маъмурий шикоятлар прокурорлар томонидан ўрганилиб, судга ўз хулосасини тақдим қилади. Қабул қилинган суд қарори ҳам ижро учун  прокуратурага юборилади. Суд қарорларнинг мажбурий ижросини таъминлайдиган алоҳида орган мавжуд эмас.

Судларда энг кўп кўриладиган солиқ низолари бўлиб, ишлар солиқ соҳасида фаолият юритадиган мутахассислар билан кўриб чиқди.  Токио ва Осака шаҳар судларида 2 нафар (1 нафари Солиқ қўмитасидан, 1 нафари Солиқ маслаҳатчилари палатасидан) шундай мутахассис фаолият юритади. Улар 2 йил муддатга хизмат сафарига юборилган бўлиб, маоши суд томонидан молиялаштирилади.

Ушбу мутахассислар барча солиқ низолари бўйича судья томонидан берилган топшириққа асосан хулоса тайёрлайди. Жумладан, мазкур тоифадаги низолар бўйича суд амалиётини ўрганади, хулосани фақат маърузачи судьяга тақдим этади. Унинг хулосаси иш ҳужжатларига қўшилмайди. Юқори турувчи инстанция судлари ҳам ушбу хулоса билан танишишга имконият яратилмаган, балки улар ўша мутахассис хизматидан қайтадан фойдаланишлари мумкин. Мутахассислар суд мажлисларида иштирок эшитмайди.

Ўзбекистон Республикаси Маъмурий судларида ҳам солиққа оид низолар сони оз эмас. Қўшимча ҳисобланган солиқ ва жарималар миқдори катта экани, судьялар эса ушбу соҳа мутахассиси эмаслиги боис Япония амалиётини маъмурий судларда жорий этиш, менимча, фойдадан ҳоли бўлмайди.

Дилмурод Каримов,

Олий суд судьяси

 ОЧИҚ МУЛОҚОТ ВА САЙЁР ҚАБУЛ АҲАМИЯТИ: НАТИЖАЛАР КУТТИРАЁТГАНИ ЙЎҚ

Учтепа туманидаги “Шарқ юлдузи”, “Иқбол” ва “Нишабариқ” маҳалла фуқаролар йиғинлари аҳолиси билан  сайёр учрашувлар ўтказилди, фаоллар билан очиқ мулоқотлар қилдик. Бўлиб ўтган учрашув-мулоқотларда қандай мавзулар кўтарилгани, улар юзасидан билдирилган таклиф ва тавсиялар баёнига ҳожат йўқ. Зеро, судья билан ўтган мулоқотда қандай мавзулар кўтарилиши шундоғам маълум.

Ҳозир гап бундай тадбирлар аҳамияти ва самарасида.

Жамиятда ҳуқуқий онг маданият шаклланишида суд ҳокимияти ва аҳоли ўртасидаги узвий алоқалар аҳамияти кам эмас. «Менинг маҳаллам — менинг судьям» лойиҳаси мақсадларидан бири ҳам шунда.Чунки, судья фақат ишни кўриб чиқувчи процессуал шахс эмас, балки жамиятда ҳуқуқий маданиятни шакллантирувчи муҳим субъект ҳамдир.

 Демак, бундай мулоқотлар аҳолининг ҳуқуқий билимларини ошириш билан бирга, суд ҳокимиятига нисбатан ишончи мустаҳкамланишига хизмат қилади. Бу жараёнда маҳалла институти муҳим ижтимоий ҳамкор сифатида намоён бўлмоқда.

 Сайёр қабуллар фуқароларнинг одил судловга бўлган конституциявий ҳуқуқини таъминлашнинг амалий механизмига айланмоқда. Чунки, айни жараёнда фуқароларнинг мурожаатлари қабул қилинади, процессуал тартиблар тушунтирилади, энг муҳими, айрим низолар бўйича медиация имкониятлари ҳақида маълумот берилади. Ҳуқуқий хабардорлик эса қонун устуворлиги таъминланиш омиллари сирасига киради.

Аҳоли билан мулоқотлар судлар фаолиятида очиқ ва шаффофликни таъминлаш билан бирга  муаммоларини жойида ўрганиш имкониятини бермоқда.

Маҳалла — жамоатчилик фикри шаклланадиган муҳим ижтимоий макондир. Шу маънода “Менинг маҳаллам — менинг судьям” ибораси чуқур ижтимоий-ҳуқуқий мазмун касб этади. Шу боис ҳам мазкур лойиҳада жиноят ва ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олиш, шунингдек, судларни халққа янада яқинлаштиришда фуқароларнинг ўзини ўзини бошқариш органлари имкониятидан самарали фойдаланиш назарда тутилган.

Ушбу лойиҳа адолат фақат суд залида  эмас, жойлардаги очиқ мулоқот ва сайёр қабулларда ҳам қарор топишига сабаб бўлмоқда.

Суҳроб Юлдашев,

Тошкент туманлараро маъмурий судининг раиси

СУД АЙБЛОВНИ ЕНГИЛЛАШТИРДИ –

 ЧУНКИ, ҚОНУН ШУНИ ТАҚАЗО ЭТАДИ

Бу ҳақда фикр юритганда, аввало, рўй берган воқеа тафсилотига эътибор қаратиш жоиз. Маълум бўлишича, С.Эрмаматов таниши Л.Отажанованинг бошқа шахслар билан гап­лашиб юрганидан хабар топгач, рашк туфайли 2025 йил 8 январь куни соат 21ларда Яшнобод тумани, Авиасозлар 3 даҳасида жойлашган “Лор 24/7” номли клиника биносида жанжаллашган. Натижада у Л.Отажановага енгил шикаст етказган.

Бу ҳолатни республика Суд тиббий илмий амалий маркази экспертининг хулосаси ҳам тасдиқлайди.

Бироқ дастлабки тергов органи томонидан судланувчи С.Эрмаматовнинг ҳаракатлари Жиноят кодексининг 164-моддаси 2-қисми “а” банди билан нотўғри квалификация қилинади.

Шу ўринда қайд этиш керакки, Жиноят процессуал кодексининг 22-моддасида суриштирувчи, терговчи, прокурор ва суд жиноят юз берганлигини, унинг содир этилишида ким айбдорлигини, шунингдек, у билан боғлиқ барча ҳолатларни аниқлаши шартлиги, иш бўйича исботланиши лозим бўлган барча ҳолатлар синчковлик билан, ҳар томонлама, тўлиқ ва холисона текшириб чиқилиши, ишда юзага келадиган ҳар қандай масалани ҳал қилишда судланувчини ҳам фош қиладиган, ҳам оқлайдиган, шунингдек, унинг жавобгарлигини ҳам енгиллаштирадиган, ҳам оғирлаштирадиган ҳолатлар аниқланиши ва ҳисобга олиниши лозимлиги белгиланган.

Жиноят процессуал кодексининг 26-моддасига мувофиқ, жиноят ишини мазмунан кўриб чиқаётган суд далилларни бевосита текшириши, гумон қилинувчи, айбланувчи, судланувчи, жабрланувчи ва гувоҳларни сўроқ қилиши, фақат суд мажлисида текширилган далилларга асосланиб ҳукм чиқариши шартлиги қайд этилган.

Бундан ташқари Жиноят кодексининг 164-моддасида босқинчилик, яъни ўзганинг мол-мулкини талон-торож қилиш мақсадида, унга ҳужум қилиб, ҳаёти ёки соғлиғи учун хавфли бўлган зўрлик ишлатиб ёхуд шундай зўрлик ишлатиш билан қўрқитиб, содир этилганлик ҳолати юзасидан жавобгарлик белгиланган.

Қонун мазмунига кўра, объектив томондан, босқинчилик ўзганинг мол-мулкини талон-торож қилиш мақсадида, шу мулкнинг эгалланишига қаршилик кўрсатган шахснинг ҳаёти ёки соғлиғи учун хавфли бўлган жисмоний зўрлик ишлатиш ёхуд шундай зўрлик ишлатиш билан қўрқитиб, ҳужум қилишда ифодаланади. Шунга кўра, босқинчиликнинг моҳияти айбдорнинг ўзганинг мол-мулкини жабрланувчига зўрлик ишлатиб эгаллашида ифодаланади.

Бундай жиноят таркибида ўзганинг мол-мулкини эгаллашга йўналтирилган ҳаракат асосий аҳамият касб этади, ўзга шахсга тажовуз қилиш ўзганинг мол-мулкини эгаллаш воситаси сифатида ифодаланади.

Энди юқорида баён этилган воқеага қайтсак, суд мажлисида аниқланган ва иш ҳужжатлари билан тасдиқланган ҳолатларга кўра, С.Эрмаматов таниши Л.Отажонованинг бошқа шахслар билан ўзаро гаплашиб юрганидан хабар топгач, 2025 йил 8 январь куни соат 21 ларда Яшнобод тумани, Авиасозлар 3-даҳасида у билан рашк туфайли ўзаро жанжаллашиб, уни бир неча маротаба урган ва қасддан соғлиғининг қисқа вақт, яъни олти кундан ортиқ, аммо йигирма бир кундан кўп бўлмаган муддатга ёмонлашувига сабаб бўлган енгил шикаст етказган.

Бундай қилмиш учун Жиноят кодексининг 109-моддасида жавобгарлик белгиланган.

Аниқроқ айтганда, қонун талабига кўра, агар айбдорнинг ҳаракатлари жабрланувчи баданига енгил шикаст етказиб, унинг соғлиғини қисқа муддатга ишдан чиқарса ёки меҳнат қобилия­тининг унча узоқ бўлмаган муддатга йўқотилишига олиб келса, айбдорнинг ҳаракатлари айнан Жиноят кодексининг 109-моддаси 2-қисми билан малакаланади.

Аммо дастлабки тергов органи томонидан С.Эрмаматовнинг босқинчилик жиноятини содир этишдаги айбини исботлайдиган далиллар тўлиқ текширилмаган, шунингдек, иш ҳужжатларида босқинчилик билан боғлиқ айбловни шубҳа остида қолдирадиган аниқ далиллар мавжуд бўлганлигини инобатга олмаган, тергов ҳаракатлари нохолис равишда фақат босқинчилик жиноятини содир этишда айблаш йўналишида олиб борилиб, мавжуд ҳолатларни тўлиқ, ҳар томонлама ва холисона ўрганиш, шунингдек, аниқ ҳуқуқий баҳо бериш чоралари кўрилмаган.

Иш ҳолатига кўра, С.Эрмаматовнинг жабрланувчи Л.Отажоновага тегишли пул маблағи ёки бошқа мол-мулкини талон-торож қилиш мақсадида ҳужум қилганлигини, жабрланувчи ушбу мол-мулки эгалланишига қаршилик кўрсатганлигини тасдиқловчи ҳолатлар мавжуд эмас.

Аслида ҳам С.Эрмаматовнинг мақсади жабрланувчи Л.Отажонованинг мол-мулкини талон-торож қилиш эмас, балки рашки туфайли келиб чиққан жанжалда унга енгил тан жароҳати етказган.

Бундан ташқари бу воқеа 2025 йил 8 январь куни содир этилган бўлса-да, жабрланувчи Л.Отажонова судланувчи С.Эрмаматов билан бир ҳафта давомида ўзаро яхши муносабатда бўлган.

Шунингдек, воқеа содир бўлган куни судланувчи С.Эрмаматов клиникадан чиқиб кетгач, бироздан сўнг қайтиб келиб эшикни тақиллатгани, Л.Отажонова эшикни очмаганида унинг дугонаси Ильмирага ўзи қўнғироқ қилиб чақиргани С.Эрмаматов босқинчилик жиноятини содир қилиш мақсади бўлмаганини тасдиқлайди.

Юқорида баён этилган ҳолатлар дастлабки терговни юритишда жиддий камчилик­ларга йўл қўйилгани, ҳақиқий иш ҳолати етарли даражада текширилмагани ва ҳақиқатни аниқлаш тамойиллари бузилганини кўрсатади.

Ўз навбатида, суд келтирилган асосларга кўра, судланувчи С.Эрмаматовнинг ҳа­­ракатларида ўзганинг мол-мулкини талон-торож қилиш мақсадида шахснинг ҳаёти ёки соғлиғи учун хавфли бўлган зўрлик ишлатиш ёхуд шундай зўрлик ишлатиш билан қўрқитиб ҳужум қилиш мавжуд эмас, деб ҳисоблади. Қонун талабларидан келиб чиқиб, қасддан баданга енгил шикаст етказганликда ифодаланган ҳаракатларини Жиноят кодексининг 164-моддаси 2-қисми “а” бандидан 109-моддаси 2-қисми “в” бандига қайта малакалашни лозим топди ва икки йил муддатга озодликни чеклаш жазоси тайинлади.

Хулоса қилиб айтганда, мамлакатимизда ҳар бир фуқаро — қонун ҳимоясида. Шундай экан, кимнингдир ҳаётида қонунбузилиши ҳолати содир бўлган тақдирда ҳам, унинг қилмишини адолатли баҳолаш вазифаси одил судлов зиммасидадир.

Жасурбек УБАЙДУЛЛАЕВ,

жиноят ишлари бўйича

Яшнобод тумани

суди судьяси

(Манба: “Куч – Адолатда” газетаси, 2026 йил, 13 февраль, 6-сон)

САВОЛЛАРГА АНИҚ ЖАВОБЛАР – ПРОФИЛАКТИКА ИНСПЕКТОРЛАРИ БИЛАН КЕНГАШИБ ОЛИНМОҚДА

Мазкур тадбирни “ўқув-семинар”дан кўра, очиқ (ўрни келса, бироз аччиқ) мулоқот дейиш тўғрироқдир балки?! Негаки, уларда, асосан, муаммолар кўтарилди, камчиликлар айтилиб, уларни бартараф этишнинг ҳуқуқий тартиблари ҳақида сўз борди. Муаммо ва камчиликлар эса мамнуният билан айтилмайди.

Гап пойтахт судлари тергов судьялари иштирокида ўтаётган профилактика инспекторларининг ўқув-семинарлари ҳақида кетмоқда. Ўтган ҳафтада шундай тадбирлар бешта туманда (Яккасарой, Яшнобод, Мирзо Улуғбек, Чилонзор ва Миробод) ташкил этилди. Ва уларнинг барчасида  айтилдики, мамлакатимизда инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тизими “Инсон қадри учун” тамойили асосида янги босқичга кўтарилмоқда. Айни мақсадда суд ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар фаолиятида шахснинг ҳуқуқ ва эркинликлари ҳимояси кафолатлари янада кучайтирилмоқда. Бу жараёнда аҳолининг ҳуқуқни муҳофаза қилиш тизимига бўлган ишончини мустаҳкамлаш жуда муҳим эканига ортиқча таъкид шарт эмас.

Очиқ мулоқотларда маъмурий ҳуқуқбузарликка оид материалларни тайёрлаш, суд муҳокамасига киритиш ва кўриб чиқиш амалиёти танқидий таҳлил этилиб, иш сифатини янада оширишга доир масалалар муҳокама қилинди.

Хусусан, суд муҳокамасига тақдим этилаётган айрим маъмурий ҳуқуқбузарликка доир иш материалларида ҳолат тўлиқ ёритилмагани, далиллар етарли даражада эмаслиги, маълумотлардаги ноаниқликлар, процессуал муддатлар бузилиши каби камчиликлар аниқланмоқда. Уларни суд процессида бартараф этиш имконияти йўқлиги сабаб иш материалларининг қўшимча суриштирувга қайтарилиши ҳуқуқбузарликда гумонланаётганларнинг қонун билан қўриқланадиган ҳуқуқ ва манфаатларига таъсир қилиши керак эмас.

Маъмурий ҳуқуқбузарликка оид материалларни сифатли тайёрлаш ва ўз вақтида кўриб чиқиш — қонунийликни таъминлашнинг муҳим шартидир. Сифатли суриштирув ишлари эса суд қарори қонуний ва асосли бўлишида  муҳим аҳамият касб этади.

Жазодан мақсад – тарбия. Шу боис фақат жазо тайинлаш билан чекланиб қолмасликка очиқ мулоқотларда алоҳида эътибор қаратилмоқда. Жумладан, шахсни қонунга ҳурмат руҳида тарбиялаш, қайта ҳуқуқбузарлик содир этилишининг олдини олиш, маҳаллада тартиб-интизомни мустаҳкамлашда профилактик ишлар сифатини ошириш жуда муҳим ҳисобланади.

Тадбирда очиқ мулоқотлар мавсумий бўлиб қолмаслиги, бир хил ҳуқуқий ёндашув ва мунтазам таҳлил ўтказиб бориш мақсадга мувофиқ экани ҳам қайд этилди. Шунингдек, маъмурий иш юритиш самарадорлигини ошириш бўйича  таклифлар ўртага ташланди, қатор саволларга аниқ жавоблар берилди.

ЁЛҒОН ЧАҚИРУВ, ҲАҚОРАТ ҚИЛИШ, СУДГА ҲУРМАТСИЗЛИК – “Роҳат” МФЙда сайёр суд муҳокамалари бўлиб ўтди

Муҳокама аввалида маҳалла фаоллари билан мухтасар очиқ мулоқот ўтказилиб, жиноят ва ҳуқуқбузарликларга оид қонунчиликка киритилган ўзгартиш ва қўшимчалар хусусида тушунчалар берилди. Шунингдек, турли кўринишдаги қилмишларнинг барвақт олдини олиш, бунда наинки масъуллар, балки ҳар бир фуқаронинг бурч ва мажбуриятлари ҳақида ҳам алоҳида тўхталиб ўтилди.

Гап маъмурий ҳуқуқбузарликларнинг ҳуқуқий оқибатларига келганида  мисол излаб узоққа борилгани йўқ. Очиқ мулоқот сайёр суд муҳокамаларига уланиб кетди. Уларда махсус хизматларни қасддан алдаб чақириш, ички ишлар органлари ходимининг қонуний талабларини бажармаслик, майда безорилик, шахсни ҳақорат қилиш ва судга ҳурматсизлик ифодаланган маъмурий ҳуқуқбузарлик ишлар кўриб чиқилди.

Жиноят ишлари бўйича Бектемир туман судининг тергов судьялари (Фахриёр Пўлатов ва Наргиза Иноятова) раислигида ўтган сайёр суд муҳокамалари якунида 1 нафар ҳуқуқбузар огоҳлантирилди, 7 нафарига нисбатан маъмурий жарима жазоси тайинланди.

СУДЬЯГА САВОЛЛАР ОЗ БЎЛМАДИ

Судьялар ишда бошқа, кўчада умуман бошқа одамга айланади, деган гап тўғри.  Шундай  бўлишиям керак, аслида. Чунки, суд жараёнининг ўзига яраша процессуал тартиблари мавжуд. Айни тартиблар боис судья (ва бошқа процесс иштирокчилари) белгиланган ҳуқуқий чегарадан чиқмаслиги шарт.

Хизматдан бошқа пайтда ҳам ўзини “қўйиб юбориш”дан тийилиши лозим (Судьялар одоби кодексида хизматдан ташқари пайтда ҳам риоя этиши лозим бўлган қоидалар бор-да). Бироқ процессуал тартиб ёки одоб қоидалари аҳоли билан очиқ мулоқотни чекламайди.

 Очиқ мулоқотларда, дарҳақиқат, судья ҳам “ҳамма қатори” инсонлиги, жиноятчини қамашдан кўра, жиноятнинг олдини олиш муҳимлиги ҳақида ўйлаши, бунга барча қатори ўзини бурчдор деб билиши ойдинлашади.

Пойтахтнинг қоқ марказидаги “Чорсу” маҳалласида бўлиб ўтган тадбирда фаоллар жиноят ишлари бўйича Шайхонтаҳур туман суди судьяси Сирожиддин Ҳасанов тимсолида тизим вакилларини қайта кашф этишган бўлса, ажабмас.

Негаки, судья ва маҳалли аҳли мулоқоти суд залидаги каби қатъий тартибда ўтгани йўқ. Мулоқот очиқ, бироз аччиқ, аммо самимий бўлди.

Очиқлигики, яширишнинг ҳожати йўқ: гиёҳвандлик билан боғлиқ қилмишлар кўпаймоқда. Айбдорни ушлаб, жазо бериш – масаланинг бир томони, холос. Ботқоқни қуритмай чивинга қирон келтириб бўлмайди, ахир?! Демак, бунинг учун барча бирдек масъул.

Аччиқлигики, ушбу жиноят кўпайиб, гиёҳвандлик домига илинаётганлар сони ошаётган экан, бунда барчанинг “ҳиссаси” бор. Бир болага етти маҳалла ота-она, деб бежиз айтилмаган. Фаол жамоатчилик назоратисиз хавфсиз маҳалла муҳитини шакллантириш қийин.

Очиқ мулоқот жараёнида биров бошқага иддао қилгани йўқ. Самимият шу-да. Масъулиятдан қочиш эмас, уни янада теран ҳис этиш лозимлиги айтилиб, норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар мазмуни тушунтирилди. Қонунда кўрсатилган мажбуриятлар бажарилмаслигининг ҳуқуқий оқибатларига қатор мисоллар келтирилди.

Тадбирда судьяга саволлар оз бўлмади. Ва ҳаммасига батафсил жавоблар берилди.

Skip to content