


МАЪРИФИЙ ВА ҲУҚУҚИЙ ТАРҒИБОТ ИШЛАРИДА ФАОЛ СУДЬЯ
Мамлакатимизда китобхонлик маданияти ва даражасини ошириш ҳамда қўллаб-қувватлаш давлат сиёсатининг устувор йўналишидан бири сифатида белгиланган. Бу борада алоҳида давлат дастури тасдиқланди, 2021 йилдан бошлаб, апрель ойининг биринчи ҳафтаси “Китобхонлик ҳафталиги” деб эълон қилинди.
Судьялар олий кенгаши томонидан ўтказиб келинаётган “Энг яхши китобхон судья” танлови тизимда маънавий-маърифий ишлар самарадорлигини янада ошириш мақсадида белгиланган тадбирлардан биттаси ҳисобланади.
Уч босқичдан иборат танловда Кенгаш томонидан тасдиқланган юзга яқин номдаги адабий-бадиий, тарихий ва маърифий китоблардан биттасини танлаган ҳолда эссе ёзиш имконияти берилди.
Танловнинг биринчи босқичида 636 нафар судья иштирок этган бўлса, ҳудудий комиссиялар тавсияси билан иккинчи босқичда 198 нафар, якуний босқичда эса 10 нафар судьянинг маърифий салоҳияти баҳоланди.
Ҳакамлар ҳайъати қарорига кўра, Тошкент туманлараро маъмурий судининг судьяси Ўткирбек Соатов “Энг яхши китобхон судья” танлови ғолиби деб топилди.
Шунингдек, танлов доирасида маърифий ва ҳуқуқий тарғибот ишларда алоҳида фаоллик кўрсатиб келаётган Тошкент туманлараро иқтисодий судининг судьяси, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси Шоира Эрметова Судьялар Олий Кенгашининг махсус совғаси билан тақдирланди.
Биз ҳам Ш. Эрметовани ҳуқуқий тарғибот ишларида алоҳида фаоллиги учун чин юракдан табриклаб, келгуси фаолиятларида муваффақиятлар тилаймиз!

ФИРИБГАР ҲОКИМ ЁРДАМЧИСИ
Ботир Бозоров (исм-шарифлар ўзгартирилган) 37 ёшда бўлиб, пойтахтимиздаги туманлардан бирида ҳокимнинг МФЙ бўйича ёрдамчиси вазифасида ишларди. Муқаддам бир неча бор судланган бўлишига қарамай ундан тегишли хулоса чиқармади. Унда осон пул топиш, бировларни чув тушириб даромад топиш истаги кучлилик қилди.
Б.Бозоров давлат ишониб топширган мансаб мавқеидан фойдаланди. Ўзганинг жуда кўп миқдордаги мулкини алдов йўли билан қўлга киритиш мақсадида, 2024 йил декабрь ойи бошларида жуда катта маблағ эвазига ўзига тегишли ҳудуддан “кўчмас савдо” дўкони, автобус бекатидан савдо дўкони ҳамда туман ҳудудида жойлашган шифохона ҳудудидан савдо дўкони учун ўзининг юқори лавозимларда ишловчи танишлари орқали тегишли рухсат олиб беришни ваъда қилиб, катта ҳажмдаги пулларни олган пайтида тезкор ходимлар томонидан ашёвий далиллар билан ушланиб, жиноятни ўзига боғлиқ бўлмаган ҳолатларда охирига етказа олмасдан фирибгарлик жиноятини содир этишга суиқасд қилди.
Б.Бозоровнинг хизмат вазифаларига ишсиз аҳолини бандлигини таъминлаш, аҳолига кредит ва субсидиялар ажратишда кўмаклашиш ва фуқароларни тадбиркорликка қизиқтириш ҳамда уларнинг кичик бизнес субъектларига айлантиришга ёрдам кўрсатиш, аҳолига ижара ҳуқуқи асосида ер майдонларини ажратилишида амалий ёрдам кўрсатилиши ва бошқа шу каби вазифалар кирарди.
2024 йил декабрь ойида қўшни маҳаллада ишловчи таниши унга бир тадбиркор борлигини, унга савдо қилишлиги учун амалий ёрдам беришини сўради.
2024 йил декабрь ойи охирида тадбиркор М. А. қўнғироқ қилиб, кўчмас савдо дўкони ва бошқа масалалар бўйича маслаҳати кераклигини билдирди.
Ботир тадбиркорга иш жойига келишини айтди.
Орадан 2-3 кун ўтиб тадбиркор унинг олдига келди.
Тадбиркор 24/7 фаолиятида озиқ-овқат савдо дўкони ҳамда кўчмас савдо дўкони ташкил қилиб, “кофе” маҳсулотлари савдоси билан шуғулланмоқчилигини айтди.
Б.Бозоров тадбиркорга туман ҳудудида у хоҳлаган фаолият тури бўйича бўш жойлар борлигини, 3-4 кундан сўнг жавобини айтишини билдирди.
Орадан тахминан 5-6 кун ўтиб, тадбиркорга туман ҳудудидаги у айтган фаолиятига мос келувчи жойлар борлигини айтиб, дўсти Аброр билан биргаликда туман ҳудудини кўриб келишини айтганидан сўнг, у айтган жойларни кўриб келишди.
Ҳоким ёрдамчиси кўрсатган жойлар тадбиркорга мақул бўлган эди.
Бу жойларни тадбиркор “Е-аукцион” савдо платформасига қўйилиб ютиб олиши керак эди. Ҳар бир кўчмас мулк савдо дўкони учун 5.000 АҚШ долларидан ҳисоблаб, жами 15.000 АҚШ доллари бериши кераклиги айтилди.
Шифохона ҳудудида савдо дўкони масаласида Аброр бош шифокор унга қўшни эканлиги, у билан ҳам жой масаласини ҳал қилса бўлади, деди.
Тадбиркор ҳеч қандай ҳужжатларни тушунмаслигини ўзи барча керакли ҳужжатларни тайёрлаб беришини сўради.
2025 йил 6 январь куни у тадбиркор ва унинг дугонаси билан иш жойида соат тахминан 10:30 ларда кўришди. Ва уларга аввал айтган 3 та савдо нуқтаси учун жами 15.000 АҚШ доллари, шифохона ҳудудидан савдо нуқтаси олиб бериш эвазига 15.000 АҚШ доллари, жами 30.000 АҚШ доллари бериши кераклигини айтди.
Тадбиркор унинг таклифини ўйлаб кўришини кейин жавобини айтишини билдирди. Гарчи ўз вазифасига кирса-да фирибгарлик, таъмагирлик йўли билан пул таъма қилаётган ҳоким ёрдамчиси устидан ҳуқуқни муҳофаза иқлувчи органларга ариза берди.
2025 йил 6 январь куни соат тахминан 23:30 да у дўсти Аброр билан биргаликда Мирободдаги кафе олдига борди ва тадбиркор билан кўришди.
Тадбиркор шифохона ҳудудида савдо дўкони учун у айтган 15.000 АҚШ долларини ҳам олиб келганлигини билдириб, жами 30.000 АҚШ доллари берган пайтда орган ходимлари томонидан қўлга олинди.
Аслида Б.Бозоров тадбиркорга ер олиб бериш учун бирор бир мансабдор раҳбар билан гаплашмаган, тадбикорнинг ишончига кириш учун шу ишларни қилган эди.
Судланувчи Б.Бозоров томонидан фирибгарликда ифодаланган ҳаракатларни содир этганлиги, аризачининг кўргазмалари билан тўлиқ ҳажмда рад этилганлигини, судланувчи ўзининг жиноий режаларини амалга ошириш мақсадида аризачини алдаб, ҳақиқатни айтмасдан, айрим давлат хизматлари ходимларини номини айтиб ўзининг ўйлаган режаси асосида фирибгарликдан иборат жиноятини амалга ошириб келганлиги, аризачидан пул маблағларини олиш тизими муваффақиятли ишлаганлиги, бироқ суд жараёнида айбини қисман тан олиб судни чалғитмоқчи бўлганлигини инобатга олиб, суд унинг айби тўлиқ тасдиқланган деб ҳисоблади.
Суд Б. Бозоровнинг ҳаракатларини Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 168-моддаси 4-қисми “а” бандидан ЖКнинг 25,168-моддаси 4-қисми “а” бандига фирибгарлик, яъни алдаш ёки ишончни суиистеъмол қилиш йўли билан ўзганинг мулкини ёки ўзганинг мулкига бўлган ҳуқуқини, ўз хизмат мавқеидан фойдаланган ҳолда жуда кўп миқдорда қўлга киритишга суиқасд қилганликда қайта малакалашни ва ЖКнинг 28,211-моддаси 3-қисми “а” банди билан пора бериш, яъни давлат органи, давлат иштирокидаги ташкилот мансабдор шахсига мазкур мансабдор шахснинг ўз хизмат мавқеидан фойдаланган ҳолда содир этиши лозим ёки мумкин бўлган муайян ҳаракатни жуда кўп миқдорда пора берган шахснинг манфаатларини кўзлаб бажариши эвазига қонунга хилоф эканлигини била туриб бевосита моддий қимматликлар беришга далолатчилик қилишда ифодаланган ҳаракатлари билан Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 28,211-моддаси 3-қисми “а” банди билан малакалашни лозим деб топди.
Суд Б.Бозоровга ЖКнинг 25,168-моддаси 4-қисми “а” банди ва 28,211-моддаси 3-қисми “а” бандида назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбли деб топди ва унга ЖКнинг 59,61-моддалари тартибида 2 йил муддатга моддий жавобгарлик ва мансабдорлик лавозимларида ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилинган ҳолда 10 йил 1 ой озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинлади.
Шуҳрат Бакаев,
Жиноят ишлари бўйича Мирзо Улуғбек тумани суди раиси





АЛИМЕНТ ТЎЛАМАГАН ОТА 7 ОЙГА ОЗОДЛИКДАН МАҲРУМ ЭТИЛДИ
Суд залида эр ва хотин.
Эр гарчи қонун билан вояга етмаган фарзандини моддий таъминлаш мақсадида алимент тўлаши лозим бўлса-да бу мажбуриятини бажармай келаётган эди.
Эр – Татлиев Элёр Шодиёрович (исм-шарифлар ўзгартирилган) 1975 йилда туғилган. Ундирувчи унинг хотини Зарина Намозова. Ўрталарида 2021 йилда туғилган бир нафар фарзанд бор. Оила расман ажрашган. Аммо эр бир нафар фарзанди учун алимент тўлашга мажбур.
Фуқаролик судининг қарори билан судланувчидан алимент ундириш белгиланган. 2024 йил 1 мартдан 2024 йил 1 октябрга қадар судланувчи алиментдан қарзи жами 11.8 млн сўмни ташкил қилган. Суд давомида 6 млн. сўм миқдорида пул маблағларини тўлаб берган.
Ҳозирда Э. Татлиевнинг алиментдан бўлган қарздорлиги 5.727.199 сўмни ташкил қилади. Суд буйруғи билан 2025 йил 5 январдан алимент пулини ундириш белгиланган.
Судланувчи суд буйруғига кўра вояга етмаган шахсни моддий таъминлашга мажбур эканлигини била туриб, 2024 йил 1 мартга қадар жами бўлиб икки ойдан ортиқ муддат мобайнида
2.7 млн. сўмлик маблағни тўлашдан қасддан бўйин товлаб келганлиги учун 2024 йил 20 мартда жиноят ишлари бўйича Сирғали туман суди томонидан МЖтК 47-4-моддаси 15 сутка маъмурий қамоқ жазоси қўлланилган. Бироқ, у маъмурий жазо қўлланилганидан кейин ўзига тегишли хулоса чиқармасдан ва вояга етмаган шахсни моддий таъминлаш чорасини кўрмасдан, яна жабрланувчи фойдасига ундирилиши лозим бўлган маблағни 2024 йил 1 мартдан 2024 йил 1 октябрга қадар жами бўлиб икки ойдан ортиқ муддат мобайнида тўламаган, ушбу даврда ундирилиши лозим бўлган маблағ 9.1 млн. сўм, жами эса 11.727.199 сўмни ташкил этганлиги аниқланган.
Суд, давлат айбловчисининг хулосасини, судланувчи, жабрланувчи- фуқаровий даъвогар, гувоҳнинг кўрсатувларини тинглаб, жиноят ишидаги мавжуд далилларни таҳлил қилиб, судланувчининг айби, унинг айбига тўлиқ иқрор бўлиб берган кўрсатувларидан ташқари, ижро иши ҳужжати, тушунтириш хатлари ҳамда жиноят ишида тўпланган бошқа далиллар йиғиндиси билан тўлиқ исботланган деб ҳисоблади.
Дастлабки тергов органи томонидан Э. Татлиевнинг моддий ёрдамга муҳтож бўлган вояга етмаган ёки меҳнатга лаёқатсиз шахсни моддий таъминлашдан бўйин товлаш, яъни уларни моддий жиҳатдан таъминлаш учун суднинг ҳал қилув қарорига ёки суд буйруғига биноан ундирилиши лозим бўлган маблағни жами бўлиб икки ойдан ортиқ муддат мобайнида тўламаслик, шундай қилмиш учун маъмурий жазо қўлланилганидан кейин содир этилганликда ифодаланган жиноий ҳаракатлари Жиноят кодекси 122-моддасининг 1-қисми билан тўғри квалификация қилинган деб топди.
Шу сабабли Э. Татлиев ЖК 122-моддасининг 1-қисми билан айбли деб топиб, ЖК 59-моддасининг 8-қисми тартибида, жиноятлар мажмуи бўйича мазкур ҳукм билан тайинланган жазога жиноят ишлари бўйича Сирғали туман судининг 2024 йил 20 ноябрдаги ҳукми билан тайинланган жазони қисман қўшиш йўли билан узил-кесил 7 ой озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди.
Фарҳод Ҳикматуллаев,
Жиноят ишлари бўйича Сирғали тумани суди раиси

ҚОНУНЧИЛИКДАГИ ЯНГИЛИКЛАР ТУШУНТИРИЛДИ
Тошкент шаҳар судининг иқтисодий ишлар бўйича судьялари Р.Рашидов ва Б.Абдурахимов “Асакабанк” АТБда банк тизимида фаолият кўрсатувчи ҳуқуқшунослар билан учрашув ўтказишди.
Унда судьялар томонидан банк ходимларига “Кредиторларнинг гаров билан таъминланган талабларини қаноатлантириш тизими янада такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикасининг Қонуни ҳамда “Қарздорлик ҳисобига банклар балансига олинган мол-мулклар реализациясини жадаллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Президент қарорининг мазмуни моҳияти тушунтирилди.
Учрашувда банк ходимларини қизиқтирган саволларга жавоб беришди.

АЖРИМ ЁҚАСИДАГИ ОИЛАЛАР БИЛАН СУҲБАТ
Фуқаролик ишлари бўйича Миробод туманлараро суди Медиация хонасида ажрашиш ёқасига келиб қолган оилалар билан очиқ мулоқот ўтказилди.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025 йил 3 январдаги ПҚ-1-сонли «Республика маҳаллаларида хавфсиз муҳитни яратиш ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш тизими самарадорлигини янада ошириш бўйича чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарорини ижросини таъминлаш мақсадида Миробод туманлараро суди қошидаги туман Оилавий қадриятларни мустаҳкамлаш комиссияси томонидан ажрим хавфи остида бўлган 4 та оиланинг тақдири муҳокама қилинди.
Учрашувда Миробод тумани ҳокими ўринбосари Ф.Мадаминова, комиссия аъзолари ҳамда фуқаролик ишлари бўйича Миробод туманлараро суди судьялари иштирок этишди.
Ажрим ёқасига келган оилалар билан дилдан суҳбатлашилиб, уларга оилани барбод қилиш эмас, балки ярашиш тавсия қилинди.