ФУҚАРОЛИК СУДЛАРИГА МУРОЖААТ ҚИЛИШ ТАРТИБЛАРИ

Фуқароларнинг ўз ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилишда судга мурожаат қилиш муҳим конституциявий кафолат ҳисобланади.
Фуқаролик судларига мурожаат қилиш тартиби қонунчилик билан белгилаб қўйилган бўлиб, ҳар бир шахс ушбу тартибни билиши ўз ҳуқуқларини самарали ҳимоя қилиш имконини беради.
Судга мурожаат қилиш ҳуқуқи
Ҳар бир фуқаро, шунингдек юридик шахслар ҳам бузилган ёки баҳсли ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини тиклаш мақсадида судга мурожаат қилиш ҳуқуқига эга.
Судга мурожаат қилиш — бу ихтиёрий ҳуқуқ бўлиб, ҳеч ким шахсни мажбурлаб судга олиб бора олмайди. Бироқ ҳуқуқ бузилган ҳолларда суд орқали ҳимоя энг таъсирчан восита ҳисобланади.
Қайси ҳолларда фуқаролик судига мурожаат қилинади?
Фуқаролик судлари одатда қуйидаги тоифадаги ишлар бўйича низоларни кўриб чиқади:
мулкий низолар (қарз ундириш, мулкни бўлиш ва ҳ.к.);
оилавий муносабатлар (никоҳдан ажратиш, алимент ундириш, бола тарбияси);
меҳнат низолари;
мерос масалалари;
турар жой билан боғлиқ масалалар;
шаън, қадр-қиммат ва ишчанлик обрўсини ҳимоя қилиш билан боғлиқ ишлар ва хаказо.
Ариза бериш тартиби
Судга мурожаат қилиш асосан даъво аризаси шаклида, буйруқ тартибида иш юритиш бўйича, шунингдек, алоҳида тартибда юритиладиган ишлар бўйича эса ариза шаклида амалга оширилади.
Мурожаат ва унга илова қилинадиган ҳужжатлар судга электрон ҳужжат тарзида юборилиши мумкин.
Аризада қуйидагилар кўрсатилиши керак:
– ариза берилаётган суднинг номи;
– даъвогар ва жавобгар ҳақида маълумотлар (Ф.И.Ш., манзил)
– даъвогарнинг талаблари
– даъвогар ўз талабига асос қилиб кўрсатаётган ҳолатлар ва даъвогар томонидан баён қилинган ҳолатларни тасдиқловчи далиллар;
– жавобгар билан низони судгача ҳал қилиш тартибига риоя этилганлиги тўғрисидаги маълумотлар, башарти бу қонунда ёки шартномада назарда тутилган бўлса;
– аризага илова қилинаётган ҳужжатларнинг рўйхати
– имзо ва сана
Аризага далиллар, шартномалар, квитанциялар, гувоҳнома нусхалари каби ҳужжатлар илова қилинади.
Кўп ҳолларда судга мурожаат қилишда давлат божи тўланади. Унинг миқдори иш турига ва даъво суммасига боғлиқ бўлади.
Айрим тоифадаги шахслар ёки ишлар давлат божидан озод қилиниши мумкин.
Муддат масаласи
Қонунчиликда даъво муддати тушунчаси мавжуд. Бу — ҳуқуқ бузилган пайтдан бошлаб судга мурожаат қилиш мумкин бўлган белгиланган вақт оралиғи ҳисобланади.
Умумий даъво муддати уч йилни ташкил қилади, аммо айрим турдаги талаблар учун қонунчиликда умумий даъво муддатига қараганда қисқартирилган ёки узайтирилган махсус даъво муддатлари белгиланиши мумкин.
Суд жараёни
Ариза қабул қилингач, суд ишни кўриб чиқиш учун тайинлайди.
Жараёнда томонлар ўз далилларини келтиради, гувоҳлар сўралади, ҳужжатлар ўрганилади. Суд барча ҳолатларни холисона баҳолаб қарор қабул қилади.
Тарафлар ва ишда иштирок этишга жалб қилинган бошқа шахслар, шунингдек ишда иштирок этишга жалб қилинмаган, аммо ҳуқуқ ва мажбуриятлари ҳақидаги масала суд томонидан ҳал этилган шахслар суднинг ҳал қилув қарори, ажрими, қарори устидан апелляция ёки кассация тартибида шикоят қилиши мумкин.
Хулоса
Фуқаролик судларига мурожаат қилиш — ҳуқуқий давлатнинг муҳим белгиларидан бири бўлиб, шахснинг ўз ҳуқуқларини қонуний йўл билан ҳимоя қилиш имкониятини таъминлайди.
Тўғри тайёрланган даъво аризаси, далиллар базаси ва белгиланган муддатларга риоя қилиш суд орқали адолатга эришишда ҳал қилувчи аҳамиятга эга.
Судга мурожаат қилишдан олдин ҳуқуқий маслаҳат олиш эса ишнинг самарадорлигини янада оширади.
Мақсуд Хажиев,
фуқаролик ишлари бўйича Миробод туманлараро
суди раисининг ўринбосари



















