




САЙЁР СУД
Сирғали тумани “Қутбарака” маҳалласида сайёр суд мажлиси бўлиб ўтди.
Унда жиноят ишлари бўйича Сирғали тумани судининг судьяси Д.Чориева, туман прокурори ёрдамчиси М.Хушвақтова, судланувчи А.Э. ва унинг ҳимоячиси, жабрланувчи Д.М.ва унинг адвокати Г.Ачиловалар иштирок этишди.
Сайёр судда судланувчи А.Э.га нисбатан оилавий (маиший) зўравонлик билан боғлиқ жиноят иши кўриб чиқилди.
Судланувчи А.Э. (эркак) 2025 йил 6 май куни соат 21:00да, ўз яшаш хонадонида турмуш ўртоғи М.Д. (аёл) билан ўзаро жанжаллашиш оқибатида Д.М. танасининг турли жойларига қўли билан уриб, унга енгил тан жароҳати етказган.
Сайёр суд мажлисида иш бўйича жабрланувчи ва судланувчи ариза билан мурожаат қилишиб, жиноят ишини тарафларнинг ярашганлиги муносабати билан тугатишни сўрашди.
Суд жиноят ишини тарафларнинг ярашганлиги муносабати билан тугатди. Судланувчига бу каби жиноятни қайта содир этмаслиги бўйича тушунтиришлар берилди.



СУД-ҲУҚУҚ СОҲАСИДАГИ ҚОНУНЧИЛИКДА ЯНГИЛИКЛАР
2023 йил 30 апрель куни умумхалқ референдумида қабул қилинган янги таҳрирдаги Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси давлат ва жамият ҳаётини модернизация қилиш ва мамлакатда конституциявий қонунийлик муҳитини янада мустаҳкамлаш учун ҳуқуқий асос бўлди.
Референдум кўп миллатли буюк халқимизнинг бирдамлиги ва ҳамжиҳатлиги, суверен, демократик, ҳуқуқий, ижтимоий ва дунёвий давлат қуришга қатъий қарор қилганлигининг ишончли ифодаси бўлди.
Янги таҳрирда қабул қилинган Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 28-моддасида жиноят суд ишларини юритиш соҳасида шахснинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилишнинг кафолатларини кучайтиришга қаратилган янги конституциявий асослар белгиланди.
Бу эса, ўз навбатида Конституцияда белгиланган фуқароларнинг ҳуқуқлари ва эркинликлари, шунингдек, қонуний манфаатларини ифодаловчи нормаларни қонун ҳужжатларида акс эттиришни тақозо этди.
Шу муносабат билан Ўзбекистон Республикасининг “Янги таҳрирдаги Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганлиги муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига судлар фаолиятининг ҳамда фуқаролар ҳуқуқ ва эркинликларининг кафолатларини кучайтиришга қаратилган ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Қонуни қабул қилинди.
Мазкур Қонун билан Жиноят-процессуал кодекси, “Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгаши тўғрисида”ги ва “Судлар тўғрисида”ги қонунларидаги нормаларни янги таҳрирдаги Конституцияга мувофиқлаштиришга қаратилган ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди.
Хусусан:
– жиноят содир этганликда айбланаётган шахс унинг айби қонунда назарда тутилган тартибда ошкора суд муҳокамаси йўли билан исботланмагунча ва суднинг қонуний кучга кирган ҳукми билан аниқланмагунча айбсиз деб ҳисобланиши;
– гумон қилинувчига, айбланувчига ва судланувчига ўзини ҳимоя қилиш учун барча имкониятларни таъминланиши;
– айбдорликка оид барча шубҳалар, агар уларни бартараф этиш имкониятлари тугаган бўлса, гумон қилинувчининг, айбланувчининг, судланувчининг ёки маҳкумнинг фойдасига ҳал қилиниши кераклиги;
– гумон қилинувчи, айбланувчи ёки судланувчи ўзининг айбсизлигини исботлаши шарт эмаслиги ва исталган вақтда сукут сақлаш ҳуқуқидан фойдаланиши мумкинлиги;
– ҳеч ким ўзига ва яқин қариндошларига қарши гувоҳлик беришга мажбур эмаслиги;
– агар шахснинг ўз айбини тан олганлиги унга қарши ягона далил бўлса,
у айбдор деб топилиши ёки жазога тортилиши мумкин эмаслиги;
– шахснинг судланганлиги ва бундан келиб чиқадиган ҳуқуқий оқибатлар унинг қариндошлари ҳуқуқларини чеклаш учун асос бўлиши мумкин эмаслиги Жиноят-процессуал кодексида ўз аксини топди.
Таъкидлаш жоизки, янги Конституция билан судларнинг фаолияти ҳамда шахснинг ҳуқуқ ва эркинликларини суд орқали ҳимоя қилишга оид бир қатор конституциявий кафолатлар ҳам белгиланди.
Ушбу конституциявий кафолатлар, ўз навбатида, “Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгаши тўғрисида”ги ва “Судлар тўғрисида”ги қонунлари нормаларини қайта кўриб чиқишни ҳамда уларни мазкур Конституциявий Қонун таҳриридаги Ўзбекистон Республикасининг Конституциясига мувофиқлаштиришни талаб этади.
Жумладан, янги Конституциямизнинг 95, 109 ва 135-моддалари талабларидан келиб чиқиб, “Судьялар олий кенгаши тўғрисида”ги Қонунига Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгаши таркиби, шу жумладан, Кенгаш раиси, раис ўринбосари, унинг аъзолари ва котиби Ўзбекистон Республикаси Президентининг тақдимига биноан Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Сенати томонидан сайланиши, шунингдек, айни бир шахс сурункасига икки муддатдан ортиқ Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгашининг раиси, раис ўринбосари этиб сайланиши мумкин эмаслиги тўғрисидаги қоидалар киритилди.
Шунингдек, “Судлар тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига:
– янги Конституциянинг 130-моддасига мувофиқ одил судлов фақат судлар томонидан амалга оширилиши белгиланди;
– янги Конституциянинг 136-моддасига асосан одил судлов қонунлар билан бирга, аввало, Конституцияга қатъий мувофиқ ҳолда амалга оширилиши белгиланган ҳолда, Конституция нормаларини тўғридан-тўғри амал қилувчи ҳужжат сифатида қўллашга замин яратилди;
– судьяликнинг кафолатлари кучайтирилиб, судьялар муайян ишлар бўйича ҳисобдор бўлмаслиги, фақат Конституция ва қонунга бўйсуниши, судьяни муайян ишнинг муҳокамасидан четлаштиришга ёки унинг ваколатларини тўхтатиб туришга, бошқа лавозимга ўтказишга фақат қонунда белгиланган тартибда ва асосларга кўра йўл қўйилиши, шунингдек, суднинг қайта ташкил этилиши ёки тугатилиши судьяни лавозимидан озод этиш учун асос бўлиб хизмат қилиши мумкин эмаслиги белгиланди;
– янги Конституциянинг 139-моддасида Ўзбекистон Республикасида суд ишларини юритиш ўзбек тилида, қорақалпоқ тилида ёки муайян жойдаги кўпчилик аҳоли сўзлашадиган тилда ёхуд қонунга мувофиқ бошқа тилда олиб борилиши белгиланганлиги муносабати билан, “Судлар тўғрисида”ги Қонунга мазкур мазмундаги қўшимча киритилди;
– қонуний кучга кирган суд ҳужжатлари нафақат барча давлат органлари, корхоналар, муассасалар ва ташкилотлар, мансабдор шахслар, фуқаролар учун, балки фуқаролик жамияти институтлари учун ҳам мажбурий ҳисобланиши белгилаб қўйилди;
– Олий суднинг қонунчилик ташаббуси ҳуқуқини амалга ошириш доираси аниқлаштирилиб, ўз ваколатлари жумласига киритилган масалалар билан чегараланмоқда;
– судларни молиялаштириш одил судловни тўлиқ ва мустақил амалга ошириш имкониятини таъминлайдиган тарзда, Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан амалга оширилиши белгиланди;
– шахсларнинг нафақат давлат органларининг, балки бошқа ташкилотларнинг ҳам қонунга хилоф қарорлари, ҳаракатлари ва ҳаракатсизлиги устидан судга шикоят қилиш ҳуқуқи мустаҳкамланди;
– айбсизлик презумпциясини ва “Хабеас корпус” институтини янада қарор топтиришга оид қоидалар белгиланди.
Қонунчиликка киритилган ушбу ўзгартириш ва қўшимчалар қонунчилик ҳужжатларини янги Конституцияга мувофиқлаштиришга, одил судловни амалга оширишда судьялар томонидан Конституция нормаларини тўғридан-тўғри қўллаш ҳамда конституциявий устуворликни қарор топтириш бўйича зарур ҳуқуқий кафолатлар яратишга, суд ҳокимиятининг мустақиллиги мустаҳкамланишига, шунингдек, судьяликнинг кафолатлари, ва энг асосийси, шахснинг ҳуқуқ ва эркинликларининг суд орқали ҳимояси янада кучайтирилишига хизмат қилади.
Иброҳим Алимов,
Тошкент шаҳар суди раисининг ўринбосари –
иқтисодий ишлар бўйича судлов ҳайъати раиси

ОТА-ОНАЛИК ҲУҚУҚИДАН МАҲРУМ ҚИЛИШНИНГ ҚАНДАЙ ҲУҚУҚИЙ АСОСЛАРИ ВА ИЖТИМОИЙ ОҚИБАТЛАРИ БОР?
Боланинг тарбияси, таълими, соғлиғи ва ҳуқуқларини таъминлаш ота-онанинг асосий вазифаларидан биридир. Аммо, баъзи ҳолларда ота-оналар ўз вазифаларини бажармай, болага нисбатан бепарволик ёки зўравонликка йўл қўяди. Бундай ҳолларда суд томонидан ота-оналик ҳуқуқидан маҳрум қилиш чораси қўлланилиши мумкин.
Бу қандай тартибда амалга оширилади? Тошкент шаҳар суди раиси ўринбосари – Фуқаролик ишлари бўйича судлов ҳайъати раиси Бобир Исломов билан шу ҳақда суҳбатлашдик.
– Конституциянинг 77-моддасига кўра, ота-оналар ва уларнинг ўрнини босувчи шахслар ўз фарзандларини вояга етгунига қадар боқиши, уларнинг тарбияси, таълим олиши, соғлом, тўлақонли ва ҳар томонлама камол топиши хусусида ғамхўрлик қилишга мажбурдирлар.
Оила кодексининг 79-моддасига асосан, ота-она ўз мажбуриятларини бажаришдан бош тортса, шу жумладан, алимент тўлашдан бўйин товласа, узрсиз сабабларга кўра ўз боласини туғуруқхона ёки бошқа даволаш муассасасидан, тарбия, аҳолини ижтимоий ҳимоялаш муассасаси ва шунга ўхшаш бошқа муассасалардан олишдан бош тортса, ота-оналик ҳуқуқини суиистеъмол қилса, болаларга нисбатан шафқатсиз муомалада бўлса, жумладан, жисмоний куч ишлатса ёки руҳий таъсир кўрсатса, муттасил ичкиликбозлик ёки гиёҳвандликка мубтало бўлган бўлса, ўз болаларининг ҳаёти ёки соғлиғига ёхуд эри (хотини)нинг ҳаёти ёки соғлиғига қарши қасддан жиноят содир қилган бўлса, ота-оналик ҳуқуқидан маҳрум қилиниши мумкин.
Агар болаларга нисбатан ота-она эмас, балки оила аъзолари шафқатсиз муомалада бўлсалар, боланинг ота ва онаси бунга қаршилик қилмаса, бундай ота-оналарнинг ота-оналик ҳуқуқлари Оила кодексининг 83-моддасига мувофиқ чекланиши мумкин.
Боланинг ҳаёти ва соғлиғига қарши ота-она томонидан қасддан жиноят содир қилиниши ўта оғир ва жамоат учун хавфли ҳисобланади. Бундай асосларга кўра ота (она)ни ота-оналик ҳуқуқидан маҳрум қилишга фақат суднинг қарори бўлгандагина йўл қўйилади.
Ота-оналик ҳуқуқидан маҳрум қилиш тўғрисидаги ҳал қилув қарорининг нусхаси суд томонидан васийлик ва ҳомийлик органига ва боланинг туғилгани қайд этилган фуқаролик ҳолати далолатномаларини ёзиш органига юборилиши лозим.
Ота-оналик ҳуқуқидан маҳрум қилинган ота-она қайси болага нисбатан ота-оналик ҳуқуқидан маҳрум қилинган бўлса, шу болага нисбатан бўлган қариндошлик фактига асосланган барча ҳуқуқлардан, шу жумладан, ундан таъминот олиш, шунингдек, болали фуқаролар учун қонунчиликда белгиланган имтиёзлар ва нафақалар олиш ҳуқуқларидан маҳрум бўлади.
– Ота-оналик ҳуқуқидан маҳрум қилиш ота-онани ўз боласига таъминот бериш мажбуриятидан озод қиладими?
– Болага таъминот бериш мажбурияти сақланиб қолади. Ота-оналик ҳуқуқидан маҳрум қилинган ота-она (улардан бири)нинг бундан кейин бола билан биргаликда яшаш ёки яшамаслик масаласи суд томонидан уй-жой тўғрисидаги қонунчиликда белгиланган тартибда ҳал қилинади.
Бола фарзандликка олинган бўлмаса, турар жойга бўлган мулк ҳуқуқини ёки турар жойдан фойдаланиш ҳуқуқини сақлаб қолади. Шунингдек, ота (она)си ва бошқа қон-қариндошлари билан туғишганлик фактига асосланган барча мулкий ҳуқуқларини, жумладан, мерос олиш ҳуқуқини сақлаб қолади.
Болани ота ёки онасига беришнинг имконияти бўлмаган ёки ота-онанинг ҳар иккаласи ҳам ота-оналик ҳуқуқидан маҳрум қилинган тақдирда, бола васийлик ва ҳомийлик органининг қарамоғига олиб берилади.
Оила кодексининг 81-моддасига мувофиқ, ота-оналик ҳуқуқидан маҳрум қилиш ота-онани болаларини таъминлаш мажбуриятидан озод қилмайди. Шу сабабли, суд жавобгарни ота-оналик ҳуқуқидан маҳрум қилишда Фуқаролик процессуал кодексининг 251 ва 254-моддаларининг қоидаларига асосланиб, ундан алимент ундириш тўғрисидаги масалани, бундай даъво қўзғатилган-қўзғатилмаганидан қатъи назар, биргаликда ҳал этиши шарт.
Оила кодексининг 107-моддасига асосан, вояга етмаган болани
ота-онасидан олиш ва уни болалар тарбия муассасасига жойлаштириш тўғрисидаги ҳал қилув қарорини чиқаришда суд ота ва онанинг ҳар биридан мазкур бола фойдасига ушбу кодекснинг 99-моддасида белгиланган миқдорларда алиментлар ундиради. Бунда ундирилган алиментлар мазкур бола номига очилган банк ҳисобварағида жамланади ва у вояга етганда тўланади.
– Ушбу йўналишдаги суд амалиётига тўхталиб ўтсангиз.
– Мазкур туркумдаги ишлар судларда кўрилганда, энг аввало, ота-оналик ҳуқуқидан маҳрум қилиш охирги чора эканига алоҳида аҳамият қаратилади.
Статистик маълумотларга кўра, Тошкент шаҳар фуқаролик ишлари бўйича туманлараро судлари томонидан 2024 йил давомида ота-оналик ҳуқуқидан маҳрум қилиш ҳақида 226, 2023 йил давомида эса 239 фуқаролик иши кўрилган.
2024 йил давомида ота-оналик ҳуқуқидан маҳрум қилиш ҳақидаги кўрилган ишларнинг 59,7 фоизи қаноатлантирилган, 22,6 фоиз даъво аризаларни қаноатлантириш рад қилинган, 17,7 фоиз даъво аризалар кўрмасдан қолдирилган.
– Ота-оналик ҳуқуқидан маҳрум бўлган шахслар бу ҳуқуқни қайта тиклай оладими?
– Оила қонунчилигида ота-оналик ҳуқуқидан маҳрум қилиш тартибидан ташқари, ўз хатти-ҳаракатларида сезиларли ижобий ўзгаришларга эришган ота ёки онанинг ҳуқуқларини тиклаш ҳам белгиланган.
Оила кодексининг 82-моддасига асосан, ота-она (улардан бири) ўз хулқ-атворини, турмуш тарзини ва бола тарбиясига бўлган муносабатини ўзгартирган ҳолларда ота-оналик ҳуқуқи тикланиши мумкин.
Ота-оналик ҳуқуқини тиклаш ота-оналик ҳуқуқидан маҳрум қилинган ота-она (улардан бири)нинг даъвосига биноан суд тартибида амалга оширилади. Ота-оналик ҳуқуқини тиклаш тўғрисидаги ишлар васийлик ва ҳомийлик органининг, шунингдек, прокурорнинг иштирокида кўриб чиқилади.
Агар ота-оналик ҳуқуқининг тикланиши бола манфаатларига зид бўлса, суд боланинг фикрини ҳисобга олган ҳолда ота-она (улардан бири)нинг ота-оналик ҳуқуқини тиклаш тўғрисидаги даъвосини қаноатлантиришни рад қилишга ҳақли.
Ўн ёшга тўлган болага нисбатан ота-оналик ҳуқуқининг тикланишига фақат унинг розилиги билан йўл қўйилади. Бола фарзандликка олинган ва фарзандликка олиш бекор қилинмаган бўлса, ота-оналик ҳуқуқини тиклашга йўл қўйилмайди.
Оила кодексининг 82-моддасига мувофиқ, судлар ота-оналик ҳуқуқини тиклаш тўғрисидаги даъволарни кўришда ота-оналарнинг хулқ-атвори ва турмуш тарзи ўзгарган-ўзгармаганини, уларнинг болаларини тарбия қила олиш-олмасликларини синчиклаб текшириши лозим. Ота-оналик ҳуқуқини тиклаш боланинг манфаатларига мос келсагина амалга оширилади.
Суд ота-оналик ҳуқуқини тиклаш тўғрисидаги масалани ота ёки она ота-оналик ҳуқуқидан суднинг фуқаролик ёки жиноят иши бўйича чиқарган қарорига биноан маҳрум қилинганига қарамасдан, фуқаролик суд ишларини юритиш тартибида ҳал этади.
Ота-оналик ҳуқуқидан маҳрум қилиш институти бола ҳуқуқларини ҳимоя қилишда муҳим восита ҳисобланади. Бироқ, бу чора фақат юқори стандартлар асосида, бола манфаатини устувор қилиб, адолатли ва шаффоф суд тартибида амалга оширилиши лозим. Суд амалиётида бир хил ёндашув, ҳуқуқий ёрдамни таъминлаш ва бола фикрини инобатга олиш каби тамойиллар кафолатланиши шарт.
Ота-оналик ҳуқуқидан маҳрум қилиш – бола ҳуқуқларини ҳимоя қилиш соҳасидаги энг кескин ва таъсирчан ҳуқуқий чоралардан бири бўлиб, унинг амалга оширилиши боланинг ҳаёти ва келажаги учун узоқ муддатли оқибатларга олиб келиши мумкин. Шу боис, мазкур институтдан фойдаланиш фақат фавқулодда ва зарур ҳолатларда, боланинг ҳуқуқлари ва манфаатлари аввалги ўринга қўйилган ҳолда амалга оширилиши лозим.

АЛИМЕНТ ТЎЛАМАГАН ОТАГА МАЪМУРИЙ ҚАМОҚ ЖАЗОСИ ТАЙИНЛАНДИ
Аниқ бирор-бир манзилда яшамай, ҳар доим ўз турар жойини ўзгартириб келган қарздор ота пойтахтдаги метро станцияларида ўрнатилган кузатув камерасига тушиб қолади. Кузатув камерасидаги фуқаро тегишли ташкилот томонидан ўрганилганда ушбу шахс қидирувда экани аниқланган.
Гап шундаки, Мажбурий ижро бюросининг Учтепа туман бўлими иш юритувида, фуқаролик ишлари бўйича Миробод туманлараро судининг 2021 йил 22 сентябрдаги буйруғига кўра, қарздор М.Т.дан ундирувчи М.О. фойдасига вояга етмаган бир нафар фарзанди таьминоти учун алимент ундириш тўғрисидаги ижро ҳужжати келиб тушган. Дастлаб, қарздор отага алимент пулларини ўз вақтида тўлаб борилиши тўғрисида ҳуқуқий тушунтириш берилган.
Қарздор ота бир нафар вояга етмаган фарзанди учун белгиланган алимент пулларини қисман тўлаган. Кейинчалик у ҳеч қаерда ишламаслигини, моддий томондан қийналаётганини сабаб қилиб алимент пулини тўламай келган. Оқибатда алимент қарздорлик 18 млн. сўмга етган.
Шундан сўнг, Бюронинг Учтепа туман бўлими томонидан мажбурий ижро ҳаракатларига киришилган. Жумладан, қарздорнинг суд буйруғида кўрсатилган манзилига чиқилганда, у ерда яшамаслиги аниқланган. Олиб борилган ижро ҳаракатлари хулосасига кўра, алиментчи отанинг топиш имконияти йўқлиги сабабли қарздорга нисбатан бўлим томонидан 2025 йил 11 март кунидан расман қидирув эълон қилинган.
Бюронинг Тошкент шаҳар қидирув шўъбаси томонидан ўтказилган тезкор қидирув натижасида қарздор Т.М. 2025 йил 21 июл куни топилиб, шу куни қарздорга нисбатан Ўзбекистон Республикаси МЖтКнинг 47-4-моддаси билан баённома расмийлаштирилиб, тўпланган ҳужжатлар жиноят ишлари бўйича Учтепа тумани судига юборилган.
Суд жараёнида алиментчи отага қарз суммаларини суд жараёнида қопласа, унга нисбатан жазо қўлланмаслиги тушунтирилган бўлса-да, қарздор вояга етмаган фарзанди учун яна алиментни тўламаган.
Шундан сўнг суд томонидан қарздор отага 15 сутка маъмурий қамоқ жазоси тайинланди.
