




ОИЛАЛАРНИ МУСТАҲКАМЛАШ БОРАСИДАГИ САЪЙ-ҲАРАКАТЛАР
Мирзо Улуғбек туманида ажрим ёқасига келиб қолган оилаларни асраб қолиш, улардаги мавжуд муаммоларни ўрганиш ва ҳал этишга қаратилган давра суҳбати ташкил этилди.
Тадбирда Тошкент шаҳар ҳокимининг ўринбосари, оила ва хотин-қизлар бошқармаси бошлиғи Ш. Султонова, Мирзо Улуғбек тумани ҳокими ўринбосари, оила ва хотин-қизлар бўлими бошлиғи Н. Душанова, фуқаролик ишлари бўйича Мирзо Улуғбек туманлараро суди судьяси Х. Эсонов ҳамда ҳамкор ташкилотлар масъулларидан иборат медиаторлар иштирок этишди.
Муҳокама доирасида тумандаги ажрим ёқасига келиб қолган 5 та оила муҳокама қилинди, оила вакилларига оилани сақлаш, оилада юзага келган низоли холатларни бартараф этиш, фарзанд тарбияси каби долзарб масалаларда керакли тавсия ва маслаҳатлар берилди.


ОИЛАДА ЗЎРАВОНЛИККА ЎРИН ЙЎҚ
Ўзбекистон Республикаси Конституцияси 76-моддасида оила жамиятнинг асосий бўғинидир ҳамда у жамият ва давлат муҳофазасида эканлиги қайд этилган. Танганинг икки томони бўлгани сингари оила жамиятнинг асосий қадрияти бўлиши билан биргаликда, малактимизда оилавий зўравонлик ҳолатлари ҳам учраб туриши аёндир.
Афсуски, эзгу саъй-ҳаракатларга қарамасдан, ҳаётда салбий ҳолатлар, яъни хотин-қизлар ва вояга этмаганларга нисбатан зўравонлик ва тазйиқлар, ўз ҳуқуқ ва эркинликларидан фойдаланишда тўсиқлар ҳали ҳам учраб турибди. Бу эса улар ҳуқуқларини ишончли ҳимоя қилиш билан боғлиқ масалаларда муаммолар мавжудлигини кўрсатади.
Ҳаётда хотин-қизлар орасида ўз ҳуқуқларини яхши билмайдиган, доимо қийноққа учрагани учун қўрқоқ, ожиз, ҳимоясиз бўлиб қолганлар ҳам кам эмас. Кўпинча улар суд ёки бошқа органларга мурожаат қилмай, оилавий зўравонликка чидаб яшаб келмоқда, ачинарлиси, бу зўравонлик оқибатида вояга етмаган фарзандларнинг ҳам ҳуқуқи бузилмоқда. Ачинарлиси, болаларнинг келажакка ишончи йўқоляпти, таълим олишга бўлган лаёқати пасаймоқда, руҳий ҳолатида кескин муаммолар келиб чиқяпти.
2025 йилнинг биринчи ярмида мамлакатимизда 6000 дан ортиқ шахс шаҳвоний шилқимлик, оилавий зўравонлик ва шахсий ҳаётга оид маълумотларни қонунисиз ошкор қилиш бўйича жиноий ва маъмурий жавобгарликка тортилган. Жумладан 4952 шахс оилавий зўравонлик (Маъмурий жавобгарлик тўғрисида кодекснинг 592-моддаси) сабаб жавобгарликка тортилган. Ушбу шахслардан 3200 нафарига жарима солинган, 1752 нафарига маъмурий қамоқ жазоси тайинланган. Жиноят кодексининг 1261-моддаси бўйича 231 нафар айбланувчи судланган. Шаҳвоний шилқимлик бўйича (Маъмурий жавобгарлик тўғрисида кодекснинг 411 -моддаси) 986 шахс жавобгарликка тортилиши маълум қилинган.
Сўнги йилларда малакатимизда кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Жумладан, қонунчилик соҳасида бир қатор ислоҳотлар амлага оширилди. Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Президенти 2023 йил апрель ойида аёллар ва болалар ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилишни кучайтирувчи қонунчиликка киртилган ўзгартишларни имзолади. Қонун кучга киргандан кейин 9 ой ичида 9100 дан ортиқ киши оиладаги зўравонлик учун судланган. Биргина, 2024 йилнинг 10 ойи давомида 15 826 нафар шахсга нисбатан ҳукм чиқарилган. Ўша йилнинг ўзида 666 нафар шахс жинсий зўравонликда айбдор деб топилди, 48 нафари эса интим маълумотларни тарқатгани учун жавобгарликка тортилди.
2024 йил 21 октябрда Ўзбекистон Республикасининг “Оилавий (маиший) зўравонликдан ҳимоя қилиш чоралари кучайтирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиришлар ва қўшимча киритиш тўғрисида”ги 978-сонли Қонунининг қабул қилиниши, оила инстутининг жамият ва давлат муҳофазасида эканлигининг яққол мисолидир.
Оилавий зўравонлик – бу бир ёки бир нечта оила аъзоларининг бошқа оила аъзоларининг куч ёки қудратидан фойдаланиб, ҳаёти ёки соғлиғига таҳдид соладиган ҳуқуқлари ва эркинликларини бузиши демакдир. (руҳий ва жисмоний) Бу ҳаракатлар зўравонлик қурбонига зарар етказади ва азоб-уқубат келтиради.
Халқаро миқиёсда ҳам бу мавзу долзарб аҳамиятга эга, хусусан, Канадада аёллар ва болаларни зўравонликдан ҳимоя қилиш учун “Family Violence Courts” тузилмаси ташкил этилган. Бу судлар жабрланувчиларга тезкор ва ҳимояланган ҳуқуқий ёрдам беришга ихтисослашган. Зўравонликда гумон қилинувчи шахслар учун қайта тарбия дастурлари ҳам жорий қилинган. Бундай судлар “Specialised Domestic Violence Courts” дея номланиб Буюк Британия, Америка каби давлатларда ҳам мавжуд.
Оилавий зўравонлик ўз навбатида жамиятнинг асосий бўғини бўлган оилаларда тинчлик йўқолишига, ажримлар сонининг ортишига, инсон ҳуқуқларини қўпол тарзда бузилишига олиб келади. Ўтказилган тадқиқотларга кўра оилавий зўравонликнинг келиб чиқишига сабаб сифатида ишсизлик, моддий ва уй-жой муаммолари, хотиннинг иқтисодий қарамлиги келтирилган.
Хулоса қилиб айтганда статистик маълумотлар таҳлилига кўра бу турдаги ҳуқуқбузарлик ва жиноятлар йил сайин камайиб бораётган бўлса-да, муаммонинг илдизига назар солиб, унинг олдини олиш, таълим сифатини ошириш, оилада хотин қизларнинг иқтисодий эркинликка эришиши учун қулай имкониятлар яратиб бериш зарурлиги долзарб мавзуга айланиб улгурганлигини кўрсатади.
Машҳура Байбекова,
Тошкент туманлараро иқтисодий
суди судьяси


ОИЛА ТИНЧ БЎЛСА ЖАМИЯТ ҲАМ ТИНЧ БЎЛАДИ
Бугунги глобаллашув даври инсоният олдига катта имкониятлар билан бирга мураккаб синовларни ҳам олиб келмоқда. Бу жараён, аввало, жамиятимизнинг энг муҳим таянчи бўлган оила институтига ҳам бевосита таъсир кўрсатмоқда. Зеро, оила – бу миллатнинг маънавий пойдевори, халқнинг давомийлиги ва фарзандларнинг соғлом вояга етиши учун асосий макондир.
Барчамиз яхши биламиз: халқимиз қадимдан оилага муқаддас маскан сифатида қараган, уни тарбиянинг энг муҳим маскани сифатида қадрлаган. Аммо бугунги глобаллашув шароитида ўзбек оиласида ҳам турли муаммо ва ўзгаришлар юзага келмоқда.
Шундай салбий ҳолатлардан бири – оилада тазйиқ, зўравонлик ва агрессиядир. Афсуски, бундай ҳодисалар жамиятимизнинг айрим қатламларида учраб турибди. Бу – инсонийликка ҳам, миллий қадриятларимизга ҳам ёт иллатдир. Чунки зўравонлик бўлган уйда меҳр-оқибат бўлмайди, меҳр бўлмаган оилада эса соғлом тарбия ва фаровонликни кутиб бўлмайди.
Фарзандларимиз оиладаги зўравонлик муҳитида улғайса, уларнинг руҳий оламида чуқур излар қолади. Бу эса келгусида жамиятда ҳам агрессия ва муаммоларни кучайтиради. Шу боис Президентимиз ҳам бу масалага алоҳида эътибор қаратиб, “оила тинч бўлса – жамият ҳам тинч бўлади” дея таъкидлаб келмоқдалар.
Глобаллашув шароитида оилада соғлом муҳитни таъминлаш учун бир қатор вазифаларни амалга оширишимиз зарур. Жумладан:
-оилада ўзаро ҳурмат ва ишончни мустаҳкамлаш. Ҳар бир оила аъзоси ўзаро ҳурмат, сабр-тоқат ва масъулият билан яшаши лозим.
– мулоқот маданиятини ривожлантириш. Муаммоларни жанжал ва зўравонликсиз, тинч йўл билан ҳал қилиш кўникмаларини шакллантириш.
-маънавий тарбияни кучайтириш. Ота-оналар фарзандларга миллий қадриятларни чуқур сингдириши, ёшларни соғлом ва мустаҳкам оила қуришга тайёрлаши керак.
-Ҳуқуқий механизмларни қўллаш. Оила ва хотин-қизларни ҳимоя қилувчи қонунларни тўлақонли амалга ошириш, зўравонликка мутлақо муросасиз муносабатда бўлиш.
-психологик ва ижтимоий ёрдамни кучайтириш. Маҳалла, таълим муассасалари ва давлат идоралари ҳамкорлигида муаммоларга дуч келган оилаларга зарур кўмак бериш.
-жамиятда соғлом қарашларни тарғиб қилиш. ОАВ, ижтимоий тармоқлар ва таълим орқали оиладаги тинчлик, меҳр ва ҳамжиҳатликни кенг тарғиб қилиш.
Оила – бу кичик жамият. Агар унда меҳр-оқибат, сабр-тоқат ва ўзаро ҳурмат қарор топган бўлса, бутун жамиятимизда ҳам тотувлик ва барқарорлик бўлади. Шундай экан, ҳар биримиз оиламиздаги муҳитни яхшилаш, фарзандларимизни соғлом руҳда тарбиялаш учун масъулмиз.
Хулоса қилиб, шуни таъкидлаш жоизки, оила – бу шунчаки бир неча кишининг бир уйда яшаши эмас, балки меҳр, сабр ва ўзаро қўллаб-қувватлаш масканидир. Агар биз ҳар бир оилада соғлом муҳитни таъминласак, жамиятимизда ҳам тотувлик ва барқарорлик бўлади.
Бехзод Сагатов,
Фуқаролик ишлари бўйича Миробод туманлараро суди раиси

ПЕДАГОГИКА УНИВЕРСИТЕТИДАГИ ҲУҚУҚИЙ ТАРҒИБОТ УЧРАШУВИ
Низомий номидаги Тошкент давлат педагогика университетида Тошкент шаҳар суди фуқаролик ишлари бўйича судлов ҳайъати судьялари Б. Саидмуратов, Г. Абдураҳманова ва А. Султанова ҳамда фуқаролик ишлари бўйича Учтепа туманлараро суди раисининг ўринбосари Г. Опаева ва мазкур суднинг судьяси Л. Ўтанбоевалар таълим маскани педагог-ўқитувчилари ва тингловчилари билан учрашув ўтказишди.
Меҳнат соҳасида қонунларга риоя қилишини таъминлаш ва меҳнат қонунчилиги талабларини ишчи-ходимлар, кенг жамоатчилик ва аҳоли эътиборига етказишга қаратилган учрашувда меҳнат шартномаси тушунчаси, уни тузиш зарурати, бу борада қонунчилик талаблари ва кафолатлари семинар иштирокчилари эътиборига етказилди, педагогларнинг меҳнат қонунчилигига оид саволларга батафсил жавоб қайтарилди.
