Қидирув:

ОЛМАЗОРДАГИ САЙЁР ҚАБУЛ  

Тошкент шаҳар суди ва Тошкент шаҳар маъмурий суди раҳбарияти ҳамда Тошкент шаҳар Халқ қабулхонаси билан ҳамкорликда жисмоний ва юридик шахслар вакилларини жойларда сайёр қабул қилишни ташкиллаштириш бўйича иш режасига асосан Тошкент шаҳар судлари раҳбарияти томонидан ҳуқуқий жиҳатдан кўмакка муҳтож бўлган Олмазор туман аҳолиси учун туманнинг Ғани Азамов МФЙ биносида ўтказилган сайёр қабулда жами 22 нафар фуқаро қабул қилинди.

Қабул қилинган фуқароларнинг 18 таси жиноят ишлари бўйича, 3 таси фуқаролик ишлар бўйича судларга, 1 таси маҳмурий судга оид мурожаатларни ташкил қилди.

Шундан 21 та фуқаронинг оғзаки мурожаати эшитилган бўлса, 1 та мурожаат ёзма равишда тақдим этилди.

Жами 22 та мурожаатдан 6 таси бўйича ҳуқуқий тушунтириш берилди, 16 та мурожаат жойида ижобий ҳал этилди.

Жиноят ишлари бўйича судлар томонидан жазодан озод қилиш бўйича киритилган тақдимномалар асосида ахлоқ тузатиш ишлари жазосини ўтаётган 6 нафар шахслар жазони ўташдан муддатидан илгари шартли равишда озод қилинган бўлса, 10 нафар шахслар ҳуқуқбузарлик ҳолатларини бир ой муддатда ихтиёрий равишда бартараф этганлиги боис МЖтКнинг 271-моддаси 11 бандига асосан ишлар тугатилди.

Тошкент шаҳар судлари раҳбариятининг аҳоли билан сайёр қабуллари режа асосида мунтазам ўтказиб борилади.

ЯНГИ ҚОНУНЛАР ТАРҒИБОТИ ВА САЙЁР СУД МОҲИЯТИ

Жиноят ишлари бўйича Юнусобод туман судининг тергов судьяси З.Ярашев томонидан тумандаги “Биллур” маҳалла фуқаролар йиғини биносида 17 та ҳуқуқбузарлик ҳолати юзасидан маъмурий ҳуқуқбузарликка оид иш ҳужжатлари мазмунан кўриб чиқилди.

Тадбир иштирокчиларига Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025 йил 21 август кунги ПФ-140-сонли “Судлар фаолиятига сунъий интеллект технологияларини жорий этиш орқали одил судловга эришиш даражасини ошириш ҳамда суд тизимининг моддий-техник таъминотини яхшилашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Фармони ҳамда Ўзбекистон Республикасининг 2025 йил 21 августдаги “Ўзбекистон Республикасининг  айрим қонун ҳужжатларига қўшимча ва ўзгартиришлар киритиш тўғрисида”ги ЎРҚ – 1083-сонли қонунининг мазмуни ва моҳияти хусусида гапириб берилди.

Шунингдек, жиноят ишлари бўйича Юнусобод туман суди раисининг ўринбосари Ф.Исмаилова туман ИИО ФМБ Пробация бўлими ҳисобида турган, тузалиш йўлига ўтган маҳкумларни жазодан озод қилиш ҳамда енгилроқ турига ўзгартириш юзасидан Отчопар-1 МФЙ биносида сайёр суд ўтказиб, намунали тарзда жазо ўтаб келган, меҳнатга ҳалол муносабатда бўлиб, аҳлоқан тузалиш йўлига ўтган, содир этган қилмишидан пушаймон бўлган маҳкумлар Жиноят кодексининг 73-моддасига асосан ўталмаган жазо муддатидан илгари шартли равишда озод қилиш бўйича ички ишлар идораларининг тақдимномалари кўриб чиқилиб, суд томонидан қаноатлантирилди.

Тадбирда йиғилган маҳалла аҳлига  Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025 йил 21 август кунги  ПФ-140-сонли “Судлар фаолиятига сунъий интеллект технологияларини жорий этиш орқали одил судловга эришиш даражасини ошириш ҳамда суд тизимининг моддий-техник таъминотини яхшилашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Фармони ҳамда янги қонунлар моҳияти юзасидан тушунтиришлар берилди.

ОНГДА АДОЛАТ, ТИЛДА ҲАҚИҚАТ, ДИЛДА ПОКЛИК БИЛАН

Шубҳасиз, ҳар бир инсон дунёга келар экан, унинг аъмолида ҳур ва эркин нафас олиш тақдири битилган бўлса, у бахтлидир. Аммо инсон ҳар қанча бахтли бўлмасин, унинг она халқи, азиз юрти тутқунликда бўлса, у яна забун аҳволда қолаверади. Шу маънода, остонамизда турган ватанимиз озодлиги байрамини мен бизга бахт улашган байрам, деб атагим келади. Шу йил 10 июль куни муҳтарам юртбошимиз “Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг ўттиз тўрт йиллик байрамига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш тўғрисида”ги қарорни имзолаганида ҳам шу каби хаёллар оғушида  эдим. Бу муҳим ҳужжатга кўра, миллий истиқлолимизнинг 34 йиллик шонли санаси  Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт даражаси, жаҳон майдонидаги обрў-эътиборига ҳар томонлама муносиб тарзда, юксак савияда нишонланади. Мустақилликнинг 34 йиллигига бағишланган байрам тадбирлари “Ватан учун, миллат учун, халқ учун!” деган эзгу ғояни ўзида мужассам этган ҳолда ўтказилади. Мустақиллик байрами Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар марказлари ва Тошкент шаҳрида, шунингдек, барча шаҳар ҳамда туманлар, қишлоқ ва овулларда муносиб нишонланиши таъминланади.  “Она диёр – ранглар жилосида”, “Ватан учун яшайлик!”, “Энг улуғ, энг азиз” каби анъанавий кўрик-танловлар юқори даражада ўтказилади.

Қаранг, қанчалик муҳим тадбирлар, наинки пойтахтимиз Тошкентни, балки республикамизнинг барча ҳудудларини қамраб олган байрам шодиёналиклари қанчалик кўтаринки руҳда бўлади.

Мустақиллик  фақат тарихий бир санагина бўлиб қолмай,  халқимизнинг ўз йўли, ўз тақдири, ўз бахти учун қарор қабул қила олишидир. Бугун у Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт даражаси, жаҳон майдонидаги обрў-эътиборига ҳар томонлама муносиб. Мустақилликнинг 34 йиллигига бағишланган байрам тадбирлари “Ватан учун, миллат учун, халқ учун!” деган эзгу ғояни ўзида мужассам этгани давримизга ҳамоҳанг.

Ҳар бир инсон учун қадрият тушунчаси турлича бўлиши мумкин. Кимдир учун у оила, кимдир учун илм, яна кимдир учун бойлик бўлиши мумкин. Лекин шу неъматларнинг барчаси фақат тинчлик ва эркинлик бўлган жойда қадрга эга бўлади. Бизнинг юртимиздаги эркинлик ва осойишталик муҳити умримизга мазмун, ҳаётимизга маъно беради.

Мен ҳуқуқ соҳасида фаолият кўрсатаётган мутахассис судья сифатида мустақиллик қадрини янада чуқурроқ ҳис қиламан. Айниқса, кейинги йилларда, Янги Ўзбекистон шароитида юртимизда қонун устуворлиги таъминлана бошлади.

Қонунчилик палатаси томонидан 2021 йил 15 июнда қабул қилинган ҳамда Сенат томонидан 2021 йил 26 июнда маъқулланган Ўзбекистон Республикасининг “Судлар тўрисида”ги Қонуни, Ўзбекистон Республикаси Президентининг  2023 йил 16 январдаги “Одил судловга эришиш имкониятларини янада кенгайтириш ва судлар фаолияти самарадорлигини оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармони каби муҳим ҳужжатлар биз учун дастуриламалга айланган бўлса, давлатимиз раҳбарининг “Cудьянинг онгида – адолат, тилида – ҳақиқат, дилида – поклик бўлиши керак”, деган сўзлари суд тизимини фуқароларимизнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини ишончли ҳимоя қиладиган адолат қўрғонига айлантиришга ундаган мақсад йўлида хизмат қилиш, албатта, менга ҳам катта масъулият юклагани ҳолда ўз фаолиятимга нисбатан чексиз фахр, ифтихор туйғуларини уйғотади.

Ҳар куни эрталаб ишга кетарканман, хаёлимда ана шу адолат қўрғони юксалишида ўзимнинг ҳам ҳиссам борлигидан қувонаман. Албатта, фарзандаларимизнинг мактабда мустақил мамлакат тарихи ҳақида ўқиши, тадбиркорлар эркин бизнес қилиш имконига эга бўлиши, хорижий сармоядорлар юртимизга ишонч билан кириб келиши  барчаси мустақиллик самараларидир. Сўнгги йилларда Янги Ўзбекистон дунё саҳнасида ўз ўрнига эга бўлди, дунёдаги кўпгина давлатлар биз билан ҳамкорлик қилмоқда. Бу ҳам тинчлик ва барқарорлик, халқ ва давлат бирдамлигининг, қонун устуворлигининг натижасидир. Сўнгги йилларда мамлакатимизда ҳуқуқий демократик давлат ва фуқаролик жамиятини барпо этиш учун кенг имкониятлар яратилди. Суд-ҳуқуқ тизимида амалга оширилаётган чуқур ислоҳотлар бугунги кунда халқнинг судга бўлган ишончи ортишига, адолатни қарор топтиришда судларнинг ўрни янада мустаҳкамланишига хизмат қилмоқда. Бунга мен ўз фаолиятим давомида ҳам гувоҳ бўлиб келмоқдаман. Ўзим ишлаётган  иқтисодий судлар олдида турган асосий вазифалардан бири  тадбиркорларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ишончли ҳимоя қилиш, сармоявий муҳитни янада яхшилаш ва адолатли иқтисодий муносабатларни таъминлашдан иборатдир.  Чунки ҳар қандай тараққиёт ва ислоҳотлар, аввало, қонун устуворлиги таъминланган жамиятдагина муваффақиятли амалга ошиши мумкин. Бугунги кунда юртимизда бизнес ва хусусий мулкни ҳимоя қилиш, эркин бозор иқтисодиётини шакллантириш, хорижий ва маҳаллий инвесторларга ишончли ҳуқуқий кафолатлар яратиш бўйича судлар зиммасига катта масъулият юкланган. Биз, суд органлари вакиллари сифатида, ушбу юксак ишонч ва масъулиятни чуқур ҳис қилган ҳолда, ўз фаолиятимизни қонун устуворлиги, холислик ва адолат мезонлари асосида амалга оширишга интиламиз. Давлатимиз раҳбари таъкидлаганидек, “Адолат бор жойда тараққиёт бўлади”. Бу тараққиёт бизни ёруғ манзилларга элтади.

Шоира ЭРМЕТОВА,

Тошкент туманлараро иқтисодий суди судьяси

СУДЬЯ ВА ЁШЛАР УЧРАШУВИ

Чилонзор тумани ҳокимлигида Ёшлар ишлари агентлиги Чилонзор тумани бўлими етакчилари ҳамда жиноят ишлари бўйича Чилонзор тумани суди судьялари иштирокида учрашув бўлиб ўтди.

Унда жиноят ишлари бўйича Чилонзор тумани суди судьялари С. Мамадиев ва А. Абдуғаффоровлар иштирок этишди.

Тадбирда жиноят ишлари бўйича Чилонзор тумани суди судьяси С.Мамадиев сўзга чиқиб,  ёшларга суд-ҳуқуқ тизимидаги ислоҳотлар, судлардаги очиқлик ва шаффофлик, туманда ёшлар иштирокида содир этилаётган жиноятлар аҳволи юзасидан маълумот берди.

Чилонзор туманида 55 та маҳалла бўлиб, аҳолининг асосий қисмини ёшлар ташкил этади. Туманда жиноятлар сони пойтахтнинг бошқа туманларига қараганда юқори. Судларда ёшлар ўртасида учраётган майда безорилик, ўғрилик, фирибгарлик, талончилик ва бошқа турдаги жиноятлар кўриб чиқилмоқда. Бу жамоатчиликни, ёшлар етакчиларини бефарқ қолдирмаслиги керак. Ўз маҳалларида жиноятчиликни олдини олишга ҳисса қўшишлари, профилактика инспекторлари билан ҳамкорликда ишлашлари зарур. 

Тадбирда ҳуқуқбузарлик ва жиноят ишлари мисолида бу ишларнинг оқибатлари ҳақида маълумот берилди. Ёшлар етакчилари ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олдилар.

ОНЛАЙН ҚАБУЛ

Бугун Тошкент шаҳар суди раиси Эркин Ходжакулов Қашқадарё вилояти Қарши шаҳрида яшовчи фуқаро З.Ш. (аёл) билан ВКС тизими орқали онлайн қабул ўтказди.

Фуқаро мурожаатида 1997 йилда туғилган ўғли Б.Ш.га нисбатан қуйи суд қарорларидан норозилигини баён этди.

Суд раиси томонидан фуқарога ҳуқуқий тушунтириш берилди.

ПОЙТАХТ ЖИНОЯТ СУДЛАРИ ТОМОНИДАН 2025 ЙИЛ ЯРИМ ЙИЛЛИГИДА 69 НАФАР ШАХС ОҚЛАНГАН

Тошкент шаҳар суди тадбирлар залида пойтахт судларининг 2025 йил ярим йиллик фаолият якунларига бағишланган матбуот анжумани бўлиб ўтди.

Уни Тошкент шаҳар суди раиси Э.Ходжакулов олиб борди.

Тадбирда Тошкент шаҳар суди раиси ўринбосари – жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати раиси М.Мирзажонов, Тошкент туманлараро маъмурий суди раиси С.Юлдошев, фуқаролик ишлари бўйича судлов ҳайъати судьяси О.Сатторов, иқтисодий ишлар бўйича судлов ҳайъати судьяси Ш.Аҳроров, жамоатчилик вакиллари ҳамда журналистлар иштирок этишди.

Тадбирда 2025 йил ярим йиллиги давомида пойтахт жиноят, фуқаролик, иқтисод ва маъмурий судлари томонидан амалга оширилган юзасидан ахборот берилди.

Таъкидландики, жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар судлари томонидан 2025 йил биринчи ярми давомида 6.410 нафар шахсга нисбатан 5.242 та жиноят ишлари кўриб тамомланган бўлиб, ўтган йилга нисбатан кўриб тамомланган ишлар сони 853 тага (15,3%), жавобгарликка тортилган шахслар сони эса 585 нафарга (12,5%) кўпайган.

Судлар томонидан ярим йилликда жами 69 нафар шахсга нисбатан оқлов қарорлари чиқарилган, 1.645 ҳолатда тергов органи томонидан асоссиз қўйилган моддалар айбловдан чиқарилган.
Жиноят оқибатида етказилган 285 млрд. сўмдан ортиқ моддий зарарнинг ўрнини қоплаган 383 нафар шахсга нисбатан озодликдан маҳрум қилиш билан боғлиқ бўлмаган жазолар тайинланган, 1.380 нафар шахс суд залида қамоқдан озод қилинган.
Матбуот анжуманида фуқаролик ва иқтисодий судлар фаолияти юзасидан ҳам ахборот берилди.

Хусусан, Тошкент шаҳар фуқаролик ишлари бўйича судлари томонидан ўтган ярим йилликда жами 281.122 та ишлар ҳал қилинган бўлиб, бу республика судларида кўрилган жами 1.012.493 та ишларнинг 27.8 фоизини ташкил этган.

Тошкент шаҳар иқтисодий судларига ярим йилликда 73. 587 та даъво аризаси ва аризалар келиб тушган. Шундан 64 894 таси кўриб чиқилиб, 60 852 таси бўйича даъво талаби қаноатлантирилган, 2 091 таси бўйича даъво талабини қаноатлантириш рад этилган, 594 таси бўйича иш юритиш тугатилган, 1 357 та даъво аризаси кўрмасдан қолдирилган.

Кўрилган ишлар сони ўтган йилга нисбатан 11 789 тага ёки 22,2 фоизга кўпайган.

Суд мажлисларининг тарбиявий ва профилактик аҳамиятини ошириш, иқтисодиёт соҳасида қонунийликни мустаҳкамлаш ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олишга кўмаклашиш, қонунга ва судга нисбатан ҳурматда бўлиш муносабатини шакллантириш, тарафларга суд мажлисида қатнашиб, корхоналар, муассасалар, ташкилотлар ва фуқароларнинг бузилган ёки низолашилашилаётган ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш учун ҳар томонлама қулайлик яратиш мақсадида, кўрилган 64 894 та ишнинг 23 923 таси ёки 36,8 фоизи судьялар томонидан бевосита маҳаллаларда, корхоналар, муассасалар, ташкилотларда сайёр суд мажлисларида ҳал этилган.

Шунингдек, тадбирда Тошкент шаҳар маъмурий судлари томонидан амалга оширилган ишлар бўйича ҳам ахборот тақдим этилди.

Матбуот анжуманида журналистлар ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олдилар.

ШАЪН, ҚАДР-ҚИММАТ ВА ИШЧАНЛИК ОБРЎСИНИ СУД ОРҚАЛИ ҲИМОЯ ҚИЛИШДА ҚОНУНЧИЛИКНИ ҚЎЛЛАШ АМАЛИЁТИ ВА МУАММОЛАРИ

Айнан шу долзарб мавзу бугун Олий судда бўлиб ўтган конференцияда кенг муҳокама этилди.

Маълумки, шахснинг шаъни, қадр-қиммати, ишчанлик обрўсини ҳимоя қилиш – шахснинг ва унинг эзгу номини муҳофаза этишнинг энг муҳим конституцион кафолатларидан биридир. Конституциямизда инсон, унинг ҳаёти, эркинлиги, шаъни ва қадр-қиммати олий қадрият ҳисобланиб, биринчи ўринга қўйилган. Ушбу қадриятлар миллий қонунчилик ҳамда халқаро ҳужжатлар томонидан тан олинган. Шу билан бирга, ахборот технологиялари, ижтимоий тармоқлар ва аноним алоқа тармоқларининг шиддатли ривожланиши натижасида суд ишлари янада мураккаблашиб, судьяларнинг бу борадаги масъулияти ошиб бормоқда.

Олий суд раиси Б. Исломов конференцияни кириш сўзи билан очар экан, инсон қадрини улуғлаш, унинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш давлатимиз сиёсатининг бош мақсадига айлангани, Янги Ўзбекистоннинг Тараққиёт стратегиясида белгиланган еттита устувор йўналишнинг айнан биринчиси – инсон қадрини юксалтириш ва эркин фуқаролик жамиятини янада ривожлантириш орқали халқпарвар давлат барпо этишга бағишланганида ҳам ўзига хос маъно борлигини алоҳида таъкидлади.

Олий суд раисининг ўринбосари О. Исмаилов, Олий Мажлис Сенатининг Ёшлар, хотин-қизлар, маданият ва спорт масалалари қўмитаси аъзоси М. Кадирханова, Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (Омбудсман) Ф. Эшматова, Бош прокурор ўринбосари С. Артикова, Ўзбекистон Журналистлар ижодий уюшмаси раиси вазифасини бажарувчиси Х. Салимов, фуқаролик ишлари бўйича судьялар, ҳуқуқшунос олимлар ва адвокатлар, қатор вазирлик ва идораларнинг масъул ходимлари иштирок этган бугунги тадбирда маълум қилинганидек, 2023 ва 2024 йилларда фуқаролик ишлари бўйича судлар томонидан шаън, қадр-қиммат ва ишчанлик обрўсини ҳимоя қилиш билан боғлиқ 44 та иш кўриб чиқилган бўлса, жорий йил биринчи ярмининг ўзида бу рақамлар 47 тани ташкил қилган ва мазкур ишларнинг 37 таси бўйича жавобгарлардан 23,7 млн. сўм моддий ва 403,6 млн. сўм маънавий зарар ундириш белгиланган.

Жиноят ишлари бўйича судларда охирги икки ярим йил ичида ҳақорат қилиш билан боғлиқ 2 071 та иш ҳамда туҳмат билан боғлиқ 370 та иш кўрилган.

Бундан ташқари, сўнгги икки ярим йил ичида кўриб чиқилган маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги ишларнинг 133 945 таси ҳақорат қилиш, 10 544 таси туҳмат билан боғлиқ ишларни ташкил этади.

Статистик маълумотлардан кўриниб турибдики, инсон қадр – қиммати ва шаънини менсимаслик каби салбий иллатлар кенг тус олаётгани табиийки, кенг жамоатчиликни ташвишга солмоқда.

Конференцияда шаън, қадр-қиммат ва ишчанлик обрўсини ҳимоя қилиш бўйича низолар юзасидан суд амалиёти қандай шаклланаётганлиги, бу соҳада қандай муаммоларга дуч келинаётганлиги ҳамда қонунчилик ва ҳуқуқни қўллаш амалиётини янада такомиллаштириш учун қандай чора-тадбирлар кўриш зарурлиги ҳақида ўзаро фикр алмашинилди.

Шунигдек, замонавий тенденцияларга мутаносиб равишда Олий суд Пленумининг амалдаги “Суд амалиётида фуқаро ва ташкилотларнинг шаъни, қадр-қиммати ва ишчанлик обрўсини ҳимоя қилиш ҳақидаги қонунларни қўллаш тўғрисида”ги Қарорининг янги таҳририни ишлаб чиқиш зарурати вужудга келганлиги сабабли ушбу масаладаги янги Пленум қарорини қабул қилиш борасида ишлар олиб борилаётгани алоҳида қайд этилди.

 

Бугунги тадбирда йиғилган судьялар, мутахассис ва экспертлар мавзуга оид масалалар юзасидан ўзаро тажриба алмашиб, шаън, қадр-қимматни ҳимоя қилиш ҳуқуқи ва сўз эркинлиги ўртасидаги мувозанат мезонларини атрофлича муҳокама қилди.

Конференция якуни бўйича хулосалар, амалий таклифлар ишлаб чиқишга келишиб олинди.

САЙЁР СУД

Сирғали тумани “Қутбарака” маҳалласида сайёр суд мажлиси бўлиб ўтди.

Унда жиноят ишлари бўйича Сирғали тумани судининг судьяси Д.Чориева, туман прокурори ёрдамчиси М.Хушвақтова, судланувчи А.Э. ва унинг ҳимоячиси, жабрланувчи Д.М.ва унинг адвокати Г.Ачиловалар иштирок этишди.

Сайёр судда судланувчи А.Э.га нисбатан оилавий (маиший) зўравонлик билан боғлиқ жиноят иши кўриб чиқилди.

Судланувчи А.Э. (эркак) 2025 йил 6 май куни соат 21:00да, ўз яшаш хонадонида турмуш ўртоғи М.Д. (аёл) билан ўзаро жанжаллашиш оқибатида Д.М. танасининг турли жойларига қўли билан уриб, унга енгил тан жароҳати етказган.

Сайёр суд мажлисида иш бўйича жабрланувчи  ва судланувчи ариза билан мурожаат қилишиб, жиноят ишини тарафларнинг ярашганлиги муносабати билан тугатишни сўрашди.

Суд жиноят ишини тарафларнинг ярашганлиги муносабати билан тугатди. Судланувчига бу каби жиноятни қайта содир этмаслиги бўйича тушунтиришлар берилди.

ЯНГИҲАЁТДАГИ САЙЁР ҚАБУЛ

Тошкент шаҳар суди ва Тошкент шаҳар маъмурий суди раҳбарияти ҳамда Тошкент шаҳар Халқ қабулхонаси билан ҳамкорликда жисмоний ва юридик шахслар вакилларининг жойларда сайёр қабулини ташкиллаштириш бўйича иш режасига асосан ҳуқуқий жиҳатдан кўмакка муҳтож бўлган аҳоли учун Янгиҳаёт тумани Хушнуд МФЙ биносида ўтказилган сайёр қабулда жами 30 нафар фуқаро қабул қилинди.

Қабул қилинган фуқароларнинг 10 таси жиноят ишлари бўйича, 18 таси фуқаролик ишлар бўйича, 2 таси ижтимоий масалани ташкил этди.

Сайёр қабулда 1 та мурожаат ёзма равишда қабул қилиб олинган бўлса, 25 та мурожаат бўйича ҳуқуқий тушунтириш берилди, 5 та мурожаат жойида ижобий ҳал этилди. Яъни, жазодан озод қилиш бўйича киритилган тақдимномалар асосида ахлоқ тузатиш ишлари жазосини ўтаётган 5 нафар маҳкум жазони ўташдан муддатидан илгари шартли равишда озод қилинди.

Skip to content