Қидирув:

ТАЛАБАЛАР БИЛАН УЧРАШУВ

Талабаларнинг ҳуқуқий саводхонлигини ошириш, судлар фаолияти борасидаги юридик билим ва кўникмаларини мустаҳкамлаш мақсадида Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университетининг «Халқаро ҳуқуқ» факультети талабаларига Тошкент шаҳар судининг иқтисодий ишлар бўйича судялари О.Гулямова, А.Ибрагимов, Ж.Хусаинов, Н.Байзаковалар «Янги конституцияда суд ҳокимияти» мавзусида очиқ мулоқот ўтказди.

Тадбирда «Ўзбекистон Республикасининг Янги таҳрирдаги Конституциясининг 13-бобида мустаҳкамланган суд ҳокимияти тизими, уларнинг ваколатлари, судьяликка қўйилган талаблар, судяларнинг мустақиллиги, дахлсизлиги, таъминоти, иқтисодий ишларни кўриб чиқишнинг процессуал муддатлари, судга тааллуқлилик ва судловга тегишлилик масалар ҳамда бўлажак ҳуқуқшунослар учун касбий ва шахсий фазилатлар хусусида ўз билим ва тажрибалари билан ўртоқлашдилар.

Эркин ва очиқ мулоқот тарзда ўтказилган давра суҳбатида ёшларга инсон ҳуқуқлари тушунчасининг мазмун-моҳияти, мамлакатимизда бу борада амалга оширилаётган ишлар, инсон ҳуқуқлари муҳофазаси йўлида барпо этилган мустаҳкам қонунчилик тизими хусусида етарли тушунчалар берилди.

БАЙРАМ ТАДБИРИ

Пойтахтимиздаги Аниқ ва ижтимоий фанлар университетида Ўзбекистон Республикаси Давлат байроғи қабул қилинганлигининг 33 йиллиги муносабати билан байрам тадбири бўлиб ўтди. Унда университет талаба ва ўқитувчилари иштирок этишди.

Уни университет ректори Ғ. Ботиров кириш сўзи билан очди.

Тадбирда университет маънавият бўлими бошлиғи С.Тошева тадбирга ташриф буюрган меҳмонлар билан таништирди, байроқ аҳамияти ҳақида гапириб, мавзуга оид шеърлардан намуналар келтирди. 

Тадбирда Тошкент шаҳар суди Жамоатчилик ва оммавий ахборот воситалари билан алоқалар бўйича бош консультанти З.Қўзибоев иштирок этиб, давлат байроғи халқимизнинг ғурур ва ифтихор рамзларидан бири эканини таъкидлаб, уни авайлаб-асрашимиз, катта кичик тадбирларда баланд кўтаришимиз, Ўзбекистон байроғи мамлактимизни дунёга танитишда муҳим рол ўйнаётгани ҳақида гапирди. Давлат байроғига ҳурматсизлик қонун билан жавобгарликка сабаб бўлиши ҳақида тушунча берилди.

Шунингдек, тадбирда Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими, шоира М.Улуғова, хонанда А.Ражабийлар сўзга чиқиб, байроғимиз муқаддаслиги ҳақида ўзларининг фикрлари билан ўртоқлашди, шеър ва қўшиқларидан намуналар ижро этишди.

Тадбир иштирокчиларда катта тассурот қолдирди.

ТОШКЕНТ ШАҲАР СУДИ РАИСИ КУБОГИ ТОШКЕНТ ТУМАНЛАРАРО ИҚТИСОДИЙ СУДИГА НАСИБ ЭТДИ

Пойтахтимиздаги «Пахтакор» стадиони яшил майдонларида пойтахт судлари судьялар ва ходимлардан иборат жамоалар ўртасида “Тошкент шаҳар суди раиси кубоги-2024” мини футбол мусобақларининг финал босқичи ўйинлари бўлиб ўтди.

Дастлабки ўйин 3-ўрин учун жиноят ишлари бўйича Сергели тумани суди жамоаси ва фуқаролик ишлари бўйича Яккасарой туманлараро суди жамоалари ўртасида кечди. Муросасиз ўтган ўйинда фуқаролик ишлари бўйича Яккасарой туманлараро суди жамоаси ғолибликни қўлга киритди. Ҳисоб 1:2.

Финалга Тошкент туманлараро иқтисодий суди жамоаси ва жиноят ишлари бўйича Учтепа тумани суди жамоаси ғолиблик учун майдонга тушди. Бўлиб ўтган иккала таймда дуранг натижа қайд этилди – 2:2. Навбат пенальтиларга берилди. Пенальтилар сериясида омад Тошкент туманлараро иқтисодий судига кулиб боқди.(4:3) Умумий ҳисоб – 6:5

Ғолиб жамоаларга мусобақа ташкилотчиларининг медал ва эсдалик совғалари, биринчи ўринни қўлга киритган жамоага Тошкент шаҳар суди раиси кубоги топширилди.

Шу тариқа Тошкент шаҳар суди раиси кубоги Тошкент туманлараро иқтисодий суди жамоасига насиб этди.

Биз ҳам ғолиб жамоани чин дилдан табриклаймиз!!!

Ғалаба муборак, кубок муборак иқтисодчилар!

ТОШКЕНТ ШАҲАР СУДИДА ПОЙТАХТ СУДЛАРИНИНГ ЎТГАН 9 ОЙЛИК ФАОЛИЯТИ ЮЗАСИДАН ОММАВИЙ АХБОРОТ ВОСИТАЛАРИ ҲАМДА ЖАМОАТЧИЛИК ВАКИЛЛАРИ ИШТИРОКИДА МАТБУОТ АНЖУМАНИ БЎЛИБ ЎТДИ

Уни Тошкент шаҳар суди раиси Э.Ходжакулов олиб борди.

Айтиш жоизки, судлардаги очиқлик, шаффофлик ҳар чоракда ўз фаолиятлари хусусида ОАВ га ва кенг жамоатчиликка ахборот бериш имконини бермоқда.

Таъкидландики, Тошкент шаҳар жиноят судлари бўйича жорий йил 9 ойи давомида 8.644 нафар шахсга нисбатан 7.170 та жиноят иши, 12.091 та санкция ва материаллар кўриб тамомланган. Судлар томонидан 714 нафар шахслар суд залидан озод қилинган бўлса, 411 нафар шахслар суд залидан қамоққа олинган.92 нафар шахсга нисбатан оқлов ҳукмлари чиқарилган.

Тошкент шаҳар фуқаролик ишлари бўйича судлари томонидан жами 198.949 та ишлар ҳал қилинган бўлиб, бу республика судларида кўрилган жами 1.118.694 та ишларнинг 17.7 фоизини ташкил этганлиги айтиб ўтилди.

Судлар томонидан жорий йил 9 ойи давомида никоҳдан ажратиш ҳақида жами 6.313 та фуқаролик ишлари кўрилган бўлиб, ушбу кўрсаткич ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 117 та ёки 1,8 фоизга ошган.

Оилаларни сақлаб қолиш, болаларни соғлом оила бағрида камол топиши учун шаҳар суди томонидан жойларда никоҳ ва оила масалаларига бағишланган учрашувлар мунтазам равишда ўтказилиб келинмоқда.

Матбуот анжуманида Тошкент шаҳар иқтисодий судлар фаолияти ҳам таҳлил қилинди. Хусусан, Тошкент шаҳар иқтисодий судларига ҳисобот даврида жами 92 513 та даъво аризаси ва аризалар келиб тушган. Шундан 86 907 таси иш юритишга қабул қилиниб, 78 588 таси кўриб чиқилган. 74 723  таси бўйича даъво талаби қаноатлантирилган. 1 992 таси бўйича даъво талабини қаноатлантириш рад этилган. 713 таси бўйича иш юритиш тугатилган. 1 160 та даъво аризаси (ариза) кўрмасдан қолдирилган.

Суд мажлисларининг тарбиявий ва профилактик аҳамиятини ошириш мақсадида кўрилган ишларнинг 32,3 фоизи сайёр суд мажлисларида ҳал этилган.

Тошкент шаҳар маъмурий судларининг биринчи инстанциясига жами 2 282 та ариза (шикоят)лар келиб тушган бўлиб, шундан 238 таси ариза (шикоят) қабул қилиш рад этилган. 217 та ариза ва шикоятлар қайтарилган. 1800 таси иш юритув қабул қилиниб, кўриб тамомланган. Шунингдек, 21 та иш материал тартибида кўрилган. 365 та хусусий ажрим чиқарилган, шундан 20 та хусусий ажрим бўйича мансабдор шахсларга интизомий жазо чоралари қўлланилган.

Матбуот анжуманида журналистлар ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олдилар.

СИРОЖИДДИН САДИРОВ 70 ЁШГА ТЎЛДИ

Фахрий судья, бугунги кунда фарзандлар, неваралар ардоғида юрган Сирожидин Садиров ропа-роса 70 ёшни қаршилади. Шу муносабат билан Тошкент шаҳар судида С.Садировни қутлаш тадбири бўлиб ўтди.

 

Унда Тошкент шаҳар суди раиси Э.Ходжакулов, Ўзбекистон Судьялари Ассоциацияси Тошкент шаҳар филиали раиси У.Қурбонов, Тошкент шаҳар судлари судьялари ҳамда шогирдлари иштирок этди.

 

Сирожиддин Садиров 1954 йилнинг 30 октябрида Тошкент вилоятида туғилди. Тошкент давлат университети ҳуқуқшунослик факультетини битиргач, Тошкент шаҳар Октябрь (ҳозирги Шайхонтоҳур) тумани халқ судининг суд мажлиси котиби, суд ижрочиси, Тошкент шаҳар Фрунзе (ҳозирги Яккасарой) тумани халқ судининг судьяси, 1994 йилдан Тошкент шаҳар суди судьяси, 2001 йилдан 2004 йилгача жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар судининг судьяси вазифаларида меҳнат қилди. Жамиятда адолатни ўрнатишга ҳисса қўшди.

Тадбирда сўзга чиққанлар С.Садировни меҳнатларини эътироф этиб, қутлуғ ёш билан табрикладилар. Судьяларга у кишидек ҳалол меҳнат қилиб, нафақа ёшига етиб юриш истаги билдирилди.

ТУМАНЛАРАРО СУД РАИСИ МАКТАБДА ДАРС ЎТДИ

Тошкент туманлараро маъмурий судининг раиси С.Юлдошев Юнусобод туманида жойлашган 72,53,63-сонли умумий ўрта таълим мактабларида бўлди.

Дастлаб суд раиси мактабда ўқувчиларга яратилган шарт-шароитлар билан танишди. Шундан сўнг юқори синф ўқувчиларига Конституция сабоқлари мавзусида дарс ўтилди.

 

Дарс жараёнида ўқувчиларга мамлакатимиз Конституциясида белгилаб қўйилган ҳуқуқ ва бурчларини яна бир бор тушунтириб, Бош қомусимизнинг 41-моддасида мустаҳкамланган “Ҳар ким билим олиш ҳуқуқига эга” эканлигини, бепул умумий таълим олиш давлат томонидан кафолатланганлигини, мактаб ишлари давлатимизнинг доимий назоратида эканлиги эслатилди.

Шундан сўнг, ҳар бир шахсга ўз ҳуқуқ ва эркинликларини суд орқали ҳимоя қилиш, давлат органлари, мансабдор шахслар, жамоат бирлашмаларининг ғайриқонуний хатти-ҳаракатлари устидан судга шикоят қилиш ҳуқуқи кафолатланганлиги айтиб ўтилди.

Ўқувчиларга мактабга белгиланган тартибда келиб фақат аъло баҳоларга ўқишини, келажакда ватанимиз равнақига ўз ҳиссаларини қўшишларини тилади. Дарс жараёни қизғин савол-жавоб тарзида ўтказилиб, ўқувчилар ҳам ўзларини қизиқтирган саволларига батафсил жавоб олишди.

ЧИЛОНЗОРДАГИ САЙЁР ҚАБУЛЛАР

Чилонзор тумани ҳокимлиги биносида Тошкент шаҳар ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлари раҳбарларининг сайёр қабули бўлиб ўтди.

Унда Тошкент шаҳар прокурори, Тошкент шаҳар суди раиси, Тошкент шаҳар ички ишлар бош бошқармаси, Тошкент шаҳар адлия бошқармаси бошлиғи, мажбурий ижро, солиқ бошқармаси раҳбарлари иштирок этди.

Сайёр қабулда Тошкент шаҳар суди раиси Э.Ходжакулов фуқароларнинг мурожаатлари билан танишди. Ундан ташқари сайёр қабулда Тошкент шаҳар суди раиси ўринбосари, иқтисодий ишлар бўйича судлов ҳайъати раиси И.Алимов, Тошкент шаҳар суди фуқаролик ишлари бўйича судлов ҳайъати судьяси А.Раҳматов, жиноят ишлари бўйича Чилонзор туман суди раиси И.Сабиров ва туман суди раиси ўринбосари А.Муҳиддинов, фуқаролик ишлари бўйича Учтепа туманлараро суди раиси А.Сулаймонов, Тошкент шаҳар маъмурий суди судьяси Т.Салимовлар сайёр қабулда иштирок этишди. Судьялар томонидан 15 нафар фуқаронинг мурожаати эшитилди.

Йўналишлар бўйича тақсимлаганда 8 та фуқаролик, 5 таси жиноят, 2 та маъмурий иш бўйича фуқаролар мурожаати эшитилиб, барчаси бўйича ҳуқуқий тушунтириш берилди.

ТИЛГА ЭЪТИБОР – ЭЛГА ЭЪТИБОР

21 октябрь – Ўзбек тили байрами куни. Шу муносабат билан Тошкент шаҳар судида тадбир ташкил этилди. Унда Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган маданият ходими, шоира Муҳтарама Улуғова иштирок этди. Нотиқ ўз чиқишида она тилимизга бўлган эътибор, бу борадаги ўз қарашлари билан ўртоқлашди.

Бундан 35 йил муқаддам, яъни 1989 йил 21 октябрь куни қабул қилинган “Давлат тили ҳақида”ги Қонунда ўзбек тилига Давлат тили мақоми берилган. Мустақил Ўзбекистон Республикасининг 2020 йил 10 апрелдаги ЎРҚ-615-сон Қонунига асосан эса 21 октябрь мамлакатимизда Ўзбек тили байрами куни этиб белгиланди.

Сўнгги йилларда “миллий тикланишдан миллий юксалиш сари” деган устувор ғоя асосида тараққиётнинг янги босқичида дадил ривожланаётган  мамлакатимизда давлат тилининг ўрни ва нуфузини ошириш борасида ҳам янги  жараён бошланди. Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг 2019 йил 21 октябрда қабул қилинган “Ўзбек тилининг давлат тили сифатидаги нуфузи ва мавқеини тубдан ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони бу борада алоҳида аҳамиятга эга ҳужжат бўлди. Фармонда ўзбек тилининг ҳам она тили ҳам давлат тили сифтидаги  тараққиётини таъминлаш давлат тили сифатида ҳаётимизнинг барча жабҳаларида тўла-тўкис жорий қилиниши учун муҳим вазифа ва чора-тадбирлар аниқ белгилаб берилди. Президентимиз таъкидлаганидек, “ҳар биримиз давлат тилига бўлган эътиборни мустақилликка бўлган эътибор деб, давлат тилига  эҳтиром ва садоқатни она ватанга эҳтиром ва садоқат деб билишимиз,  шундай деб қарашни ҳаётимиз қоидасига айлантиришимиз лозим.”

Тадбирда сўзга чиққанлар она тилимизнинг жозибадорлиги, беқиёс мулоқот тили эканлиги, қалбимизга жон қадар яқинлиги,  аҳамияти ҳақида тўхталиб, самимий фикрларини айтишди, шеърларидан ўқишди, уни обрўсини юксалтириш бўйича фикрларини баён этишди.

21 октябрь – Ўзбек тили байрами куни

Миллат қиёфаси

Тил – миллат бойлиги, миллат қиёфаси. Ҳеч қайси инсон она тилини танламайди. У инсон билан бирга туғилади.

Узоқ йиллар она тилимизга эътибор сусайган эди, унинг қадри, обрўси ҳақида чуқур ўйлаб кўрилмади. Ўзга тилда гаплашдик, бошқа тилда иш юритдик, болаларимизни ўз она тилимиздан узоқлаштирдик. Ўз тилимиздаги сўзларни билмаслигидан хавотирланмадик, ўзганинг тилида сўзлашишидан фахрландик. Ўз тилимизни билиш уят, бошқа тилни билишимиз маданиятлилик белгиси ҳисобланди. Тилимизнинг бошқа тиллар соясида қолиб кетгани аччиқ ҳақиқат… 

Мамлакатимизда “Давлат тили тўғрисида”ги қонун мустақилликка эришмасимиздан аввал қабул қилинди. Бу, албатта, ката жасорат эди. Она тилимизни ҳаётимизда тўлақонли жорий этиш, унинг мавқейи ва нуфузини ошириш чоралари кўрилди. Бироқ, қонун ўз даврида тўлақонли бажарилди, деб айтолмаймиз. Давлат тилини ҳаётимизнинг барча соҳаларига татбиқ этишда муаммолар ва камчиликлар бор эди. 

Яқин йиллардан бошлаб бу масала янги ислоҳотлар кун тартибига қўйилди. Давлат  тили қоидаларига тўлақонли амал қилмаслик, давлат тилида иш юритмаслик барча соҳада мавжуд камчилик бўлса, кўчаларда, ташкилот ва иншоотлар пештоқидаги ёзувларнинг бошқа тилда, имловий хатоларда ёзилиши, телевидениеда, кино ва турли оммавий кўрсатувларда шеваларда гапирилиши, энг муҳими, ёшларнинг ўз она тилини билмаслиги каби жиддий муаммолар борган сари жамиятимизда илдиз ота бошлади.

Миллатимиз маданияти, азалий қадриятларини, она тилини асраб-авайлаш ва ривожлантириш ҳар доимгидан кўра жиддий масала бўлиб юзага чиқа бошлаган бир пайтда давлат тили борасида муҳим ислоҳотлар сари дадил қадам ташланди.

Янгиланаётган Ўзбекистон ислоҳотлар майдонида она тилимизни ривожлантириш борасидаги эзгу ишлар 2019 йил 21 октябрь куни “Ўзбек тилининг давлат тили сифатидаги нуфузи ва мавқейини тубдан ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Президенти фармони қабул қилиниши билан бошланди. 2020 йил 20 январда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг  “Мамлакатда давлат тилида иш юритишни самарали ташкил қилиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори эълон қилинди. Давлат тилини ривожлантириш департаменти, кейинчалик унинг ҳузурида  Атамалар комиссияси фаолияти ташкил қилинди.

2020  йил 10 апрель куни эса яна бир муҳим тарихий ҳужжат – “Ўзбек тили байрами кунини белгилаш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни имзоланди. 

Шунингдек, 2021 йил 10 февралда Вазирлар Маҳкамасининг “Лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбосига босқичма-босқич тўлиқ ўтишни таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорида 2023 йилнинг 1 январидан барча ёзувлар лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбосига ўтиши белгиланган.

Ўтган яқин йиллар мобайнида давлат тилини ривожлантириш, ўзбек тилининг мавқейини оширишга қаратилган 20 дан ортиқ норматив-ҳуқуқий ҳужжат қабул қилинди. Мазкур ҳужжатларнинг мазмун-моҳияти мамлакатимиз ижтимоий-сиёсий ҳаётининг барча соҳаларида давлат  тили имкониятларидан тўлиқ ва тўғри фойдаланишга эришишга, давлат тилида иш юритишга қаратилганлиги билан аҳамиятлидир.

Ўзбекистон Республикаси “Судлар тўғрисида”ги қонуннинг 13-моддасида “Ўзбекистон Республикасида суд ишларини юритиш ўзбек тилида, қорақалпоқ тилида ёки муайян жойдаги кўпчилик аҳоли сўзлашадиган тилда олиб борилади. Суд ишлари юритилаётган тилни билмайдиган ишда иштирок этувчи шахсларга таржимон орқали иш материаллари билан тўла танишиш, суд ҳаракатларида иштирок этиш ҳуқуқи ва судда она тилида ёки улар биладиган бошқа тилда сўзлаш ҳуқуқи таъминланади”, деб белгиланган. 

Шу нуқтаи назардан, суд-ҳуқуқ тизимида, хусусан суд жараёнлари, аввало, давлат тилида, агар бошқа миллат вакили бўлса, таржимондан фойдаланган тартибда олиб борилади.

Она тилимиз нуфузи ва обрўсини сақлаш мақсадида, нафақат давлат тилида иш юритишга эришишимиз, балки ўзбек тилининг софлиги ва жозибадорлигини, нутқ ва сўзлашиш маданиятига ҳам долзарб масала сифатида эътибор қаратиш мақсадга мувофиқдир.

Айниқса, соҳамизда судьялар чиқараётган ҳукм ва қарорлар тили лексикаси, савияси, шунингдек, уларнинг фикрни тўлақонли, мазмунли, мантиқли ифодалаш учун ўз она тилини мукаммал билиши жуда муҳим.

“Тил — тафаккур жамоли”, деган эди Абдурауф Фитрат. Тафаккуримиз юксалиб, фикрлаш тарзимиз ошиб боргани сайин тилимизнинг олмос қирралари ўзини намоён этаверади. 

        Шоира Эрметова,

        Тошкент туманлараро иқтисодий суди судьяси,

        Ўзбекистон Ёзувчилари уюшмаси аъзоси.

БОЛАЛАР МЕҲНАТИДАН ФОЙДАЛАНИШГА ЙЎЛ ҚЎЙИЛМАЙДИ!

Ҳеч кимга сир эмаски, собиқ иттифоқ даврида меҳнат қилиш ҳар бир фуқаронинг мажбуралар ияти ҳисобланган ва бунинг учун инсонлар таъқибларга учраганлигини ота-боболаримизнинг ҳикояларида эшитганмиз.

Холбуки, меҳнат қилиш бу инсоннинг мажбурияти эмас – балки ҳуқуқидир.

Мустақиллик даврида мамлакатимизда инсон ҳуқуқлари соҳасидаги ислоҳотлар босқичма-босқич янги поғонага кўтарилди. Хусусан,  мажбурий меҳнат ва болалар меҳнатини тугатиш бўйича самарали ишлар амалга оширилмоқда. 

Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларациясининг 23-моддасига асосан ҳар бир инсон меҳнат қилиш, ишни эркин танлаш, адолатли ва қулай иш шароитига эга бўлиш ва ишсизликдан ҳимоя қилиниш ҳуқуқига эга.

Мустақиллик йилларида Ўзбекистон Халқаро меҳнат ташкилотига аъзо бўлди ва ушбу ташкилотнинг 14 та халқаро-ҳуқуқий ҳужжати ва бир қатор конвенциясини ратификация қилди. Улар орасида Болалар меҳнати ва мажбурий меҳнатга қарши курашишга доир конвенция алоҳида эътиборга лойиқ.

Хусусан, миллий ва халқаро саъй-ҳаракатларнинг, шу жумладан, халқаро ҳамкорлик ва халқаро ёрдамнинг бош устувор тамойили сифатида болалар меҳнатини тақиқлаш ва унинг энг ёмон шаклларига барҳам бериш учун болалар меҳнати бўйича асосий ҳужжат бўлиб қолаётган Ишга қабул қилиш учун энг кичик ёш тўғрисидаги 1973 йилги Конвенция ва Тавсияни тўлдирадиган янги ҳужжатларни қабул қилишни зарур деб ҳисоблаб, болалар меҳнатининг энг ёмон шаклларига самарали барҳам бериш шошилинч ва ҳар томонлама саъй-ҳаракатларни — бепул умумий таълим ҳамда болаларни шу турдаги барча ишлардан халос этиш заруратини ҳисобга олган ҳолда ва уларнинг оилалари эҳтиёжларига йўналтирилган ҳолда уларнинг реабилитациясига ва ижтимоий интеграциялашувига кўмаклашиш мақсадида Болалар меҳнатининг энг ёмон шакллари тўғрисидаги Халқаро меҳнат ташкилотининг 182-сон Конвенция қабул қилинган.

Шунингдек, “Мажбурий меҳнатни тугатиш тўғрисида”ги 105-Конвенция Халқаро меҳнат ташкилотининг асос солувчи Конвенцияси ҳисобланиб, ушбу муҳим ҳужжат республикамизда 1997 йил 30 августда ратификация қилинган. Ушбу Конвенцияни маъқуллаган давлат мажбурий меҳнат қўлланишини бартараф этиш юзасидан бир қатор вазифаларни ўз зиммасига олади. Конституциямизнинг 44-моддасида ҳам суд қарори билан тайинланган жазони ижро этиш тартибидан ёхуд қонунда назарда тутилган бошқа ҳоллардан ташқари мажбурий меҳнат тақиқланади деб таъкидлаб ўтилган.

Мустақилликнинг дастлабки йилларида Ўзбекистон далаларида вояга етмаганларнинг, жумладан мактаб ва касб-ҳунар коллежи ўқувчиларини пахта йиғим теримига жалб этилганлиги ҳолатларига барчамиз гувоҳ бўлганмиз.

Давлатимиз раҳбарининг ташаббусига кўра, бу ҳолатларга барҳам бериш учун бир қатор ислоҳотлар амалга оширилди. Жумладан, Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилинди ва қонунчилик базаси мустаҳкамланди.

Мажбурий меҳнат ва болалар меҳнатини тугатиш бўйича халқаро стандартларни мамлакат ҳаётига тўлиқ татбиқ этиш мақсадида Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йилдаги “2018-2020 йилларда Халқаро меҳнат ташкилотининг Ўзбекистон Республикаси томонидан ратификация қилинган конвенцияларини амалга ошириш бўйича чора-тадбирлар тўғрисида”ги ва “Ўзбекистон Республикасида мажбурий меҳнатга барҳам беришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида” қарорлари қабул қилинганлиги барчамизнинг ютуғимиз ва мамлакатимизнинг жаҳон миқёсидаги статусини яхшилашда катта ҳисса қўшди.

Мажбурий меҳнат ва болалар меҳнатидан фойдаланганлик учун жавобгарлик масаласига оид халқаро ва минтақавий ҳужжатлар ҳамда хорижий мамлакатларнинг қонунчилигини ўрганиш муҳим аҳамиятга эга.

Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 51-моддасига киритилган ўзгартиришларга мувофиқ, эндиликда меҳнатга маъмурий тарзда мажбурлаш учун базавий ҳисоблаш миқдорининг 50 бараваридан 100 бараваригача, худди шундай ҳуқуқбузарлик таълим ташкилотининг педагог ходимига нисбатан содир этилган бўлса базавий ҳисоблаш миқдорининг 100 бараваридан 150 бараваригача жарима солишга сабаб бўлади.

Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 1482-моддасига биноан меҳнатга бирон-бир шаклда маъмурий тарзда мажбурлаш, бундан қонунда назарда тутилган ҳоллар мустасно, худди шундай қилмиш учун маъмурий жазо қўлланилганидан кейин содир этилган бўлса, базавий ҳисоблаш миқдорининг юз бараваридан бир юз эллик бараваригача миқдорда жарима ёки икки йилгача муайян ҳуқуқдан маҳрум қилиш ёхуд икки йилгача ахлоқ тузатиш ишлари билан жазоланади.

Худди шундай ҳаракат вояга етмаган шахсга нисбатан содир этилган бўлса, базавий ҳисоблаш миқдорининг бир юз эллик бараваридан икки юз бараваригача миқдорда жарима ёки уч йилгача муайян ҳуқуқдан маҳрум қилиш ёки уч йилгача ахлоқ тузатиш ишлари билан жазоланади.

Меҳнатга бирон-бир шаклда маъмурий тарзда мажбурлаш, бундан қонунда назарда тутилган ҳоллар мустасно, таълим ташкилотининг педагог ходимига нисбатан худди шундай қилмиш учун маъмурий жазо қўлланилганидан кейин содир этилган бўлса, базавий ҳисоблаш миқдорининг бир юз эллик бараваридан икки юз бараваригача миқдорда жарима ёки уч йилгача муайян ҳуқуқдан маҳрум қилиш ёхуд уч йилгача ахлоқ тузатиш ишлари билан жазоланади.

Сўнгги йилларда бу борадаги амалий ишлар натижаси сифатида, мажбурий меҳнатга, жумладан вояга етмаганларни мажбурий меҳнатга жалб этилиши юзасидан бир қатор айбдор масабдор шахсларга нисбатан маъмурий жавобгарлик қўлланилганлиги ҳолати мамлакатимизда вояга етмаганларни мажбурий меҳнатга жалб этилишига барҳам беришда алоҳида эътибор қаратилаёганлигидан даракдир. 

Шу билан бирга, 2017 йил 4 октябрда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг «Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатларига ва халқаро меҳнат стандартларига мувофиқ фуқароларнинг кафолатланган меҳнат ҳуқуқларини таъминлашга доир чора-тадбирларни кучайтириш тўғрисида»ги қарори қабул қилинди. Мазкур қарор билан болалар меҳнати ва мажбурий меҳнатдан бирон-бир шаклда фойдаланишнинг олдини олиш ва бунга йўл қўймаслик бўйича ушбу йўналишда комплекс ташкилий-амалий чора-тадбирларни амалга ошириш назарда тутилган парламент назорати институти жорий этилди.

Шуни алоҳида эътироф этиш лозимки, 12 июнь – Бутунжаҳон болалар меҳнатига қарши курашиш куни дунёнинг бошқа мамлакатлари қатори Ўзбекистонда ҳам ҳар йили нишонланади. Ушбу кунни белгилаш ғояси 1997 йил Амстердам ва Ослода бўлиб ўтган конференциялар қарорлари негизида туғилган. 2002 йили Халқаро меҳнат ташкилоти (ХМТ) томонидан мазкур сана, яъни 12 июнь – Болалар меҳнатига қарши курашиш куни, деб расман эълон қилинган.

          Мавлуда Бобораимова

         Фуқаролик ишлари бўйича

Мирзо Улуғбек туманлараро суди судьяси.

Skip to content