Қидирув:

ТОШКЕНТ ШАҲАР ЮРИДИК ТЕХНИКУМИ ЎҚУВЧИЛАРИНИНГ ТОШКЕНТ ШАҲАР СУДИГА ТАШРИФИ

Тошкент шаҳар судида Тошкент шаҳар юридик техникуми ўқувчилари билан учрашув бўлиб ўтди. Унда Тошкент шаҳар суди судьялари Қ.Мирсафаев, Р.Бердияров, А.Раҳматов ҳамда Тошкент шаҳар адлия бошқармаси бошлиғи ўринбосари Б.Аҳмедовлар иштирок этишди.

 

Мақсад нима эди?

 

–  Тадбирдан кўзланган асосий мақсад ёшлар ўртасида ҳуқуқбузарликларга нисбатан муросасизлик муносабатини шакллантириш, уларда қонунларга ҳурмат, мамлакат тақдирига дахлдорлик ва ватанпарварлик ҳиссини кучайтириш, ҳуқуқшунослик касбининг обрўси ва нуфузини ошириш, ёшларда ушбу  касбга нисбатан ҳурмат ва фахр туйғуларини шакллантириш, уларни ҳуқуқий билим олишга қизиқтиришдир, -дейди Тошкент шаҳар адлия бошқармаси бошлиғи ўринбосари Б.Аҳмедов.

Давра суҳбатида юридик техникуми ўқувчиларига судьялар томонидан жиноят, иқтисодий ва фуқаролик йўналишларида кўрилаётган ишлар, статистик маълумотлар, амалиётдан мисоллар келтирилди.

Шундан сўнг давра суҳбати суд залининг ўзида давом эттирилди.Суд залида тарафлар учун яратилган шароитлар, видеоконференцалоқа тизими ёрдамида кўриладиган ишлар юзасидан маълумот берилди.

Юридик техникуми ўқувчилари суд амалиёти билан танишганлигидан мамнун эканлигини билдирган ҳолда ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олдилар.

Маҳаллада конституция тарғиботи

Қайси давлатда конституциявий ўзгаришлар амалга оширилган бўлса, ўша мамлакатда  қонун устуворлиги таъминланган, ижтимоий адолат тамойиллари ўз самарасини берган.

Қабул қилинаётган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни кенг аҳолига етказиш мақсадида жойларда судлар томонидан “Менинг маҳаллам-менинг судьям” ҳуқуқий тарғибот тадбирлари ўтказиш давом этмоқда.

Ана шундай учрашувлардан бири Тошкент туманлараро иқтисодий суди судьялари Б.Султонов ва С.Алимардоновлар томонидан пойтахтимизнинг “Янги Чоштепа” маҳалласида ташкил этилди.

Тадбирда маҳалла фаоллари, тадбиркорлар ва аҳоли вакиллари иштирок этди.

 

Судьялар иштирокчиларга Конституциямизнинг 32 йиллиги муносабати билан инсон ҳуқуқлари тушунчасининг мазмун-моҳияти, мамлакатимизда инсон ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлашга қаратилган ишлар, инсон ҳуқуқлари муҳофазаси йўлида барпо этилган мустаҳкам қонунчилик тизими шунингдек, тадбиркорликни йўлга қўйиш, хусусан ўз-ўзини банд қилиш, касаначилик, оилавий тадбиркорлик, якка тартибдаги тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланиш, ўз ҳуқуқ ва эркинликларидан самарали фойдаланиш борасида ҳуқуқий тушунчалар беришди.

 

Зеро, Конституциямизда белгиланган ислоҳотлар чин маънода ҳаётий зарурат бўлиб, мамлакатимизнинг ҳар томонлама равнақ топишида, халқимизнинг тинч, обод ва фаровон ҳаётини таъминлаш, жамият ҳаётининг барча соҳаларида олиб борилаётган ислоҳотларнинг муваффақиятли амалга оширилишида мустаҳкам пойдевор бўлиб хизмат қилади.

ИНТЕЛЛЕКТУАЛ МУЛК – ҚОНУН ҲИМОЯСИДА

Сўнги йилларда  мамлакатимизда интеллектуал мулкка бўлган ҳуқуқ, жумладан ихтиро, саноат намуналари, фойдали моделлар, товар белгилари ва тижорат сирларининг аҳамияти ортиб бормоқда. Интеллектуал мулк барча жабҳаларда учрайди. Интеллектуал мулксиз ҳаётимизни тасаввур қилиш қийин.

Инновация ва технологияларни яратишни рағбатлантиришнинг ўзи уларни иқтисодиётнинг асосий ҳаракатлантирувчи омилга айланишига имкон бермайди. Чунончи, бугунги кунга келиб уларнинг ҳуқуқий ҳимоясини таъминлаш заруратини ҳам юзага келтиради. Ҳозирда айниқса, рақамли технологияларнинг кенг ривожланиши натижасида интеллектуал мулк объектларининг ҳуқуқий ҳимоясини таъминлаш масаласи муҳим ўрин эгалламоқда.

Ўзбекистон Республикасида ҳам инновациялар ва интеллектуал мулкни яратишни қўллаб-қувватлаш билан бирга уларнинг ҳуқуқий ҳимоясини таъминлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Хусусан Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 8 февралдаги “Интеллектуал мулк соҳасида давлат бошқарувини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги, 2021 йил 28 январдаги “Интеллектуал мулк объектларини муҳофаза қилиш тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги, 2022 йил 26 апрелдаги “Интеллектуал мулк соҳасини янада ривожлантиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги  қарорларида айнан интеллектуал мулкни ҳуқуқий ҳимоя қилиш билан боғлиқ жиҳатларга алоҳида эътибор қаратилган.

Ушбу қарорларни амалда ишлаши доирасида товар белгилари тушунчаси, Муаллифлик ва турдош ҳуқуқлар, Иқтисодий судлар томонидан интеллектуал мулкка оид низоларни кўриб чиқишнинг ўзига хос хусусиятлари юзасидан Тошкент шаҳар суди иқтисодий ишлар бўйича судлов ҳайъати ва Тошкент туманлараро иқтисодий судининг судьялари, Адлия вазирлиги интеллектуал мулк департаменти, Марказ ходимлари, патент вакиллари ҳамда тадбиркорлар иштирокида амалий мулоқот ташкил этилди.

Мазкур йиғилишни ўтказишдан мақсад товар белгилари, Муаллифлик ва турдош ҳуқуқлар бўйича билим ва тушунчаларни бойитиш, Иқтисодий судлар томонидан интеллектуал мулкка оид низоларни кўрилиши, мавжуд муаммоларни муҳокама қилиш ва тегишли чора-тадбирлар белгилаб  олишдан иборат эди.

Йиғилишда иштирок этган мутасадди ташкилотлар вакиллари ҳамда судьялар ўртасида мавзу юзасидан қизғин ва мунозарали савол-жавоблар бўлиб ўтди. 

Зеро, Янги Ўзбекистонни ривожлантириш,  инновацион ва иқтисодий жиҳатдан тараққий этишида биринчи навбатда интеллектуал мулк объектларининг қай даражада ҳуқуқий жиҳатдан ҳимояланганлиги муҳим ўрин тутади.

 

                   А. Мамирова,

        Тошкент туманлараро иқтисодий суди судьяси.

ТАЛАБАЛАР БИЛАН УЧРАШУВ

Талабаларнинг ҳуқуқий саводхонлигини ошириш, судлар фаолияти борасидаги юридик билим ва кўникмаларини мустаҳкамлаш мақсадида Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университетининг «Халқаро ҳуқуқ» факультети талабаларига Тошкент шаҳар судининг иқтисодий ишлар бўйича судялари О.Гулямова, А.Ибрагимов, Ж.Хусаинов, Н.Байзаковалар «Янги конституцияда суд ҳокимияти» мавзусида очиқ мулоқот ўтказди.

Тадбирда «Ўзбекистон Республикасининг Янги таҳрирдаги Конституциясининг 13-бобида мустаҳкамланган суд ҳокимияти тизими, уларнинг ваколатлари, судьяликка қўйилган талаблар, судяларнинг мустақиллиги, дахлсизлиги, таъминоти, иқтисодий ишларни кўриб чиқишнинг процессуал муддатлари, судга тааллуқлилик ва судловга тегишлилик масалар ҳамда бўлажак ҳуқуқшунослар учун касбий ва шахсий фазилатлар хусусида ўз билим ва тажрибалари билан ўртоқлашдилар.

Эркин ва очиқ мулоқот тарзда ўтказилган давра суҳбатида ёшларга инсон ҳуқуқлари тушунчасининг мазмун-моҳияти, мамлакатимизда бу борада амалга оширилаётган ишлар, инсон ҳуқуқлари муҳофазаси йўлида барпо этилган мустаҳкам қонунчилик тизими хусусида етарли тушунчалар берилди.

БАЙРАМ ТАДБИРИ

Пойтахтимиздаги Аниқ ва ижтимоий фанлар университетида Ўзбекистон Республикаси Давлат байроғи қабул қилинганлигининг 33 йиллиги муносабати билан байрам тадбири бўлиб ўтди. Унда университет талаба ва ўқитувчилари иштирок этишди.

Уни университет ректори Ғ. Ботиров кириш сўзи билан очди.

Тадбирда университет маънавият бўлими бошлиғи С.Тошева тадбирга ташриф буюрган меҳмонлар билан таништирди, байроқ аҳамияти ҳақида гапириб, мавзуга оид шеърлардан намуналар келтирди. 

Тадбирда Тошкент шаҳар суди Жамоатчилик ва оммавий ахборот воситалари билан алоқалар бўйича бош консультанти З.Қўзибоев иштирок этиб, давлат байроғи халқимизнинг ғурур ва ифтихор рамзларидан бири эканини таъкидлаб, уни авайлаб-асрашимиз, катта кичик тадбирларда баланд кўтаришимиз, Ўзбекистон байроғи мамлактимизни дунёга танитишда муҳим рол ўйнаётгани ҳақида гапирди. Давлат байроғига ҳурматсизлик қонун билан жавобгарликка сабаб бўлиши ҳақида тушунча берилди.

Шунингдек, тадбирда Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими, шоира М.Улуғова, хонанда А.Ражабийлар сўзга чиқиб, байроғимиз муқаддаслиги ҳақида ўзларининг фикрлари билан ўртоқлашди, шеър ва қўшиқларидан намуналар ижро этишди.

Тадбир иштирокчиларда катта тассурот қолдирди.

ТОШКЕНТ ШАҲАР СУДИ РАИСИ КУБОГИ ТОШКЕНТ ТУМАНЛАРАРО ИҚТИСОДИЙ СУДИГА НАСИБ ЭТДИ

Пойтахтимиздаги «Пахтакор» стадиони яшил майдонларида пойтахт судлари судьялар ва ходимлардан иборат жамоалар ўртасида “Тошкент шаҳар суди раиси кубоги-2024” мини футбол мусобақларининг финал босқичи ўйинлари бўлиб ўтди.

Дастлабки ўйин 3-ўрин учун жиноят ишлари бўйича Сергели тумани суди жамоаси ва фуқаролик ишлари бўйича Яккасарой туманлараро суди жамоалари ўртасида кечди. Муросасиз ўтган ўйинда фуқаролик ишлари бўйича Яккасарой туманлараро суди жамоаси ғолибликни қўлга киритди. Ҳисоб 1:2.

Финалга Тошкент туманлараро иқтисодий суди жамоаси ва жиноят ишлари бўйича Учтепа тумани суди жамоаси ғолиблик учун майдонга тушди. Бўлиб ўтган иккала таймда дуранг натижа қайд этилди – 2:2. Навбат пенальтиларга берилди. Пенальтилар сериясида омад Тошкент туманлараро иқтисодий судига кулиб боқди.(4:3) Умумий ҳисоб – 6:5

Ғолиб жамоаларга мусобақа ташкилотчиларининг медал ва эсдалик совғалари, биринчи ўринни қўлга киритган жамоага Тошкент шаҳар суди раиси кубоги топширилди.

Шу тариқа Тошкент шаҳар суди раиси кубоги Тошкент туманлараро иқтисодий суди жамоасига насиб этди.

Биз ҳам ғолиб жамоани чин дилдан табриклаймиз!!!

Ғалаба муборак, кубок муборак иқтисодчилар!

ТОШКЕНТ ШАҲАР СУДИДА ПОЙТАХТ СУДЛАРИНИНГ ЎТГАН 9 ОЙЛИК ФАОЛИЯТИ ЮЗАСИДАН ОММАВИЙ АХБОРОТ ВОСИТАЛАРИ ҲАМДА ЖАМОАТЧИЛИК ВАКИЛЛАРИ ИШТИРОКИДА МАТБУОТ АНЖУМАНИ БЎЛИБ ЎТДИ

Уни Тошкент шаҳар суди раиси Э.Ходжакулов олиб борди.

Айтиш жоизки, судлардаги очиқлик, шаффофлик ҳар чоракда ўз фаолиятлари хусусида ОАВ га ва кенг жамоатчиликка ахборот бериш имконини бермоқда.

Таъкидландики, Тошкент шаҳар жиноят судлари бўйича жорий йил 9 ойи давомида 8.644 нафар шахсга нисбатан 7.170 та жиноят иши, 12.091 та санкция ва материаллар кўриб тамомланган. Судлар томонидан 714 нафар шахслар суд залидан озод қилинган бўлса, 411 нафар шахслар суд залидан қамоққа олинган.92 нафар шахсга нисбатан оқлов ҳукмлари чиқарилган.

Тошкент шаҳар фуқаролик ишлари бўйича судлари томонидан жами 198.949 та ишлар ҳал қилинган бўлиб, бу республика судларида кўрилган жами 1.118.694 та ишларнинг 17.7 фоизини ташкил этганлиги айтиб ўтилди.

Судлар томонидан жорий йил 9 ойи давомида никоҳдан ажратиш ҳақида жами 6.313 та фуқаролик ишлари кўрилган бўлиб, ушбу кўрсаткич ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 117 та ёки 1,8 фоизга ошган.

Оилаларни сақлаб қолиш, болаларни соғлом оила бағрида камол топиши учун шаҳар суди томонидан жойларда никоҳ ва оила масалаларига бағишланган учрашувлар мунтазам равишда ўтказилиб келинмоқда.

Матбуот анжуманида Тошкент шаҳар иқтисодий судлар фаолияти ҳам таҳлил қилинди. Хусусан, Тошкент шаҳар иқтисодий судларига ҳисобот даврида жами 92 513 та даъво аризаси ва аризалар келиб тушган. Шундан 86 907 таси иш юритишга қабул қилиниб, 78 588 таси кўриб чиқилган. 74 723  таси бўйича даъво талаби қаноатлантирилган. 1 992 таси бўйича даъво талабини қаноатлантириш рад этилган. 713 таси бўйича иш юритиш тугатилган. 1 160 та даъво аризаси (ариза) кўрмасдан қолдирилган.

Суд мажлисларининг тарбиявий ва профилактик аҳамиятини ошириш мақсадида кўрилган ишларнинг 32,3 фоизи сайёр суд мажлисларида ҳал этилган.

Тошкент шаҳар маъмурий судларининг биринчи инстанциясига жами 2 282 та ариза (шикоят)лар келиб тушган бўлиб, шундан 238 таси ариза (шикоят) қабул қилиш рад этилган. 217 та ариза ва шикоятлар қайтарилган. 1800 таси иш юритув қабул қилиниб, кўриб тамомланган. Шунингдек, 21 та иш материал тартибида кўрилган. 365 та хусусий ажрим чиқарилган, шундан 20 та хусусий ажрим бўйича мансабдор шахсларга интизомий жазо чоралари қўлланилган.

Матбуот анжуманида журналистлар ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олдилар.

СИРОЖИДДИН САДИРОВ 70 ЁШГА ТЎЛДИ

Фахрий судья, бугунги кунда фарзандлар, неваралар ардоғида юрган Сирожидин Садиров ропа-роса 70 ёшни қаршилади. Шу муносабат билан Тошкент шаҳар судида С.Садировни қутлаш тадбири бўлиб ўтди.

 

Унда Тошкент шаҳар суди раиси Э.Ходжакулов, Ўзбекистон Судьялари Ассоциацияси Тошкент шаҳар филиали раиси У.Қурбонов, Тошкент шаҳар судлари судьялари ҳамда шогирдлари иштирок этди.

 

Сирожиддин Садиров 1954 йилнинг 30 октябрида Тошкент вилоятида туғилди. Тошкент давлат университети ҳуқуқшунослик факультетини битиргач, Тошкент шаҳар Октябрь (ҳозирги Шайхонтоҳур) тумани халқ судининг суд мажлиси котиби, суд ижрочиси, Тошкент шаҳар Фрунзе (ҳозирги Яккасарой) тумани халқ судининг судьяси, 1994 йилдан Тошкент шаҳар суди судьяси, 2001 йилдан 2004 йилгача жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар судининг судьяси вазифаларида меҳнат қилди. Жамиятда адолатни ўрнатишга ҳисса қўшди.

Тадбирда сўзга чиққанлар С.Садировни меҳнатларини эътироф этиб, қутлуғ ёш билан табрикладилар. Судьяларга у кишидек ҳалол меҳнат қилиб, нафақа ёшига етиб юриш истаги билдирилди.

ТУМАНЛАРАРО СУД РАИСИ МАКТАБДА ДАРС ЎТДИ

Тошкент туманлараро маъмурий судининг раиси С.Юлдошев Юнусобод туманида жойлашган 72,53,63-сонли умумий ўрта таълим мактабларида бўлди.

Дастлаб суд раиси мактабда ўқувчиларга яратилган шарт-шароитлар билан танишди. Шундан сўнг юқори синф ўқувчиларига Конституция сабоқлари мавзусида дарс ўтилди.

 

Дарс жараёнида ўқувчиларга мамлакатимиз Конституциясида белгилаб қўйилган ҳуқуқ ва бурчларини яна бир бор тушунтириб, Бош қомусимизнинг 41-моддасида мустаҳкамланган “Ҳар ким билим олиш ҳуқуқига эга” эканлигини, бепул умумий таълим олиш давлат томонидан кафолатланганлигини, мактаб ишлари давлатимизнинг доимий назоратида эканлиги эслатилди.

Шундан сўнг, ҳар бир шахсга ўз ҳуқуқ ва эркинликларини суд орқали ҳимоя қилиш, давлат органлари, мансабдор шахслар, жамоат бирлашмаларининг ғайриқонуний хатти-ҳаракатлари устидан судга шикоят қилиш ҳуқуқи кафолатланганлиги айтиб ўтилди.

Ўқувчиларга мактабга белгиланган тартибда келиб фақат аъло баҳоларга ўқишини, келажакда ватанимиз равнақига ўз ҳиссаларини қўшишларини тилади. Дарс жараёни қизғин савол-жавоб тарзида ўтказилиб, ўқувчилар ҳам ўзларини қизиқтирган саволларига батафсил жавоб олишди.

ЧИЛОНЗОРДАГИ САЙЁР ҚАБУЛЛАР

Чилонзор тумани ҳокимлиги биносида Тошкент шаҳар ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлари раҳбарларининг сайёр қабули бўлиб ўтди.

Унда Тошкент шаҳар прокурори, Тошкент шаҳар суди раиси, Тошкент шаҳар ички ишлар бош бошқармаси, Тошкент шаҳар адлия бошқармаси бошлиғи, мажбурий ижро, солиқ бошқармаси раҳбарлари иштирок этди.

Сайёр қабулда Тошкент шаҳар суди раиси Э.Ходжакулов фуқароларнинг мурожаатлари билан танишди. Ундан ташқари сайёр қабулда Тошкент шаҳар суди раиси ўринбосари, иқтисодий ишлар бўйича судлов ҳайъати раиси И.Алимов, Тошкент шаҳар суди фуқаролик ишлари бўйича судлов ҳайъати судьяси А.Раҳматов, жиноят ишлари бўйича Чилонзор туман суди раиси И.Сабиров ва туман суди раиси ўринбосари А.Муҳиддинов, фуқаролик ишлари бўйича Учтепа туманлараро суди раиси А.Сулаймонов, Тошкент шаҳар маъмурий суди судьяси Т.Салимовлар сайёр қабулда иштирок этишди. Судьялар томонидан 15 нафар фуқаронинг мурожаати эшитилди.

Йўналишлар бўйича тақсимлаганда 8 та фуқаролик, 5 таси жиноят, 2 та маъмурий иш бўйича фуқаролар мурожаати эшитилиб, барчаси бўйича ҳуқуқий тушунтириш берилди.

Skip to content