Искать:

ЖОЙЛАРДА “ХОНАТЛАС” ҲАФТАЛИГИ БЎЛИБ ЎТМОҚДА

Оила ва хотин қизлар қўмитаси ташаббуси билан ўтказилаётган “Нафосат” кўрик танлови негизида жорий йилнинг 8-14 апрель кунлари мамлакатимизнинг барча ҳудудлари, маҳаллалар,  вазирлик ва идоралар, корхона ва ташкилотларда  “Хонатлас” ҳафталиги бўлиб ўтмоқда.

Аҳоли, айниқса, ёшларни миллий ва умуминсоний қадриятларга ҳурмат туйғусини юксалтириш, миллийликни асраш, ўзбекона кийиниш маданиятини, миллий анъаналаримизни кенг тарғиб қилиш орқали қадимий ва ҳамиша барҳаёт урф-одат ва қадриятларимизга хос бетакрор кийиниш услубларини намойиш қилишга қаратилган ушбу ҳафталик доирасида турли тадбирлар ўтказилиши режалаштирилган. 

 

Суратларда фуқаролик ишлари бўйича Миробод туманлараро суди судьялари ва ходималари.

МЕНИНГ МАҲАЛЛАМ – МЕНИНГ СУДЬЯМ

Тошкент шаҳар “Мевазор” маҳалла фуқаролар йиғинида жойлашган 114-умумтаълим мактабида тадбир бўлиб ўтди. Унда Тошкент туманлараро иқтисодий суди судьялари, “Мевазор”  маҳалла хотин-қизлари, маҳалла фуқаролари ва фаоллари иштирок этди.

Тадбирда Тошкент туманлараро иқтисодий суди судьяси Ш.Эрметова  жорий йилнинг Ёшлар ва бизнесни қўллаб-қувватлаш йили” давлат дастурининг мазмун моҳияти, оила ва жамият ҳамкорлиги ҳақида тадбирда қатнашаётган хотин-қизларга ушбу қарорнинг мазмун ва моҳиятини тушунтириб ўтди.

 

Шунингдек, аёлларга нисбатан ўтказилаётган тазйиқ ва зўравонлик, оиладаги жанжал ва келишмовчиликларнинг туб моҳияти нимадан бошланиши масалаларига алоҳида тўхталиб, бу ҳолатларга барҳам бериш йўллари ҳақида гапирди.Тадбир иштирокчиларига бугунги кунда фуқаролар ва тадбиркорларни қийнаётган¸ ҳуқуқий кўмакка муҳтож бўлган оилаларга ҳуқуқий онг, ҳуқуқий маданият, судга мурожаат қилиш тартиблари тушунтирилди.

Шунингдек, судья Ш.Эрметова ўз чиқишида Янги  Ўзбекистон  Тараққиёт стратегиясида белгиланган инсон қадрини юксалтириш ва эркин фуқаролик жамиятини янада ривожлантириш орқали халқпарвар давлат барпо этиш, мамлакатимизда адолат ва қонун устуворлиги тамойилларини тараққиётнинг энг асосий ва зарур шартига айлантириш, миллий иқтисодиётни жадал ривожлантириш ва юқори ўсиш суръатларини таъминлаш, адолатли ижтимоий сиёсат юритиш, инсон капиталини ривожлантириш, маънавий тараққиётни таъминлаш ва соҳани янги босқичга олиб чиқиш,  миллий манфаатлардан келиб чиққан ҳолда умумбашарий муаммоларга ёндашиш каби  чора-тадбирлар борасида давлатимиз раҳбарининг саъй-ҳаракатлари ҳақида сўзлади.

 

  Учрашувда  Тошкент туманлараро иқтисодий суди судьяси  Ш.Джамолов тадбиркорлик субъектлари фаолияти билан  боғлиқ ишлар юзасидан йиғилганларга ҳуқуқий тушунтириш берди.

 

Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини бузилиши ҳолатларини олдини олиш учун бу каби тадбирлар аҳамияти ҳақида  сўз юритилиб, судьялар маҳалла аҳлини қизиқтирган саволларга батафсил жавоб қайтаришди.

 

Учрашув давомида жами 10 нафар фуқаронинг муаммолари ва уларни қийнаётган саволлар кўриб чиқилди.

ПОЙТАХТДА ОИЛАВИЙ СУДЬЯЛАР ИШ ОЛИБ БОРАЁТГАНЛИГИДАН ХАБАРИНГИЗ БОРМИ?

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2023 йил 21 декабрдаги “Оилаларни мустаҳкамлаш ва хотин-қизларнинг фаолллигини ошириш бўйича қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармонининг ижросини таъминлаш ҳамда хотин-қизларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш ва уларнинг фаоллигини ошириш мақсадида: Олий суд, Судьялар олий кенгаши ҳамда Қўмитанинг илғор хорижий тажриба асосида фуқаролик ишлари бўйича туманлараро судларда оилавий низоларни кўришга ихтисослашган судьялар корпусини шакллантириш ҳақидаги таклифига розилик берилди.

Бунда, 2024 йил 1 февралдан мавжуд штат бирликлари доирасида тажриба тариқасида фуқаролик ишлари бўйича Самарқанд шаҳар судида, Наманган туманлараро ва Мирзо Улуғбек туманлараро судларининг икки нафардан судьясини оилавий низоларни кўриш бўйича ихтисослаштирган ҳолда ушбу судларда “Оила судьялари” ташкил этилди.

Жумладан, 2023 йил давомида фуқаролик ишлари бўйича Мирзо Улуғбек туманлараро суди томонидан 36 922 та иш (16 226 та фуқаролик иши, 20 696 та суд буйруғи) кўриб тамомланган, шундан 4 915 таси (13,3 фоизи) (3 844 та фуқаролик иши, 1071 та суд буйруғи) оилавий-хуқуқий муносабатлардан келиб чиққан ишларни ташкил этади.

“Оила судьялари” томонидан кўриб чиқиладиган оилавий-ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиқадиган ишлар рўйхати 32 тоифадан иборат бўлиб, улар қуйидагилардан иборат:

  1. Алимент ундириш;
  2. Вояга етмаган болалар таъминоти учун алимент ундириш;
  3. Бола уч ёшга тўлгунга қадар таъминот ундириш;
  4. Вояга етган меҳнатга лаёқатсиз, ёрдамга муҳтож болалар таъминоти учун алимент ундириш;
  5. Ота-она таъминоти учун алимент ундириш;
  6. Ёрдамга муҳтож, меҳнатга лаёқатсиз эр ёки хотин таъминоти учун алимент ундириш;
  7. Вояга етмаган, шунингдек вояга етган меҳнатга лаёқатсиз, ёрдамга муҳтож шахслар таъминот учун алимент ундириш;
  8. Ҳомиладорлик даврида моддий таъминот ундириш;
  9. Тўланаётган алимент миқдорини кўпайтириш;
  10. Тўланаётган алимент миқдорини камайтириш;
  11. Алимент тўлашдан озод қилиш;
  12. Ота-оналик ҳуқуқини чеклаш;
  13. Ота-оналик ҳуқуқидан маҳрум этиш;
  14. Ота-оналик ҳуқуқини тиклаш ва болани қайтариш;
  15. Бола яшаш жойини белгилаш;
  16. Бола билан кўришиш тартибини белгилаш;
  17. Ўз боласини тарбиясига олиш;
  18. Оталикни белгилаш;
  19. Оталикни белгилаш ва алимент ундириш;
  20. Оталикка эътироз билдириш;
  21. Фарзандликка олиш ва фарзандликка олишни бекор қилиш;
  22. Болаларни оилага тарбияга олиш тўғрисидаги келишувни бекор қилиш;
  23. Никоҳдан ажратиш;
  24. Никоҳни ҳақиқий эмас деб топиш;
  25. Никоҳ шартномасини бекор қилиш;
  26. Никоҳ шартномасини ўзгартириш;
  27. Никоҳ шартномасини ҳақиқий эмас деб топиш;
  28. Эр-хотиннинг биргаликдаги мулки бўлган кўчмас мулк, хусусан уй-жойни бўлиш; (бундан учинчи шахсларнинг ҳуқуқ ва манфаатига дахл қиладиган ҳолатлар мустасно)
  29. Эр-хотиннинг биргаликдаги мулки бўлган бошқа мол-мулкни бўлиш; (бундан учинчи шахсларнинг ҳуқуқ ва манфаатига дахл қиладиган ҳолатлар мустасно)
  30. Алиментларни олдиндан тўлаш ёки алимент тўлаш мажбуриятини таъминлашда гаров тақдим этиш учун қарорларни ижро этиш усули ва тартибини ўзгартириш;
  31. Болалар учун ота ёки она томонидан қилинган қўшимча харажатларни ундириш;
  32. Боланинг туғилганлик фактини белгилаш. Шуни таъкидлаш жоизки, оила судьялари орқали низолашаётган оилалардаги камчиликлар бартараф этилишига ҳаракат қилинади.

Оила судьялари маҳалла фаоллари ҳамда Оила ва хотин-қизлар қўмитаси мутасаддилари билан ҳамкорликда тушунтиришлар бериш орқали ажримларнинг олдини олишга кўмаклашади.

Оила бу жамиятнинг бир бўлаги бўлиб, уни сақлаб қолишга барчамиз масъулмиз. Чунки, оиладаги муҳит ва унда катта бўлаётган фарзандлар тарбияси ва камоли на фақат, давлатнинг балки, барчамизнинг вазифамиздир.

Оила судьялари томонидан никоҳдан ажратиш масаласи кўриб чиқилганидан сўнг, табийки бошқа оилавий низолар вужудга келади. Хусусан, фарзанд отасиз ёки онасиз қолганда, бу боланинг тарбиясига ҳамда психологик ҳолатига таъсир кўрсатади. Зеро ҳар бир бола тўлиқ ва маънан соғлом оилада ўсиш ҳамда тарбияланиш ҳуқуқига эга.

Дунёда бола ҳуқуқларининг қонунчилик кафолатларини белгилашга алоҳида эътибор қаратилади. Чунки, инсон ҳуқуқлари бола ҳуқуқларидан бошланади ва болалар ҳуқуқларини кафолатлаш орқали ҳар бир давлат ўз келажагини таъминлайди.    

Маълумки, жамиятнинг муҳим бўғини бўлган оилалар қанчалик тинч ва тотув бўлса, шундагина давлат тинч ва барқарор равнақ топиши мумкин. Шу жиҳатдан, оила қўрғонининг мустаҳкамлиги ва унда маънавий жиҳатларнинг шаклланиши ҳамда амалга оширилиши муҳим аҳамиятга эга. Бинобарин оила деб аталмиш муқаддас маконда фарзандлар камолга етади, улғаяди.

Шундай экан, жамиятда юзага келаётган оилалар қанчалик мустаҳкам қурилмоқда, уларнинг пойдевори-чи?

 Дарҳақиқат, оиланинг барпо этилишида кимлар ёки нималар муҳим роль ўйнайди, ташқи таъсирлар роли қанақа? Мавжуд оилалар ва янги барпо этилаётган кичик бир оила ўз мавқеини қанчалик асрамоқда?

 Оила – муқаддас қўрғон, оила – маънавий камолот маскани ва бошқа бир қанча сўз ва иборалар билан оиланинг мавқеини белгилаймиз.

Албатта, жамиятда намунали оилалар талайгина. Намунали оила деганда, оилавий муносабатлар маънавий мезонлар асосида қурилган, яхши ва ахлоқли фарзандлар тарбиялаган, нурли, пиру бадавлат отахон ва онахоналар кўз олдимизга келади. Уларнинг борлиги бошқалар учун ибрат мактабидир. Аммо, афсус, бизни ўйлантирган масала бу – оила қўрғонининг бузилишига салбий таъсир кўрсатаётган бир қанча ташқи ва ички омиллардир. Ташқи омил сифатида ғарбона яшаш тарзининг ўзлаштирилиши бўлса, ички омил сифатида эса ёшларнинг оилага маънавий жиҳатдан етарли тайёргарликка эга бўлмаслик масаласидир. 

Оила мустаҳкамлигини таъминлашда тажрибали, кўпни кўрган отахон ва онахонлар ўгити, насиҳатлари, уларнинг ибратли ҳаёт тарзи ҳам муҳим ўрин тутади. Шу жиҳатдан олганда, жамиятда юзага келаётган янги оилаларга улар турмуши ибрат бўлса, тажрибасидан ўрганишса, ўйлаймизки, оила янада мустаҳкам ва вояга этаётган фарзандлар тарбияли бўлади. Бинобарин, оила қўрғони маънавий етук ва бой тажриба асосида янада мустаҳкамланиб борилади.

Фуқаролик ишлари бўйича Мирзо Улуғбек туманлараро судида никоҳдан ажралиш учун ариза берган оилаларни яраштириш мақсадида медиация хонаси ташкил этилган бўлиб, унда оилавий масалаларга оид ишлар кўриб чиқилмоқда.

Ўйлаймизки, бошланган бу эзгу ташаббус вақт ўтиб ўзини оқлайди.

Зулфия Нуралиева,

Фуқаролик ишлари бўйича

Мирзо Улуғбек туманлараро суди судьяси.

Наврўз – миллий ўзлигимиз кўзгуси

НАВРЎЗИ ОЛАМ БУ КУН!

Ўлкамизга чинакам баҳор байрами, инсон руҳини кўтарувчи, қувонч бағишловчи илиқ туйғулар, эзгуликлар айёми – Наврўзи олам кириб келмоқда.

Наврўзи олам — азалдан табиат уйғониши, атроф-борлиқнинг кўкка бурканиши, яратиш ва янгиланиш айёми сифатида катта тантана қилиб келинган. Аммо халқимиз тарихида бу эзгу ва умрбоқий байрамимизга раҳна солинган, уни нишонлашни “эскилик сарқити” дея қаралган кунлар ҳам бўлди.

Шукрки, мустақиллик шарофати билан буларга чек қўйилди. Боқий анъаналаримиз, урф-одатларимизнинг тимсоли бўлиб келган Наврўз мустақиллик йилларида янгидан бўй кўрсатиб, азалий қадриятларимиз, эзгу орзу ва интилишларимизнинг тимсоли сифатида юртдошларимиз қалбидан жой олди.

Бинобарин, Президентимиз таъбири билан айтганда, “Шу бетакрор ва дилбар фаслда барчамиз ўзимизни яшариб кетгандек, вужудимизга янги куч-ғайрат, азму шижоат киргандек ҳис этамиз. Неча юз йиллик анъана ва қадриятларимизни янгитдан кашф этамиз, қандай буюк тарих, қандай буюк маданият ворислари эканимизни яна бир бор англаймиз. Ва бундан қалбларимиз ғурур ва ифтихорга тўлади”.

Дарҳақиқат, бу айём қадриятларимиз гултожи сифатида юрак-юракларимиздан қадр топган байрамдир. Шунингдек, Наврўзи байрами замирида халқимизнинг яратувчанлик, бунёдкорлик шижоати, эзгу ва ҳаётбахш фазилатлари ёрқин намоён бўлади. Дилларда нафосат, яхшилик, меҳр-мурувват, юксак одамийлигу садоқат туйғулари яна бир қадар жўш уриб, бутун борлиқни кўклам ва боқийлиқ нури чулғаб олади. Боболаримиз, момоларимиз эл-юртга омонлик, тинчлик-осойишталик, хонадонларга қут-барака тилаб дуога қўл очишади.

Наврўз ана шундай меҳр-мурувват ва оқибат айёмидир.

Қадаминг хуш келсин, Наврўзим!

 

Шоира Эрматова, Тошкент туманлараро иқтисодий суди судьяси.

 

 

“СУД ФАХРИЙСИ” КЎКРАК НИШОНИ ТАНТАНАЛИ СУРАТДА ТОПШИРИЛДИ

Наврўз байрами арафасида Судьялар Олий кенгашининг тегишли қарори билан бир қатор суд тизими фахрийлари “Суд фахрийси” кўкрак нишони билан тақдирланди. Улар орасида Тошкент шаҳар иқтисодий судининг судьяси Анвар Акрамович Усмонов ҳам бор.

Шу муносабат билан бўлиб ўтган тадбирда Тошкент шаҳар суди раиси Э.Ходжакулов Анвар Усмоновни шахсан табриклаб, кўкрак нишонни ўз эгасига тақиб қўйди.

Тошкент шаҳар суди раиси Э.Ходжакулов ўз сўзида А.Усмонов салоҳиятли, билимли кадр эканлигини, бирга ишлашган пайтларини эслади.

А.Усмонов 1962 йил Тошкент шаҳрида туғилган. Иш фаолиятини 1980 йилда Тошкент шаҳар судининг суд мажлиси котиби вазифасидан бошлаган.Тошкент давлат университетини тамомлаган. 1991-1996 йилларда Тошкент шаҳар Учтепа тумани  судининг судьяси, ундан сўнг адлия тизимида самарали меҳнат қилган. 2003-2011 йилларда пойтахтимизнинг Олмазор ҳамда Шайхонтоҳур туманларида раис вазифасида ишлаган.Конституциявий суд судьяси,  Адлия вазирининг ўринбосари лавозимида меҳнат қилган.

2017 йилдан А.Усманов Тошкент шаҳар судининг иқтисодий ишлари бўйича судьяси лавозимида ишлаб келмоқда. 4 фарзанднинг отаси.

А.Усмановнинг ибрат олса арзигулик жиҳатлари бисёр.Тадбирда сўзга чиққанлар шулар ҳақида фикр юритиб, А.Усмановнинг келгуси фаолиятига омадлар тиладилар.

ФАХРИЙ СУДЬЯЛАРГА ЭҲТИРОМ КЎРСАТИЛДИ

Барчамизни шодлантирадиган Наврўз олам кириб келмоқда. Атрофда илиқлик, фусункорлик, табиат уйғонмоқда. Бу йилги байрам “Олам нурга тўлсин сен билан Наврўз!” шиори остида ўтмоқда. Байрам шукуҳи шаҳару қишлоқларни қамраб олган шундай кезларда кишиларда бир-бирини қутлаш, улуғлаш кайфияти намоён.

Фуқаролик ишлари бўйича Миробод туманлараро суди ташаббуси билан тизимда ишлаб кетган суд фахрийларини ҳурматини жойига қўйиш мақсадида тадбир бўлиб ўтди. Тадбирга уч нафар фахрий судьялар – Флора Маҳмудова, Сайёра Шахабутдинова  ва Насиба Бабатаевалар ташриф буюришди.

Фуқаролик ишлари бўйича Миробод туманлараро суди раиси Бегзод Сагатов тадбирни очар экан, суд фахрийлари доимо эъзозда эканлиги, кейинги пайтда уларга берилаётган эътибор ошганлигини таъкидлаб ўтди.

Флора Маҳмудова 10 йил фуқаролик ишлари бўйича Миробод туманлараро судида раис вазифасида ишлаган. Ўзи ишлаб кетган қадрдон даргоҳга ташриф буюрган суд фахрийси қадрдон йиллари ўтган даврларни эслаб, айни пайтда суд тизимига бўлган эътибор ижобий томонга ўзгарганлигини, бундай шароитда ҳормай толмай меҳнат қилиш зарурлигини таъкидлади. Миробод фуқаролик суди мактабини кўрган Ф.Маҳмудованинг  шогирлари бугунги кунда Олий судда, вилоятда ва бошқа тизимларда раҳбарлик лавозимида ишламоқда.

Ф. Маҳмудованинг сафдошлари ҳам шу каби эзгу фикрлардан сўзладилар. Сўзга чиққан шогирдлар доимо Ф.Маҳмудовадан фахрланишини, у киши каби устоз мақомида бўлишини айтиб энг эзгу фикрларини билдирдилар.

Тадирда устозларга фахрий ёрлиқ ва  совғалар топширилди, фуқаролик ишлари бўйича Миробод туманлараро суди жамоаси фахрийлар билан эсдалик  учун суратга тушдилар.

УМУМХАЛҚ ХАЙРИЯ ҲАШАРИ КЎТАРИНКИ КАЙФИЯТДА ЎТКАЗИЛДИ

Барча жойларда бўлгани каби бугун Тошкент шаҳар судлари судьялари ва ходимлари “Обод ва файзли маҳалла – юрт кўрки” шиори остида бўлиб ўтаётган умумхалқ ҳашарида иштирок этиш учун эрта тонгданоқ ишга киришдилар.

Айниқса, тошкент шаҳар суди бу борада барчага ўрнак бўлди.  Ҳашар давомида судлар ҳудуди, ён-атрофи ва ҳовли атрофи, ариқ, кўча ва йўлаклар тартибга келтирилди. Кўчатлар экилиб, дарахтлар оқланди ҳамда уларга шакл берилди. Бу борадаги ишларда айниқса, жиноят ишлари бўйича Шайхонтоҳур тумани суди, жиноят ишлари бўйича Янгиҳаёт суди, жиноят ишлари бўйича Мирзо Улуғбек тумани суди, фуқаролик ишлари бўйича Миробод ва Мирзо Улуғбек туманлараро судлари алоҳида жонбозлик кўрсатишди.

Умумхалқ хайрия ҳашари бошқа судларда ҳам давом этмоқда. Тасвирларда Тошкент шаҳар суди судьялари ва ходимлари ҳамда юқорида номлари тилга олинган туман жиноят судлари ва туманлараро фуқаролик судлари шанбалик жараёнларини кўриб турибсиз.  

 

ТОШКЕНТ ШАҲАР СУДИ РАҲБАРЛАРИ ИШТИРОКИДА САЙЁР ҚАБУЛ

Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари институти ҳузуридаги “International House Tashkent” академик лицейида Тошкент шаҳар суди раҳбарияти томонидан  Мирзо Улуғбек туманида истиқомат қилувчи жисмоний ва юридик шахслар вакилларини сайёр қабули ташкил этилди.

Сайёр қабулда жами 35 нафар фуқаронинг мурожаатлари тингланди. Мурожаатларнинг 28 таси жиноят, 7 таси фуқаролик ишлари бўйича бўлди. Мурожаатлардан 24 тасига ҳуқуқий тушунтириш берилиб, 11 та мурожаат ижобий ҳал этилди.

Сайёр қабул доирасида ўтказилган сайёр суд мажлисларида жиноят ишлари бўйича Мирзо Улуғбек тумани судининг судьялари томонидан туман мажбурий ижро бюроси ва Пробация хизмати ҳисобида туриб жазо ўтаб келган 10 нафар  маҳкумларнинг ишлари кўриб чиқилди.

Жумладан, Мажбурий ижро бюроси Мирзо Улуғбек туман бўлими томонидан тақдим этилган алимент қарздорлигига оид мамурий ишлар, чунончи,  2 та шахсга нисбатан алимент тўламагани учун 15 сутка маъмурий қамоқ жазоси берилди.  2 нафар маҳкум жазони ўтамаганлиги учун жазо чораси оғирлаштирилди, 7 нафар маҳкум жазо талабларига риоя қилганлиги, қилмишидан чин кўнгилдан пушаймонлиги ҳисобга олиниб, муддатидан илгари шартли равишда озод қилинди.

ТОШКЕНТ ШАҲАР СУДИДА БЎЛИБ ЎТГАН БАЙРАМ ТАДБИРИДА АЁЛ СУДЬЯ ВА ХОДИМАЛАРГА АЛОҲИДА ЭЪТИБОР КЎРСАТИЛДИ

Тошкент шаҳар судида 8 март – Халқаро хотин-қизлар айёми муносабати билан байрам тадбири ташкил этилди. Тадбирга пойтахт судларида меҳнат қилаётган аёл судьялар, фахрий судьялар ва масьуллар таклиф этилди.

Дастлаб, Тошкент шаҳар суди раиси Э.Ходжакулов Олий суд раиси Б.Исламовнинг судья аёлларга бағишланган байрам табригини ўқиб эшиттирди. Таъкидландики, бугунги кунда суд тизимида фаолият юритаётган аёл судьялар ўзларининг юксак билими, ақл-заковати билан жамиятда қонун устуворлиги ва адолат барқарорлигини таъминлашга муносиб ҳисса қўшмоқда.

Эътироф этилганидек, Ўзбекистонда ислоҳотларнинг янги босқичи айнан суд-ҳуқуқ соҳасини ривожлантиришга қаратилган бўлиб, бу жараёнда хотин-қизларнинг ўрни алоҳида аҳамиятга эгадир.

Бугунги кунда Тошкент шаҳар судларида  43 нафар аёл судьялар, 149 нафар ходима хотин-қизлар меҳнат қилиб келмоқда. Судья аёлларнинг 6 нафари  раҳбарлик лавозимларини эгаллаган. Бинобарин, аёл судьялар ва ходима аёллар одил судловни таъминлашга ўз ҳиссаларини қўшиб келаётгани эътирофга лойиқ.

Тадбирда сўзга чиққанлар гўзаллик ва нафосат байрами муносабати билан аёлларимизга самимий тилакларини билдирдилар.

РАСМИЙ АХБОРОТ

Бугун, 2024 йил 26 февраль куни, Тошкент шаҳар судида “Док-1 Макс” дори воситаси билан боғлиқ жиноят ишини кўриб чиқиш бўйича суд жараёни тугаб, суд ҳукми эълон қилинди.

Ушбу жиноят иши Тошкент шаҳар судининг жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати судьяси Мусо Юсупов раислигида биринчи инстанция судида кўриб чиқилди.

Суд ҳукмига кўра:

Сингх Рагвендра Пратап (1972 йилда Ҳиндистон Республикасида туғилган, “Quramax Medikal” МЧЖ директори лавозимида ишлаган) Жиноят кодексининг 28,209-моддаси 1-қисми билан айбсиз, деб топилиб, Жиноят-процессуал кодексининг 83-моддаси 1-қисми 2, 3-бандларига асосан оқланди. Сингх Рагвендра ПратапЖиноят кодексининг 184-моддаси 3-қисми, 186-3-моддаси 4-қисми “а”, “б” бандлари, 211-моддаси 3-қисми “а” банди, 213-моддаси 3-қисми “а” банди ва 228-моддаси 2-қисми “а”, “б” бандлари, 3-қисмида назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбдор деб топилиб, унга нисбатан 20 йил муддатга озодликдан маҳрум этиш жазоси тайинланди. Тайинланган жазони умумий тартибли колонияларда ўташ белгиланди. Жазони ўтаб бўлганидан кейин Сингх Рагвендра Пратапни Ўзбекистон Республикасидан ташқарига чиқариб юбориш белгиланди.

Б. Камбаралиев (1978 йилда Наманган вилоятида туғилган, “Quramax Medikal” МЧЖ савдо директори лавозимида ишлаган) Жиноят кодексининг 184-моддаси 3-қисми ва 241-моддаси 1-қисмида назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбдор, деб топилиб, унга нисбатан 4 йил 3 ой муддатга озодликни чеклаш жазоси тайинланди. Жиноят кодексининг 62-моддасига асосан ўташ учун 3 йил 11 ой 18 кун озодликни чеклаш жазоси қолдирилди.

Н. Мирзаахмедова (1992 йилда Тошкент вилоятида туғилган, “Quramax Medical” МЧЖ рўйхатга олиш бўйича менежери лавозимида ишлаган) Жиноят кодексининг 28,186-3-моддаси 4-қисми “а”, “б” бандлари ва 228-моддаси 2-қисми “а”, “б” бандлари, 3-қисмида назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбдор, деб топилиб, унга нисбатан 10 йил муддатга озодликдан маҳрум этиш жазоси тайинланди. Н. Мирзаахмедовага нисбатан Жиноят кодекснинг 72-моддасига асосан тайинланган озодликдан маҳрум қилиш жазоси шартли ҳисобланиб, 3 йил синов муддати белгиланди.

Э. Мирзаахмедов (1976 йилда Тошкент шаҳрида туғилган, “Quramax Medical” МЧЖ бош ҳисобчиси лавозимида ишлаган) Жиноят кодексининг 184-моддаси 3-қисмида назарда тутилган жиноятни содир этганликда айбдор, деб топилиб, унга нисбатан 4 йил муддатга озодликни чеклаш жазоси тайинланди.

С. Кариев (1982 йилда Тошкент шаҳрида туғилган, Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги директори ва унинг ҳузуридаги “Дори воситалари, тиббий буюмлар ва тиббий техника экспертизаси ва стандартлаштириш давлат маркази” ДУК директори лавозимларида ишлаган) Жиноят кодексининг 186-3-моддаси 4-қисми “а”, “б” бандлари ва 209-моддаси 2-қисми “а” бандида назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбдор, деб топилиб, унга нисбатан 2 йил 6 ойга давлат идораларида раҳбарлик лавозимларида ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилган ҳолда 18 йил муддатга озодликдан маҳрум этиш жазоси тайинланди. Тайинланган жазони умумий тартибли колонияларда ўташ белгиланди.

А. Азимов (1993 йилда Тошкент шаҳрида туғилган, “Дори воситалари, тиббий буюмлар ва тиббий техника экспертизаси ва стандартлаштириш давлат маркази” ДУК директорининг биринчи ўринбосари лавозимида ишлаган) Жиноят кодексининг 186-3-моддаси 4-қисми “а”, “б” бандлари, 25,205-моддаси 1-қисми, 209-моддаси 2-қисми “а” банди ва 210-моддаси 2-қисми “г” бандида назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбдор, деб топилиб, унга нисбатан 2 йил 6 ойга давлат идораларида раҳбарлик лавозимларида ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилган ҳолда 16 йил муддатга озодликдан маҳрум этиш жазоси тайинланди. Тайинланган жазони умумий тартибли колонияларда ўташ белгиланди.

Н. Мусаев (1988 йилда Тошкент шаҳрида туғилган, “Дори воситалари, тиббий буюмлар ва тиббий техника экспертизаси ва стандартлаштириш давлат маркази” ДУК директори ўринбосари, Фармакопея қўмитаси раиси вазифасини вақтинча бажарувчи лавозимларида ишлаган) Жиноят кодексининг 186-3-моддаси 4-қисми “а”, “б” бандлари, 25,205-моддаси 1-қисми, 209-моддаси 2-қисми “а” банди ва 210-моддаси 3-қисми “а” бандида назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбдор, деб топилиб, унга нисбатан 2 йил 6 ойга давлат идораларида раҳбарлик лавозимларида ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилган ҳолда 16 йил муддатга озодликдан маҳрум этиш жазоси тайинланди. Тайинланган жазони умумий тартибли колонияларда ўташ белгиланди.

Г. Салиева (1987 йилда Тошкент шаҳрида туғилган, “Дори воситалари, тиббий буюмлар ва тиббий техника экспертизаси ва стандартлаштириш давлат маркази” ДУК директори ёрдамчиси, рўйхатдан ўтказиш бўлими бошлиғи лавозимларида ишлаган) Жиноят кодексининг 207-моддаси 3-қисми “а” бандида назарда тутилган жиноятни содир этганликда айбдор, деб топилиб, унга нисбатан 2 йилга давлат идораларида раҳбарлик лавозимларида ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилган ҳолда 3 йил муддатга озодликни чеклаш жазоси тайинланди. Жиноят кодексининг 62-моддасига асосан ўташ учун 1 йил 10 ой 10 кун озодликни чеклаш жазоси қолдирилди.

Ш. Шодманов (1992 йилда Самарқанд вилоятида туғилган, “Дори воситалари, тиббий буюмлар ва тиббий техника экспертизаси ва стандартлаштириш давлат маркази” ДУК рўйхатдан ўтказиш бўлими вице-бошлиғи лавозимида ишлаган) Жиноят кодексининг 186-3-моддаси 4-қисми “а”, “б” бандлари, 25,205-моддаси 1-қисми, 209-моддаси 2-қисми “а” банди, 28,210-моддаси 3-қисми “а” банди ва 210-моддаси 3-қисми “а” бандида назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбдор, деб топилиб, унга нисбатан 2 йил 6 ойга давлат идораларида раҳбарлик лавозимларида ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилган ҳолда 16 йил 6 ой муддатга озодликдан маҳрум этиш жазоси тайинланди. Тайинланган жазони умумий тартибли колонияларда ўташ белгиланди.

Ж. Эркиний (1993 йилда Тошкент шаҳрида туғилган, “Дори воситалари, тиббий буюмлар ва тиббий техника экспертизаси ва стандартлаштириш давлат маркази” ДУК рўйхатдан ўтказиш бўлими бош мутахассиси лавозимида ишлаган) Жиноят кодексининг 186-3-моддаси 4-қисми “а”, “б” бандлари ва 212-моддаси 3-қисми “б” бандида назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбдор, деб топилиб, унга нисбатан 2 йилга фармацевтика соҳасидаги давлат идораларида ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилган ҳолда 5 йил муддатга озодликни чеклаш жазоси тайинланди. Жиноят кодексининг 62-моддасига асосан ўташ учун 4 йил 6 ой 26 кун озодликни чеклаш жазоси қолдирилди.

С. Саидов (1975 йилда Тошкент шаҳрида туғилган, “Дори воситалари, тиббий буюмлар ва тиббий техника экспертизаси ва стандартлаштириш давлат маркази” ДУК Фармакология қўмитаси раиси лавозимида ишлаган) Жиноят кодексининг 207-моддаси 3-қисми “а” бандида назарда тутилган жиноятни содир этганликда айбдор, деб топилиб, унга нисбатан 2 йилга давлат идораларида раҳбарлик лавозимларида ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилган ҳолда 4 йил муддатга озодликни чеклаш жазоси тайинланди.

Ж. Шамшетов (1991 йилда Қорақалпоғистон Республикасида туғилган, “Дори воситалари, тиббий буюмлар ва тиббий техника экспертизаси ва стандартлаштириш давлат маркази” ДУК рўйхатдан ўтказиш бўлими бош мутахассиси лавозимида ишлаган), А. Джалилов (1992 йилда Тошкент шаҳрида туғилган,  “Дори воситалари, тиббий буюмлар ва тиббий техника экспертизаси ва стандартлаштириш давлат маркази” ДУК Фармакопея қўмитаси етакчи мутахассиси лавозимида ишлаган) ва Г. Халилова (1963 йилда Тошкент вилоятида туғилган, “Дори воситалари, тиббий буюмлар ва тиббий техника экспертизаси ва стандартлаштириш давлат маркази” ДУК Фармакология қўмитаси етакчи мутахассиси) Жиноят кодексининг 116-моддаси 4-қисми “а”, “б” бандларида назарда тутилган жиноятни содир этганликда айбдор, деб топилиб, уларнинг ҳар бирига нисбатан 2 йилга фармацевтика соҳасидаги давлат идораларида ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилган ҳолда 5 йил муддатга озодликни чеклаш жазоси тайинланди.

Г. Болтабаева (1968 йилда Тошкент шаҳрида туғилган, “Дори воситалари, тиббий буюмлар ва тиббий техника экспертизаси ва стандартлаштириш давлат маркази” ДУК дори воситалари сифатини назорат қилиш ва стандартлаштириш лабораторияси мудири) Жиноят кодексининг 207-моддаси 3-қисми “а” бандида назарда тутилган жиноятни содир этганликда айбдор, деб топилиб, унга нисбатан 2 йилга давлат идораларида бўлим бошлиғи лавозимида ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилган ҳолда 3 йил муддатга озодликни чеклаш жазоси тайинланди.

М. Хамдамов (1985 йилда Тошкент шаҳрида туғилган, “Дори воситаларини стандартлаштириш илмий маркази” МЧЖ директори лавозимида ишлаган) жиноят иши доирасидаги битта эпизод бўйича Жиноят кодексининг 209-моддаси 2-қисми “а” банди билан айбсиз, деб топилиб, Жиноят-процессуал кодексининг 83-моддаси 1-қисми 1-бандига асосан оқланди. М. Хамдамов Жиноят кодексининг 205-моддаси 1-қисми, 207-моддаси 3-қисми “а” банди ва 209-моддаси 2-қисми “а” бандида назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбдор, деб топилиб, унга нисбатан 2 йил 6 ойга давлат идораларида раҳбарлик лавозимларида ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилган ҳолда 4 йил муддатга озодликни чеклаш жазоси тайинланди. Жиноят кодексининг 62-моддасига асосан ўташ учун 2 йил 10 ой 1 кун озодликни чеклаш жазоси қолдирилди.

Ш. Холмуродов (1992 йилда Навоий вилоятида туғилган, “Дори воситаларини стандартлаштириш илмий маркази” МЧЖ Сертификатлаштириш органи раҳбари лавозимида ишлаган) жиноят иши доирасидаги битта эпизод бўйича Жиноят кодексининг 209-моддаси 2-қисми “а” банди билан айбсиз, деб топилиб, Жиноят-процессуал кодексининг 83-моддаси 1-қисми 1-бандига асосан оқланди. Ш. Холмуроодов Жиноят кодексининг 205-моддаси 1-қисми, 207-моддаси 3-қисми “а” банди ва 209-моддаси 2-қисми “а” бандида назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбдор, деб топилиб, унга нисбатан 2 йил 6 ойга давлат идораларида раҳбарлик лавозимларида ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилган ҳолда 4 йил муддатга озодликни чеклаш жазоси тайинланди. Жиноят кодексининг 62-моддасига асосан ўташ учун 3 йил 4 ой 24 кун озодликни чеклаш жазоси қолдирилди.

Н. Шукуруллаева (1988 йилда Қорақалпоғистон Республикасида туғилган, “Дори воситаларини стандартлаштириш илмий маркази” МЧЖ Синов маркази раҳбари) жиноят иши доирасидаги битта эпизод бўйича жиноят кодексининг 209-моддаси 2-қисми “а” банди билан айбсиз, деб топилиб, Жиноят-процессуал кодексининг 83-моддаси 1-қисми 1-бандига асосан оқланди. Н. Шукуруллаева Жиноят кодексининг 205-моддаси 1-қисми “а” банди, 207-моддаси 3-қисми “а” банди ва 209-моддаси 2-қисми “а” бандида назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбдор, деб топилиб, унга нисбатан базавий ҳисоблаш миқдорининг 110 баравари миқдорида, яъни 33 000 000 сўм жарима жазоси тайинланди. Жиноят кодекснинг 62-моддасига асосан 17 190 000 сўм жарима жазоси қолдирилиб, тайинланган жаримани давлат фойдасига ундириш белгинади.

Ш. Абдуганиев (1985 йилда Тошкент вилоятида туғилган, “Дори воситаларини стандартлаштириш илмий маркази” МЧЖ директори ўринбосари лавозимида ишлаган), Ф. Файзиев (1986 йилда Тошкент шаҳрида туғилган, “Дори воситаларини стандартлаштириш илмий маркази” МЧЖ Сертификатлаштириш органи раҳбари ўринбосари лавозимида ишлаган) ва И. Мирзаёқубов (1991 йилда Фарғона вилоятида туғилган, “Дори воситаларини стандартлаштириш илмий маркази” МЧЖ Синов маркази раҳбари ўринбосари лавозимида ишлаган) Жиноят кодексининг 209-моддаси 2-қисми “а” банди билан айбсиз, деб топилиб, Жиноят-процессуал кодексининг 83-моддаси 1-қисми 1-бандига асосан оқланди. Ш. Абдуганиев, Ф. Файзиев ва И. Мирзаёқубов Жиноят кодексининг 205-моддаси 1-қисмида назарда тутилган жиноятни содир этганликда айбдор, деб топилиб, уларнинг ҳар бирига нисбатан 2 йилга фармацевтика соҳасидаги давлат идораларида ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилган ҳолда 2 йил муддатга озодликни чеклаш жазоси тайинланди.

Ф. Талипов (1977 йилда Тошкент шаҳрида туғилган, “Дори воситалари, тиббий буюмлар ва тиббий техника экспертизаси ва стандартлаштириш давлат маркази” ДУК рўйхатдан ўтказиш бўлими бош мутахассиси, Фармакология қўмитаси бош мутахассиси лавозимларида ишлаган) Жиноят кодексининг 214-моддаси 3-қисми “а” банди ва 228-моддаси 2-қисми “а”, “б” бандлари, 3-қисмида назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбдор, деб топилиб, унга нисбатан 3 йил 3 ой муддатга озодликдан маҳрум этиш жазоси тайинланди. Тайинланган жазони манзил-колонияларда ўташ белгиланди.

Ф. Назаров (1970 йилда Сирдарё вилоятида туғилган, “Origin Solution” ва “Medreg” МЧЖлар директори) Жиноят кодексининг 228-моддаси 2-қисми “а”, “б” бандлари, 3-қисмида назарда тутилган жиноятни содир этганликда айбдор, деб топилиб, унга нисбатан иш ҳақининг 20 фоизини давлат даромадига ушлаб қолган ҳолда 3 йил муддатга ахлоқ тузатиш ишлари жазоси тайинланди.

Судланувчилар Сингх Равендра Пратап, Н. Мирзаахмедова, С. Кариев, А. Азимов, Н. Мусаев, Ш. Шодманов ва Ж. Эркинийдан солидар тартибда “Док-1 Макс” ва “Амбронол” дори воситаларидан заҳарланиб, вафот этган 68 нафар марҳум ва 4 нафар соғлиғи ўта оғир аҳволдаги боланинг қонуний вакилларининг ҳар бирига 1 000 000 000 сўмдан, соғлиғининг аҳволи қониқарли бўлган 4 нафар боланинг қонуний вакилларининг ҳар бирига 500 000 000 сўмдан ҳамда соғлиғи яхшиланган 8 нафар боланинг қонуний вакилларининг ҳар бирига 200 000 000 сўмдан маънавий зарар ундирилиши белгиланди.

Судланувчи Ш. Шодмановдан олган пора миқдори қиймати – 881 814 000 сўмни, судланувчилар А. Азимов ва Н. Мусаевдан солидар тартибда – 93 810 000 сўмни давлат фойдасига ундириш белгиланди.

Жабрланувчиларнинг қонуний вакилларига жиноят доирасида етказилган моддий зарарларни ундириш масаласида фуқаролик ишлар бўйича судларига мурожаат қилиш ҳуқуқи тушунтирилди.

Сингх Равендра Пратап, Б. Камбаралиев ва Э. Мирзаахмедовдан солидар тартибда 5 420 177 400 сўм солиқ қарздорлиги давлат фойдасига ундирилиши белгиланди.

Биринчи инстанция судининг ҳукмидан норози тарафлар ҳукм эълон қилинган кундан бошлаб, судланувчи ва жабрланувчилар ҳукм нусхасини олган кундан бошлаб ўн сутка ичида апелляция тартибида ёки ҳукм қонуний кучга киргандан сўнг кассация тартибида Тошкент шаҳар судига шикоят бериши, прокурор протест келтиришга ҳақлилиги маълум қилинади.

 

 

Перейти к содержимому