СУД АЙБЛОВНИ ЕНГИЛЛАШТИРДИ –
ЧУНКИ, ҚОНУН ШУНИ ТАҚАЗО ЭТАДИ

Бу ҳақда фикр юритганда, аввало, рўй берган воқеа тафсилотига эътибор қаратиш жоиз. Маълум бўлишича, С.Эрмаматов таниши Л.Отажанованинг бошқа шахслар билан гаплашиб юрганидан хабар топгач, рашк туфайли 2025 йил 8 январь куни соат 21ларда Яшнобод тумани, Авиасозлар 3 даҳасида жойлашган “Лор 24/7” номли клиника биносида жанжаллашган. Натижада у Л.Отажановага енгил шикаст етказган.
Бу ҳолатни республика Суд тиббий илмий амалий маркази экспертининг хулосаси ҳам тасдиқлайди.
Бироқ дастлабки тергов органи томонидан судланувчи С.Эрмаматовнинг ҳаракатлари Жиноят кодексининг 164-моддаси 2-қисми “а” банди билан нотўғри квалификация қилинади.
Шу ўринда қайд этиш керакки, Жиноят процессуал кодексининг 22-моддасида суриштирувчи, терговчи, прокурор ва суд жиноят юз берганлигини, унинг содир этилишида ким айбдорлигини, шунингдек, у билан боғлиқ барча ҳолатларни аниқлаши шартлиги, иш бўйича исботланиши лозим бўлган барча ҳолатлар синчковлик билан, ҳар томонлама, тўлиқ ва холисона текшириб чиқилиши, ишда юзага келадиган ҳар қандай масалани ҳал қилишда судланувчини ҳам фош қиладиган, ҳам оқлайдиган, шунингдек, унинг жавобгарлигини ҳам енгиллаштирадиган, ҳам оғирлаштирадиган ҳолатлар аниқланиши ва ҳисобга олиниши лозимлиги белгиланган.
Жиноят процессуал кодексининг 26-моддасига мувофиқ, жиноят ишини мазмунан кўриб чиқаётган суд далилларни бевосита текшириши, гумон қилинувчи, айбланувчи, судланувчи, жабрланувчи ва гувоҳларни сўроқ қилиши, фақат суд мажлисида текширилган далилларга асосланиб ҳукм чиқариши шартлиги қайд этилган.
Бундан ташқари Жиноят кодексининг 164-моддасида босқинчилик, яъни ўзганинг мол-мулкини талон-торож қилиш мақсадида, унга ҳужум қилиб, ҳаёти ёки соғлиғи учун хавфли бўлган зўрлик ишлатиб ёхуд шундай зўрлик ишлатиш билан қўрқитиб, содир этилганлик ҳолати юзасидан жавобгарлик белгиланган.
Қонун мазмунига кўра, объектив томондан, босқинчилик ўзганинг мол-мулкини талон-торож қилиш мақсадида, шу мулкнинг эгалланишига қаршилик кўрсатган шахснинг ҳаёти ёки соғлиғи учун хавфли бўлган жисмоний зўрлик ишлатиш ёхуд шундай зўрлик ишлатиш билан қўрқитиб, ҳужум қилишда ифодаланади. Шунга кўра, босқинчиликнинг моҳияти айбдорнинг ўзганинг мол-мулкини жабрланувчига зўрлик ишлатиб эгаллашида ифодаланади.
Бундай жиноят таркибида ўзганинг мол-мулкини эгаллашга йўналтирилган ҳаракат асосий аҳамият касб этади, ўзга шахсга тажовуз қилиш ўзганинг мол-мулкини эгаллаш воситаси сифатида ифодаланади.
Энди юқорида баён этилган воқеага қайтсак, суд мажлисида аниқланган ва иш ҳужжатлари билан тасдиқланган ҳолатларга кўра, С.Эрмаматов таниши Л.Отажонованинг бошқа шахслар билан ўзаро гаплашиб юрганидан хабар топгач, 2025 йил 8 январь куни соат 21 ларда Яшнобод тумани, Авиасозлар 3-даҳасида у билан рашк туфайли ўзаро жанжаллашиб, уни бир неча маротаба урган ва қасддан соғлиғининг қисқа вақт, яъни олти кундан ортиқ, аммо йигирма бир кундан кўп бўлмаган муддатга ёмонлашувига сабаб бўлган енгил шикаст етказган.
Бундай қилмиш учун Жиноят кодексининг 109-моддасида жавобгарлик белгиланган.
Аниқроқ айтганда, қонун талабига кўра, агар айбдорнинг ҳаракатлари жабрланувчи баданига енгил шикаст етказиб, унинг соғлиғини қисқа муддатга ишдан чиқарса ёки меҳнат қобилиятининг унча узоқ бўлмаган муддатга йўқотилишига олиб келса, айбдорнинг ҳаракатлари айнан Жиноят кодексининг 109-моддаси 2-қисми билан малакаланади.
Аммо дастлабки тергов органи томонидан С.Эрмаматовнинг босқинчилик жиноятини содир этишдаги айбини исботлайдиган далиллар тўлиқ текширилмаган, шунингдек, иш ҳужжатларида босқинчилик билан боғлиқ айбловни шубҳа остида қолдирадиган аниқ далиллар мавжуд бўлганлигини инобатга олмаган, тергов ҳаракатлари нохолис равишда фақат босқинчилик жиноятини содир этишда айблаш йўналишида олиб борилиб, мавжуд ҳолатларни тўлиқ, ҳар томонлама ва холисона ўрганиш, шунингдек, аниқ ҳуқуқий баҳо бериш чоралари кўрилмаган.
Иш ҳолатига кўра, С.Эрмаматовнинг жабрланувчи Л.Отажоновага тегишли пул маблағи ёки бошқа мол-мулкини талон-торож қилиш мақсадида ҳужум қилганлигини, жабрланувчи ушбу мол-мулки эгалланишига қаршилик кўрсатганлигини тасдиқловчи ҳолатлар мавжуд эмас.
Аслида ҳам С.Эрмаматовнинг мақсади жабрланувчи Л.Отажонованинг мол-мулкини талон-торож қилиш эмас, балки рашки туфайли келиб чиққан жанжалда унга енгил тан жароҳати етказган.
Бундан ташқари бу воқеа 2025 йил 8 январь куни содир этилган бўлса-да, жабрланувчи Л.Отажонова судланувчи С.Эрмаматов билан бир ҳафта давомида ўзаро яхши муносабатда бўлган.
Шунингдек, воқеа содир бўлган куни судланувчи С.Эрмаматов клиникадан чиқиб кетгач, бироздан сўнг қайтиб келиб эшикни тақиллатгани, Л.Отажонова эшикни очмаганида унинг дугонаси Ильмирага ўзи қўнғироқ қилиб чақиргани С.Эрмаматов босқинчилик жиноятини содир қилиш мақсади бўлмаганини тасдиқлайди.
Юқорида баён этилган ҳолатлар дастлабки терговни юритишда жиддий камчиликларга йўл қўйилгани, ҳақиқий иш ҳолати етарли даражада текширилмагани ва ҳақиқатни аниқлаш тамойиллари бузилганини кўрсатади.
Ўз навбатида, суд келтирилган асосларга кўра, судланувчи С.Эрмаматовнинг ҳаракатларида ўзганинг мол-мулкини талон-торож қилиш мақсадида шахснинг ҳаёти ёки соғлиғи учун хавфли бўлган зўрлик ишлатиш ёхуд шундай зўрлик ишлатиш билан қўрқитиб ҳужум қилиш мавжуд эмас, деб ҳисоблади. Қонун талабларидан келиб чиқиб, қасддан баданга енгил шикаст етказганликда ифодаланган ҳаракатларини Жиноят кодексининг 164-моддаси 2-қисми “а” бандидан 109-моддаси 2-қисми “в” бандига қайта малакалашни лозим топди ва икки йил муддатга озодликни чеклаш жазоси тайинлади.
Хулоса қилиб айтганда, мамлакатимизда ҳар бир фуқаро — қонун ҳимоясида. Шундай экан, кимнингдир ҳаётида қонунбузилиши ҳолати содир бўлган тақдирда ҳам, унинг қилмишини адолатли баҳолаш вазифаси одил судлов зиммасидадир.
Жасурбек УБАЙДУЛЛАЕВ,
жиноят ишлари бўйича
Яшнобод тумани
суди судьяси
(Манба: “Куч – Адолатда” газетаси, 2026 йил, 13 февраль, 6-сон)





















