Искать:

ЎЗБЕКИСТОНДА СУД-ҲУҚУҚ ТИЗИМИНИ МОДЕРНИЗАЦИЯ ҚИЛИШНИНГ УСТУВОР ЙЎНАЛИШЛАРИ: РАҚАМЛАШТИРИШ, АДОЛАТ ВА ҚОНУН УСТУВОРЛИГИ

Ўзбекистон Республикасида ҳуқуқий давлат ва адолатли жамият барпо этиш жараёнида суд-ҳуқуқ тизимини ислоҳ қилиш масаласи стратегик аҳамият касб этади. Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг 2025 йил 26 декабрь куни Олий Мажлис ва Ўзбекистон халқига йўллаган Мурожаатномаси айнан ушбу йўналишда амалга оширилаётган ва келгусида кўзда тутилаётган ислоҳотларнинг консептуал асосларини белгилаб берди. Мурожаатномада суд-ҳуқуқ тизимини замон талаблари асосида тубдан модернизация қилиш, инсон ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилиш ҳамда қонун устуворлигини таъминлашга қаратилган устувор вазифалар илмий-амалий жиҳатдан муҳим йўналиш сифатида илгари сурилди.

Давлат раҳбари суд-ҳуқуқ тизимини халққа яқинлаштириш масаласини ислоҳотларнинг марказига қўйиб, одил судловни амалга оширишда рақамли технологиялар ва сунъий интеллект имкониятларидан кенг фойдаланиш зарурлигини таъкидлади. “Рақамли суд” консепциясининг жорий этилиши суд иш юритувида шаффофликни ошириш, процессуал муддатларни қисқартириш ва инсон омили билан боғлиқ субъектив хатоларни камайтиришга хизмат қилади. Айниқса, тергов жараёнининг рақамлаштирилиши жиноят ишини қўзғатишдан тортиб судга қадар бўлган босқичларда инсон ҳуқуқларининг таъминланишини кучайтиришга қаратилган бўлиб, бу халқаро ҳуқуқий стандартларга мос келади. Сунъий интеллект технологияларининг жорий этилиши натижасида тергов ва суд фаолиятида қарор қабул қилишнинг адолатлилиги ва холислиги мустаҳкамланиши кўзда тутилмоқда.

Мурожаатномада алоҳида урғу берилган масалалардан бири тергов судьялари институтининг янада кенгайтирилишидир. Тергов судьяларига санкция ва мажбурлов чораларини ўзгартириш ҳамда бекор қилиш ваколатларининг берилиши “Хабеас корпус” институтининг реал мазмун билан бойитилишидан далолат беради. Бу ҳолат шахс эркинлиги дахлсизлигини кафолатлаш, ноқонуний ушлаб туриш ва асоссиз процессуал чекловларнинг олдини олишда муҳим ҳуқуқий механизм ҳисобланади.

Шу билан бирга, одил судловни амалга оширишда жамоатчилик иштирокини кенгайтириш, хусусан, “халқ вакиллари ҳайъати” институтининг босқичма-босқич жорий этилиши суд ҳокимияти фаолиятининг очиқлиги ва жамият ишончини оширишга хизмат қилади. Оғир ва ижтимоий резонансли жиноят ишларининг жамоатчилик вакиллари иштирокида кўриб чиқилиши суд ҳукмларининг адолатлилигини мустаҳкамлашга қаратилган муҳим қадамдир.

Суд қарорларининг сўзсиз ижросини таъминлаш масаласи ҳам Мурожаатномада тизимли ёндашув асосида ёритилган. Суд ҳужжатлари ижроси самарали ташкил этилмас экан, фуқаролар ва тадбиркорларнинг бузилган ҳуқуқларини тўлиқ тиклаш имконсизлиги таъкидланди. Шу боис мажбурий ижро тизимига сунъий интеллект асосидаги муқобил механизмларнинг жорий этилиши, ижро ҳаракатларининг муайян қисмини инсон омилисиз амалга ошириш режалаштирилмоқда. Бу нафақат ижро интизомини кучайтиради, балки коррупциявий хавфларни камайтиришга ҳам хизмат қилади.

Мурожаатномада суд-ҳуқуқ тизими билан узвий боғлиқ бўлган жиноятчиликка қарши кураш, хусусан, гиёҳвандлик, уюшган жиноий гуруҳлар ва молиявий жиноятлар масаласига ҳам алоҳида эътибор қаратилди. Гиёҳвандлик жиноятларининг кўпайиши, ёшларнинг бу жараёнга жалб этилаётгани миллат генофонди ва жамият барқарорлигига жиддий таҳдид сифатида баҳоланди. Шу муносабат билан наркожиноятларга қарши курашни умуммиллий ҳаракат даражасига кўтариш, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар билан бир қаторда бутун жамиятни сафарбар этиш зарурлиги илмий жиҳатдан асосланган ижтимоий ёндашувдир. Бу ерда профилактика, маънавий-руҳий иммунитетни шакллантириш ва ҳуқуқий онгни ошириш суд-ҳуқуқ сиёсатининг муҳим таркибий қисми сифатида намоён бўлади.

Шунингдек, тадбиркорлик субъектлари ва инвесторларни жиноий тажовузлардан ҳимоя қилиш, ноқонуний жиноий тузилмалар фаолиятига қатъий барҳам бериш масаласи ҳуқуқий давлатнинг муҳим шарти эканлиги қайд этилди.

Аёллар ва болаларга нисбатан зўравонликка қарши курашиш борасида билдирилган позитция эса суд-ҳуқуқ тизимининг инсонпарварлик ва ижтимоий адолат тамойилларига таянишини кўрсатади. Оилавий зўравонликни шахсий масала сифатида эмас, балки жамият хавфсизлигига дахлдор муаммо сифатида баҳолаш замонавий ҳуқуқий тафаккурга мос ёндашувдир.

Мурожаатномада коррупцияга қарши кураш суд-ҳуқуқ ислоҳотларининг ажралмас қисми сифатида эътироф этилиб, 2026 йилда бу борада “фавқулодда ҳолат” эълон қилиниши қатъий сиёсий ироданинг ифодаси бўлди. Давлат органларида комплаэнс тизимининг жорий этилиши, бюджет маблағлари устидан шахсий жавобгарликнинг кучайтирилиши ва қонун олдида барчанинг тенглиги принципи суд-ҳуқуқ тизимининг самарадорлигини оширишга хизмат қилади. Бу чора-тадбирлар коррупцияни тизимли равишда жиловлаш, суд ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар фаолиятига бўлган ишончни мустаҳкамлашга қаратилган.

Хулоса қилиб айтганда, Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг Мурожаатномасида суд-ҳуқуқ тизими бўйича белгиланган вазифалар ҳуқуқий давлат барпо этишнинг илмий асосланган, комплекс ва изчил консепциясини ифодалайди. Рақамлаштириш, жамоатчилик иштироки, инсон ҳуқуқларининг устуворлиги ва коррупцияга муросасиз муносабат тамойилларига таянган ушбу ислоҳотлар Ўзбекистонда адолатли судлов ва қонун устуворлигини таъминлаш йўлида муҳим назарий ва амалий аҳамиятга эгадир.

Қаҳрамон Мирсафаев,

Тошкент шаҳар суди судьяси

ЯНГИ ИСЛОҲОТЛАР СУД-ҲУҚУҚ ТИЗИМИДА: ЗАМОНАВИЙ ЖАРАЁНЛАР ВА ИСТИҚБОЛ

Ҳуқуқий демократик давлат ва фуқаролик жамиятини барпо этишда суд ҳокимиятининг ўрни беқиёсдир. Суд ҳокимияти мустақиллиги, очиқлиги ва самарадорлигини таъминлаш фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилишнинг асосий кафолатларидан бири ҳисобланади.

Мамлакатимизда “Инсон қадри учун” тамойили асосида амалга оширилаётган ислоҳотлар суд-ҳуқуқ соҳасини ҳам четлаб ўтгани йўқ.

Жамият ҳаётида рақамлаштириш жараёнларининг жадаллашуви суд тизими фаолиятини ҳам замонавий ахборот технологиялари асосида қайта ташкил этиш заруратини юзага келтирмоқда. Шу нуқтаи назардан, суд ишларини юритишда сунъий интеллект технологияларидан фойдаланиш масаласи алоҳида аҳамиятга эга.

Ислоҳотлар натижасида суд тизимида янги институционал ёндашувлар шаклланиб, суд қарорларининг холислиги ва барқарорлигини таъминлашга хизмат қилаётган ҳуқуқий асослар мустаҳкамланди.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025 йил 21 августда қабул қилинган ПФ–140-сонли Фармони суд ишларини юритишни рақамлаштириш ва сунъий интеллект технологияларини татбиқ этиш бўйича муҳим ҳуқуқий асос яратди. Мазкур фармонда суд фаолиятини автоматлаштириш, суд ишларида қоғоз ҳужжат айланмасидан босқичма-босқич воз кечиш ҳамда электрон тизимга тўлиқ ўтиш вазифалари белгиланди.

Сунъий интеллект технологияларини жорий этиш орқали суд ишларини кўриб чиқиш жараёнларини тезлаштириш, суд харажатларини ҳисоблаш, суд ҳужжатлари лойиҳаларини тайёрлаш каби функцияларни автоматлаштириш имкониятлари яратилмоқда.

“Рақамли суд” концепциясини амалга ошириш фуқароларнинг судга мурожаат қилиш тартибини соддалаштириш ва суд хизматларидан фойдаланиш имкониятларини кенгайтиришга қаратилган. Ушбу концепция доирасида:

  • судга электрон мурожаат юбориш;
  • суд мажлисларида масофадан иштирок этиш;
  • иш материаллари билан электрон шаклда танишиш;
  • суд харажатларини онлайн ҳисоблаш ва тўлаш;
  • ижро ҳужжатларини автоматик равишда ижрога юбориш механизмлари жорий  этилмоқда.

Бу ўзгаришлар суд жараёнларида инсон омили таъсирини камайтириш, одил судловга эришиш имкониятларини кенгайтиришга хизмат қилади.

 Шунингдек, мазкур фармон билан суд соҳасини рақамлаштиришнинг истиқболдаги режалари ҳам тасдиқланган, яъни, 2025 — 2027 йилларга мўлжалланган суд соҳасини рақамлаштириш ва одил судлов жараёнларига замонавий ахборот технологияларини жорий этиш дастури орқали 2025 йил 1 декабрдан бошлаб фуқаролар, адвокатлар, юристлар, судьялар учун норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни таҳлил қилиш платформасини ишга тушириш;

 2025 йил якунига қадар суд ҳужжатларини автоматик тайёрлаш махсус ахборот дастурини яратиш;

2026 йил 1 январдан бошлаб “my.sud.uz” интерактив хизматлар порталида фуқароларга ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш модулини жорий этиш, бунда сунъий интеллект асосида ишлайдиган виртуал маслаҳатчини яратиш, ҳуқуқий мурожаатларга жавоб бериш ҳамда суд маълумотларини автоматик етказиш;

2026 йил 1 мартдан бошлаб фуқаролик, маъмурий, иқтисодий ва маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги ишлар бўйича дастлабки суд маълумотларини фуқароларга Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали олиш имкониятини яратиш;

2026 йил якунига қадар фуқароларга одил судловга эришишда қулай имкониятлар яратиш мақсадида 5 та янги интерактив хизматларни йўлга қўйиш, шунингдек, суднинг ахборот тизимидаги “Шахсий кабинет” платформасининг фойдаланувчилар учун янада қулай бўлган янги версиясини ишлаб чиқиш назарда тутилган.

Суд мустақиллигини таъминлаш ҳуқуқий давлат барпо этишнинг муҳим шарти ҳисобланади. Суд тизимида рақамлаштириш жараёнлари судьяларнинг касбий фаолиятига ноқонуний аралашувларни чеклаш, қарор қабул қилиш жараёнларида шаффофликни таъминлаш ва коррупция омилларини камайтиришга хизмат қилади.

Шу билан бирга, суд ишларини электрон шаклда юритиш жамоатчилик назоратини кучайтириш ва суд фаолиятига нисбатан ишончни оширишга ижобий таъсир кўрсатади.

Шунингдек, Президент Шавкат Мирзиёевнинг 2025 йил 24 ноябрда қабул қилган ПФ-227-сонли “Судьялар ҳамжамияти органлари фаолиятининг самарадорлиги ва очиқлигини ошириш ҳамда суд мустақиллиги кафолатларини янада кучайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони бу ислоҳотларнинг муҳим босқичи сифатида эътироф этилмоқда.

Фармонга кўра, судьяларни тайинлаш тартиби икки босқичли қоидалар асосида амалга оширилади: дастлаб 5 йиллик муддатга, кейин эса муддатсиз лавозимга тайинлаш. Шунингдек, туманлараро, туман ва шаҳар судлари раислари ҳамда уларнинг ўринбосарлари лавозимлари учун очиқ танлов тизими жорий этилган. Бу жараёнда номзодлар аниқ мезонлар асосида баҳоланади ва уларнинг касбий лаёқатлилиги, судьялик одоб-ахлоқ қоидаларига риоя қилиш даражаси ҳамда шахсий ҳалоллик сифати эътиборга олинади.

Судьялар олий кенгашининг доимий фаолият юритувчи судьялари лавозимига номзодлари судьялар малака ҳайъатлари тавсияси асосида кўриб чиқилади. Бу қоидалар судья сифатида камида 7 йиллик тажрибага эга шахслар учун мос келади. Шу билан бирга, Кенгаш ва судьялар олий малака ҳайъатининг қўшма йиғилишлари бекор қилинган, бу эса мустақилликни янада кучайтиришга хизмат қилади. Кенгаш раиси эса судьяларга нисбатан интизомий чораларни кўришда адолат ва қонунийликни таъминлаш ваколатига эга бўлади.

2025 йил 15 декабрдан бошлаб Кенгашнинг расмий веб-сайтида барча судьялик лавозимлари ва уларга номзодларни танлаш жараёни очиқ эълон қилинади. Шунингдек, “Рақамли ҳукумат” тизими Кенгаш ахборот тизими билан интеграция қилинади, бу эса номзодлар ҳақидаги маълумотларни талаб даражасида таъминлайди. Кенгаш мажлисларида ёпиқ овоз бериш ва қарор қабул қилиш жараёнлари рақамли технологиялар орқали амалга оширилади.

Фармон судьяларга нисбатан интизомий ишларни кўришда уларнинг ҳуқуқини ҳимоя қилиш ва қонун доирасида адолатли чоралар қўллашни назарда тутади. Шунингдек, судьялар корпусида гендер тенглигини таъминлаш мақсадида Одил судлов академияси касбий қайта тайёрлаш курсларига хотин-қизлар учун махсус квота жорий этилган.

Шунинг билан бирга жорий йилнинг 26 декабрдаги Ўзбекистон Республикаси Президентининг Олий Мажлисга Мурожаатномасида мамлакатимизда инсон ҳуқуқлари ва эркинликларини таъминлаш, инсон қадрини энг олий қадрият сифатида қарор топтириш борасида амалга оширилган тизимли ислоҳотлар, эришилган ютуқлар ҳамда инсон ҳуқуқлари бўйича халқаро ташкилотлар томонидан берилган юксак эътирофлар алоҳида таъкидлаб ўтилди.

Ушбу жараёнда суд-ҳуқуқ соҳасида амалга оширилган туб ўзгаришлар ҳал қилувчи аҳамият касб этгани давлат раҳбари томонидан алоҳида қайд этилди.

Мазкур Мурожаатномага кўра, Президентимизнинг таъкидлашича:

“кириб келаётган 2026 йил давлат бошқаруви, суд-ҳуқуқ тизими, иқтисодиёт тармоқлари, таълим, илм-фан, тиббиёт, маданият, спорт, экология тизимини – барча-барча соҳаларни ривожлантиришда туб бурилиш йили бўлади.

Энди Мурожаатноманинг асосий қисми – 2026 йилда амалга ошириладиган энг муҳим 6 та устувор йўналишдан иборат дастур ҳақида атрофлича тўхталиб ўтамиз”.

Мурожаатноманинг олтинчи устувор йўналиши бу – суд-ҳуқуқ ислоҳотлари бўлиб, унга кўра бир қатор истиқболи ислоҳотларни амалга ошириш кўзда тутилган.

            Унга кўра, “Рақамли суд” концепцияси доирасида терговдан бошлаб судга қадар бўлган барча жараёнлар сунъий интеллект технологиялари орқали автоматлаштирилади. Бу инсон омилини қисқартириш ва ишларни тезкор ва самарали юритиш имконини беради.

   Мазкур Мурожаатномага кўра, Президентимизнинг таъкидлашича:

Юртимизда тергов судьялари иш бошлагани – халқаро тан олинган “Хабеас корпус” институтини қўллашнинг навбатдаги муҳим босқичи бўлди.

2026 йилдан бошлаб тергов судьяларига санкция ва мажбурлов чораларини ўзгартириш ва бекор қилиш ҳуқуқи берилади. Шу билан бирга, жамоатчилик иштирокини ошириш орқали одил судлов жараёнлари шаффофлиги таъминланади.

Жиноят ишлари бўйича “халқ вакиллари ҳайъати” институти босқичма-босқич жорий этилади. Ўта оғир ва жамиятда шов-шув келтириши мумкин бўлган жиноятлар маҳаллий жамоатчилик вакиллари иштирокида кўриб чиқилиши, суд ҳукмининг адолатлилиги ва очиқлигини таъминлайди.

Фуқаролар ва тадбиркорлар ҳуқуқларини ишончли ҳимоя қилиш учун суд қарорларини самарали ижро этиш зарур. Шу мақсадда мажбурий ижро жараёнига рақамли технологиялар киритилади, келгуси икки йилда ижро ҳаракатларининг 30% инсон омилисиз амалга оширилиши назарда тутилган.

Хулоса қилиб айтганда, Ўзбекистонда суд-ҳуқуқ тизимини рақамлаштириш ва сунъий интеллект технологияларини жорий этишга қаратилган ислоҳотлар одил судловни таъминлашнинг замонавий ва самарали механизми сифатида намоён бўлмоқда. “Рақамли суд” концепциясининг изчил амалга оширилиши суд ҳокимияти мустақиллигини мустаҳкамлаш, фуқароларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш ҳамда суд тизими фаолиятининг очиқлигини, самарадорлигини оширишга, адолатли, мустақил ва халққа яқин суд тизимининг мустаҳкамланишига хизмат қилади.

Дилноза Абдуқодирова,

Фуқаролик ишлари бўйича Учтепа туманлараро суди судьяси

Перейти к содержимому