21 октябрь – Ўзбек тили байрами куни
Миллат қиёфаси
Тил – миллат бойлиги, миллат қиёфаси. Ҳеч қайси инсон она тилини танламайди. У инсон билан бирга туғилади.
Узоқ йиллар она тилимизга эътибор сусайган эди, унинг қадри, обрўси ҳақида чуқур ўйлаб кўрилмади. Ўзга тилда гаплашдик, бошқа тилда иш юритдик, болаларимизни ўз она тилимиздан узоқлаштирдик. Ўз тилимиздаги сўзларни билмаслигидан хавотирланмадик, ўзганинг тилида сўзлашишидан фахрландик. Ўз тилимизни билиш уят, бошқа тилни билишимиз маданиятлилик белгиси ҳисобланди. Тилимизнинг бошқа тиллар соясида қолиб кетгани аччиқ ҳақиқат…
Мамлакатимизда “Давлат тили тўғрисида”ги қонун мустақилликка эришмасимиздан аввал қабул қилинди. Бу, албатта, ката жасорат эди. Она тилимизни ҳаётимизда тўлақонли жорий этиш, унинг мавқейи ва нуфузини ошириш чоралари кўрилди. Бироқ, қонун ўз даврида тўлақонли бажарилди, деб айтолмаймиз. Давлат тилини ҳаётимизнинг барча соҳаларига татбиқ этишда муаммолар ва камчиликлар бор эди.
Яқин йиллардан бошлаб бу масала янги ислоҳотлар кун тартибига қўйилди. Давлат тили қоидаларига тўлақонли амал қилмаслик, давлат тилида иш юритмаслик барча соҳада мавжуд камчилик бўлса, кўчаларда, ташкилот ва иншоотлар пештоқидаги ёзувларнинг бошқа тилда, имловий хатоларда ёзилиши, телевидениеда, кино ва турли оммавий кўрсатувларда шеваларда гапирилиши, энг муҳими, ёшларнинг ўз она тилини билмаслиги каби жиддий муаммолар борган сари жамиятимизда илдиз ота бошлади.
Миллатимиз маданияти, азалий қадриятларини, она тилини асраб-авайлаш ва ривожлантириш ҳар доимгидан кўра жиддий масала бўлиб юзага чиқа бошлаган бир пайтда давлат тили борасида муҳим ислоҳотлар сари дадил қадам ташланди.
Янгиланаётган Ўзбекистон ислоҳотлар майдонида она тилимизни ривожлантириш борасидаги эзгу ишлар 2019 йил 21 октябрь куни “Ўзбек тилининг давлат тили сифатидаги нуфузи ва мавқейини тубдан ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Президенти фармони қабул қилиниши билан бошланди. 2020 йил 20 январда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Мамлакатда давлат тилида иш юритишни самарали ташкил қилиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори эълон қилинди. Давлат тилини ривожлантириш департаменти, кейинчалик унинг ҳузурида Атамалар комиссияси фаолияти ташкил қилинди.
2020 йил 10 апрель куни эса яна бир муҳим тарихий ҳужжат – “Ўзбек тили байрами кунини белгилаш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни имзоланди.
Шунингдек, 2021 йил 10 февралда Вазирлар Маҳкамасининг “Лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбосига босқичма-босқич тўлиқ ўтишни таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорида 2023 йилнинг 1 январидан барча ёзувлар лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбосига ўтиши белгиланган.
Ўтган яқин йиллар мобайнида давлат тилини ривожлантириш, ўзбек тилининг мавқейини оширишга қаратилган 20 дан ортиқ норматив-ҳуқуқий ҳужжат қабул қилинди. Мазкур ҳужжатларнинг мазмун-моҳияти мамлакатимиз ижтимоий-сиёсий ҳаётининг барча соҳаларида давлат тили имкониятларидан тўлиқ ва тўғри фойдаланишга эришишга, давлат тилида иш юритишга қаратилганлиги билан аҳамиятлидир.
Ўзбекистон Республикаси “Судлар тўғрисида”ги қонуннинг 13-моддасида “Ўзбекистон Республикасида суд ишларини юритиш ўзбек тилида, қорақалпоқ тилида ёки муайян жойдаги кўпчилик аҳоли сўзлашадиган тилда олиб борилади. Суд ишлари юритилаётган тилни билмайдиган ишда иштирок этувчи шахсларга таржимон орқали иш материаллари билан тўла танишиш, суд ҳаракатларида иштирок этиш ҳуқуқи ва судда она тилида ёки улар биладиган бошқа тилда сўзлаш ҳуқуқи таъминланади”, деб белгиланган.
Шу нуқтаи назардан, суд-ҳуқуқ тизимида, хусусан суд жараёнлари, аввало, давлат тилида, агар бошқа миллат вакили бўлса, таржимондан фойдаланган тартибда олиб борилади.
Она тилимиз нуфузи ва обрўсини сақлаш мақсадида, нафақат давлат тилида иш юритишга эришишимиз, балки ўзбек тилининг софлиги ва жозибадорлигини, нутқ ва сўзлашиш маданиятига ҳам долзарб масала сифатида эътибор қаратиш мақсадга мувофиқдир.
Айниқса, соҳамизда судьялар чиқараётган ҳукм ва қарорлар тили лексикаси, савияси, шунингдек, уларнинг фикрни тўлақонли, мазмунли, мантиқли ифодалаш учун ўз она тилини мукаммал билиши жуда муҳим.
“Тил — тафаккур жамоли”, деган эди Абдурауф Фитрат. Тафаккуримиз юксалиб, фикрлаш тарзимиз ошиб боргани сайин тилимизнинг олмос қирралари ўзини намоён этаверади.
Шоира Эрметова,
Тошкент туманлараро иқтисодий суди судьяси,
Ўзбекистон Ёзувчилари уюшмаси аъзоси.
БОЛАЛАР МЕҲНАТИДАН ФОЙДАЛАНИШГА ЙЎЛ ҚЎЙИЛМАЙДИ!
Ҳеч кимга сир эмаски, собиқ иттифоқ даврида меҳнат қилиш ҳар бир фуқаронинг мажбуралар ияти ҳисобланган ва бунинг учун инсонлар таъқибларга учраганлигини ота-боболаримизнинг ҳикояларида эшитганмиз.
Холбуки, меҳнат қилиш бу инсоннинг мажбурияти эмас – балки ҳуқуқидир.
Мустақиллик даврида мамлакатимизда инсон ҳуқуқлари соҳасидаги ислоҳотлар босқичма-босқич янги поғонага кўтарилди. Хусусан, мажбурий меҳнат ва болалар меҳнатини тугатиш бўйича самарали ишлар амалга оширилмоқда.
Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларациясининг 23-моддасига асосан ҳар бир инсон меҳнат қилиш, ишни эркин танлаш, адолатли ва қулай иш шароитига эга бўлиш ва ишсизликдан ҳимоя қилиниш ҳуқуқига эга.
Мустақиллик йилларида Ўзбекистон Халқаро меҳнат ташкилотига аъзо бўлди ва ушбу ташкилотнинг 14 та халқаро-ҳуқуқий ҳужжати ва бир қатор конвенциясини ратификация қилди. Улар орасида Болалар меҳнати ва мажбурий меҳнатга қарши курашишга доир конвенция алоҳида эътиборга лойиқ.
Хусусан, миллий ва халқаро саъй-ҳаракатларнинг, шу жумладан, халқаро ҳамкорлик ва халқаро ёрдамнинг бош устувор тамойили сифатида болалар меҳнатини тақиқлаш ва унинг энг ёмон шаклларига барҳам бериш учун болалар меҳнати бўйича асосий ҳужжат бўлиб қолаётган Ишга қабул қилиш учун энг кичик ёш тўғрисидаги 1973 йилги Конвенция ва Тавсияни тўлдирадиган янги ҳужжатларни қабул қилишни зарур деб ҳисоблаб, болалар меҳнатининг энг ёмон шаклларига самарали барҳам бериш шошилинч ва ҳар томонлама саъй-ҳаракатларни — бепул умумий таълим ҳамда болаларни шу турдаги барча ишлардан халос этиш заруратини ҳисобга олган ҳолда ва уларнинг оилалари эҳтиёжларига йўналтирилган ҳолда уларнинг реабилитациясига ва ижтимоий интеграциялашувига кўмаклашиш мақсадида Болалар меҳнатининг энг ёмон шакллари тўғрисидаги Халқаро меҳнат ташкилотининг 182-сон Конвенция қабул қилинган.
Шунингдек, “Мажбурий меҳнатни тугатиш тўғрисида”ги 105-Конвенция Халқаро меҳнат ташкилотининг асос солувчи Конвенцияси ҳисобланиб, ушбу муҳим ҳужжат республикамизда 1997 йил 30 августда ратификация қилинган. Ушбу Конвенцияни маъқуллаган давлат мажбурий меҳнат қўлланишини бартараф этиш юзасидан бир қатор вазифаларни ўз зиммасига олади. Конституциямизнинг 44-моддасида ҳам суд қарори билан тайинланган жазони ижро этиш тартибидан ёхуд қонунда назарда тутилган бошқа ҳоллардан ташқари мажбурий меҳнат тақиқланади деб таъкидлаб ўтилган.
Мустақилликнинг дастлабки йилларида Ўзбекистон далаларида вояга етмаганларнинг, жумладан мактаб ва касб-ҳунар коллежи ўқувчиларини пахта йиғим теримига жалб этилганлиги ҳолатларига барчамиз гувоҳ бўлганмиз.
Давлатимиз раҳбарининг ташаббусига кўра, бу ҳолатларга барҳам бериш учун бир қатор ислоҳотлар амалга оширилди. Жумладан, Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилинди ва қонунчилик базаси мустаҳкамланди.
Мажбурий меҳнат ва болалар меҳнатини тугатиш бўйича халқаро стандартларни мамлакат ҳаётига тўлиқ татбиқ этиш мақсадида Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йилдаги “2018-2020 йилларда Халқаро меҳнат ташкилотининг Ўзбекистон Республикаси томонидан ратификация қилинган конвенцияларини амалга ошириш бўйича чора-тадбирлар тўғрисида”ги ва “Ўзбекистон Республикасида мажбурий меҳнатга барҳам беришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида” қарорлари қабул қилинганлиги барчамизнинг ютуғимиз ва мамлакатимизнинг жаҳон миқёсидаги статусини яхшилашда катта ҳисса қўшди.
Мажбурий меҳнат ва болалар меҳнатидан фойдаланганлик учун жавобгарлик масаласига оид халқаро ва минтақавий ҳужжатлар ҳамда хорижий мамлакатларнинг қонунчилигини ўрганиш муҳим аҳамиятга эга.
Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 51-моддасига киритилган ўзгартиришларга мувофиқ, эндиликда меҳнатга маъмурий тарзда мажбурлаш учун базавий ҳисоблаш миқдорининг 50 бараваридан 100 бараваригача, худди шундай ҳуқуқбузарлик таълим ташкилотининг педагог ходимига нисбатан содир этилган бўлса базавий ҳисоблаш миқдорининг 100 бараваридан 150 бараваригача жарима солишга сабаб бўлади.
Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 1482-моддасига биноан меҳнатга бирон-бир шаклда маъмурий тарзда мажбурлаш, бундан қонунда назарда тутилган ҳоллар мустасно, худди шундай қилмиш учун маъмурий жазо қўлланилганидан кейин содир этилган бўлса, базавий ҳисоблаш миқдорининг юз бараваридан бир юз эллик бараваригача миқдорда жарима ёки икки йилгача муайян ҳуқуқдан маҳрум қилиш ёхуд икки йилгача ахлоқ тузатиш ишлари билан жазоланади.
Худди шундай ҳаракат вояга етмаган шахсга нисбатан содир этилган бўлса, базавий ҳисоблаш миқдорининг бир юз эллик бараваридан икки юз бараваригача миқдорда жарима ёки уч йилгача муайян ҳуқуқдан маҳрум қилиш ёки уч йилгача ахлоқ тузатиш ишлари билан жазоланади.
Меҳнатга бирон-бир шаклда маъмурий тарзда мажбурлаш, бундан қонунда назарда тутилган ҳоллар мустасно, таълим ташкилотининг педагог ходимига нисбатан худди шундай қилмиш учун маъмурий жазо қўлланилганидан кейин содир этилган бўлса, базавий ҳисоблаш миқдорининг бир юз эллик бараваридан икки юз бараваригача миқдорда жарима ёки уч йилгача муайян ҳуқуқдан маҳрум қилиш ёхуд уч йилгача ахлоқ тузатиш ишлари билан жазоланади.
Сўнгги йилларда бу борадаги амалий ишлар натижаси сифатида, мажбурий меҳнатга, жумладан вояга етмаганларни мажбурий меҳнатга жалб этилиши юзасидан бир қатор айбдор масабдор шахсларга нисбатан маъмурий жавобгарлик қўлланилганлиги ҳолати мамлакатимизда вояга етмаганларни мажбурий меҳнатга жалб этилишига барҳам беришда алоҳида эътибор қаратилаёганлигидан даракдир.
Шу билан бирга, 2017 йил 4 октябрда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг «Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатларига ва халқаро меҳнат стандартларига мувофиқ фуқароларнинг кафолатланган меҳнат ҳуқуқларини таъминлашга доир чора-тадбирларни кучайтириш тўғрисида»ги қарори қабул қилинди. Мазкур қарор билан болалар меҳнати ва мажбурий меҳнатдан бирон-бир шаклда фойдаланишнинг олдини олиш ва бунга йўл қўймаслик бўйича ушбу йўналишда комплекс ташкилий-амалий чора-тадбирларни амалга ошириш назарда тутилган парламент назорати институти жорий этилди.
Шуни алоҳида эътироф этиш лозимки, 12 июнь – Бутунжаҳон болалар меҳнатига қарши курашиш куни дунёнинг бошқа мамлакатлари қатори Ўзбекистонда ҳам ҳар йили нишонланади. Ушбу кунни белгилаш ғояси 1997 йил Амстердам ва Ослода бўлиб ўтган конференциялар қарорлари негизида туғилган. 2002 йили Халқаро меҳнат ташкилоти (ХМТ) томонидан мазкур сана, яъни 12 июнь – Болалар меҳнатига қарши курашиш куни, деб расман эълон қилинган.
Мавлуда Бобораимова
По гражданским делам
Мирзо Улуғбек туманлараро суди судьяси.
БОЛА ҲУҚУҚЛАРИ ҲИМОЯСИ ДУНЁ ЭЪТИБОРИДА
Бирлашган миллатлар ташкилоти маълумотларига кўра, дунёда 5 ёшдан 17 ёшгача бўлган меҳнатга лаёқатли болалар сони 160 миллионни (63 миллиони қизлар ва 97 миллиони ўғил болалар) ташкил этади. Уларнинг аксарияти замонавий қуллик қурбонлари ҳисобланади, қолганлари эса хавфли ишлар билан банд. Бу болаларнинг кўпчилигининг меҳнат билан банд бўлганлиги сабабли мактабга боришга вақтлари йўқ, болалик даврини суриш у ёқда турсин, улар тўғри овқатланишга, жамият ҳамда ота-онасининг ғамҳўрлиги ва парваришига муҳтождирлар.
Аслида, Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларaциясининг асосий ғояларидан бири Бола ҳуқуқларидан иборат бўлиб, унда айтилишича, «Оналик ва болалик алоҳида ғамхўрлик ва ёрдам олиш ҳуқуқини беради». Декларaцияда эълон қилинган барча эркинликларга болаларнинг тенг ҳуқуқлилигини тан олган ҳолда, халқаро ҳамжамият болаларга қўшимча ёрдам ва қўллаб-қувватлаш зарурлигини тан олади. Болаларни эксплуатaция қилишни, яъни меҳнат қилдириш ва бошқа суиистеъмолликларга барҳам беришни тарғиб этади.
“Инсон қадри учун” ғояси тамойилига мувофиқ ўтказилган конституциявий ислоҳотлар доирасида Ўзбекистон Республикаси Конституциясига боланинг ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлаш кафолатларини кучайтиришга қаратилган янги илғор нормалар киритилди, миллий қонунчилик бола ҳуқуқларига доир халқаро нормаларга тўла-тўкис мувофиқлаштирилмоқда.
Жумладан, Ўзбекистон Республикаси Конституциясида болалар меҳнатига оид муҳим норма яъни, 44-моддасига “Болалар меҳнатининг боланинг соғлиғига, хавфсизлигига, ахлоқига, ақлий ва жисмоний ривожланишига хавф солувчи, шу жумладан унинг таълим олишига тўсқинлик қилувчи ҳар қандай шакллари тақиқланади” деган қатъий норма киритилди.
2019 йилнинг 1 апрель куни Брюссель шаҳрида эълон қилинган Халқаро меҳнат ташкилотининг ҳисоботида Ўзбекистон пахта саноатида болалар ва мажбурий меҳнатдан тизимли фойдаланишга барҳам берилгани Жаҳон банки томонидан эътироф этилган.
Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги ва Жиноят кодексларида вояга етмаган шахсларнинг меҳнатидан фойдаланишга йўл қўйилмаслиги тўғрисидаги талабларни бузиш, яъни вояга етмаган шахс меҳнатидан унинг соғлигига, хавфсизлигига ёки ахлоқ –одобига зиён етказиши мумкин бўлган ишларда фойдаланиш учун маъмурий ва жиноий жавобгарлик чоралари белгиланган.
Пахта далаларида ёки бошқа қишлоқ хўжалиги ишларида, умуман, бошқа соҳаларда ҳам болалар меҳнатидан фойдаланиш, айниқса уларни жалб қилишнинг олдини олиш ва унга қарши курашиш бўйича тизимли ва қатъий ислоҳотлар натижасида Ўзбекистонда болаларнинг мажбурий меҳнати тўлиқ барҳам топиб, болалар мажбурий меҳнатдан озод қилинди, бу борадаги давлат сиёсати конституциявий даражада мустаҳкамланди.
Шуни ҳам таъкидлаш жоизки, ушбу конституциявий норма болаларнинг соғлиги, хавфсизлиги, тўлиқ жисмоний, ақлий ва маънавий ривожланишига тақдид солмайдиган, таълим олиш жараёнини бузмайдиган тарзда меҳнат қилишларига тўсқинлик қилмайди.
Хусусан, Меҳнат кодексига мувофиқ меҳнатга тайёрлаш учун умумтаълим мактаблари, ўрта махсус, касб-ҳунар ўқув юртларининг ўқувчиларини уларнинг соғлиги, хавфсизлиги, тўлиқ жисмоний, ақлий ва маънавий ривожланишига таҳдид солмайдиган, таълим олиш жараёнини бузмайдиган енгил ишни ўқишдан бўш вақтида бажариши учун – улар ўн беш ёшга тўлганидан кейин ота-онасидан бирининг ёки ота-онасининг ўрнини босувчи шахслардан бирининг ёзма розилиги билан ишга қабул қилишга йўл қўйилади.
Мазкур ислоҳотлар юртимизда болаларнинг соғлом ва баркамол бўлиб вояга етишлари учун муҳим ҳуқуқий кафолат бўлиб хизмат қилади.
Дилфуза Дадажонова,
Тошкент шаҳар суди судьяси.
СУДЬЯ: ОДАМ САВДОСИ ЖИНОЯТИДАН КЎПРОҚ АЁЛЛАР ВА БОЛАЛАР ЖАБР КЎРМОҚДА
Дунё бўйлаб одам савдосига қарши курашиш ҳамон долзарблигини йўқотмади. Чунки дунё бўйлаб миграция жараёнларининг фаоллашгани бу жиноятнинг зимдан ривожланишига шароит яратди. Чунки одамлар мўмай даромад ваъда қилувчи одам савдоси корчалонларининг тузоғига илиниб қолмоқда.
Ўзбекистонда одам савдоси жинояти камайдими? Судларда бу йўналишда қандай ишлар кўриб чиқилмоқда. Тошкент шаҳар суди судьяси Жасур Сирожев билан шу ҳақда суҳбатлашдик.
– Одам савдосига қарши курашишда, энг аввало, БМТнинг шу мақсадга қаратилган конвенциялари муҳим ўрин тутади.
Ўзбекистонда ҳам одам савдосига қарши курашишга оид халқаро ҳуқуқ нормалари миллий қонунчиликка имплементация қилинган.
Кейинги йилларда одам савдосига оид жиноятлар учун жавобгарлик кучайтирилди. Болалар меҳнати ва мажбурий меҳнат учун жиноий жавобгарлик белгиланди. “Одам савдосига қарши курашиш тўғрисида”ги қонун янги таҳрирда қабул қилинди. Одам савдосидан жабрланган ёки жабрланган, деб тахмин қилинаётган шахсларни идентификация қилиш ва қайта йўналтириш тартиби белгиланди.
Одам савдосига ва мажбурий меҳнатга қарши курашиш миллий комиссияси Одам савдосига қарши курашиш ва муносиб меҳнат масалалари бўйича миллий комиссия этиб қайта ташкил қилинди.
Бир сўз билан айтганда, мамлакатимизда мазкур жиноятга қарши курашишнинг қонуний асослари мустаҳкамланди. Одам савдосига қарши курашишда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар билан нодавлат ташкилотлар ҳамкорлигини кучайтириш жиноятчиликнинг камайишига хизмат қилмоқда.
– Судларда одам савдоси билан боғлиқ қандай ишлар кўриб чиқилмоқда?
– Кейинги пайтда, минг афсуски, бола сотиш жиноятига қўл ураётган шахслар учраб турибди.
Мисол учун, 1973 йилда туғилган фуқаро М.Яккасарой туман ички ишлар органи фаолиятни мувофиқлаштириш бўлинмасига бошлиғи номига ариза билан мурожаат қилган. У ўз аризасида уч нафар аёл 2-синфда ўқийдиган қизни 100 миллион сўм эвазига сотмоқчи эканлиги ҳақида маълум қилган.
ДХХ ходимлари ҳамда Яккасарой тумани ички ишлар органлари ходимлари билан ҳамкорликда ўтказилган тезкор-қидирув тадбири жараёнида, Яккасарой тумани Абдулла Қаҳҳор маҳалла фуқаролар йиғинида 1987 йилда туғилган О. исмли аёл, 1996 йилда туғилган Г. Исмли аёл, 1960 йилда туғилган Ҳ. исмли аёл ўзаро жиноий тил бириктириб, бир гуруҳга бирлашиб, бола сотмоқчи бўлганда қўлга олинган.
Улар 2015 йилда туғилган қизни олиб келиб, болани сотиб олмоқчи бўлган аёлга қизнинг туғилганлик ҳақида гувоҳномасини бериб, унга фарзандини сотишини айтиб, эвазига 8,7 минг ва 800 АҚШ доллари пул маблағларини олган вақтда ашёвий далиллар билан ушланган.
Тезкор ходимлар томонидан бир аёлдан 8,7 минг АҚШ доллари, бошқасидан 800 АҚШ доллари пул маблағлари ва болани сотиб олмоқчи бўлган аёлдан туғилганлик ҳақидаги гувоҳнома далилий ашё сифатида далолатнома асосида расмийлаштириб олинган.
Мазкур жиноят иши судда кўриб чиқилди. Ишга алоқадор барча шахслар қонунда белгиланган тартибда жазога тортилди.
– Одам савдоси жиноятидан кимлар кўпроқ жабр кўрмоқда?
– 2023 йилда Жиноят кодексининг 135-моддаси (одам савдоси) билан 126 нафар шахс судланиб, уларнинг 84 нафарига озодликдан маҳрум қилиш жазоси, 42 нафарига эса озодликдан маҳрум қилиш билан боғлиқ бўлмаган жазолар (шартли ва озодликни чеклаш) тайинланган.
Судланганларнинг 111 нафари аёл, 15 нафари эса эркак. Ушбу жиноят оқибатида 242 нафар шахс жабрланган бўлиб, шулардан 151 нафарини аёллар ҳамда 24 нафарини 3 ёшгача бўлган чақалоқлар ташкил қилган.
2024 йилнинг январь-май ойларида Жиноят кодексининг 135-моддаси билан 69 нафар шахс судланиб, уларнинг 52 нафарига озодликдан маҳрум қилиш жазоси, 17 нафарига эса озодликдан маҳрум қилиш билан боғлиқ бўлмаган жазолар (жарима, шартли ва озодликни чеклаш) тайинланди.
Судланганларнинг 53 нафари аёл, 16 нафари эса эркак. Ушбу жиноят оқибатида 86 нафар шахс жабрланган бўлиб, шулардан 63 нафарини аёллар ҳамда 14 нафарини 3 ёшгача бўлган чақалоқлар ташкил этди.
Кўриниб турибдики, аёллар ва болалар бу жиноятдан кўпроқ азият чекмоқда.
Тўғри, кейинги йилларда одам савдосидан огоҳ этишга қаратилган тарғибот ишларининг кучайтирилгани натижасида аҳолининг бу иллатдан хабардорлиги ошган. Натижада бундай жиноятлар кескин камайди. Бироқ бу борада ҳеч ким жабр чекмаслиги керак. Одам савдосига қарши курашувчи тузилмалар, кенг жамоатчилик, ҳар биримиз ана шу мақсад йўлида курашишимиз даркор.
ЎзА мухбири
Норгул Абдураимова
суҳбатлашди.